Ҳумоюн Мирзо (1508-1556)

Жавоҳарлаъл Неру Ҳумоюн ҳақида “Маданиятли ва ўқимишли киши”, деб ёзган эди. У риёзиёт ва нужум илмига ғоят қизиқар, мусиқий илмни жуда қадрларди. Ҳумоюн ҳафтада икки марта шеърият ва мусиқага оид анжуманлар ўтказиб турар, унинг шеъриятдаги иқтидорини ота мерос, дейиш мумкин. Туркий ва форсийда “Ҳумоюн” тахаллусида гўзал шеърлар ёзган. Девонлари китобат қилинган дейилади. Шоир ва арбоб Байрамхон билан шеърий ёзишмалари машҳур. Абулфазлнинг “Акбарнома” асарида Ҳумоюннинг рубоийларидан намуналар берилган.
Мутрибий Самарқандий “Нусхаи зебойи Жаҳонгир” номли тазкирасида ғоят қимматли маълумот келтиради. Ироқ подшоҳларидан бири Абдуллоҳхон кутубхонасидаги “Нусхаи Ҳумоюний” номли қўлёзмадан кўчирма юборишларини илтимос қилиб мактуб йўллайди. Мазкур қўлёзмада Ҳумоюннинг тўрт рисоласи бор экан:
биринчиси, ислом ақидалари, иймон шартлари, уларни барча мўмин-мусулмонлар билмоғи кераклиги ҳақида;
иккинчиси, илми нужум — юлдузлар ва фалакиёт сайри, ой ва қуёшнинг манзиллари, етти иқлимдаги ҳолатлар, тўрт фасл таассуротлари, Ер куррасига оид жиҳатларга кўра расад тузиш ҳақида;
учинчиси, мусиқий илм, унинг маъҳазлари (манбаи), 12 мақом, 24 шўъба овозаси, 17 баҳр ва усулларни билиш ҳақида;
тўртинчиси, шеър илми, аруз фани, шеърдаги матбуъ (тушуниш осон, маъқул) ва масъуд (санъати безак ва моҳирона ёзилган), уларни билиш, қоидаларини англаб, изоҳлар бериш ҳақида.
Мутрибий ёзади: “Мен фақир бу шариф китобни (яъни “Нусхаи Ҳумоюний”ни) Абдуллоҳхон кутубхонасида кўрганман, муаллифнинг муборак хати(яъни дастхати)да битилган. Ниҳоятда беназир, тенги йўқ ва жуда кўнгилга ёқимли асар, ақлни ҳайрат ўраб олади”.
Кўп йиллардан буён бу қўлёзмани топишга ҳаракат қилинмоқда.
Суйима Ғаниева

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Бир боқдиму боз ташнайи дийдор бўлдим,
Эй шўх, яна сенга гирифтор бўлдим.

Осуда эдим, тун-кеча уйқумда кўриб,
Фарёд чекиб, лаҳзада бедор бўлдим.

Кўнглимга дедимки, бас, ҳамон сабр айла,
Сабр этмади ул, хастаю бемор бўлдим.

Йўқ эрди ҳушим, ўйлаки, ёдимга тушиб
Ул нозли нигоҳинг, яна хушёр бўлдим.

Гул берди Ҳумоюнга уфоринг хабарин,
Гулзор демагил, гулга сазовор бўлдим…

* * *

Бир пари рухсорага тушди ишим,
Ул сабаб кўнглимда бордир оташим.

Чеҳраси хонамни равшан айлади,
Партави бирлан ёритди маҳвашим.

Талпинур кўнглим ҳамиша ул томон,
Тортадир кўнглимни зебо, дилкашим.

Менга бўлгайму муяссар эй пари,
Кокилинг бўйнимга бир дам чирмашим.

Ишқдин мастдир Ҳумоюн, кўп қийин,
Эй санамлар, ўзни ҳушёр айлашим…

РУБОИЙЛАР

* * *

Ё Раб, менга дарвеш дилидин эҳсон бер,
Кўнглимки шикастадир, анга дармон бер.
Йўқ-йўқки, демасмен, уни бергил, буни бер,
Ҳар неки ризойингда, уни арзон бер…

* * *

Эй дил, ҳузури ёри феруз айла,
Ёр хизматида ўзингни дилсўз айла.
Дўст ёди-ла ҳар тунингда хуррам ўлтир,
Ёр васли-ла ҳар кунингни наврўз айла…

* * *

Бир лаҳза фироқинг менга озору малол,
Ҳажрингда куним машаққату заҳму завол.
Ғурбатда кечар бўйлаки ҳолим, сўрма,
Субҳоноллоҳ, не келур бошима ҳол!..

* * *

Султони сариру анбиё ҳам сен Ўзинг,
Хуршиди сипеҳри авлиё ҳам сен Ўзинг.
Мардум ҳама пайрави тарийқинг, не ажаб,
Халқ шаррига гоҳи раҳнамо ҳам сен Ўзинг…

* * *

Эй сарвари коинот, эй асли вужуд,
Ҳаққоки, ўзинг ҳабибу ҳаййу маъбуд.
Тургил-да, жамоли оламоро кўрсат,
Олам элига баски ўзингсен мақсуд…

* * *

Мен ҳечману йўқ менда магар рутбаю ном,
Фазлингни тилармен куну тунларда давом.
Бахш айла Ўзинг ҳурматинг ҳаққи учун
Банданг бу Ҳумоюнга карам, файзи тамом…