Абдунаби Бойқўзиев (1954)

Абдунаби Бойқўзиев 1954 йил 15 ноябрда Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилган. Тошкент давлат университетини тамомлаган (1983). Турли йилларда Ғафур Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриётида ходим, «Муштум» журналида адабий ходим, бўлим мудири, «Совет Ўзбекистони» газетасида мухбир, «Халқ сўзи» газетасида катта мухбир, бўлим мудири, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ходими, «Оила ва жамият» газетасида мухбир, Ўзбекистон ОАВни қўллаб-қувватлаш жамғармаси раиси ўринбосари, «Шарқ ҳафтаномаси» газеталари бош муҳаррири бўлиб ишлаган.
“Ғуборингни ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Ўзбекнаво юлдузлари”, “Жудолиғ дашти”, “Кўзлари дарёйим!..”, “Дилхирож туйғулар”, “Беш наво”, “Беш сўмлик кеккайиш”, “Чўли ироғим” номли шеърий, ҳажвий-юмористик ва публицистик китоблари чоп этилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

Қамчиқ довони. Хаёл иккимиз

Симиллаб оғрийди туманнинг бағри
Қайдадир иҳлайди тоғлар, қиялик.
Юзимга урилар унггирнинг қаҳри
Шундоқ тепамизда ҳавотир, ҳадик.

Бошини ҳар ёққа уриб борар йўл,
Ўнги қир, сўли чоҳ, орти малолат.
Ҳайратнинг кўзи кўр, тафаккур малул,
Бу сўзларда фақат яшар хаёлот.

Менда азму қарор, покиза ният,
Сенда шижоат бор Хаёл, Хаёлжон!
Бизни кутаётир Пойтух, Жонобод,
Айниқса интизор отам — Андижон.

Уявер қовоғинг, ранжимам — Довон
Минг шукур, ҳар тугул бағрингда бормиз.
Эсон-омон ўтиб олсак… икковлон
Қайноқ бағирларга синггиб кетармиз…
Симиллаб оғрийди т…уманнинг бағри,
Жунжикиб эмранар йўллар, қиялик

Эҳтиром

Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймонга

Сирдарё бўйлари соз
Лочин, турна, ғоз билан.
Дала-дашти, қўй-қўзи
Чўпон, дили роз билан.

Елларда ёлқин ёлли
Йилдирим дўнонлари.
Овулларда янграйди
Минг йиллик ўланлари.

Қизлари шўҳ, чўҳ қайсар,
Жўқ, дедими, жўқ, тамом.
Чиноздан ўтолмайсан
Бошқа йўли йўқ, тамом.

Водийларда изғима
Ўхшашини топмайсан.
Сурув-сурув қўйли бўл,
Сулувига ёқмайсан.

Бу ёқларда «сиз-биз»инг
Кеккайишинг кетмайди.
Қирқ қозонда «жиз-биз»инг
Бир овулга етмайди.

Тўй берса тўрт полвони
Тўққиз тўқли еб кетар.
Кўпкарига Кеш, Сурхон,
Хоразм ҳам кеб-кетар.

Юртлар кездим бир жозиб,
Буғдай сўз, туз, нони бор.
Сирдарёга тараф йўқ
Тўра Сулаймони бор.

Узун умрим арқони
Туянгизга тук бўлмас.
Борим: ёзган, йиққоним
Қирчанғизга юк бўлмас…

Устоз, бизни алқабсиз,
Сизни Худо алқасин!..

Ёр ибоси

Иброҳим Мусахон ғазалига мухаммас

Ёр ибоси ақлу-хушимни олади,
Боқиши бағримга ўтлар солади.
Нега ёди ёдима чулғонади?
Нега жисмим зулфидек тўлғонади?
Нега қалбим ҳажр ўтида ёнади?

Ёнгинамда юрса кўзга илмаса,
Кунда юз бор кўрса парво қилмаса.
Илтифотсиз ўтса, бундоқ кулмаса,
Севгига ҳар дам ҳуқуқим бўлмаса,
Нега мудроқ ҳисларим уйғонади?

Ваҳ, аламжон, ёндируб ичу-тошин,
Совчилар боғлаб кетибду, олар бошин.
Ашклари эриблар оққан қўрғошин,
Кўзларида сездим ишқнинг оташин,
Нега тилда тан ололмай тонади?

