Абдуғулом Абдуғани (1952-2016)

Абдуғулом Абдуғани 1952 йилда туғилган. Андижон давлат педагогика институтини (ҳозирги АДУ) тугатган. “Дилим бўзлар”, “Садоқат рамзи”, “Пойма-пой калит”, “Ошуфта дил” китоблари чоп этилган. 2016 йил 8 декабрда вафот этди.

КУЙГАНДА КЎР

Рўзвон холанг чакки эмас, ўйинни хўп қийганда кўр,
Ёши саксон бўлса ҳамки, “сувпари”ни кийганда кўр.

Каминага ишончи йўқ, қайга борай ёнимда ул,
Қиё боқса бирор кампир рашк ўтида куйганда кўр.

Баъзан қуруқ келсам, холанг нос қовоғин олиб қўлга,
Қани “ўрис писта” дея, хўп бошима туйганда кўр.

Эрталабдан то кечгача ойна-жаҳон олдидадир,
“Ну погоди” бўлмади деб, гоҳо қовоқ уйганда кўр.

Ўйламагил Тўқсон бувам қийин кунга қолибди деб,
Парқу ёстиқ келтирганча эркалатиб суйганда кўр.

Ҳой Ғуломжон, бугун байрам акагинанг меҳмони бўл,
Шунда узум шарбатини қадаҳларга қуйганда кўр.

МОМОНГНИНГ ФЕЪЛИ ҚИЗИҚ

Шу ёшгача момонгнинг тушунмайман феълини,
Тан олмайди гоҳида уруғ-аймоғ элини.

Юз буришар, қош кериб қалампир чайнагандай,
Ёқмай қолади қўққис “буви” бўлган келини.

Товуққа дон септирмас, гоҳ оч қолар бедана,
Соғдирмасдан говмишни тўлиб кетар елини.

Аччиқ қилиб Мастонга қорайтирай деб, обдон
Суртибди сочларига “аччиқ тош”нинг селини.

Музқаймоқ келтирмадинг деб, қишнинг чилласида,
Қувлаб қолса бўларми қўлга олиб келини?

Бўлди, бас қил, кампиржон қон босим баланд десам,
Пешонамга чаплади билмай “фастум гель”ини.

Эй Ғуломжон, момонгни бобонг шундай севади,
Эркалатиб тунлари силаб чиқар белини.

ЁНОҒИНГДАН

Зерикмам ҳеч қачон кампир сенинг тумшуқ қовоғингдан,
“Ҳануз яхши кўрармусиз?” дея берган сўроғингдан.

Кўтаргум ҳар неки жаҳлинг, вале, ўзга иложим йўқ,
Пешона, кўз, юзим ҳатто кўкарган “нос қовоғ”ингдан.

Кўзингга бир умр боқдим, юзингни ой дедим ёлғиз,
Эссиз бир бора чўзмабман ажин босган қулоғингдан.

Қулоғим тинчимас ҳаргиз, онанг қўйган бўз кўйлагу
Отангдан эсдалик қолган тошойна ҳам товоғингдан.

Булутдек оқ майин зулфинг менга қоп-қорадир ҳар он,
Гулираъно, атиргулнинг бўйи келгай тароғингдан.

Чолинг Тўқсон, ҳали бардам, олиб юргай сени қиздай,
Хотиржам бўл, камитмасман, хино, сурма, бўёғингдан.

Ғулом ногоҳ гувоҳ бўлди, аларнинг сўнгги сўзидан:
Кел, энди кўрмасин ҳеч ким, бўса бергил ёноғингдан!

ЧЕЛАК ҒИЛДИРАШИ

Эшит ўғлим, хуноб қилди тунда қорин гулдираши,
Хосиятсиз бу “товуш”дан момонгни ҳам келди ғаши.

Кундуз қатор зиёфатлар бўлиб ўтди, тўй мавсуми,
Иштаҳани қитиқларди қази-қарта мўлтираши.

Девзира ош, сомса, лағмон, иссиқ кабоб димоғ ёрар,
Емай десанг, қўймас сира нафс қурғур ўт қалаши.

“Салқин сув”лар ҳазми таом эмиш, Эшмат бобонг айтди,
Йигитликни эсга солди “Кока кола” чулдираши.

Қорин бураб, мижир эди, кўнгил эса алоқ-чалоқ,
Авжга минди “югур-югур”, мисли челак ғилдираши.

Келишолмай турли таом “жикка мушт”га тушганича,
Битим тузмай тез орада тарқаб кетганми “кенгаши?”

Оҳ, тонггача тинка-мадор қуриб, тандан кетди мажол,
“Тез ёрдам”нинг ёрдамила тинди таним қалтираши.

Эй Ғуломжон дўхтирлар ҳам бор бўлсину бобонгга лек,
Даво бўлди ул момонгнинг “очофат” деб, эркалаши.

ҚОЙИЛ

Холанг Рўзвон улуғ ёшда, бодом чаққонига қойил,
Қулоқ тештириб, бир жуфт зирак таққонига қойил.

Ўзи қассобдан олгай гўшт, “Лаҳм эрмас суякли” деб,
Тановвул чоғида обдон илик қоққонига қойил.

“Чиннихон” деб исмланган қора говмуш унга ҳамроҳ,
Бузоғин тутқазиб менга, сигир соққонига қойил.

Бўяб қошу қобоғини, юзига “бетёғи” суртиб,
Қизил рангга бўяб лабни “олов” ёққонига қойил.

Туни бирлан қурар суҳбат, ани хўб уйқуси қочган,
Саҳар чоғи келинчакдек кулиб, боққонига қойил.

“Келин қайнонадан қолмас” деган элда нақл бордир,
Онамнинг феъли атвори анга юққонига қойил.

Ғулом ҳайратланар англаб, бобосин муддаосини,
Муҳаббат сувлари қонда мудом оққонига қойил.

КИШМИШ БИЛАН СИЙЛАР

Холанг етмиш ёшида ҳам бобонгни иш билан сийлар,
Гоҳи ёшлик чоғин эслаб, қошин чимриш билан сийлар.

Сайр чоғи кўзин узмай, менга зимдан разм солгач,
“Бирам шўхсиз” дея тергаб, қулоқ чимчиш билан сийлар.

Аёлларнинг қулоғи динг, холанг ҳам шу қавмдандир,
Келиб тўю маросимдан қизиқ миш-миш билан сийлар.

“Бугунчи қўшни қишлоқдан сочи пахмоқ қизингизга
Яна бир совчи келди” деб, ширин ташвиш билан сийлар.

Қачон шоҳмот ўйинида Сувонни мот қилиб келсам,
Соқолим кўзига суртиб, суйиб, олқиш билан сийлар.

“Ҳамиша чолгинам бардам бўлинг” деб, белни қучганча,
Шу он сархил узум, қаймоқ, патир, кишмиш билан сийлар.

Бугун меҳмонимиз бўлсанг сени – шоир Ғуломим деб,
Холанг байту ғазал бирла, дутор чертиш билан сийлар.