Боту (1904-1938)

Боту (Маҳмуд Ҳодиев) 1904 йил 15 майда Тошкент шаҳрида туғилган. Рус-тузем мактаби (1914—17), Москва давлат университетининг иктисод факультетида ўкиган (1921—27). «Умид учқунлари» (1925) ва «Тўлқин товушлари» (1929) тўпламлари нашр этилган. «Янги қишлоқ» (1928), «Ҳошимжон», «Ҳайит харом бўлди», «Турсун» (1929), шунингдек, болаларга бағишланган ҳикоялари («Болалар ёлғони», «Менинг китобим» ва бошқа)да янги ижтимоий муносабатлар ҳамда болалар дунёси руҳияти тасвирланган. 1930 йили қамоққа олиниб, Соловки оролларига сургун қилинган. 1938 йил 9 майда Москвада халқ душмани сифатида нохақ айбланиб, отиб ташланган.

ЁЗ КУНИ

Қиш куни ўтиб, ёз куни келди,
Ер юзин олган қорлар тугалди.

Ҳар ким эгнидан пахталик тушган,
Юпқа кийимлар, боқинг, кийилган.

Чечак очилди боғларда бу кун,
Булбул чиқарар ёқимли бир ун.

Бутун огочлар чиқарди япроқ,
Улуғ Тангрининг қудратига боқ.

Қушлар сайрашур оғочга қўниб,
Ҳар кимни кўрсанг юрар шодланиб.

Ғир-ғир шамоллар юзга урарлар,
Кўнгилга қандай шодлик берарлар.

Қиш ўтди эмди, эй туронликлар,
Битсин ялқовлик, туркистонликлар!

СЎРМА!

Сўрма, ўртоқ, кўзларимда
ўтли ёш қайнашганин,
Сўрма ҳеч бир юзларимда
қайғулар ўрнашганин,
Сўрма бу мажнун кўнгилнинг
дард ичида ёнганин,
Сўрма бу маҳзун хаёлнинг
қай очунда юрганин.

Бу сўроқларга жавоб қўнгил
сирин очмоқ, демак,
Дардли қалб вулқонларидан
лавалар сочмоқ, демак,
Лавалар сочмоқ бутун борлиқни
йўқ этмоқ, демак,
Марҳамат йўқ, тўғрилик йўқ
дунёдан кечмоқ керак.

Дардлилар дард англатолмас
дардсиза сўзлов билан,
Кўрсатиб бўлмас қуёшни
кўзсиза мақтов билан.

ҲИЖРОН ТЎЛҚИНИ

Бутун кечада хаёлга чўмиб,
Ёниқ руҳимни қайғуга кўмиб,
Ҳижрон ўтида ўртаниб, куйиб,
Гўзал малакни эсламақдаман.

Биз яшайтурган бу тубанларга,
Нур сочиб турган ой, юлдузларга,
Юрак дардларин сўзламакдаман,
Гўзал қуёшни эсламакдаман.

Кўкрагим ўтли, юрагим дардли,
Руҳим қайғули, кўзларим ёшли,
Бояқиш кўнглим чин муҳаббатли,
Гўзал чечакни эсламакдаман.

Меним париштам бундай тунларда
Эслармикан ҳеч мен йўқсилни-да?

УМИД СЎЗЛАРИ

Юракда умидлар, амаллар…
Тўзимсиз қирғоқни босаркан,
Нега мен чақмоқдай югурмай?!
Эскиган, чириган тамаллар,
Йўқликка эфи йўл ясаркан,
Нега мен ундан юз ўгирмай?!

Кўнглим ёш, руҳим ёш, кучим ёш,
Ёш йўллар, ёш гуллар излайман.
Орқага тортганга ҳадям — тош,
Ҳар чоқ мен илгари ундайман…