Абдулла Шер (1943)

Абдулла Шер (Шеров Абдулла) 1943 йил 5 августда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1970). Илк шеърлар тўплами — «Кўклам табассуми» (1973). Шундан кейин шоирнинг «Алёр» (1977), «Атиргул сояси» (1979), «Роз» (1980), «Куз ҳилоли» (1983), «Қадимги куй» (1987), «Нуқтадан сўнг» (1989), «Тоқат» (1997) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. «Ахлокшунослик» (2003) ўқув кўлланмаси ҳам бор. Байроннинг «Дон Жуан» шеърий романи, К. Кайненинг «Олмония» достони ва «Қўшиқлар китоби»ни, А. С. Пушкин, А. Н. Некрасов, А. Ахматова асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

ЭРК

Қоғозга айланди сохта романлар,
Қочдилар ясама қаҳрамонларим.
Қайтадан тирилди яхши-ёмонлар,
Аҳурамаздаю аҳриманларим.

Қайтадан янграган қадим оҳанглар,
Эслатар юракнинг туғилган кунин.
Сўзим ерга тушса — тупроқ жаранглар,
Осмонга чиқса у — оловли жунун.

Асрдан-асрга силкитиб қанот,
Эркинлик Ҳумойи бошимга қўнди.
“Мен!” деган сўзимга бахш этиб ҳаёт,
Қадимий ғурурим буғдойдек унди.

Куфр кўзойнаги йитиб кўзимдан,
Беғубор томонга яна тикилдим.
Яна ҳикмат янграб эркин сўзимдан,
Ўзимни оламга халифа билдим.

Ва лекин бу бахтга етмади, ҳайҳот,
Қанчалаб арслоним, қанчалаб алпим!..
Бугун пок руҳларни айлаганча ёд,
Асрга қўшилиб ёшарар қалбим!

ТАРЖИМАИ ҲОЛИМДАН ПАРЧА

Асрни асрга улаб бир қатим —
Умр деб аталган чайир ип билан,
Ўзни аямадим, сўзни аядим,
Шеърни гул деб билдим, китобни — чаман.

Замондан замонга ўтаркан, йўлда
Қулликдан, ҳурликни фарқлаб ололдим.
Сўздан ўстирганим ҳар битта гулда
Баҳорнинг рангини сақлаб қололдим.

* * *

Мен қайта туғилдим Ойбек ўлган кун,
Ва “Чўли ироқ”ни йиғлаб эшитдим.
Жоним чарсиллади, сачради учқун,
Умримни оловга илк бор эш тутдим.

Шу-шу бир манзара тинч қўймас ҳамон,
Ойбекни кўраман чўли ироқда.
Шом қўнар. Ғурубда ташналаб карвон,
Дарёни қидириб юрар қирғоқда.

Чайқалар, чайқалар сарбонсиз тўда:
Товуш ва лекин йўқ эрур сўзлар.
Тун жимжит. Саҳро жим. Олам уйқуда.
Ойбекда тўхтайди илоҳий назар.

Шу зам булут очар ойнинг юзини,
Юлдузлар жаранглаб айтади такбир.
Қумга тушиб қолган Ойбек изини,
Авайлаб силайди қудратли тақдир.

* * *

Улуғ бахтдир, дўстим, яшамоқ,
Қувонч бир ён, қайғулар бир ён.
Гоҳ қуёшдан чироқ ёруғроқ:
Гоҳ саргардон, гоҳида гирён…

Тарк этмайди сени туйғулар,
“Дук-дук” урмас уларсиз юрак:
Гоҳ орзудек куйлайди сувлар,
Гоҳ умиддек шилдирар терак.

Гоҳ чироқнинг бошини эгиб,
Чақирасан юлдузни, ойни:
Мангуликнинг жиғига тегиб,
Улуғлайсан оний чиройни.

Сен бахтлисан, барибир, дўстим:
Ёнгинангдан ёзу куз ўтар.
Шамол билан шивирлашган сим,
Ҳавас билан сени кузатар…

* * *

Кўнглим менинг қуёшдек ёруғ,
Кўнглим менинг ой каби гўзал.
Мен қорга ҳам сепаман уруғ,
Қадамимдан уйғонар ҳамал.

Бу дунёдан сизлаб олганим,
Шеър аталган қадим наводир.
Юлдузлардан тилаб олганим —
Осмон иси мисрамга жодир.

Асли осмон ўғлиман. Шундай.
Лекин ерда туғилдим, дўстим.
Кўкдан тушган қутлуғ учқундай,
Гулхан бўлиб заминда ўсдим.

ЁР ВИСОЛИ

Дунё кенг-у кўпдир йўллари,
Бир йўлдамиз, лекин икковлон.
Йўл бошида баҳор гуллари,
Имлаб турар бизни бахт томон.

