Абдулла Орипов (1941-2016)

Абдулла Орипов 1941 йил 21 мартда Қашқадарё вилояти, Косон туманига қарашли Некўз қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1990). Ўзбекистон Қаҳрамони (1998). ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1963). Илк шеърлар тўплами — «Митти юлдуз» (1965). «Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим», «Ўзбекистон» (1971), «Хотирот», «Юртим шамоли» (1974), «Юзма-юз», «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «Ҳаж дафтари», «Муножот» (1992), «Сайланма» (1996), «Дунё» (1999), «Шоир юраги» (2003) сингари шеърий китоблари нашр этилган. Достонлар ҳам ёзган («Жаннатга йўл», 1978; «Соҳибқирон», 1996). «Соҳибқирон» (1998) шеърий драмаси республиканинг барча йирик театрларида саҳналаштирилган. Дантенинг «Илоҳий комедия»сини, А. Н. Некрасов, Л. Украинка, Т. Шевченко, Р. Ҳамзатов, Қ. Қулиев асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матнини ёзган (1992). Ҳамза (1983) ҳамда Алишер Навоий номидаги (1992) Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари лауреати. 2016 йил 5 ноябрга ўтар кечаси Хьюстон шаҳридаги (АҚШ, Техас штати) касалхонада вафот этди. 

* * *

У қўшиқ куйлади ёр шаънига маст,
Шўхчан шеърлар айтди севги номидан.
Ҳаммани кулдирди, қиз эса фақат
Бепарво жилмайиб ўтди ёнидан.

У қўшиқ куйлади ёр шаънига маст,
Йиғлаб, фарёд чекди севги номидан.
Ҳаммани йиғлатди, қиз эса фақат
Бепарво жилмайиб ўтди ёнидан.

У қўшиқ куйлади ёр шаънига маст,
На кулди, на қатра тўкди ёшини.
У куйлади мағрур, қиз бўлса шу вақт
Ҳузурига келди эгиб бошини.

«МУНОЖОТ»НИ ТИНГЛАБ

Қани айт, мақсадинг нимадир сенинг,
Нега тилкалайсан бағримни, оҳанг,
Нечун керак бўлди сенга кўз ёшим,
Нечун керак, рубоб, сенга шунча ғам!

Эшилиб, тўлғаниб инфанади куй,
Қайлардан келмоқда бу оҳу фарёд.
Ким у йиғлаётган, Навоиймикин,
Ва ё май куйчиси Ҳайёммикин, дод!

Бас, етар, чолғучи, бас қил созингни,
Бас, етар, кўксимга урмагил ханжар,
Наҳотки дунёда шунча ғам бордир…
Агар шу «Муножот» рост бўлса агар.

Агар алдамаса шу совуқ симлар,
Гар шул эшитганим бўлмаса рўё.
Сен бешик эмассан, дорсан, табиат,
Сен она эмассан, жаллодсан, дунё!

Эшилиб, тўлғаниб ингранади куй,
Асрлар ғамини сўйлар «Муножот».
Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига
Қандай чидай олган экан одамзод!

ДОРБОЗ

Булутларга ёндош, осмон остида,
Киприкдаги ёшдай турибди дорбоз.
Қиличнинг дамидай арқон устида,
Кўзларини юмиб юрибди дорбоз.

Одамлар, одамлар, уни олқишланг,
Қаранг, у нақадар эпчил ва ўктам,
Биз-чи, эҳ.. баъзи бир кўзи очиклар
Эплаб юролмаймиз катта йўлда ҳам.

* * *

Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси,
Танимни жунжитар оқшом шамоли.
Нега бунча ғамгин найнинг навоси,
Нега қалбим тўла ўкинч ва малол?

Барглар орасига тинмасдан сира
Ошно юлдузлардан тўкилади нур.
Билмайман, қийнайди қайси хотира,
Титроқ юлдуз каби музлаган шуур.

Мағлуб баҳодирнинг найзаси мисол
Маъюс эгилади терак учлари,
Барглар соясида ўйнайди беҳол
Уйқудаги қизнинг бедор тушлари.

Атрофимда ётар гариб бир виқор,
Билмам, нега учди қалбим сафоси.
Нима ҳам қилардим, на иложим бор.
Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси.

УМР

Қалбимда гоҳ ғурур, гоҳида фараҳ,
Шу учқур дунёни турфа кўрибман.
Юртма-юрт, элма-эл, фарсах-бафарсах
Умрим довонларин ўлчаб юрибман.

Умр-ку ўтади гулдурос солиб,
Унинг ўтганини ким ҳам кўрибди?
Во ажаб, қай бир зот, ўз умри қолиб,
Менинг қадамимни ўлчаб юрибди…

ИНСОН ҚАЛБИ

Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,
Унда миллат яшар, унда тил яшар.
Унда аждод фахри яшайди сўзсиз,
Унда истиқомат қилади башар.

Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,
Унда она яшар, яшайди Ватан.
Уни жўн нарса деб ўйламанг ҳаргиз,
Ҳайҳот! Қўзғалмасин бу Қалб дафъатан!!.

ТИЛЛА БАЛИҚЧА

Тухумдан чиқди-ю, келтириб уни
Шу лойқа ҳовузга томон отдилар.
Ташландиқ ушоқ еб ўтади куни,
Хору хас, хазонлар устин ёптилар.

Дунёда кўргани шу тор ҳовузча
Ва мудроқ толларнинг аччиқ хазони.
Менга алам қилар, тилла балиқча
Бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни…

РУҲИМ

Вужуд деганлари асли нимадир?
Дайр денгизида юрган кемадир.

Бир кун бир қояга урилгай кема,
Руҳим, сен вужудни ғамини ема.

Юксак фазоларда айлагил парвоз,
Сенда на оҳанг бор ва на бор овоз.

Сенга на бўронлар кор қила олур,
Сени на йўқотиб, бор қила олур.

Сен мисли камалак — юксак ва сўлмас,
Камалакни эса парчалаб бўлмас.

* * *

Ёндиму ва лекин ҳижон тунида
Сенга аҳволимни этмадим баён.
Сокин кечаларим кўзим ўнгида
Мунис қарашларинг бўлди намоён.

На сен назар қилдинг ҳолимга бир бор,
На мен айта билдим сенга бирор сўз.
Шундай ўтиб борар умримиз бекор…
Орамизда сарсон бир жуфт қора кўз.

БИРИНЧИ МУҲАББАТИМ

Кеча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда,
Зуҳро юлдуз милтираб, хира ханда отганда,
Руҳимда бир маъюслик сокинлик уйғотганда,
Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим,
Эслаб хаёлга толдим, биринчи муҳаббатим.

