Роқим (1742-1814)

Роқим (тахаллуси; исми номаълум, 1742 — Хоразм — 1814/15) — шоир, хаттот. Ижодда Навоий ва Фузулийга эргашган. Ўзбек ва форс тилларида, мумтоз бадииятнинг деярли ҳамма жанрларида ижод қилган.

Анъанавий ишқий лирикаси ва ижтимоий масалаларга оид шеърлари ижодида муҳим ўрин тутади. Уларда давр қийинчиликлари, жабр-зулмдан шикоят анъанавий ишқий кайфиятлар орқали ифодаланган, ёр мадҳи турмушнинг ижтимоий талқини билан боғланган, ишқий норозилик эса ижтимоий адолатсизликдан шикоят маъносини акс этган.

Роқимнинг бизгача 1 девони (6470 мисра) ва девонга кирмаган 30 мухаммас, 6 ғазали етиб келган. Кўплаб мухаммаслари Навоий, Фузулий, Мунис, Бедил, Равнақ ва бошқанинг ғазалларига боғланган. Роқим Хоразм адабий муҳитида марсиячиликка асос солган. Марсияларидаги ҳасратлар реал инсоний кечинмаларга асосланган, анъанавий образ ва ифодадан қочиб, янги, ҳаётий образлар яратган.

Роқим номалар ҳам ёзган, Мунис девони ва бошқаларни ҳуснихатда кўчирган. Девони қўлёзмаси Ўзбекистон Фанлар академияси Шаркшунослик институти фондида сақланади (инв. №7576).

ҒАЗАЛЛАР

Фалак зулм айлаб элга ошкор оҳиста-оҳиста,
Олур жонин қилиб беихтиёр оҳиста-оҳиста.

Емай-ичмай букун кўб жамъ қилдинг сийму зар нақдин,
Бўлур гўрингда тонгла мўру мор, оҳиста-оҳиста.

Қилиб зулм элга, йиғнаб мол мағрур ўлма, эй золим,
Фалак тортар ниҳодингдин дамор, оҳиста-оҳиста.

Анинг бедоду зулмидин залилу зор бўлғайсен,
Кетиб илгингдин иззу эътибор оҳиста-оҳиста.

Тамаъни тарк қилмай, иззат истар халқдин ҳарким
Бўлур бу феълидин, албатта, хор, оҳиста-оҳиста.

Топиб огоҳлик, тенгриға лойиқ, қилмадим бир иш,
Ўтуб ғафлат била лайлу наҳор оҳиста-оҳиста.

Замон аҳли нифоқидин халос ўлғойсен, эй Роқим,
Алардин тортсанг ўзни канор, оҳиста-оҳиста.

* * *

Эй фалак, бир сарвқад ишқида зор этдинг мени,
Кечау кундуз ўзунгдек беқарор этдинг мени.

Ақлу ҳушимни бериб барбод бир гул ҳажрида,
Юз туман гам еткуруб кўнглумга, хор этдинг мени.

Қору боримни саросар оҳу фарёд айлабон,
Волау саргаштаи бир гульузор этдинг мени.

Дилбаримни саркашу мустағнию бераҳм этиб,
Оҳким, зору заифу хоксор этдинг мени.

Гарчи тенг қилдинг бошимни ер била, юз шукрким,
Поймоли тавсани чобуксувор этдинг мени.

Ул пари ҳижронида жисмимдин, эй жон, чиқмайин,
Васлиға етгач фиғонким шармсор этдинг мени.

Ҳоли зоримға тараҳҳум қилмайин Роқим каби,
Эй фалак, бир сарвқад ишқида зор этдинг мени.

* * *

Бўлуб Мунис сенга ҳамроз Роқим,
Бори элдин қилиб мумтоз Роқим.

Сенга зоҳир қилиб меҳру муҳаббат,
Демиш айлаб вафоу ноз Роқим.

Такаллум тиғидан безахм қолдинг,
Улуғлиқ кўргузуб эъжоз Роқим.

Эшитгач бу сўзин айлаб дуосин,
Бўлуб халқ ичра сарафроз Роқим.

Тафохур айлабон дер ўз-ўзиға,
Чекам оҳистароқ овоз Роқим.

Агар ҳар кунда юз минг пора қилса,
Санга бордур ҳануз ул оз Роқим.

Муносибдур сен ўз ҳаддингни билмак,
Гадою, шаҳ эмас дамсоз Роқим.

Жаҳон боғида айлаб ор бўлмас
Баробар қарға бирла қоз, Роқим.

Кабутарлар била айлар кабутар,
Заган бирла заған парвоз Роқим.

Каломингни узотма, эмди бас қил,
Лазиз ўлғай сўз ўлса оз, Роқим.

Бўлуб маъмур амри, бир ғазални,
Мухаммас айладинг шаҳбоз Роқим.

Писанд этгай эди бўлса жаҳонда
Сўзингни Ҳофизи Шероз, Роқим.

Била олмон қабул этгайму ё рад
Ҳадисинг муниси танноз Роқим.

Намози шом бўлғач топти итмом,
Намози аср этиб оғоз Роқим.

Ғалат эрмас бу сўзларга тонуқдур,
Худойи фарди беанбоз Роқим.

* * *

Тиларменким манга ёр ўлса Мунис,
Олиб кўнглумни дилдор ўлса Мунис.

Жаҳон боғида булбулнинг муроди,
Будурким анго гулзор ўлса Мунис.

Ғурури ҳуснидин қилмас қабулин,
Келиб Юсуф жилавдор ўлса Мунис.

Билур ишқида қадримни, бировга
Ўзи мендек гирифтор ўлса Мунис.

