Убайдий (1486-1540)

Убайдуллахон, Убайдулла Султон, Убайдий (тўлиқ исми: Абулғозий Убайдуллоҳ Баҳодирхон ибн Маҳмуд Султон ибн Шоҳ Будоғ Султон ибн Абулхайрхон) (1486, Хоразмнинг Вазир шаҳри яқинидаги Тирсак мавзеси — 1540.17.3, Бухоро) — Бухоро хони (1533—40), шоир. Шайбонийлар сулоласидан. Муҳаммад Шайбонийхоннинг жияни, Маҳмуд Султоннинг ўғли.

Отасининг илтимосига кура, унга Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ўз исмини берган. Тасаввуф бўйича дастлабки сабоқни отасининг пири Мавлоно Муҳаммад Қозидан олган. Убайдуллахонга ўз даврининг машҳур уламолари Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон, Махдуми Аъзам, Мавлоно Муҳаммад Азизон, Мавлоно Хожа Муҳаммад Садр ва бошқа устозлик қилган. Хусусан, унга давлат арбоби ва саркарда амир Абдулла Яманий (Бухорода Мир Араб номи билан машҳур бўлган) ҳарбий санъатдан сабоқ берган ва ўзига мурид қилиб олган.

Хоразм ва Бухоро ҳокими бўлган отаси Маҳмуд Султон Қундузда вафот этгач (1504), унга Ўрусбек Дўрмон (1512 йил Кўли Маликда бўлган жангда ўлдирилган) оталиқ қилиб тайинланган. Убайдуллахон амакиси Шайбонийхоннинг Хоразм (1505), Балх (1506), Ҳирот ва Машҳад (1507)га қилган ҳарбий юришларида қатнашган. Дастлаб сафавийлар қўшинининг Мовароуннаҳр ичкарисига бостириб киришидан чўчиган Убайдуллахон ва Муҳаммад Темур Султон (Шайбонийхоннинг ўғли) шоҳ Исмоил I билан элчилар алмашиб, сулҳ тузишга уринганлар.

Шайбонийлар сулоласининг хони Кўчкунчихонинг асосий ноиби (1510 йилдан) ва Бухоро ҳокими (1504 йилдан) сифатида Убайдуллахон душманга қарши курашга отланган. 1511 йилда бўлган жангда енгилган Убайдуллахон ва Кўчкунчихон, Самарқанд ҳокими Суюнчхўжахон, шунингдек, Муҳаммад Темур Султон ва Жонибек Султон ўз яқинлари билан Туркистон шаҳрига чекинадилар.

1512 йил 28 апрелда Кўли Малик жангида Убайдуллахон ғалаба қозониб, Бухоро ва Самарқандни эгаллайди. 1512 йил баҳорида Убайдуллахоннинг шижоати натижасида Мовароуннаҳр яна шайбонийлар қўлига ўтди. Бироқ Исмоил I юборган Нажми Соний бошчилигидаги 60 минг кишилик сафавийлар қўшинига суянган Бобур 1512 йил кузида Ғузор ва Қаршини эгаллайди. Нажми Соний қўшини Ғиждувонни қамал қилишга киришди. Убайдуллахон ва Жонибек Султон Карманага; Кўчкунчихон ва Темур Султон Миёнколга чекиниб, ҳал қилувчи жангга тайёргарлик куришади. 1512 йил 24 ноябрдаги Ғиждувон жангида Убайдуллахон бошчилигидаги қўшин ғалаба қозонган.

1513 йил январда Убайдуллахон бошчилигидаги қўшин Хуросонга ҳарбий юришлар қилиб, сафавийларга кучли зарбалар берди. 1513 йил 11 мартда Убайдуллахон Марвни эгаллайди. Бу орада Убайдуллахон Хоразмни ҳам эгаллаб, ўғли Абдулазизхонни ҳоким қилиб тайинлайди. Узоқ давом этган ҳарбий тўқнашувлардан сўнг Машҳад, Ҳирот (1529) ва бошқа шаҳарлар эгалланди. Убайдуллахон Ҳиротдаги мураккаб вазиятни тартибга солиш (бу ерда шиаларнинг таъсири кучайиб кетган эди) ва унинг Бухоро билан алоқаларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратган. Кучкунчихон вафот этгач, унинг ўғли Абу Саидхон даврида ҳам Убайдуллахон ноиблик вазифасида қолган.