Бир замон энтикди, оҳи урди жўш,
Титраб деди: «Тангриданму ҳар не иш?
Йўқ экан тақдирда ўйнаб-кулиш».
Истагим зулфи билан чирмаш бўлиш,
Ташна кўнгиллар қачон, айт, тонади?

Ёмон отлиғ Интизорингнинг оти,
Айби шулким: андиша борлиқ исмати,
Жавонмардликда унвону-хислати,
Кори хижронмуш, муҳаббат қисмати,
Чун Шифоий иши ўтида ёнади.

Кетса-кетибдир

Ҳофиз Шерозийга тажаббу

Куйингда бир муғанний адо кетса-кетибдир,
Васлингни мудом излаб хато кетса-кетибдир.

Хато савти барқидин бу очунда талотум,
Ой юзидин абри шарм-мато кетса-кетибдир.

Чин ёр улдир, муносиб, тил ёрса лабни хиёл
Бир ой юзлиғ тили бол тота кетса-кетибдир.

Дилим айтур тилим-а, маъшуқлик лофин урма,
Ишқ сирдир Турку Ажам, Хито кетса-кетибдир.

Ўзидан беҳабарлар осий билди, инжима,
Сидқи иймон муборак, итоб кетса-кетибдир.

Бадгумонлар жаззаси яхшилик қил, яхшилик,
Яхши дилдан бу янглиғ хитоб кетса-кетибдир.

Васфинг асли Мирзо ҳам интизор муддаоси,
Бу йўлда икки шўрлик шитоб кетса-кетибдир.

Кўнгилга ҳаж

Жалолиддин Румийга назира

Йўлга чиқдим излабон, асли сен кўнглимдасан,
Васлинга етгунча юз қояни йиқмак осон.

Бунча соҳир битмасанг бағрима жамолингни
Жамолингни топғунча жон баҳридин ўтмак осон.

Шайтон куйи авжланур фикратимда туну-тонг,
Бу дилни покламакдин Нилни қатрон этмак осон.

Роббимо, руҳи бастим қил музайян, ҳилъатинг
Этса шояд қарзимни даргоҳингга элтмак осон.

Йўлингда Интизоринг, гарчи Сен кўнглидасан,
Кўнглина етгунча минг бор Каъбага етмак осон.

Абстракция

Кўзим, кўзларингда ким бор?
Кимдир кўзларида зорсан ўзинг?
Нигоҳдан нигоҳга тортиб дор
Учқур сўзларимни уздинг-а, уздинг…
Сўзларимнинг боши йўқ, энди
Қонига беланиб ётар унларим.
Унларимдан юраклар унди,
Муҳаббатлар унди, қарагин.
Кўзим, кўзларингда ким бор?..

ТУН

Ойнамда жовдираб ой ботди,
Келдингми, кулбамга, жоним — Тун!
Сен-ла ёлғиз сирлашмоқ учун,
Мен бутун қишлоқни ухлатдим.
Келдингми, сокинам, чаросим,
Насим нафаслиғим — тим Зебо.
Дилда қанча айтимларим бор,
Борми, айт, айтурнинг чораси.
Бўзламоқ истарман, бўзламоқ,
Келарми, бир бора хонаси.
Мен ахир ошиқман — оловман,
Ёнасим келади, ёнасим.
Борди-ю, мен ёнсам, мен ёнсам,
Дардимга, васлингга муносиб.
Уйғониб кетмасми бу осмон,
Кетмасми, дунёни нур босиб.
Изларман
Бўзламоқ чорасин,
Ёндирмай сокинам, чорасим,
Борлиғи бокирам… Ё насиб!..

ОЙЛАР ТЎЛИНИ

Жоним,
Энди ортга қарама,
Сен бир армон, армон! Кетавер!
Шамол, сочларини тарама,
Кўча, хайр! Бизларни айир.
Дийдирама,
Қўй, ипак рўмол.
Сен титрама елкаларида.
Уни кутар бир лазиз висол,
Юрагимдан… уч кун нарида.
Сен сўрама
Кўча, кўчажон,
Бахтлими, деб ойнинг тўлини.
Сендан битта ўтинч, илтижом,
Кетмасанг бас йўлда бўлиниб.
О, ойдин тун,
Ойдин лаҳзалар,
Тунга дўниб тўсманг йўлини.
Хотиралар еткизманг озор,
Кетар менинг ойдай тўлиним.
Кетсин-ай, ай-й ойлар тўлини…

