Оразий (1869-1942)

Алихон Муллаохун ўғли Оразий 1869 йилда собиқ Марғилон уезди Шаҳрихон волостининг Қашқар маҳалласида кулол оиласида туғилди. Алихон Оразий ёзиш ва ўқишни дастлаб ўз онасидан ўрганди. Сўнгра маҳалласидаги отинбибида ўқишни давом эттирди.

У 1884—1890 йилларда Шаҳрихондаги Дастурхончи мадрасасида таҳсил кўради. Бироқ, рўзғор танглиги унга мадрасани тугатишга имкон бермади. У 1890 йилдан эътиборан рўзғор тебратишда отасига кўмаклаша бошлайди ва кулолчилик дастгоҳини бошқаради. У бирмунча вақт бойлар эшигида, қозихоналарда ишлади. Лекин бўлажак шоир тинмай шахсий мутолаани давом эттирди.

1916 йил Шаҳрихонда Николай подшоҳнинг мардикор олиш сиёсатига қарши кўтарилган халқ қўзғолонида Оразийгина эмас, унинг катта ўғли Абдумўмин ва қадрдон дўсти Ҳайратийлар ҳам иштирок этди. Ғалаён шафқатсизлик билан бостирилгандан сўнг, шоир яшириниб юришга мажбур бўлди.

Адабиёт даргоҳига катта эътиқод билан кириб келган шоир умрининг сўнгги йилларигача ижод билан банд бўлди.

Шоир Алихон Муллаохун ўғли Оразий 1942 йили 1 сентябрда Шаҳрихонда вафот этди.

МУХАММАСЛАР

* * *

Ушбу жаҳон элининг даъвоси пул эмасми?
Тун-кун дилида севган зебоси пул эмасми?
Бу халқнинг шунча шўриш-ғавғоси пул эмасми?
Бир-бирига туҳмат айлаб, иғвоси пул эмасми?
Макру фириблар айлаб, савдоси пул эмасми?

Маҳбуби ом ўлмиш ҳар ерда бўлса олтин,
Ҳар кимга жилва айлаб бир боқса қилди мажнун,
Лекин бу кўҳна гардун ҳар кун бўлар дигаргун,
Билмам асиру зорми олтинга коф ила нун,
Махлуқлар ичида аълоси пул эмасми?

Кимларни қилди кўрдик: тунларда томтешарлик,
Кўпларнинг касби бўлди, бас, ақчадон кесарлик,
Пул деб не нозанинлар бўйнига олди гарлнк,
Ширин тамоқ ўлди аҳли риё ҳазарлик,
Ҳар кўчаларда сур-сур, ҳо-ҳоси пул эмасми?

Ҳар кимда бўлса пул кўп, кимни кўзига илгай,
Парвойига кетурмас, олам бори йигилгай,
Ҳеч ақл чора қилмай, ё бошича йиқилгай,
Кўпдир гурури кайфи, ким топди, ўзи билгай,
Бу даҳри пурфусуннинг мийноси пул эмасми?

Кўрдингми қанча инсон касб айлашур гадолик,
Бир қанчаси қўйиб от, ўзига мосуволик,
Қўлда риёйи тасбеҳ, бўйни бўлиб ридолик,
Бу ҳолига уялмай, ўзини дер ҳаёлик,
Кўрсатган элга итдек суллоси пул эмасми?

Ўлдиргай ўз отасин якбора топса фурсат,
Мушфиқ онасини ҳам солғай бошига кулфат,
Парвойига келарми бошига ёгса лаънат,
Пул завқи тушган инсон қилмас кишига шафқат,
Бу ҳолларга солган, устоси пул эмасми?

Кўрдингми қанча одам парсиз ҳавога учгай,
Аслини топмоқ учун авжи самога учгай,
Мақсадга чин етолмай дорилбақога учгай,
Сиз ҳам фикрланг, ўйланг, не муддаога учгай,
Эл оғзида дейилган Анқоси пул эмасми?

