Мужрим Обид (XVIII-XIX аср)

Мужрим-Обид — (тахаллуси; асл исми-шарифи Миракхўжа ўғли, 18-асрнинг 2-ярми — ҳозирги Бухоро вилояти Вобкент тумани Кумушкент қишлоғи — 19-асрнинг 1-чораги) — зуллисонайн шоир. Ўз даври Бухоро адабий муҳитининг забардаст вакили. Таржимаи ҳолига оид маълумотлар етарли эмас. Баъзи манбаларда шоирнинг исми Обидхўжа, отасининг исми Миракхўжа эканлиги қайд қилинган.

Мирараб мадрасасида таҳсил кўрган. Дастлаб Мужрим тахаллуси билан шеърлар ёзган. 19-асрнинг бошларида Амир Ҳайдар унга Обид тахаллусини берган. Лекин у Мужрим тахаллусидан ҳам воз кечмай, ҳар иккала тахаллус билан ижод этган. У Амир Ҳайдар саройида мубоширлик вазифасида ишлаган. 80 йилча умр кўрган шоир ҳаётининг сўнгги йилларида қашшоқликда яшаган. Шеърларида бевафо дунёдан, адолатсиз замондан, оқибатсиз одамлардан нолиш — шикоят оҳанглари акс этган.

Туркий ижодида Навоий ва Машраб, форсий шеърларида Бедилга издошлик қилган. Унинг туркий девонида 459, форсий девонида 206 ғазал бор. Девонларида, шунингдек, мухаммаслари, қитъалари, рубоийлари, «Ҳасби ҳол» маснавийси мавжуд. Асарлари тўлиқ ҳолда нашр этилмаган. Ғазалларидан намуналар ҳамда қитъа ва рубоийлари босилиб чиққан. Форсий девони мукаммал эмас.

Мужрим-Обид анъанавий услубда гўзал ишқий ғазаллар яратган. Уларда сўфиёна руҳ кучли. Оғир ҳаёт йўлини босиб ўтган шоирнинг аксар шеърларида шикоят, қасрат оҳанги устун. Форсий-арабий сўзлар кўп учраши жиҳатдан шеърларининг тили мураккаб, лекин услуби содда, ифода тарзи равон. Шарқ адабиётини чуқур билиши, етук истеъдод соҳиби эканлиги шеърларидан сезилиб туради. Шеърлари оҳорли ва гўзал ташбеҳу тимсоллар, теран фалсафий умумлашмалар, кескин ижтимоий фикрларга бой. Қитъа ва рубоийларида шоирнинг ахлоқий қарашлари, панд-насиҳатлари акс этган. Умуман, дунёнинг номукаммаллиги, жамият қусурлари, одамлар феълидаги иллатларни танқид қилиш шоир шеъриятининг асосини ташкил этади.

Мужрим-Обиднинг туркий ва форсийда битилган девонларининг қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланади (инв. №976, 1797, 3798, 991).

Эргаш Очилов.

ҒАЗАЛЛАР

Замона ҳар кима бир тарз рўзгор қилур.
Биравни восили давлат, биравни хор қилур.

Биравни қўлиға берур мадори мулки жаҳон,
Биравни то дам ўтгунча бемадор қилур.

Биравни ғам била, қайғу билан адо айлар,
Биравни ишрати оламға пойидор қилур.

Биравни дийдаи биносидин жудо айлаб,
Тамоми умрин асокашга интизор қилур.

Биравга сийму зар беҳисоб рўзи этар,
Биравни бир пул учун йўл юзида зор қилур.

Висол бирла йил ўтса замонча кўринмас,
Бирор замонгина ҳижронни йил шумор қилур.

Фалакдин ҳар нечаким дарду ғам нузул айлар,
Юрогим ичра келиб, жо тутуб диёр қилур…

Биравни кўнглида кибру ғурур, завқу ҳузур,
Биравни кўйи ғарибликда хоксор қилур.

Кўнгулки жазбаи ишқ ўқига нишона эрур,
Чу дард текса қачон бир замон қарор қилур.

Бу дайрда киши бир-бирдин айрила тушса,
Шароби васл нафас этмайин хумор қилур.

Биравга меҳри фулус жаҳонга шатта урар,
Ғарибу ғамзадалар кўнглини шикор қилур.