Висол шавқин ёниб тотамиз,
Бўрон турар ҳар бир мушакда.
Икки қуёш бўлиб ётамиз,
Ой нур тўккан оппоқ тўшакда.

Тонгда сайраб уйғотар қушлар,
Бир жуфт қуш деб икковимизни.
Кундуздаги совуқ товушлар,
Ўчиролмас оловимизни.

Тунда ёниб боқамиз тағин,
Вужудимиз айланар кўзга.
Яқинмизки, шу қадар яқин,
Орамизда жой қолмас сўзга.

НИЛУФАР

Эҳ, нилуфар! Яшайсан нек бахт,
Сувни севиб, сувга ботмасдан.
Қулф урасан юзада ҳар вақт,
Бир чуқурроқ томир отмасдан.

Сенга ўхшаш мен севган барно,
Куйдирмажон — куйдирар ҳар кеч:
Қулф урар-у қўйнимда, аммо
Юрагимга кириб бормас ҳеч.
* * *

Мен шоирман, Егише Чаренц…
Чаренц

Мен шоирман, мен — Абдулла Шер,
Барлосларнинг саркаш фарзанди.
Айтгил Осмон, айтгил она — Ер:
Ўз асримга менми асранди?!

Дедиларки: «Зўрдир ганж кучи,
Эгилиб ол, унда шон, мулк бор!»
Эгилдиму, қаламим учи
Юрагимга қадалди илк бор.

Лаънат айтиб бундай устозга,
Тутдим, шундай, йўллар баридан.
Кўкламларни етаклаб ёзга,
Чиқмоқ бўлдим Вақтнинг қаъридан.

Юксаклар деб ёндим ошуфта,
Сомон йўли ҳушимни олди.
Аммо киприк санчилган шифтда
Чатнаб кетган ёш юлдуз қолди.

Қаҳ-қаҳ урди умр бўшлиғи
Ўт қўйганда орзуга армон.
Яллиғланган йиллар қўшиғи
Ёндиради бўғзимни ҳамон.

Мен ёнаман: на ёв, на дўстим
Қорайтолган уфқимни ерда.
Мен оловман: зулматни тўсдим, —
Ватаним деб чўғландим шеърда!

ҚАДИМИЙ КУЙ

Мен олис чорловга тутаман қулоқ,
Оҳанглар руҳимни чархлаб яшайди.
Улар, гўё бизга ишониб, бир чоқ
Боболар қолдирган номга ўхшайди.

ЧАНГ

Мен ҳам тупроқ эдим,
Ер эдим:
Бахтлиман, улуғман, зўрман,
Дер эдим.
Ва лекин
Одамлар босдилар, эздилар,
Тарихимни буздилар;
Энди ижирғаниб қуварлар
Машриқдан, Мағрибдан,
Мачитдан, меҳробдан,
Артарлар, чертарлар, юварлар
Қошлардан, киприкдан, уйдан, китобдан;
Мени қувадилар — тиним йўқ менда,
Қанотсиз учаман — қўним йўқ менда,
Ҳолбуки Тупроқ эдим, Ер эдим… одамлар…

* * *

Мен май ичдим, пайдар-пай ичдим,
Гуноҳ қилдим, каттакон гуноҳ.
Мен Ёт гулни қуюндек қучдим
Ёт тўшакдан эланиб паноҳ.

Нетай, ахир, зада бўлдим мен
Ўзим чироқ ёққан ватандан;
Мен эр бўлдим, ота бўлдим мен,
Энди эса — гуноқкор банда!

Тупроқларга белаб ғанимни,
Шоирман деб, учиб осмонга,
Мен билмабман айланганимни
Аста-секин тирик ҳамёнга.

Ҳамёнликдан дилим оғриди,
Мен гул қучдим, ичдим гулгун май,
Ёт масканнинг ёруғ бағрида
Ёруғ шеърлар айтдим пайдар-пай.

Кечир Ёт гул, сен ёт, ёт, гулим,
Сўнг бор қучиб йўлга шайландим.
Туни бўйи иккала қўлим
Сени силаб гулга айланди.

Хуш қол энди ёруғ масканда,
Мен зулматга қадам ташлайман.
Раҳмат. Энди ўлгим келганда
Қўлларимни ҳидлаб яшайман.

* * *

Денгиз мавжларига қўнару ўйлар,
Ой солган йўлакдан кетар уфққа.
Соғинчли бир оҳанг денгизни бўйлар,
Мовий сатҳ айланар ойдин қўшиққа.

Қоратоғдан ошиб, ул оҳанг тинар,
Чотқол нафасига айланар ҳаво:
Қордек оқ чойшабда мени соғинар
Бир латиф, бир ширин, бир момиқ дунё.