Бирмунча бахши, қушнач, бирмунчамиз дуохон,
Топгаймиз илми найранг, бўлгаймиз анча эшон,
Дасмоямиз кифоя, ҳар кунда қанча ёлғон,
Бизларнинг макримиздан шайтон бўлди ҳайрон,
Туш ухламай кўрармиз восвоси пул эмасми?

Не яхши меҳрибонни айирди бир-биридан,
Кўрдингми зўр айлар хотинни ўз эридан,
Сарсон қилиб чиқаргай кўп элни ўз еридан,
Тондирди кўп хасисни устод ила пиридан,
Хунсо элин ишонган ошноси пул эмасми?

Суратга бергай оро, сийратда неча хил ғаш,
Рангин асолар ушлаб, ҳам салла-тўн мунаққаш,
Эшон мурид овлаб ҳар кўчаларда каш-каш,
То топди бой, мулло бир-бирисидин айш-айш,
Тун кечаларда махфий яллоси пул эмасми?

Гап пулдадир муқаррар, кўп бунча қилма инкор,
Токайгача демасмиз ёлғончилик на даркор,
Тўрт кунлик умр дерсан, қилсанг-чи, энди бир ор,
Ҳозирда кўп очилди бир қанча махфий асрор,
Жаннатда жой олишнинг ваъдаси пул эмасми?

Пул деб тамоми инсон, эй муддаии нодон,
Минг хил фириб бирлан ҳар кўчаларда нолон,
Ҳеч борми юз ўгирган кофир ва ё мусулмон,
Ким деса «хоҳламасман», албатта билки ёлғон,
Олам мисоли дарё — ғаввоси пул эмасми?

Тарк айлатиб ватанни, келтирди Андижонга,
Ўлтирса ҳам бу ерда, кўзидир ҳар қаёнга,
Оразнинг тоқати йўқ ҳар рангли унвонга,
Уйғурлар одат этмиш ўзбек каби имонга,
Шарму ҳаёга ғолиб дадоси пул эмасми?

* * *

Қутилмоқ йўқми, ёраб, ушбу золим ағниёлардин,
Чиқиб ердин ҳавога ўрлаган кибру ҳаволардин,
Сўрарга камбағалнинг қонини хуш иштаҳолардин,
Кўзи оч, ўзи суллоҳликда ортуқдир гадолардин,
Уялмай лоф урар савдо-сотиқ, банку широлардин.

Тамоми халқ бошига бало Андижонда Миркомил,
Жафокашларнинг мулкин тортиб олмоққа хўп омил,
Дегайсен: «Камбағал деҳқоннинг ашёсига азройил,
Жаҳонни қилди ҳоло пул кўпайтирмоқ билан қойил,
Еру сув, молу мулки — барчаси ғасбу риёлардин!»

Хушомад бирла барча қозию мингбоши хизматкор,
Тамоми муфти, аълам «ер хатин» ёзмоқ учун тайёр,
Топарға бой кўнглин ҳар неча ҳукм этмоққа жаррор,
Писанд этмайди минг деҳқонга ҳар кун етса минг озор,
Кўрармиз кунда ҳар хил неча ранг жабру жафолардин,

Анга қарши чиқиб Аҳмадбек ҳожи бой афандимдур,
Мударрис, мулла руҳоний гуруҳига бўлиб манзур,
Бу ҳам бир неча деҳқонларни ишлатмоқ била масрур,
Унинг макру фириби барча оламга бўлиб машҳур,
Ривожи кун-букун бололанур ёлғон дуолардин.

Қўқонда Солижону Марғилонда Саййид Аҳмаджон,
Қувода бой Олиму Шаҳрихонда яна икки жон,
Тарафкаш Саид Одил, Аҳмадохунлардадур жавлон,
Асака Тешабой ҳожию Обиджон билан сарсон,
Ва лекин ҳеч бир ер бўш эмас бундоғ балолардин.

