Акмал Саййид (1962)

Акмал Саййид 1962 йили туғилган. “Жаннати аёллар”, «Мольберт кўзлари”, «Илҳом азоби», «Ой тўлган тунда», «Таважжуҳ они» сингари китоблар муаллифи.

СОҒИНЧ

Соғиндим, онажон, соғиндим бирам,
Димоққа урилган оққурай тотин.
Кўзимнинг олдидан кетмас сираям,
Похол чайла, бола, ўроқчи хотин.

Ҳовучгина овулни оқшом тарк этган,
Тутунлар ўрлаган таниш ўчоқни.
Соғиндим, саҳарлаб тонгни уйғотган,
Подасини ҳайдаб юрган қишлоқни.

Кампирнинг қўлида заранг таёғи,
Қочиб томга чиқиб олар болалик!
Сеҳрваш кўринар ойнинг ўроғи,
Юлдузга осилиб ухлаб қолардик!

О, узр, онажон, мен-ку ғофилман,
Андак унутибман хушнуд чоғлари.
Гина-кудратингга сўзсиз дохилман,
Сени эсга солди Дўрмон боғлари!

Соҳир саҳарлардан сўрайман сени,
Ўзингдан бир жаннат йўқдир яхшироқ.
Йироқдан бўлса ҳам танийсан мени
Отамни йўргаклаб кўтарган қишлоқ!

ЁЛҒОНИНГ ШИРИН

Биламан азизим, ёлғонларингни,
Аммо ишонаман, билмайман сирин.
Қучоққа оламан ёмонларингни,
Ёлғонларинг эса ростингдан ширин.

Кўзларинг шаъмидан менинг кўнглим тўқ,
Киприклар комидан уқаман барин.
Бу кўзларда ўзгаларга бир жой йўқ,
Майли, ёлғонларинг ростингдан ширин.

Бошимга ёғдирсанг афғонларингни,
Сипқориб оламан само укпарин.
Тарқатиб юборар гумонларимни,
Барибир, ёлғонинг ростингдан ширин.

Ростингни жонгинам, эшитмас бўлай,
Эшитсам тўсатдан ўлишим тайин.
Яна бир ёлғон де, қурбонинг бўлай,
Негаки, ёлғонинг ростингдан ширин.

РУҲИЯТ МАНЗАРАСИ

Тун чодрасин тортар эриниб,
Қўрғошин булутлар карвони.
Тўлин ой кўринмас беркиниб,
Осилган камалак – айвони.

Бехосдан чапаклаб юборар,
Мудраган тарновлар гурросдан.
Қайинзор шовуллар, ёлворар,
Садрлар урарлар бехосдан.

Мен эса деразам ёпаман,
Руҳим-ку шайланган парвозга.
Қўлимда шам, уни ёқаман,
Мисралар қуйилар қоғозга.

* * *

Шунча йиллар ўтиб яна тушди йўлим,
Яна келдим, танидингми, ўзи гулим?
Баҳор чоғи яна мунис ҳар галгидай,
Ҳар дамгидай менга тўшак Қўзигулим!

То кеч қадар дала кездик толиқсак ҳам,
Тун пардаси бўлди бизга ёпинчиқ ҳам.
Гар ой нури бошимизда чайилса ҳам,
Сендан узиб кетолмадим, Қўзигулим!

Майли, баҳор ҳар йил келиб кетаверар,
Соғинчларим елларгача етаверар.
Фақат мени ташлаб кетма, кетма йироқ,
Ўтмаган кун борми ўзи, ўтаверар.

Йиллар келиб яна тушса ғариб йўлим,
Сочларимга оқ тушса ҳам ё Раб, гулим!
Сен томонга интиламан то жон қадар,
Ажабланма, ўтса агар шундай куним.

* * *

Қаердадир йўл бўлиш керак,
Аниқ, бундай қолмайди мавҳум.
Қаердадир йўл бўлиш керак,
Сену менга ҳали номаълум.

Ҳатто йўлин топади бешак,
Ёмғир чоғи дод солган ирмоқ.
Қаердандир керак-нокерак,
Қулоқларга чалинар сўроқ.

Қаердандир келади овоз,
Қаердандир келар ишора.
Сўроқлари ҳали тугамас,
Кўнаверар кўнгил бечора.

Қаердадир йўл бўлиш керак,
Қаердадир ечими бордир.
Йўл тополмай тураман бироқ,
Нуқул дерлар: “Сабр қил, сабр!”