Муҳаммад Аминхўжа Муқимий (1850-1903)

Муқимий (тахаллуси; асл исм-шарифи Муҳаммад Аминхўжа Мирзахўжа ўғли) (1850 — Қўқон —1903.25.5) — шоир ва мутафаккир. Ўзбек демократик адабиёти асосчиларидан. Отаси тошкентлик, онаси Ойшабиби хўжандлик бўлиб, Қўқонда яшаганлар. Муқимий бошланғич маълумотни маҳалласидаги мактабда олган. Онаси Муҳаммад Аминхўжада шеъриятга ҳавас уйғотган.

Муқимий Қўқондаги Нодира бино қилдирган «Мохлар ойим» мадрасасида, сўнг Бухоро мадрасаларидан бирида ўқиган (1864—65; 1875—76). 1876 йилда Қўқонга қайтгач, ер қурилиши маҳкамасида мирзалик қилган. 70-йиллар охирларида Қўқонга қайтган ва ижод билан шуғулланган. Отаси вафотидан сўнг моддий аҳволи оғирлашгач, «Ҳазрат» мадрасасининг кичик бир ҳужрасига кўчиб ўтган (1885), бутун умри қашшокликда кечган.

Бир неча бор Тошкентга саёҳат қилган (1887—88, 1892), Тошкентдаги янгиликлар билан танишган. Тошкент маданий ва адабий ҳаётини чуқур ўрганган. Алмаий, Нодим каби илғор руҳдаги ижодкорлар билан алоқа боғлаб, ижодий ҳамкорлик қилган.

Муқимий яшаб ижод этган давр адабий ҳаёти мураккаб эди. Бундай муҳит Муқимий ижодига кучли таъсир кўрсатди. Ижодининг илк даврида қисман шаклбозлик унсурлари, санъатпардозлик майлларига берилиш ҳам учрайди. Лекин тезда бу хил анъаналардан воз кечиб, жамиятдаги иллатларга, эскилик ақидаларига танқидий назар билан қаради. Навоий, Жомий, Низомий ва Фузулийдан ўрганди, улар ғазалларига мухаммаслар боғлади. Жомийни ўзига устоз билди. Ўзбек, форс мумтоз шоирлари анъаналарини давом эттирди. Ўзбек адабиётида демократик йўналишнинг вужудга келиши ва шаклланиши Муқимий номи билан боғлиқ. У бошлиқ Фурқат, Завқий, Аваз, Комил каби илғор фикрли шоирлар ўзбек адабиёти тарихида янги саҳифа очдилар.

Муқимий лирикаси чуқур оптимизм билан суғорилган, ҳаётийлик ушбу лириканинг асосий ва етакчи хусусиятларидан. Муқимий реал муҳаббатни, инсонни куйлаган. Шеърларининг туб моҳиятини инсон кечинмалари, севинч ва аламлари, истак ва армонлари, курашлари ташкил этган. Уларда дўстлик, садоқат, самимият, вафодорлик, сабот ва матонат улуғланган ва булар орқали шоир кишиларда яхши хусусиятларни тарбиялашга интилган. Адолатли ва бахтли замонни орзу қилган, шундай кунлар келишига ишонган («Келур охир сени ҳам йўқлағудек бир замон яхши» ва б.). Ҳасрат, шикоят, норозилик мотивлари мавжуд бўлган шеърларида ҳам келажакка ишонч, фаровон ҳаёт ҳақидаги орзу-идеаллари акс этган.