1533 йилда Абу Саидхон вафотидан сўнг, туркий анъанага биноан султонлар ичида энг ёши улуғи Убайдуллахон Бухорода шайбонийлар сулоласининг хони қилиб кўтарилган. Пойтахт ҳам Самарқанддан Бухорога кўчирилиб, давлатнинг номи расмий равишда Бухоро хонлиги деб аталган. Убайдуллахон ҳукмронлиги даврида Бухоронинг сиёсий, иқтисодий ва маданий марказ сифатидаги мавқеи кучайди. Бухорода Мир Араб мадрасаси, Мирак Сайд Ғиёс боғи, Кўҳак (Зарафшон) дарёси устида Меҳтар Қосим кўприги ва бошқа иншоотлар қурилди.

Убайдуллахон яссавия ва нақшбандия тариқатларига эътиқод қилиб, шайх сифатида муридлар ҳам тарбиялаган. Убайдуллахон «Убайдий», «Қул Убайдий», «Убайдуллоҳ» тахаллуслари билан узбек, форс ва араб тилларида ижод қилган. Унинг учала тилдаги девонларини ўз ичига олган куллиёти кейинчалик Мир Ҳусайн ал-Ҳусайний томонидан кўчирилган (1583). Убайдуллахоннинг туркий девонида 310 ғазал, 430 рубоий, 11 туюқ, 18 маснавий, 7 муаммо, 2 ёр-ёр мавжуд. Шунингдек, девондан диний-тасаввуфий ва ахлоқий-дидактик руҳдаги «Омонатнома», «Шавқнома», «Ғайратнома», «Сабрнома» манзумалари ўрин олган.

Форсий девонида эса 163 ғазал, 418 рубоий, 7 қитъа, 1 фард, 1 маснавий, 1 таржеъбанд ва 3 муаммо бор. Араб тилидаги мероси 35 га яқин ғазал, қитъа ва фардлардан иборат. Убайдуллахон Аҳмад Яссавий асос солган ҳикматнавислик анъанасини ривожлантирган. Ундан 1786 байтдан иборат 220 дан ортиқ ҳикмат етиб келган. Убайдуллахон ижодида диний-тасаввуфий ғоялар етакчилик қилади.

Убайдуллахон ўзбек ва форс адабиётидаги йирик рубоийнавислардан ҳисобланади. Унинг бу 2 тилдаги рубоийлари 850 га яқин. Хусусан, ўзбек адабиётида рубоийнинг Бобурдан кейинги тараққиёти Убайдуллахон номи билан боғлиқ. Шоир шеърларида ўзбек тилининг бой имкониятларидан, узига хос хусусиятларидан маҳорат билан фойдаланган.

Убайдуллахон Бухоро яқинида жойлашган Баҳоуддин мажмуасидаги Дахмаи шоҳон (Шохлар дахмаси)даги шайбонийлар хилхонасида дафн этилган. Убайдуллахон куллиёти ягона нусхада Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қулёзмалар фондида (инв. №8931), «Девони Убайдуллохон» қўлёзмаси Туркиянинг Нури Усмония кутубхонасида (инв. №4904), «Масоил ус-салот» номли терма баёзи Кўниёдаги Иззатқуюн хусусий кутубхонасида сақланади.

* * *

Ошиқ эрмастур киши девона бўлмаса,
Ғам дашти ичра сокини вайрона бўлмаса.

Не ошиқ ўлғай ул кишиким жону кўнглини,
Ўз дилбариға сарф этиб, афсона бўлмаса.

Келмас ўзига ошиқи мадҳуш соқиё,
Оҳу фиғону наъраи мастона бўлмаса.

Бўстон аро очилмағуси ғунчадин кўнгул,
Гул мавсумида бодаю паймона бўлмаса.

Ғам кулбасида найлағай эрдинг, Убайдий,
Соқию жому мутрибу паймона бўлмаса.

* * *

Ёр истамаким, олам аро ёр топилмас,
Топилса дағи мушфиқу ғамхор топилмас.

