Музтариб (1858-1944)

Қосимхонтўра Музтариб Тошкентнинг Қаландархона маҳалласида эшон оиласида туғилган. Отаси Сайфиддинхонтўра Тошкент қаландарларининг пири бўлган экан. Юсуф Сарёмий (1840—1912), Тошхўжа Асирий (1864—1915), Каримбек Камий (1865—1922), Саидаҳмад Васлий (1870—1925), Ҳайбатулло Хислат (1880—1945) каби шоирлар уларникида тез-тез йиғилиб туришган.
Сайфиддинхонтўранинг шеърга майли баланд бўлган. Ўзи ҳам машқ қилган. Мўминжон-Тошқин «Тошкент шоирлари» қўлёзмасида Музтарибнинг Каримбек Камийга моддий жиҳатдан қарашиб турганлигини маълум қилади.
Шеър ва ғазаллари тарқоқ, девон тузгани маълум эмас. «Қосим девона» имзоси билан ҳам ғазаллар ёзган.
Қуйидаги икки шеърнинг бири Мўминжон-Тошқин қўлёзмасидан, иккинчиси Абдулҳамидқори Жалолободийнинг 1911 йилда Яковлев тошбосмасида чоп этилган «Баёз»идан олинди.
Бегали Қосимов

* * *

Сайри гулшан этгали келди гўзал бир маҳжабин,
Ғунчалар хандон ўлуб, авсофина очди лабин.

Сарвдек қомат чекиб, товусдек айлаб хиром,
Этди саҳни гулситонин гўйиё хулди барин.

Субҳ кўргач оҳ уруб, чоки гирибон айлади,
Бенгзади ўзни кўруб, гулгун қабо пироҳанин.

Етти чархинг чуйрулуб боштин нисор этмак учун
Лаълу ёқут ўрнина сочди бу дурри кавкабин.

Шамс буржидин чиқиб, арзи жамол айлаб салом,
Қилди бадранг Мағрибистонда суриб ерга жабин…

Зот билмам гўйиё андин зуҳур битмиш сифот
Партави эман дарахтина тушан ул нурдин.

Чун ғизоли кўзлари ишқ аҳлини қилмиш асир,
Бул ажаб, ушшоқлар сайёд ўлуб этмиш камин.

Мавжи тўфони ҳаводисдин эгам қилсун амон,
Сақлағай ул доми гирдоби бало куллобидин.

Кўз қирғоғи бирла боққач гўйиё бўлдим асир,
Бир ишорат етти жона захми мужгон тиридин.

Солди бўйнумға у дам зуннори кофир гисусин,
Бир мусулмон ўғлина бу тарз зулм этмак надин.

Билмадим бу тушмидир, ё хоб, билмам, ё хаёл,
Қўз очиб кўрдим нигоримни асар йўқ боридин.

Ишқа содиқ ўлса ҳар ким нангу номус истамас,
Гар муяссар ўлса, ор этмас эдим побусидин.

Музтариб Яъқубдек байтул хазондур кулбаси,
Кош ул Юсуф мисолим кўзга сурсам доманин.

* * *

Жисм бўлуб ҳурлиқо, ялло,
Бўлди қизиқ базми саро ялло.

Кўкка чиқуб нолаи танбур, чанг,
Ўйнашадур қоши қаро, ялло.

Ринд харобати бўлуб шайх эдуб
Вирди дуо зикру сано, ялло.

Базм элиға дарду бало юзланиб,
Оҳанг этуб жавру жафо, ялло.

Садр боруб, ё раб, ўқуб тантана,
Биз деюбон ялли яло, ялло.

Нағма била мутриб эдуб тарона,
Соқи сунуб жоми сабо, ялло.

Қўлларини белға тутиб ноз ила
Бир-бириға қилди имо, ялло.

Бўлди ҳақо, ишқ била нағмасанж,
Рост қилуб нағма-наво ялло.

Бадр кўруб мажлис аро дилбари,
Бўлди қамар қадди дуто, ялло.

Қосими девонани мажруҳ этуб,
Қўлларини қилди ҳино, ялло.