Ўтди ёшлик завқ билан, гоҳи тўполон билан,
Гоҳида яхши билан, гоҳида ёмон билан,
Айри ҳам тушдим баъзан қалб билан, имон билан
Лекин сени йўқотдим, биринчи муҳаббатим,
Мангу ғафлатда қотдим, биринчи муҳаббатим.

Дунё деган шундайин англаб бўлмас сир экан,
Гоҳ кенг экан, гоҳида туйнуксиз қаср экан.
Лекин инсон ҳамиша бир ҳисга асир экан…
Нечун билмовдим аввал, биринчи муҳаббатим,
Парво қилмовдим аввал, биринчи муҳаббатим.

Ҳолбуки орзулардан жудо ҳам бўлганим йўқ,
Юлдуздай кулганим йўқ, ой каби тўлганим йўқ.
Эрта хазон гул каби сарғайиб сўлганим йўқ,
Сени эслаб йиғлайман, биринчи муҳаббатим,
Эслаб бағрим тиғлайман, биринчи муҳаббатим.

Йўлин йўқотса одам — муҳаббатга суянгай,
Ғуссага ботса одам — муҳаббатга суянгай.
Чорасиз қолса одам — муҳаббатга суянгай,
Мен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим,
Фақат эслаб ёнгайман, биринчи муҳаббатим.

Нидо бергил, қайдасан, шарпангга қулоқ тутдим,
Сирли тушлар кўриб мен бор дунёни унутдим.
Тонгда туриб номингга ушбу шеъримни битдим,
Дилдаги оҳим менинг, биринчи муҳаббатим,
Ёлғиз Оллоҳим менинг, биринчи муҳаббатим.

МЕН АНГЛАБ ЕТГАН ФАЛСАФА

Бозорга ўхшайди асли бу дунё,
Бозорга ўхшайди бунда ҳам маъни.
Иккиси ичра ҳам кўрмадим асло,
Молим ёмон деган бирор кимсани.

* * *

Оқар дарёга ҳам кимдир банд берган,
Ҳаёт кимга заҳар, кимга қанд берган.
Эй, ғофил, саркаш деб, мени камситма,
Ғаним сенга эмас, менга панд берган.

* * *

Дейдилар ит ҳурур — ўтади карвон,
Ранжу балолардан ёнмасин жонинг,
Лекин алам қилар бир умр гирён
Итлар орасидан ўтса карвонинг.

ВАФО ҚИЛУРМИСАН, БАҲОРИМ

Руҳимда йўқолди қарорим,
Танимда қолмади мадорим.
Бизларни бир йўқлаб келибсан,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!

Ёз ўтди, куз ўтди, қиш ўтди,
Бошлардан синовли иш ўтди.
Юракка изғирин — ниш ўтди,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!

Ям-яшил қирларни соғиндим,
Чечакзор ерларни соғиндим,
У инжа сирларни соғиндим,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!

Лоланинг лаблари хандадир,
Доғи ҳам тубида — андадир.
Ўхшаши руҳ ила тандадир,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!

Интиқмиз дўст билан, ёр билан,
Шеър билан, соз билан — тор билан,
Дийдорлаш бизнингдек хор билан,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!

ЎЗБEКИСТОН

Юртим, сенга шеър битдим бу кун,
Қиёсингни топмадим асло.
Шоирлар бор, ўз юртин бутун —
Олам аро атаган танҳо.
Улар шеъри учди кўп йироқ,
Қанотида кумуш диёри,
Бир ўлка бор дунёда, бироқ
Битилмаган достондир бори:
Фақат ожиз қаламим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Юрмасман ҳеч беҳиштни излаб,
Тополмасам чекмасман алам.
Ўтирмасман эртаклар сўзлаб,
Мусалло деб йўнмасман қалам.
Кўкламингдан олиб сурурни,
Довруғ солди устоз Олимжон,
Ғафур Ғулом туйган ғурурни
Қилмоқ мумкин дунёга достон.
Олис тарих қадамим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Кечмишинг бор чиндан ҳам узоқ,
Илғай олмас барчасин кўзим.
Мақтамасман мозийни бироқ,
Ўтмишингни ўйлайман бир зум.
Забтга олиб кенг Осиёни,
Бир зот чиқди мағрур, давонгир,
Икки аср ярим дунёни
Зир қақшатди Буюк жаҳонгир.
Айтгум, бу кун, у маним, маним.
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Боболардан сўз кетса зинҳор,
Бир калом бор гап аввалида.
Осмон илми туғилган илк бор
Кўрагоний жадвалларида.
Қотил қўли қилич солди маст,
Қуёш бўлиб учди тилла бош.
Дўстлар, кўкда юлдузлар эмас,
