Фарид Усмон (1946)

Фарид Усмон 1946 йил 1 августда Андижон шаҳрида туғилган. Андижон институтини тамомлаган (1964).
«Умид гулзори», «Садоқат», «Навосиз наво», «Қадр кечаси», «Ул қаро кўз бўлмаса», «Жон қуши» каби шеърий тўпламлари ҳамда «Ҳусн девони» китоби нашр этилган.

ТАНҲО АНДИЖОН

Ватан бағрида сен, эй юрт, дуру дурдонасан танҳо,
Чиройсан Ўзбекистонга — гўзал жононасан танҳо.

Майиндир қўлларинг ҳам кўзларинг теран, юзинг равшан,
Мулойимсанки мен фарзандингга чин онасан танҳо.

Баландпарвоз қуруқ ташбеҳ керакмас таърифинг учун,
Ватан бағридаги юртлар мисол уй — хонасан танҳо.

Қучоғингда туғилганлар суярлар онамиз деб чин,
Ҳама бу андижонликлар учун кошонасан танҳо.

Уйин остонасин доим муқаддас деб билар эл, рост,
Ватан кошонасида бахти бор остонасан танҳо.

Сабабки, пешқадамсан Ўзбекистон ичра ҳар ишда,
Ҳақиқий марди майдон, паҳлавон мардонасан танҳо.

Заҳириддин Муҳаммад Бобуринг, Чўлпонларинг фахринг,
Мунаввар шаъмдирким улар, парвонасан танҳо.

Ҳама вақт Андижон деб сўзласам кўнглим кетар яшнаб,
Сулув водий қучоғида гўзал гулхонасан танҳо.

Навоий нутқига рост бўлганингдан бошим осмонда,
Чаманнинг хушовоз булбулига ошиёнасан танҳо.

Қуёш сендан чиқар гўё, чиқар ой — кечалар нурли,
Фалак юлдузлари сочқин ажиб нурхонасан танҳо.

Демак маддоҳлик этмак фурсатимас энди, эй юртим,
Бу бағрим оташистони аро сен ёнасан танҳо.

Чиройли йўлларинг нурли, илоҳо шундайин бўлсин,
Ахир, сен онасан танҳо, ахир, сен онасан танҳо.

Уриб бош бир умр айлай тавоф, юртим, сени, чунки
Ватан кошонасида бехтиёр кошонасан танҳо.

Зафар қучсанг яна, эй пахтакорим, хирмонинг тоғ-тоғ,
Ярашгансан шунинг-чун ушбу кенг майдона сан танҳо.

Ғурурим, ифтихорим, Андижоним, жонажонимсан,
Фаридга офтоб, ой ҳамда еру осмонсан танҳо!

* * *

Бу олам ишига ҳайрон бўлинг дўстлар, бўлинг дўстлар!
Ёмон ишдан дили вайрон бўлинг дўстлар, бўлинг дўстлар!

Бу дунё ичра не яхши, ёмон идрок қилинг ҳукми —
Яратган ҳукмидан сўзон бўлинг дўстлар, бўлинг дўстлар!

Мунаввар чеҳрадирсиз, бир-бирига хуш нигоҳлисиз,
Гўзал кўзга гўзал мужгон бўлинг дўстлар, бўлинг дўстлар!

Чўзинг бир-бирларингизга доимо ёрдам қўлингизни,
Нима мушкулки бор осон бўлинг дўстлар, бўлинг дўстлар!

Шу миллат деб куйинг, ҳам ўртанинг, чойдиш бўлиб гўё
Варақлаб қайнангу қумғон бўлинг дўстлар, бўлинг дўстлар!

Ёруғ оламни ер ё осмонсиз ҳеч билиб бўлмас,
Бири еру, осмон бўлинг дўстлар, бўлинг дўстлар!

Вужудсиз тан билан жонни ўзига бир бутун тутган,
Бирингиз тан, бирингиз жон бўлинг дўстлар, бўлинг дўстлар!

Омон сақланг ўзингизни — омон бўлсин ҳамма яхши,
Ёмонликдан мудом омон бўлинг дўстлар, бўлинг дўстлар!

Насиҳатмас, Фарид, бу англаган зотларга бир даъват,
Яратган ҳукмидан сўзон бўлинг дўстлар, бўлинг дўстлар!

* * *

Сочларингни сийпалай кўзларга суртиб толасин,
Қўй дема, ранжитма жонон мен — ғарибнинг боласин.

Иккимиз йўқ, икки олам оқибат ғарқ бўлгуси
Шашқатор айлаб оқизсам кўз ёшимнинг жоласин.

Арзи ҳол этсанг сени ҳеч тингламаслар кўп эрур,
Тинглагин энди ўзинг шайдойи кўнглим ноласин.

Аслида шафқат кутиш бегоналардан расм эмас —
Йўқламай қўйди жиян хатто қадрдон холасин.