Эшитгай эрди «ё раб»-«ё раб»имни,
Агар бир кеча бедор ўлса Мунис.

Хаёли зор кўнглум ичра басдур,
Мени бекасга даркор ўлса Мунис.

Ўлармен юз ғаму ҳасрат била, вой,
Анга бир лаҳза ағёр ўлса Мунис.

Топар бирдамда сиҳҳат хаста кўнглум,
Менга ул чашми бемор ўлса Мунис.

Кечар икки жаҳон султонлиғидин
Ҳазин Роқим била ёр ўлса Мунис.

* * *

Оҳким, солиб уқубатларға жонимни мараз,
Айлади мамлу жароҳатдин даҳонимни мараз.

Турфаким айлаб тилимни ҳам саросар захмнок,
Қўйди сўз дердин забони дурфишонимни мараз.

Турфароқ буким олиб мендин емак — ичмакни ҳам,
Эмди бўғзимдин кечурмас ошу нонимни мараз.

Ошу нондин демаким, бир қатра сув ичмак манга,
Мумкин эрмас, олғали тобу тавонимни мараз.

Айлабон зулму ситам юз минг уқубатлар била,
Оҳ, жоним олғудек бермай амонимни мараз.

Кўр, не золимдур ёмон ҳолимға раҳми келмади,
Эшитиб жонкоҳ фарёду фиғонимни мараз.

Айлабон қаҳру ғазаб бошимға савдолар солиб,
Йиғнади бозор оламдин дўконимни мараз.

Бўйла меҳнатни чекарда дўстларни демайин,
Кўрмасун душман деган номеҳрибонимни мараз.

Ўйла совурди вужудим хирманин боди фано,
Эмди истаб топмағай ному нишонимни мараз.

Келди жаллоди ажалдек олгали жон нақдини,
Охтариб истаб топиб ётган маконимни мараз.

Англамон ўлсам қасосимни мараздин ким олур,
Захм уруб жонимға тўкти ерга қонимни мараз,

Раҳм этиб ҳоли харобимға худойим сақлади,
Олғудек эрди йўқ эрса хаста жонимни мараз.

Куйдуруб жонимни мағзи устухоним ўртади,
Айлади нобуд пайдову ниҳонимни мараз.

Қилғасен, ё раб, ўзинг Роқим дуосин мустажоб,
Қилмағай вайрон баногаҳ хонумонимни мараз.

* * *

Тилаб Роқим ҳазин кўнглум кушодин,
Сочай мушк ўрниға килким мидодин.

Димоғим бўлғач-ўқ андин муаттар,
Қилай фарзанди жонпайванд ёдин.

Агар бор эрса ҳушинг мустамеъ бўл,
Кўнгулни жамъ этиб ҳар можародин.

Биродарлар, мени бечоранинг ҳам
Бу эрди ҳожатим тун-кун худодин.

Ато қилса менга фарзанди солиҳ,
Муяссар айлабон кўнглум муродин.


МУХАММАСЛАР

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Олса кўнглумни ул икки зулфини печу хами,
Мендин этманг айбким бордур йигитлик олами,
Қолмади жонимға гардун зулм қилмоқнинг ками,
Бизга етмас эрди бир номеҳрибон дарду ғами,
Ким, фузун ҳам бўлди ёри меҳрибоннинг мотами.

Ул ики дилбар бири кўнглимни олиб, бири жон,
Бири зулм этса, бири юз лутф этар эрди аён,
Бири ғамгин этса, бири айлар эрди шодмон,
Икки ёр эрди манго номеҳрибону меҳрибон,
Меҳрибон борди, қолиб номеҳрибон дарду ғами.

Бағрими ул ой фироқи лахта-лахта қилди қон,
Кўр нелар мунглуғ бошимға солди даври осмон,
Бўлмағоймен не учун ҳам хастау ҳам нотовон,
Борди улким бор эди ҳам маҳраму ҳам меҳрибон,
Жон бериб бўлмон бу бир номеҳрибоннинг маҳрами.

Келманг, эй бедардлар, ҳолим сўрарға ёнима,
Мотамида ногоҳон ўлсам қолурсиз қонима,
Чора эмди кимдан истай дарду бедармонима,
Ҳар жароҳатким, улар номеҳрибоним жонима,
Меҳрибоним ул жароҳатларнинг эрди марҳами.

Оҳким, ул меҳрибоним қилғали азми жинон,
Ҳардам айлар бу маҳи номеҳрибоним қасди жон,
Тортибон тийғи жафо, бермай манга бирдам амон,
Ваҳки минг захм урса жонға бу маҳи номеҳрибон,
Йўқ иложиға кўнгулнинг меҳрибону ҳамдами.

Ишқ таврида мени девонаи бехонумон,
Уйладурменким, бошимни кессалар кўрмон ёмон,
Хўблар юз жавру минг зулм этсалар қилмон фиғон,
Муғтанамдур ул пари бор эрса ҳам номеҳрибон,
Даҳр аро чунким топилмас меҳрибонваш одами.

Роқимо, мендек жаҳон аҳлида бир овора йўқ,
Кўнгли бирёну, кўзи гирёну, бағри пора йўқ,
Йиғламай ҳолимға қолған собуту сайёра йўқ,
Меҳрибоним чиқса оламдин, Навоий, чора йўқ,
Ёрдин ҳам хуштурур номеҳрибонлик олами.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Айламиш золим фалак ғам хирманин кўнглумда чош,
Нолаи зорим тонг армас қилса эл кўнглин харош,
Вой, юз минг войким, аҳбоб ила қилмай кенгош,
Чиқти ёрим кеча йўл азмин қилиб ул бағритош,
Бас ажойибдур қоронғу кеча чиқмоқлиқ қуёш.

