Дилмурод Дўст (1989)

Дилмурод Дўст (Дўстбеков Дилмурод Абдуллаевич) 1989 йилнинг 5 декабрь санасида Зомин туманидаги Бешбулоқ қишлоғида зиёли оиласида туғилган. Дастлабки таълимни Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги 11-мактабда олган. Шундан сўнг Гулистон санъат коллежининг халқ чолғу созлари бўлимида таҳсилни давом эттирган. Коллежни тамомлагач, Сирдарё вилояти Халқ ижодиёти марказида ишлаган. 2012 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетига ўқишга кириб, 2016 йилда ўқишни тамомлаган.
Дилмурод университетда ўқиш билан бирга матбуотда ишлади. Устозлардан журналистика, таҳрир сирларини ўрганишга уринди. Ўқишга кирган йилиёқ уни «Адолат кўзгуси» ҳуқуқий газетасига мусаҳҳиҳ қилиб ишга олишди. Икки йил қизғин иш жараёнида у кўп нарса ўрганди. Мусаҳҳиҳ бўлиб, билмаганларини билди, саводини янаям яхшилади.
Кейинчалик университетда «Таҳрир санъати» фанидан дарс берувчи машҳур муҳаррир (таҳрирнинг пири) Маҳмуд Саъдийнинг тавсияси билан «Маърифат» газетасида амалиёт ўтай бошлади. Кўп ўтмай, Дилмуродни «Маърифат»га курьер вазифасига ишга қабул қилишди. Ярим йилдан сўнг уни мухбирликка ўтказишди. Айни кунда Дилмурод мазкур газетанинг «Адабиёт» бўлимида меҳнат қилаётир.

***

Миллатим мусулмон, имоним — ишқдир,
Бутун рўйи жаҳон Ватаним менинг.
Қаддим  — Зомин тоғи, қалбим — қўшиқдир,
Ҳар зарра тупроқда бор таним менинг.

Ҳар саҳар сеҳрли сўзлар тингладим,
Булутлар илоҳий қўшиқлар айтди.
Дарахтлар тебранди оҳангдан сармаст,
Юрагим самодан қуш бўлиб қайтди.

Мен эса йўл юрдим олдингга қараб,
Йўлимда дуч келди шому саҳарлар.
Гоҳида заҳардан меҳрни туйдим,
Гоҳида меҳрдан чиқди заҳарлар.

Кўнгил косасида ишқни симириб,
Томирдаги қоним жўшиб гупирди.
Неки деган бўлсам йўлдагиларга,
Тилим гапирмади, дилим гапирди.

О, буюк Осмоним, азиз Тупроғим,
Бу йўл — омонатинг ҳамон мендадир.
Токи яшарканман тупроқда изим,
Ўзим ҳам, сўзим ҳам — осмон, сендадир.

Миллатим мусулмон, имоним — ишқдир,
Бутун рўйи жаҳон Ватаним менинг.
Қаддим тик- Зоминдай, қалбим — ҳур қушдир,
Ҳар зарра тупроқда бор таним менинг.

* * *

Ўнгда Раҳмон — чапда шайтон.
(Халқ нақли)

Йўлда ўнгдан юриш бу — йўл қоидаси!
Йўлдамисиз?..
Демак, амал қиласиз.
Гар, уни бузгудай бўлсангиз шу он,
Жазо муқаррардир, буни биласиз.

Умр — йўл…
шу қоида унда ҳам жорий,
Лек, мудом виждоннинг ипин узасиз.
Жазо тайинлигин билиб туриб ҳам,
Йўл қоидасини нега бузасиз?!

ҚОРИН ҒАМИ

Менинг энг катта душманим ичимда,
Унга умримни кўп қисмини сарф этдим.
У сабаб — вақт баъзан бахт ва виждонни
бой бериб,
Кўзимгача гуноҳга ботиб кетдим…

У бўлмаганда мен қанча оламшумул,
Ишларни қилишга улгурармидим?