Ахтарсанг агар бир яратиб икки жаҳонни,
Мендек сенга бир зору гирифтор топилмас.

Ҳушёр нетарсен тилабон, эй кўзи усрук,
Мастона кўзунг даврида ҳушёр топилмас.

Кўп ёр агарчи топилур сенга валекин,
Жон бергучи мен каби вафодор топилмас.

Дийдор ғанимат турур, эй телба Убайдий,
Дийдоридин айрилмаки, дийдор топилмас.

* * *

Кўрар кўзимсан, эй жону жаҳоним,
Севар ёрим, азизим, меҳрибоним.

Тараҳҳум қилки, бўлди хоки роҳинг,
Тани фарсуда, жисми нотавоним.

Кўнгул уйин бузар сели сиришком,
Ҳам ўтлуқ нолаю оҳу фиғоним.

Сенинг ишқингда Мажнун қиссасидек,
Эл ичра топти шуҳрат достоним.

Убайдийға топилмас олам ичра,
Сенингдек мушфиқ, эй ороми жоним.

* * *

Бир лаҳза кўнглум ўлмади беғам замонадин,
Тўйди замона мендину мен ҳам замонадин.

Етмай кўнгулга шодлиғ, эй ҳамдамим,йетар,
Юз минг ғаму алам анга ҳардам замонадин.

Жамъиятики бор эди кўнгул диёрида,
Ул доғи бўлди бир йўли дарҳам замонадин.

Кўнглум гули бу гулшан аро сўлғали даме,
Умрим ниҳоли бўлмади хуррам замонадин.

Марҳам жароҳатингға, Убайдий, тиларни қўй,
Етмас жароҳат аҳлиға марҳам замонадин.

* * *

Шамъ эрур парвонанинг ҳолиға гирён ҳар кеча.
Йиғларам они кўруб мен ҳам фаровон ҳар кеча.

Аҳду паймонни танимас тонгға будур турфаким,
Жону кўнглум бирла айлар аҳду паймон ҳар кеча.

Кўргали ҳусн авжи узра моҳи тобоним анинг,
Уялиб юз ёшурур хуршеди тобон ҳар кеча.

Анбар афшон зулфининг савдосидин Мажнун бўлуб,
Сўзни ўз-ўзумга айтурмен паришон ҳар кеча.

Тортамен уммед ила ҳар кун фироқи дардини,
Васлидин қилғайму деб дардимға дармон ҳар кеча.

Айларам бир гул ғамидин нотавон булбул каби,
Тинмайин ҳар лаҳза тонг отқунча афғон ҳар кеча.

Ҳолима раҳм айламай кўнглим қушин парвонадек,
Эй Убайдий, ўртар ул шамъи ҳабистон ҳар кеча.

* * *

Неча ул ой жонимизға жавру бедод айлагай,
Ўзгаларнинг шод айлаб, бизни ношод айлагай.

Кўрсат, эй кўнглум, бориб ўзингни ул дилбарғаким,
Шояд ул соат сени кўргач, мени ёд айлагай.

Оҳким ғам селидин вайрон эрур кўнглум уйи,
Эмди ул вайронани ким бўлғай обод айлагай.

Ишқи иш андоқ қилай даврингда, эй лайливашим,
Не они Мажнун қила олғай, не Фарҳод айлагай.

Эй Убайдий, йўқтур андоқ дилбари олам аро,
Нотавон кўнглумни ғам қайдидин озод айлагай.

* * *

Сарв қадлар сарвари гулчеҳрадур, ёр-ёр,
Дилраболар дилбари гулчеҳрадур, ёр-ёр.

Гулчеҳралар бирла боғ гулшан эрур, ёр-ёр
Гулшан аро сиз мудом гулхан эрур, ёр-ёр.

Гулчеҳралар исидин тўлди жаҳон, ёр-ёр,
Бошдин оёқ муаттар бўлди жаҳон, ёр-ёр.

Гулчеҳралар қомати тўби эрур, ёр-ёр,
Жаннат аро тўбининг хўби эрур, ёр-ёр.