Борғали ул маҳжабин кўзлардин учти уйқулар,
Қасд этиб жонимға ҳарёндин етишди қайгулар,
Булъажаб ҳолнмни кўрган гоҳ йиғлар, гаҳ кулар,
Гар қуёшға эл назар қилса кўзига ёш тўлар,
Ул қуёш борғач назардин кўзларимга тўлди ёш.

Ғайридин билкулл кечиб ишқида пок ўлған кўнгул,
Жонфизо лаъли лабин топмай ҳалок ўлған кўнгул,
Ханжари мужгони бирла захмнок ўлған кўнгул,
Захмдин кўб қон борурдин қолди чок ўлған кўнгул,
Зангдек афғон чекиб, хайлида бўлғай эрди кош.

Сенсизин гардунға ўтлиғ оҳ тортиб дам-бадам,
Қисматим бўлмиш ғам узра ғам, алам узра алам,
Қайси кун бўлғай сени кўрмак муяссар, эй санам,
Фурқатингдин йиғлабон ҳақдин висолинг истарам,
Гаҳ сочармен бошға туфроқ, гаҳ қўярмен ерга бош.

Бўлғали мен телба айру ул ҳилоли қошдин,
Даҳр вайрон бўлғудек кўзумдин оқған ёшдин,
Ўлгудек ҳолатдадурмен қолғали йўлдошдин,
Қатра қонлар гар томар кўксумга урған тошдин,
Захмдиндур демаким, қон йиғлар аҳволимға тош.

Хобгоҳинг айлабон зарбафти зебо бирла фарш,
Бўлма мағрур, ўлгунг охир, қилма кимхоб бирла фарш
Тахтаи тобутинг айлаб неча дебо бирла фарш,
Чун тўшарлар оқибат устинга хоро бирла фарш,
Не осиғ, остингда гар чарх атласидандур фирош.

Тушгали Роқимдин айру дилбари майхораси,
Истабон тобмай они бўлмиш жаҳон овораси,
Айтингизлар, ишқ дардининг не эркан чораси?
Фош этар меҳрин Навоийнинг сариғ рухсораси,
Субҳдекким сарғариб рухсори айлар меҳр фош.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Адамдин бўлғач-ўқ Ширину Лайли ногаҳон пайдо,
Бўлуб Фарҳоду Мажнун янглиғ икки нотавон пайдо,
Қилиб ҳар бири ўз дилдори кўйида макон пайдо,
Манга не манзилу маъво аён, не хонумон пайдо,
Не жонимдин асар зоҳир, не кўнглумдин нишон пайдо.

Азал қассомидин бўлмиш манга ҳижрон ғами мақсум,
Кўруб ҳар лаҳза юз минг зулм гардундин мени мазлум,
Денгиз, аҳбоб, сизга қайси дардимни қилай маълум,
Хирад махфий, бадан фоний, кўнгул ғойиб, тараб маъдум,
Бори саҳл эрди бўлса эрди ул номеҳрибон пайдо.

Ул ойким оташи ишқи дили сўзонда пайдодур,
Ўқидин юз бошоқ бу дийдаи гирёнда пайдодур,
Таманнои висоли хотири вайронда пайдодур,
Хаёли жонда пайдодур, сўзи афғонда пайдодур,
Ўзи ҳам нетти, ваҳ, оллимда бўлса бир замон пайдо.

Киши ўлмас ажал соқийсидин паймонаси тўлмай,
Қазодин хирмани умри фано бодиға соврулмай,
Тилармен, ёрсиз оламда бир соат тирик бўлмай,
Улар ҳолатдамен онсиз, тарабдин кўрмайин ўлмай,
Деманг таъжил ила ул умр бўлғай ногаҳон пайдо.

Жаҳонға ҳар киши келди анга ўлмак муқаррардур,
Борур келган йўлидин хоҳ Дороу Скандардур,
Ўлумдин қўрқмоқ, жоно, санга қайдин муяссардур,
Ҳазар қилмоқ қазо жаллодидин бўлмаски йиллардур,
Қилур қатл ўйлаким не тийғ эрур зоҳир, не қон пайдо.

Ажаб ғофилсен, эй одам, бўлур ҳар лаҳза умринг кам,
Қани ёру, қани ҳамдам, ўларсан оқибат сен ҳам,
Эшит айтмай санга абсам, бу нукта қолмасин мубҳам,
Кесар юз нахлни ҳар дам, қилур юз сарвни хуррам,
Таажжуб кўрки, бу гулшанда эрмас боғбон пайдо.

Сени ҳақ хўбларға шоҳ қилмиш ул маҳалдинким,
Қилиб ҳуснингни афзун кун-бакун рўзи азалдинким,
Кўруб маъруз этар Роқим кечиб баҳсу жадалдинким,
Санга жон шавқидин берди Навоий, йўқ ажалдинким,
Ажал топқунча эрмас ул заифи нотавон пайдо,

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Солғали жонимға ўт бир маҳлиқонинг фурқати,
Кўкда оҳим шуъласидиндур шафақнинг ҳумрати,
Зор жисмимдин кесилғач хаста жоннинг улфати,
Жонға чун дерман не эрди ўлмаким кайфияти,
Дерки, боис бўлди жисм ичра маразнинг шиддати.

Келгали дунёи дунға кўрмадим айшу тараб,
Заъфи толеъ кўрки, тинмай қон ютармен рўзу шаб,
Жон наҳифу тан заиф ўлмоқ ажаб узра ажаб,
Жисмдин сўрсамки, бу заъфингға не бўлди сабаб,
Дер, анга бўлди сабаб — ўтлиғ бағрнинг ҳирқати.

