Шоиқ (1833-1916)

Мираҳмадхон Мирабдураҳим ўғли. Мирий тахаллуси билан ҳам шеърлар ёзган. XX аср бошида тузилган баёзларда ҳар икки тахаллус билан босилган шеърларини учратиш мумкин.
Тошкентнинг Кўкча даҳасида пўстиндўз оиласида туғилган. Бухорода «хатми кутуб» килиб, Тошкент мадрасаларида дарс берган. Муфтилик, аъламлик қилгани ҳам маълум.
Девон тузмаган. 1915 йилда «Иқдул дурар» («Дурлар шодаси») номи билан арабчадан бир китоб таржима қилиб бостиргани маълум.
Ғазалларида анъанавийлик кучли. Шоиқ ҳакидаги маълумотлар ва ҳар икки ғазал Мўминжон-Тошқиннинг «Тошкент шоирлари» кўлёзмасидан олинди.
Бегали Қосимов

* * *

Эй, жамолинг шавқидин кўк узра саргардон қуёш,
Эл куяр, меҳринг ҳадисин телба кўнглум қилса фош.

Лавҳи кўнглумға қазо суратгари чеккан қалам,
Ул бути Чин суратидин зоҳир ўлди интиқом.

Зулфи савдоси кўнгул мулкида пинҳон бўлмаса,
Дуди оҳим бўлди невчун тун саводиға тутош.

Ҳажр шомида ҳаётим нақдиға олғай эдим,
Бир нафас субҳи висолингдин муяссар бўлса кош.

Тийғи мужгонинг ила қилсанг жаҳон аҳлин қатл,
На ажабдур сенда бордур бу сифатлик кўзу қош.

Эйким, истарсан вафо савдосини тарк айламак,
Барча лақти ҳабгардин айла асбоби маош.

Табъ кўзгусин кудурат зангидин соф истасанг,
Қайғу савҳони ила кўнглунгни қил ҳардам харош.

Таън этманглар манинг расволиғимға, дўстлар,
Қим яротибдур мени аднойи аҳли шаҳри Шош.

Ҳажр жомида висол уммиди Шоиқ не ажаб,
Оҳинг авжи етти гардун жайбидин гар чекса бош.

* * *

Етдим Адам саҳросида йўқ оғзининг фикри билан,
Ўзлук йўлин топгум магар гарди хати хизри билан.

Кўйида жон бермак манга мушкул эмасдир, негаким,
Ҳайвон суйи хосиятин топдим лаби зикри билан.

Руҳим қушининг қуввати тан ичра лаъли шарбати,
Тўти начунким асрағай жон шаккари мисри билан.

Не чарху не шамсу қамар бўлғай кўзумға жилвагар,
Олам ўти гулдур манго, ўтлуғ юзи меҳри билан.

Ваҳким, бути Лайли насаб, Мажнундирман бир қараб,
Сеҳр айлаюр юз минг хирад, жоду кўзи сеҳру билан.

Назмим суханварлар аро курсиға ўлтурса нетонг,
Сўз пояси бўлди буюк Маъсумхон шеъри билан.

Турки такаллум афсаҳи чун Мир Али шогирдисен,
Мир айлаб анга иқтидо, дам урмағил ғайри билан.