Маҳмуд Кошғарий (XI аср)

Маҳмуд Кошғарий ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад (11-аср) — туркшунослик илмининг асосчиси, филолог олим. Ижтимоий келиб чиқиши жиҳатидан қорахонийлар сулоласига мансуб. Отаси Хусайн ибн Муҳаммад ўша даврдаги Бареган элининг амири бўлган.

Маҳмуд Кошғарий бошланғич маълумотни ўз қишлоғида, юқори маълумотни Кошғар мадрасаларида олган, араб, форс, туркий каби 7—8 тилни пухта эгаллаган. Сўнг у Бухоро, Самарқанд, Марв, Нишопур шаҳарларида билимини оширган. 1056—57 йилларда мамлакатдаги ички низолар натижасида олим ўз ватанини тарк этиб, 15 йил давомида атрофдаги қардош халқлар орасида юришга мажбур бўлган. Ана шу йилларла «у туркий халқлар яшайдиган ўлкаларни кезиб, бу ерлардаги туркий қабила ва уруғлар, уларнинг келиб чиқиши ва номланиши, жойлашиш ўринлари, урф-одатлари, айниқса, тил хусусиятларини синчиклаб ўрганади.

Сўнг Бағдодга бориб, анча вақт шу шаҳарда ижод қилган, хусусан, 1072 йили (баъзи манбаларда — 1074 йили ва ундан ҳам кейин) дунёга машхур асари «Девону луғотит турк» («Туркий сўзлар девони»)ни ёзиб битиради ва уни аббосийлардан бўлган Абулқосим Абдуллоҳ бинни Муҳаммадил Муқтадо биамриллоҳга бағишлайди. Ушбу асар туркий халқлар тарихидаги диалектологик, изоҳли, этнографик, тарихий-этимологик луғатларнинг барча унсурларини қамраб олувчи дастлабки универсал луғат бўлиб, ўз муаллифини дунёга улуғ адабиётчи, тарихчи географ ва бошқа кўп фанлардан яхши хабардор бўлган йирик фан арбоби, қомусий олим сифатида танитди.

Бу асарида олим туркий қабила ва уруғлар (халқлар) тилларидаги сўзлар маъносини араб тилида изоҳлаб беради. Мисол сифатида эса мақоллардан ва бадиий адабиётдан парчалар келтиради. Бу ҳақда Маҳмуд Кошғарийнинг ўзи ёзади: «Мен бу китобни махсус алифбе тартибида ҳикматли сўзлар, сажълар, мақоллар, қўшиқлар, ражаз ва васл деб аталган адабий парчалар билан безадим… Мен истеъмолдаги сўзларнигина бердим, истеъмолдан чиққанларини ташладим… Сўнгра мен ҳар бир қабилага мансуб сўзларнинг ясалиш хусусиятларини ва қандай қўлланишини қисқача изоҳлаб кўрсатиш учун алоҳида йўл тутдим. Бу мисол тариқасида туркларнинг тилида қўлланилиб келган шеърларидан, шодлик ва мотам кунларида қўлланадиган ҳикматли сўзларидан, мақолларидан келтирдим».

Шуни айтиш керакки, «Девон»да берилган адабий парчалар, тил фактлари фақат 11-аср адабиётининг намуналари булмай, уларнинг аксар қисми жуда узоқ ўтмиш даврларнинг маҳсулидир. Шу жиҳатдан бундай парчалар туркий тилларнинг келиб чиқиш тарихини, ривожланишини. адабий ҳаракатининг жуда узоқ тарихини белгилашга хизмат қилувчи энг муҳим ҳужжатдир. Асардаги бир қанча географик, этнографик маълумотлар ҳам тегишли соҳалар нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга.

Маҳмуд Кошғарий мазкур асарига ўзи тузган дунё харитасини илова қилади. Харитада мамлакат, шахар, қишлоқ, тоғ, чўл, денгиз, кўл, дарё қабиларнинг номлари ёзилган. Харитада акс этмаган баъзи бир номлар луғат матнида изоҳланган. Харита, асосан, Шарқий ярим шарга тўғри келади. Бу ҳақда Маҳмуд Кошғарийнинг ўзи: «Румдан Мочингача бўлган… шаҳарлар ўрнини аниқлаш мақсадида уларнинг ҳаммасини ер шаклидаги доирада кўрсатдим», — деб ёзади. Шартли қабул қилинган бўёқлар ранги доира ташқарисида тўрт жойда сўз билан изоҳланган. Айрим камчиликларига қарамай, Маҳмуд Кошғарийнинг 11-асрда тузилган харитаси ўз даври учун мукаммал, ҳозирги давр учун географик маълумотлар берувчи муҳим манба ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк»дан аввалроқ яратилган, «Жавоҳирун-наҳви фи луғотит-турк» («Туркий тиллар синтаксиси қоидалари») деб номланган асари ҳам бўлган. Ушбу асар ҳозирча топилгани йўқ.

