Азим Суюн (1948)

Азим Суюн 1948 йил 22 февралда Самарқанд вилоятидаги Нукурт қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1997). ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1977). Дастлабки шеърий тўплами — «Менинг осмоним» (1978). Шундан сўнг шоирнинг бир қанча шеърий мажмуалари («Зарб», 1979; «Замин тақдири», 1981; «Хаёлот», 1984; «Зиё йўли», 1986; «Жавзо», 1987; «Олис тонглар», 1989; «Куйганим — суйганим», 1992; «Қора кўзинг сенинг», 1994; «Сайланма», 1997; «Шарқ хикмати», 2000; «Эй дўст», 2005) ва бир нечта достонлари («Сарбадорлар», 1981 ва бошқ.) нашр этилган.


ЭЙ ДЎСТ

(Қайирмалар)

* * *

Эй дўст!
Одам Атони, Тангрим, одам яратди,
Момо Ҳавони унга ҳамдам яратди.
О, аслида аклу куч эгасига
Илоҳий муҳаббату илҳом яратди.

* * *

Эй дўст!
Гулсиз мева тутар анжир дегани,
Ёр гулсиз бўлса ҳам бир келса қани?
Чечакни елкада тутган қоядек
Бошимга кўтариб юрардим уни.

* * *

Эй дўст!
Табиблар кўп эрур, дорилар бисёр,
Улар на даркордир, гарчи мен бемор.
Ёлғон кулиб, ёлғон йиғлаб нетаман,
Кифоя ёнимга кириб келса ёр.

* * *

Эй дўст!
Тунда чорлагандик биз ёримизни,
Кўздан ниҳон тутиб хуморимизни.
Ёр чикқач, о, зулмат кетди ёришиб,
Ошкор килиб қўйди асроримизни.

* * *

Эй дўст!
Дунё норасо жанг-жадаллар билан,
Ғаму андуҳлару ажаллар билан.
Дам ғанимат, жонон билан суҳбат қур,
У расо бўлгайдир гўзаллар билан!

* * *

Эй дўст!
Юрса йўли ёруғ, турса — дил-кўнгил,
Умри — дарёларда оқмас бесамар,
Уйғоқ туриб тушлар кўрмас, кимгаки –
Севиш ва севилиш саодати ёр.

* * *

Эй дўст!
Оламда бормикин сиздан гўзалроқ,
Оламда бормикин биздан гўзалроқ.
Кўзимиз кўзгудир, бас, кўрмадик биз
Ҳеч кимсани гўзал қиздан гўзалроқ.

* * *

Эй дўст!
Жаҳон айвонида эрур жамулжам
Бу Замин, бу Осмон, бу турфа Олам.
Кўнглимга на хушдур, ёнимда агар
Бўлмаса кўнглимни олғувчи санам!

* * *

Эй дўст!
Ишқ жодуси қилган мени мубтало,
Қурбон қилай шаксиз бало, бу бало.
Кўриб келадурман, кўргумдир илло,
Кўз очган кунимдан қабримгача то!

* * *

Эй дўст!
Бир боқмас бу гулрў, ҳар кун шу сазо,
Қайси бир гуноҳим учун бу жазо?
Тўярми ошиклар хилхонаси, айт,
Тағин бир ошиққа етса гар қазо?

* * *

Эй дўст!
Гўзаллик беқадр бўлмаган асло,
Уни билмас киши ўлгани авло.
Коракўз жононим бўлса гар ҳамроҳ,
Бу Шошдан кетардим маҳшаргача то!

* * *

Эй дўст!
Қарагил, биз томон жонон келмоқда,
Хушхандон чечаклар ним эгилмоқда.
Унинг ташрифини қутлаб, пойига
Олчанинг гуллари шўх тўкилмоқда.

* * *

Эй дўст!
Мана қомат, ана қомат, бу на қомат,
Тик қўйилган найми ё шам — тана-қомат.
Кўр эмасман, на қилайин, кўзим кетар,
Ранж чекмасин ва қилмасин таъна қомат.

* * *

Эй дўст!
Ишқ — вафо, ишқ — жафо, жондан кечасиз,
Ҳилол у — ой бўлиб тўла-тўлгунча.
Ишқ — чашма, ишқ — шароб, ҳар кун ичасиз
Ва лекин тўймайсиз ўла-ўлгунча.

* * *

Эй дўст!
Ўн тўрт кунлик ойни осмонда учратдим,
Унга етмоқ — орзу, уммонда учратдим.
Висол дебон ўзни отдим қучоғига,
Ҳар ён сочилди у, ҳар ёнда учратдим.

* * *

Эй дўст!
Саҳар чоғи барча кўздан гўё ниҳон,
Сой бўйида чўмиларди битта жонон.
Билгайдир у: жонли кўрса жон бергайдир,
Билгайдир у: жонсиз кўрса киргайдир жон.

* * *

Эй дўст!
Бир қошиқ туздирман, таом бўлмасман,
Бир жонга арзирли инъом бўлмасман.
Лекин ёр таоми менсиз бўлмагай,
Пок дастурхонида тамом бўлмасман.

* * *

Эй дўст!
Қайдандир жононлар кулгуси келар,
Киши бундан кетмай тургиси келар.
Уларнинг ичида бизнинг ёр борми,
Оҳ-оҳ, саболардан гул иси келар.

* * *

Эй дўст!
Кўнгал бир мусофир, сийлаган уни,
Мен сийладим жонон билан бир куни.
Во ажаб! Ўшандан буён тинчим йўқ,
Гоҳ уни истайди, гоҳ истар буни.

* * *

Эй дўст!
Кўрдимки, бул кеча тонгда уйғониб,
Ёр юзи оташдай турарди ёниб.
Дедим: «Атиргулдай чўғланмоқ нечун?»
Деди: «Атиргулим сув ичган қониб».

* * *

Эй дўст!
Маъшуқ бағридаги ошиқдек хушман,
О, чиндан ҳам шундай, сархуш, беҳушман.
Ҳузуримга келган ёрим бу оқшом,
Кет! Кет! Гулзор аро бир пошшо қушман.

* * *

Эй дўст!
Қўл силтадим бу дунё ғурбатига,
Қалби кесак рақиблар ғийбатига.
Кетдим-кетдим бир қадаҳ май симириб,
Пари-пайкар, жононлар суҳбатига.

* * *

Эй дўст!
Муҳаббатнинг жодулари доғулидир,
Лутфу карам, макрлари оғулидир.
Лекин мени ўлдирса ҳам ўлдирсин ул,
Гарчи ўлим йўли доим қайғулидир.