Давлат Полвон (1981)

Давлатжон Полвонов (Давлат Полвон) — 1981 йилда Фарғона вилоятининг Бағдод туманида таваллуд топган. Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факултетини 2008 йилда тамомлаган. Талабалик йилларида «ХХI аср» газетасида, кейинчалик Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Ассалом Ўзбекистон» дастурида адабий муҳаррир лавозимида ишлаган. Ҳозирда Бағдод туманидаги маҳаллий телеканалда бош муҳаррир лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

ЖЎНАТИЛМАГАН МАКТУБ

(Қишда ёзилган шеър)

Салом, она! Омон бормисиз,
Йўл кутиб,
Кўз тутиб, менга зормисиз?
Бу ерда бошимни силаган қўл йўқ,
Меҳрингиз – изимга ёққан қормиди?

Соғиндим дейман-у, бора олмайман,
Тош кентга дилимни ёра олмайман.
Қишлоқда ўзимни тўрадай сезиб,
Шаҳарда бемалол юра олмайман.

Бўйнимда галстук, қўлимда попка,
Ишимга шошаман қўлтиқлаб ўпка.
Билмадим, ҳар ҳолда ўсиб боряпман –
Ишониб ўзимга ва ёлғон гапга.

Совуқдан қўлларим қотиб қоляпти,
(Аммамнинг уйида ётиб қоляпман).
Учраган кимсага шеър ўқийвериб,
Шоир деган номни сотиб оляпман.

Емоғим, ичмоғим бир меъёрида,
Соғлиғим Эгамнинг ихтиёрида.
Кўксимга муштлайман. Ахир устозим
Кимсан – Ўзбекистон халқ шоири-да!

Ҳозирдан ёғ босиб икки кўзимни,
Қўрсайиб мақтабман ўзим-ўзимни.
Акамлар ҳолини ҳали сўрмадим,
Ёлғиз опам қалай? Ўзи тузукми?

Лойсувоқ томлардан ўтгандир чакки,
(Шу ёзда амаллаб шиферласак-чи?)
Ҳозирча қишлоққа бормасам керак,
Китобим чиққанда борарман балки…

Номимдан салом денг суянчиқларга,
Мен учун куюнган куюнчакларга.
Соғиниб қолганда йўл кутиб турмай,
Шеъримни ёдлатинг жиянчаларга.

2

Салом, эй, қишлоқлик меҳрибонларим,
Соғинчим узилди яна тандирдан.
Ҳамон ёдимдасиз, қадрдонларим,
Мен ҳам эсингиздан чиқмагандирман?

Паст-баланд кўчалар кўзга суртгудай,
Ҳаммасига бошим суқмагандирман.
Худо хайрингизни берсин, ўргулай,
Эсланг, эсингиздан чиқмагандирман.

Сизга қўл узатсам эснаяпсизми,
Балки сўзингизни уқмагандирман.
Ахир мен ўшаман – эслаяпсизми,
Ахир эсингиздан чиқмагандирман?

Бирга ўгтанида шомларимиз ҳам,
Кимга ёқиб, кимга ёқмагандирман.
Туташиб кетган-ку томларимиз ҳам,
Энди эсингиздан чиқмагандирман.

Сиздан юз бурмадим, кечмадим, илло,
Сиғмасам, дунёга сиғмагандирман.
Инсоф билан айтинг, холисанлилло,
Айтинг, эсингиздан чиқмагандирман.

Кеча ошно эдик – тонаяпсизми,
Кўзингизга чўпак тиқмагандирман.
Ахир мен ўшаман – танияпсизми,
Бирдан эсингиздан чиқмагандирман?

Эсда тутмоқ керак эски дўстларни,
Гарчи эсдаликлар йиғмагандирман.
Фақат титкиламанг «ведемост»ларни,
Зеро, эсингиздан чиқмагандирман.

Ана!
Ана, тилингиздан отилди исмим,
Энди ҳайдамассиз остонангиздан?
Минг бор садағангиз бўлайин ўзим,
Битта ўпиб қўяй пешонангиздан.

Чўлпиллатиб ўпай пешонангиздан…

СОҒИНЧ

Тонгга қучоқ очиб турган
ул айвонни соғинганман,
Ширин ифор сочиб турган
гул – райҳонни соғинганман.
Қўлларига хино қўйган,
чиройига бино қўйган,
Соямдан ҳам қочиб юрган
нигоронни соғинганман.

Қайси она болам, дейди –
ўшал менинг онам бўлгай,
Тилларидан тўкилган бол,
асал менинг онам бўлгай.
Бу дунёда ҳаммадан ҳам
гўзал менинг онам бўлгай,
Кеча-кундуз дуо қилган
меҳрибонни соғинганман.

