Аъзам Раҳим (1971)

Аъзам Раҳим (Абдуразаков) 1971 йили Ўш шаҳрида туғилган. Фарғона Давлат Университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.
1991 йилдан буён мактабда ўзбек тили ва адабиётидан дарс беради. Қирғизистон маорифи аълочиси. Қирғизистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
«Сабр чечаклари» (1995), «Ялдо карвони»(1999), «Шаҳсувор туйғулар» (2005) шеърий тўпламлари муаллифи. Шавкат Рамон номидаги мукофот лауреати (2005). Туркийзабон шоирларнинг халқаро ўнинчи анжуманининг иштирокчиси (2013).

ШУКРОНА

Эврилар,
Эврилар,
Эврилар кўнгил.
Буюк кенгликларнинг уфқида мудом.
Гўдакнинг ғунчадай лабида кўрдим
Ҳайратнинг сатҳига сиғмаган ором.

Энди
Мувозанатин йўқотиб қўяр
Эркин ҳаволарда муаллақ ўйлар.
Чиркин ташвишларим ўзини сўяр.
Умидим бўйлари осмонни бўйлар.

Кунларнинг тилида муқаддас оят.
Сўзимга кўчади шукрона калом.
Тунлар оромида фақат муножот,
Тазарру боғларин кезиб бардавом.

Ҳар бир қарич ерга экиб кетаман
Хокисор илинжим уруғларини.
Очиқ қўллар қазган ариқчаларда
Оқизиб кўзимнинг шўр сувларини.

Ҳидоят нуридан талпиниб қалбим
Осойиш юртида кезади масрур.
Оралиқ оламнинг ҳайратларига
Кўзини чирт юмиб кетади мағрур.

Ризолик қидирган илинжим тили
Бутун вужудимни турар титратиб.
Йўқотган китобим топиб олдимку,
Бағримга босаман гардини артиб.

Энди фикру ўйим сарҳадларида
Илоҳий шукуҳдан юрак парвона.
Гарчанд тилим лолу ҳайрон турса-да,
Ундан таралади садо – шукрона…
2006.

ЭВРИЛИШ

Азобин, толеин дуне деганлар
Изтироб тотини билмай кетарлар.
Кўнгилнинг ғамини танҳо деганлар
Манзилга нур ила бирга етарлар.

Манзил.
У йўлларнинг интиҳосимас,
Кўнгилнинг тозарган оппоқ либоси.
Дунёнинг ташвиши енгил, гўё ҳас,
Иблис нағмасига жўр бўлар сози.

Дуне азоблари тирмашган руҳим
Парчалаб ҳорийман,
етмайди кучим.
Чилвир сочларига осилиб қолган
Қўлларим кесаман,
кесаман тилим.

Хаёлан бу мажруҳ жисмим кўтариб,
Узоқ югураман,
кўзим тинади.
Беҳуш йиқиламан,
ҳушимда кўнгил
юрак ярасига малҳам суради.

Қушдай енгил бўлиб учиб юраман,
Симобий товланган кенгликлар аро.
Тепамда бир қаср равоқлари оқ
Ўзига чорлайди мунаввар зиё.

Бутун ташвишларим унутган кези,
Эсладим.
Дарчалар қолганди очиқ.
Бир марта ортимга қарадим, афсус,
Ҳаммасин йўқотдим.
Хаёлим сочиқ.

Мен энди икки қутб исканжасида
Дарбадар кезаман қари мусофир.
Оралиқ оламнинг сирлари энди
Таажжубга солмайди.
Ҳаммаси зоҳир.
1997.

ИҚРОР

Ажаб,
ўтказибман олтин чоғларим,
Шамолга олдириб телба дилимни.
Сўйла, десалар ҳам,
ичимга ютиб,
Шакарга белабман аччиқ тилимни.

Шиннига қоришмай шакарлар букун,
… Заққум, зардоблар-ла эврилар буткул.
Хушҳол дамларимнинг сўнгидани келар
Оғзига тош солиб кунларим мажҳул.

Маломат тошлари бағримни эзиб,
Надомат чоҳига ташлаган кези.
Бир қатим нур ишқи куйдирса қалбим,
Ноумид қўймас-ку худойим ўзи.

Мен энди,
мен энди синовдан ўтган,
Кўҳна туғёнларга содиқман,
эшман.
Тап-тақир чеҳралар ғийбатим қилсин,
Кулсинлар,
куйсинлар,
маҳкамроқ бўшман.

