Ҳофиз Хоразмий (XIV-XV аср)

Ҳофиз Хоразмий (тахаллуси; исми Абдураҳим) (14-асрнинг 2-ярми, Хоразм — 15-асрнинг 30—40-йиллари, Шероз) — шоир. Эски ўзбек тили ривожига катта ҳисса қўшган. Ёшлиги Хоразмда кечган. Бу ердаги нотинчликлар туфайли 14-аср охирларида ўз ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Самарқанд, Бухоро, Хўжанд, Ироқ, Кирмон, Исфаҳон, Табризда бўлиб, Шерозда турғун яшаб қолган.

Иброҳим Султон саройига яқин бўлган. Ҳофиз Шерозий ижодига ҳурмат билан қараб, унинг анъаналарини ўзбек шеъриятига олиб кирган, ўзбек халқини Шерозийники каби етук ишқий-фалсафий шеъриятдан баҳраманд қилиш ниятида «Ҳофиз» тахаллусини танлаган.

Ҳофизни кўрунг ушбу замон турк тилинда,
Гар келди эса форсда ул Ҳофизи Шероз.

Ҳофиз Хоразмий ҳам ўз замонасининг инсонпарвар, маърифатпарвар вакили сифатида Ҳофиз Шерозий, Жомий, Навоийлар сингари диний-тасаввуфий дунёқараш вакилидир. Шеърларида Мансур Ҳалложни чуқур ҳурмат билан тилга олган.

Ҳофиз Хоразмий туркий тилда бой адабий мерос қолдирган. Шеърларидан девон тузган. Девонида 1052 ғазал, 9 қасида ва қатор мухаммас, таржеъбанд, таркиббанд, рубоий, қитъалардан иборат 37264 мисра шеър бор. Уларда инсон бахт-саодати, эркинлиги, дунёвий севги-муҳаббат мадҳ этилган, замонасидаги турли ижтимоий иллатлар очиқ кўрсатилган.

Шеърлари мазмун-мундарижасининг кенглиги, фалсафий теранлиги, инсонпарварлик руҳи, юксак бадиияти билан ажралиб туради. Тили содда, равон, халқ тилига яқин, Хоразм шевасига хос унсурлар кўп учрайди. Девонининг 15-асрнинг 30-йилларида кўчирилган ягона қўлёзмаси Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги Салоржанг музейи кутубхонасида, фотонусхаси Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланади.

* * *

Дийдор издангиз бу тун,эй кўзлари бедорлар,
Бедорларға рўзийдур чун давлати дийдорлар.

Бу хори ҳастийни қачон ёқсанг муҳаббат ўтина,
Кўргузғай эрди кўзинга юзин гулу гулзорлар.

Хори балоға сабр қил бу олами фонийдаким,
Лутфи била бўлғусидур гулзорлар бу хорлар.

Вобаста бўлма ўзунгга бу йўлда издасанг кушод,
Боғланмасанг бу ўзунга очилғай эрди корлар.

Бозори ишқ издар эрсанг кечгил зиёну суддин,
Суду зиёндин кечмайин топмас чу жон бозорлар.

Маъмур издаган киши боқий жаҳонда жонини,
Мунчаму қилди фоний дунёда дов-деворлар.

Урён бўлуб чун меҳру маҳ кўнглунгда нури ҳақ тила,
Дийдорға монеъ эрур чун кўзгуда зангорлар.

Зоҳирда муршидман темак не фойда берғай санга,
Жонинг Белинда чунки бор пинҳон басе зуннорлар.

Чун бир эрур асли жаҳон, ул бирин ҳосил айлагил,
Таҳаққуқи илм ушбу эрур,нега керак такрорлар.

Соғинма ўз-ўзингни сан мантак жаҳонда йўқ тею,
Чун оқибат бошдин чиқар бу манлугу пиндорлар.

Ул ким санга ҳамроҳ эмас, воллоҳки жоннинг боридур,
Эй жон,жон дедим, тақи эшитмадинг сан борлар.

Боссанг қадамин фақрнинг йўлинға содиқлар бикин,
Балгургай эрди ул замон ағёр бирла ёрлар.

Мардона жон бирла бош ўйнағил муҳаббат йўлида,
Чун жон била бош ўйнади сарварлару солорлар.

Яхши-ёмон теб,Ҳофизо,ҳеч кимга инкор этмасанг,
Келтургай эрди мўмину кофир санга иқрорлар.

