Нозимахоним (1870-1924)

Нозимахоним (1870 – Тошкент — 1924) — шоира. Ўзбек аёллари орасидан чиққан биринчи журналист-публицист. Татар, араб ва форс тилларини ўрганган. Оренбург ва Қозонда чиқиб турган матбуотни мунтазам кузатиб борган. Европа адабиёти ва маданияти билан таниш, эркпарварлик ғояларидан баҳраманд бўлган. Ўзбек ва форс мумтоз адабиётини, айниқса, Саъдий, Ҳофиз асарларини ўқиган.

Шеър ва мақолалари 1900 йилдан матбуотда босилган. 20 ёшларида шоира «бешёғочлик Нозимахоним» номи билан машҳур бўлган. Тараққиёт, маърифат ва маданиятни ташвиқ этувчи шеър ва манзумалари, жаҳолат, бидъат-хурофотни фош этувчи асарлари, замонасидаги ижтимоий тенгсизлик ва авж олган миллий истибдоддан кескин норозилик баён қилинган ўткир ҳажвий шеърлари «Шуҳрат», «Садойи Туркистон», «Тараққий» каби газеталарда мунтазам чиқиб турган. Шоира меҳнаткаш халқнинг миллий озодлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаган, хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва ўрни ҳақида асарлар ёзган, жаҳолат ва зулм поймол этган ўзбек аёлининг миллий, инсоний ҳақ-ҳуқукларини талаб қилиб чиққан («Инсонга қанча эрк даркор?», «Илм ва маориф борасида бир-икки сўз», «Хотинлар ҳуқуқига оид» ва б.).

Нозимахоним шеърияти 1905—17 йиллар ўзбек адабиётининг етакчи тамойилларини аниклашда, 20-йиллар ўзбек шеъриятининг характерли хусусиятларини белгилашда муҳим аҳамиятга эга.

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Кўзи сузук нигорим,
Сўзи чучук нигорим,

Боқмай қиё ўтарсан,
Айбим начук, нигорим?

Ҳажрингда дарду ғамдин
Қаддим букук, нигорим.

Ҳижрони оташингдин
Бағрим куюк, нигорим.

Надур хуршиди тобон,
Сенсан буюк, нигорим.

Ваҳ эмди битти тоқат,
Мен бир ўлук, нигорим.

Кўксимга боқ аламдан
Чоки чўкук, нигорим.

Раҳм айла Нозимангга,
Кўзи сузук нигорим!

* * *

Бесабаб ёрингни ўлтирмоқ, начук?
Мен вафодорингни ўлтирмоқ, начук?

Фарз қилдинг гарчи душманман сенга,
Бунчалар, бас, хор ўлтирмоқ, начук?

Вой, ҳазар айлаб мени девонадин,
Бу дили зорингни ўлтирмоқ, начук?

Куйи васлингни итидур бу ғариб,
Телба-ю зорингни ўлтирмоқ, начук?

Телмуруб бўлди нигорон кўзларим,
Чашми хунборингни ўлтирмоқ, начук?

Дам-бадам васфинг тилимда, эй пари,
Ўз дуогўйингни ўлтирмоқ, начук?

Васли уммидингда юргай Нозима,
Бас, вафодорингни ўлтирмоқ, начук?

* * *

Келди айёми баҳор, олам гулистондур бу кун,
Лолалар очилди, саҳро боғу бўстондур бу кун.

Жаҳр-зикру хонақаҳдин юз ўгирмоқ вақтидур,
Даҳрнинг завқи сафоси бизга меҳмондур бу кув.

Этти наврўз гул чаман ҳусни расолар ҳуснини,
Ишқида дил булбули беҳуд мастондур бу кун.

Боқ, ниқоб олди юзидин сарв бўйлук ёрлар,
Лаззати лаъли лаби ваҳ менга армондур бу кун,

Ранг-баранг оқу қизил кўйлак кийиб дилдорлар,
Бизни шайдо айлаган гулгун занахдондур бу кун.

Чун аларнинг ҳуснидин олам ҳамадур лолазор
Ошиқи маъшуққа боқиб масту ҳайрондур бу кун.

Нозанинлар ноз бирла зеб-зийнатлар тақиб,
Сумбули зулфлар паришон райҳон намоёндур бу кун.

Нозима, назминг била мадҳ эт баҳор айёмини,
Гар фалак кажравлигидин юрт вайрондур бу кун.

