Азизбек Ҳакимов 1985 йили Наманган вилояти Чортоқ туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факултетини тамомлаган. “Кушойиш” номли тўплами нашрдан чиққан .
МEНГА АТАЛГАН ШEЪР
Келмаслигинг аниқ билсам-да,
То тонггача кутдим телбавор .
То тонггача йиғлай олмадим ,
То тонггача …
Тинмабди-ку қор !?
Туни билан руҳимни тикдим ,
Минг эрида минг бир ямоқча .
“Бўлақол!” деб қистайди уйқу
Кўзларимни қулфламоқчи .
Ҳозир ювиб чиқдим кўнглимни ,
Энди эса кетяпман .
Бўпти !
Ҳа ,айтгандай ,тушимга кирсанг ,
Оёғингни артиб кир, ҳўпми ?
* * *
Сени десам мен ,ақлдан озавердим ,
Хатлар ёздим ҳар кун шеърлар қўша-қўша .
Битта жавоб келмаса ҳам ,ёзавердим ,
Сен ўшами ,ишқилиб ?
Мен ўша –ўша .
Ўлмаяпман ,ўлар ҳолда бўлсам ҳамки ,
Келмасмидинг мабодо мен ўлсам ҳамки ?
Билмайсан-да ,сени шундай қумсайманки …
Юрагим ҳам тугай деди жўша –жўша .
Тамом бўлдим .
Тамом нима ,биласанми ?
“Бўм-бўш икки томон” нима ,биласанми ,
Ёмон !
Ўзи ёмон нима ,биласанми ?
Тоқатим тоқ ,изтиробим қўша –қўша .
Бир келсанг-чи !?
Йиғласан-гчи бошим силаб ,
Йиғласан-гчи юзимдаги ёшим силаб ?!
Ё шивирла майин –майин ,қошим силаб
“Майли ,тўйиб би-и-ир йиғлаб ол ,бўша ,бўша !..”
Тамом бўлдим .
Тамом нима ,биласанми ?..
* * *
Билурман деб дам урма ,
Билганинг- ёлғон билмассан !..
Жалолиддин Румий .
Ҳудога бир тўйиб ибодат қилсам ,
Бир тўйиб йиғласам онамни қучиб ,
Бир тўйиб ўпсаму қўлида ўлсам –
Жонимдан тўйдирган санамни қучиб ,
Жаннат нақд бўларми ,билмайман .
Асл бахт –иймонда ,-дерлар ,-аслида .
Тингларми Тангрим ул кун оҳларимни –
Тилим тавба айтса такрору такрор,
Дилим қумсайверса гуноҳларимни ,
Шу ҳам бахт бўларми ,билмайман .
Жандамни ташласам ,бугун тахт ҳам тахт
Ҳозироқ тож ҳозир ,қулоҳдан кечсам .
Аммо ҳуруж қилиб жунуним бир кун ,
Кўнгил тусаб қолса ,тожимни эчсам ,
Қулоҳ тахт бўларми ,билмайман .
Бошқача гапларни айтмоқчи эдим ,
Унутдим –куй тинмас хаёл торида .
Мен сиздан мингдан –минг розиман .
Сизчи ?
Сўраб қўйган яхши имкон борида ,
Кейин вақт бўларми ,билмайман .
Мен бошқача гапларни айтмоқчи эдим …
ЎТИНЧ
Оятуллога
Ҳудойим –ай,
Ҳузуринга
Қонунингни бузиб келдим –
Қўлим тутган ,
Йўлим тутган
Минг занжирни узиб келдим .
Осий бўлсам ,кечир ,аммо
Ўзинг гумроҳ яратмишсан .
Кимни ундоқ ,кимни мундоқ ,
Бизни шундоқ яратмишсан .
Кўнглимга боқ ,
Бир сен билган
Сирлардан ҳам сал нарида –
Бир ИСМ бор –чаппар уриб
Гуллаб ётар дил қаърида .
Манглайимни тутиб келдим ,
Ярим бахтим ўчириб бер .
Фақат –ўша битта СЎЗНИ
Пешонамга кўчириб бер !
* * *
Келишдиг-у ,кўришолмадик ,
Кўнгил кўз ёш қаърига чўкди .
Кўришсак ҳам ,қўл ушолмадик ,
Кафтингизга кафтим ичикди .
Йиғладингиз эртаклар айтиб ,
Ухлаб қолган ўғилчангизга .
Кўчангизда шамолдай дайдиб ,
Йўлолмадим деразангизга …
Кўришдиг-у келишолмадик,
Бу йўл сўнги сарҳадга этди .
Келишсак ҳам ,қўл ушолмадик –
На мурод ,на мақсадга этдик
…Сиз жим йиғлаб пайпоқ ямайсиз ,
Ишингиз йўқ ўғлингиз билан .
Билмам ,энди қандай яшайсиз
Мендан қолган кўнглингиз билан ?
* * *
Гулбарг – ҳижобимдир ,
Тўсар оламдан ,
Мен чилла ўтирдим
Ғунча ичида.
Муножатлар қилдим
Кирқ кеча –кундуз
Ва яна йиғладим
Шунча ичида .
Йиғладим :
Айлама мени ошкор ?!-деб ,
Барибир
Кун келиб ,
Кун бўса олди .
…Кўз ёрди бўсага алданган ғунча :
Мен –ғойиб ,
Тўрт томчи кўз
Ёшим қолди …