Муқимий дунёқараши ва интилишлари билан муҳит ўртасидаги зиддият унинг ижодида танқидий йўналишни майдонга келтирган. Бу унинг ҳажвиётида кўпроқ акс этган. Ҳажвиёти мазмунан сатира ва юморга бўлинади. Сатираларида чор амалдорлари, айрим маҳаллий бойларнинг кирдикорлари очиб ташланган («Танобчилар» ва б.). «Сайлов», «Дар мазаммати замона» ва бошқада ўлкага кириб келаётган капиталистик ва ғайриахлоқий муносабатлар ҳамда уларнинг оқибатлари кўрсатилган. Баъзан, ўша даврдаги ҳукмрон қарашларга эргашиб, Дукчи эшон ҳақида ҳам ҳажвий асарлар ёзган («Ҳажви ҳалифаи Мингтепа»).

От, арава, лой, пашша, безгак каби мавзуларда 30 га яқин ҳажвий асар яратган. Уларда шоир турмушнинг қолоқ ва чиркин томонлари, ижтимоий онгдаги нуқсонлар устидан кулган, мустамлакачилик азоби, харобаликни заҳархандалик билан тасвирлаган («Девонамен», «Кўсамен» «Ҳайрон қилди лой», «Пашшалар», «Шикояти безак» ва б.). Бошқа бир қатор ҳажвияларида жамият ҳаётидаги ўзгаришларга янгича муносабат акс этган («Таърифи печ», «Ароба қурсин», «Лой» ва б.).

Муқимий ўзбек адабиётига ишчилар мавзуини олиб кирди, типлар галереясини яратди («Масковчи бой таърифида», «Воқеаи Виктор» ва б.). Турли шаҳар ва қишлоқларга қилган саёҳатлари таассуротлари асосида 4 қисмли «Саёҳатнома» асарини ёзди. Асар енгил, ўйноқи вазнда ёзилган, 4 мисрали бандлардан ташкил топган. Унда халқ турмушининг оғирлиги, қишлокларнинг вайроналиги реалистик тасвирланган. Шоир яхшиликни маъқуллаб, гўзалликни мадҳ этган, камчиликлар устидан кулиб, танбеҳ берган, ёвузликни, турли иллатларни танқид қилган. Муқимийнинг наср ва назмдаги мактублари эпистоляр адабиёт намунаси ҳисобланади. 10 шеърий, 20 га яқин насрий мактублари сақланган. Шеърлари қўлёзмалар, баёзлар, 20-аср бошларида литографияда нашр қилинган китоблар, Тошкент ва Петербургда босилган вақтли матбуот саҳифаларида бизгача етиб келган.

Муқимий ижодини ўрганиш, асарларини тўплаш ва нашр эттириш у ҳаёт давридаёқ бошланган. Дастлаб Остроумов «Девони Муқимий» тўпламини (Т., 1907) нашр қилган, сўнг 1910, 1912 йилларда «Девони Муқимий маа ҳажвиёт» номи билан асарлари тўплами босилган. Кейинги даврларда Ғ. Ғулом, Ойбек, Ҳ. Зарифов, Ҳ. Ёқубов, Ҳ. Раззоқов, Ғ. Каримов, А. Ҳайитметов ва бошқалар Муқимий ижодини тадқиқ этганлар. Шеърларидан намуналар чет тилларга таржима қилинган. Қўқонда уй-музейи ташкил этилган. Фарғона вилоятидаги шаҳарча, Тошкент кўчаларидан бири, Ўзбек давлат мусиқали драма театри Муқимий номи билан аталади. Шоир ҳақида Собир Абдулла «Мавлоно Муқимий» романи ва «Муқимий» драмасини яратган. Муқимийнинг аксарият ғазаллари ашулага айланган.

Суннатилла Аҳмедов.

ЭЙ, ЁРИ ЖОНИМ

Ошиқ бўлибман, эй ёри жоним,
Васлингни излаб, йўқдур мажолим.

Бир йўқламайсан куйган қулингни,
Кўзлари жаллод, нозик ниҳолим.

Раҳм айла манга, эй бағри қаттиқ,
Дийдам тўла қон, эй шўхи золим.

Лаб ташналарга айла назора,
Қадди чу шамшод қоши ҳилолим.