Маҳмуд Кошғарий 1080 йилда (ёки 1118 йилда) ватанига қайтиб келиб, Ўпалдаги Азиқ қишлоғида, Ҳазрати Муллом тоғи этагидаги тепаликда жойлашган мадрасада дарс берган ва илмий ижод билан машғул бўлган (ҳозир мазкур мадрасанинг фақат пойдеворлари сақланиб қолган). Маҳмуд Кошғарий 1105 йилда (ёки 1126 йилда) 97 ёшида вафот этиб, Ўпалдаги унинг аждодлари мақбарасига дафн этилган. Мақбара ҳозиргача «Ҳазрати Муллом мозори» номи билан машҳур.

Абдуваҳоб Мадвалиев

«ДЕВОНУ ЛУҒОТИТ-ТУРК»дан

Баҳор ҳақида[1] 

Қор, буз қамуғ арушди,
Тоғлар суви оқишди,
Кўкшин[2] булит ўрушди,
Қайғуқ[3] бўлуб укришур[4].
 
[Қор, музлар эришди, тоғлар суви оқа бошлади. Кўкимтир булут кўтарилди, сувда сузган қайиқдай ҳавода сузишди.]
 
Урди булит инграшу,
Оқти оқин мунграшу,
Қолди будун тонглашу,
Кўкрар[5] тақи манграшур[6].
 
[(Кўк юзида) булутлар ўйнаша бошлади. Шалдираб сел оқа бошлади. (Кўриниш) ҳаммани ҳайратга солди. Чақмоқ чақар, момоқалдироқ ваҳимали товуш билан гулдурар эди].
 
Ой қўпуб, авлануб,
Оқ булит[7] урлануб,
Бир-бир уза уклунуб[8],
Сочилиб суви инграшур[9].
 
[Ой чиққан, теграсида доира пайдо бўлган эди. Оқ булут кўтарилади, бир-бири устига тўдаланади-да, шувуллаб сув томчиларини ерга тўка бошлайди. У даврда Ой атрофини қизил гирдоб ўраганда қизиллик булутни юқорига суради, улар тўдаланиб ёға бошлайдилар, деган тушунча ҳукм сурган].
 
Қуйди булит яғмурин,
Кериб тутар оқ тўрин[10],
Қирқа қузти ул қорин,
Оқин[11] оқар анграшур.
 
[Булут ёмғирини қуйди. У оқ тўрини ҳавога кенг ёйди, оппоқ қорларини тоғлар устига ташлади. Шаррос сел оқди].
 
Қоқлар[12] қамуғ кўларди[13],
Тоғлар боши иларди[14],
Ожун тани йилирди,
Туту[15], чачак жаркашур[16].
 
[Чуқурлар сувга тўлди, ҳатто тоғларнинг боши хаёл бўлиб қолди (кўринмай кетди), борлиқ иссиқ нафас ола бошлади (яйради), ўсимлик ва дарахтлар ювинди. Ҳар нарса безаниб нурланди].
 
Туман чачак тизилди,
Букундан[17] ул ёзилди[18],
Ўкуш[19] ётиб узалди,
Ерда[20] қўба[21] азришур[22].
 
[Ранг-баранг чечаклар қаторлашиб униб чиқдилар, шохлаб ёйилдилар. Узоқ вақт тупроқ остида қолиб сиқилган гуллар бош кўтариб яйрадилар].
 
Яғмур ёғиб сачилди,
Турлук чачак сучулди[23],
Инжу қоби[24] очилди
Чиндан ийпор юғрушур[25].
 
[Ёмғир томчилари тўкила бошлади, турли чечаклар унди, инжу қутичалари (ғунчалар) очилди, ҳар томонда шифобахш атир ҳидлари гуркуради].
 
Қулон[26] тугал қумутти[27]
Арқар[28], сўқақ[29] юмутти[30],
Яйлоғ тоба эмитти[31],
Тизгиқ туруб сакришур.
 
[Баҳор қулонларни, оҳуларни ўз еридан қўзғатди. Така ва қўзичоқларни ҳаракатга солди. Улар тўда-тўда бўлиб яйловларда ўйнашар, яйрашар эди].
 