Барибир шамолга кўксимни қўйиб,
Юракни исёнга едирган қулман.
Адоғи кўринмас,
манзили буюк,
Умидлари чангга беланган йўлман.
1997.

* * *

Бир хилқат излайман,
хаёлий хилқат.
Кўзимга термулиб ўтирса кўзим.
Ҳою ҳаваслардан йироқроқ узлат.
Сўзимга эврилиб турса, бас, бўзим.

Дўст ҳиёнатидан ёқилган олов
Тафтида тобланиб турмаса ғаним.
Кўнгил маслагига қўйилган тушов –
Иблислар ҳамласи букмаса қаддим.

Бир хилқат излайман,
хаёлий хилқат.
Еру осмон узра таралса ифор.
Товланмаса бунда сурату сийрат.
Ноҳақликдан юрак топмаса озор.

Бир хилқат излайман,
хаёлий хилқат.
Эзгу ўйлар бўлса фақат ташвишим.
Суҳбатдошинг бўлса оқ самимият.
Сўзланмаса сўзлар сохта, оташин.

Бир хилқат излайман,
хаёлий хилқат.
Кўнгил тубидан-да чуқурроқ тилсим.
Излаб-излаганим биламан фақат,
Яратган амрида топиш, топмасим…
2006

* * *

Ўттизни қоралаб умрим оқарди,
Бир тутам нур ила ўйнашди кўнгил.
Гоҳ сокин , гоҳ саркаш кунлар селида
Оқди,
оқаверди мажнунсифат дил.

Кунларнинг ўзимас,
кўзига боқиб,
Хаёл уммонидан дурлар изладим.
Тизимлаб улгурмай дурлар сочилди.
Ёруғ ҳасратлардан эртак сўзладим.

Эртагим чўзилди,
чўзилди чунон.
Кўзим қорасига жойланди олам.
Бағримга ботган қуёш оловранг
Тафтидан кўнгилда яшарар кўклам.

Кўкламнинг умрига умрлар тилаб,
Вақтнинг қабоғига термулиб толдим.
Дуне чархпалагин ғичирларига
Мен энди анчайин кўникиб қолдим.

Жайдари сўзимнинг аксу садоси
Кўнгил сарҳадларин турар тебратиб.
Қашқирлар овози қоплаган тунда
Кичраяр сўзимнинг бўйи, келбати.

Бундайин хорликка дош бериш мушкул.
Тишларим қисирлаб кетар ушалиб.
Тунлар адоғига айтилган тилак.
Ойнинг дудоғида қолар тўшалиб.

Энди ойлар, йиллар силсиласига,
Уланиб кетади мўйсафид ёшим.
Барибир кўнгилни ёритиб турар,
Оҳорий сўзимнинг аввали, боши…
2001.

* * *

Қашқирлар галаси,
кулранг сукунат.
Ёлғизлик даҳшати солмаган қўрқув.
Ишончнинг сийратин соғиниб яшаб,
Кўзимни элитар кутмаган уйқу.

Кўзларни каттароқ очиш истаги
Эътиёж мулкига борар айланиб.
Қашқирлар овози қоплаган кунлар
Оғриқдан кўзларим кетади тиниб.

Юракнинг қатига беркинган тонглар
Уйқусин очмоққа етар мадорим.
Ғалат куч сеҳридан вужудим соҳир,
Тубдан қимирлашга йўл бермас корим.

Мен энди ўзга бир тариқат излаб,
Заҳмат ҳирқасини ёпинган солик.
Ўзга бир туйғулар муқаддас жойда
Ризолик излайман таъмадан ҳоли.

Қашқирлар галаси,
кулранг сукунат.
Карвон этагида жасадим ёлғиз.
Қалбда моҳим,
тўла ҳуржунимда нур.
Ортимдан қолади фақиргина из.

Қашқирлар галаси,
кулранг сукунат.
Карвон этагида вужудимда нур.
Қум сатҳига ботиб кетмайди бутим.
Сийратда заҳматим,
кўнглим эса ҳур…
2001.

ҚОР ЁҒАР

Қор ёғар,
қор ёғар,
оппоқ қор ёғар.
Қарғалар қишлайди юрак даштида.…
Замҳарир кунларга ҳоким сукунат,
Талтаяр тош қотган сўзим гаштида.

Ногоҳ ҳоким тинчин бузар қарғалар,
Чулғаб олар нохуш сас йироқларни.
Энди бутун даштни ларзага солар,
Уйғонган сўзимнинг ҳансироқлари.

