Абдулла Айизов (1962)

Абдулла Айизов 1962 йилда туғилган. Жаҳон тиллари университетининг рус тили ва адабиёти факултетини битирган. “Отам ёди”, “Бир гап бўлар” тўпламлари чоп этилган.

ЮРАГИМ

Юрагим…
Қишлоқдан шаҳарларгача
Кетгандир кенгайиб, тўлишиб.
Қалбим осмон каби юксалиб борар,
Ватаним бахтини мадҳ этгум жўшиб.

Дунё харитаси. Мен унга боқиб,
Устига юрагим қўйдим шул замон.
Қувончдан ҳайқирдим! Юрак ўрнида
Битилган эзгу сўз — ҲУР ЎЗБЕКИСТОН.

МАКТАБ

Куни-кеча ўқувчи эдик,
Қўлдан тушмас эди Алифбо.
Ичимизда шундайин дердик:
Муаллимлар — сеҳргар гўё.

Бугун ҳамма улғайиб шодон,
Ҳаёт гулшанида кезиб юрибмиз.
Устозларнинг меҳрини ҳамон
Юрак билан сезиб турибмиз.

Кетмас сира хаёлимиздан
Муаллимлар ҳар сўзи, панди.
Дўстлар, кетманг ҳеч орамиздан,
Ҳар кимнинг бор дилга пайванди.

Қучоғингда юрагим, мактаб,
Хотирада мангу қолажак.
Бу даргоҳдан илм олганлар,
Қўлидадир ҳали келажак.

Етарлидир илм ва ҳунар,
Ишончингни шогирдлар оқлар.
Ўзбекистон — нурли диёрнинг,
Истиқболин севиб ардоқлар.

ЙЎЛ

Ким билади дейсиз, бу йўлнинг умри,
Балки минглаб одам умридан узун.
Кимлардир югурган шу йўлда шошиб,
Суюнчи олгани мен туғилган кун.

Эсдан чиқмас сира, қувончга тўлиб,
Болалик, ёшликда бу йўлни кездим.
Гоҳ маҳзун, гоҳида шодумон бўлиб,
Ўз йўлим борлигин қалб ила сездим.

Бу йўл балки бир кун қайғуга ботар,
Унсиз йиғлар бунда кундуз ила тун.
Қишлоқдошлар олиб кетма-кет ўтар,
Сўнгги манзил томон, энг охирги кун.

Биламан, бу йўлнинг умри беҳудуд,
Ўзи ҳам ғоятда узундан-узун.
Кимни кутиб олар, кимни кузатар,
Одамларга ҳамроҳ хоҳ кундуз, хоҳ тун.

Ким билади дейсиз.. бу йўлнинг умри,
Минглаб одамларнинг умридан узун…
 
МУҲАББАТ ХОТИРАСИ

Юрагимни юлиб кўксимдан,
Музликларга кўмсайдим зимдан.
Беролмас қалб чўғига бардош,
Замин ёққа тикилса Қуёш.

Ўшал кунлар келсайди қайтиб,
Муҳаббатнинг қўшиғин айтиб.
Сизни кўрсам бўлиб бахтиёр,
Юрагимда қолмасди ғубор.

Бир оғиз сўз орани бузиб,
Шодлик торин нетдилар узиб.
Севги кўкси тилиниб лоҳас,
Ишқ тўлқини қолди-ку бесас.

Муҳаббатда алданиш оғир,
Таскин бермас десалар “тақдир!”
Ўшал кунлар келсайди қайтиб,
Муҳаббатнинг қўшиғин айтиб…

ОТАЖОН

Сиҳатлигим учун қувнаб юрсам ҳам,
Турмушим, мавқеим бўлса-да бекам,
Ҳолимдан ҳар лаҳза эдингиз огоҳ,
Отажон, ўрнингиз билинмоқда гоҳ.

Элнинг назаридан қолма, болам, деб,
Дуо ол, қарғишга қолма, болам, деб,
Насиҳат, маслаҳат бердингиз у кун,
Отажон, ўрнингиз билинди бу кун.

“Неки хизмат қилсанг, қилгил беминнат,
Эл-юртни эъзозла, хор этмас меҳнат,
Ҳақ йўлдан адашма, дедингиз, фақат”.
Отажон, ўрнингиз билинди бу кун.

Оға-иниларим ҳар ишимда бош,
Дўсту биродарлар — мисоли кўз-қош,
Ҳеч ким бўлолмайди Сиз каби сирдош,
Отажон, ўрнингиз билинди бу кун.

СЕНГА

Сендан кейин,
Тушми ё ўнг:
Бутун борлиқ ўзгача.
Боғу-роғлар, юрган йўллар,
Ҳатто, нону-тузгача.
 
Сендан кейин,
Мен МЕН эмас,
Мен ўзимга ўзгача.
Видолашдик аро йўлда,
Етмоқ қани, кузгача?!

Сендан кейин,
Кўксим оташ!
Ёндирди-ку музгача…
Бирга ўтган дамлар энди —
Хотирадир изгача.

ТЎРТЛИКЛАР

Во ажаб, нозикдир одамзод кўнгли,
Мудом бир текисмас бу кўнгил йўли.
Ким уни тарк этур, кимдир очади,
Шул сабаб, гоҳ шодмиз, гоҳида мунгли.

* * *

Инсон табиати азалдан қизиқ…
Тақдир — кўз илғамас беҳисоб чизиқ.
Ҳар кимсага ҳамроҳ ўз умр йўли
У мудом текисмас: гоҳ кенг, гоҳ сиқиқ…