Бир кунда уч бора исён, қўзғолон…
Ёшлигимда Онамдан ўрганган усулим билан
исённи босаман аранг.

(Шу он онамни ҳар қанча алқаш мумкин.)
Шундайин душманни,
Шундайин ёвни,
Фақат,
нон чайнаб бериб,
алдаш мумкин.

* * *
Насроний ихлоси жўшиб дафаътан,
Излар лаб босмоққа, Исо хочини.
Ернинг қай бурчида шу тоб мусулмон,
Адо этаётир, ўз меърожини.

Гарчи иккисининг ибодатлари,
Бир-биридан фарқли,
Лек солсанг назар…
Бир хилдир уларнинг қалбида мудом,
Жаннатга талпиниш, дўзахдан ҳазар.

ҲАЁТ ҲАҚИДА ЎЙЛАР

Туғилиш — ўлимга қўйилган биринчи қадам.
(И.В.ГЁТЕ)

Туғилдинг, бу ҳаёт остонасида,
Сени қарши олди, бир ёғоч бешик.
Улғайиб, яшаб сўнг кўзинг юмганда,
Қабринга кузатди, тебранмас бешик.
Бу ҳаёт — шу икки бешик ораси…

Туғилдинг, ўрашиб оппоқ йўргакка,
Эркалаб, эъзозлаб, севиб-суюшди.
Руҳ оҳир танангни тарк этган куни,
Яна оқ йўргакка ўраб қўйишди.
Бу ҳаёт — шу икки йўргак ораси…

Кўз очиб, ҳаётни кўрганинг заҳот,
Одамлар йиғингга жим қулоқ осди.
Бандаликни бажо келтирган кунинг,
Дунёни ўзгалар кўз ёши босди.
Бу ҳаёт — шу икки йиғи ораси…

Шу қисқа ҳаётда энг муҳим юмуш,
Яхши ном қолдириб, яшамоқ экан.
Англадим, туғилиш аслида дўстим,
Ўлимга илк қадам ташламоқ экан.
Ҳаёт — туғилиш ва ўлим ораси…

* * *

Мен кўкка интилиб яшайвераман,
Кўкка эса ёқмас бу интилишим.
Қора булутларни юборар, такрор
Қийинлашсин — дея, «юриш» қилишим.

Елкамга мингашиб қора булутлар,
Пастга…
Пастга…
Пастга босиб боради.
Барча сафдошларим каби менинг ҳам,
Оёқларим ерга ботиб боради.

Буюк ғалабани сўраб Аллоҳдан,
Интиламан…
Ботиб қоп-қора терга.
Қўрқаним…
Мендан олдин интилганларни,
Булутлар чўктириб юборган ерга.

***

Гоҳ кунимдан Ой чиқди,
Тунимдан Қуёш чиқди.
Ишончим чил-чил бўлгач,
Юрагимдан ёш чиқди.
Биргина ишонганим,
Бу юрак бебош чиқди.
Кўзсиз бу яраларга
Малҳам недир билмадим.

Бахтсизликлар тўпланиб,
Бахтимдан дарак берди.
Бошга тушиб, кўз кўрган
Барисин фалак берди.
— Меҳр бериб, меҳр кўр —
Деб гулдан малак берди.
У гулни шамоллардан
Мен эҳтиёт қилмадим.

Кўпчиликни ўзимдан
Бездириб қўйдим охир,
Кўнгилга қул эканим
Сездириб қўйдим охир,
Ниҳоят, ўзни-ўздан
Ўздириб қўйдим охир,
Лекин, аммо ўзимдан
Ўзиб, кўп вақт елмадим.

Бас! Энди ҳар сўзимни
Кўнгилларга битурман.
Нурни қучиб зулматнинг
Туб-қарига етурман.
Бир кун… руҳни танимдан
Озод этиб кетурман.
Лекин, мен бу ҳаётга
Ўлиш учун келмадим!