ЁНАР СЎЗ

Бир дилрабо куйдирдинг,
Бир оташин ёндим мен.
Бир жонфизо суйдирдинг
Севдим, сени жон-жондин.
Куяр, ёнар хонумон,
Нурга дўнар бор-борим.
Ёниб қолар изимдан
Шеърларим — ёлқинларим.
Шеърларимда ёнаман,
Бундан бошқа йўлим йўқ.
Ёнар сўз бўп қоламан,
Сўзга асло ўлим йўқ.
Бир дилрабо куйдиргил,
Бир оташин ёнай мен…

ЁШЛИГИМ

Бир ҳасрат бор мунглиғ кўзингда,
Бир ҳасратки, жонни ўртарлик.
Бир буюк ғофилот тўйиб ўзимда
Ёнодир бу вужуд, ёнодур борлиқ
Энди сен қайтмайсан, йўлимиз айро,
Кўзларинг мунгранур кето-кетгунча.
Ёшлигим-ёшлигим, о дили вайрон…
Сенда ўткинчи-ё, мен-да ўткинчи.
Эҳ, ҳай-й, балоларга қилдим гирифтор,
Шаъну шавкатларга сени совурдим.
Гарчанд ёғдирмайсан ва на гинанг бор,
Ўзимни кўзингда гуноҳкор кўрдим.
Бир ҳасрат бор қарочиғингда,
Не бало қисмат бу? Орқага йўл йўқ.
Олдинда ғофилат, сарсон кезингай,
Қайтар йўллар вайрон, кўприклар бузуқ.
Хайр, о-о Ёшлигим,
… видо-о-о Ёшлигим!..

СEН ЙЎҒИНГДА

Бизнинг кўча соғинди сени,
Дов-дарахтлар кетди ичикиб.
Кўтаролмай ҳижрон юкини,
Симёғочлар қолдилар чўкиб.
Йўлинг пойлаб қушлар сайради,
Тентиради сойлар телбавор.
Лойлар кечиб баҳор ойлари,
Йиғлаб ўтди сенга интизор.
Эҳ, мени қўй,
Қўявер мени,
Ичикмадим дарахтлар каби.
Симёғочдай чўка билмадим.
Сайролмадим қушлар сингари
Лойлар кечиб баҳор фаслидай,
Хун-хун йиғлаб ўта билмадим.
Менми,
Мен… Эҳ, қўябер мени…
Кўчалар ҳам соғинди сени.

ТИЛАК

Юртим,
Сени яшартириб яшасам,
Меҳрим унса ҳар бир майса, гиёҳда.
Қанча суйсам,
Қанча куйсам шунча кам,
Шунча камдир, шунча камдир, шунча кам.
Юртим,
Кўзим!
Ёшинг артсам, яшартсам,
Вола бўлиб қолсам, воланг ўзим ҳам.
Сени суйиб, қучоғимга айлаб жо
Кўзинг бўлиб кўзин-га нур қўшолсам.
Ўзинг бўлсам,
Ўзим бўлсанг, ўзлашиб,
Бир дил бўлсак,
Битта дилдай яшасак.
Ва севишсак, севишсалар шу қадар,
Муҳаббатга ишққа дўнса Келажак.
Хаёларга дўниб қолса ҳаволар,
Хаёларни қона-қона симирсак.
Телбаланиб бизнинг далли наволар
Осмонларда учиб юрса ҳаволаб.
Эзгуликка айланса ҳув булутлар,
Жолам бўлиб армонларинг ювсалар.
Қуёш мисол чарақласа умидлар,
Умидларда унса ширин бўсалар.
Дунё,
Сени яшартириб яшасам…

ЧОРЁРЛАРИМ

1
Бойнинг
Пули
Доим
Оғироёқ.

2
Тунги
Машваратиниям…
Машваратига
Солса…

3
Ўз
Кўнглида,
Ҳамманинг
Кўнглида.

4
Пўстакда
Қолсаям,
Мирпўстин-да,
У.

5
Одмилик
Одамийликдан,
Кўпроқ
Тариқат!

6
Солим
Куз
Сокинот…
Оғушида.

7
Асарларининг
Бари
Асирга
Тушган…

8
Ёздан
Ёзғиради,
Куздан
Куюнади…

9
Эсини
Танибди-ки…
Эсини
Ейди.

10
Кунботар
Юртларнинг
Кунлари
Туғди?

