Бойжигит Абдуллаев (1950)

Бойжигит Абдуллаев 1950 йилда туғилган. Сирдарё педагогика институти (ҳозирги Гулистон давлат университети)ни тугатган. “Тоза руҳ”, “Тазарру манзили”, “Яшасин, муҳаббат”, “Муҳаббат оҳанглари” сингари шеърий китоблари чоп этилган.

МАЪНАВИЯТ

Кўнгил бўстонларининг баҳори маънавият,
Ким ғафлат уйқусида — наҳори маънавият.

Доимо равнақдадир аҳли башар, эй дўстлар,
Жамият кўзмунчоғи, тумори маънавият.

Кўрк эрур инсон учун доимо яхши амал,
Қадрият антиқаси, осори маънавият.

Бир ажаб либосдирким одамларнинг эгнида,
Тўкилмаган ҳеч қачон оҳори, маънавият.

Келажаги буюк бир мамлакат халқим қурар,
Бўлса Бойжигит шоир, ашъори маънавият.

САРВИНОЗ

Менга илк бор учрадинг гулзор аро, Сарвиноз,
Кўзларинг сурмасою қошлар қаро, Сарвиноз.

Юзинг тунни ёритгай, ҳажринг қаритгай мени,
Паризодлар ҳам сендек бўлмади, о, Сарвиноз.

Ҳар кун бир кўргим келур, ҳолингни сўргум келур,
Меҳримни тортадирсан, оҳанрабо Сарвиноз.

Боғ ичинда тўтию қумри овози янграр,
Булбул ёнинга келди, бордингми ё, Сарвиноз?

Сўзларинг дардга малҳам, суҳбатинг жонга маҳрам,
Ахтарурман, қайдасан, бергил садо, Сарвиноз?

Ушбу кун аҳволини Бойжигит баён айлар,
Икки кўзи тўрт бўлди келгунча то Сарвиноз.

БОРГИМ КЕЛУР

Меҳрингиз тортиб, ҳай-ҳай, ҳар замон боргим келур,
Соғинчдан бул юзларим заъфарон, боргим келур.

Хат ёзиб чорладим кўп, юзланиб йўлга юз бор,
Не қилай, келмадингиз, сиз томон боргим келур.

Васлингиз орзусида эди жунбушда юрак,
Ҳажрингизда оқибат бўлди қон, боргим келур.

Не қилай, Гуландомин соғинган ул Баҳромдек,
Келгингиз ҳеч келмади, мен ҳамон боргим келур.

Мисоли Отабекман, Кумушини излаган,
Сизни йўқлаб эртага Марғилон боргим келур.

Бойжигит тушди йўлга, кутиб олгаймикансиз,
Сиз яхшининг олдига мен ёмон боргим келур.