Дилноза Муродова (1987)

Дилноза Муродова 1987 йили туғилган. ЎзМУ қошидаги “Олий адабиёт курси”да таҳсил олган. “Оқ булут”, “Эзгуликнинг юраги” номли шеърий тўпламлари чоп этилган.

МУҲАББАТИМ

Муҳаббатим айтган эдим,
Сўнган юлдуз ёниб кетди.
Чорасиз қолган Мажнун,
Лайлосини олиб кетди.

Гуллардан чирой сўрадим,
Гуллар топдилар имкон.
Юрагимдан атиргулни,
Ясаб бердилар шу он.

Майсаларга бош қўйсам,
Хаёлларим жон берган.
Ахир, улар орзуси,
Бугун ёнимга келган.

Муҳаббатим айтган эдим,
Тонгдан майин ифор келди.
Муҳаббатимга ўхшаган,
Чиройли навбаҳор келди.

СЕН БОРСАН

Сен борсан,
Сен борсан,
Яшайвераман.
Сен борсан,
Гулларга ўхшайвераман.
Жилмайган юракни
Кўзимда кўриб,
Кўзимга кўзгулар
Тўшайвераман.

Майлида севилмоқ,
Майлида севмоқ.
Тангрининг севгани
Инъом эмасми?
Ўзини унутган,
Ўзини топган,
Иккига бўлинган
Бир жон эмасми?

Изоҳ йўқ, сўроқ йўқ
Бариси лолдир.
Аччиқ соғинч у,
Ширин хаёлдир.
Ишонмоқ керакдир,
Ишонмоқ керак.
Юрак, юрак бўлган,
Лаҳза дийдордир.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!