Олдинг кўнгулни бир-икки сўзлаб,
Девона бўлдим, тўти мақолим.

Ҳар дам куярман, ёдимга тушсанг,
Бир кўрмагунча йўқдур мажолим.

Неча замондур, кўздин ниҳондур,
Ошиқ Муқимий, эй хаста ҳолим.

КИМ ДEСУН

Ул тағофулпешаға ҳоли харобим ким десун?
Ҳажрида мундоғ мени кўрган азобим, ким десун?

Кундузи бир ерда бир дам олмай орому қарор,
Лаҳзаэ йўқ кечалар кўзларда хобим, ким десун?

Ўз кўмочиға, масалким, тортадур кул ҳар киши,
Бас, куюб ишқида чеккан изтиробим, ким десун?

Куймаган бўлса биров меҳру муҳаббат ўтиға,
Шамъдек то субҳ ўртаб табу тобим, ким десун?

Ҳамнишиндурлар улуғларга хушомадгўйлар,
Йўлида жононими хайру савобим ким десун?

Гар қилич бошимға ҳам келса, дегайман ростин,
Сўзки ҳақ бўлса, саволимға жавобим, ким десун?

Дўстлар, сўрсанг ғизосидин Муқимий, эрта-кеч,
Қон шароб ичсам, жигарлардур кабобим, ким десун?

ЗУЛМ ИЛА ҚАҲРУ ҒАЗАБ

Зулм ила қаҳру ғазаб изҳор қилмоқ шунчалар,
Ошиқи бечорага озор қилмоқ шунчалар.

Гул дебон севгон кишининг кўкрагига ниш уриб,
Хаста-ю маъюс этиб, афгор қилмоқ шунчалар.

Тўтийи ширинсухан ағёрларнинг базмида,
Бизга келганда гапирмай, зор қилмоқ шунчалар.

Сизга ким айди: муҳаббат аҳлини қил иҳтисоб,
Қўрқутиб ўй айбига иқрор қилмоқ шунчалар.

Гарчи келса, эски тўн, биздек дуогўйи фақир,
Камбағалнинг хирқасидан ор қилмоқ шунчалар.

Ҳар бало-ю, жабр келса, ёнмагай ҳаргиз, Муқим,
Ошиқ аҳлини урубон хор қилмоқ шунчалар.

ТОЛEИМ

Оҳким, афсус, эмас ҳар ишда раҳбар толеим,
Вожгундур, имтиҳон қилдимки, аксар толеим.

Юз тарафдин еткуруб гарди кудурат, занги ғам,
Айлагай оинайи табъим мукаддар толеим.

Ҳар неча қилсам тавалло – зори қилмас, илтифот,
Рўйигардон тескари, тобора бадтар толеим.

Рўзгорим тийра, иқболим забун, бахтим қаро,
Бўлса равшан, бормукин тадбири дигар толеим?

Ногаҳон берсам, Муқимий, бир мусулмонга салом,
Дафъатан икки қулоғини қилур кар, толеим.

ТАНОБЧИЛАР

Бўлди таажжуб, қизиқ ҳангомалар,
Арз этайин эмди ёзиб номалар.

Адл қулоғи-ла эшит ҳлими,
Зулм қилур, баски, менга золими.

Ўн ик(к)и ойда келадур бир таноб,
Ўзгалара роҳату менга азоб.

Султон Алихўжа, Ҳакимжон – икав,
Бири хотун, бириси бўлди куяв.

Иккаласи бўлди чунон иттифоқ,
Гўё хаёл айлаки (қилмай нифоқ).

Ош есалар, ўртада сарсон илик,
Хўжа – чироқ ёғи, Ҳакимжон – пилик.

Бир-бирисиға солишурлар ўрун,
Эрта-ю кеч ўпушиб оғиз-бурун.

Саллалари бошларида оқ сават,
Кўрпача тагда ҳама вақт уч қават.

