Эшқобил Шукур (1961)

Эшқобил Шукур 1961 йил Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини битирган (1984). Илк шеърлар тўплами — «Юракни ўрганиш» (1984). Шундан сўнг унинг «Сочлари сумбул-сумбул» (1988), «Тунги гуллар» (1989), «Яшил қушлар» (1995), «Ҳамал айвони» (2003) шеърий китоблари ва 2005 йилда «Кўҳна боғ ривоятлари» насрий китоби нашр этилган. «Нақшбанд», «Ибтидо хатоси» каби достонлари, «Насойим ул-муҳаббатга сайр» туркуми, шунингдек, «Оқибат оқшоми», «Дунёнинг кўчиши» каби қиссалари ҳам бор.

РУҲИМ

Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-ҳай!
Мен қушларнинг тушларида кўринай,
Мен тушларнинг қушларида кўринай.

Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-ҳай!
Мен тилларнинг гулларида кўринай,
Мен гулларнинг тилларида кўринай.

Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-ҳай!
Мен тўйларнинг куйларида кўринай,
Мен куйларнинг тўйларида кўринай.

Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-хай!
Мен кўзларнинг сўзларида кўринай.
Мен сўзларнинг кўзларида кўринай.

Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-ҳай!

* * *

Сув устида, сувлар устида
Юракларим чисирлайди-ей.
Ишқ дастидан, ҳижрон дастидан,
Суякларим қисирлайди-ей.

Ўт устида, ўтлар устида
Кўз ёшларим дарё бўлди-ей.
Ишқ қасдида, ҳижрон қасдида
Бардошларим адо бўлди-ей.

Тош устида, тошлар устида
Кўнглим эрир ой каби маъюс.
Ишқ фаслида, ҳижрон фаслида
Йиғла, Баҳор, менинг исмим — Куз.

Йўл устида, йўллар устида
Оёқларим юрак бўлди-ей.
Ишқ касридан, ҳижрон касридан
Умрим фақат тилак бўлди-ей.

ОЛАПАР

Олапарни шундоқ кўзим олдида
Отдилар — дўстини болалигимнинг…
Онам ўргатгандай: «Рози бўл» дедим,
Шу илк бор розилик сўрашим менинг.

Жигарранг, аламли кўзларин тикиб,
Олапар видолар айтаркан бесўз…
Бирдан ўқ отилди. Ортга бурилдим –
Елкамга қадалиб қолди икки кўз.

Йиллар ўтиб кетди. Ўз ўтмишим бор –
Кечганим гоҳ душман, гоҳо дўст билан.
Мен энди қарайман болашгимга
Елкамга қадалган бир жуфт кўз билан…

СЕҲР

Кеча тилдан қолди, қолди-я тилдан…
Ҳилол этагида йиғлаётган сен…
Қадимий оятлар битилган йўлда,
Эшқобил эмасман энди мен.
Денгизлар кўкариб тортади чилим,
Бахмал булутларни кияётган сен.
Олтин балиқчага айланди тилим,
Эшқобил эмасман энди мен.
Ғуборли туманлар чимилдиғида,
Олов қанотида титраётган сен.
Қара, кўзларимнинг топилдиғига,
Эшқобил эмасман энди мен.

Кеча тилдан қолди, қолди-я тилдан,
Нафас торларимда ухлаётган сен.
Қушдан илдиз олдим, қанотни гулдан,
Эшқобил эмасман энди мен.

АРУЗ

Темир халажидан
Терс ўтган момо,
Курбақанинг бутига шардоз бойлаб бер энди,
Йиғлаяпман… Ёғли-ёғли илик чакиб бер энди.

Келим-кетим дунёдан
Ўнг ўтган момо,
Сурув-сурув қайғулардан сулув сайлаб бер энди,
Ола тошдан қоқ елкамга тумор тақиб бер энди.

Темир халажидан Терс ўтган момо,
Қурбақанинг сол бутига кўк томирим бойланди,
Кўр қурбақа мени судраб зиндон бўйлаб айланди.

Келим-кетим дунёдан
Кенг ўтган момо,
Талонзада кўкрагимга авраб гулмих қокдилар,
Ичидан қўш дарё оққан илигимни чакдилар.
Темир халажидан Терс ўтган момо…

* * *

Тилимни куйдирди булбулнинг сути,
Танглайимни ёкди гул ичирган қон.
Мен икки дунёни бир ҳатлаб ўтиб,
Оғзимга солганим бор-йўғи толқон.

Кўзимни музлатди жаҳаннам ўти,
Кўнглимни хор қилди бу «гулзор, чаман».
Мен икки дунёни бир ҳатлаб ўтиб,
Кўз очиб кўрганим бор-йўги туман.

Қулоғим кар қилди ҳақнинг сукути,
Бу сукутми ва ё тилсиз қатағон.
Мен икки дунёни бир ҳатлаб ўтиб,
Эшита олганим бор-йўғи ёлғон!

* * *

О, мени йиғлатма…
Ёмон тушлар кўриб намозшомгулим,
мени йиғлатма.
Мен пойи-патагинг бўлай қайғулим,
мени йиғлатма.
Отингдан айланай, оғрима гулим,
мени йиғлатма.
Уҳ тортсанг, устуни қулар фалакнинг,
ииғлатма.
Кўкрак қафасига янглишдан худо
Аёлнинг юрагин қўйган эркакни
йиғлатма.

ЛАҲЗАНИНГ УМРИ

Пайғамбар эшигин тақиллатган мен,
Шайтонни ўттиз йил лақиллатган мен,
Қўйнида ҳурларни сўлқиллатган мен,
Сен ахир нимасан? НИМАсан, ўлим.

Қил кўприк устидан ўйнаб ўтган мен,
Бир ҳурга етмиш хил юрак отган мен,
Етимга
Етти қобирғамдан тиргак тутган мен,
Сен ахир нимасан? НИМАсан, ўлим.

Оғзидан юз булбул учиролган мен,
Исони Каъбага кўчиролган мен,
Кўнглини худога ичиролган мен,
Мен КИМман. Сен эса, НИМАсан, ўлим.

МОҲИЯТ

Мен ҳам тангрининг бир битигидирман
Ва тошга айланиб қоларман бир кун.
Нондаи узиларман, балки, тандирдан,
Сополда ёзувга айлансам… мумкин.

Ва шунда… билмасман, ерданми, кўкдан,
Сувми, нурми бўлиб қайтиб келарман.
Ва шунда… дунёдан англамай ўтган
Битикни — Ўзимни ўқий оларман.

Мен ҳам тангрининг бир битигидирман.