Биравки кўнглига ишқ ўтидин шарора тушар,
Жунун бошиға тушарга нечук қарор қилур.

Чунончи аҳли муҳаббат йўлуқса бир-бирига,
Ҳикояти ғаму афсонаси, барор қилур.

Чу ошно ҳамага беғараз эрур Мужрим,
Анинг учун ҳамани ҳолис эътибор қилур.

* * *

Гулистон ичра кирсам ҳолима сарву суман йиғлар,
Қилур булбул фиғону нолалар бирла чаман йиғлар.

Эшитсалар мани бошимга тушган мунча савдони,
Биёбонларда Мажнун, тоғ ичинда Кўҳкан йиғлар.

Осилди ишқ туғёни билан Мансур дор узра,
Аналҳақ наъра тортиб, чўбайи дору расан йиғлар.

Юрак қон бўлмағунча дидадин хуноба йўқ жори,
Бировга текмаса бир дарди бедармон қачон йиғлар.

Менинг ишқим ҳадиси тушса гар маҳфил аросиға,
Куяр парвона-ю, мотамда шамъи анжуман йиғлар.

Бу ҳасрат бирла охир даҳри фонидин гузар қилсам,
Ўқуб ғамномаи ҳажримни ҳар бир марду зан йиғлар.

* * *

Охир ул бедодгар қасди мени жонимдадур,
Ёки, тиғин тез этарга муддао қонимдадур.

Кўчинг эй мардумки бир тун бўлмағайсиз ғарқи хун,
Мунча селоби балоким чашми гирёнимдадур.

Ерга тушган шуъласига тоқати наззора йўқ,
Ул ҳароратким манинг хуршеди тобонимдадур.

Соғинурман кош Мажнун бўлса эрди улфатим,
Ҳурматим тутмас хирад аҳлики, давронимдадур.

Хоҳ сотсун, хоҳ қўйсун, хоҳ озод айласун,
Бандаи фармонидурман ҳукм султонимдадур.

Ҳар кима дарду алам даркор, келсун манда бор,
Чуғзи олий ҳимматам, бу ганж вайронимдадур.

Кўнглум афгор ўлғанин андин халойиқ фаҳм этар,
Ким хароши доғ кашфи оҳу афғонимдадур.

Тифллар девонадур деб, олдилар тегра тўшим,
Неча тифли ашк кўрким ёна мижгонимдадур.

Эсдин озғон, телба бўлғон, чарх урғон, бағри доғ,
Халқ ҳар тил била ёд айлар менинг шонимдадур.

Ҳар ким ўз ҳолиға олам ёна ўз нафсиға банд,
Ҳеч ким билмас на ҳасратлар менинг жонимдадур.

Тил шикоятға туриб, ўз ҳолима солмай назар,
Нафсима боқсамки, ул ҳам банди нуқсонимдадур.

Мужрим англаб халқи олам кўрдилар кўзга ҳақир,
Билмадилар хосиятлар банду зиндонимдадур.

* * *

Кўнглумни ҳирсу нафсу ҳаво хона қилдилар.
Ақлимни олдилар, мени девона қилдилар.

Душман сўзумни айди ёмон, дўст кўрди хуш,
Миннат аларға тил била афсона қилдилар.

Мардумки, кўзу қошдек эди яхши ошно,
Не топтилар базмдаки, бегона қилдилар.

Ул шамъи базм партавидин жонға тушти ўт,
Гўё мени мушобиҳи парвона қилдилар.

Кофир кўзи, қароқчи қоши, ўғри кифриги,
Мунча ситамни қайси мусулмона қилдилар.

Ул кўй итлари сориға айладим гузар,
Шодамки, хулқу хўйи муҳиббона қилдилар.

Онларки, тўла бошлари мағзи хирад эди,
Ҳар шод, ғамни қисмати пешона қилдилар.

Сандин ҳам ўтти илгари Мужрим шумори кўп,
Андин хабар етишмади оё на қилдилар.

* * *

Ҳар сўзда ҳар биравга не ширин нукоти бор,
Бол томди оғзидинки тилинда наботи бор.

Тасхир бўлмаған киши қолмас бу даҳр аро.
Ул шўхнинг бу навъда гар илтифоти бор.

Васлини истаган ўзидин қатъ этар ҳаёт,
Андин кечар биравни, керакли ҳаёти бор.

