Маҳзуна (1811 — ?)

Маҳзуна (тахаллуси; асл исм-шарифи Меҳрибон мулла Бошмон қизи, тахминан 1811, Қўқон — ?) — ўзбек шоираси. Қўқоннинг Қатағон даҳа Мулла Бошмон маҳалласидан бўлиб, отаси маҳалла масжиди имоми Мулла Бошмон Охунддир.

Ота-онаси қўлида савод чиқарган, араб, форс тилларини мукаммал ўрганган. Навоий, Жомий, Фузулий ва бошқа ижодидан таъсирланган, ўзбек ва тожик тилларида шеърлар ёзган. Ҳаёти ва ижоди ҳақида «Мажмуаи шоирон» (Фазлий), «Тазкират уш-шуаро» (Ҳашмат) тазкираларида айрим маълумотлар учрайди.

Фазлий тазкирасида Маҳзунанинг оқила ва ҳозиржавоблиги, Қўқонда машҳур шоира эканлиги айтилган. Ҳашмат, Писандий, тарихчи Аҳмаджон тўралар ҳам Маҳзунанинг баркамол шоиралигини хабар қиладилар. Унинг шеърий қобилияти, шахсий фазилатлари ҳақида энг кўп ва илиқ фикрлар ёзиб қолдирган ягона шоир ҳозирча Фазлийдир.

Фазлий: «Гарчи ул заифа бўлса ҳам, нутқининг мазмундорлиги жиҳатидан эркаклардан устундир», дейди. Фазлий билан Маҳзунанинг машҳур мушоираси, «Ошиқ бўлмишам» (ўзбекча) мухаммаси, «Саҳбо» (форсча) ғазалигина бизгача етиб келган. Девони сақланмаган.

МУШОИРА

Фазлий
-Юз офарин сўзингга лубби лубоб кўрмай,
Арзи жамол этарму, ойина об кўрмай?

Маҳзуна:
— Кимдин чиқар бу сўзлар бағрин кабоб кўрмай,
Ганж ўлмағай муяссар ҳолинг хароб кўрмай.

Фазлий:
-Мастураи суханға пўшидалиғ муносиб,
Маъни арусини бас ман бениқоб кўрмай.

Маҳзуна:
— Йўқ айби сўзларимни гар бўлмаса муаддаб,
Андоқки ўт кўкаргай ҳеч офтоб кўрмай.

Фазлий:
-Майгун лабинг ҳадиси маст этди ғойибона,
Кайфият ўлди зоҳир жоми шароб кўрмай.

Маҳзуна:
-Бир важҳ буки табъим хом асрамиш замона,
Чархи сипеҳрдин ул ҳеч нечутоб кўрмай.

Фазлий:
— Мундоғки нуктадонсан ким эрди устодинг,
Ой каби нур қилмас то офтоб кўрмай?

Маҳзуна:
— Кўб наҳрлар йиғилса, даръёйи пурдур ўлғай,
Илм аҳлидин бу мискин бир шайху шоб кўрмай.

Фазлий:
— Бир нукта айла зоҳир, Фазлийни қўйма Маҳзун,
То кетмайин Намангон сандин жавоб кўрмай.

Маҳзуна:
— Байтулҳазан ичинда узлат тутуб бу Маҳзун
Фазли илоҳидур бу, йўқса китоб кўрмай.

ҒАЗАЛЛАР

Қачонким лаъли нобинг сўзда майли нўшханд этди,
Ҳазин жону кўнгулни талхкому дардманд этди.

Бути номеҳрибони масти лояъқил чиқиб ваҳким,
Бошимға сакратиб, хоки таним гарди таним гарди саманд этди.

Вафосиз дилрабодин шиква қилсам айб қилманглар
Ки мен жон бердим-у, ағёрни ул аржуманд этди.

Ямон кўз тегмасун ҳуснумға деб ул хўблар шоҳи,
Жамоли оташиға донаи холин сипанд этди.

Ҳама ушшоқ элин қатл этгали бебок жаллодим
Қошидин тиғ тортиб, тори кокилдин каманд этди.

Қиё боқайму ддеб Маҳзун, кўнгул кўп интизор эрди,
Биҳамдилло, ки мужгон новакидин баҳраманд этди.

* * *

Эмасман чарх даври ичра майдин ҳеч бегона,
Қуёшнинг косасиддек ўйнагай қўлимда паймона.

Топилмас ранги сарғайган киши майхонамиз ичра,
Агар жўш урса майнинг ҳиммати мажлисда мардона.

Чироғи давлати ўчмас сира сар-сар шамолидин,
Агар майдин кишининг жоми ичра тушса дурдона.

Фақат қайрилма қошдин ўзгага маст этмагай сажда,
Шунинг-чун бош эгар май даргаҳига ринди мастона.

Эрурлар бошқа олам қавмидин маънога ошиқлар,
Чивиндек бўлма, эй Маҳзуна, сен саҳбога парвона.

М. Муинзода таржимаси

МУХАММАС

Дўстлар бир ҳусни бе ҳамтоя ошиқ бўлмишам,
Ҳур пайкар бир малак симоя ошиқ бўлмишам,
Нутқи ширин, лаъли руҳ афзоя ошиқ бўлмишам,
Ғамзаси қотил, кўзи шаҳлоя ошиқ бўлмишам,
Ҳусн элининг шоҳи бир мирзоя ошиқ бўлмишам.

Кўрган эрмас уйда бир маҳвашни чашми рўзғор,
Хулқи ширин, гулбадан рашки чаман насрин изор,
Ноз ойину тағофул паша, истиғно шиор,
Илтифот этмас агар юз жон топиб қилсам нисор,
Бир ситамгар шўхи бепарвоя ошиқ бўлмишам.

Оразин очқоч қуёш анворини айлар адам,
Жон ғизолиға берур ваҳший кўзи таълими рам,
Лабларини олдида қанду асалдур мисли сам,
Зулфу қадду оразидин мунфаил боғи эрам,
Кишвари ҳусн ичра бир яктоя ошиқ бўлмишам.

Қошлари бир-бирға пайванд икки мушкини ҳилол,
Кўзлари юз марғузориға икки ваҳший ғизол,
Қомати боғИ мурод ичра янги биткан ниҳол,
Олло-олло ким кўрубдур, бу латофатлу жамол.
Ҳусн аро бир мисли нопайдоя ошиқ бўлмишам.

Ушбу ҳайрат бирла кўрган нахли қадди жилвагар,
Бовар этмас гар улус берса шаҳодат, деб башер,
Орази андоқ мусаффо ким қилиб бўлмас назар,
Бадри рухсорин кўруб, бўлди хижолат бу қамар,
Рашки Юсуф бир бути зебоя ошиқ бўлмишам.

Маҳваши ҳурлиқо, гулгун қабо, гул пираҳан,
Қоши истиғно ҳилоли, ғамзаси лашкар шикан,
Ғунчаи хандондур оғзи, тишлари дурри Адан,
Бўлмади бир дам жамолидин ёруғ байтулҳазан,
Токи ул моҳи жаҳон пероя ошиқ бўлмишам.

Эй мани Маҳзун мусофирға маломат бе сабаб,
Тутмасам фармонини мардуд этиб айлар ғазаб,
Жуз ризийи дўст, ишқ аҳлиға не бўлғай талаб,
Чиққали исломдин зуннор боғлаб йўқ ажаб,
Менки бир дин офати тарсоя ошиқ бўлмишам.