Сарви саҳийдек бўйи нозик эмиш, ёр-ёр,
Бўйи каби ҳам хўйи нозик эмиш, ёр-ёр.

Меҳрки гулдин аён бўлғусидур, ёр-ёр,
Булбулу гул меҳрибон бўлғусидур, ёр-ёр.

Бир-бирининг қадрини билса керак, ёр-ёр,
Айлагуси шукрини қилса керак, ёр-ёр.

* * *

Қойин эна давлати янга эрур, ёр-ёр,
Иззатию ҳурмати янга эрур, ёр-ёр.

Қойин ини янгасин олғусидур, ёр-ёр,
Ой юзингга кўзларин солғусидур, ёр-ёр.

Урса сафойи анинг шайдо бўлур, ёр-ёр
Глояти йўқ меҳр анга пайдо бўлур, ёр-ёр.

Бир-бирига меҳрибон бўлғусидир, ёр-ёр,
Бир-бири меҳри билан тўлғусидур, ёр-ёр.

Янга мунингдек зариф бўлмас эмиш, ёр-ёр,
Хулқию ҳусни латиф бўлмас эмиш, ёр-ёр.

Қайни ини янганинг қадрини бил, ёр-ёр,
Билиб анинг қадрини шукрини қил, ёр-ёр.

Нуқтасига бу сўзнинг йетмак керак, ёр-ёр,
Иззатини яхшироқ этмак керак, ёр-ёр.

* * *

Сабзаи хаттин кўруб, дерменки, берсам жон анга,
Ким хатидур Хизру манзил чашмаи ҳайвон анга.

Кўрмадим бир зарраи меҳр ул қуёшдин, эй рафиқ,
Мунчаким кўнглум фалакдек бўлди саргардон анга.

Васли кўнглумнинг насиби бўлмоғидин англадим,
Ким насиб ўлмиш азалдин меҳнати ҳижрон анга.

Чун кўнгулдин чиқса ҳижрон кечаси оҳим ўти,
Ғунчадек ўтлуқ кўнгулдур оташин пайкон анга.

Эй Убайдий, ҳолатингни йиғлабон ёр оллида,
Ошкор этмак на ҳожат, чун эмас пинҳон анга.

* * *

Гул сори қилмон назар зебо жамолинг борида,
Кўзга олмон сарвни нозик ниҳолинг борида.

Қилмади ҳусн аҳлиға ҳаргиз вафо ҳусну жамол,
Қил вафо, эй бевафо, ҳусну жамолинг борида.

Истамон ҳайвон суйин, босмон, доғи ичмон ани,
Дам-бадам жон бергучи ширин зилолинг борида.

Ҳар сори қилса азимат, борғил ул дилдор ила,
Қолма зинҳор эй кўнгул, андин мажолинг борида.

Эй Убайдий, ул париваш васлини қилғил хаёл,
Қилмағил ўзга хаёл ушбу хаёлинг борида.

* * *

Ўртанур ҳажр ўтиға жисми фигорим сенсиз,
Куядурмен, нетай, эй лола узорим, сенсиз.

Равнақи боғу баҳорим эдинг, эй сарви сеҳи,
Топмади нашъу намо боғу баҳорим сенсиз.

Ҳар неча кўкдин ўтуб бузди малойик кўнглин
Оҳу афғоним ила нолаи зорим сенсиз.

Туфроғим соврулубон чиқти қуюндек, эй сарв,
Сарсари ҳажр ила гардунға ғуборим сенсиз.

Сабр этиб қилмас эдим нола Убайдий ёнглиғ,
Йўқтурур, ваҳ, нетайин сабру қарорим сенсиз.

* * *

Умрлар айлаб саломат сўзларин ўздин йироқ,
Бўлмадим ҳаргиз саломат аҳлидек сўздин йироқ.

Шомдек зулфунгни олғил субҳ (да) юздин, дедим,
Дедиким: бўлғон эмастур кеча кундуздин йироқ.

Кўзни, билмон, нега юмдум васл айёмидаким,
Кўз юмуб очқунча бўлдум ул қаро кўздин йироқ.

Қўймади бир дам вафосиз чарх, қилмай оқибат,
Зарра янглиғ, ваҳ, ўшал хуршиддек юздин йироқ.