Шоҳини кўнглум этмади парвоз — боли йўқ,
Ҳар қушға [ким] боқарман учарға қаноти бор.

Ишқ аҳлининг дўконида йўқтур матои сабр,
Ошиқ йўқ улки, қавлану феълан саботи бор.

Шарҳи ғаминг руқумиға девони хотирим,
Мижгон қалам, қора ёшу кўздин давоти бор.

Халқи замона таънайи Мужримлигинг қилур,
Огоҳ йўқки, ҳақдин умиди нажоти бор.

* * *

Сенингдек ёрдин бегона бўлмоқ бор экан охир,
Муқими кунжи ҳасратхона бўлмоқ бор экан охир.

Фалотун табълар бирла ўзумни тенг бнлур эрдим,
На билдим, бехирад, девона бўлмоқ бор экан охир.

Умид бирла тузуб эрдим ҳисори ошнолиғни,
Бу таъмиримға ҳам вайрона бўлмоқ бор экан охир.

Ғами ишқингни, жоно, ҳар неча элдин ниҳон тутдум,
Халойиқ оғзида афсона бўлмоқ бор экан охир.

Қочайдим ўт дегандин, ўтмас эрдим жони шириндин,
Жамолинг шамъиға парвона бўлмоқ бор экан охир.

Кўзум мағрури васл эрдиму кўнглумда ҳаво ўзга,
Нигоҳи ошно бегона бўлмоқ бор экан охир.

Бўлуб Мужрим ва лекин каж ёзилғон хатти пешони,
Мукаллаф жониби зиндона бўлмоқ бор экан охир.

* * *

Эшитдим ул пари ағёр бирла ошно бўлмиш,
Мени кўзумға бу равшан жаҳон шоми қаро бўлмиш.

Кўзум оқу қароси дўстлар бўлмас харидорим,
Магар бозори меҳр ичра матоим кам баҳо бўлмиш.

Жаҳондин шавкат оти қатъу кулли муртафиъ бўлди,
Ки бу бечораға аҳбоб кўп номеҳрибон бўлмиш.

Ҳужуми ҳасрату ғамдин силинди ҳосили жисмим,
Камоли заъф кўрким пўст бирла устихон бўлмиш.

Қарибсан ҳам кўнгулни завқи дунёдин кўтармассан,
Надер Мужрим демай халқи жаҳон ишинг хато бўлмиш.

* * *

Дариғ айланмади чархи фалак бир кун маромимға,
Тазарви бахт илинмай, ром бўлмай ўтти домимға.

Яқосиға қўлум етмай, чолиб домонидин тутмай,
Фалак не қилғанимға айланибдур интиқомимға.

Қоранғу рўзгорам балки хорам, жони афгорам,
Ажаб йўқтур агар табдил топса субҳ шомимға.

Бу кунларким жаҳонни бузғудекдур шиддати оҳим,
Қуёш қўрқуб киролмас мунча тўфонлиғ мақомимға.

Уюм атрофини селоби ашким қилди дарёе,
Эшик масдуддур, эй ғам, букун келма саломимға.

Нуқуди умр халқи даҳр савдосиға сарф ўлди,
Қизиқ бозор сард ўлди ҳама савдойи хомимға.

Не обидлиғда масрурам, на Мужримлиғда маҳжурам,
Ну толеъ ёр йўқ, миқдор йўқдур мунча номимға.

* * *

Гулистон интизоринг, сарв қадингни хиромон қил,
Қаро зулфингни оч, сунбул димоғини паришон қил.

Чекар булбул фиғон, гул ғунча айлар пираҳан пора,
Букун мен нола айлай, сен доғи чоки гирибон қил.

Май ич, маҳбуб қуч, мутриб билан чу беғам ўлтурғил,
Оёғинг қўйма зинҳор илгидин ўлгунча даврон қил.

Қизориб чиқти гардундин қуёш меҳринг сўроғинда,
Такаллуф бартараф хуршеди рухсорингни тобон қил.

Бошингға ҳар нечук савдо кетурса даҳр ошуби,
Ҳарос этма қўлингдин келса, айшингни ду чандон қил.

Сени қўндурғали қилдим муҳайё жон аро жойинг,
Бузуқ кошонамизға бир кеча ўзунгни меҳмон қил.

Самандингни жиловин сақла Мужрим додхоҳингдур,
Десун арзини хоҳи дора чеку хоҳи зиндон қил.

