Мажзуб (XVIII-XIX аср)

Мажзуб Намангоний (тахаллуси; асл исми Абдулазиз) [18-асрнинг 2-ярми, Қарши — 1849 (1857), Наманган] — шоир. Ўзбек тасаввуф адабиётининг йирик намояндаларидан бири. Бухоро мадрасаларида таҳсил кўрган. Шу ерда Халифа Ҳусайн Янгиқўрғонийдан тасаввуф таълимини олган.
Мажзуб тасаввуфда зикри жаҳрия (ошкора зикр) йўлининг ўзига хос услубини татбиқ этган. Унинг қаламига мансуб «Девон»га кирган «Соқийнома» (181 саҳифа) сўфийларнинг суҳбатларида махсус мақом билан ўқилган. Бу эса, ўз навбатида, зикр вазифасини ҳам ўтаган. Унга эргашувчиларни мажзубийлар деб аташган. 19-асрда Туркистонда мажзубхонлик кенг тарқалган. Мажзуб асарлари ўз даврида ва кейинчалик ҳам кўплаб қўлёзма манбалардан ўрин олган, тўпламлар ҳолида бир неча бор нашр этилган ва кенг тарқалган.
Мажзубнинг ўзбек ва форс тилларида алоҳида-алоҳида «Девон»и бўлиб, уларнинг асосий қисмини ғазал, мухаммас, қасида, соқийнома ташкил этади. Бундан ташқари, Мажзубнинг форс тилида яратилган «Тазкираи Мажзуб Намангоний» номли асари ҳам бор. Бу тазкира тасаввуф шайхлари ва суфиёна истилоҳлар мазмунига бағишланган. «Девони Мажзуб», «Тазкираи ҳазрати Мажзуб Намангоний» асарлари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланади (инв. №1018; 2662, 2125,2567, 1481).

* * *

Уйқу чоғи тунда чиқди моҳи тобон ўзгача,
Кун музаййан бўлди ер саҳни гулистон ўзгача.

Ишқи шўр ангез ёмғир тўкди дард афлокдин
Мубталолар ноласи бўлди намакдон ўзгача.

Офтоби маърифатни сен қуёшга тенглама
Кўрки, осори тутун ой баҳри Канъон ўзгача.

Сарв букланди, сиҳи синди санубар ҳамлада
Чун малоҳат наҳли қад ингач намоён ўзгача.

Ёр васлини тилаб ҳайрон, ҳазин, зор элни кўр
Сут тилаб йиғлар кичиклар саъйи мардон ўзгача.

Беватан сарсонлиғи ҳам хасталарни нолиши
Ғам етим гўдакдадур, шоми ғарибон ўзгача.

Ёрга етмоқ ҳазин ушшоқ доғи жон аро
Лек завқи муддаойи аҳли даврон ўзгача.

Ёр васлига етишган ранжликка бор шифо
Бедаво дарддур етишмай йўлда қолғон ўзгача.

Бу шариат ичра гарчи ажралик иш тўла бор
Лекин бир кўнгли бузуқни кўнглин олғон ўзгача.

Жон бериб жононга етмоқ дема ҳар кимнинг иши
Тухм савдо тарбият қилғувчи деҳқон ўзгача.

Ҳар киши ўз суйганича кўнглида суйгони бор
Матлаби чуғз ўзгача раъйи андалибон ўзгача.

Ёр келмакчи эди, йўл бермади унга рақиб
Дилраболар йўлини тўсгучи шайтон ўзгача.

Дер жунун аҳлига панд аҳли парига берма дил
Найласун дуч келса бир кокил паришон ўзгача.

Кўп гуноҳ этгучи кўрдим орқасидин тавбаси
Раҳматинг сели дигаргун, манда исён ўзгача.

Ҳар вилоят шоири бир тарз шеър иншо этар
Шеъри номарбут Мажзуби Намангон ўзгача.

* * *

Кетмас кўнгилдин асло Махмур элини доғи,
То сунмаса париваш майхонадин аёғи.

Юргачки, зору ҳайрон ҳажрингда мубталолар
Бўлғайки об жорий, кўз ёшининг булоғи.

Мажнундир батар қил, водийда дарбадар қил
Ўлса гадолигингда ҳеч бўлмағай сўроғи.

Қилсам баён ҳолим кирмас қулоғи ёра
Ўлдурди ҳам куйдурди жононанинг бу доғи.

Килсун сани маломат Мажнун дебон ҳалойиқ
Бошингни пора қилсун маломатнинг бутоғи.

Тарк айлади шаробин майхона аҳлидин ким
Ёндурди ташналарни лаъли лабинг мазоқи.

Гулчеҳра қилди ғавғо Махмур элини ёраб
Мажнунни қилди расво Лайлини иштиёқи.

Ширин-шакар такаллум Фарҳоддин битарман
Кўп йиғладим париваш қон бўлди кўзни оқи.

Ҳижрон ўтиға куйдим, ёз ғамга ҳамдам ўлдим
Қолди юракни доғи рўзи жазоға боқий.

Дунёйи дунға берма ҳаргиз кўнгулни Мажзуб
Ишқ аҳлиға керакмас дунёни айши чоғи.