Топмайин дардимга дармон кўп югурдим ҳар ёнга,
Билмон, эй жони балокаш, не илож айлай санга,
Куйганимни сар-басар айтай қулоқ солсанг анга,
Чун бағрдин сўрсам айтур, анда ўт тушди манга-
Ким, кўнгулга шўъла солди ишқ барқи офати.

Бўлмасун ҳеч кимса, ё раб, мен каби ҳоли табаҳ,
Қилди чархи бемурувват рўзгоримни сияҳ,
Ўртаниб ҳасрат ўти бирла вужудум таҳ-батаҳ,
Кўнглума қилсам ғазаб, айтурки, кўздиндур гунаҳ,
Кўрмайин ул тушмади бизга бу ишнинг туҳмати.

Қилғали меҳнат ўқи жисмимни сартосар яро,
Топмадим захмимға марҳам истабон олам аро,
Ўз-ўзум бирла қилиб девоналардек можаро,
Кўзга чун дерменки, эй тар домани юзи қаро,
Сендин ўлмиш хаста кўнглумнинг балоу меҳнати.

Оҳким, йўқтур ғамимни сўрғали бир ғамгусор,
Ёшурун дардимни билмон кимга айлай ошкор,
Қон ёшидин жайбу домонимни айлаб лолазор,
Йиғлаб айтур кўзки, йўқ, эрди манга ҳам ихтиёр
Ким, кўрунди ногаҳон ул шўхи маҳваш талъати.

Неча, Роқим, айлабон чуну чарони жустужўй,
Айлагайсен жаҳлдин ҳар узв бирла гуфтугўй,
Оқил эрсанг эмди кел беҳуда афсонангни қўй,
Эй Навоий, барча ўз узрин деди, ўлгунча куй,
Чун санга ишқ ўти-ўқ эрмиш азалнинг қисмати.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ҳар неча бу балокаш ул ойға бўлса мардуд,
Жонлар фидоси қилмоқ бордур кўнгулга мақсуд,
Бу навъ ҳурнайкар эрмас жаҳонда мавжуд,
Рухсори жонибида ул холи анбар олуд,
Ўт гўшасида гўё анбар тушуб қилур дуд.

Кўргач ул ойни лола кўксида доғ қолди,
Сарви сиҳи қадидин боғ ичра кўб уялди,
Ғаввос кўнгли захми дур васлидин ўнгалди,
Баҳри ғам ичра ашким кўнглига раҳм солди,
Дарё мусофиримен гавҳардин айлаган суд.

Динимни ғорат этгач ул вусмалик кўзу қош,
Оламға оҳу ашким сирримни айлади фош,
Дашти жунунда деманг Мажнунни манга йўлдош,
Базми ғам ичра шаҳмен, сориғ юзумда қон ёш,
Бу лаълранг бода, ул соғари зар андуд.

Ғамзанг қиличи, жоно, нечун бошимни чопмас,
Гарди сийми самандинг урён танимни ёпмас,
Кўюнгда демон итлар бу нотавонни қопмас,
Кўнглум гадолиғ айлар оғзингни гарчи топмас,
Йўқ ваъда бирла они қилсанг не бўлди хушнуд.

Токи ғамингда бағрим хуноба бирла тўлсун,
Ғайрингга боқсам, эй жон, икки кўзум ўюлсун
Бординг кўнгул не янглиғ андуҳдин тутулсун,
Келким йўлингда туфроқ бошингға садқа бўлсун,
Ҳам жисми дардпарвард, ҳам жонй ранжфарсуд.

Сўз дема оқил эрсанг шоҳу вазирдинким,
Тангриға восил ўлған ёд эт фақирдинким,
Суду зиён ҳадисин сўр бу ҳақирдинким,
Нобуду буд фикрин маҳв эт замирдинким,
Не буд қолғусидур охир санга, не нобуд.

Роқим, гар одам эрсанг, кўп бўлмоғил ҳавойи,
Қилма ўзунгни зинҳор зуҳд аҳлидек риёйи,
Айш айлар элга хуштур майхона бўлса жойи,
Сархуш тарона гўстар топмишсен, эй Навоий,
Соқий, сен эмди тут май, мутриб, сен эмди туз уд.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Борғали ёд этмас ул маҳваш мени ғамнокни,
Бу мусибатдин бошимға совурурмен хокни,
Айб қилманглар кўруб сийнамда ҳарён чокни,
Ҳафтаедур кўрмамишмен ул бути чолокни,
Не ажаб гар ўртаса оҳим ети афлокни.

Ўйла мажруҳ айладинг жисмимни, эй бебокким,
Қаттиғ аҳволимға қон йиғлар хасу хошокким,
Дуд бошимдин чиқарди гардиши афлокким,
Солди тийғи фурқатинг бағримға андоқ чокким,
Бағри бўлғай чок-чок улким кўрар бу чокни.

Гул юзунг бўлғач намоён пардадин, эй сиймбар,
Хайли ишқинг айлади жон кишварин зеру забар,
Ишқ журмидин вужудим куйдурур бўлсанг агар,
Ҳажр ўти жонимға ортуқдур, анга бас бир шарар,
Ўртамак дўзах била, яъни на бир хошокни.

Ҳар кеча ағёр ила ул ой қилиб завқу сафо,
Кунда юз бедилни ўлтурганга қилмас иктифо,
Қатли ом айларга ушшоқ аҳлини ул бевафо,
Отланибдур маст кўнглакчан чекиб тийғи жафо,
То не ўт солғай жаҳонға кўргил ул бебокни.