* * *

Ғам ютдим, ичимга ютавердим жим,
Кўз ёшга айланиб, юракка томди.
Ошкор йиғлолмадим, йигитман дедим,
Олд юрдим… кўтариб бойлигим — жомни.

Жом минг чега эди,
Йўқ, юз минг чега.
Кўрган кунларимдан кўпдир синиғи.
Жондан тўйдирганди тақдир исмли,
Жиддий ҳазилкашнинг турфа қилиғи.

Шунда ҳам ҳеч кимга бир сўз демадим,
Гарчи, тинглагувчи сўздан кўп эди.
Мингдан бир дардимни айтдим қоғозга,
Фақатгина ундан кўнглим тўқ эди.

Шоирларни кўрдим кўп қофиябоз,
Нафасга қафасни тиркаб қўярди.
Дил сўзига пулни, эркка — берк дея,
Дилга сиёҳини суркаб қўярди.

Ўшанда ёш эдим, ўйламас эдим,
Бахтли инсон ким-у, кимдир бахтсизлар.
Бугун ўтган ҳар он уқтирар менга:
«Бахтсизлар, бахтсизлар асли дардсизлар!»

Вақтнинг сўзларини таржима қилиб,
Икки сатр шеърга ном қўйдим:
БАХТЛИ
Дардга доя дунда абадул-абад,
Фақат дарди борлар — яшашга ҳақли

ВАРРАКНИНГ АРМОНЛИ ҚЎШИҒИ

Парвоз — тирикликдир. Маънодир — парвоз!
Эркин парвоз этсанг қушлар базмида.
Кўнгил қайга деса, бош олиб кетсанг,
Қолмасанг ҳеч қачон шамол измида.

Шунда шўнғиганда осмонга бошинг,
Завқ юракка сиғмай, ортиб қолади.
…Чиқиб кетмасин деб, шамол измидан,
Пастдан ипни кимдир тортиб қолади.

* * *

Сен доим оч қолсанг
овқат ейсан.
Зериксанг китоб ўқийсан.

Лекин, бир бор бўлса ҳам
нега овқат емасанг —
оч қолишингни,
Китоб ўқимасанг — зерикишингни
ўйлаб кўрганмисан?!

Йўқ, албатта! Сен бу ҳақда
ҳеч қачон ўйлаб ҳам кўрмагансан.
Чунки…

Сен доим оч қолсанг
овқат ейсан.
Зериксанг китоб ўқийсан.

…ДЕДИЛАР

Менга баҳор ҳақда шеър ёз дедилар,
Мен эса куйладим хазонли кузни.
Яна ёз ҳақида кўп ёз дедилар,
Мен эса алқадим қаҳратон, музни.

Ҳаётни баралла куйла дедилар,
Мен ўлим ҳақида кўп шеърлар битдим.
Ёрни сев, васлини ўйла дедилар,
Мен атай ҳижронда ўртаниб кутдим.

Хазонсиз баҳорни ҳис қилолмадим,
Ёзнинг қадрин сездим қиш-қаҳратонда.
Ҳаёт гўзаллигин англадим дилдан,
Ўлимни эслаган ҳар нафас, онда.

Бугун жим турибман Сўз бўлмоқ учун,
«Жим бўл!» дейишганда, мен сўз бўламан.
Бугун ўлмаслик-чун яшаяпман-у,
Бир кун… яшаш учун, албат, ўламан!

* * *
Бир пайтда, дунёнинг икки ерида,
Икки шоир ёзди, салкам бир хил шеър.
Фарқи-ки; бириси халқим деб ёзса,
Бири эса фақат ҳалқум, ҳалқум дер.

* * *

Тонгга ишонмайман
чунки, у ҳар гал
Шомга бураверар менинг йўлимни.

— Орзу-чи?..
— Армонга!
— Ишқ-чи?..
— Ҳижронга!..
Кўмар…
Кўмаверар ўнг-у сўлимни.