У, Улуғбек кўзидаги ёш.
Eрда қолган, о, таним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Кўз олдимдан кечар асрлар,
Кўз-кўз этиб нуқсу чиройин.
Сарсон ўтган неча насллар,
Тополмасдан туғилган жойин.
Америка — сеҳрли диёр,
Ухлар эди Колумб ҳам ҳали,
Денгиз ортин ёритди илк бор,
Берунийнинг ақл машъали.
Колумбда бор аламим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Кўп жаҳонгир кўрган бу дунё,
Ҳаммасига гувоҳ ер ости.
Лекин, дўстлар, шеър аҳли аро
Жаҳонгири кам бўлар, рости.
Беш асрким, назмий саройни
Титратади занжирбанд бир шеър.
Темур тиғи этмаган жойни
Қалам билан олди Алишер.
Дунё бўлди чаманим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Боболардан сўзладим, аммо
Бир зот борким, баридан суюк:
Буюкларга бахш этган даҳо,
Она халқим, ўзингсан буюк.
Сен ўзингсан, энг сўнгги нонин
Ўзи эмай ўғлига тутган.
Сен ўзингсан, фарзандлар шонин
Асрлардан опичлаб ўтган.
Она халқим, жон-таним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Бош устингдан ўтди кўп замон,
Ўтди Будда, ўтди Зардушти.
Ҳар учраган нокасу нодон,
Она халқим, ёқангдан тутди.
Сени чингиз ғазабга тўлиб
Йўқотмоқчи бўлди дунёдан.
Жалолиддин самани бўлиб
Сакраб ўтдинг Амударёдан.
Сенсан ўшал саманим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Толеингда бор экан яшаш,
Гоҳ қон ичдинг, гоҳида шароб.
Eтмоқ бўлиб юртим хомталаш,
Бош устингга келди инқилоб.
Чора истаб жанг майдонидан
Самоларга учди унларинг,
Шаҳидларнинг қирмиз қонидан
Алвон бўлди қора тунларинг.
Қонга тўлган кафаним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Лекин офтоб поймол ўлмас,
Кавакларда қолмас ой нури,
Одил ҳакам — ҳақ бор, беғараз,
Мазлумларнинг буюк ғамхўри.
Қилич серпаб толе тонгида
Ўзлигингни таниб қолдинг сен.
Ўғлонларнинг қатра қонида
Ўзбекистон номин олдинг сен.
Номи қутлуғ гулшаним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Тинч турарми бу кўҳна олам,
Тинч турарми доғули замон.
Оромингни бузди сенинг ҳам
Фашист деган ваҳший оломон.
Қоним оқди Данцигда маним,
Собир Раҳим йиқилган чоғда.
Лекин, юртим, кезолмас ғаним.
Ўзбекистон аталган боғда.
Сенсан номус ва шаъним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Кеч куз эди, мен сени кўрдим,
Деразамдан боқарди биров.
У сен эдинг, о, деҳқон юртим,
Турар эдинг ялангтўш, яёв.
— Ташқарида изиллар ёмғир,
Кир, бобожон, яйрагил бир оз.
Дединг: — Пахтам, қолди-ку ахир,
Йиғиштирай келмасдан аёз.
Кетдинг, умри маҳзаним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Сен кетарсан балки йироққа,
Фарғонада балки, балқарсан.
Балки чиқиб оқарган тоққа,
Чўпон бўлиб гулхан ёқарсан.
Балки устоз Ойбекдек тўлиб
Ёзажаксан янги бир достон.
Балки Ҳабиб Абдулла бўлиб,
Саҳроларда очажаксон кон.
Тупроғи зар, маъданим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Майли, юртим, кезсанг ҳам дунё,
Фазоларга қўйсанг ҳам қадам,
Ўзлигингни унутма асло,
Унутма ҳеч, онажон ўлкам.
Бир ўғлингдек мен ҳам бу замон
Кечмишингни қилдим томоша.
Иқболингни кўролдим аён
Истиқлолнинг уфқлари оша.
Иқболи ҳур, шўх-шаним маним.
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Завол кўрма ҳеч қачон, ўлкам,
Завол билмас шу ёшинг билан.
Музаффар бўл, ғолиб бўл, ўктам,
Дўсту ёринг, қардошинг билан.
Асрларнинг силсиласида
Боқий тургай кошонанг сенинг.
Улуғ башар оиласида
Мангу ёруғ пешонанг сенинг.
Мангу ёруғ масканим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