Ўйноқлаб ёғаётган қорнинг шаштига,
Сўзимнинг парвози кетар қўшилиб.
Оппоқ олам узра ёйилиб кетар,
Нурли қанотлари аста эшилиб.

Энди ер ҳам,
кўк ҳам бирлашиб кетар,
Оралиқ тўлади оҳорий мавжга.
Бу онлар кўзларни юммоқлик — даҳшат.
Кучли нигоҳлардан ранг чиқар авжга.

Туғёнларим учқур қаноти билан,
Фалак оғушида сузади масрур.
Бедор ҳисларимнинг шалоласида,
Оқлик оламида қоламан мағрур…


ҚЎШИҚ

Ҳаёт, сенинг кўзларингни
Аро йўлда кўрмадим.
Ғафлат, сенинг сўзларингга
Фақат баъзан кирмадим.
Лекин қалбим буюрганин
Қалтис йўлга бурмадим.
Шундан менинг пешонамнинг
Кенглиги ҳам торлиги.…

Кўкдан эса бир нигоҳнинг
Оғушига талпиндим.
Ўшал гўзал чеккан оҳнинг
Бир оҳига айландим.
Тутқич бермас хаёлотнинг
Тушовига бойландим.
Шундан менинг пешонамнинг
Кенглиги ҳам торлиги.

Балким менинг пешонамнинг
Кенглиги ҳам торлиги.
Эмиш балки бу юракнинг
Пок ҳисларга ёрлиги.
Қалбда унган бир туйғунинг
Бир туйғуга зорлиги.
Шундан менинг пешонамнинг
Кенглиги ҳам торлиги.
1994.

МИННАТ

Тасқара миннатнинг кўзига
Тик қараш мушкулдир, биламан.
Кўп оғир, залворли юкини
Бемажол елкамга оламан.

Чирпирак тошлари кўксимни
Мажақлаб янчийди, ўяди.
Бир қарич тили ҳам кўксимни …
Барибир бир куни сўяди.

Чарчадим илжайиб боқишдан.
Нафрат-ла йўлингни тўсаман.
Миннат, сен зўр бўлсанг, мен энди
Қисилган тилимни кесаман.
1995.

ЭРКИНЛИК

Ҳар кун киядиган оппоқ яктагинг
Эгнингга иласан андиша билан.
Кўйлакка ҳам сенинг келади раҳминг.
Ранжитиб қўйишдан жуда қўрқасан.

Ёлғиз дардларингга ҳамдард хонангга
Ҳайр, деб чиқасан,
эшик ғичирлар.
… Ортингдан эргашиб қолар йўқчилик.
Соянг қулоғингга аста пичирлар.
Тўйиб-тўйиб эркин нафас оласан.

Вужудинг эзилар,
кўнглинг тўлмайди.
Юрагинг орзиқар,
кутиб толасан.
Ичингда ўлмасинг – умид ўлмайди.
Атрофга қарайсан,
таскин излайсан.

Қўлларинг шалвираб тушар бўшлиққа.
… Изғиб елаётган дарбадар шамол
Овози ўхшайди мунгли қўшиққа.
Дарахтнинг учида қолган япроқ-чун
Илтижо қиласан,
бардош тилайсан.

Совуқда тентираб юрган кучукнинг
Бошини меҳр-ла секин силайсан…
…Қайтасан қадрдон хонангга охир,
Елкангга осилиб умид ухлайди.
Умидни кўтариб юрмоқлик оғир.
Кўча-кўйга ташлаб кетиб бўлмайди.
1993.

ЯЛДО

Тундайин кун бўлди, тундайин.
Ялдога уланди пешлари.
Паришон хаёллар вақт сайин
Айланиб боради тескари.

Эрк бериб дилафгор ҳисларга,
Ётибман илкимда остона.
Ҳатласам, бетайин сасларга…
Зулумот тебрангай мастона.

Қошлари чимирилган ғурурнинг
Яраси айлангай исёнга.
Кечаги алданган сурурнинг
Хотири эврилгай илонга.

Ўйларим ялдога муштарак,
Узайиб боради бўйлари.
Йилт этган нур каби жон ҳалак,
Умиднинг ёришгай рўйлари.

КЎЗЛАР

Оғушига тортган рангнинг кўксида
Ўша сенинг маъюс жамолинг тумор.
Оппоқ хотиржамлик бўсағасида
Титроққа юкиниб йиғлайди хумор.

Кузакнинг шамоли пардалар тортган…
Андуҳлар қаърида сўлғин қорачиқ.
Асабий аттанглар эрта қаритган
Тим қора сочларнинг сояси очиқ.

