Дилрабо Мингбоева (1980)

Дилрабо Мингбоева 1980 йили Самарқанд вилояти Паяриқ туманида туғилган.
Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факултетини бакалавриатини (2003), магистратурасини (2008) тамомлаган. Олий адабиёт курсида таълим олган.
«Ёмғирзор» шеърий тўплами, «Тимсоллар тилсими» илмий-оммабоп китоби чоп этилган.
Ҳозирда «Академнашр» нашриётида Бош муҳаррир лавозимида ишламоқда.

* * *

Нега кўзларимга қарамайсиз
ахир
Киприкларингизда
қалқиб тургани келаман
кўтариб Ерни
учаётган бошим кўксингизга
қўнар экан
майсалар тебранишида оқаётган
кўзларимга нега қарамайсиз
ахир
Қорачўғларингизда
ўзимни кўргани келаман
оёқларимга боламдай ёпишган
дунёни судраб…
нега кўзларимга қарамайсиз…

СИЗ

I. Бирма бир қадам ташлаб
юрагимдан ўтасиз —
Кўчамдан ўтаётиб…

II. Сиз сочларим силайсиз,
Бегим,
Мен дилингизни…

III. Юраклар кўпкарисида
Тортқиланар кўнглим
улоқдек
Чавандозим,
Қачон келасиз?!

* * *

Тонгдан юлиб олдим қуёшни,
итқитаман юлдуз — кўз ёшни,
кўксимда офтоб куяр — қон…

Кўнглимда зардоб соғинч — армон.

Тундан тортиб олдим ҳилолни,
У кўксимда энди ол-олдир,
Ҳаёт нима !? Қақшашми зор-зор…

Ёшим томар… Юрак — ёмғирзор..

Ой меники, меники қуёш,
Ойим, қуёшим ҳам ўксинар,
она, сени соғинди улар!

Она, сени соғинди улар…

СЕН

1.
Томоша қилялти йўловчилар
Деразангга
Осиб қўйилган кўзларимни

2.
Менинг хонам совуқ, пальтом юлқа,
Сенинг қайноқ юрагингни ёпиниб
Жон сақпайман қишда

3.
Деразам музга қопланган,
Исминг ёздим унга
Ва дунёни томоша қила бошладим

* * *

Сувлар олиб қочади кўзимни
умримни
ўйнайди Ой нури
осилиб қоламан туйғуларимга
нафас олаётган ёнимда Тунми?
Яшаш
дарахт шитиридек шунчаки
телефон овозига суяниш
Фақат
менга бахт бермоқчи бўласиз
қўлларингиз шунча узунми!?

* * *

Қайга кетмай
кўзларини қадайди осмон
бундаги еллар
Ўйинга тушади елкаларимда

Узилган япроқпар
қитиқлаб ётади оёқларимни

СИЗ

узоқдан қарайсиз менга
Қотиб
суратга айланар дунё
кўксимга қўниб ўтган
лаҳзалик нафас
суғуриб кетади жонимни
Ҳозир қуёш қулайди
ва ҳаммаси тугайди
Сиз узоқда қоласиз энди..

СЕН

Сен — юрагимни икки ёртига
бўлиб қоқ ўртасидан ўсиб чиққан
тошсан. Кўкка кўтарилгани қўймаган,
ерга киргизиб юбораётган оғирликсан.
Илдизларинг юрагимга шу қадар чирмашганки,
Сени юлиб ташламоқ бўлсам, юрагим-да юлингай.
Йўқ, сени яхши кўраман деяётганим йўқ.
Сен шунчаки… Юрагимда юксан!

*   *   *

Чопдим кўксингга кўмилган юрак
мурдаларига туртина-туртина…
Бахт замини осмонида эдик Мен сени суя-суя,
Сен қалбим ея-ея. Бердим борим сенга,
йўғим сенга, кўзларингдан қабр бер менга!

* * *

Бўм-бўш ҳовучларим сен-Сукунатдан
Бир томчигина севги тиланди.
Сенда севги кў-ўп эди. Ҳаммага улашдинг.
Мендан қизғандинг-а?!
Бўм-бўш ҳовучларим…


ҚОРА  КЎЗИНГ

Тун. Деразадан менга тикилиб турган қора кўзингдан ийманиб чойшабга ўранаман. Кўзларингга кўринмаслик учун чироқни ўчираман. Кўзинг хонамга кириб олади. Кўзларингни кўрмаслик учун кўзимни юмаман. Кўзинг кўзларимга кириб олади.
— Уф, — дейман. Хонам куйиб кетади. Кўзларингдан уяламан… Яширинаман. Аммо!!! Юрагим тўлғона, сочларим чўлғона, вужудим ўртана, юзларим ёна сенинг қора кўзларинг оғушида беҳол тонг оттираман.
Тонг —Даҳшат! Кўзларингни йўқотиб қўйдим…