Чекса ул бераҳм қатлимға агар тийғи ҳалок,
Мен қилай рахши аёги остида жисмимни хок,
Кўзу кўнглумни дема, бордур мақоми ваҳмнок,
Ишқ ўти бирла кўнгул, сув бирла кўзни қилди пок
Пок манзилларда пинҳон қилғали ул покни.

Кимки олам шуғлидин истар қутулмоқ май ича,
Дайр пири хизматин жон бирла айлаб ҳар кеча,
Даҳр эли жавру жафоу зулмини тортай неча?
Дайр аро даврон ғамидин қочмишам, эй муғбача,
Бир муғона май била шод айла бу ғамнокни.

Роқимо, гар чарх қилмоқ истамас жисмингни хок,
Мотамингға не учун ҳар субҳ этар жайбини чок,
Май ичиб тун-кун, кўнгул дунё ғамидин айла пок,
Бода бирла юнг Навоийни хумор этса ҳалок,
Боғлангиз тобути узра берк нахли токни.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ул ойға тийраи кулбам сори ногаҳ гузор ўлғач,
Сўрарға ҳоли зоримни йироқдин ошкор ўлғач,
Келиб нозу адоу ишва бирла барқарор ўлғач,
Жамолин васф этармен ҳамдамим ул гулъузор ўлғач,
Қуруқ шох уйлаким, гуллар қилур зоҳир баҳор ўлғач.

Қилич бошиға келса ишқдин, кўнглум қачон тонғай,
Кўтармай остонидин бошин ўлғунча ёстонғай,
Ҳазин жон, нотавон кўнглум неча рашк ўтиға ёнғай,
Қошин кўргоч ҳасаддин истарам эл кўзи боғланғай,
Нечукким кўз тутарлар эл янги ой ошкор ўлғач.

Шаҳимен ишқ элининг, хору хородур манга маснад,
Сипоҳу лашкаримдур тоғу саҳролар аро ҳар дад,
Хирад касб этгали оллимда Афлотун ўқур абжад,
Жунун эрмас кийиклар суҳбати дермен манга шояд,
Бир ўқ откай ғалат ул қоши ё гарми шикор ўлғач.

Кўнгул, ҳижронда ўлсанг воқиф ўлмас ёр ҳолингдин,
Умид уз, васлидин кеч эмди савдои маҳолингдин,
Юзу зулфин тилаб не ҳосил этдинг моҳу солингдин,
Ҳавас ишқ айлаган озода кечгил бу хаёлингдин-
Ки, чиқмас бу тикан, кўнглингда.ногаҳ устувор ўлғач.

Бўлуб озодалар дилхун, қаро тупроқдадур мадфтун,
Қани Ширин била Лайли, қани Фарҳод ила Мажнун,
Қани Дороу Искандар, қани Мусо, қани Ҳорун,
Қани Ҳотам, қани Қорун, қани Жамшиду Афридун,
Бас эҳсон қил, санга гардуни дундин эътибор ўлғач.

Қочиб ғам хайлидин, майхона кунжин айладим маскан,
Агар ўлсам манга хум кирпичи остин қилинг мадфан,
Эмастур ишқ сиррин фош қилмоқ бизга мустаҳсан,
Деёлмас дард ила ўлдум вале билгилки чекмишман
Бир оҳе, барча олам ғусса дуди бирла тор ўлғач.

Қилур мажруҳ, Роқим, ҳажр бағримға уруб ханжар,
Фиғонким, васлидин марҳам анга еткурмади дилбар,
Ғ.ниб парвонадек шавқ ўтиға ҳар лаҳза болу пар,
Навоий шамъдек йиғлаб куюб ҳолини шарҳ айлар,
Ул ой базмида бир тун рост ошиқларға бор ўлғач.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Баҳор вақтида қил сайри лолаи худрў,
Нединким боғ аро очилди ғунчаи хўшбў
Бу навъ чоғда ўлтурмоқ уйда бўлғаймў,
Не яхши вақт эрур ер бирла бир бўлғу,
Кўнгулда ҳар неча пинҳон сўз ўлса айтилғу.

Топиб ҳаёт, тахайюл висолин айларда,
Тавофи кўчаи жаннат мисолин айларда,
Тазаккури мужау зулфу холин айларда,
Қаду юзу лаби лаъли хаёлин айларда
Кўзумга кеча тонг отғунча келмади уйқу.

Кел, эй шикаста кўнгул, тарки бу работ эткил,
Онинг алойиқидин тарки ихтилот эткил,
Хазони марг етар, ишда ихтиёт эткил,
Баҳор вақтида май ичгилу нашот эткил,
На шоҳ қолғуси оламда, не гадо қолғу.

Тўлуб фасонаи ҳусниға Қофдин то Қоф,
Асири зулфи гириҳгири неча мўйшикоф,
Ул ойни ҳар киши кўргач деди қилиб инсоф,
Замири соф, юзи соф, тийнатидур соф,
Нажоди одам эмастур, фаришта бўлғай бу.

Қабул айла сўзумни, эшит насиҳат сен,
Хуш эт кўнгулни тутуб ёр бирла улфат сен,
Жаҳон уйи аро меҳмон неча фурсат сен,
Висоли дўст ғанимат, ўзунг ғанимат сен
Ки, ҳар нечук қилибон бўлма ёрдин айру.

Жаҳонға токи адам танг нойидин келдим,
Юракни тийғи надам бирла ҳар сари тилдим,
Бақои умри эмас селча, озмун қилдим,
Ҳаёту айнш жаҳонни бу қадарким билдим,
Биайниҳи экан ул сояи рами оҳу.

Не бок, ишқида Роқим ғаму бало кўрса,
Ўзини дард ила меҳнатга мубтало кўрса,
Тафохур анлар, агар ёрдин жафо кўрса,
Навоий ёри жафокоридин вафо кўрса,
Онга бу рутба бори ошиқ ичра ойруқсу.

ФУЗУЛИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ҳаббазо, ул вақтким кўнглум басе масрур эди,
Маснади иззат уза ул навъким фағфур эди,
Бахту иқболу саодат амрима маъмур эди,
Эй хуш ул кунларки, рухсоринг менга манзур эди,
Чашми уммидим чароғи васлдин пурнур эди.

Чарх ҳар дам ҳашмату жоҳу жалолимни кўруб,
Ою хуршиди билан тун-кун бошимдин эврулуб,
Ҳарна кўнглум орзу қилса равон тайёр ўлуб,
Қурб шавқи, офиятбахши тани бемор ўлуб,
Васл завқи, роҳатафзойи дили маҳжур эди.

Шавқу завқу сидқидил бирла дегач наъти расул,
Кўнглума файзу футуҳ айлаб эди беҳад нузул,
Одам эрдим, қурби даргоҳида .бўлмишдим қабул,
Рашкдин иблиси мардуд ўлгудек эрди малул,
Манзилим жаннат, майим кавсар, анисим ҳур эди.

Кеча-кундуз боғ саҳнида ерим гулзор ўлуб,
Шодком эрдим, назаргоҳим жамоли ёр ўлуб,
Нозанинлар соғари ишратни пайдарпай сунуб,
Домани иқболима гарди таарруз қўнмаюб,
Чашми ҳосид чеҳраи жамъиятимдин дур эди.

Лутфи ҳақдин бўлмиш эрдим ул сифат олижаноб,
Комрону комбину комбахшу комёб,
Хокрўби остоним эрди тун-кун шайху шоб,
Ҳар дуо қилсам, таваққуфсиз ўлурди мустажоб,
Ҳар таманно айласам, эҳмолсиз мақдур эди.

Хўбрўлардин етиб меҳру муҳаббат кўнглума,
Ёвумас эрди ғаму андуҳу кулфат кўнглума,
Васл нузҳатгоҳида бор эрди ишрат кўнглума,
Ҳажр билмаздим, етурмаздим кудурат кўнглума,
Гарчи давроннинг мухолиф кездуги машҳур эди.

Оҳким, Роқимни еткурмай севар жонона чарх,
Қилди юз дарду ғаму меҳнат била ҳамхона чарх,
Одатидур жавру зулм этмак бори инсона чарх,
Нўла гар солса Фузулийни ғами ҳижрона чарх,
Васл айёмида ул ғофил, инон, мағрур эди.

ФУЗУЛИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Кўнглуминг дардини дилдор билибдур, билурам,
Мени васлина талабгор билибдур, билурам,
Ўзина ошиқи дийдор билибдур, билурам,
Ёр ҳоли дилими зор билибдур, билурам,
Дили зоримда наким вор билибдур, билурам.

Ёр агар ошиқи шайдосина гамхор ўлмаз,
Ишқ бозорида ҳуснига харидор ўлмаз,
Дардидин ўлсам ул ой, оҳ, хабардор ўлмаз,
Ёри агёр билибдурки манга ёр ўлмаз,
Мен дахи оники агёр билибдур, билурам.

Ўзни ул мугбача масти маи жом айлагали,
Отланиб чиқтн, қириб элни тамом айлагали,
Жон қушин донаи ҳоли била ром айлагали,
Зулфини аҳли вафо қайдина дом айлагали,
Мени у дома гирифтор билибдур, билурам.

Лаби ҳижронида бўлди жигарим дард ила қон,
Чок сийнамда ғами қолмади ҳаргиз пинҳон,
Дема, кўнглунгдаги дардингни анга айла баён,
Мен на ҳожатки қилам, дарди дилим ёра аён,
Қаму дарди дилими ёр билибдур, билурам.

Роқимо, комими талх этгали ул ширин лаб,
Меҳр фош айламайин қилди ғазаб узра ғазаб,
Гар онинг майли санга бўлмаса, не суд талаб,
Ёр ҳамсуҳбатим ўлмазса, Фузулий, на ажаб,
Ўзина суҳбатими ор билибдур, билурам.

ЗИЙРАК ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Оҳким, бағримни қон андуҳи фурқат айлади,
Ақлу ҳушу сабру оромимни ғорат айлади,
Хонумондин ойириб беайшу ишрат айлади,
Не эди журмим насибам чарх ғурбат айлади,
Хобу хўрдимни ватан ёдию ҳасрат айлади.

Даҳри дун ҳар кун солиб бошимға юз минг можаро,
Дуди оҳим бирла қилди рўзгоримни қаро,
Тийғи бедодидин айлаб нотавон жисмим яро,
Бир гули роҳат алимга бермайин бу боғ аро,
Жон аро юз даста неши хору меҳнат айлади.

Кўрмадим ройимча ҳаргиз чархи каж андешни,
Еткурур ҳар кун ҳазин жонимға юз минг нешни,
Дарду меҳнат ўтиға 5фтаб мени дилрешни,
Совутуб мендин тамоми ақрабоу хешни,
Волидайним кўнглини бемеҳру шафқат айлади.

Дўст бўлғай деб жаҳон аҳлиға бўлдум хоки роҳ,
Оҳким, жонимға душман бўлдилар беиштибоҳ,
Билмадим, ё раб, мени бечора қилдим не гуноҳ,
Қилмади таъсир аларға неча чекдим ўтлиғ оҳ,
Гарчи гардунға етиб кўнглин жароҳат айлади.