Тасодиф нигоҳдан ўйларим карахт.
Кўзимга сиғмаган кўзлар баланд дор.
Ўтинч бор, сенга эй,
Ҳазонрез сайёд —
Мен билган кўзларга бермагин озор.
1995.

ЁР-ЁР

Ўзини қўярга жой тополмасдан,
Изғиб елаётган дарбадар шамол.
Қўшни маҳалладан ёр-ёр садосин
Ҳовлимга ташлаб кетар бемажол.

Кўчага етаклар, етаклар ёр-ёр,
Оёқлар ўзимга бўйсунмай қолар.
Юракнинг тубидан жой олган озор,…
Ўрнини хаёллар эгаллаб олар.

Хаёллар, хаёллар, беор хаёллар,
Ҳар турли йўлларга кетар етаклаб.
Йўд четида уввос солади толлар.
Гўё борлиқ ҳамдард менга атайлаб.

Тушади бир томчиёмғир юзимга,
Хаёл ўзга , ўнгимда эвоҳ.
Сен бўзлаб кетяпсан, ёр-ёр авжида
Андиша йўлимга қўяди тузоқ.

Шамоллар елкамга қўлини қўйиб,
Бас етар, ортга қайт , дея ёлворар.
Сен кетган йўлакни жалалар ювиб,
Осмонни ҳам менинг фарёдим ёрар.

Қайтаман ортимга, қадамлар оғир,
Дарвозам олдида кутар мунисам.
Ўйчан кўзларида минг бир хавотир,
Қанийди бир сўз-ла уни аритсам.

— қайда қолдинг болам, овқат совиди,
Деган сўзларига мен эмас йўқ, йўқ,
Ботиний ғалаён жавоб беради,
Кўксимга отилар энг охирги ўқ.

-Ойижон нимайди овқат совиса,
Кўнглим совиганда бутун дунёдан…
1994.(«Конспект дафтар ҳошиясидаги битиклар»дан)

КУЗ

Абрнинг кўксида илон болалар,
Уфқ ҳам қизармас, куймайди лаби.
Елвизак тиллари ҳар ён оралар,
Жимликни кўтармас табиат таъби.

Сўкибми ё шу дам кимнидир қарғаб,
Қағиллаб ўтади дайди қарғалар.
Заминга бахмалдан поёндоз тўшаб,…
Дарахтдан тўкилар тилло сирғалар.

Узуқ-юлуқ эслаб қолар дарахтлар,
Далли шамолларнинг эртакларини.
Гўё табиат ҳам унутиб қўяр,
Баҳорнинг тилаган тилакларини.

ЯПРОҚ

Тўкилар пойингга куз япроқлари,
Сен бемалол уни босиб ўтасан.
Қизиқтирмас сени чеккан оҳлари,
Борлиқни титратиб ўтиб кетасан.…

Сўнггиси сочингга осилиб қолар,
Бўйингга маст бўлиб тебранар телба.
Сен юлиб оласан,
олмасанг агар,
У юрак остига урар бир зарба.

Қўлингда ғижимлаб эзасан аста,
Минг битта бўлакка бўлинар япроқ.
Бир дарахт қолади — юраги хаста,
Сочларини юлиб қолади бир боғ.
1995.

СУНБУЛА

Сунбула эзғилар хаёлларимни,
Сокинлик бағрига қулаб бораман.
Жонсарак ўтказган ҳар онларимнинг
Битталаб-битталаб сабрин ёраман.

Жунжикиб, мудраган салқин тунларни
Узоққа оқизиб кетар ўйларим.
Ташвиш соч таратган оқ соч кунларнинг…
Дардини ёяди маҳзун куйларим.

Мажнунтол сочларин силаб оҳиста,
Эсин йиғиб олган сув оқар сокин.
Ғубор япроқларга тикади кашта,
Олисларда ухлар гулдурос эпкин…

Эврилган юрагим тонгни алқайди,
Қутқариб қолган-чун азоб қаъридан.
Еллар дарахтларни ялаб-юлқайди,
Қўрқмайин сокинлик- ҳоким қаҳридан…

Осмонда карнайчи сайёҳ турналар,
Соғинчнинг дардларин тўкиб кетади.
Сунбула юракни эзиб тирналар,
Ортингдан оҳларим қувиб етади

Сунбула эзғилар хаёлларимни…
1993 йил.

БЎСАҒА

Ҳайрат кўзларига қон тўлар бугун,
Бугун гупиради сокин ҳаяжон.
Гўёки зулматни енга олган нур
Ўлик сукунатга бахш этади жон.