Бирлари мўлтонинамо, ҳийлагар,
Бирларидур кунда пиху гавда хар.

Оғизлар мақтаниб, ўн беш қариш,
Майдасухан, эзма (чурук), занчалиш.

Қайсики қишлоққа тушар отидин,
Элни йиғиб, воқиф этар зотидин.

Дерки: “Кўзунгга хали кал жўжаман,
Махдуми аъзамлик ўзим хўжаман.

Бизга бобо ҳазрати Шохлиғ мазор,
Мухлисимиз мардуми аҳли диёр.

Ҳам яна Эрҳубби бўлодур тағо,
Аммамизнинг эрларидур Нурато.

Биби Убайда бўладур ҳоламиз,
Гоҳ келур эрди кичик боламиз.

Хизр отамларга биродар эрур,
Чимлиғ азизлар менга додар эрур.

Гарчики мен олиму шайхи замон,
Қирқингизга эмди берай бир қозон.

Манки, танобингға чиқибман келиб,
Хизматими яхши қилинглар билиб.

Ўт қўюбон куйдурадурғон ўзим,
Ҳокимингу ўлдурадурғон ўзим.

Хоҳ танобингни дучандон қилай,
Хоқ карам бирла бошингни силай”.

Хўжа сўзини мунга бермай қарор,
Мардуми саҳройи бўлур беқарор.

Дерки Ҳакимжони: “Аё, оқсоқол,
Бизни топибсан магарамким ўсол?

Ҳозир этинг тўрт нафар мардикор,
Тўғри қил, олдимга қилибон қатор.

Арқоними еринга судраб чиқай,
Баччаталоқ қишлоқиларни (урай).

Бир бурайин мўйилабимни чиқиб,
Торт танобини – жазоси – сиқиб.

Яхшилигингни фуқаро билмагай,
Ҳоли булар кўзга бизи илмагай.

Икки танобини қилай ўн таноб,
Юртингизни куйдуруб, айлай ҳароб.

Хоҳ ўлунг, хоҳ қолинг, баччағар”, —
Дебки, узангуга аёғин тирар.

Бир-бирига қишлоқ эли боқишиб,
Гоҳ у ён, гоҳ бу ён чопишиб.

Жам бўлиб айлаюбон маслаҳат:
— “Дўғмаға, — дер, — бир нима бериб жўнат!”

Ақча қўлида ик(к)и-уч мўйсафид
Дерки: — “Бу назрингизу, бизлар – мурид”,

Зулм билан эллигу юзни олур,
Боз танобини дучандон солур.

Тағи булар яхши-ю, бизлар ёмон,
Эл тамизидин ҳазар эт, алъамон.

Ўзга яна ғусса будурким, дейин,
Шунчаки бир қисса булардин кейин:

Қўшти Жалолхон деган ўғлин менга,
Деди: “Руқум ўргатасиз сиз анга”.

Юклади ўғлини сенга, мухтасар,
Бу дағи ортиқча (менга дардисар)…

Сўзни, Муқимий, керка этмак тамом,
Маззаси қолмас, узун ўлса калом.

“Саёҳатнома”лардан

ҚЎҚОНДАН ШОҲИМАРДОНГА

Фарёдким, гардуни дун
Айлар юрак бағримни хун,
Кўрдики, бир аҳли фунун –
Чарх анга кажрафтор экан.

Қолмай шаҳарда тоқатим,
Қишлоқ чиқардим одатим,
Хоҳи яёв, бўлсун отим,
Гоҳ сайр ҳам даркор экан.

“Ултарма”га қилдим юруш,
Йўлдош эди бир читфуруш,
Етдим жадаллаб вақти туш,
Бир дам қизиқ бозор экан.

Бир маърака кўрдим бутун,
Жаъми ёпинган бошга тўн,
Боқсамки, беш юзча хотун,
Воиз сўзин тинглор экан.