* * *

Қўлларингдан ушлаб, лабингдан тишлаб,
Мен олиб кетаман сени олисга.
Бир кунлик умрни бахтга бағишлаб,
Биз етиб борамиз кузги полизга.

Ташландиқ чайлада ёзиб дастурхон,
Бир қултум шаробдан сархуш бўламиз.
Сену мен, муҳаббат, орзу — тўртовлон
Кимсасиз чайлага зумда тўламиз.

Сўнг ўтиб қизилўт босган рошлардан
Яйраймиз кичрайган дарёга кириб.
Чопамиз мох босган қайроқтошлардан
Куз кечиб, сув кечиб, кулиб, қийқириб.

Тиззангта етмаган дарё қучоқлар
Қанотсиз балиқ деб болдирларингни.
(Олисда, билмайман, йиғарми-боғлар
Шаҳарлик сайёҳлар чодирларини.)

Сентябр қуёши силайди илиқ
Юзимиз, елкамиз, қўлларимизни.
Дунё мунча гўзал, мунча хуш қилиқ,
Тангри узун қилсин йўлларимизни!

РУБОИЙЛАР

1.
Мунчалар ўхшашмиз эй чархи фалак, —
Мен ҳам одам шаклин олган ғилдирак;
Не қилай, мен — битта, дунё иккидир,
Икки дунё аро чопаман ҳалак.

2.
Гоҳида ўхшайман омадсиз мастга:
Чинорга суянсам — айланар хасга.
Эрк истаб оламга булбулдек қўнсам,
Қанотим сиғмайди бу тор қафасга.

3.
Дунёнинг ўйинин кўриб яшадим,
Ўйиндан ҳикматлар териб яшадим.
Замонам майини ичдиму, лекин
Хайёмнинг кайфини суриб яшадим.

4.
Умримни сарф этдим — пул қилди замон,
Гулханлар ёкдим мен — кул қилди замон.
Мен бахтни мадҳ этиб ёзган шеъримни
Қоғоздан ясалган гул қилди замон.

5.
Эй Қуръон, Ҳадисдан бебаҳра динбоз,
Бор-йўқ эътиқодинг соқолинг холос.
Мени бенамоз деб қилма надомат, —
Бутун Ўзбекистон менга жойнамоз.

* * *

Ниманидир доимо кутиб,
Қаергадир доим шошамиз.
Кимни эслаб, кимни унутиб,
Йиллар деган ғовдан ошамиз.

Умр ўтар, шундай сезилмай:
Гоҳо Шарққа, гоҳ Ғарбга чопиб.
Йўқотганни бир пиёла май
Тубидан гоҳ оламиз топиб.

Жуфтимизга боқамиз комрон,
Атроф баҳор, иқбол ёр бизга.
Ва тун бўйи юлдузли осмон
Қўниб яшар тўшагимизга.

Сўнг, кўрпани тортқилару тонг,
Уйғотади яланғоч ҳаёт:
Яна чорлар бизни бефарқ тонг –
Турмуш деган қадим сирсирот.

* * *

Менсиз бўшаб қолмайди, шаксиз,
Мен билан тўлмаган бу олам.
Лекин мен одамман, мен одам,
Мен яшай олмайман эртаксиз.

Эртакнамо хаёлларимда
Бошимга қўндириб Ҳумони –
Билсам ҳам – ҳаммаси яримта,
Бут қилиб юраман дунёни.

Ёш булбулдек ҳис этиб ўзни,
Тунларни қўшиққа кўмаман.
Гоҳида юмганча мен кўзни,
Ботинда ёғдуга чўмаман.

Менсиз бўшаб қолмайди, шаксиз,
Мен билан тўлмаган бу олам.
Лекин мен одамман, мен одам,
Мен яшай олмайман эртаксиз.

* * *

Икки қайиқ чайқалар тинмай,
Атрофимиз ложувард олам.
Умримизни, сира ачинмай,
Дарё билан кўрамиз баҳам.

Дарё гўзал, дарё мовийдир,
Ранг бағишлар умидимизга.
Қадим ўзан кекса ровийдир –
Ривоятлар сўйлайди бизга.

Лекин, мавжлар ўжардан-ўжар,
Бўй бермайди бизларга, асло.
Икки вужуд бўлиб чайқалар
Омонат бахт қайиқлар аро.

Чайқалади бир ширин ғусса,
Чайқалади ҳатто титроқлар.
Ёрти қолар лабларда бўса,
Олиб кетар бизни қирғоқлар.

Дарё гўё қисматдаги йўл,
Бизни бошлар энди йироққа.
У ерларда энди ҳижрон мўл,
Биз яшаймиз тўйиб фироққа.