* * *

На хушдур ҳар кишиға ишқ ўтдин асар бўлса,
Самуми оҳ бирла йўқ таажжуб баҳравар бўлса.

Кўзи хуноб ила тўлған, чиройи заъфарон бўлғон,
Муҳаббат бирла қон ютқан эранлардин назар бўлса.

Фано майхонасидин нўш айлаб ҳар киши жоме,
Кўрарлар нашъаи дилҳоҳ, кимнинг ҳалқи тар бўлса.

Хуш ул риндеки молу мулки олам кўзга илмайдур,
Қаро туфроқча билмас, олдида анбуҳ зар бўлса.

Муҳаббат кўнглунг ичра бўлса, қобил ҳамдаминг улдур,
Юроки дардсизни дема ҳамдам гар падар бўлса.

Алам майдонида разм айла Обид, ҳимматинг кенг тут,
На дерсан эл қулоқиға эшитмак бирла кар бўлса.

* * *

Айғил манга кўнглим недур асрори ниҳонинг
Лол ўлди магар ҳажрида гўё бу забонинг.

Ақлим сенинг ақлингдуру ҳушим сени ҳушинг,
Жисмим сени жисмингдуру жоним сени жонинг.

Сен подшоҳи мулки тану қалъаи жонсан,
Илгим, оёғим иккаласи тахти равонинг.

Бир маслаҳатим айғилу йўлимға равон қил,
Шоядки қабули ҳақ эса ушбу равонинг.

Шодим борида шодсан, ғам била ғамда,
Жоним мени жоним эди қўйнимда маконинг.

Эй булбули табъим на ҳаводур бу чаманда,
Беҳуда эрур нолау фарёду фиғонинг.

Обидни балоларга гирифтор қилибсан,
Айғил манга кўнглум недур асрори ниҳонинг.

* * *

Не тараф азм айласам олдимда истиқбол ғам,
Боқмай ўтсам ҳам келур, соя каби дунбол ғам.

Кеча ҳамболину кундуз ҳамдами ёри сафар,
Ҳар қаён борсам анисим мунча моҳу сол ғам.

Эй масиҳим бир замон бошимға еткургил қадам,
Ўлгали еттим, манга кўргузди бу аҳвол ғам.

Эй хуш ўл ринди хароботики бир соғар била,
Осмон емрулса келмас кўнглига мисқол ғам.

Ҳамдилиллаҳ, ишқ аро соҳиб ривожи даҳр ман,
Дард бахту толеим идбордур, иқбол ғам.

Соқиё, май берки тавба эшикин масдуд этай,
Тобакай қилсун мани маҳжурни помол ғам.

Гоҳи Обидлиғ отим бирла қилиб кўнглимни шод,
Гоҳи Мужрим деб ёзиб, ўзимга ҳасби ҳол ғам.

* * *

Бу кеча кошонам узра ёр меҳмон келмади.
Қолибим беруҳ қолди, лутф этиб жон келмади.

Посишаб нолам эшитиб, бўлди булбуллар хамуш,
Не учун ушбу саҳар овози афғон келмади.

Ваъдаси ёлғон эди ё манъ қилди ғайр ани,
Яъни ул бебок табъи қавли ялғон келмади.

Чашмаи чашмим мурури ашкдин қолди қуруб,
Ул тасалли бахш ашки чашми гирён келмади.

Бошими гардун сари еткурмади файзи қадам,
Оллоҳ, оллоҳ, қомати сарви хиромон келмади.

Кўп соғингандин кўзумда қолмади бир зарра нур,
Партави зулматзудойи моҳи тобон келмади.

Бу масалдур, Обидо, халқ ичраким, қайси ятим;
Оғзи тегди ошға-ю, бурнидин қачон қон келмади.

* * *

Тонг отди чиқма уйдин ҳар тарафға қилма наззора,
Мабодо бўлмағай ою қуёшнинг пардаси пора.

Юзунгга халқи олам кўз солурға орзу айлар,
Таваҳҳум улки яксон бермагайлар жон якбора.

Лабингдин ғунча кулмак истару наргис нигоҳингдин,
Тараҳҳум айла помол ўлмасун гул кирма гулзора.

Фидойи илтифотинг бир бўлак бағри адолардур,
Фақиру бенавову мубталову зору бечора.

