Шарифий (XIX аср)

XIX асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод қилган косонлик ўзбек шоирларидан бири. Асл исми Муҳаммад Аминдир. Қўқон хони саройида котиблик қилган.

* * *

Эй, Ирам паризоди, кир бу дам ҳаёл ичра
Жон қуши наво чексун гулшани висол ичра.

Этса гар қуёш жилва йўқ асар кавокибдин
Музмаҳил этар тўти тушди қийло қол ичра.

Гулшан ичра ноз айлаб сурди ул таковарни
Барча гул таҳайюрдин қолди поймол ичра.

Боғ аро томошо деб қоматин хиром этди
Сарвни бели синди қолди ўт ниҳол ичра.

Орази уза қошин ой кўриб ҳижолатдин
Ўзни айлади пинҳон гўшаи ҳилол ичра.

МУХАММАС

Мужарраб шоми зулфинг лайлатул қадр эрди побўси,
Хито мушкини бағрин айлади қон ҳоли ҳиндуси,
Улус тиргузмага лаълини назми ичра доруси,
Этар юз сотури саргашта кўзин сеҳр жодуси,
Жунун аҳли аёғиға салосил тори гисуси.

Ики зулфинг ҳаёли ичра жуз оҳи саҳар топмам,
Билиб маҳбубидин жон ихтиёридин хабар топмам,
Даҳонинг нуқтаси рамзида кўнгилдин асар топмам,
Тишинг ёдини тўкмакка сиришкимдин гуҳар топмам,
Садаф рашк ила баҳр ичра қўлидин кетди номуси.

Ҳама ушшоқ элини қисматин кўзини ёш этди,
Жафоу жавр қилмоқға сани кўнглингни тош этди,
Азал наққоши ҳуснинг сувратин оламға фош этди,
Фалак рухсорингни тарқатмақа ҳарён қуёш этди,
Қўли титраб ер узра тушдию синди тарозуси.

Закоти ҳуснунга муҳтожлар умедвор эрди,
Кўнгилни андалиби гул очилгандек баҳор эрди,
Жигар қони билан ошиқни кўнгли лолазор эрди,
Муҳаббат даштида жоним ҳамиша беқарор эрди,
Агар бўлмас висолинг ўлдирур зор ила қайғуси.

Анинг ҳар бир сўзи ушшоқ элига яхшидур жондин,
Раёҳин сабзаи хаттинг исидин кетди дармондин,
Лабинг кайфиятидин Хизр кечди оби ҳойвондин,
Кўруб зуҳд аҳли зебо оразингни ўтди иймондин,
Аларга саждагоҳ бўлди эгилган тоқи обрўси.

Давоми ҳуснунга ҳардлам қизил гулдек жило ортар,
Боқиб кўнгул қуши кўнгилга булбулдек наво ортар,
Муҳаббат кўйида дердим манга меҳру вафо ортар,
На бўлди анга кундин кунга юз жавру жафо ортар,
Танимдин кетмагай ушбу аламнинг заҳр оғуси.

Этар ҳар банд ўз номи ҳуруфини ниҳон кўнглум,
Парилар жилвасини шишадек берди нишон кўнглум,
Муҳаббат наҳли шоҳи узра тутди ошён кўнглум,
Шарифийга бу ишқ аҳволини этди аён кўнглум,
Ҳижил Жамшидни жомию Искандарни кўзгуси.