Яшин отиб[32] яшнади,
Туман[33] туруб тушнади[34],
Азғир қисир кишнади,
Угур олиб[35] уқрашур[36].
 
[Ялтираб яшин чақнади, булутлар қўзғалиб тўпланди. Баҳор белгиларини кўрган айғир ва биялар шодланди, ҳар хил овозлар билан кишнашиб уюр олишди].
 
Алин[37] тўбу яшарди,
Ўрут[38] ўтин яшурди,
Кўлинг сувин кушарди[39],
Сиғир, буқа мунграшур.
 
[Тоғ тепалари ранг-баранг чечак ва кўкатлар билан безанди. Қуриган эски ўтларни яшириб юборди. Кўллар сувлари тўлиб тошди. Сигир, буқалар шодликдан мастларча манграшмоқда].
 
Қизил сариғ арқашиб[40],
Ябкин[41] яшил юзкашиб,
Бир-бир кару юркашиб,
Ялингуқ[42] ани танглашур.
 
[Ҳар турли гуллар, сариқ, қизил чечаклар бирин-кетин униб чиқди. Улар бир-бирларига эргашган каби кетма-кет бош чиқардилар. Манзара кишиларни танг қолдирарли кўркам тус олди].
 
Оғди[43] булут кўкраю[44],
Яғмур тўли[45] сакрию»,
Қалиқ[46] ани укрию[47],
Қанча борир балғусуз.
 
[Гулдурос билан булутлар кўтарилиб чиқди, пайдо бўлди. Қуюқ ёмғир, жала қуйила бошлади. Ҳаво булутларни учирар, улар (булутлар) қаёққа боришини билмай, эсанкирагандек кезар эди].
 
Қуш, қурт[48] қамуғ тирилди,
Эрлик[49] тиши[50] терилди[51],
Ўкур олиб[52] тарилди[53],
Йинқа яна киргусуз.
 
[Ўлик ҳолида бўлган ҳамма қурту қушлар баҳор насимини искаб қайта жонландилар. Эркак, урғочилари тўпланишди. Тўда-тўда бўлиб ўзига мос жойларга тарқалишди. Энди улар қоронғи инларига қайтиб кирмайдилар].
 
Ёй борубон аркузи[54],
Оқти оқин мундузи[55],
Туғди ёруқ юлдузи,
Тингла сўзум кулгусуз.
 
[Баҳор қор сувларини эритиб, телба сел каби оқиза бошлади. Ёруғ юлдузлар чарақлаб чиқди, бу сўзларимни кулгисиз тингла].
 
Тагма[56] чачак ўкулди[57],
Буқуқланиб[58] букулди,
Туксин тугун[59] тугулди,
Ёрғолимат[60] юркашур.
 
[Ҳар хил гуллар тўпланишди. Улар махсус бир шаклда боғланган гулдасталар сингари ўралишиб очилишмоқда].
 
Қўчинкор тақа сашилди[61],
Соғлиқ сурук[62] қўшулди,
Сутлар қамуғ[63] юшулди[64]
Ўғлоқ қўзи ямрашур[65].
 
[Ёз келиши билан қўчқор, такалар ешилиб, соғлиқ сурукларига қўшилишди. Мўл ўтлоқлардан фойдаланган моллар сути оқиб тўкила бошлади. Қўзилар у сутларни эмишади].
 
Турлук чачак ёрилди[66],
Барчин[67] язим[68] карилди[69],
Учмоқ[70] яри кўрулди,
Тумлуғ[71] яна калгусуз.
 
[Ранг-баранг чечаклар очилди. (Ер юзи) ипак гиламлар билан безанган каби зийнатланди. Жаннат ери кўринди. Совуқ ҳеч қайтиб келмайдигандек ҳаво ёқимли бўлди].
 
Атил суви оқа турур,
Қая[72] туби қоқа турур,
Балиқ тилим бақа турур,
Кўлунг тақи[73] кушарур[74].
 
[Эдил суви тўлиб оқмоқда. Қаттиқ тоғ тошларига уриб шалдирамоқда. Тошган сувлардан пайдо бўлган кўлларда балиқ, бақалар урчимоқда].
 