Бирор дафъа сени кўрган айирмас кўз жамолингдин,
Қиё боқмас агар хуршед бўлсун ўзга рухсора.

Сен ул покиза атвору мақоли бебаҳодурсан,
Харидоринг бўлуб Юсуфни кўрким кирди бозора.

Қарош ҳолимға, эй дилдор, гоҳи марҳамат бирла,
Мени Обид сенинг йўлингда саргардону овора.

* * *

Ажаб бахти ёмонман, яхшилар ичра гузорим йўқ,
Бўлубман ғарқи баҳри дард умиди канорим йўқ.

Харобу нотавону абтар ўлди кишвари кўнглум,
Тараҳҳум бирла обод айлагай ул шаҳсуворим йўқ.

Қолибман тангнойи зулмат обод ичра найларман,
Замони хуш кечургундак ёруғлиқ рўзгорим йўқ.

Қаёнға юзланай, аҳволи зорим кимга шарҳ айлай,
На ҳолинг бор, нечуксан дегудек бир дўстдорим йўқ.

Мени мужрим қилибдур шоҳи иқлим, ҳасад кўнглум.
На ким амр айласа қилмоқдин ўзга ихтиёрим йўқ.

Майи васлин тилаб саргарми жоми ҳажри бўлмишман,
Ажал паймонасидин ўзга бир дафъи хуморим йўқ.

Кўнгулнинг дастидин охир жаҳон овораси бўлдум,
Ба сони зарра бир ерда туролмасман, қарорим йўқ.

На бир Мужрим бўлуб аҳли гуноҳ олдиға йўл топдим,
На бир Обид экан деб ҳам жаҳонға эътиборим йўқ.

* * *

Сансиз, эй маҳваш, кўнгул сайри гулистон истамас,
Балки жисми нотавоним роҳати жон истамас.

Шаҳди жондин ҳам сучукдур ҳар такаллум қилғонинг,
Лаззати лаълингни кўрган оби ҳайвон истамас.

Итларинг меҳмоним ўлса пора бағрим туъмаси,
Телба кўнглум мундин ўзга яхши меҳмон истамас.

Иззу жоҳи Миср ила меҳри Зулайҳо манъ этар,
Юсуф этмас ёд Яъқубини канъон истамас.

Қоши ёдур, кифрики ўқ, кўзлари жон олғучи,
Дам-бадам юз қон тўкар, қон аҳли товон истамас.

Ғунчаға солмас назар, оғзингдин ўлғай баҳравар,
Оразинг бепарда кўрганлар гулистон истамас.

Бу не қадду бу не қомат, бу нечук тарзи хиром,
Бир тамошо айлаган сарви хиромон истамас.

Хилвати жон кечалар шамъи жамолингдин ёруғ,
Онча мустағни зиёи моҳи тобон истамас.

Мужрим ўлмиш ишқ файзи бирла дарёйи алам,
Лангари табъи расодур ваҳми тўфон истамас.

* * *

Нахли қади ороста сарви чаманимсан,
Гулрези сухан, тўтийи шаккар шиканимсан.

Монанди садаф қўйнума жо қилғали кўнглум,
Азбаски қадам туфроғи дурри аданимсан.

Кўнглум санга вобаставу жоним санга сар,
Султони саропардан иқлими танимсан.

Пайдойи жаҳон ҳосили умрум санга масруф,
Бир сарви чаман зебу маҳи сим танимсан.

Кўнглумни олур чоқда азиз оқибатим хор,
Хуш дилбари, жон парвару пур макру фанимсан.

Жон исиму сендин келадур хаста машома,
Кўз машъалиға Юсуфи гул пираҳанимсан.

Мужрим санга кўз пардасини қилди раҳандоз,
Кел, кел букун, эй шуълайи байтул-ҳазанимсан.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Олами фонийда кулфатсиз маконе топмадим,
Ғайри андиҳу ғаму оҳу фиғоне топмадим,
Бир аниси шоду ғам ширин забоне топмадим,
Меҳр кўп кўргуздум, аммо меҳрибоне топмадим,
Жон басе қилдим фидо, ороми жоне топмадим.

Даҳр аро ёлғуз ўзумдек хоксоре кўрмадим,
Бекасу беёру беғамхору хоре кўрмадим,
Бир хазони ноумиди навбаҳоре кўрмадим,
Ғам била жонимға еттим, ғамгусоре кўрмадим,
Ҳажр ила дилсўхта бўлдум, дилситоне топмадим.