1964-70

СЕН БАҲОРНИ СОҒИНМАДИНГМИ

Уйғонгувчи боғларни кездим,
Топай дедим қирдан изингни.
Ёноғингдан ранг олган дедим —
Лолазорга бурдим юзимни,
Учратмадим аммо ўзингни,
— Сен баҳорни соғинмадингми?

Узоқларда залворли тоғлар
Хаёлимни келдилар босиб.
Кечди қанча интизор чоғлар,
Васлинг менга бўлмади насиб,
Сенсиз мен ҳам, баҳор ҳам ғариб,
— Сен баҳорни соғинмадингми?

Ўнгирларда сакрайди оҳу,
Наъматакда саъва миттижон.
Қорликлардан сипқарилган сув,
Дараларда уради жавлон.
Нигоҳимдан фақат сен пинҳон,
— Сен баҳорни соғинмадингми?

Мана, бугун наврўзи олам,
Дўстларимга гуллар тутарман.
Қайлардасан, севгили эркам…
Қўлимда гул, сени кутарман,
Умрим бўйи чорлаб ўтарман,
— Сен баҳорни соғинмадингми?

1963

ЮЗМА-ЮЗ

I

Келингиз, дўстларим, келинг, бир нафас
Сўзлашиб олайлик очиқ, юзма-юз.
У йироқ истиқбол мавзумиздир, бас,
Демакким, истиқбол борасида сўз.
Келингиз, дўстларим, келинг, бир нафас
Шу кўҳна дафтарни очайлик яна.
Эриш туюлмасин ташбиҳларим, бас,
Ҳозир дабдурустдан дейманки: ана, —
Мамонтлар тўдаси чиқди ўрмондан,
Шимол кўчкинидай ваҳший ва сармаст
Ва лекин ваҳшийроқ тўда ҳар ёндан
Бостириб келдилар гурас ва гурас.
Яна тўқнаш келди инсон ва ҳайвон,
Яна ҳаёт учун жанг кетди узоқ.
Яна ғолиб келди ваҳший оломон,
Яна шўрлик мамонт енгилди, бироқ
Ўша кун бузилди азалий удум,
Уни инсон ўзи бузиб ташлади.
Кундузги ошкора ўғрилардай у
Ўлжасин уй-уйга торта бошлади.
Бизнинг бошимизни боғлаган зулмат,
Нотиқлар тутақиб сўккан зулм, қон,
Дунёдаги неки ёмонлик, кулфат,
Барчаси бошланган эди ўша он…
Йўқ, ҳавас қилмайман маймунга ҳечам,
Иштонсиз аждодни қўмсамоқ нега?
Аммо ўлжасини талашган одам
Йўлдан адашгандай кўринар менга.
Мен бир тажрибасиз, ғўр йигит, нечун
Адашдинг деяпман дунёга, ҳайҳот.
Абдулла, ханжарни ўзингга ургин,
Сен ўзинг адашмай ўсдингми, наҳот?!
Ҳа, ёшликда мен ҳам бир оз адашдим,
Қотил бўлганим йўқ, аммо ҳар қалай…
Дунё ҳам бир вақтлар мамонт талашиб,
Адашиб кетганди йўлидан мендай.
У шўрлик илк бора ўрмонга қочди,
Қулдорнинг калтаги қонатди бурнин,
Спартак бўлиб сўнг ҳаққин талашди,
Зевс сиймосида ахтарди ўрнин.
Мангу экзотика — Римни у қурди,
Бироқ тиёлмади кўзда ёшини:
Юрагига Цезарь найзасин урди,
Чингизхон чўқмори ёрди бошини.
Асрлар шундайин тентиб ўтдилар,
Ер узра ҳукмрон ғам бўлди фақат!
Кимларки яхшилик донин экдилар —
Ёмон деб ном олди ўзи оқибат!
Наҳотки дунёда ҳақсизлик мангу,
Наҳотки одамзод қилингандир оқ?!
Наҳот ўша Фрейд ҳақ бўлса, ёҳу,
Наҳот қотил бўлса ўсиб чақалоқ?!
Одамлар бир замон энг буюк маъни —
Ёшлик софлигига қўйганлар сарҳад.
Ёшлик софлигига ким қайтмас, қани,
Адашган йўлидан ким қайтса, шу мард!
Ер юзида кечган зулмату ваҳшат
Чекинар-ку охир чириб ва қариб.
Фақат У истиқбол — ул эзгу ният
Инсонга софлигин берар қайтариб.
…Ўжар мухолифлар, сал пастга тушинг,
Оғирроқ бўлинг сал, сиз ҳам, жўралар.
Эй, нозик ўқувчим, учмасин ҳушинг,
Буюк мақсад сари етса мисралар.
Фарёд солманг тағин, қизил гап, дея,
Элга фарзанд инсон элнинг гапин дер.
Сизга бир жуфт савол айлайин ҳадя:
Мавзуда нима айб, ғализ бўлса шеър?
Осон қутуламиз мавзудан баъзан,
Хаспўшлаб ўтамиз, урра-урралаб.
Сўнгра дод соламиз: — Фалону пистон,
Қулоққа ёқмайди деймиз — ўша гап.
Ҳолбуки, ўзимиз ахтарган бахтлар,
Бўғзимизда турган ҳар эзгу армон —
Барчаси бир сўзда жамланди, агар
Ёқмаса топингиз бошқа бирор ном!
Ҳа, мен истиқболни куйлайман, балли,
Унда халқ йўлига тугашар йўлим.
Бироқ урраларни севмайман ҳали,
Урра демоқликка қисиқдир тилим!
Баъзи одамларни кўрсатиб ҳали
Қийиндир соф инсон, дея атамоқ.
Гарчи инсон зоти бўлолмас пари,
Бироқ ҳали бордир шайтонга ўртоқ.
Қора булут ёғмай кетса-да магар,
Тиниқ кўзгуларга тўшаб ўтар нам.
Ҳали осмонларда булутлар учрар,
Ҳали найзалар бор, баъзан менга ҳам
Шундайин тиканлар санчилар гоҳо…
Шунда ҳамдард бўлар ширин меҳнатим.
Дўстлар даврасидан кетаман ҳатто,
Олис юлдузларга кўчар хилқатим.
…Юлдузлар, юлдузлар, сиз менинг учун
Софлик ва маъсумлик бўлиб ёндингиз.
Борим шудир, дея жовдираб секин
Оқ кўнгил фарзандим бўлиб қолдингиз.
Йўқ! Йўқ! Мен сизларга термулиб бедор
Фалак сафарини ўйлаганим йўқ.
Юлдузлар, мен сизга боққанда хумор,
Қалбимда ер ишқи бўлади тўлиқ.
Юлдузлар, билмайсиз менинг халқимни,
Бундайин заҳматкаш ер юзида кам.
Елда тиним бордир, унда йўқ тиним,
Шундай ишпарастдир у мунисгинам.
Мен уни ўйлайман тун-кечаларда,
Она халқим, дейман, меҳрим оқар жим.
Кўзимга баъзида кўринса жанда
Кўнглим тўлиб кетар, инграйман, халқим…
Халқим, мозий ўтди, толе кўрмадинг,
Пиширдинг ўзингга бенасиб таом.
Кийгиздинг бировга, ўзинг киймадинг,
Юлдузни кашф этиб ном олдинг — авом!
Ўтганга ачинмоқ одатим йўқдир,
Беҳуда мотамлар теккандир жонга
Ва лекин тош отмай иложим йўқдир
Фурқатни бадарға этган замонга.
Мени кечирингиз, оддий одамлар,
Сизни эсга солар ҳар машъум тақдир.
Орангизда ўтди қанча фурқатлар,
Безгакка чалинди қанча Алишер!
Ер юзида кезган зулмату ваҳшат
Чекинар-ку ахир, пок бўлар дунё!
Фақат У истиқбол — ул эзгу ният
Халқимга бахтини айлар ҳадя.