Кўзлари сайёрасидин бошқа (ҳеч) кўрмай юзи,
Эй Убайдий, кўрса бўлмас ойни юлдуздин йироқ.

* * *

Эй кўнгул, қилма тама ул дилситондин яхшилиқ,
Нотавон жонимға ул ошуби жондин яхшилиқ.

Эл ичида яхшилиқ кўрмаймен ондин, дер эдим,
Эй кўнгул, мен кўрмадим, ким кўргай ондин яхшилиқ.

Эй гули раъно, ҳазар қил оҳи сардимдин мудом,
Ҳеч гул кўрган эмас боди хазондин яхшилиқ.

Меҳрибонлиқ кўрсатиб, кўнглумни олди оқибат,
Шукри лиллаҳ, кўрдум ул номеҳрибондин яхшилиқ.

Эй Убайдий, яхшилиқ кўз тутмайин, не бок, мен,
Не умид этгай киши мендек ямондин яхшилиқ.

* * *

Жон фидо қилмай санга найлайки, жонимсен менинг,
Жон била кўнглумдин ортуқ дилситонимсен менинг.

Хоҳ қил меҳру вафо, хоҳи жафоу жавр ҳам,
Меҳр йўқ маҳвашлар ичра меҳрибонимсен менинг.

Эй ҳаётим сенга, жисмим эвида жон нақдини —
Сарф қилсам, айб эмаски, меҳмонимсен менинг.

Ҳамдамимдур фиғон айларда, эй жон булбули,
Нола айлаб, оҳ урарда ҳамзабонимсен менинг.

Жонфизо лаълиннга жон берсам Убайдийдек ҳануз
Ёвар этмас хўйи бебок, бадгумонимсен менинг.

МАСНАВИЙ

Қойинини давлати янга эрур, ёр-ёр,
Иззатию хурмати янга эрур, ёр-ёр.

Қойинини янгасин олғусидир, ёр-ёр,
Ой юзунга кўзларин солғусидур, ёр-ёр.

Урса сафойи анинг, шайдо бўлур, ёр-ёр,
Ғояти йўқ меҳр анга пайдо бўлур, ёр-ёр.

Бир-бирига меҳрибон бўлғусидур, ёр-ёр.
Бир-бири меҳри билан тўлғусидур, ёр-ёр.

Янга мунунгдек зариф бўлмас эмиш, ёр-ёр,
Хулқию ҳусни латиф бўлмас эмиш, ёр-ёр.

Қойинини, янганинг қадрини бил, ёр-ёр.
Билиб анинг қадрини, шукрини қил, ёр-ёр.

Нуктасига бу сўзнинг етмак керак, ёр-ёр.
Иззатини яхшироқ этмак керак, ёр-ёр.

ҚИТЪАЛАР

Дўстлар, ихтиёт гулшанида
Айшу ишрат била нишот қилинг.
Чунки шарт ўлди ихтиёт этмак,
Шарти боринча ихтиёт қилинг.

* * *

Дўстнинг узрини қабул этмак
Дўстлуқнинг улуғ нишони эрур.
Кимки қилмас қабул узри анинг,
Билким, ул дўстнинг ямони эрур.

РУБОИЙЛАР

Кўргуз манга ул шўх вафосин, ёраб,
Кўргузма анинг манга жафосин, ёраб.
Ёраб, не дуо қилур, сен ўз лутфунг ила
Бу қулнинг ижобат эт дуосин, ёраб.

* * *

Сабр этса киши, муродиға етгусидир,
Ўзини сабур аҳлидин этгусидур.
Сабр этмакидин анга етиб хуррамлиқ,
Ғам хайли анинг хотиридин кетгусидур.

* * *

Эй дўст, даме бўлмади ғамдин қутулуб,
Мазлум каби зулму ситамдин қутулуб.
Фарёду фиғону оҳким, бўлмас эмиш,
Ўлмай ситаму ғаму аламдин қутулуб.

* * *

Ғайрат юзидин кимки қилич узра мудом,
Олғусидур мулк арусидин ком.
Ёр этса агар адолат этмакни анга,
Шак йўқким, олур адл ила оламни том.

