Саид Қосимий (XVI аср)

Саид Қосимий XVI асрда яшаб ижод этган ўзбек шоиридир. Унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида бизга қадар етарли маълумотлар сақланиб қолмаган. Филология фанлари номзоди Б. Қосимхонов «Саид Қосимий маснавийлари» номли китобини нашр эттирди. Унда шоирнинг ахлоқий-таълимий характердаги «Гулшани роз», «Мажмаул ахбор», «Ҳақиқатнома», «Садоқатнома» сингари достонлари жамланган. Ушбу достонларда шоир ўзининг илм-маърифат, ахлоқ-одоб, хайр-эҳсон, адолат ва одил шоҳ, ризқ, шукр, қаноат, ибодат, тақво, имон, ишқ, ризо ҳақидаги мулоҳазаларини баён этган. Ҳар бир масала хусусидаги назарий қарашларини тарихий шахслар, ҳаётий воқеалар хусусидаги ҳикоят ҳамда масаллар билан исботлаб, тасдиқлаб боради, кишиларга панд-насиҳат беради.

Отанг-онанг тарбиятига қил гузар,
Ҳолина айлаб назар, олгил хабар.

* * *

Душман агар мўр бўлса, кўрма ҳақир,
Ҳар нечаки бўлса олингда асир.

* * *

Бир кишига «сен» деганингдир чу тиғ,
Яхши сўзунг қилма кишидан дариғ.

* * *

Яхшилик эт эмдики дастинг етар,
Яхши-ёмон ҳар наким қилсанг ўтар.

* * *

Билгали сўз хотири доно керак,
Кўргали йўл дидаи бино керак.

* * *

Кишиким аямас хуш сўз кишидан,
Эмас ғофил даме тангри ишидан.

* * *

Оти чиқар кимдаки бор лутфу жуд,
Давлати шоиста дагул бевужуд.
Лутфу мурувват йўлина ур қадам,
Ким бу дурур шохию таблу алам.
Кимдаким бордур лутфу карамдин нишон,
Ўлса ўзи, оти қолур жовидон.

* * *

Ҳамдами ишқ бўлмади ҳар булҳавас,
Ўтга ёвуқ келса, куяр ҳар хору хас.

* * *

Заҳру шакар хосияти сўздадур,
Меҳру муҳаббат томури кўздадур.

* * *

Кимки босар ҳаддидин ортиқ аёқ,
Келтурур ўзига кучун ул таёқ.
Бошни талаб йўлида сен хок қил,
Пироҳани танни чу гул чок қил.

* * *

Яхшилик эт эмдики дастинг етар,
Яхши-ямон ҳар наким қилсанг ўтар.

* * *

Билгали сўз хотири доно керак,
Кўргали йўл дидаи бино керак.

* * *

Ҳар на ишинг битмаса тоат била,
Ҳосил бўлур сабру қаноат била.

* * *

Хомтамаъ одами одам дагул,
Ақлу басорат била ҳамдам дагул.

* * *

Одамийга сабру қаноат керак,
Сидқу иродат ила тоат керак.

* * *

Кетур элга дили аҳли дилени,
Қабул эт ҳидмати бир муқбилени.
Кимаким лутфу ҳидмат ҳамдам эрмас,
Эрур ҳайвони нотиқ, одам эрмас.

* * *

Тиларсен ҳосил этсанг номи мардий,
Бошни қил фидойи аҳли дарде.
Хомтамаъ одами одам дагул,
Ақлу басарот била ҳамдам дагул.
Кимки тамаъ риштасина бастадур,
Дарди қабоҳат ила побастадур.