II

Мезонлар учмоқда, ҳаво биллурдан…
Яна ҳисларимга кел, деб ёлбордим.
Хазонлар тўкилди, мен ҳам қалбимдан
Бадбин ўйларимни қувлаб юбордим.
Ажойиб фасл бу: ўйчан, баркамол —
Қиздай маъюсгина туради куйлаб.
Мен кузни севаман, кезаркан хушҳол
Олтин Ўзбекистон тупроғи бўйлаб.
Бўғзимга ҳисларим тиқилар яна,
Танҳо тентирайман, билмайман, нечун.
Куйлагим келади, тунлар жимгина,
Гулгун шафақларнинг соғлиги учун.
Кумушранг йўлларда от суриб юрсам,
Шимирсам шабнамдан, куйласам сармаст.
Сўнгсиз водийларга термулиб турсам,
Бепарво оҳуда қўзғазам ҳавас.
Аммо кечалар мен кезсам-да бедор,
Оҳулар қўйнимга кирса-да қиздек,
Менинг нигоҳимни тортади такрор,
Миллион эгатларга сочилган ўзбек.
Гарчанд пахтазорга боқаман мен ҳам
Ва лекин дилимда ташвиш бор менинг.
Майлига, шўх қўшиқ янграсин тилда,
Рангпар сингилгинам, ўйлайман сени.
Кузги райҳондайин маъюс ўсдинг сен,
Табиат бермади билагингга куч.
Ўзингдай одамга қаллиқ тушдинг сен,
На соғлиқ, на ёрдан ялчимадинг ҳеч.
Мен сени ўйласам, синглим — рангпарим,
Гоҳо тўлғонаман сўзсиз, ҳасратда.
Сен унда тер тўксанг, синглим, жигарим,
Мен нечун юраман ахир ишратда?!
Йўқ, рангпар бўлмасин ҳеч ким ҳам, йўқ, йўқ!
Сингиллар полвондай юрсинлар бардам.
Ва лекин табиат бермайди ҳуқуқ
Полвон деб уларни унутмоққа ҳам…
Сенинг қаторингда она халқ бордир:
Сен каби меҳнаткаш, сен каби суюк.
Унинг ташвишини унутмоқ ордир,
Уни унутганлар — тўнкадир, куюк.
Сингилга — халқимга боқсам доимо
Улуғ келажакни айладим орзу.
Дедим: Истиқболдан бахт топар дунё.
Дедилар: гўдагим, тўғри йўлинг шу.
Кўлимдан тутди-ю, шу улуғ имон,
Менинг ҳам кўнглимда жўшди тилагим,
Аммо баъзиларга дуч келсам бир он
Аччиқ изтиробга тўлар юрагим.
Рост-да, бировларни этади шайдо,
Ўз айби турганда ўзга бир чирой.
Кулгу аримасин лаблардан, аммо —
Тақдир эркалатди бизни ҳар қалай…
Сокин кечаларда келар ёдимга
Қанчалаб жувонмарг йигит қисмати.
Дейман, қани ёнса авлод қонида
Ўша оталарнинг буюк шиддати.
Худбин тенгдошимга қарайман ғамгин,
Кўлмак давра кўрсам эзилар кўнглим.
Халқим, келажагинг ўшалармикин,
Халқим, шундайларга қолмасин кунинг.
Мен ўзим нимаман? Аслида, балким
Энг нўноқ одамдан нўноқман, фақат,
Фақат бир нарсани яширмас қалбим:
Менинг юрагимда бордир Муҳаббат!
Сени, она халқим, севаман жондан,
Сенинг ташвишингни ташвишим дейман.
Нима қилолардим? Фойдам кам гарчанд,
Бироқ мен ўзимча ғамингни ейман.
Дилдан қувонаман, қирларда пода —
Яғрини ялтираб юрганин кўрсам.
Дилдан қувонаман, тошлоқ ерларда
Буғдойзор шовиллаб турганин кўрсам.
Суюниб кетаман мактаб боладай.
Сонсиз мўриларда кўраркан тутун.
Ана, таниш уйда доғ бўлмоқда мой,
Шивирлайман: — Синглим, насибанг бутун!
Куйлаб замондошнинг қадду камолин
Эркиннинг шўх сози таратса жаранг,
Дейман, У истиқбол — ул мунис толе
Халқимга шўх қўшиқ бермоқда, қаранг.
Тўю тўйхонани кўрсам, ҳамма вақт
Улуғ замонага айтдим шукрона.
Аммо инсон умри тўй эмас ҳар вақт,
Олддадир ҳали энг гўзал замона.
Истайман, қора ранг қолмаса жиндай,
Истайман, ботмаса шу рангин қуёш.
Аканинг сингилга ачинганидай
Инсон инсон учун тўка олса ёш.
Она халқ бахти деб ҳар вақт, ҳар қачон,
Истайман, бир сафда турса одамлар.
Сокин кечаларда қалбни ногаҳон
Қуршаб олганида шундай оҳанглар —
Сизга талпинаман, одамлар, яна,
Ўтмиш муҳаббатга талпингандай жон.
Аммо баъзи маҳал қоламан якка
Севгиси рад бўлган ёш Вертерсимон.
Йўқол, эй беҳуда мағрурлик ҳисси,
Йўқол, эй беҳуда самовий дамлар.
Ўзимни сизлардан ажратсам, сўзсиз
Таважжуҳ этмангиз дейман, одамлар!
Дўстларим, мен сизга талпинган дамда
Қалбимда бўлади ёлғиз бир раъйим:
Хиёнат бўлмаса дейман ҳеч кимда,
Дўстларнинг имони бут бўлса доим.
Дейдилар: дунёни кураш айлар бир,
Инсон жанг-жадалда бўлар жуфту тоқ.
Ахир қон оқиши шартмикан, ахир,
Бу кураш қайси бир жангдан осонроқ?!
Деймизки, оламни буғдойзор боссин,
Ер юзида фақат янграсин кулги.
Ахир, буғдойзорнинг ўзи унмаским,
Дилдан кула билиш осон эмас-ку.
Ҳа, буюк жанг бу ҳам, қошида хомуш —
Не ўжар одамлар бош эгмоқда жим.
Шу метин сафларни ким бузолур, хўш,
Шу эзгу курашдан четда турар ким?!
Қани, ҳей дўстларим, тинглангиз сўзим,
Бир сўзким, оддийдир, ҳақиқатсимон.
Дейманки: Истиқбол — тарихнинг ўзи, —
Келмоқда кимга дўст, кимга беомон.
Ҳайқиряпман ҳозир… Баъзида лекин
Заиф шамолларга бўйсунар созим.
Юрагим, юрагим, миттисан-ку, сен,
Ҳайқириш аслида сенгами лозим.
Биламан, ортимдан кимдир ўқрайиб,
Қараб ўтирибди худди шу замон.
Қани, ҳей, бу йўлдан бўлмасин тойиш,
Қани, ҳей, Истиқбол, янгра беомон!
Майлига созимни севмас давралар,
Ошиқлар сатримдан чекмаслар фарёд.
Менинг хаёлимни ҳозир етаклар
Фақат Истиқболни эслатган ҳаёт.
Ана, йўл четида борар қурилиш,
Ғишт терувчи йигит дорбоздай юрар.
Отга қамчи урар керосинфуруш,
Бир кампир энгашиб кўча супурар.
Ана у таниш жой — анҳор қирғоғи,
Пивога кўп хумор талаба дўстим,
Мен сенинг исмингни билмайман, соқий,
Буюр мен учун ҳам майли бир жуфтин.
Уларга боқаман, қалбимда ўқтин
Бир хушнуд ҳиссиёт кўтарар елкан.
Ўзгаларнинг ғами йиғлатса, нечун,
Нечун иқболлари қувнатмас экан?!
Ахир инсоф билан ўйласанг-ку, рост,
Ўшалардир бугун соҳиби замон.
Ҳеч кимнинг ҳеч кимдан тили қисиқмас,
Чегарадир фақат инсоф ва виждон.

* * *

Қани, ҳей, дўстларим, ташланг бир қадам
Шу эзгу Истиқбол ҳимоясига.
Мен сизни кутаман, ушбу шеърим ҳам
Ўшанда етади ниҳоясига!