* * *

Дўстнинг узрини қабул этмак
Дўстлуқнинг улуғ нишони эрур.
Кимки қилмас қабул узри анинг,
Билким ул дўстнинг ёмони эрур.

* * *

Гар уруш тушса ики ҳамдам аро,
Бот анинг тадбирини этмак керак.
Биридин айб ўлса зоҳир, ул бири
Узр айтиб айбини ёпмоқ керак.

* * *

Ҳижрон ғамидин кўнгул ичи тўлди яна,
Кўнглум уйи қайғу маскани бўлди яна.
Ҳажр ўлди висол ўрниға толе йўқдин,
Найлайки даво дардгға юрулди яна.

* * *

Ёрин киши, эй ёр, соғинмасму бўлур,
Маҳжурини дилдор соғинмасму бўлур.
Кўзу қошидин мусофир ўлғон ёрин,
Эй шўхи ситамгар соғинмасму бўлуре

* * *

Мажнун ишидин улкишиким огаҳдур,
Ушшоқ орасинда Убайдуллаҳдур.
Пайваста жунун аҳли эрур ҳамраҳ анга,
Ул раҳбар эрур аларғаю, ҳам шаҳдур.

* * *

Сарвики юзи гулу қадди раънодур,
Жон мойил ўлуб, анга кўнгул шайдодур,
Эй кимки тиласанг хўблуқ асбобини,
Ул руҳи мужассамда бори пайдодур.

* * *

Сенингдек бу жаҳонда ғамгузорим йўқтур,
Кўрмай сени бир йерда қарорим йўқтур,
Эй ёр, демаки ўзга ёринг бор эмиш,
Ёрим сен эрурсен, ўзга ёрим йўқтур.

* * *

Эй нома, ўзингни васлиға йеткура кўр,
Илкини ўпуб, юзингга олиб сура кўр,
Мен хасталиғимдин кўра олмай қолдим,
Сен бори анинг ҳусну жамолин кўра кўр.

* * *

Эй жон, ғаму дард поймол ўлғусидур,
Ҳамдам сенга ул тоза ниҳол ўлғусидур.
Зинҳор кўнгулни солма ҳижронидаким,
Ҳажр ўлса бу кун, тонгла висол ўлғусидур.

* * *

Ҳар дўстким ул душманингга ёр дурур,
Билким сенга ул ёр эмас, ағёр дурур.
Айланг ҳазар андинким анингдек кишида
Бир навъ хаёлу, бир бало бор дурур.

* * *

Эй шўх, мени ҳуснунгга ҳайрон қилғил,
Ё ишқинг аро бесару сомон қилғил.
Ё йеткур аёғингға менинг бошимни,
Ё соя каби йер била яксон қиғил.

* * *

Кўнгул санга, эй ғунчаи хандон, берайин,
Кофир кўзунгга дин била имон берайин,
Жонимни агар олур хаёлинг бўлса,
Кел-ке-лки сени бир кўрубон жон берайин.

* * *

Шарҳ айлама дардсизга роҳат қадрин,
Меҳнат кўрган билур фароғат қадрин.
Чекмай аламу оғримайин билмас эмиш,
Умринда киши роҳату сиҳҳат қадрин.

* * *

Бўлмас нима оламда адабдин яхши,
Ҳам роҳату ҳам ғам адабдин яхши,
Йўқтур кўрамен барча сифатлар ораким,
Яхши сифат одамда адабдин яхши.

ТУЮҚЛАР

* * *

Кирсанг, эй жону жаҳоним тушгасен,
Лутф этиб кўнглум уйига тушгасен,
Келайин дединг тонг отқач келмадинг,
Бу дағи хуштурки, келсанг тушга сен.

* * *

Сўғд ичинда ўлтурубдур ёбу*лар,
Ёбуларнинг минган оти ёбулар,
Ёбуларнинг илгидин эл тинмади,
Ё булар турсун бу йерда, ё булар.

* * *

Эй муҳиблар жаннат ўлсун дорингиз,
Ёр бўлсун душман учун дорингиз,
Солсангиз йўл байтул-аҳзоним сори,
Бир фақире бор эди деб дорингиз.

