Ахтамқули (1964)

Ахтамқули (Ахтамқул Карим) 1964 йил 20 март куни Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Шотирут қишлоғида туғилган.
Ўзбекистон Миллий Университети қошидаги қошидаги Олий адабиёт курсини тугатган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
«Бодомгинам», «Қарочиқда асраганимсан», «Баҳоримдан кечиккан гул», «Қирқ ғазал» шеърий тўпламлари, “Ибратли ҳаёт”, “Бахт излаган одам” биографик қиссалари, “Тоғлар ҳам қарийди” ҳикоялар тўпламии (2012) нашр этилган.
Айни пайтда “Тонг юлдузи” газетасида бўлим муҳарарри лавозимида меҳнат қилмоқда.

ХОТИРАМНИНГ МУНГЛИ ОҲАНГИ

Куз… Отамнинг кўҳна китоби,
Сарғайибди ўтган умрлар…
Тун… Кўзларим йиғган жавоби,
Қуёшини излагай улар…

Ой…
Онам қувлаб адо бўлган нон,
Оқармади қисмат тандири.
Бизлар эса йўлдамиз ҳамон,
Бўйнимизда ҳаёт занжири…

Осмон…
Осиб қўйилган қозон,
Қайнамайди қуёш тафтидан.
Янграяпти қайдадир азон,
Таҳоратсиз қолдик афтидан…

Дала…
Бобом топиб берган йўл,
Деҳқон ундан чиқиб кетмаган.
Ниҳолларни эъзозлаган қўл,
Чаноқларни четлаб ўтмаган.

Йўл…
Қаранг яна қанча оломон,
Томошадан завқланиб қолар.
“Ов” қилишга чоғланган жувон,
Гуноҳига кўмилиб борар…
Қишлоқ…
Дарвозанинг қошида чоллар,
Қувончини кутишдан толган.
Булутларни минган шамоллар,
Ялпизларнинг кўркини олган…

Замин…
Елкасида ҳаёт тўрваси,
Юзларининг таноби қочган.
Тирикликнинг ёвғон шўрваси
Бағридаги сирларни очган…

Хотирамда мунгли оҳанглар,
Тирнайверар нуқул ярамни.
Қоғоздаги пинҳона жанглар,
Адо қилган унсиз қаламни…

Гуллаб кетди, билдирмай шаҳар,
Дилхуш кездим, қушлар базмида.
Қувончларга тўлиб ҳар саҳар,
Байт тўпладим қалбим назмига.

Иморатлар боши фалакда,
Қурувчилар, сизга қойилмиз.
Биз уй қурдик мудом юракда,
Ижарада турган шоирмиз…

Чарчаб қолдим жумбоқ ечишдан,
Миниб келдим шижоат отин.
Нима фойда тинмай кўчишдан?
Тўнимни ол, кетайлик, хотин!..

* * *

Келдим, мени қутлар тоғу тошларим,
Йиллар пешонамга ғилдирак сурди.
Дардимни уқмаган қариндошларим,
Дунё айвонида дардсиз югурди.

Осмон осилибди борлиқни қучиб,
Чўққилар кафтида титрайди нажот.
Ўтдим сўқмоқлардан бургутдек учиб,
Дилни соғинчзорга боғлади ҳаёт.

Онам олиб кетди сарғайган кузни,
Қоғозларда ғамгин байтларим унди.
Отам қувлаяпти қалтираб юзни,
Сўнгги танҳоликка сирдош тутинди.

Қувноқ болаликнинг тотли дамлари,
Мени хотиралар домига отди.
Оқизган кулчамнинг ширин таъмлари,
Топган ҳаловатим завқин йўқотди.

Ҳануз баландларда юрибман бепо,
Шамол увлаяпти қайраб изимдан.
Юлдузлар йўлимда ёғилган дуо,
Ўзиб кетаяпман сўзсиз ўзимдан.

Қоғозга тўкаман туннинг рангини,
Оймомо ўйловдан озиб кетади.
Қаламнинг шеър сўраб қилган жангини,
Фалак манглайимга ёзиб кетади!


СИРЛИ БУЛОҚ

Дардларимни майдалайди тун,
Ой мўлтираб турар қошимда.
Осмон кўнглим кўтармоқ учун,
Юлдузларни сочар бошимга.

Қоғозларга муҳрлангай сўз,
Мисраларга тизиб жонимни.
Атрофимда беҳисоб дилсўз,
Шеър қуршади тўрт томонимни.

Қўрғонини бузиб кетар дил,
Тўсиқларга бўй бермас мутлоқ.
Хаёлимни айлайди чил-чил,
Олислардан имлаган қишлоқ.

Суюнчига ошиқар шамол,
Тинчин бузиб ухлаган боғнинг.
Кўз олдида турса ҳам ҳилол,
Қабоғидан қор ёғар тоғнинг.

Соғинчимга соғинч қўшади,
Бобом билан сирлашган булоқ.
Харсангларим қалбга кўчади,
Вужудимга тўлдириб титроқ.

Чўққиларни қувиб изимдан,
Орзуларим учар фалакка.
Борлиқ буни кузатиб зимдан,
Ватан меҳрин қўшар юракка.

Ниҳондара қучоқ очади,
Қувончларим бошлаб борар йўл.
Тун чодирин судраб қочади,
Отам дейди: – Болам, ҳушёр бўл!