Мингбошилик кимнинг иши,
Десам, деди бедониши,
Бир “Қўштегирмон”лик киши,
Хўжа Исо бадкор экан.

Мағрур, хасису бешу кам,
Ҳар гапда юз ичгай қасам,
Такжой олур моховдан ҳам,
Ҳожи ўзи мурдор экан.

“Дўрмонча”га кетдим ўтуб,
Ёқамни ҳар соат тутуб,
Ётдим ул оқшом ғам ютуб,
Дашти қароқчизор экан.

Унда бўлус Ғози деди,
Ҳам муфти, ҳам қози деди,
Юрт барча норози, деди,
Қилғон иши озор экан.

Боз издиҳоми воизи,
Бадкайф, очилмас кўзи.
Юқори бошидин тизи,
Эрмаклари кўкнор экан.

Сўрсам, дедилар: “Бўрбалиқ”,
Бирмунча эчкилар ариқ,
Келса киши еяр тариқ,
Шому саҳар тайёр экан.

“Оқ ер”дин ўтдим, бойлари –
Олий иморат жойлари,
Меҳмонсиз ўткай ойлари,
Келса биров ночор экан.

Аммо назарда “Рошидон”,
Фирдавс боғидин нишон,
Ўйнаб оқар оби равон,
Саҳни гулу гулзор экан.

Маъюс бордим “Зоҳидон”,
Бир кўча кетгунча дўкон,
Шўх одами, ичмай пиён,
Маст, отаси безор экан.

Сувлар сепилган сўрилар,
Бўрланган ўчоқ-мўрилар,
Табъинг мабодо чой тилар,
Дамлашлари ишқор экан.

“Олтиариқ” қурсин ўшал,
Селларда қолдим бир маҳал,
Бўлдим ивиб, ёмғурда шал,
Тўн шилта, ҳўл эзор экан.

Мингбошиси сўфинамо,
Тасбеҳу бўйнида ридо,
Чўқуб қочар зоғи ало
Бир доғули айёр экан.

Хайру соҳо важҳига кар,
Бир пулни юз ердин тугар,
Келса гадой ногаҳ агар,
Бир нон чиқиш душвор экан.

Кўрдим чуқур “Чимён” эрур,
Ер остида зиндон эрур.
Душманлари меҳмон эрур,
Боғи унинг тутзор экан.

Водил мақоми дилфизо
Кўчаларидур дилкушо,
Анҳорида оби сафо,
Себарга обишор экан.

ҚЎҚОНДАН ФАРҒОНАГА

Чун шаҳрдин чиқдим «Қудаш»,
Кўнгул бўлуб маҳзун-у ғаш,
Мажнунсифат, девонаваш,
Серчашма-ю кам чанг экан.

«Яйфан» агарчи хуш ҳаво,
Одамлари енгилнамо,
Бир-бирлари-ла доимо
Бўлар-бўлмасга жанг экан.

«Нурсух» каби бир жой кам,
Тушмай ўтиб қилди алам,
Олма, анор ўрнига ҳам
Боғида ток-у занг экан.

Кўп одамидин «Бешариқ»,
Боғларда экмишлар тариқ.
Етим ҳақи — гўшти балиқ,
Қилмишлари найранг экан.

Чарчашни билмас юрсалар,
Пурзўр кетмон урсалар,
Вақти намозга келсалар,
Масжид сорига ланг экан.

«Рафқон» ажойиб жой экан,
Бир кўча кетган сой экан,
Салқин супа ҳой-ҳой экан,
Ким кўрса ҳанг-у манг экан.

Озодадин тўпори кўп,
Дукчисидин аттори кўп,
Чойхўридин кўкнори кўп,
Бир раста нос-у банг экан.

Айвончалар мисли катак,
Бир йўлки, одам сиққудак,
Чит бирла бир ерда алак,
Бозори тор-у танг экан.

