Фармон Тошев (1954)

Фармон Тошев 1954 йилда туғилган. Самарқанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тугатган. “Онанг тирик, болам”, “Мен ёмғирли кунда келаман”, “Журналистнинг нони қаттиқ”, “Отамнинг сабоқлари”, “Умрнинг ўртаси”, “Ўзимдек яшашни истайман”, “Бедаво кўнгил”, «Сўз айтмоқ саодати», “Соғинч”, “Аёллар нима дейди?” каби китоблари нашр этилган.

* * *

Мулки борлиққа замин, сув бирла қуёш эҳтиёж,
Бил, сафар чоғи мусофирларга йўлдош эҳтиёж.

Аҳли ночор қилча мушкулда ожизлик майл этур,
Сабри йўқ, йўқ тоқати, бир томчи кўзёш эҳтиёж.

Умри фонийда музаффар бўлгали инсон учун,
Кўп эмас: сабру қаноат ҳамда бардош эҳтиёж.

Дуч келур одамга дардинг айлама ошкор сира,
Аҳли оқилга мудом дўст – битта сирдош эҳтиёж.

Сен меҳр бирла мурувват кўрсатурга айла шаҳд,
Нокасу беиқтидорда отгали тош эҳтиёж.

Бефаросатли кишига амри маъруф бесамар,
Бундайин касларга доим ғалва, авбош эҳтиёж.

Фармоно, хулқинг гўзал, байтинг гўзал бўлсин, аё,
Эл сезур назминг аро сўзга наққош эҳтиёж.

* * *

Хотири жам киши умри фароғатдур,
Фароғатли умр ҳар бандага роҳатдур.

Вале, роҳатда ўтмайдур бутун умринг,
Қадамда бир синов бирла синоатдур.

Синоат солмасин ҳайрат шуурингга,
Заковат ва қаноат бунда омаддур.

Яратган бахш этур омадни шавқлига,
Умр маъноси ғайрат ва шижоатдур.

Шижоатсиз, илмсиз кимса ғофилдур,
Яшаб не ҳам топарсен, бу жаҳолатдур.

Жаҳолатда кечар онинг залолат, бил,
Бақода йўқ, фанода йўқ, аросатдур.

Аросатким, бани муслимга хос эрмас,
Бани муслимга хос хислат ибодатдур.

Ибодатни меҳр, эзгу ният билсанг,
Барокот ул, шарофат ул, шарофатдур.

Аё, Фармон, шафоатга эришсанг гар,
Етишгайсан нури Ҳаққа – саодатдур.

* * *
Агар дўстинг эрур лоқайд сенга ҳамдам бўлолмайди,
У ҳеч ҳамдард бўлолмайди, ишон, ҳеч ҳам бўлолмайди.

Не тонг, гоҳо кўнгил зебо санамларга ҳавас қилгай,
Бироқ, билки, никоҳсиз ул, сенга маҳрам бўлолмайди.

Чиқиб офтоб гаҳи кунлар вужуд, танга ҳузур бергай,
Вале, ақраб ва ё тўқсон баҳор, кўклам бўлолмайди.

Бўлиб довдир бировнинг қалбига урма калом тиғин,
Узр, авфу надоматлар абас, малҳам бўлолмайди.

Изн берма кунокун улфату суҳбат, сафоларга,
Зиёфат, базми жамшид, тўй, ийду байрам бўлолмайди.

Ўзин доно қилиб кўрсатса-да, нодон кибор бирла,
Лавозимда юрар аммо ғани, акрам бўлолмайди.

Мудом Фармон, садоқат-ла улуғ халқингга қил сажда,
Унутганлар ғами элни сира хуррам бўлолмайди.

* * *

“Эй қалам, ёзсанг агар қалбимни ёз”*
Қалбдаги туйғуларим – дардимни ёз.

Рост демакка аҳд қилиб эрдим, вале,
Излама ташбеҳ гўзал, аҳдимни ёз.

Ҳур Ватан оғушида толе насиб,
Беназир, бекам, тугал бахтимни ёз.

Хўп эришдимки буюк иқболга мен,
Эркли, ҳур ўзбек деган тахтимни ёз.

Шу улуғ юртим, элимга жон фидо,
Дилдаги эзгу ният, шаҳдимни ёз.

Фармоно ёлғон демакдин ор қилур,
Эй қалам, ўтрук нечун, нақдимни ёз.

* Ўлмас Жамол сатри.

* * *

Кўнгил хилқат, кўнгил асрор, изоҳи юзда бўлғайдур,
Сўзимдин изламанг ишқни, муҳаббат кўзда бўлғайдур.

Ҳавойи кимсалар доим ҳавойи ваъдалар бергай,
Оқил, доно учун жўжа санашлар кузда бўлғайдур.

Пиширсанг не масаллиқдин таом нозик ҳавас бирлан,
Анинг хушхўрлиги, таъми билиб қўй, тузда бўлғайдур.

Ибо нозу назокатлар зоҳир сирли қарашларда,
Само ёғдуси ойдан, лек жило юлдузда бўлғайдур.

Қачон кетгунг, қаён боргунг, фақат ёлғиз ўзи билгай,
Неки тақдирга тушгай ул, аё, ризқ-рўзда бўлғайдур.