Қишлоғимдан қадам узиб,
Тош шаҳарни паноҳ қилдим,
Дийдам қотиб кетди бунда –
дийдоримни узоқ қилдим.
Битта савоб ишни қилмай,
қанча-қанча гуноҳ қилдим,
Қароқчитол деган отлиғ
гул маконни соғинганман.

Пешонамга битик битган
қаҳри қаттиқ тақдирмиди,
Бир кун дўстсиз ичган ошим
аччиқмиди, тахирмиди?
Билмам, мени соғинтирган
ўчоқмиди, тандирмиди –
Тандирнинг оғзида пишган
кулча нонни соғинганман.

Кафтларимда майда тошлар –
бундан ортиқ қадоқ бўлмас,
Қанча малҳам суриб кўрдим,
лекин сира адоқ бўлмас.
Бундан ортиқ соғинч йўқдир,
бундан ортиқ фироқ бўлмас,
Бостирмада қолган ўшал
лой кетмонни соғинганман.

Дейдилар, ён қўшни бўлса,
болангга иш топилмайди,
Қозонинг ҳам турар қайнаб,
бирор ташвиш топилмайди.
Кунда меҳмон келса ҳамки,
дарвозалар ёпилмайди,
Ён қўшни – жон қўшни бўлган
қадрдонни соғинганман.

Мендан кейин яна қанча
майсалар ҳам ўроқ кўрган,
Омонат деб шу майсалар
изларимни ўраб қўйган.
Қўниб ўтган ҳар қушчадан
каминани сўраб қўйган,
Етим қолган дала-даштни
ва шийпонни соғинганман.

Билолмайман, нима хоҳлаб,
яна нени истаяпман,
Қишлоғимга элтиб қўй, деб
хаёлимни қистаяпман.
Онам иси келиб турган
ҳар нарсани қўмсаяпман,
Ё човдишни соғинганман,
ё қумғонни соғинганман.

ИҚРОР

Мен қўшиқ айтаман дардимга доир,
Ўзим куй басталаб, ўзим шеър ёзиб.
Ҳар ўнта одамга биттадан шоир –
Мендан чиқармиди Муҳаммад Юсуф?

Кўк осмон бошимдан ёмғир элади,
Булутлар қуёшнинг юзини тўсиб.
Қўлимдан таппининг иси келади –
Мендан чиқармиди Муҳаммад Юсуф?

Кечалар ухлайман ночор. Кўксимга
Газетда чиқмаган шеъримни босиб.
Секин пичирлайман тонгда дўстимга –
Мендан чиқармикин Муҳаммад Юсуф?

Шеър тўқиб ташлайман ўйламай-нетмай,
Дуч келган ҳар қизга кўзимни қисиб.
Қофия дегандан нарига ўтмай –
Мендан чиқармиди Муҳаммад Юсуф?

Гоҳида қийналиб тополмай илҳом
Қаламни отаман асабим қўзиб.
Бўйимга баробар китоб ёзсам ҳам –
Мендан чиқармиди Муҳаммад Юсуф?

Пойимга йиқилсин майли дилдорлар,
Қишлоққа қайтаман умидим узиб.
Пойтахтда бор ахир яловбардорлар –
Мендан чиқармиди Муҳаммад Юсуф?

Меъёрдан ошса гар беқадр бол ҳам,
Қисмат ҳисобини бўлмайди бузиб.
Қайтадан туғилмас ахир Иқбол ҳам –
Мендан чиқармиди Муҳаммад Юсуф?

ҚАЙТИШ

Бугун сени соғиниб, она,
Бормоқдаман қишлоғим томон.
Ўзинг менинг учун ягона,
Ўзинг менинг учун қадрдон.

Кўкка учган анов қирғийдек,
Хаёлларим бесабр, учқур.
Бир ой ўтди ҳудди бир йилдек,
Ўйга чўмиб бораман чуқур.

Узоқларга элтади хаёл,
Қани кўнглим қувончга тўлса.
Сочларимни силайди шамол,
Унга ҳадя этаман бўса.

Жонга тегди шаҳар шовқини,
Юраккинам сиқилди бунда.
Қўмсаб қўяр қишлоқ завқини,
Юраккинам бунда ҳар кунда.

Ҳозир сени соғиниб яна,
Бормоқдаман пойтахтни ташлаб.
Кентга билиб мени бегона,
Қишлоқ қучоқ очар, қаршилаб.

