Абдували Қутбиддин (1960)

Абдували Қутбиддин 1960 йил 20 июнда Қашкадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1983). Дастлабки шеърий тўплами — «Найсон» (1988). Шундан сўнг шоирнинг «Ҳумо» (1989), «Бахтли йил» (1991), «Хаёл кечаси» (1994), «Сен ва сен учун» (1996), «Узоқдан олисга» (2007) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1997).

* * *

Биздан хафамисиз, сарвим, хомушсиз,
Кундузи парисиз, тунда окқушсиз.
Руҳи равонимиз сизга бахш этдик,
Изингиз ёнига лабни нақш этдик.

Пуфласангиз ўчдик, силасангиз окдик,
Уфқ нарёғига имладингиз, бокдик.
Қонимизни тўкдик бармоғингизга,
Кўнглимизни урдик тирноғингизга.

Ёт десангиз, ётдик сувдек жимирлаб,
Бир-бир ўйнадингиз кўзларимизда.
Шивир-шивир килдик сизга шивирлаб,
Тош босиб қўйдингиз сўзларимизга.

Қалқидик, юлдузга узатсангиз қўл,
Чор-атроф расводир, безатмадингиз.
Тинчландик, боши берк бўлса ҳамки йўл,
Биз ҳамон хастамиз, тузатмадингиз.

Биздан хафамисиз, сарвим, хомушсиз,
Шудринг оқартирди юзларимизни.
Музтоғни эритган муқаддас тушсиз,
Қайтаринг, титраган бўзларимизни…

* * *

Осима,
Не қилай кўнглим ушмундоқ,
Бир чети осмону, бир чети тупроқ.
Бир тунда подшоман икки кишварга,
Бир кунда зордирман бир қур назарга.
Ҳилвираб, симиллаб бўзарди руҳим,
Хоҳла портлатиб қўй, хоҳла парчала,
Эсиз, ҳар томонга урди шукуҳим,
Эсиз, ўтолмадим шум даричадан.
Осима,
Розиман, мендан асар йўқ,
Иста, мен ҳақимда бошқа хабар йўқ.
Аммо дилим эрка дилингни истар,
Мендек хушхабар йўқ,
Мендек хатар йўқ.
Осима,
Аларга кўп ҳам ишонма,
Улар қуш кўмганлар хиёбонларга.
Қумлари зарланган
Бўлса ҳам бордир,
Лек ҳаром ўрмалар тавонларида…
Осима,
Сен ҳақсан,
Мен тугаб ботдим,
Бу қисса сўнгида, шудир қасида.
Мен гўзал борлиғим майдалаб сотдим,
Йўғимни қайтардим
Ўз эгасига…

НАФАС

Нафасинг юзимда ухласин энди,
Қайноқ сўзларинг ҳам тинсин шу муддат.
Қўлларинг қўлимни тингласин энди,
Шошилма, муваққат, бари муваққат.

Юрагим, юрагинг васл топсинлар,
Нигоҳим, нигоҳинг ёшлансин, жоно,
Бўсалар қадалиб сабза урсинлар,
Оҳларим оҳингдан бошлансин, жоно.

Марварид қорларга борайлик, севгим,
Бағримиз юксакда тўлсин ҳавога.
Чўққида зумгина турайлик, севгим,
Сувратдай қулайлик зилол маъвога.

Ёшлигим бўйсунмас, чиққан измимдан,
Қистайдир кетмакка сўраб ижозат.
Хайрлашаяпман лолалигим-ла,
Жоним, нафасингни юзимда ухлат.

Тўхтамас ҳеч нарса: урён, лаҳзалар,
Жисмимда ларзалар олган ҳаловат,
Бу не тиловатдир бўғзимга қадар,
Жоним
Нафасингни
Юзимда
Ухлат…

ЭЙ, ДИЛБАРИМ

Оҳумидинг ёбонимда сув излаган,
Ёҳумидинг томонимда лаб излаган,
Даллигина жаҳонимда
Сийму зарим: —
Эй, Дилбарим…

Чашмамидинг тошлар узра тўкиласан,
Уфқмидинг қуёш кетгач йиқиласан,
Ямоқ тушган ҳаётимда
Сен чеварим:
—    Эй, Дилбарим…

Бий далада қуюн ила сочилдинг-а,
Ўртасида явшан ила очилдинг-а,
Юрагимга қадаб қўйган
Оқ гавҳарим:
—    Эй, Дилбарим…

Кошкийди, то қиёмат биз ёнма-ён,
Кошкийди, то қиёмат биз жонма-жон,
Гулхан ёқиб узун туннинг этагида
Билагимиз тилиб қўйсак уст-устига.
То қиёмат
Зикр айтсам,
Моҳпайкарим,
То қиёмат зикр айтсам, моҳпайкарим:
—    Эй, Дилбарим…

* * *

Балиқнинг тиши-ла тилимни тилдим,
Юрагим урчуқдай уч айлантирдим.
Кўзимни қийнадим, Қийноғим қизиқ…
Яйрадим.

Индамай руҳимга эргашиб олдим,
Девона хаёлим ғилмон санадим.
Туф дедим ботқоққа,
Гулистон қилдим…
Яйрадим.

Қалдирғоч лоисувоқ қилган очунда
Севгим йўлларига зор-зор қарадим.
Ёшларим ял-яли
таралди тунда…
Яйрадим.
Мажнунтол дарчасин очди, киритди,
Юз битта қизидан бирин танладим.
Хивич қасрларда
Баргландим бирам…
Яйрадим.

Дунёни тарк этдим, ҳур сафар этдим,
Ёрим-ла туйқусу бехабар кетдим.
Ўн беш кун тўй бердим
Дорулбақода…
Яйрадим,
Яйрадим,
Яйрадимааа!

* * *

Қора қошинг қасдима хунхорлар чақирмишдир,
Бирлашиб зулмат билан ағёрлар чақирмишдир.

Руҳи равоним аро мижгонлар учмиш ўқ киби,
Этгали маҳв умидим, озорлар чақирмишдир.

Дунёи дун макрнинг шаробидин бадмастдур,
Зардобиға чўктириб ҳушёрлар чақирмишдир.

Андалиб қабоғинда жамолин кўз-кўз этиб,
Тўкилиб садоғиндин баҳорлар чақирмишдир.

Найлайин саҳродир ишқ, қақраганлар қолдиму,
Мунграган чилтор тутиб, абгорлар чақирмишдир.

Сирим ошкор айласам, тонг яқин бу Валийни,
Машъалалар кўтариб бедорлар чақирмишдир.