Тамоми касби ҳоло савдогар номида судхўрлик,
Хушомад йўлида кўп шайху эшон қилмади ғўрлик,
Буларнинг хизмати-чун камбағал деҳқонда мажбурлик,
Тасарруф қилмоққа ўз мулкини ҳар кимда йўқ ҳурлик,
Умид йўқ ошною балки пиру пешволардин.

Риёхўрликнинг таълимига моҳир муфтию аълам,
Йўқ ўлди порасиз қози бўлиш балки имомат ҳам,
Инобатликми элликбошисиз ҳеч ким уролмас дам,
Улар ҳар қайси бир бой ихтиёри бирла мустаҳкам,
Тариқча йўқ буларда ҳеч ҳам шарму ҳаёлардин.

* * *

Кўнгил ором бирлан тургулик бир жой топилмайди,
Мувофиқ ёри содиқ топилурму ё топилмайди,
Қилай арзим десам ул ёра, бир танҳо топилмайди,
Ажаб бир ҳола қолдим, мақсудим асло топилмайди,
Қилурман ўз-ўзимча оҳу вовайло, топилмайди.

Кўнгил мулкини торож этгали берганмикан буйруқ,
Назар ҳолимга солмай ҳар тарафдан ёғдирурлар ўқ,
Кима ҳам арз этарман дилдаги дардимни мен мунглуқ,
Дилим восвос, жисмим турфа бир мажруҳу малҳам йўқ,
Ва ё соҳнбнафас бир ҳиммати аъло топилмайди.

Юрарман чора излаб дафъ бўлғайму машаққат деб,
Кўзимга ким кўринса жавдирарман, борми шафқат деб,
Улим беҳроқ дерман халқ ногоҳ қилса нафрат деб,
Борарман чора излаб ҳар эшикка «ё ҳақиқат» деб,
Савол айлаб ҳақиқат қилгучи доно топилмайди.

Юрак дардини кўрсатмоққа мумкинми ёриб, тилмоқ,
Билинди, йўқ экан тақдир тоши ўрнидан жилмоқ,
Агарчи фарз экан оламнинг корин ўқимоқ, билмоқ,
Менга одат ҳам эрмас, ҳоли олам шиквасин қилмоқ,
Қилурга дафъи ғам бир нотиқи гўё топилмайди.

Қилурман орзу келганмикан деб менга бир ҳамдаст,
Таажжубдан таажжуб кеча-кундуз ғам келар пайваст,
Рақиблар қанча бололанса, мен ҳам шунча бўлгум паст,
Нетай афсусланмай толеимдур уйқу бирлан маст,
Уни уйғатгудек бир нозанин барно топилмайди.

Масалдур эскилардан: «Бошга ҳар иш келса, кўз тортар»,
Билармукин замондан нолиган ким бирла нар ўйнар,
Билолмам сурат ороларни ҳолат модаму ё нар,
Муҳаббат аҳли зеболарни кўрса кўз ёши ортар,
Қачон гул фасли ўтса булбулигўё топилмайди.

Ярашгайму, ёронлар, ухламай туш кўрса инсонга,
Қараб турмоқдадирмиз шунча ёлғон текса ҳам жонга,
Ғараз ҳамёнми ёки нон учун ўт қўйса имонга, .
Йўқ асло эътиқодим бахши, эшону дуохонга,
Ўқиб қилган амал илмига бир воло топилмайди.

Муродим маънилик ҳақ сўзга ҳар қандоғ кўнгил эргай,
Фаросат аҳли ҳар бир қиссадан сўз гавҳарин тергай,
Олай таълим деб устода, борсам елкасин кергай,
Бугун бир, эрта у хил кор қил деб сабоқ бергай,
Не дерман, Оразо, бир йўлу бир имло топилмайди.

ЭЙ ПАРИ!

Эй пари, бошинг ҳақи, ҳолимга бир наззора қил,
Сурати ҳолим кўриб, инсофа кел, бир чора қил,
Лутф қил, хоҳи ғазаб, мен зор хизматкора қил,
Ҳар қачон ҳуснинг закотин мустаҳиқ бечора қил,
Илтифотинг ташнаи дидор ўлан хуммора қил.