Ким кўрубдур мен киби расвойи даврон бағри қон,
Волау шайдо эрур ақлим ани кўрган замон,
Сарф бўлди хизматида гарчи жони нотавон,
Ишқ аро юз минг маломат ўқиға бўлдум нишон,
Бир камон обруда тузлукдин нишоне топмадим.

Оҳи дард олудим учун равнақи ишқим аён,
Субҳи иқболим эрур идбор шомиға ниҳон,
Борму йўқ гулзори олам ичра мандек боғбон,
Кўнглум ичра сарв ўқдур ғунча пайкон, гул тикон,
Даҳр боғи ичра мундоқ гулситоне топмадим.

Фаҳмиға лойиқ амал қилғучи олим кўрмадим,
Кўрдум, аммо табъини бир сўзда солим кўрмадим,
Эй кўнгул сендин ба жуз ранжи мулойим кўрмадим,
Ҳусн мулки ичра сендек шоҳи золим кўрмадим,
Ишқ кўйида ўзумдек нотавоне топмадим.

Токи ҳар девони таҳрир айлади ғам қиссасин,
Дарж қилди дафтари кўнглида боби ғуссасин,
Гарчи кўрмай қолмишам ушшоқ жисми жуссасин,
Кўп ўқудум Вомиқу Фарҳоду Мажнун қиссасин,
Ўз сўзумдин булъажаброқ достоне топмадим.

Обиди саргаштаи маҳжур доғи анжуман,
Бир дуогўйи ҳақири сокини байтул-ҳазан,
Етмасун ағёрдин дилдор кўнглига сухан,
Ул амон ичинда бўлсун, эй Навоий, гарчи ман,
Бир замон ишқида меҳнатдин амоне топмадим.

МАСНАВИЙ

Арзи аҳволи бу фақиру ҳазин,
Бажаноби муҳибби ибрат бин.

Яъни мен бор эдим муҳаққари дун,
Хоксори кам эътибори забун.

Давлати волидайни пушту паноҳ,
Ҳам йигитлик ғурури ҳодийи роҳ.

Ҳаваси жоҳу манзилу маъво,
Тушти бошимға яна кўп савдо.

Ринд аҳлиға рафту омад деб,
Монеъ элни кўруб хушомад деб.

Қанда бир базм бўлса ҳозир эдим,
Кўп тамошо кўрарга нозир эдим.

Ҳама эл суҳбатимға толиб эди,
Орзулар кўнгулга ғолиб эди.

Иззатим, ҳурматим фузунроқ эди,
Ҳар тараф борғали йўлим оқ эди.

Бандадин эҳтиёж йўқ эрди,
Кўнглимиз бу сабабга тўқ эрди.

Кунда кўп меҳмон кузатмак ила,
Бирин олиб, бирин узатмак ила.

Қанда бўлса муҳаббат аҳли-ю, доғ,
Айлар эрди бу нотавонни сўроғ.

Мен ҳам онлар била бўлуб хурсанд,
На ғами ую, на зану фарзанд.

Мутааддид ҳақирхона қилиб,
Меҳмон келгали баҳона қилиб.

Йўллари узра интизор эдим,
Эл оросида эътибор эдим.

Умр бори бу йўлда бўлди адо,
Эмди ўтган кунимга вовайло.

Қарилиғ қирқ ёш мобаъди,
Наҳсликдур бу йўл, ул саъди.

Бўлди фарзандлар бариси касир.
Манга бўлди бу муқтазойи замир.

Ким алар соясида бўлсам пир,
Ула турғонда қилғуси тавфир.

Жоним осойиши алар биладур,
Шомнинг зийнати саҳар биладур.

Яъни фарзандлар мулозим эрур,
Хизматим барчасиға лозим эрур.

Бўлушурлар ўларгача манга ёр,
Ҳар на амр айласам эрур тайёр.

Ғалату беҳаво деб эканман,
Сўзларим кўп хато деб эканман.

Ҳайф молу манол беҳуда сарф,
Ки ани айлагай зиён ила ҳарф.

Ману жоним билур на ўтти манга,
Осмондин на жавр етти манга.

Икки ўғилу беш қиз бариси,
Ҳар бири бўлдилар бир уй эгаси.

Ҳар ким ўз рўзгори бирла хуш,
Кўҳна вайронада мену бойқуш.