11
Издошлари
Изини
Супуриб
Кетди.

12
Нолалари
Наҳрида
Оқибатлар
Инграйдир!..

13
Зафарниям,
Қучавериб…
Безор
Қилди.

14
Отасини…
Она
Қорнида…ёқ
Тепди.

15
Элнинг
Оғзида
Элак
Эскирди!..

16
Астағфируллолаб,
Шайтонга
Шилт
Беради.

17
Бир
Оҳорли
Оҳлар
Урди-ки!..

18
Чучварани
Хомидаям,
Пишиғидаям
Санайверади.

19
Унмайдиган
Жойни…
Оёғи
Искамайди!..

20
Амалга
Мингунча,
Отасини…
Танирди.

21
Эзопларга
Эзоп
Тилини
Ўргатамиз.

22
Иқтибосниям
Фақат
Ўзи…дан
Олади.

23
Дунёдан
Ховлиқиб…
Ўтиб
Кетди.

24
Тўнғиз
Кў-ўп,
Тўқайлар
Йўқ!..

25
Ўзи
Дам,
Завжаси
Там-там.

26
Таваллуд
Кунлари…
Тасодифларга
Тўла.

27
Таъналарини…
Танасига
Ўйла-аб…
Қилади.

28
Уруғ
Аймоғи
Билан
Аймоқийди.

29
Телпакниям,
Тепалаб-
Тепалаб
Кийди.

30
Эру
Хотин,
Қўш…
Бигиз.

31
Уста
Кўрган,
Устаси
Фаранг.

32
Байроқни
Энди
Бойлар
Ҳилпиратсин!

33
Қўйнидан
Тўкилгани…
Қўнжимни
Тешди.

34
Милтиғи
Доим
Дўсти
Қангшарида.

35
Эҳром
Кийиб,
Эррайимланиб
Юрса.

36

Юзи…
Седана
Суртилган
Кулчатой.

37
Юрагига
Булдозерда
Кириб
Келди.

38
Изқувардай,
Изларни
Қувиб
Ўтди.

39
Бир
Ошами,
Ошинг
Хоми.

40
Ёлғизлик,
Ёлғизлигим
Ёқадими,
А?

41
Юлдузларим,
Олисларим
Чиройи…
…дирсиз!

42
Кучала
Еган
Жойида…
Тиришолмади.

43
Қора
Торти-иб,
Келмайди-я,
Қиззиғар!

44
Қош-
Кўзлари,
Қошу
Кўзида.

44
Қиш
Ғамида
Ёз
Яйради.

46
Отарчининг
Араваси…
…да…
…миз…

47
Қошлариям…
Қовоғига
Қараб
Керилади.

УЧ ОҒАЙНИЛАР

1
Эркинг,
Ўзганиям
Эркидир.

2
Оғзида,
Сўзинг
Моғорлайди.

3
Одамийликда,
Одамий
Эмас!..

4
Катта
Балиқчи-ю,
Чавақхўрроқда-а…

5
Шихти
Сўхта,
Ғўраша.

6
Порахўрликдаям
Мактаб
Яратди!

7
Тупугиям…
Тош
Босади.

8
Улфатлари
Фақат,
Уламолар…дан.

9
Инқиллаб
Юриб…
Мақтанади.

10
Кулишларинг
Бирам
Ҳасратли-ки!..

11
Қучоқларнинг
Қулига
Айланди.

12
Эзгуликниям
Эзғила-аб
Қилади.

13
Замоним-а,
Тошойнанг…
…дайман!

14
Садоғдан…
Садолар
Қолди.

15
Семизлиги…
Қўйга
Ярашайди.

16
Кўнглида
Қўтирлари
Бор.

17
Нишоб
Яшаб
Ўтди.

18
Наволари
Бир
Навҳали!

19
Фикрлари
Чуқур…
Авахта.

20
Ўзгармагим
Ўзгармагингми,
Дунё?

21
Қушнинг
Мийясиям…
Мийя!

22
Аравасида,
Қўшиғини
Айтволди!

ИРМОҚЧАЛАР

1
Сафсатасиниям…
Сотади.

2
Ичи
Кўмирконми-я!..

3
Қари
Қурчоқ…

4
Чўнқайволи-иб,
Човаланарди.

5
Гулдон…
Кулдон.

6
Истансаси
Йўғроқ.

7
Қасамхўрнинг
Қасидахони.