————————————————
[1] Баҳор у даврларда алоҳида қувонч билан қарши олинар, махсус шодиёна кунлар ўтказилар, бу кунларда турли қўшиқлар куйланар эди. Ҳали табиат ҳодисалари олдида кучсиз бўлган у давр тушунчасида баҳор одамларни ризқлантирувчи аҳамиятга эга бўлган. Биз бу ерда ана шу баҳор қўшиқларидан баъзи тўртликларни берамиз. Бу парчалар Девоннинг уч томида тарқоқ ҳолда бўлиб, биз бир ерга тўпладик.
[2] Кўкшин — кўкимтир.
[3] Қайғуқ — қайиқ.
[4] Ўкришмак — ҳаракат қилмоқ, ҳаракатга тушмоқ, сузишмоқ.
[5] Кўкрамоқ — чақнамоқ.
[6] Манграшмоқ — наъра тортмоқ.
[7] Оқ булит — булут парчаси, булут тўдаси.
[8] Укланмоқ — кўпайишмоқ, тўдаланмоқ.
[9] Инграшмоқ — шувулламоқ.
[10] Оқ тўр — булут тўдаларидан киноя; оқ тўрини кериб тутмоқ — бутун осмонни булут қопламоқ.
[11] Оқин — сел.
[12] Қоқлар — чуқурлар.
[13] Кўларди— кўлга айланди, кўл бўлиб кетди.
[14] Илармак— кўзга зўрға илашар ҳолга келмоқ.
[15] Туту — турли-турли, ҳар хил.
[16] Жаркашмак — саф тортмоқ, тизилмоқ.
[17] Букун — ғунча.
[18] Ёзилди — ёйилди, очилди.
[19] Ўкуш— кўп.
[20] Ерда — ердан.
[21] Қўба — кўтарилиб.
[22] Азришур — айрилишади, ажралишади.
[23] Сучулмоқ— пўстлоқ ташлаб тозаланмоқ.
[24] Қоб —қути.
[25] Юғрушмоқ — анқимоқ, гуркурамоқ.
[26] Қулон — кийик, тоғ эчкиси, ёввойи эшак.
[27] Қумутмоқ — қўзғатмоқ.
[28] Арқар — урғочи эчки.
[29] Сўқақ — кийик.
[30] Юмутмоқ — йиғмоқ, тўпламоқ.
[31] Эмитмоқ — йўлламоқ.
[32] Отмоқ — чақнамоқ.
[33] Туман — момақалдироқ.
[34] Тушнамоқ — тўпланмоқ.
[35] Угур олмоқ — уюр олмоқ.
[36] Уқрашмоқ — шодланиб кишнамоқ.
[37] Алин — ҳар хил най ранглар билан.
[38] Ўрут — эски, қуриган қолдиқлар.
[39] Кушармоқ — тоштирмоқ.
[40] Арқашмоқ — орқама-орқа тизилишмоқ.
[41] Ябкин — ҳар хил хушбўй ўсимликлар.
[42] Ялингуқ—халқ, одамлар.
[43] Оғмоқ — кўтарилиб чиқмоқ.
[44] Кўкрамоқ — наъра тортмоқ.
[45] Тўли — жала.
[46] Қалиқ — ҳаво.
[47] Украмоқ — ҳаракат қилмоқ.
[48] Қурт — ҳар хил майда ҳашаротлар (лекин ўғузлар қурт деб пашшага айтар эдилар).
[49] Эрлик — эр жинслилар.
[50] Тиши—урғочилар.
[51] Терилмоқ — тўпланмоқ.
[52] Ўкур олмоқ — тўдаланмоқ.
[53] Тарилмоқ — таралмоқ, таралиб кетмоқ.
[54] Аркуз — баҳорда қорлар эришидан чиққан сув.
[55] Мундуз — саросималик, телбалик.
[56] Тагма — ҳар хил.
[57] Ўкулмоқ — тўпланмоқ.
[58] Буқуқланмоқ— ғунчаланмоқ.
[59] Туксин тугун — махсус тугун, гулдаста.
[60] Ёрғолимат — очилиш олдидаги.
[61] Сашишмоқ — ешилмоқ.
[62] Сурук — тўда, пода.
[63] Қамуғ — ҳамма.
[64] Юшулмоқ — оқиб тўкилмоқ.
[65] Ямрашмоқ — эмишмоқ.
[66] Ёрилмоқ — очилмоқ.
[67] Барчин — шоҳи.
[68] Язим — ёзиладиган, намат.
[69] Карилмоқ — керилмоқ, солинмоқ.
[70] Учмоқ — жаннат.
[71] Тумлуғ — совуқ.
[72] Қая — катта тош.
[73] Тақи — ҳам.
[74] Кушармоқ — тўлиб-тошмоқ.


МАҚОЛЛАР

«Тулку ўз инига урса, ужуз бўлур»
(«Тулки ўз уясига қараб улиса қўтир бўлади»). Маҳмуд Кошғарий изоҳлашича, «бу мақол ўз элини, уруғини ва мамлакатини ёмонловчиларга қарата айтилади».
* * *

«Эрик эрпи яғлиғ, эрмагу баши қанлиғ» («Тиришқоқнинг лаби ёғлик, эринчоқнинг боши қонлик»). Бу мақол ялқовликни ташлашга, ғайрат билан ишлашга ундаб айтилади.