1964

САРОБ

Олти ойким, шеър ёзмайман, юрагим зада,
Олти ойким ўзгаларга тилайман омад.
Олти ойким, дўстларим ҳам пана-панада
Истеъдодим сўнганидан қилар каромат.
Ниманидир ахтараман — шеърдан ҳам улуғ,
Ниманидир ахтараман — нондан азизроқ.
Дунё ўзи бепоён-ку, рангларга тўлуғ,
Бироқ менинг кўзларимдан ранглар ҳам йироқ.
Инжиқ руҳим май истайди гоҳи-гоҳида,
Фақат унинг оғушида топаман ором.
Хаёлларим сархуш бўлиб кезган чоғимда
У беармон кунларимга қайтаман тамом.
Кўз олдимда киприкдайин тизилар йиллар,
Ҳар бирига маржон бўлар аччиқ унларим.
Хира туман орасида чўғдай милтиллар,
Жайрон қувиб жайрон янглиғ ўтган кунларим.
Ўшанда ҳам бўлар эди осмону адир,
Ўшанда ҳам кезар эдик шундоқ яланг бош.
Билмас эдик китоб нима, шаҳар нимадир…
Энагамиз тунда ою, кундузи қуёш,
Қуюндайин чарх урардик доим тўзонда,
Чанг нелигин билмас эдик ўша маҳали.
Онамизни ўйлар эдик инсон деганда,
Аммо она танҳолигин билмасдик ҳали.
Балолардан асрар эди ўзи табиат,
Бошимизга сочар эди беминнат зиё.
Тўнкарилган осмон ости — шу сирли хилқат
Бизнинг учун ҳам кулба-ю ҳам буюк дунё.
Кунларимиз жилғалардай ўтдилар оқиб,
Мактаб бордик — оғир бўлиб қолдик дафъатан.
Девордаги арслон ёлли картага боқиб,
Секингина шивирлашдик: мана шу Ватан!
Ватан! Менинг бор қисматим шу бир сўзда ҳал,
Балки мен ҳам бахш этурман унга жон-танни.
Лекин дўстлар, ростин айтсам, мен ўша маҳал,
Жондан ортиқ севар эдим она-Ватанни.
Дўстлик билан бир бутундир, дердилар дунё,
Мен ҳам мангу дўстлик учун ичардим қасам.
Тайёр эдим Раҳимовдай бўлгали фидо,
Ўйлар эдим, дўстлар учун жангга ярасам.
Кўз олдимда шу қадарли пок эди олам,
Гўё нурдан яратганди инсон деган зот.
Ҳа, онамни ўйлар эдим инсон деган дам,
Йўқ, маймундан тарқамаган дердим одамзод.
Бу дунёда алам бўлмас, бўлмас деб фироқ
Даста-даста китоблардан ўқирдик таълим.
Равон йўллар қаршингизда турибди муштоқ,
Дерди бизга ҳарф ўргатган ёш бир муаллим.
Олис жануб тортганидай қушча юрагин,
Йироқларга етаклади мени бир сурон.
О, Абдулла, кўзларингни очиб қарагин,
Ким айтади бу дунёда йўқдир деб бўрон.
Йиллар она қучоғидан олди-ку юлиб,
Савдоларга урди мени мурғак ёшимдан.
Бир маҳаллар қуюндайин юрардим елиб,
Энди бўлса у айланар менинг бошимдан.
Шеър излайман бу кун Тошкент кўчаларида,
Секингина зирқирайди беором қалбим.
Мен умримнинг бу суронли кечаларида
На бир таскин топа олдим, на шеър тополдим.
Юрагимга бир маҳаллар кирган туйғулар
Энди сендан кетгаймиз деб сўрайди жавоб.
Мени бир зум ҳол-жонимга қўймайди улар,
Қўймайдилар, ваъдаларинг чиқди деб сароб.
Кўз олдимда собит турар фақат шу Ватан,
Кулбаси ҳам кенглик қадар чулғайди мени.
Туйғуларим фақатгина унга берар тан,
Юртим, мен ҳам умрим қадар севгайман сени.
Мен ҳам сенинг қуёшингда ўсиб-улғайдим,
Қарздорман, тупроғингда қолдирдим излар,
Аммо айтинг, қайда қолди у ёшлик пайтим,
Кайда қолди мен ишонган у ўзга ҳислар.
Таъна қилмай ахир севгим мукофотини
Инсон учун минг оташда куяр эдим мен.
О, қанчалар севар одим инсон зотини,
Қандай буюк муҳаббат-ла севар эдим мен.
Бугун тўниб, атрофимга қарайман секин,
Ўт беролмас қалбга энди у ёшлик дамлар.
Мен инсонни бир инсондай севардим, лекин
Нечун кўпдир ҳалигача разил одамлар.
Қайлардадир ҳамон кезар зулмат тимсоли,
Қайлардадир ҳамон тинмай оқмоқда-ку қон.
Қўзларимга гоҳ кўринар телба мисоли
Мен бир вақглар сажда қилган ҳазрати инсон.
Қайлардадир фисқу фасод, ҳасад, хусумат,
Инсоният фарзанддарин тортмоқда дорга.
Гар бор бўлсанг жавоб бер, эй илоҳий қудрат,
Наҳот гўдак ишончини ёзибсан қорга?!
Олти ойким, руҳим шундай учмиш танадан,
Олти ойким, мени хаёл эзар беомон,
Олти ойким аллакимлар пана-панадан
Тош отади дарвозасиз қалбимга томон.
Шовқин тўла кўчаларда кезаман танҳо,
Яна шеърим юва бошлар дилдан ғамимни,
Хаёлларнинг гирдобида қолганда аммо
Алам билан хотирлайман муаллимимни.
Хазон тўла боғчаларга бораман, тағин,
Яна ўзни хаёл ила шеърга ташлайман.
Тўниб қолган юрагимга бериб бир таскин
Яна қувноқ қўшиқларни куйлай бошлайман.
Не тонг, ахир фарзандмиз-ку шу замонага,
Ахир она сийнасидан фарзанд тонолмас,
Қўл кўтариб бўлармиди ахир онага,
Зотан, унга қўл кўтарган — фарзанд саналмас.