Кўрдиларким атода йўқ дирҳам.
Рафту омадни қилдилар барҳам.

Волидалари бевафо бўлди,
Бизга бўлди, наким жафо бўлди.

Ушбу қарридин этмадилар ёд,
Анинг учун мену кўнгул ношод.

Неча манзумани савод этсам,
Мен анингла кўнгулни шод этсам.

Эйки, фарзанд деб йиғарсан мол,
Санга ҳам бор бу сифатлик ҳол.

Берса фарзандингга худойим зар,
Сендин ар қолмаса ҳам анга етар.

Ул ҳам ул бир эгани махлуқи,
Анга маълум эрур бору бйўқи.

Берса неким ҳазойини тўладур,
Дема харж ўлғон ила кам бўладур.

Ўзунгга масриф айла борингни,
Хуш кечур умру рўзгорингни.

Бўла олсанг мужаррад ўл, эй ёр,
Кадхудо бўлмағил басад зинҳор.

Кадхудолиққа мубтало бўлма,
Хотун учраса ошно бўлма.

Гар чидай билмасанг, билиб қил ишинг,
Бўлмағил хору зор ёзу қишинг.

Умр ёшдин ўтар, ҳавас дилдин,
Оёғинг ҳеч узулмагай гилдин.

Кору боринг эрур пушаймонлиғ,
Бори суду зиён паришонлиғ.

Кўр мени холими-ю, ибрат ол,
Мендин ўтган на эрса ёдингга сол.

Менда ҳам бор эди бу хил кирдор,
Охиру оқибат бу бўлди кор.

Рўзгор аҳли ичра хор ўлдум,
Адвани аҳли рўзгор ўлдум.

Манга йўқ ғамгусору шафқатлиқ.
Аҳли авлоддин муравватлиқ.

Дегай отам қошида бор бўлай,
Ғаму шоди етишса ёр бўлай.

Бир қуруқ чўби бед бўлмишман,
Ҳамади ноумед бўлмишман.

Эмди манда на орзу, на ҳавас,
Ғайри туфроғ узра кўмилмагу бас.

Эмди бу сўзни ихтисор қилай,
Нафъи йўқ, юз ёзай, ҳазор қилай.

Хатм этай ончи ҳасби ҳолимни,
Ғазалиётими, мақолимни.


БАЙТЛАР

Ғами дунёга чирмашғон сари ҳолинг забун бўлгай.

* * *

Ҳарифи сода табълар кўп балога мубтало.

* * *

Душманни ўзингга маҳрами жон қилма,
Ўз жонингга мунча жабру нуқсон қилма.
Эл машварати бирла ҳар иш топар салоҳ,
Иш қилма ўз олдингча, пушаймон қилма.

* * *

Умр ёшдин ўтар, ҳавас дилдин,
Аёғинг ҳеч узилмагай гилдин.
Кору боринг эрур пушаймонлиғ,
Бори суду зиён паришонлиғ.

* * *

Не тараф азм айласам олдимда истиқбол ғам,
Боқмай утсам ҳам келур соя каби дунбол, ғам.

* * *

Сучук тил бирла, эй Обид, бу ғамли дилни шод этгил,
Ки жон тандин вижод этгунча бу ширин забон яхши.

* * *

Бу масалдур, Обидо, халқ ичраким, қайси ятим,
Оғзи тегди ошқаю, бурнидин қачон қон келмади.

* * *

Кўрдики кимда бордур давлат анга дучордур,
Нафъи етғай хаёлиға ўзни ошно қилур.
Бировни ғам била, қайғу била адо айлар,
Бировни ишрати оламға пойдор қилур.
Бировни дийдаи биносидин жудо айлаб,
Тамоми умрин асокашга интизор қилур.
Бировга симу зар беҳисоб рўзи этар,
Бировни бир пул учун йўл юзида зор қилур.

* * *

Чекиб миннат ададсиз, руйи роҳат курмадим ҳаргиз,
Азалдан, эй биродарлар, жафокашга вафо бўлмас.

* * *

Ҳеч биродардан манга келган эмас буйи вафо,
Аҳли оламда манингдек пуржафоэ бормикин?
Меҳр излаб қаҳр кўрган, шарбат излаб заҳр нуш,
Руйи роҳат курмаган меҳнатадоэ бормикин?