Энахон Сиддиқова (1954)

Таниқли ёзувчи, публицист, педагог ва шоира  Энахон Сиддиқова 1954 йилда Олтиариқ туманининг Олтиариқ қишлоғида туғилган. Адибанинг “Қоракўз турналар”, “Суманбар насим” шеърий тўпламлари чоп этилган. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

ЭШИК ЧЕРТИЛАДИ…

Эшик чертилади…
Ҳапқирар юрак.
Ҳаяллаб бўлса ҳам келдимикан
Бахт?!
Балки олиб тушган кўкдан фаришта
Кўнглимга бир ёрлиқ, Ҳақдан иноят.

Эшик чертилади…
Балки бу хаёл?!
Хазонлар товшидир қулоққа инган.
Балки ҳасратидир дарбадар шамол
Рангсиз умидлари шохларда синган.

Эшик чертилади…
Вақтдир бу балки,
Бевақт юрагимни тақиллатётган.
Бесамар йилларнинг армони каби
Кўнгилни занглатиб, зил босиб ётган.

Эшик чертилади…
Тураман беҳол,
Балки олма отаётир дов-дарахт.
Балки удир ишқимни қилган увол,
Айро йўлда ташлаб кетган
Муҳаббат!
Эшик чертилади…
Узоқ куттирмай,
Балки дўст келгандир ўзи чопарга.
Кўнгил билан ҳеч кимга айтмай,
Отланамиз ёруғ сафарга.

Эшик чертилади…
Англатгил,  ё Раб,
Мени уйғотгучи  сирли лаҳзадир.
Кимни  рози қилдим дунёда яшаб?
Шу савол олдида юрак лағчадир.

Балки эшик қоқар… қилади исён,
Бўғзимга қадалиб йиғлаётган сўз.
Кўкрак қафасимда хўрланган виждон,
Балки қишдан огоҳ қилмоқчидир куз.

Эшик чертилади…
Очаман аста,
Қароғимда сизиб, қотиб қолар ёш.
Остонамда турар ҳорғин, хижолат –
Мен кутмаган дўстдай кулиб
Олтмиш  ёш.

Эшик чертилади…

ВАҚТ

Кўзин узмас ҳатто бирор он,
Таъқиб қилмоқликни қўймайди.
Даромадим ҳисоблаб юрган,
Солиқ йиғувчига ўхшайди.

АЁЛ КЕТИБ БОРАР…

Аёл кетиб борар ёниб, гувиллаб,
Кўнглида тириклик қўнғироқлари.
Шамоллар пойида йиғлар бош уриб,
Сочиб юборади гул япроқларни.

Кетиб борар аёл… кўнглига ишқмас,
Тикиб тирикликнинг байроқларини.
Қулоғи кар дунё, ҳайҳот эшитмас,
Селдай тошган фарёд, ингроқларини.

Аёл кетиб борар… тундай ёйилган
Бахтсизликдай қаро сочларин ғами.
Кўнгил меҳробига ёқиб қўйилган
Қирқ битта жонининг қирқ битта шами.

Кетиб борар аёл… ёлғизлик аро
Сирпанчиқ йўллари, қировли, музли.
Онҳазратнинг умматлари, хешлари,
Ҳазрати эркаклар, эшитяпсизми?

Бу кетиши гўё кўчкилар каби,
Қурбон қушдай тўзғир дил ришталари.
Муҳаббатдан кетар, кўнгилдан кетар
Худонинг ердаги фаришталари.

Кетиб борар аёл ёниб, гувиллаб…

УСМОН НОСИРНИНГ СЎНГГИ НИДОСИ

Тош турмалар,
Жаллод  турмалар
Аяр мендан парча қоғозни.
Бунда мудҳиш сукут ўрмалар,
Чиқармаслик керак овозни.

Мадорим йўқ қалам ушлашга,
Юракларим кетгандир озиб.
Деворларга,
Ҳаттоки  тошга
Кўзим билан қўйяпман ёзиб.

Ҳаво йўқдир нафас олмоққа,
Эшитилмас ҳатто маҳкум сас.
Қад кўтарсанг бошинг ёрмоққа
Бунда шифтлар қилиб турар қасд.

Қўлда кишан,
Бўйнимда  сиртмоқ,
Кўрарманми эркингни, ватан?
Қонга тўлган юрагим билан
Мен қаърингда қандоқ ётаман?

Умидим бор, бир кун келар
Эрк,
Шу кун тинар зулм ва фарёд.
Кишанларни парчалаб, ёриб,
Сўзларимни қиларлар озод!

* * *

Одамларнинг очарми кўзин,
Бу қандоқ ишқ,
Қандай муножот?!
Милиард қушлар Ҳаққа тизилиб,
Субҳи содиқ қилар ибодат.

Ғафлат босмас бирорта қушни,
Бирортаси йўлдан озмаган.
Одамлар ҳам қуш асли фақат,
Фақат… фақат… қанот ёзмаган.

АННА АХМАТОВА

Тош турмалар қўймас ҳеч тонгни,
Ўтказмайди назоратидан.
Бир кўз боқар соғинчда мунгли,
Нелар ўтар хаёлотидан.

Қонталаш тонг…
Гўё азадор,
Ҳол сўрайди тирикларидан.
Сўзлар қурбон қушдек ярадор
Ўтолмайди туйнукларидан.

Бир-бирининг юрагин чўқир,
Эшитмайди ҳеч кимни худо.
Қулоғи кар,
Кўзлари сўқир –
Турмалардан фарқи йўқ Дунё.