Фақатгина ҳаётга ишонардим мен…
Ишонгандай худди ёлғиз Аллоҳга.
Оқибат…
ўлимга рўбарў қилиб,
У ҳам ташлаб кетди
қоронғу чоҳга…

* * *

Шоирга
Майли, сиз қайғурманг, дунё ўткинчи…
Бир кун оч бўлсангиз, бир кун тўясиз.
Ҳали машҳур бўлиб кетса шеърингиз,
Беғубор жилмайиб, бахтга йўясиз.

Биламан, киярга битта кийим-бош,
Қоғозу китоблар — бор бисотингиз.
Лекин шоири кўп эл-улус ичра
Жуда машҳур бўлиб кетган отингиз.

Зах, кичик дарчали, тор ижарада,
Эл деб ётиб, тонгда эл деб турасиз.
Ғафлатдан уйғотиб элни сўз ила,
Нур бўлиб зулматга ўзни урасиз.

Бор бўлсин сиздайин Одамшоирлар,
Бирлашиб, дунёни тозалаб юрсин.
Сизга тилагим шу: ёлғон дунёда
Тилингизга фақат рост сўз буюрсин!

* * *

Худо мени қўриқчи қиб яратди,
Қўриқлайман. Бедорликда тунларим.
Яратди-ю, оқ ранг томон қаратди,
Сиз хавфдасиз! Эй, озод тутқунларим.

Дунё менинг душманимга айланган,
Йўлатмам ҳеч фонийранг ул исларни.
Лекин ағёр жангга чунон шайланган,
Бўш келмайман, асрайман гул ҳисларни.

Қуш умрига одил ҳукм — парвоздир,
Туйғуларга дунё нуқси урмасин.
Раво бўлиб фоний ботқоқда найлик,
Илло қисмат қамиш бўлиб турмасин.

Мени Худо қўриқчи қиб яратган,
Кифоядир — эшитсангиз унларим.
Диллашайлик, бой бермайлик ҳисларни,
Биз хавфдамиз! Эй, озод тутқунларим!

ЗОМИН

Баҳодир, алпларга бешиксан, Зомин
Ҳайрат оламига эшиксан, Зомин.
Тўрт фасли зангори, тўрт фасли баҳор
Арча шаклидаги қўшиқсан, Зомин.

Тонглар юзин ювган булоқларингдан,
Тиниқлик сўқмоғи — ирмоқларингдан,
Ўзбекистон бўйлаб сафарга чиқар,
Кўклам ранг юқтириб қучоқларингдан.

Бахши энам ўзинг, она заминим,
Бешбулоғинг кўнглим, қирларинг иним.
Тоғлардаги қоринг бошимга қўнмиш,
Юрагимда… бошимдасан, гўзал Зоминим.

* * *

Бу кўйлакнинг ёши кўп улуғ эмас,
Лек манглайи узра ажин солган из.
У суярди…
Ўшал мағрур Дазмолни,
Гўё суйганидек йигитни бир қиз.
Дазмол ҳам севарди…
Унинг кўнглида,
Ишқ учқуни охир алангга олди.
Кўйлакни бағрига босганча бир зум,
Ажин юзларига термилиб қолди.
Иссиқ тафтни сезиб турарди Кўйлак,
Дазмолнинг юзига босганча юзин.
Унинг қучоғидан бўшагач Кўйлак
Ёшаргандек сеза бошлади ўзин.

РАШК

Сени ўзимдан ҳам қизғониб, аммо
Гулларга берибман қучоқларингни.
Ўзим тишламайин бир бора ҳатто,
Зиракка берибман қулоқларингни.

Қизғониб, қизғониб нурли юзингни,
Қуёш нурларига силатиб қўйдим.
Сочингни ўйнаган шамолни бугун,
Қалбимга қамаб сўнг, ухлатиб қўйдим.