Етти йилдур ғурбат ичра қон ютуб лайлу наҳор,
Айрилиб хешу таборимдин юрурмен хору зор,
Не манга бир ёр ҳамдам, не манга бир ғамгусор,
Оғзима жонимни еткурди чекардин интизор,
Ҳолатим душвор чархи бемурувват айлади.

Не жаҳон боғида кўрдум айш ила ишрат юзин,
Не ато бирла анодин меҳр ила шафқат юзин
Кўрмадим ёру биродарлар била улфат юзин,
Соқиё, тут бода кўнглунг кўрмасун кулфат юзин,
Хонумонимни бу кун торожи кулфат айлади.

Бормудур мендек диёру мулкидин оворае,
Қавму қардошидин айру бағри юз минг порае,
Роқимо, ҳолимға ҳеч ким айламас наззорае,
Йўқтурур, Зийрак, чу сабр этмакдин ўзга чорае,
Бўл ризо, неким қазо девони қисмат айлади.

МАСНАВИЙ

САЛОМНОМА

Салом, эй ики хўбу зебо ўғул,
Салом, эй манга икки мирзо ўғул.

Салом, эй ики нури дийдам менинг,
Жаҳон аҳлидин баргузидам менинг.

Салом, эй ики боғи умрим гули,
Ҳаётим гулистонининг булбули.

Салом, эй манга икки жондин азиз,
Неким йўқ азиз ондин, ондин азиз.

Салом, эй ики муниси жонимиз,
Кўнгул қуввати, жонға дармонимиз.

Атоға ўғул жон эса бегумон,
Вале иккингиз танда жонимға жон.

Билинглар, саросар эрур чин сўзум,
Ғалат дер эсам, чиқсун икки кўзум.

Бухороға ул кунки азм этдингиз,
Уқумоқ учун ул тараф кетдингиз.

Кўзумга бўлуб тийра яхши жаҳон,
Ғам остида қолдим мени нотавон.

Замоне ғамим сўрғали йўқ кишим,
Қилиб ёдингиз йиғламоқдур ишим.

Агар тиймасам кўз ёшим бир замон,
Сув остида қолғай тўқуз осмон.

Анингдек танимдин бориб қувватим,
Ки тебрангали қолмамиш қудратим.

Мени зор тортиб фиғон, йигларам,
Дамодам фироқ ичра қон йиғларам.

Не бор кечалар хоби роҳат манга,
Не кундузда бор истироҳат манга.

Асал солсам оғзимга оғу бўлур,
Ёруқ кун кўзумга қоронғу бўлур.

Улар ҳар ким айрилса бир жонидин,
Кечиб даҳр пайдову пинҳонидин.

Мангаким эрур икки жондин фироқ,
Тирик бўлмоқимдур ўлумдин йироқ.

Тирилгай эдим келсангиз ногаҳон,
Кўзум юзларингизни кўрган замон.

Бўлуб эмди сизларга тангри шафиқ,
Иккингизға тавфиқин айлаб рафиқ.

Не бўлғай карам айлабон ламязал,
Ато қилса сизларга илму амал.

Бериб фаҳм ила донишу имтиёз,
Халойиқ аро айласа сарфароз.

Сизи баҳраманд айлаб авроқдин,
Кўтарса мени доғи туфроқдин.

Дилу жон бил^а қилсангизлар талаб,
Мурод ўлса ҳосил, эмасдур ажаб.

Денгу дўшингиз бирла айлаб талош,
Кўтарманг ўқумоқдин албатта, бош.

Бўлуб яхши озодалар ҳамдами,
Талаб ичра тинманг, таёнманг даме.

Қилиб ғайрату нангу номусу ор,
Этинг илм таҳсилини ихтиёр…

Қилиб сайр, кезмак ҳавас айламанг,
Замоне ўқумоқни бас айламанг.

Ўзингизга роҳатни айлаб ҳаром,
Бўлунғлар риёзат била субҳу шом…

Кўруб меванинг хом ила пишмишин,
Ҳавас айламанг пистау кишмишин.

Деманг ейирга ҳалвойтар яхшироқ,
Қаноат қилинг, топсангиз нони қоқ.

Билиб дарсингиз айлаб азбар ўқунг,
Уқунглар, ўқунглар, ўқунглар, ўқунг.

Ҳавоу ҳавасларии айлаб раҳо,
Сабоқларни такрор этинг борҳо.

Масалдур, сабақ бир агар бўлса ҳарф,
Ўқумоқ керак они ҳар кунда алф.

Қилинг борҳо саъй бирла жадал,
Ғанимат маҳалдур, ғанимат маҳал.

Ҳаял айламанглар, ўқунг муттасил,
Ўтар кўз юмуб очғуча ою йил.

Иккингизни қўллаб шаҳи Нақшбанд,
Бори илмдин айласун баҳраманд…

Гаҳи орзу айлабон шарҳи ҳол,
Иккингизга бир нома қилсам хаёл.

Ёзай деб они қўлға олғоч қалам,
Қилур кўз ёшим ила қоғозни нам.

Ки ёзмоқ анга нома осон эмас,
Сув устига хат ҳаргиз имкои эмас.

Будур узримиз, эй манга икки жон,
Агар кунда бир нома қилмон равон.

Йўқ эрса неча сўзни тақдир этиб,
Бари муддаоларни таҳрир этиб.

Ёзарда дурбор этиб хомани,
Юборгай эдим кунда бир номани.

Топиб ҳажр таскиниға эҳтимол,
Қилиб жонфизо васлингизни хаёл.

Баси шод этиб табъи худкомани,
Ёзиб бу баҳона била номани.

Бировга бериб қилдим они равон,
Ўқуғач бўлур сизга ҳолнм аён.

Бу янглиғ агар қилмасам макруол,
Эрур номани ёзмоқ амри маҳол.

