Душан Файзий (1927-2009)

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби. 1927 йилда туғилган. Самарқанд давлат университетини битирган. “Менинг туғилган куним”, “Зафарон оҳанглари”, “Сенинг қалбинг”, “Муҳаббат хаёллари”, “Улуғлик”, “Темурнома”, “Муножот” сингари шеърий китоблари нашр этилган. Шоир 2009 йилда вафот этган.

СИНИҚ БИР АРМОН

Пешонага ёзуғлик экандир ҳижрон,
Авж пардада узилди рубобнинг тори.
Муаллақ турибди синиқ бир армон,
Ўксинган кўнгилнинг нолаю зори.

Мен у чоқ севгининг оғушида ғарқ
Заррин уфқларда кезардим гўё.
Висол не, ҳижрон не, қилмас эдим фарқ,
Гўё садоқатга тўлиқдир дунё.

Сен яхши кўрардинг, яхши кўрардинг,
Еру кўкка ҳам ишонмасдинг, ахир.
Яхши кўрмоқ надир, жондан суярдинг,
Фақат иккимизга аёндир бу сир.

Ўзимнинг қисматим қўйиб бир ёққа
Сенинг тақдирингни ўйлайман бу дам.
Биз кезган йўлаклар қолди йироқда,
Шукрона қилайлик шунисига ҳам.

Уфқда сўқмоқлар, йўлларинг узоқ,
Тақдир вафо қасри томон йўлласин.
Сени деб ибодат қилурман бу чоқ,
Бу ёғига энди ўзи қўлласин!

ҚУЁШ ПАРЧАСИ

Кафтим узра тутиб қуёш парчасин,
Сенинг қўлларингга узатдим, эркам.
Неки эзгулик бор дилда, барчасин
Сенга бағишладим, сенга фариштам!

Яхши ният ила қабул эт уни,
Бутун борлиғингни айлагай равшан.
Ҳасадли кўзлардан асрагай сени,
Пойингда гуллагай бир ажиб гулшан.

Қуёш парчаси деб сенга тутганим,
Саховатга тўла мунис юракдир.
Истиқболингга ҳавола этганим,
Қарашларга зор, ўша тилакдир.

Неки эзгулик бор дилда, барчасин
Сенга бағишладим, сенга фариштам!

НЕЧА КУНКИМ

Неча кунким, паришондир хаёлим,
Неча кунким, дилим эрур ғаш.
Наҳот, бир сўрамадинг, нигоро, ҳолим,
Вужудим ёндирар пинҳоний оташ.

Кимнидир кутади безовта кўнгил,
Кимнидир излайман бўм-бўш хонада.
Изтироб чекади хонамдаги гул,
Тўкилган баргларин кўриб ёнида.

Эшикка жавдираб қарар кўзларим,
Тиқ этса севинчдан энтикар юрак.
Баъзида адашиб кетар сўзларим,
Начора, бугун ҳам бўлмади дарак?!

Кўзимга тор этиб сўнгсиз дунёни,
Жавонда китоблар туришар қатор.
Тошойна излайди таниш сиймони,
Сукутда турмишдир чанг босган дутор.

Тонг отар, кун ботар – ўтар бугун ҳам,
Ҳар дақиқа менга туюлар бир йил.
Оромимни олмиш ҳасрату алам,
Кимнидир кутади безовта кўнгил.

ОЙНИНГ КУМУШРАНГ ТАНГАЛАРИ

Ойнинг кумушранг тангалари
Тақдир йўлларига бирлашиб,
Анҳор мавжларига қўшилиб,
Сапчиб бораётир қирғоқлар сари.

Денгиз – сўнгсиз, уфқлар – сўнгсиз,
Қуёш ботаётир, қип-қизил алвон.
Самонинг этаги ёнмоқда, сонсиз
Парча-парча булутли осмон.

Гўёки йиртилган оқ шоҳи рўмол
Кўпикларга қўшилиб титрар беором.
Осмон гумбазида ғаройиб бир ҳол,
Тўлқинлар узраким – кумуш тўла жом.

Ойнинг кумушранг тангалари
Анҳор мавжларига қўшилиб,
Тошиб бораётир қирғоқлар сари
Тўлқинлар қатига ўзин яшириб.

АРИҚ БЎЙИДА ТУРИБМАН

Ариқ бўйида турибман, минг хаёл,
Минг хаёлда сувга термилиб.
Зилол тўлқинлар оқмоқда, эҳтимол,
Хаёлларим оқмоқда сувдай бўлиб.

Йўқ, хаёлмас, бу оби ҳаётдир,
Гоҳо мавжли, гоҳида тўлқинли.
Сокин яшамоқлик унинг-чун ётдир,
Кумуш зарраларки: ўтли, ёлқинли.

Бир маромда оқиб ўтаётир,
Жимирлаб, оқ кўпиклар таратиб.
Ўз йўлида, қайларгадир кетаётир
Ва ўтган изида ҳаёт яратиб.

Мен турибман ҳамон ариқ бўйида
Гўёки хаёлларим оқиб кетмоқда.
Сув ҳам эмас, хаёл ҳам, умр ҳам ўтмоқда,
Ариқ бўйида турибман, сувга термилиб.

Минг хаёл…

ҚАТРАЛАР

Қатралар!
Биз севган улкан ҳаётнинг
Бир бутун мазмуни сизда мужассам.
Уфқсиз, сарҳадсиз шул коинотнинг
Ипидан игнаси сизда эрур жам.

Қатралар!
Тонг маҳал гул япроғида
Мавжланар бир ёғду ичра милтираб.
Ҳижронда термилган, ер ёноғидан
Тўкилар, гўёки симобдай титраб.

Қатралар!
Ҳеч қачон этмагай инкор
Табиатнинг сўнгсиз улуғлигини.
Мен, асло, тасаввур қилмайман зинҳор,
Ҳаётнинг қатраларсиз тўлиқлигини.

Қатралар!
Бирлашиб сени соғ-омон
Меҳру муҳаббат-ла кўтарди дўстим.
Буюкликни севган, эй азиз инсон,
Жажжи қатрани ҳам унутма бир зум.

ОЛИСДАМАН

Қўй, энди излама! Уриниш беҳуда,
Мен кетяпман туманлар аро.
Сен олисдаcан, олисдаcан жуда,
У ёғи – сўнгсиз қоронғи дунё.

Афсуслар ва балки кўзёшлар
Сенга сабр берсин илоҳим!
Қалбингдан хотира – ўша ширин тушлар,
Рўёда бурқсиган тутунли оҳим.

Ўша олислардан, туманлар бағридан
Сенга термилади кўзларим.
Ўтдим, муҳаббатсиз дунёнинг баҳридан,
Анҳор бўйларида сўнгги изларим.

Қўй, энди излама!..


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!