1966

БАҲОР

Яна баҳор келди. Яна оламда
Ажиб бир гўзаллик, ажиб бир баёт.
Мен сени қутлайман шу улуғ дамда,
Улуғ елкадошим, музаффар ҳаёт!
Ташбиҳ ахтармангиз ушбу ғазалдан,
Нақд жойда насия не керак асли.
Аён бир хислатинг бордир азалдан,
Сени атамишлар уйғониш фасли!
Еллар ҳам уйғонди ишқалаб кафтин,
Офтоб ҳам юксалди — тик келар қуёш.
Тоғлар ҳам юк ташлаб кўтарди кифтин,
Безавол майса ҳам силкитади бош.
Тарновлар бўғзида лола ҳам кўркам,
Терак учларида изғир мавжудот.
Ҳаттоки туйғусиз, чирик хазон ҳам
Яшил пўпанакдан боғлабди қанот.
Ҳовлиқма жилғалар чопар беэга,
Қушлар қий-чувига тўлмиш дала, боғ.
Сенинг висолингдан қувонмай нега,
Баҳор, соғинтирдинг ахир кўп узоқ!
Ялдо кечасидай рутубатли қиш
Солди руҳимизга оғир бир сурур.
Сен келдинг, уйғонди яна шўх олқиш,
Йиғлаган кўзларга тушган каби нур.
Ҳа, мангу заволлик бўлмас оламда
То суйин сочаркан абри найсонлар.
Мен сизни эслайман аммо шу дамда,
Мангуга кўз юмган азиз инсонлар.
Азалий ҳукмини ўқиди ҳаёт, —
Неча бор само ҳам кўмди қуёшин.
Иқболи саждагоҳ бўлганлар, ҳайҳот,
Ўзлари тупроққа қўйдилар бошин.
Ўн ойким, сўнмишдир у таниш наъра*.
Ҳамон фироғида фиғон чекар Шош.
Баҳор келаётир, бош кўтар, қара,
О, сурур куйчиси, донгдор замондош.
Ҳамсуҳбат бўлмадим (ким эдим зотан),
Тавоб ҳам қилмадим гулшан маконинг.
Лекин шеър баҳоси мухлисгадир тан,
Қандай чексиз эди руҳий поёнинг!
Бугун-чи, не кезар ўтли қонингда!
Эвоҳ, унда на шеър, на май, на сафо.
Бу қандай мулоқот? Не ҳол? Ёнингда
Жой олмиш ўзга бир суюкли даҳо.**
Бақиёс эди у шеър лочини!
Хаёли бамисли Кўрагонийдек.
Гар тарих эврилса, шуҳрат тожини
Унга кийгизарди Султон Улуғбек.
Балхдан ҳориб қайтган Алишер мисол
Энди тўлғизганди чўккан довотин.
Кетди бир пок сиймо, теран бир хаёл,
Қолдириб дунёда ҳеч ўчмас отин.
Бақо-ю бебақо аён буюклик
Ўтди сўнгги дамда бош эгиб қуйи.
Фақат билганидан қолмас тириклик,
Мана, гулга чўммиш Чиғатой бўйи.
Бу сокин элда ҳам ивирсир баҳор,
Ўчган хотиралар чироғин ёқиб.
Қарайман, қабрлар ястанмиш қатор,
Маъсум бинафшадан сирғалар тақиб.
Кимнингдир кўксига энгашганча гул
Мармар сағанадан ўқиб турар байт.
Баҳор, қатра ёшим айлагил қабул,
Онам бошига ҳам бордингмикан, айт?!
Унинг оромгоҳи бундан олис жой,
Олисда ётибди менинг паноҳим.
Бугун кетганига тўлибди беш ой,
Беш ойким кўксимда ёнади оҳим.
Фарёд чекканим йўқ эл ичра тақир,
Ўч ҳам олмадим мен ўз қаламимдан.
Онажон, онажон, кечиргил ахир,
Шодланмасин дедим биров ғамимдан.
Дунёдан кетмасин ҳеч ким бемаҳал,
Ҳеч кимни босмасин ногаҳон ўкинч.
Аммо ўз бошига келмагунча гал,
Онажон, тош қалблар турармиди тинч.
Куйларман хотиранг балки вақт етиб,
Бир умр ўртанур лекин танда жон.
Суронлар йўлимда турибди кутиб,
Ўзинг қўлла энди мени, онажон.
Бугун атрофингда баҳордир балки,
Балки шабнам ичра ғарқдир ҳазин тош.
Майсалар тенгрангда қатордир балки,
Лекин сен ётасан кўтаролмай бош…
Бунчалар қаттолсан, о сирли олам,
Бунчалар бедилсан, бепоён хилқат.
Сенинг ҳикматингнинг сўнги-ку одам,
Наҳотки шунга ҳам қилмайсан шафқат.
Майса ҳам уйғонар қайта қиш ўтиб,
Заррача бўлса ҳам бир ҳиммат унга.
Наҳотки энг улуғ фарзандинг кетиб,
Бошин кўтаролмай ётса мангуга.
Онамни сўрайман сендан эрта-кеч,
Қайтар деб сўрайман чок этиб яқо.
Лекин менинг дардли саволимга ҳеч
Жавоб беролмассан, о, соқов даҳо!
Жавоб олабилди ҳеч ким ҳам зотан:
На султон, на гадо, на шоҳ, на фақир.
Ким қанча қувмасин сенинг ортингдан
Бир уюм тупроқни кўрсатдинг ахир.
Ҳаёт талвасаси тинмагай, аммо
Мангу боқий қолур Инсон ва Хаёл.
Мерос аталмагай барчага фано,
Кисмат аталмагай ҳар кимга завол.
Фақат ўтмиш билан яшамас инсон,
Гарчанд бўлолмайди ундан ҳеч озод…
Кечаги ғамини ўйласа обдон
Букчайиб қоларди бугун одамзод.
Кетган азизларни хотирлаб гоҳо,
Майлига, чекайлик бир зумгина оҳ.
Ҳаёт тантанаси бошланмиш, аммо,
Дўстлар, нур васлига ташлайлик нигоҳ.
Шу буюк офтобнинг мукофотини
Эъзозлаб қўяйлик айтиб шукрона.
Дилдан ўчирайлик ғамнинг отини,
Баҳор ҳам бахт каби ахир ягона.
Бу кун шеъри чиққан шоирдай дунё
Жилмайиб қўяди барчага масрур.
Темурбек гумбазин қўйнини гўё,
Ёритгани каби бир лаҳзалик нур.
Дилбар келинчакнинг кўксида ғулу,
Зардолу шохига ташлар кўз қирин.
Барг аро шуълалар кафтлармикан у…
Баҳор тетапоя гўдакдай ширин.
Юксак арғувоннинг учида ҳилол
Пахмоқ булутларни этади нимта.
Қайдадир шоира куйлайди беҳол:
— Кўнглим ҳам бу кеча ойдай яримга…
Увада камзулда биллур тугмадай
Булутлар ортидан боқади юлдуз.
Қайдадир юртини эслаб инграр най,
Қайдадир қўзигул ёради илдиз.
Қайдадир гулшандан ахтариб висол
Ел кезар — тоғларнинг гўзал арвоҳи.
Шоирнинг дилрабо байтлари мисол
Оҳ тортиб тизилар турналар гоҳи.
Қизғалдоқ баргидек учар дилдан ғам,
Тошқинлар киради қалбимга маним.
Баҳоринг муборак бўлсин ушбу дам,
Менинг Ўзбекистон — дилбар Ватаним.
Фақат сен қалбимга чўктирмай малол
Чарчаган руҳимга илҳом солурсан.
Баҳор ҳам, умр ҳам ўтар эҳтимол,
Фақат сен дунёда мангу қолурсан.
________
* Ғ.Ғулом кўзда тутилган.
** М Шайхзода кўзда тутилган.