* * *

Сайр этарда гулузорим боғини,
Боғламас гулгун қабойи боғини.
Буздилар барча улусни боғилар,
Тангри йўқ эткай, илоҳи, боғини.

* * *

Ёрама ул ой марҳам ёқмади,
Оҳким, анга не ўтлар ёқмади.
Ўзгаларга ёқти ул таври анинг,
Ким анинг ул таври манга ёқмади.

* * *

Ул пари мажнун кўнгул жононидур,
Кўнгул ўзидур анинг, жон онидур.
Манга мунча лутфу қаҳринг ёр эгач,
Жонима жавр этмакинг, жоно, недуре

ҲИКМАТ

Аё дўстлар, жондин кечиб, ишқ эркин туттум мано,
Ваҳдат майин ичкунча не хуноблар юттум мано.

Уч юз олтмиш дарё ўта, юрмай киши суд айламас,
Тўрт юз қирқ тўрт тоғдин ошиб, борисидин ўттум мано.

Восил мени васлиға ул қилди, муродим васл эди,
Юз минг шукр ҳар дам анга, мақсудима еттум мано.

Чун мосиваллаҳ кўйида истаб мени топмас киши,
Бас, ўзга ерда истангиз, ул кўйдин кеттум мано.

Солик топа олмас нишон мендин талаб водисида,
Эй Қул Убайдий, жон киби истай ани, еттум мано.

ИЗЗАТИНИ ЯХШИРОҚ ЭТМАК КEРАК

Тарих шуни кўрсатадики, хонлар билан хонларнинг, амирлар билан амирларнинг, беклар билан бекларнинг фарқи бор. Бирлари ўзидан яхши ном қолдириш учун курашган ва яшаган бўлса, иккинчилари кўп вақт ўз ҳузур-ҳаловатини, бойлик орттиришни, бор нарсаларни бузишни, йўқ қилишни ўйлаган, яратувчилик ғоясидан йироқ юрган.
Бухоро ҳокими Маҳмуд Султоннинг ўғли Убайдуллохон ибн Маҳмуд Султон эса шайбонийлар сулоласининг йирик намояндаларидан бири бўлиши, ҳокимият учун кечган жангу жадалларда фаол қатнашиши билан бирга ўз даври маданиятининг катта арбоби, ХВИ аср ўзбек адабиётининг йирик вакили даражасига эришган эди.
Туркистон халқлари сиёсий тарихида Убайдуллохоннинг энг катта хизматларидан бири шундаки, у Мовароуннаҳрни Исмоил Сафавий бошчилигидаги эронийларнинг, тарихчи Ҳофиз Таниш Бухорий тили билан айтганда, «қизилбошлар»нинг истибдодидан сақлаб қолди. Убайдуллохоннинг ҳарбий маҳорати ва жасорати унинг давлат арбоби сифатида қаттиққўллиги туфайли сафавийлар қўшини орқага чекинди. Уларнинг Ўрта Осиё шаҳарларини қирғин қилиши, талаши тўхтатилди. Убайдуллахон Шайбоний ҳукмдорлардан Қўчкинчихон (1510—1530), унинг ўғли Абдусаид (1530—1533) ҳукмронлиги даврида ноиб, 1533—1539 йилларда эса хон кўтарилиб, мамлакатни бошқарди. Ҳофиз Таниш Бухорий ўзининг «Абдулланома» асарида ёзишича: «Унинг давлати ва халофати замонида Мовароуннаҳр, айниқса, Бухоро вилояти гуллаб яшнади». Убайдуллахон ўша даврда ўз маблағига машҳур Мир Араб мадрасасини қурдирди. У 1539 йили вафот этган бўлиб, хоки шу мадраса хоналаридан бирига қўйилган.
Убайдуллахон ҳам ўз даври ҳукмдорларидан Ҳусайн Бойқаро, Шайбонийхон, Бобур каби муттасил ижод билан шуғулланиб «Убайдий», «Қул Убайдий», тахаллусларини қўллар эди. Убайдийнинг ўзбек, форс ва араб тилидаги шеърларидан иборат уч девони бир муқова ичига жойлаштирилган. Бу уч тилдаги девоннинг ягона қўлёзма нусхаси 1583 йилда Мир Ҳусайн ал-Ҳусайний томонидан кўчирилган бўлиб, котиб уни «Куллиёт» деб атаган. Бу қўлёзма ЎзФА Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида сақланмоқда.
Убайдийнинг ўзбек тилидаги девонида 306 ғазал, 435 рубоий, 25 қитъа, 13 туюқ, шунингдек нома, муаммо, маснавий, ҳикмат, таржеъбандларидан намуналар мавжуд. Шоирнинг бой адабий мероси ҳали маҳсус ўрганилмаган. Убайдий ўзининг ўзбек тилидаги ғазал ва рубоийлари, қитъа ва туюқлари билан, ҳеч шубҳасиз, шеърий турлар тараққиётига катта ҳисса қўшган.
Масалан, Убайдий асосан беш байтли ғазаллар битган; бу унинг ғазалиётига хос хусусиятлардан бири. Шоир асарлари кўпроқ анъанавий мавзулар — ишқ ва муҳаббат, вафодорлик ва дўстлик, аёл гўзаллиги ва ошиқ садоқати, саховати талқинидан иборат. Бироқ бу шеърлардаги бадиий ифоданинг ўзига хослиги, шоир шахсиятининг юксак ахлоқий фазилатлари билан унииг гўзал нафис дунёси ўртасидаги уйғунлик ҳар қадамда китобхон диққатини ўзига тортади. Ўзбек адабиётида ишқий шеърлар кўп. Лекин Убайдийнинг бу мавзудаги қуйидаги сатрларини қайси шоирнинг шеърига ўхшатиш мумкине