Чорасизликдан дегайман, зулм қилсанг майлига,
Тиғи мужгонинг билан бағримни тилсанг майлига,
Бўлмади дардим яширмоқ, энди билсанг майлига,
Хўпмидир, дебсан: «Рақиблардан сиқилсанг майлига»,
Мендаги мақсад йўлида, хоҳласанг, минг пора қил.

Аввали хўп меҳрибонликларни қилдинг ноз ила,
Ҳар савол этсам жавоб айдинг ширин эъзоз ила,
Гоҳ ўқиб «Гулёр», гоҳ «Ушшоқ», гоҳ «Шаҳноз» ила,
Тенг бўлолмас ҳеч маҳваш сен каби танноз ила,
Хўб эмас куйган жароҳатга сепиб туз, ёра қил.

Оҳким, ҳажрингда мундоғ зор ўлай токайгача,
Ғайрлар олдида айши тор ўлай токайгача,
Зор йиғлаб ташнаи дидор ўлай токайгача,
Ёд этиб ўтмишни, миннатдор ўлай токайгача,
Сизга ким ўргатди: «Ошиқларни бахтин қора қил!»

Булбулингман, нола айлай, эй юзи гул, ёр-ёр,
Арз этай ҳасратларимни, сенга йиғлаб зор-зор,
Кулмагил, санчилса бағримга агар минг хор-хор,
Нотавон кўнглимда васл уммедидан ахбор бор,
Йўл юриш таълимини товуси хуш рафтора қил.

Ишқ завқини билурму худпараст нопоклар,
Васл қадрин қайда билгай булҳавас бебоклар,
Шод эмас жаннатга кирса, ҳажрдан ғамноклар,
Чекмак ўлмас Оразийдек оҳи оташноклар,
Ўргилай, бир йўл хироминг саҳнаи гулзора қил.

БАҲОР АЙЁМИ КЕЛДИ

Баҳор айёми келди, эй кўнгил, жононингга роз эт,
Саҳарлар нола айлаб, шавқ ила булбулдек овоз эт,
Рнёли зуҳду тақводан кечиб, майхонага боз ет,
Ўзингни неча кунлар дайр пири бирла дамсоз эт,
Оёға бош уриб, муғбачаларни хўш сарафроз эт.

Юриб бебоклардек бефикр, бекор ўлтирма,
Ингитсан, мард бўлсанг, ўлгунча бемор ўлтирма,
Кими бекор кўрсанг бўлди бир кун хор, ўлтирма,
Маишат йўлиға меҳнат эрур даркор, ўлтирма,
Сенга фазлу ҳунар ўргатгучилар бўлса эъзоз эт.

Ёғиб борони раҳмат ҳар гиёҳда турли ҳангома,
Замин зеболанибдур сабза бахмалдан кийиб жома,
Бу овози фараҳбахшида, ваҳким, тушмишам дома,
Сабо, еткур мени дилхастадин ул ёра бир нома,
Дебон ошиқлара эҳсон учун ҳуснингга пардоз эт,

Бугуннинг лаззати-чун хўп муҳаббат бодасин нўш эт,
Тамоми аҳли мажлисни наво сози ила хуш эт,
Муғанний, сен ҳам энди қилмай истиғно, сўзим гўш эт,
Рубобу чангу сетора гаҳи панжанг дар оғўш эт,
«Баёт», «Ушшоқ» ила «Гулёр», «Ироқ» олдида «Шаҳноз»

Бурунги лаззатидан Оразий эркан ажаб содда,
Ки энди нўш этиб бўлмиш жунун даштига омода,
Ҳамоқатдан эмишким, ўтмиш айёмин олур ёда,
Менга бўлди асос ўрнида бу оқу қизил бода,
Узат, бир оқ ичай, эй соқиё, ҳам қаддими ғоз эт.