Хуфтонда кирдим бир дўкон,
Қилди ашула бир жувон,
Эшак деманг, ундин ямон,
Ҳанграрда яхши ҳанг экан.

Қийғир кўтаргон уч йигит,
Ухлатмадилар бир минит,
Ҳам бошда тонг отқунча ит
Ғингшиб чиқиб, ванг-ванг экан.

Айлай саёҳат энди бас,
«Конибодом» қилмай ҳавас,
Ҳар ерда ётган хор-у хас,
Кўзга тикан якранг экан.

ҚЎҚОНДАН ИСФАРАГА

Афлок кажрафтор учун,
Ҳар дам кўнгул афгор учун,
Ҳўқанд танг-у тор учун,
Саҳро чиқиш даркор экан.

Бордим шаҳардин «Яккатут»,
Баққоли дузди бадбурут,
Бир танга соткай бир қурут,
Инсофи йўқ, таррор экан.

Қишлоқ жувони йиғлишиб,
Иссиғда ўйнашгай пишиб,
Ўтган тамошобин тушиб,
Сешанба кун бозор экан…

Мингбоши Эшдавлат акам,
Аммо қуруқ савлат акам,
Қилса чиқим гар бир дирам,
Уйқу қочиб, бедор экан.

«Яйфан» каби толзор кам,
Йўқ соясида зарра ғам,
Зебо санам, қоши қалам
Жононлари бисёр1 экан.

Дўғмалари ҳам хўб бажо,
Волоснойи уҳдабуро,
Юрт ишларини доимо
Хайриятин кўзлор экан.

«Нурсух» каби ҳам юрт йўқ,
Боғдор-у деҳқон қорни тўқ,
Масжидлари ҳам кўп улуқ,
Турфа фараҳ осор экан.

«Рафқон»ни бозор жойи танг,
Муллолари чаққон, гаранг,
Омилари ҳам мулларанг,
Кўйлак кийиб, дастор экан.

Гар меваси бир туп сотар,
Бир пулни юз ердин тугар,
Берса гадога нон агар,
Минг йилда ҳам душвор экан.

Аммо «Работи» баччағар,
Йўқ ҳеч одамдин асар,
Бир подажойи гов-у хаи,
Чун оғули тайёр экан.

Ду бора юрдим даштлаб,
Бодом конига қараб,
Мирза Умарни сўрағлаб,
Ҳавлисида нажржор3 экан.

Бўлғай ўшал Бурҳон омон,
Яхши йигитдур бегумон,
Хурсанд қилди ногаҳон,
Мингбоши Хол саркор экан.

Армонки, кўпрак юрмадим,
Бир-икки ҳафта турмадим,
«Тикка Работ»ни кўрмадим,
Пурфайз бузруквор экан.

Маъюс чиқдим «Исфара»,
Дил хаста, мажруҳ-у яра,
Иссиққа куйган қоп-қора,
Олти жиҳат кўҳсор экан.

Анҳор-у сой-у чўллари,
Ўйнаб келодур сувлари,
Ширинки зардолулари,
Қанд-у асал бекор экан.

Шерсиз эмасдур бешалар,
Бордур саховатпешалар,
Қилманг ёмон андешалар,
Яхшилари ҳам бор экан.

Ҳожи Зуҳур ҳам ўрдада,
Сарҳавзалар, олий сада,
Борса агар бир ғамзада,
Жониғача эсор экан.

Бойваччасидур бадбуруш,
Тўғри сўзи аччиғ-туруш,
Сил, эски бачча, чойфуруш,
Ҳофиз Умар, Қаҳҳор экан.

Бўлма ҳаловатга касал,
Оламда йўқ бениш асал,
Бешак мукофоти амал,
Дунё қурулғон дор экан.

Алҳамдулилло, бехатар,
Келдим, Муқим, айлаб сафар,
Музтар қолиб, кўрмай зарар,
Ҳақ бандасига ёр экан.