Чўлпон Эргаш (1937-2010)

Чўлпон Эргаш 1937 йил ёзида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган. Тошкент санъат институтининг актёрлик факультетини тамомлаган (1960— 65). Биринчи шеърий тўплами — «Тонг юлдузи» (1970). «Бизнинг уйимиз» (1972), «Умид чироғи» (1979), «Баҳор орзулари» (1980), «Тонг отар садолари» (1982), «Сеҳрли қўнғироқ» (1984), «Ой чодир тикмоқда» (1985), «Энг баланд қаср» (1986), «Карвон келар», «Орзунинг оғир киприклари» (1990) каби шеърий асарлар муаллифи.

МЕН

Сочларимнинг учларидан то
Оёқларим тирноғигача –
Меники, деб айтаман, ҳатто
Бутун умрим, нарёғигача…

Устун келиб кимдандир, дадил
Дейман доим: «Бу — менинг сўзим!..»
Менлигимга аммо ким кафил,
Қани ўша «Мен» деган ўзим?

Аллақандай йўқ бир «Мен — ҳоким»
Овоз бериб йўқ ердан «гур-гур»,
Қандай даҳшат: «Бу — менинг халқим…
Ватан!..» дея жар солса, мафур!

Яширмайман, рост, бу — қўлларим,
Менинг қорним, оғзим, юз-кўзим.
Анов узун, силлиқ — йўлларим,
Аммо, айтинг, қани мен ўзим?!

Оҳ, табиат, нечун бу суврат,
Эл-юрт, бойлик, доно сўзлигим?
Керак эмас бу бахт, бу қудрат,
Бергин аввал менга ўзлигим!

МАШРАБНИНГ ДОР ОСТИДА АЙТГАНЛАРИ


Тамошо қилгучи эрсанг, мозоримни тамошо қил.

Машраб

Мендек мотамсаро йўқ,
Ёвларимга қазо йўқ.
Нолиб шундай бесамар,
Мен кўрмаган бало йўқ.

Ёлғиз паноҳ нафсимиз,
Ҳам бу ҳаром лафзимиз.
Ҳақгўй одам — жавобгар,
Қасамхўрга жазо йўқ.

Етим қиздек бедаво,
Кулги бўлди шарм-ҳаё.
Орсиз кетди — тавоқда,
Таърифига имло йўқ.

Ҳалол нони — миннатли,
Қилган иши иллатли.
Ўғри тўрда – мўҳтаво*
Ҳеч гапида хато йўқ.

Ақли куллар* — девона,
Ўз элида бегона.
Юрт оғаси — сотқинлар,
Хоиндан зўр даҳо йўқ.

Ғару каззоб, қароқчи
Юртимизга пойлоқчи.
Эл-улус деб куйганлар
Ўлиб кетса, даъво йўқ.

Талаб мол-мулк, жонимиз,
Юрар ялло ҳар иблис.
Еб-ютмаган бизни ҳеч
Яъжуж-маъжуж, тарсо* йўқ.

Олди тўймай сарварим
Ҳатто бор-йўқ жавҳарим.
Оппоқ Хўжам қўллари
Етмаган жой — ҳало йўқ.

Тилларида мадҳ-сано,
Чаноғида* ҳеч вақо.
Дарвешлар биз беватан,
Қўлимизда асо йўқ.

Бас энди, ос, эй жаллод,
Мангумас ҳеч истибдод!
Келмаса у қасос кун,
Мен келурман, фано йўқ!

____________
* Мўҳтаво — эъзозли
* Ақли кул — буюк ақл
* Тарсо — ғайри дин
* Чаноқ — дарвешлар ёнига осиб юрадиган (одам бош чаноғидан ясалган) кашкул.

ЖАВЗО КЕЧАСИ

Дераза пардалари учади.
Дераза пардалари
кўтарилиб тушади.
Ойнадан бошимни чиқариб,
Оқаётган булутларга қараб қоламан.
Муздек шамол урар кўкрагимга.
Кўксим кўтарилиб тушади.
Дераза пардалари учади.
Ёмон иссиқ бўлди кун бўйи,
Доим шунақа:
Булут босар кўкни шамол билан,
Бирдан совиб қолар ҳаво кечга бориб,
Ёмгир бўлар,
Довул бўлар кучли
шундай иссиқдан кейин.
Миқ этмай турарди боягина
қоққан қозиқдек, Энди қара,
Яйрашини қара дарахтларнинг!
Улар ҳам гўё
Пешиндаги иссиқ ёдига тушиб,
Бошини тебратар шамолда.
Доим шунақа…
Бир шамол турсами,
Сел қуйиб берсами довул билан…
Онасининг келар пайти етган
семург боласидай Энтикаман,
юрагим ҳовлиқа.
Қайдадир осмоннинг четида
Нимадир ярқ этди,
Гумбурлади кейин.
Дераза пардалари учади қаттиқ,
Кўтарилиб тушади.
Оқаётган булутларга қараб турибман,
бир илинж билан.
Юлдузлар худди
Сой тошларидек
Гоҳ кўринар, гоҳо кўмилар.
Булутларнинг ихтиёри кимда экан?
Булутларнинг ихтиёри шамолдамикан?
Шамолларнинг ихтиёри кимда экан?..
Эҳ… қўлим калта-да, қўлим калта-да!..
Негадир юрагим ҳовлиқар.
Кўксим кўтарилиб тушади,
Дераза пардалари учади…

ЧИГИРТКАЛАР

Айланади чархпалак,-
Кеча-кундуз чир-чир,
Кечар не-не савдолар
Бошимизда гир-гир.

Ризқимизни териб жим,
Юргандай биз — ғир-ғир,
Ҳар қадам хавф-хатардан
Қақшар юрак зир-зир.

Ана бири — йиртқичлар,
Бир тулки деб, хирр-хир,
Йиртиб-йиртди типглашиб
Бир-бирини ширр-шир.

Томоқлари таккиллаб,
Даррандалар «чирр-чир»,
Пойлаб юрар бизни ҳам
Оғиз очиб қирр-қир…

Сал бошимиз кўтарсак,
Учиб келиб пирр-пир,
Чангал урар оч арвоҳ,
Паррандалар бирр-бир.

Ўт, ушоқ еб, яланғоч,
Ўрнимиз лой, кирр-кир.
Оёқ ости умримиз,
Айтишамиз жирр-жир.

Бош бўлмаса бир бошда,
Юрсак титраб дирр-дир,
Босиб ўтар ҳар ҳайвон,
Темирлар ҳам «тирр-тир».

Нур товланар бир, ана,
Бу не бало сиррсир?..
Жонинг бўлса, қочиб қол,
Ин-инигга кирр-кир!..