Эй нигор, шайдойи дил гўёки пайҳон лолазор,
Қил томошо мунғайиб қолганда қирлар лоласин.

Юзларингдан зор Фарид, раҳм айла, тўйгунча ўпай,
Сочларингни сийпалай кўзларга суртиб толасин.

ИККОВЛОН

Излай-излай охир бир-бирин топган,
Оқил сен эдингу, жунун мен эдим.
Висол оқшомида эврилиб ётган
Бўрон сен эдингу, қуюн мен эдим.
Паришон сочларинг паришон эди,
Туннинг оғушида эдим паришон —
Буюк бу муҳаббат улғайтар эди,
Гўё мен ер эдим, гўё сен осмон.
Бизни туташтирган уфқнинг эса,
Юраги ёнарди ўзга оташдан.
Бу нечук синоат, бу нечук сеҳр,
Оқшом ҳузурланар бизни ўрташдан…
Висол оқшомида эврилиб ётган
Бўрон сен эдингу, қуюн мен эдим…

* * *

Кўчангдан неча бор армонлар ўтди,
Эшитдинг, чиқмадинг остона ҳатлаб.
Кўнгиллардан топган фиғонлар ўтди,
Эшитдинг, чиқмадинг остона ҳатлаб —
Остонанг олдида армонлар қолди,
Унсиз фарёдлару фиғонлар қолди.

Кўз сен кириб кетган эшикка муҳтож,
Кўнгил ҳам муҳтождир ўша ҳовлига.
Қайтиб чиқ — ёпиқ ул эшигингни оч
Мўралаб бир бора боққин, майлига —
Остонанг олдида армонлар қолди,
Унсиз фарёдлару фиғонлар қолди.

Мен-ку ўтиб кетгум фиғон деб чиқгил,
Мен-ку ўтиб кетгум, армон деб чиқгил.
Оқибат, ортимдан ҳайрат билан боқ,
Севгиси оташин инсон деб чиқгил…
Остонанг олдида армонлар қолди,
Унсиз фарёдлару фиғонлар қолди.

МУҲАББАТ МАЙИ

Дилимда доимо лим-лим муҳаббат деб аталган май,
Сени ичдим, сени ичгум, муҳаббат деб аталган май.

Нечун мен бахраманд этмай нигоримни ўзингдан гоҳ,
Сени энг тоза деб тутгум, муҳаббат деб аталган май.

Сени ичгач кетиб ўздан, қилиб гоҳида бир шўхлик
Гўзал ёрни ўпиб, қучгум, муҳаббат деб аталган май

Кулар у гоҳида мендан, «кетибсиз ўзингиздан» деб,
Агар хоҳлар яна кетгум, муҳаббат деб аталган май,

Уни ранжитмайин асло, сўраб ундан ижозатлар,
Жаҳон шўхликларин этгум, муҳаббат деб аталган май.

Агар у бўлса шод чиндан, агар у қувнаса, кулса,
Демак, мақсадима етгум, муҳаббат деб аталган май.

Кечолмасман Фарид, ёримни севмоқдан кечолмасман,
Нечунки дилда сен лим-лим, муҳаббат деб аталган май.

* * *

Салом йўллай дедим сенга саболардан, саболар йўқ,
Кўнгил арзимни айтмоққа азм этсам, наволар йўқ.

Сабосиз боғда гул хомуш, навосиз гул эса вайрон,
Сукунат тош каби бағрим эзар, сирли садолар йўқ.

Фидо қилмоққа жонимдан кечиб эрдим ўшал фурсат,
Хаёл тўхтатди: эй, тўхта, гўзалларда вафолар йўқ.

Қадрдон дўст хаёлим бирла кездим кўча-кўйларда,
Бу не ҳол, кўча-кўйлар ичра чин дўст-ошнолар йўқ.

Фақат “йўқ-йўқ” садоси янгради солсам қулоқ ҳар ён,
Ўзим ҳайрон, кўзим гирён, бу йўлда раҳнамолар йўқ.

Фарид бир номанинг бор изтиробин айта олмай лол,
Салом йўллай деган сари саболардан, саболар йўқ.

* * *

Ёруғлик барчага тенг, ҳар бутоғ-у гулга, япроққа,
Ёйилгай кўчага у, далага, ҳам қирга, ўтлоққа.

Масофа англамасдир ўтибон боргай узун йўлдан,
Сингиб кетгандир у ҳар фурсату, ҳар лаҳза, ҳар чоққа.

У ҳар ободу ҳар вайронани тенг кўргали боис,
Муяссардир кўнгиллар мулкида эъзозу ардоққа.

Ажаб, тонг уфқида бир тонг уни бир зум қучиб эрдим,
Нетай, у кулди устимдан, ёйилди шунда ҳар ёққа.