1967

АРМАНИСТОН

Ватаним қуёшга кўксини очиб,
Осиё қўйнида яшнаган бўстон.
Мен бу кун дарёлар, тоғлардан ошиб,
Қучоғингга келдим, гўзал Ҳаястон.
Бир ёнингда турар оқсоч Арарат —
Тоғлар тасбиҳининг гавҳар донаси.
Нима ҳам дер эдим, гўзалсан фақат,
Эй, сен арман юртин ғамгин онаси.
Бир ёнингда эса Севандай баҳр,
Мисоли булутлар ичида қамар.
Арман ҳасратлари бари бундадир,
Бундадир Мажнуннинг дўсти Оҳтамар*.
Бунда Сосун ўғли кезиб юрибди.
Отдан тушган эмас ҳамон фидойи.
Минг йиллик ғамлардан сўйлаб турибди
Гарни харобаси, Звартноц жойи*.
Гўзал Арманистон, эй қадим диёр,
Эй, Одам Атонинг ўгай боласи.
Қанча кўп дарбадар фарзандларинг бор*,
Барининг кўксида ўкинч, ноласи.
Уч бўстон булбули Саят Наво бу,
Қўлида сози-ю, қалбида алам.
Туманян юртим деб чекканда қайғу,
Арман қисматига йиғлади олам.
Чаренц таъналардан ҳайиқмай тақир,
Шеърият кўкида кўтарди ялов.
Ҳайҳот, бу зотни ҳам ёндирди охир,
Ўзи муқаддас деб сиғинган олов.
Гўзал Арманистон, мени афв эт,
Даъвом йўқ шуҳратинг овозасига.
Сен билан турибман бу кун бетма-бет
Бош уриб Ереван дарвозасига.
Буюк фожиангнинг гувоҳи эрур
Жаҳон пучмоғида ҳар етти тараф.
Йўл усти сенга ҳам қўнганди Темур,
Сени мутаб ётди неча йил араб.
Афсона ошиғи буюк Искандар
Саройларинг бузди эрмакка фақат.
Дунёга тўзғидинг бамисоли пар,
На Салжуқ, на Чингиз қилишди шафқат.
Тозига чап бериб қочган ҳар тулки
Арман тупроғини бўяди қонга.
Босқинчи сўзининг маъноси шулки,
Нонга тўйганда ҳам тўймас маконга.
Тарих деб аталган қисмат бу, ахир,
Қошида юзтубан ҳаттоки худо.
Кимни у камситиб, этмаган таҳқир,
Кимни у юртидан қилмаган жудо.
Менинг ҳам ватаним жанглар гувоҳи,
Менинг ҳам тупроғим топталганди хор.
Менинг ҳам руҳимда аждодлар оҳи,
Менинг ҳам қонимда қилич занги бор,
Минорлар эмас бу — фалакка қасам,
Касоскор боболар кетмишлар санчиб.
Мен тортган ғамни ҳам бир-бир санасам,
Ўлик фиръавнлар кетарлар сапчиб.
Яхшиям неча бир замонлар ўтиб,
Кўрдик ватанимиз озод, музаффар,
Гўё таъна тошин саноғи битиб,
Тарих сопқонидан тушган каби зар.
Яхшиям замонлар дастурхонида
Баробар турибмиз таъми бир туздек,
Яхшиям қуёш бор толе тонгида,
Арман май шишаси узра юлдуздек.
Гўзал Арманистон, эй қадим диёр,
Эзгу эҳтиромим қабул эт жондан.
Сен қанча бўлмагин сулув ва дилдор,
Юрт излаб келмадим Ўзбекистондан.
Мен бир кезиб юрган куйчи шоирман,
Не тонг, Ҳаястонга келибман бу кун.
Бахтни куйламоққа анча моҳирман,
Ғамни куйламоққа тилларим тугун.
Ташна бу руҳимга шеър бўлиб кирди.
Мовий дараларда асрлик туман.
Шеър мени чаманлар сайрига бурди,
Саргашта этган ҳам ўша “ёсуман”.
Хайр, Арманистон, эй, гўзал диёр,
Хайр, Наирининг тонгги саломи.
Хайр, Севан кўли, пок ва беғубор,
Хайр, мангу ўлмас арман каломи.
Эзгу тилакларим сен учун бўлсин,
Ўтмишинг қадарли боқий бўл, бор бўл.
Йироқ фарзандларинг бағрингга тўлсин,
Барига она бўл, сингил бўл, ёр бўл.
Доим мағрур турсин Гарнида Кеғарт*,
Оҳу тўдалари кезсин мардона.
Мендай ҳорғин йўлчи келганда фақат
Ўзингни бегона тутмагин, она.
_________
* Оҳтамар — мажнунсифат ошиқ образи.
* Гарни, Звартноц — қадимий ибодатхоналарнинг харобалари.
* Арман халқининг катта бир қисми тарих тақозоси билан бутун дунёга сочилиб кетган.
* Кеғарт — арманча йўлбарс дегани. Гарнида шундай ҳайкал ҳам бор.

1967

ЮРТИМ ШАМОЛИ

Йўлларда елдирим мисоли елдим.
Еллар водийсига бошлади ҳавас.
Елвагай Ҳисорнинг бағрига келдим,
Сен эсдинг — таралди сийм танда атлас,
Сен эсдинг — очилди ёрнинг жамоли,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.

Мен-ку бу дунёда бир зори висол,
Карбало даштида Мажнун сифатман.
Шамоллар ичида мен ҳам бир шамол,
Чечаклар атридан мен ҳам сармастман.
Лекин сен руҳимнинг мангу хаёли,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.

Қанча шамолларга юзимни бурдим,
Улардан эсдилар турфа хил нафас.
Уларда гоҳ қайғу, гоҳ шодлик кўрдим,
Тўхтамай ўтдилар бари ҳам бир бирпас.
Фақат қайғулардан сен ўзинг холи,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.

Шамоллар эсгандир ушбу дунёда,
Шамоллар гоҳ қуюн, гоҳида довул.
Улар гоҳ ошкора, гоҳо рўёда
Қанча бўстонларни совурган буткул,
Лекин сен бўлмагин боғлар заволи,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.

Эсгин, эй, боғларнинг жамоли кулсин,
Мовий нафас билан тўлсин этаклар.
Учқур қўшиқларга бу олам тўлсин,
Шаънингга шоирлар айтсин эртаклар.
Эсгин, Ватанимнинг таралсин боли,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.

Мени чорлаётир олий бир жамол,
Билмасман, оҳ, унга қачон етурман.
Бу гулшан водийда мен ҳам бир шамол,
Шамол каби кедцим, шундоқ кетурман.
Лекин Абдулланинг боқий камоли,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.

1969

ОЛОМОНГА

Машраб осилганда қаёқда эдинг?
Чўлпон отилганда қаёқда эдинг?

Суриштирганмидинг Қодирийни ё
Қалқон бўлганмидинг келганда бало?

Ҳукмлар ўқилур сенинг номингдан,
Тарихлар тўқилур сенинг номингдан.

Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?
Нечун томошага бунчалар ўчсан?

Қаршингда ҳасратли ўйга толаман,
Қачон халқ бўласан, эй сен, оломон?!

1980