Анвар Обиджон (1947)

Анвар Обиджон 1947 йил 8 январда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1998). ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1979). Қисса ва ҳикоялари — «Уста Гулмат ғазаллари» (1974), «Энг ёруғ кун» (1983), «Аканг карағай Гулмат» (1987) ва бошқа. «Масхарабоз бола» (1986), «Жуда қизиқ воқеа» (1987), «Ерликлар» (1990), «Аламазон ва Гулмат хангомаси» (1992), «Ажойибхона» (1993, шеърий тақвим), «Танланган шеърлар» (2006), «Ўғирланган паҳлавон» (2006), «Баҳромнинг ҳикояси» (2007) каби достон, қиссалар, шеърлар, пьесалар ва ҳажвий асарлардан иборат тўпламлар муаллифи. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1997).

ТИНЧ КУНЛАР

Бизлар қуравердик, бузаверди ёв
Қўрғону уйимиз, кўшку қасрни.
Шаънимизни депсиб эзаверди ёв,
Кўрмадик суронсиз бирон асрни.

Турон солномасин ўқир талаба,
Саҳифалар гувлар жангларга тўлиб.
Ҳар бир мағлубият, ҳар бир ғалаба
Из солмиш “Тарихий воқеа” бўлиб.

Фитнага бой эрур ҳар қайси замон,
Жим турсанг-да чўзар қаттоллар бўйин.
Тутмоқликдан кўра найзага қалқон,
Эл тинчин соғ асрай билмоқлик қийин.

Бир ўйга чорлагай китоб якуни:
Ичикамиз ёзга фақат қиш фасли.
Юртимнинг тинчгина ўтган ҳар куни
Мислсиз Тарихий Воқеа асли!

ПОЕЗДДАН ТУШГАН ҚУШЧА

1978 йил. Умумётоқдаги шеригим Бикбулат меҳмон кутволамиз деб мени вокзалга етаклади.

Вагондан қиз, мисли пар,
Ерга енгил сакради.
Юзидаги сепкиллар
Кўзларимга сачради.

Қизми, қизга дўнган қуш?
Қумрикўз-у, сутбадан.
Наҳот мен-чун юбормиш
Тангрим уни Уфадан!

Ширин ўйдан мастланиб,
Ёйганимда аста пат;
Бирдан учди пастланиб
Мендан бурун Бикбулат.

Бордию жон ҳалпида,
Чангал урди сор бўлиб.
Қушча унинг бағрида
Эрийверди қор бўлиб.

Перрон тўла одамга,
Икков эса ёп-ёлғиз.
Қолмиш гўё оламда
Битта йигит, битта қиз…

Бикбулат-ла қучиниб
Ўтаркан қиз селкиллаб;
Кўзларимнинг ичини
Ачиштирди сепкиллар.

ТАБИБ ТААЖЖУБИ

Нечун қариб ҳам зир-зир
Титрагаймиз ўлишдан?
Асли кетиш осондир
Бу дунёга келишдан.

МАТНШУНОС

Намхуш хона. Майишган курси.
Эман стол. Титилган китоб.
Ўнгиб ётар сўзларнинг туси,
Матн узра у эмаклар хуноб.

Ҳануз чайир улоқчи отдек,
Ҳануз қорин қўймасдан яшар.
Теграсида жимлик ҳайҳотдек,
Танҳоликка тўймасдан яшар.

Вақт симирди йиллар тотини,
Жимлик охир чалди қўнғироқ.
Шунда, бирдан одам зотини –
Қўмсаб, ичин силкитди титроқ.

Сезди, чарчоқ олгач заптига,
Ёлғизликдан сафоланмасдан;
Яшаб бўлмас ётлар тафтига –
Бағир тутиб даволанмасдан.

Мўралади эшикни очиб,
Яшил бахтдан қамашди кўзлар.
Тарқалди сўнг, зах уйдан қочиб,
Юртга кўҳна зарқанот сўзлар.