Энди сира учрашмаймиз, биз,
Икки қирғоқ риштани узар.
Ва чайқалган қайиқларимиз
Энди фақат тушларда сузар.

* * *

Мен кўпларга ачиндим,
Менга ачинган борми?
Мен сўз бўлиб сочилдим,
Мендек сочилган борми?

Саволларим  кўпдир, мен,
Кимга берай уларни?
Балки ўзим  чўпдирман –
Шарафлайман гулларни.

* * *

Синфдош дўстим Мухтор
Қўчқоров хотирасига

Марҳумликка ўрганолмасдан
Тушларимга кирасан, дўстим.
Ўйчангина, шовқин солмасдан
Бирга-бирга юрасан, дўстим.

Бақатерак остида гоҳо
Майсазорда ётиб чалқанча,
Ўй сурамиз: иккимиз даҳо,
Биз яшаймиз довруқ солганча.

Очилади икки юракнинг
Ҳеч ким билмас сирлар дафтари.
Қўллаб бизни бақатеракнинг
Қарсак чалар кумуш кафтлари.

Гоҳ ётамиз – дурдек тиш билан
Чирт-чирт узиб ўт поясини.
Гоҳ тинглаймиз қизиқиш билан
Шамолларнинг ҳикоясини.

Гоҳ ойдинда суҳбат қурамиз,
Сувга қараб қулоқбошида.
Гоҳ ўлтириб хаёл сурамиз
Тегирмоннинг эски тошида.

Ағанаймиз курашиб гоҳо
Майсаларнинг ҳидига тўйиб.
Яқинлашиб келади, аммо,
Йилдан-йилга ўлим от қўйиб.

Мингаштирар у сени ногоҳ,
Қувончимни олиб кетасан.
Уйғонаман ҳар гал тортиб оҳ:
Сен тушимда қолиб кетасан.

Қўшни қиз ҳақида баллада

Кели туяр қўшни қиз
Ҳовлига бериб чирой.
Юрагимда тошган ҳис
Тилимга чиқар: “Вой, вой!”

Нозик белга ярашиб,
Қўш ўрими чўлғанар.
Нимчадан жой талашиб,
Икки кўкрак тўлғанар.

Қошига берар ғурур
Тонгда қўйган ўсмаси:
(Эҳ, келисоп қурмағур
Мунча кўзни тўсмаса?)

Нураган пахса девор
Ўртамизда пардадир.
Ҳар бир зарбда маъно бор,
Эҳтимол, бу зардадир.

Бўса билмаган дудоқ
Ҳар зарбда ним очилар.
Сўрашга қўймас титроқ:
“Қачон борсин совчилар?” –

Нима қилай, тортинчоқ
Хаёлпараст боламан.
Қандай бўлмасин, бироқ,
Шу қизни мен оламан!..

Лекин бир кун у, ногоҳ,
Қанот қоқди қуш бўлиб.
Энди келади гоҳ-гоҳ
Тунда ширин туш бўлиб.

Энди ўша гулдек вақт
Хаёлимни тарк этмас:
Қочиб кетди мендан бахт,
Тутай десам, қўл етмас!..


Дераза

Шаҳримдаги бир деразада
То тонггача ўчмайди чироқ.
Унда нотинч ўйлардан зада
Уйқу билмас тўлмаган қучоқ.

То тонггача кўзимни, ҳайҳот,
Қамаштирар ўша дераза.
Ўз кўчамда ўзимни бот-бот
Адаштирар ўша дераза.
Пардасига унинг осилиб
Яшайман дер бу ўжар хаёл…
Қилма мени, қилма бенасиб,
Бир дераза нур бўлган аёл!

Совқотган  одам ҳақида баллада

Ташқарида қиш кезар мағрур,
Изғиринда кукунланар қор.
Деразадан тушиб турган нур
Бамисоли бир қучоқ баҳор.

Йўл четидан совқотган одам
Тикилади келиб ҳаваси:
Ичкарида иссиқ, ёш олам –
Эр-хотиннинг бахтли давраси.

Тикилару бир муддат, сўнгра,
Бирдан тиз чўкарди у қорга.
Ва боладек ўкиниб, ҳўнграб
Кўзёшини тўкарди қорга.

Дераза-чи, сочганича нур
Кўз-кўз қилар оила тафтин.
Ёлғиз одам эса беҳузур
Юзга босар иккала кафтин.

Сўнг, довдираб кетар у беҳол
Дала бўйлаб, унутиб йўлни.
Тортқилайди бешафқат шамол
Ҳўл юзларни беркитган қўлни.

Рубоий

Гул бўлиб силкинар, миллар бу кеча,
Гапирмас лаблару тиллар бу кеча.
Энг ширин сўзларни айтар шу сабаб,
Бармоқлар тилида қўллар бу кеча.