Бектемир Пирнафасов (1975)

Бектемир Пирнафасов 1975 йилда Навбаҳор туманидаги Кавоби қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1998). «Тонг ёқаси» (1996) номли шеърий китоби нашр этилган.

* * *

Сен қариб қолаяпсан…
Менинг имконсизлигимни юзимга солиб,
Мангулик ҳақидаги барча шеърларимни таҳқирлаб
Сен қариб бораяпсан тобора…
Онажон…

* * *

Бирин-кетин,
Ҳамма бегоналашиб бораверади.
Умр ўтаверди барчасининг
Устидан кулганча
Кўзда ёш билан.
Йўл четида
Бир тошни устига ўтириб олиб
Йўлдан ўтаётган умрни кузатар одам.
Бошини чайқайди, кулади, йиғлар
Қараб бегоналар босиб кетган дунёга.
ота-она кетди олис сафарга.
Ака, ука — бари қодди мунғайиб,
Умр босиб ўтаверди барини.
Кўнглини ўйнади, олмадай, гулдай
Ҳавасини ўғирлади барининг
Ҳар бирини ўзга-ўзга манзилларга
Олиб кетаверди.
Орзиқса, кўнглини чалғитди ками,
Соғинса ташвишлар бўйнини эгди.
Бир четда
Бир тўйиб йиғлашга ҳатто
Бермади бир лаҳза ҳеч ким,
ҳеч қачон!
Болаларни босиб ўтди умр.
Кўнгиллари турфа,
Орзулари айро
Гарчи томир ҳам бир,
қон ҳам бир.
Ҳамма бегоналар
Борган сари
Кўпроқ қарар ўкиниб
Қуёшга, қуёшга, қуёшга…

* * *

Деворда ўсган гуллар
Болалигим ҳовлисининг пахсаларида
Ёриқлардан ўсиб ўтар эди
қўшни қизнинг хаёли бўлиб…

ҳеч унутиб бўлмас воқеалар каби
қайта-қайта келаверар ёдимга
деворда ўсган гуллар…

Мен уларни жуда кўп ҳолатларга
ўхшатардим ўша дамларда
Бир орзумнинг бўйи бўлиб кўринса,
Бир армонларимнинг исёнига ўхшаб кетарди улар…

Ўша дамларда мен
Ҳеч қачон, ҳеч нарсага ён бермайман деб ўйлардим,
Тақдирим менинг измимда бўлади деб ўйлардим,
Агар нимадир йўлимда тўсиқ бўлиб чиқса
Деворда ўсган гуллар каби —
Уни тешиб ўтаман деб ўйлардим ўша дамларда…

ҳеч унутиб бўлмас воқеалар каби
қайта-қайта келаверар ёдимга
деворда ўсган гуллар…

* * *

Кетаяпман хиёбон бўйлаб
Нигоҳимда паришон еллар.
Тонгта қадар висолни ўйлаб
Атрофимда қизарган гуллар.

Нафасимдан титраган майса
Чеҳрасида тобланар гулоб.
Шивирлар тўкилар ғамгин: —
Соғинчлар — мен кўниккан азоб…

Олисларга чирмашар нигоҳ,
Хаёлимда дунёдан гина –
Бу дунёдан майсалар каби
Ўтиб кетсам, индамайгина…

* * *

Нигоҳимда эзилган сўқмоқ
Олисларга туташиб кетган.
Кимсасизлик ҳоким хиёбон
Барча товушларни унутган.

Қўзғалади қадамдан чўчиб
Атрофимда заъфарон шарпа.
Бесаришта кезинар кўнгил
Гўё энди охирги марта…

Аргувонлар чақирар шамол,
Тераклар йўл кўрсатар ойга.
Овозини яшириб жимлик
Юзларини ювади сойда.

Мағрур хазонларни телба ел
Сувга чўккан тунга ботирар.
Деразадан кузатар мени
Сочлари оқарган хотира…

* * *

Сочларимнинг кора ранги тугади,
Кафтимда қолмади келажак изи.
Манглайимга қисмат ёзиқлари устидан
Умрим тортиб чиқди чуқур-чуқур чизиқ.

Сўқир каби боқиб қўяман атрофга,
Ҳидлари унутилган гуллар сўлади.
Кўнгилни юволмай айланар фасллар,
Умидлар тўлгокда бугилиб ўлади.

Олисларга қочиб кетган хотира,
Хаёл бошини урар дунёнинг тўрт томонига,
Ўз қонига беланиб ётар қафасда.

Хеч қандай айрилиқ изтиробга солмас мени,
Фақат кўзларимнинг очиқлиги қийнайди
Алданиб кетишга келган ҳаётда…