ЎСПИРИНЧА

Беғам дилим шум қизнинг
Тузоғига илинди.
Кўзим заркўз юлдузнинг
Нигоҳига илинди.
Жабр айладим жонимга.

Чеҳрасида чарсиллар
Ишваларин учқуни.
Қўлга қўнган гўл каптар
Менман, бўлдим тутқуни,
Жабр айладим жонимга.

Жодуга лим чўғ кўз-ла
Қучоғига тортқилар.
Жонгинамни ўт ҳислар
Ўчоғига тортқилар,
Жабр айладим жонимга.

Ўз-ўзимни қийнайман,
Дўзахчамда куйганча.
Дошқозонда қайнайман
Ўтёқарни суйганча…
Жабр айладим,
Жабр айладим,
Жабр айладим жонимга!

ИГНАБАРГ ШЕЪРЛАР

– Ҳамма чивин хуштордир менга!
* * *
Ошга кетиб, қирқ йил қайтмади…
* * *
Қўли иссиқ, қараши совуқ.
* * *
– Бўтқагаям тилло қошиқми?!
* * *
Уни асрар таниш микроблар.
* * *
Чироқ ўчди. Ёришди келин.

ХОТИРА ГИРДОБИ

Тушмай қолди қаламим изга,
Толиқтирди тўлиқиб яшаш.
Оғир кечди, хаёлан Сизга
Кунда юз бор йўлиқиб яшаш.

Чалғитар на сайл, на гурунг,
Тополмасман ахтариб пана.
Мендан бирпас беркиниб туринг,
Кичик бир шеър ёзволай, она.

ОТА ЎГИТИ

Ҳар битта сўз — сувдек азиз,
Ҳар битта сўз — нондек увол.
Тил бойлигин боғ деб билсак,
Ҳар битта сўз — битта ниҳол.

Бирон сўзни исроф қилмоқ
Бир кўчатни юлмоқликдир.
Бора-бора, отамерос –
Боғни хароб қилмокликдир.

Э болам, ёт юртга борсанг,
Не аталур элинг, дерлар.
Қай миллатнинг вакилисан,
Борми она тилинг, дерлар.

Шунда, менинг қутлуғ тилим –
Навоийнинг шеъри, дегил.
Юртим — Улуғбегу Бобур,
Амир Темур ери, дегил.

Айт ғурур-ла Берунийлар,
Фарғонийлар аждодим, деб.
Кошғарийлар дарсин тинглаб,
Ўткирланган саводим, деб.

Мақтанма ҳеч қиммат кийим,
Олтинлару қасринг билан.
Фахр эт доим қудратли юрт,
Бой тил, насаб-наслинг билан.

Обрўйингни баланд тутмоқ,
Э болам, ўз қўлингдадир.
Сенинг оламдаги нархинг
Ватан, миллат, тилингдадир.

БУЛБУЛНИНГ САЛОМНОМАЛАРИ

Қўрқоқларнинг кўрқоғи ғилай Қуёнга салом,
Йўқдир яқин ўртоғи, шўрлик Чаёнга салом.

Шохдан шохга югурган, думида уй супурган,
Ёнғоқ чақиб тупурган шўх Олмахонга салом.

Арғамчидек буралар, янтоқларга ўралар,
Қўнғиз ўтса мўралар, бўғма Илонга салом.

Ҳўкизларни йиқитган, Қашқирларни қўрқитган,
Бор жонзотни ҳуркитган шоҳ Арслонга салом.

Хўтикчанинг қондоши, очликка зўр бардоши,
Камроқ бўлса ҳам оши, эркин Қулонга салом.

Хумбош ҳамда хирқироқ, озиқ тиши ошничоқ,
Очкўзлиги сап чатоқ, хасис Қобонга салом.