Ўша кўҳна толнинг паҳмоқ сочлари
Қора рангга эмас,
оқ рангга дўнар.…
Ялтоқланаётган музнинг ҳайбати
Эркин хаёлларнинг тафтидан сўнар.

Гувала деворнинг ковакларидан
Асрий ғуборларнинг гуллайди барги.
Ёлғон эртакларин айтиб чарчаган
Тунни уйғотади нотаниш сезги.

Сийму зар тақади қонталаш рўё,
Йўйилган таъбири кенгликлар алвон.
Шиддат-ла қоришиқ руҳлар сасидан
Энг зарра гиёҳнинг тили ҳам бийрон.

Фақат лол чеҳралар мудрайди узоқ,
Минг бир титроғидан чиқмайди кори.
Фақат қувват берар,
қувват берар тонг,
Ёрқин ёмғирларнинг ўйноқи тори.

КАЙФИЯТ

Ҳали хаёлимда орзулар тирик,
Бардошнинг бошига ёққан эмас қор.
Юракнинг қатига қадалган гулнинг
Югурик ўйлари тўқийди ашъор

Отаётган тонгнинг ҳарир пардаси
Мудроқ туйғуларни турар силкитиб.
Тунлар сочларини таратиб ойга…
Интизор кўзлар-ла туради кутиб.

Фараҳ ой юзидан бўсалар олиб,
Ровийлар кўшкидан келтиради нур.
Демак, умидимнинг йўллари равон,
Тонгнинг насимида туғилажак ҳур.

Демак, кўзларимга сурур баҳш этган,
Кунларнинг сафига сафдошдир шукуҳ.
Орзулар раҳида ўсгувчи гулнинг,
Бугуни сўлимдир, эртаси ёруғ.

АННА АХМАТОВА

Авради алдамчи баҳорлар,
Висолни боқий деб бир умр.
Шўралар баргида шудринглар —
Ҳижроннинг рангидай шаффоф дур.

Тош йўлдан ўтмади оқ извош,
Синмади настарин шохлари.
Оқ қайин танига қўйиб бош,…
Йиғлади бардошнинг моҳлари.

Тақдирга ёнмоғи битилган,
Дафтарлар кул эмас ўт бўлди.
Фалакнинг чархига отилган,
Палахмон тошлари ёт бўлди.

Кузакнинг хаёли бир сидра
Ечилди. Алданди баҳорлар.
Сочини тарайди асира
Тўкилди хотиржам оқ қорлар…
1995.

ҚОП-ҚОРА ЧЕЧАКЛАР
(Шоир вафотига)

Сокинлик ёйилган зулумот
Букчайиб боради тобора.
Ғамбода юлдузлар қиёмат
Яширган номаълум сайёра.

Барокўҳ тошқалби — паришон,
Жимликдан юраги ёрилмас.
Аламдан узаяр бу ҳуфтон,
Ўлчови вақтга қорилмас.

Сокин сув ўзанин бузмайди,
Тубига яширар шиддатин.
Ҳар битта гирдобга беркитар,
Исёнга ўралган ҳайратин.

Қоп-қора чечаклар ингроқ-ла,
Бу кеча барқ уриб очилган.
Қисматга айланган ташбеҳлар
Сирлари ҳал бўлган, ечилган…
1996.

ШАВКАТ РАҲМОННИНГ ЭНГ СЎНГГИ ТУШИ

Юлдузларга тўладир осмон,
Нурларида минг битта жилва.
Ой сузади, танҳо фаришта.
Жилдирайди қадрдон жилға.

Девор орти чорбоғ томонда…
Чигирткалар сайрайди тинмай.
Ой нурида салобат билан
Сулаймонтоғ туради жилмай.

Чекка уйда чироқ нурида
Алла айтар онаси хушҳол.
Бутун борлиқ қотиб қолгану
Сал шовиллаб қўяр эди тол.

Барчасини кузатиб ётган
Ўспириннинг хаёли мисол.
Бутун борлиқ бирдан жонланар,
Сўри томон елади ҳилол.

Юлдузлар ҳам энди ёнида,
Қўл узатса ушлаб олгудай.
Қулоғининг остида алла,
Барчасини куйга солгудай.

Ортда қолар салобатли тоғ,
Таниш дарё шовиллаши ҳам.
Тарк этмайди қадрдон алла.
Кун ёйилиб борса-да тарам…

Тонг отади.
Мунаввар оқ тонг.
Нафасида абадий алла…