ОҚҚУШЛАРГА ҚИЛДИМ ИЛТИЖО

Зуҳро, мени унутди осмон,
Бошим узра қиров сочди тун.
Йўлларимни айла чароғон,
Юқорилаб бормоғим учун.

Чўққи, тубсиз кўнглимни кўтар,
Бургутларга бўлай ҳамсоя.
Дунё чархи гулдураб ўтар,
Кунларимни этмай ҳимоя.

Дарё тиним билмас чавандоз,
Ғамларимни қамчилаб борар.
Юрагимда бонг урган овоз,
Байтларимга андоза олар.

Она, ойни кўтардим бошга,
Юлдузларим учдилар қаён?
Униб чиқар ҳар тонг қуёшга,
Дилни ўртаб янграган азон.

Ватан, бобом меҳрини ёзган,
Кафтларимни куйдирган дуо.
Гўзалликка интилиб озган,
Оққушларга қилдим илтижо.

Ота, отдан тушмаганим рост,
Суякларим майдонда қотди.
Шивирлайман қалбимда “Ихлос”,
Изларимни бўрон йўқотди.

Болам, бедил отангни кечир,
Юрагини едирди шеърга.
Соғинчимни билдирмай кўчир,
Онанг қувонч ўстирган ерга…

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Ўзбекистон Қаҳрамонларига

Сиз буюк Соҳибқироннинг сарбаланд авлодисиз,
Эзгулик дунёсини забт айлаган зурёди сиз.

Эл кураш майдонида Алпларга йўл бергай ҳануз,
Донғи кетган паҳлавонлар масканин Дилшоди сиз.

Тоғларим кўксида тордек янгратар пўлат йўлин,
Орзиқиб Ҳазрат Навоий куйлаган Фарҳоди сиз.

Нур сочиб чиққан қуёш, босгай иморатларга юз,
Ҳар гиёҳ тимсолидан ранг излаган Беҳзоди сиз.

Авлиёлар руҳи покин шод этиб ҳар лаҳзада,
Кечмагай ҳеч бир кунингиз яхшиларнинг ёдисиз.

Бебаҳо тупроғимизнинг тинчлигин ўйлаб мудом,
Шерюрак посбонларимга раҳнамо Бунёди сиз.

Дил ёзиб чопгай ғазаллар завқидан Ахтамқули,
Байтларим парвозию, юртимни эрк, Озоди сиз.

* * *

Баҳор ҳам эртароқ келгай, билиб жонона Сурхонда,
Қуёш дил сирларин ёзгай, чиқиб пинҳона Сурхонда.

Бу кун ҳур баркамол авлод бўлиб Шаҳзодаю, Шаҳзод,
Ватанни айлагай обод, кезиб мардона Сурхонда.

Менинг эй она тупроғим, севинчим дилда ардоғим,
Юракда бори чанқоғим қонар бирёна Сурхонда,

Ўзингсан катта дарсхонам, суянган бахтли кошонам,
Йўлимга кўз тикиб онам, ётибдир она Сурхонда.

“Ҳаёт йўловчиларга йўл, болам сен эҳтиётроқ бўл!”
Дуо этгувчи титроқ қўл, отам парвона Сурхонда.

Севиб Ахтамқули борсам, ўзимдан имтиҳон олсам,
Танам яйраб кетар қолсам, у пок остона Сурхонда.

* * *

Юрак тўфонида ғарқи жаҳон бўлдимми, билмасман.
Дарахтлар кафтидан учган хазон бўлдимми, билмасман.

Ҳилол кўк тоқида ошиқ дилимни қиймалаб кетди,
Фалак юлдузларига имтиҳон бўлдимми, билмасман.

Ҳаловат излаган қалбимни қоғозларга совурдим,
Камондан отилиб кетган фиғон бўлдимми, билмасман.

Тизилган байтларим йўл олса ошиқлар маконига,
Куйиб дил ёзмаганларга зиён бўлдимми, билмасман.

Тутиб чарх остида бошимни тоғлардан сабоқ олдим.
Қаламни қақшатиб гоҳо ёмон бўлдимми, билмасман.

Нечун ой шуьласида дардларимни майдалайсан, дил?!
Ҳаёт хирмонига тушган сомон бўлдимми, билмасман.

Қуёш домонидан тутиб, мудом юксакка интилдим,
У кун Ахтамқули эрдим, довон бўлдимми, билмасман.

* * *

Тун ёқиб юлдузларин бошимда осмон айланар,
Кўзларим гирдобида дунёйи сарсон айланар.

Майдалар соғинчларим онамга дил ёзган ҳаёт,
Томиримда ранг йиғиб турган куюк қон айланар.

Уйқудан сесканди тоғ пинҳона қасд қилгач ҳилол,
Борлиғин айлаб адо кўксида вулқон айланар.

Дардларимни ун қилиб йилларнинг тегирмонида,
Байтларим бўй бермаган минг битта исён айланар.

Ишқ, амал савдосида бозоримиз бўлган касод,
Қисматимни сарҳисоб этгувчи ҳар он айланар.

Боғларимга ўт қўйиб, умримни қувлаб кетди куз,
Чарх уриб кулбам аро унсиз зимистон айланар.

Ўртаниб Ахтамқули кездим юрак довонида,
Сўз сўраб келган ғариб ёнимда гирён айланар.