Нафси ўлжа тилаган, қўлин қонга булаган,
Аста мўйлов силаган писмиқ Сиртлонга салом.

Мешкай қорни қавоқдир, бурни таппак товокдир.
Икки лунжи лавокдир, гўл Каркидонга салом.

Гулдор гўни келишган, қуртларни еб тўлишган,
Дарахтларда ин тешган Қизилиштопга салом.

Чидаб совуқ-ушукка, инсоф тилаб Мушукка,
Пишлоқ судрар тешикка, олғир Сичқонга салом.

Ўғриларнинг устаси, қушнинг хунук тусдаси,
Кўриб қўйинг нусхасин, сур Зағизғонга салом.

Тупу кун ер қазиган, захда ётиб озиган,
Кўп тиришиб, оз еган гўсхўр Юмроига салом.

Игна-бигиз сотувчн, кузда лойга ботувчи,
Илон пойлаб ётувчи Типратиконга салом.

Бебаҳодир пўстини, пойлар ҳатто дўстини,
Сипо деманг сиз уни, айёр Қоплонга салом.

Ризқин мағрур излаган, юксакларни кўзлаган,
Душманларни тузлаган ботир Тарлонга салом.

Булбул каби изиллар, тоғ-тошларда ғизиллар,
Йиртқичлардан безиллар, дўстим Жайронга салом.

ЧИРМАНДА ҚЎШИҒИ

Юм-юмалоқ қосқоним,
Бак-бака-бум.
Бўйнимда мис маржоним,
Бак-бака-бум.
Менга тушар шапалоқ,
Бак-бака-бум.

МИЛТИҚЧА ҚЎШИҒИ

Дўконларда сотиламан.
Пақ-пуқ.
Елғондакам отиламан,
Пақ-пуқ.

Ёқтираман мард ўртоқни,
Пақ-пуқ.
Чўчитаман ланж, қўрқоқни…
Пақ! Пуқ!

ПАРВАРДА

Туғилганди Бўрича
Саккизинчи январда.
Бугун бир йил тўлибди,
Адашмаса агарда.
Ваъда қилди ойиси
Унга қуён гўштини.
Ваъда қилди дадаси,
Унга кийик тўшини.
Билмаса ҳам ёш Бўри
Дунёнинг кенг-торлигин,
Эшитганди дунёда —
Ширинликлар борлигин.
Инжиқланди у бирдан:
«Совга қилинг парварда,
Ҳеч бўлмаса еб кўрай
Саккизинчи январда».
Таскин берди ойиси:
«Болам, адир — дўконмас».
Дадаси дер: «Шаҳарга –
Бориб келмоқ осонмас».
Фурсат пойлаб эркатой,
Чикди-ю ғор — уйидан,
Шаҳар томон югурди
Чопқир анҳор бўйидан.
Чироқларга анграйиб,
Тушиб борган чоқ пастга;
Уни ушлаб шаҳарда,
Қамадилар қафасга.
Энди уни ёш-қари
Қилар ҳар кун томоша.
У термилар адирга
Баланд-баланд том оша.
…Йиллар ўтиб орадан,
Саккизинчи январда,
Бир қиз юввош Бўрига
Ташлаб ўтди парварда.

БЕҲИ

Икки юзим бурушқоқ,
Дема мени уришқоқ.
Ишга солиб ақлимни,
Сездирмайман жаҳлимни.

Агар ширин бўлмасам,
Хушомадни билмасам,
Мени дарров кесишар,
Ўрнимга нок экишар.

КАЛАМУШЛАР КЕМАСИДА

Остки қисмин емангиз,
Чўкиб кетар кемангиз!

МАЙМУНЛАР ТЕЛЕВИЗОРИДА

Кўрсатамиз бананни,
Яламанглар экранни.

БУРГУТЛАР ДАРСЛИГИДА

«Тутдик тўртта Қарқуноқ,
Ярмин едик. Жуфтми, тоқ?»