* * *

Сенга ким теди,эй жон, ноз қилма,
Манга ноз айламакни оз қилма.

Ниёз айларман,нозинг тиларман,
Ниёзимни раво қил,ноз қилма.

Насиби дарду ғамни бахш этарда
Манга сан ўзгани анбоз этма.

Гадоларға жафо қилмоқ тиласанг,
Дуочи бандадин оғоз қилма.

Кўнгул сиррини бўлмасун тесанг фош,
Ўшул ғамзани сан ғаммоз қилма.

Санга ман ошиқи жонбоз эркан,
Назар ўзгага,эй жон,боз қилма.

Бу Ҳофиз ёнина оҳанг қилмай,
Жафо қонунини сан соз қилма.

* * *

Ул париваш зулфидин девона бўлдум оқибат,
Кўргил эмди халқ аро афсона бўлдум оқибат.

Ишқ асрорин билиб,кўргил,вафо йўлинда ман
Жон бериб жононаға,жонона бўлдум оқибат.

Эшигининг итлариға ошно бўлуб,кўрунг
Барча ёру дўстдин бегона бўлдим оқибат.

Фурқат ўтиға ёниб-ёнмай равон жондин кечиб,
ШамЪИ рухсори учун парвона бўлдум оқибат.

Бенишон бўлиб жаҳонни сарбасар кездим,вале
Ганжи ҳуснин топмайин вайрона бўлдум оқибат.

Кўз ёшим дарё қилиб ғаввостак,кўргил мани,
Ишқ баҳринга чўмуб,дурдона бўлдум оқибат.

Қочиб ул дилбар жафосиндин хаёле этадур,
Ҳофизи мискин била ҳамхона бўлдум оқибат.

* * *

Қаро кофир кўзунг айни балодур,
Янгақларингнинг оли кўнгул оладур.

Юзунг узра кўринур боқий,
Ўшандин юзунгга кўзум боқодур.

Нечаким ёқса ишқинг ўти жонни
Ўшал ёқмоқи жонға хуш ёқодур.

* * *

Вой,ўшул мискингаким,бир ғамгузоре топмаса,
Ишқда жон ўйнаса-ю,эътиборе топмаса.

Кечса кору бордин бир йўли-ю,ўз шоҳининг
Эшигинда итларинча кору боре топмаса.

Не тариоқа бўлғай ул бечора ошиқ ҳоликим,
Булбули ошуфта янглиғ гулузоре топмаса.

Булбули нолон бикинким гул юзидин сайрадим,
Билғай ул қадримни гар мантак ҳазоре топмадим.

Бенишон бўлғанда билғай қадри ҳолимни санам —
Ким,мани исдаса-ю мандин ғуборе топмаса.

Ёрлиқнинг дардини ул дамда билғай ёримиз —
Ким,кишини севса-ю,ҳамдард ёре топмаса.

Чунким ул дилдорининг зулфинга кўрунмас қарор,
Не ажаб бўлғай агар Ҳофиз қароре топмаса.

* * *

Жаҳонда барчадин дилдор яхши,
Туман ағёрдин бир ёр яхши.

Рақиб анинг қошинда яхши бўлмас,
Чу гул қошинда бўлмас хор яхши.

Ҳамиша хастадур дарди билан жон,
Бўла билмади бу бемор яхши.

Тиларман доимо бедор аниким,
Саодат доимо бедор яхши.

Керакмастур манга кунжи савомий,
Чу андин хонайи хаммор яхши.

Қора зулфи била кўзи хуш эрур,
Чу таррор иладур айёр яхши.

Кўзи Ҳофиз кўзинга хуш кўринур,
Чун эрур барча мардумдор яхши.

* * *

Жонсан темай,ул сарви равонға не теғайман,
Мундин ўнгин ул офати жонға не теғайман.

Ўқ янгли қадинг рост мани ўртади темай,
Ул шарти бу бузуқ,қавли ёлонға не теғайман.

Умрумдур ўшул қадингу умрумни саварман,
Темайин ўшул умри жавонға не теғайман.

Яхшилар аро мен ким ани яхши билибман,
Яхши темайин,яхши ямонға не теғайман.

Кўргали юзини бўлубон волаву шайдо,
Билмасман ўшул ҳури жононға не теғайман.

Ул қош ила ғамза қиладур жонима чун қасд,
Туҳмат қилибон тиру камонға не теғайман.

Сучи сўз ила тор оғзи жон тилар эрса,
Ҳофиз бикин ул сирри ниҳонға не теғайман.