Мени эмди сизлар дағи ёд этинг,
Бирор нома бирла гаҳи шод этинг.

Ўлук жисмима мен дағи жон топай,
Фироқ ичра дардимға дармон топай.

Дейин ошкора, эмас ёшурун,
Бўлуб меҳрибон бизга мундин бурун,

Қилиб мў-бамў ҳолингизни баён,
Ёзиб номаким қилдингизлар равон.

Манга номангизни қиЛиб йўлни тан,
Етурган замон қосиди некпай,

Олиб кўзга суртиб, ўқуб йиғладим,
Соғиниб икингизни кўб йнғладим.

Китобатки нисфул-мулоқот эмиш,
Улуғлар бу сўзни на яхши демиш.

Бас авлодурурким ёзиб ҳар замон,
Атоға ўғул нома қилмоқ равон.

Ато ҳам ўғулға ёзиб инчунин,
Муҳаббат юзидин, на аз рўйи кин.

Бу янглиғ эса, эй чароғи кўзум,
Будур эмди сизларга айтур сўзум.

Менинг ҳажр қатлиға чекканда тийғ,
Гаҳи нома ирсолин этманг дариғ.

Очиб номангизни ўқуған замон,
Етар манга ҳар ҳарфидин тоза жон.

Анинг лутфу эҳсонидин йўқ ажиб,
Яна тангри дийдор қилса насиб.

Қасир айладим бермайин сўзга тул,
Ўқуған киши бўлмасун деб малул.

Йўқ эрса сўзум ҳадду поёни йўқ,
Ёзардин туганмаклик имкони йўқ,

Дебон мақсадин Роқими хуш калом,
Бас этти сўзин аддуо вассалом.

МАРСИЯ

Бординг оламдин, етишгач тангридин фармон, болам,
Не илож айлай мени бечора билмон, жон болам,

Сендин, эй нури кўзум, юз войким, айрилғали,
Ашк ўрниға оқар икки кўзимдин қон, болам,

Меҳнату дарду балоу хайли ғам айлаб ҳужум,
Қилдилар бошимни охир ер била яксон, болам.

Тоқат этмай фурқатинг ўтиға йиғлаб зор-зор,
Кечау кундуз қилурмен тинмайин афғон, болам.

Мотамингда қаттиғ ун бирла ўкурсам, бўлғуси
Оҳу ноламдин замину осмон ларзон, болам.

Совуруб бошимға туфроқлар, қилиб сийнамни чок,
Сенсизин бўлдим харобу бесару сомон, болам.

Оҳ, билмасмен бу дардимға не чора айлайин,
Хонумонимни фироқинг айлади вайрон, болам.

Санчилур бағримға ҳар соатда юз минг хори ғам,
Бўлғали гулдек танинг ер остида пинҳон, болам.

Не емак бор менда, не ичмак, не роҳат бир замон,
Бу ёмон ҳолимға тому тош бўлур гирён, болам.

Не тирик сонидадурмен, не ўликлар сонида,
Кўрса эл ҳолимни, албатта, бўлур ҳайрон, болам.

Ҳар киши туғди анодин ўлгусидур оқибат,
Нўш этиб бир-бир ажалнинг шарбатин инсон, болам,

Баҳру кон нақдини харж айлаб қутулмоқ истабон,
Топмамиш ҳеч ким ажалнинг дардига дармон, болам.

Мумкин эрмас жонни қутқармоқ ажал жаллодидин,
Не гадо қолғай жаҳон мулкнда, не султон, болам.

Яхши одингни халопиқ дер эди Саййид Мурод,
Оҳ, найлай бемурод этди мени даврон, болам.

Сўрғали дарди дилимни ногиҳон келгайму деб,
Гул юзинг истаб боқармен телмуруб ҳарён, болам.

Олса жонимни ажал.жаллоди миннатдормен,
Сенсиз оламда тирик бўлмоқ эмас имкон, болам.

Мушкил эрди сенсизин бирдам тирик бўлмоқ манга,
Шукрким, ўлмакни ҳажринг айлади осон, болам.

Бўлса юз жоним оёғингға нисор этгай эдим,
Келсанг эрди сўрғали ҳолимни ногоҳон, болам.

Ҳар саҳарларда туриб йиғлаб манга будур тилак,
Ҳақ сенинг қилғай маконинг равзаи ризвон, болам.

Тонгла маҳшарда карам айлаб худовандим санга,
Ҳамдам эткай жаннат ичра ҳур ила ғилмон, болам…

Баски йиғлармен укуш ғам бирла ашким селидин,
Бошима емрулгудекдур кулбаи эҲзон, болам.

Кўрса Роқим ногаҳон тушда агар дийдоринги,
Қолмағай маҳшарға текру кўнглида армон, болам.

ҚИТЪАЛАР

Қуёшдек шаҳ адолат пеша қилса,
Жаҳон мулкини бир дамда ёрутғай.
Ва гар зулм этса оқшом зулматидек,
Ҳамул дам тийралик оламни тутғай.

Соқий, мени хор-хордин айла халос,
Гул-гул юзунг оч, баҳордин айла халос,
Е май бериб интизордин айла халос,
Ё ўлтурубон хумордин айла халос.

Соқий, кетур ул маи муғоний,
Ким, унудолим ғами жаҳони,
Ҳардам манга қасди жон эдар ғам,
Бағрим ситам ила қон эдар ғам.

Қошинг ғамидин бўлди қадим ёй, нетай,
Бу ғам била, эй кофири худрой, нетай,
Ҳижрон аро кўрмай сени ўлгум, охир,
Эй вой нетай, вой нетай, вой нетай.