Кўнглум била дилдорни мен ёд этадурмен,
Хотирни доғи ёди била шод этадурмен.
Бедод этадур жонима дилдор, нетайким,
Демас: «Нега бу хастаға бедод этадурмен!»

Убайдий шеъриятида ўзига хосликка интилиш устун. Шоир шеърий услубида соддаликка мойиллик, ўз фикрини мумкин қадар халқчил баён этишга уриниш ёрқин сезилади.
Убайдий ҳукмрон сулола вакили бўлса ҳам, унинг ҳаёт йўлини силлиқ, фақат зафарлардан иборат деб тасаввур этиш тўғри эмас. Ғазалларининг бирида:

Бир лаҳза кўнгул ўлмади беғам замонадин,
Тўйди замона мендину мен ҳам замонадин, —

деб ёзган шоир доим феодал низоларнинг, ички зиддиятларнинг ичида яшаган, бунинг кўп жабрини ҳам тортган. Бир ғазалида шоир гадолиғни подшоликдан афзал кўриб, қуйидаги байтни битган экан, бунда катта ҳаётий ҳақиқат ва самимият бор:

Басе фароғати бор, дўстлар, гадолиғнинг,
Балоу меҳнати кўп асру подшолиғнинг.

Шунинг учун биз, Убайдийнинг ўша мураккабликлар ва зиддиятларга тўла даврдаги фаолиятида амалдорлик ва ҳукмдорликка нисбатан маънавий камолотга, шеърият ва ижодга интилиши устун бўлган, деб хулоса чиқарсак, хато қилмаймиз. Масалан, Убайдийнинг ўз йигитларини бир тукеғида бозордан яхши от олиш билан чекланмасдан, ўзидан жамият тарихида яхши от қолдиришга чақиришида катта маъно, ахлоқий покликка интилиш белгилари яққол кўзга ташланади:

Эй йигитлар, яхши-яхши от олинг,
Яхши отлар бирла яхши от олинг.

Убайдий рубоийларида ҳам умуминсоний муаммолар ўзининг ёрқин ифодасини топган.
Адабий меросига бир ёқлама синфий муносабатда бўлиш ҳозирга қадар Убайдий ижодини ўрганишга имкон бермади. Энди биз бу ноёб шеърий истеъдод эгасининг уч тилдаги асарларини атрофлича ва ихлос билан ўрганишга, тарғиб этишга киришмоғимиз зарур.

Абдуқодир ҲАЙИТМEТОВ,
филология фанлари доктори, профессор
«Шарқ юлдузи» журнали, 1991 йил, 10-сон.