* * *

«Сув ичирмасга сут бер». У сенга ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қил, деган маънода ишлатилади.

* * *

«Ўкуз азақи бўлғинча, бузағу баши бўлса йик» («Ҳўкизнинг оёғи бўлгунча, бузоқнинг боши бўлган яхшироқ»). У «мустақиллик бўйсунишдан яхши» деган маънода қўлланади.

* * *

«Тавғач ханнинг тўрқуси телим, тенгламазиб бичмас»
(«Қорахитой) хоқонининг ипак газмоли кўп, лекин ўлчамай кесилмайди»). Бу мақол ишни бошида пухта ўйлаб қилишга ундаб, исрофгарчиликка қарши айтилган.

* * *

«Ума келса, қут келар» («Меҳмон келса қут келар»). Бунда «сенга меҳмон келса, у билан бирга барака, қут-бахт келади, қўноқни яхши қарши оладилар, малол олмайдилар» деган фикр илгари сурилган.

* * *

«Қиз киши сави йўриғли бўлмас» («Бахил одам обрў топмайди»). Бу мақол одамларни яхши ном чиқариш, сахий бўлиш учун ундаб айтилади.

* * *

«Эрдам баши тил» («Одобнинг боши тил») .

* * *

«Тилин туғмишин тишин язмас» («Тил билан туғилганни, тиш билан ечиб бўлмас»)


БАЙТЛАР

Олим киши сўзидан олгил ўгит,
Яхши сўзлар таъсири дилга сингар.

* * *

Олим кишини эзгу тутиб сўзин эшит,
Ҳунарини ўрганибон амал қилғил.

* * *

Қуш ов кўрса юксаклардан пастга тушар,
Олим киши ўгит берса, дарҳол уқар.

* * *

Олимларга яқинлаш, баҳра олгил тутиб дил.

* * *

Қўни-қўшни, қариндош,
Кўрсин севдан яхшилик.

* * *

Келса биров йўқланиб,
Бергил яхши озуқ, нон.
Қарғаб кетар меҳмонлар,
Ўтар бўлсанг гар ёмон.

* * *

Ундаб улуғ чақирса,
Тезлик билан чопиб кел,
Очликда бирга бўлгил,
Не ҳолда бўлса юрт, эл

* * *

Яширин тутилган севги
Айрилган кун билинар.
Оғриқ кўзни беркитма,
Ёши ошкора қилар.

* * *

Кулса киши юзингга,
Кўрклик бўлиб кўрингил.
Ширин, очиқ сўз сўйла,
Ёқмоқ учун урингил.

* * *

Улуғлиғинг ошса хушхулқ бўлгил.

* * *

Ёмонликка отланма,
Тилдан чиқар эзгу сўз.

* * *

Бахил мезбон меҳмонни ўғри кўрар,
Берганини миннат қилиб юзга урар.

* * *

Меҳмон келса ўтқазгил,
Ҳордиқ олиб тинч бўлсин.
Оти ҳам ёруғликда
Арпа, сомонга туйсин.

* * *

Илм, ҳикмат ўргангин, бўлма мағрур,
Мақтанчоқни шармандаси чиқди, кўр.

* * *

Келса агар хонанг узра ғариб меҳмон,
Бор нарсангни олдига қуй, бўл меҳрибон.

* * *

Қўлдошингни ҳурмат қил,
Ўзгаларга юзланма.
Боқолмасанг товуғинг,
Қуш боқай, деб сўзланма.

* * *

Кетган молга ачинма,
Унга озроқ ўкингил.

* * *

Эшитиб ота-онанинг
Сўзларини қадрла.
Молу мулкинг кўпайса,
Мағрурланиб қутурма.

* * *

Иш бошлашда ҳовлиқмай, диққатла боқ
Чақмоқтошни шошиб чақсанг ўчар чироқ.

* * *

Машаққатсиз ҳаёт йўқ бунда асло,
Эзгуликни курмасдан умр битар.

* * *

Кўрклик тўнинг ўзингга,
Тотлиғ ошинг ўзингга.
Қўноққа кўргиз иззат,
Ёйсин шаънинг узоққа.

* * *

Боқмас жаҳон совуқ сўз,
Шилқим, юзсиз бахилга,
Ёқимли бўл, хушхулқ бўл,
Қолсин номинг кўп йилга.