Қўлингдан тутмадим ҳеч қачон бироқ,
Қаро мунчоқларга ушлатиб қўйдим.
Изҳорга атаган журъатимни мен,
Сенга бир қарашга ишлатиб қўйдим.

Кўзларингга боқиб бахтни ҳис қилдим,
Аммо, рашким келди икки кўзимга.
Аллоҳ насиб этса бир кун висолинг…
Қандай раво кўрай сени ўзимга?!

ЎН БАРМОҚЛИ ТИЛ

Вокзал.
Ўн саккиз ёшли бир гунг йигитча,
Тирикчилик қиларди ҳаммоллик билан.
Юк ташир, елкалаб ҳаёт ташвишин
Яшарди меҳнатда, ҳалоллик билан.

…Бир кун
мисли кўкда моҳдай дилобар,
Кўзлари мунчоқдек, хушқомат, лобар.
Ҳурлиқо имламиш ҳаммол йигитни.
(Йўлқутилар турар, ғамга баробар)

Йигит унутганди дунёю дунни,
Ўтган бедор тунлар, ҳам оғир кунни.
Моҳмонанд қизни у севиб қолганди,
Изҳори дил учун излар бир унни.

Таассуфки, бехабар кетиб борар қиз…
Бир алам тирнарди йигит дилини.
Айни дам изҳорга имконсиз эди,
Банд қилганди юклар унинг тилини.

НЕ ДЕЙИН…

Юзингдан нур олиб ёришади кун,
Сочингдан ранг олиб тушар қора тун.
Мен яна не дейин, яна не дейин…
Гўзал жамолингни таърифламоқ-чун?

Ифорингдан сармаст капалаклар ҳам,
Ҳуснингга маҳлиё ҳур, малаклар ҳам.
Мен яна не дейин, яна не дейин…
Кенгмас кўнгилчалик кенг фалаклар ҳам.

Истаранг тафтидан қуёш хижолат,
Бу қандай кўргулик, бу қандай ҳолат?!
Мен яна не дейин, яна не дейин…
Там олса сўзингдан қанду қандолат.

Сени ўзимдан ҳам рашк қилдим наҳот,
Икки кўзимга-да қилолмам тоқат.
Мен яна не дейин, яна не дейин…
Сенинг ҳажринг билан ўлмоқ ҳам роҳат.

ДАРВЕШНОМА

Одамлар уй берди юракларидан,
Мана, умрим шунда ўтказаяпман.
Не-ки фарз буюрган бўлса Қодир Ҳақ,
Тиришиб бажога етказаяпман.

Одамлар уй берди юракларидан,
Қишдан меҳри билан исиниб ўтдим.
Чанқоғимни босиб сўзбулоғидан,
Сўзнинг сеҳри билан исиниб ўтдим.

Одамлар уй берди юракларидан,
Бу ерда дунёдан йироқда ўсдим.
Самимий туйғулар бағрида сармаст,
Ҳасаду риёдан бўлмади дўстим.

Одамлар уй берди юракларидан,
Уйсизман, демоққа бормайди тилим.
Ҳаёт абадийдир бу ерда, ишон,
Бунда сенга ҳукм ўқимас ўлим.

Одамлар уй берди юракларидан,
Юракда яшамоқ бахт экан билсам.
Энди ҳам уйлиман, бахтлиман… Демак,
Энди бўлар сенга қўнғироқ қилсам!?

* * *

«Мен сени севаман!..»
Лабларимдан отилган бу — ўқ сўзлар,
учиб борар, сенинг нишон — қулоқларингга.

Ўқ нишонга теккач,
юрагинг қадамлари тезлашиб кетар,
кипригингдан шаффоф қувонч оқар овозсиз.

«Мен ҳам…»
Бирдан сен ҳам ўқ узасан нишонларимга
Ва тўсатдан ўқ отарлар тўқнашиб кетар…

* * *

Сиз ўшал ҳилолсиз, ўшал ойдинсиз,
Ҳеч кўкдан тушмайсиз. Қўлларим етмас.
Ҳусну латофатда ҳурдан олдинсиз,
Висол — манзил. Аммо йўлларим етмас.

Ишқ — бу дард. Кўнгилни даволовчи дард.
Кундан висол излаб Мажнунга дўндим.
Не тонг, моҳ дийдори оқшомда насиб,
Сизни кўрмоқ учун тунларга кўндим.

Сиз кўкда, мен ерда. Азал қисмат шу,
Ишқ бўйсунмас дунё тенгликларига.
Ойсиз зулмат ичра қолмасин, кўчинг
Кўнглим осмонининг кенгликларига.

* * *

Сен гўзал ўғрисан, энг олғир ўғри,
Менинг хаёлларим ўғирлаб кетган.
Яна тортиб олиб ихтиёримни,
Изига изларим тўғрилаб кетган.

Сен гўзал ўғрисан, энг олғир ўғри,
Шўрини қуритиб неча-нечани.
Бир қараб оромсиз этиб кишини,
Тонгларга улатган узун кечани.

Сен гўзал ўғрисан, энг олғир ўғри,
Кўнгилни ўғридан тозалаб бўлмас.
Энг алам қилгани сендай ўғрини,
Ҳеч бир қонун билан жазолаб бўлмас!

Сен гўзал ўғрисан, энг гўзал ўғри!..

* * *

Биламан, бу гал ҳам жавоб ёзмайсан,
Бу гал ҳам кўзларим йўлингда қолар…
Бепарво ўтарсан, бу гал ҳам гулюз,
Бу тун ҳам умримни ҳижронлар олар.

Биламан, ўтганда нигоҳинг осмон,
Биламан, атайдан ҳолим сўрмайсан.
Балки севмасдирсан жон қадар, аммо
Биламан, сен мени ёмон кўрмайсан…

* * *

Ёмғирлар қўшиғи янграйди боғда,
Чаманлар ҳуснига боқ. Жуда кўркам.
Шундайин ғанимат, фоний бир онда,
Кел, сайр қилайлик бирга, маликам.

Ҳижрон доғларини ювиб кетсин ул,
То васлингга зарра қолмасин шубҳам.
Кўнглим гулзорида асраганим — гул,
Кел, сайр қилайлик бирга, маликам.

Иста, ёмғирпўшни қилайлик пана,
Қучоқ очайлик ё томчига, эркам.
Яратган раҳматин, булут ҳимматин
Бирга қаршилайлик, келгин, маликам.

Йўллар тугамаса, ёмғир тинмаса,
Бир жуфт қуш мисоли қўнишиб, кезсак…
Ғуборлардан холи бўлган дунёда
Покиза муҳаббат борлигин сезсак.

Кел, сайр қилайлик бирга, маликам…

* * *

Булбулюрак опам Наргиза Одинаевага

Борса келмасгача томон йўналган
Йўлдан одимлайди вақтнинг карвони.
Тонгу шом оралаб кетиб борар жим,
Манзилин билмаган одамнинг жони.

Ўйловдимки, бу йўл кўкка элтади,
Баландлаб борамиз қадам-бақадам.
Руҳу тан бирлашиб Сўзга айланса,
Зинапоя бўлса қоғозу қалам.

Лек, ер тортиш кучи таъқиб этади,
Тупроқтан жонимнинг ҳаловатини.
Тобора ўзимни таниб бораман,
Ҳис қилиб таъқибнинг ҳалокатини.

Йўлда шундайин ҳур қўшиқ куйладим,
Жўр этиб Ул Гўзал мажнунларини.
Ишим қолипларни парчалаш бўлди,
Мудом буздим метин қонунларини.

Ва шунда билдимки, чорламоқда кўк,
Нарвонга дўнмоқда йўлдаги куйим.
Ва шунда билдимки, мен озод бир руҳ,
Тан — шунчаки, йўлда урф бўлган кийим.

 


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!