* * *

Кўргузуб нозик жамолин масту ҳайрон айладю,,
Ўзи гул сайриға кетти, бизни боғбон айлади.

Очилиб гул ғунчадек ўт солди жону жисмима,
Бир тараҳҳум қилмайин оламға достон айлади.

Кўргач, ул хуршид юзин ўтлар туташди жонима,.
Сўлдуруб умрим гулин, бахтимни вайрон айлади.

Юз жамоли шамъига парвона бўлдим ўртаниб,
Билмади ҳолим ҳануз, ағёра паймон айлади.

Мисли булбул гул юзин шавқида айларман наво,,
Лек эшитмай бир йўли кўзимни гирён айлади.

Ҳар кеча ул ой фироқида чекарман оҳлар,
Бир табассум қилмайин ҳолим паришон айлади.

Майли, ширин тил била дерман камоли васфини,
Нозима, гарчи сени бағрингни бирён айлади.

* * *

Ичмадим шарбат ҳаётим чашмасидин бир қониб,
Давр жабридин, нетайким, жисм ила жоним ёниб.

Халқ дермишлар мени бу юрт аро «кўб фозила»,
Лек юрмушман ҳамиша дарбадар, мажруҳбўлиб.

Шунча ахтардим жаҳонни, бахт недур, топмадим,
Сарсари девона янглиғ ҳосил умрим сарғариб.

Мен десам адлу диёнат лафзини ҳокимлара,
Қувдилар, Мажнун дебон, ҳеч ерда қўймай бу ғариб,

Бўлмадим ҳамдам вале ул фосиқу каззобға,
Эл талошин айлабон ҳар сори ўзни еткариб.

Дил уйи ранжу жафодин бўлди охир рез-рез,
Қайға борсам ўртанурман дам-бадам қонлар ютнб,

Ҳеч одам бормукин Нозима янглиғ дахр аро,
Ичмаган шарбат ҳаёти чашмасидин бир қониб.

* * *

Ваҳ-ваҳки, мен ҳам бир жисми бежон?
Ким ногаҳ, анга етушди бир жон.

Ваҳ-ваҳки, ман ҳам гўёки Хизри,
Ким, анга йўлуқти оби ҳайвон.

Ваҳ-ваҳки, ман ҳам бир дардли бемор»,
Хотифдин етушди анга дармон.

Ваҳ-ваҳки, ман ҳам шикаста Яъқуб,
Ким, бўлди висоли хўби Канъон.

Ваҳ-ваҳки, ман ҳам бир мўри помол,,
Ким, берди нигин анга Сулаймон.

Эй Нозима, бас, шукрона қилғил,,
Меҳру висола айланди ҳижрон.

* * *

Қизил гул, боғу бўстоним қаёнсан?
Фидодур сенга бу жоним, қаёнсан?

Қарору сабру оромим туганди,
Ушалмай қолган армоним, қаёнсан?

Эриб жону жаҳоним, қолди жисмим,
Заиф ҳолимға дармоним, қаёнсан:

Ғаму дардларға дармонлар йитилди,
Йўқолган тиғи хунхорим, қаёнсан?

Агар ётсам ўлуб тупроқ ичинда,
Топилмас аҳду паймоним, қаёнсан?

Ҳама ошиқлар ўлди юз гадойинг,
Юзи гул, сунбул афшоним, қаёнсан?

Келубтур эшикингга Нозиманг, ҳай,
Севинтир они, султоним, қаёнсан?

ЎҚИНГ РУС ЗАБОНИНИ

Ўқинг руси забонин, эл аро бу яхши хислатдур,
Забони безабон бўлмоқ, билинг, бу кони иллатдур,
Билай десанг замон ичра ҳақиқий сирри ҳикматни,
Йўқ эт мулки вужудингдин фасоду кулли бидъатни,
Ҳамма илму ақоид рус забонинда муҳайёдур,
Агар ўқсанг ани чашм олдида олам сурайёдур.
Тамоми илми ҳикмат ҳам риёзиёт, фалакиёт,
Этилмушдур баёни бу забони ила ки тиббиёт,
Жаҳоннинг турли ғавғоси, янги кўп ҳодисоти ҳам,.
Лисони русиё бирла ўқур они жами одам.
Агар уқмай кетарсан бу забонни, чашм эрур рўё,
Ўтурсан бенасиб хуршид зиёсидин рўсиё(ҳ).
Ўқубсан, Нозима, руси забонин, сенга хислатдур,
Забони безабон бўлмоқ, билинг, бу кони офатдур.