…Мана ўтди орадан уч кун,
Узр, она, қайтмасам бўлмас.
Кечалар тинч ухлашим учун
Битта алла айтмасанг бўлмас.

ГУЛИМ

Бунчалар хира деб бўлмагин хуноб,
Ахир хираликдир севги, севгилим.
Ишқсиз яшамоқлик энг оғир гуноҳ,
Шул сабаб севилгин ёки сев, гулим!

Бугун кетаяпсан мендан йироқка,
Бугун қийма-қийма бўлади дилим.
Ташлаб кетаяпсан мени фироққа,
Шул сабаб эрта қайт, индин қайт, гулим!

О-о, менинг севгилим – қуёшнинг қизи,
Сенга ета олмас узатган қўлим.
Сенсиз ҳаётимнинг йўқдир маъниси,
Шул сабаб севмоққа изн бер, гулим!


СEНСИЗ ТАТИРМИКАН

Сенсиз татирмикан мен учун Тошкан,
Ахир йўлларимиз битта – туташган.
Бугун соғинчларим юз ҳисса ошган,
Мен сени Худодан тилаб қўйганман,
Жонингга жонимни улаб қўйганман.

Менинг осмонимда йўқ эдими жой,
Сенинг ёноғингга яширинмиш ой.
Ўзинг ҳам биларсан шаксиз, ҳойнаҳой,
Мен сени Худодан тилаб қўйганман,
Жонингга жонимни улаб қўйганман.

Қара, сочларимга тушаяпти нур,
Умрим адоғига ўхшаяпти нур.
Ҳижрон тўлғоғида яшаяпман-у,
Мен сени Худодан тилаб қўйганман,
Жонингга жонимни улаб қўйганман.

Қошинг ўроғидан жигарим яра,
Йиллар сўроғидан беҳолман, ё Раб.
Сўра, ишонмасанг, онангдан сўра,
Мен сени Худодан тилаб қўйганман,
Жонингга жонимни улаб қўйганман.

Шунча йил ичида шунча қиз таниб,
Яшадим бир сени қўмсаб, қизғаниб.
Бошимга урайми сендан ўзгани,
Мен сени Худодан тилаб қўйганман,
Жонингга жонимни улаб қўйганман.

Сенсиз татимагай мен учун Тошкан,
Чунки йўлларимиз битта – туташган.
Бугун соғинчларим юз ҳисса ошган,
Мен сени Худодан тилаб қўйганман,
Жонингга жонимни улаб қўйганман.

ШУКУР

Шукур, менинг елкамдан тоғ қулади, биродар,
Энди қаро дилимдан доғ сўлади, биродар.
Майли, ўшал бағритош олиб қочсин ўзини,
Омадим гоҳ кулмаса, гоҳ кулади, биродар.

Худо суйган бандаман – пешонамда муҳри бор,
Тушда кўрган парини ўзимга сайладим ёр.
У қиз жуда чиройли, у қиз битта, ягона,
Худди Кумушбибидай, Барчинойдай сеҳри бор.

Тунлар унинг юзидан тинмай зиё таралган,
Сочларига юлдузлар битта-битта қадалган.
Кўзларидан севгини ўқиб олдим, во ажаб,
Ана шундай нозанин фақат менга аталган.

Биз ҳам энди тушиндик, тенг – тенгники, биродар,
Майли сенга берай мен – ол, неники, биродар.
Хўп десанг жонимни ол, хоҳласанг кўзимни ўй,
Шу қизни тинч қўй фақат, у – меники, биродар.

ОНА ТУПРОҚ

Шу тупроққа қоним томган киндигимдан,
Ҳар заррасин асрагайман кипригимда.
Гар бехабар бўлсанг менинг кимлигимдан,
Темурларга бешик бўлган чинордан сўр.

Билса, фақат заргар билар зар қадрини,
Эр кўтаргай елкасида эл дардини.
Кўкси қалқон, ёвга эгмас тик қаддини,
Самоларга қўл узатган минордан сўр.

Гумбазларнинг пештоқига тақиб сирға,
Қалдирғочлар ўз инига қайтиб кирган.
Доналари саловатлар айтиб турган,
Бободеҳқон кафтидаги анордан сўр.

Бу дарёлар аввалгимас, бошқа дарё,
Ҳар ён гўзал – Фарғонаю Қашқадарё.
Жамолига маҳлиёдир бутун дунё,
Райҳонларнинг ифорига хумордан сўр.

Халқнинг ўзи танлар юртнинг эгасини,
Бугунидек аниқ англар эртасини.
Қучоғидан сира қўймас эркасини,
Кўзи мунчоқ, ўзи мисли тумордан сўр.