Фарид, хушнуд бўлурман гоҳи-гоҳо дуч келиб унга,
Нигоҳ солсам чўзиб бўй қўшни қизлар сайр этар боққа…

* * *

Кўзим, гулзора боқ, сен ушбу гуллар қадрига етгил,
Ватан эъзозини гул васфида авлодларга элтгил.

Қара, оқ, пушти ранг, ҳам сап-сариқ, ҳам қип-қизил рангни,
Бу ранглар ичра сен ҳар субҳидам бир сайр этиб ўтгил.

Тароват гулшанида сайраган булбулга минг раҳмат,
Кўнгил, боғларга оққан тип-тиниқ сувдек сингиб кетгил.

Бўлиб чин улфатинг шодлик, қувончга ошнолиғ эт,
Унут буткул аламларни — жаҳон қайғусини тепкил.

Бу гуллар — кўз, бу гуллар — юз, табассум айлаган чеҳра,
Фарид, бағрингга бос, ардоқлагин, ҳар сония ўпгил.

ТОШКЕНТ ОҚШОМИ

Ғафур Ғулом ғазалига мухаммас

Шуълалар янглиғ сабрсиз эрди оромим менинг,
Бесабрсизликда кечарди субҳ ила шомим менинг.
Минг шукрларки ушалди ишқ деган комим менинг,
Оташин ишқдан тўлиқдир доимо жомим менинг,
Соядек ёнимда ёндош дўстим илҳомим менинг.

То ҳаёт борича бу тўлқин юракда тўхтамас,
Тинглаётган сен қулоғингга етиб турган бу сас,
Кўз қамаштиргувчи нурлар сўзлаётган бу нафас,
Шон қуёшим шуъласидан бу тўкилган дур эмас,
Зар балиқлардан умидвор ташлаган домим менинг.

Ой мисол ойдин бўлур дўст сенга ҳам албатта ҳақ,
Истасанг жону танингга ҳар нафас ўтли фараҳ,
Ҳар сўзим маъносини гўё бодомдек асра, чақ,
Бу ғазални ёдлаб олу гулни ўз чакангга тақ,
Мингта ошиқ, мингта маъшуқларга инъомим менинг.

Яхшиларнинг хушлигин хуш чоғини хўп куйладим,
Яхшисин — ёлғиз кўнгил ардоғини хўп куйладим,
Умр саҳросин эмас, гул боғини хўп куйладим —
Умрнинг тонгин, кун ўрта чоғини хўп куйладим,
Нурли мисраларни кутгай бахтли оқшомим менинг.

Қўлларингдан тушмасин асло бу гул юз йилгача,
Кулги умрингга умр қўшгуси, кул, юз йилгача,
Ушбу дўстона ўгитни англа, бил, юз йилгача,
Юзга кирмоқ мўлжал олсанг, сабр қил юз йилгача,
Қирқ ўғил, қиз бибидир гул-гуландомим менинг.

Шеърларим озод бу халқимнинг буюк меҳрига ром,
Шул сабаб мухлисларим дейди Фарид илгида жом,
Доимо минбарда саксон ёшдадурман, Ассалом —
Тошкент оқшомин ёзиш ният эди, хуллас калом,
Шеър ёзмоққа фаранг Ғафур Ғулом номим менинг.


УЛФАТЧИЛИК

Қўй ёғига қилинган палов,
Девзирага гўё жон битган.
Жўраларнинг даврасида май
Ичган каби ғамни унутган.

Ҳамма ўзин енгил ҳис этар,
Йигитларнинг кайфияти қуш.
Мунтазиру ширин суҳбатдан,
Ёғлиқ палов товоқда сархуш.

Дўстгинам, бил оддий гуручмас,
Ўзбекнинг соф туйғулари бу.
Қишин-ёзин чойхонадаги,
Гурунги — шўх кулгулари бу.

— Ол паловдан, гуруч донасин
Исрофлама, олгин, адо қил.
Улфатчилик одатин лекин
Қорингамас, юракка жо қил.

ЎРТАНИШ

Не кароматки, қароғингдир ёруғ,
Не аломатки, яноғингдир ёруғ.

Кўзларингга термулиб, тингай кўзим,
Англадим, кўзи чироғиингдир ёруғ.

Талпинар-да бўсага интиқ кўнгил,
Ой тўлишгандек дудоғингдир ёруғ.

Сўзларинг… оҳ, сўзларинг малҳам азал,
Ўйласам, жўшқин булоғингдир ёруғ.

Бу ёруғ оламда кам ёруғ кўнгул,
Сен эсанг-чи бори боғингдир ёруғ.

Йўлларимга нур таратган, эй санам,
Чеҳранг-у, юзи чароғингдир ёруғ.

Ўртаниб ишқингда чин ёнмоқдаман,
Ўртаниб Фарид адоғингдир ёруғ.