Гулханий (XVIII-XIX аср)

Гулханий (тахаллуси; асл исми Муҳаммад Шариф) (тахм. 18-асрнинг охири — Қўқон — 19-асрнинг 20-йиллари) — ўзбек мумтоз шоири, масалнавис. Ҳаёти ва ижоди ҳақида «Мажмуаи шоирон» (Фазлий Намангоний), «Туҳфат ул-аҳбоб» (Қори Раҳматуллоҳ Возеҳ), «Сабот ул-башар ва тарихи муҳожирон» (Дилшод Отин) каби асарларда айрим маълумотлар келтирилган.

Фазлий Гулханийнинг «Кўҳистон мулкидан» эканлигини таъкидласа, Возеҳ уни наманганлик, дейди. Гулханий Наманган ва Қўқонда яшаган, оз вақт ҳаммомда ўт ёқувчи — гўлах вазифасида ишлаган (тахаллуси шундан). Қўқон хони Амир Олимхон навкарлари сафида хизматда бўлган (1801 — 10).

Мустақил мутолаа йўли билан мумтоз адабиётни ўрганган. Олимхон вафотидан (1811) сўнг тахтга ўтирган Амир Умархон (Амирий) Гулханийни сарой шоирлари даврасига жалб этган. Шоир хонни мақтаган, унинг ғазалларига назиралар битган.

Умархон вафотидан сўнг ватанига қайтиб, кўпроқ оддий инсонларга манзур бўлувчи шеърлар ёза бошлади. Ўтли ҳажвлар яратди.

Гулханий ўзбек ва тожик тилларида ижод қилган. Бизгача бир неча ғазали, ҳажвиялари ҳамда «Зарбулмасал» («Япалоққуш» ҳикояси) насрий асари етиб келган. Ғазалларида лирик қаҳрамоннинг руҳий кечинмалари, баҳор, реал ҳаётий манзаралар ўз ифодасини топган («Бармоғим», «Эй тўти», «Лола кўксидек бағрим…»). «Бидеҳ» (бергил, бер менга) радифли ғазалида шоир навкарлик давридаги ҳаётини тасвирлаган. Бу ғазалга чуқурроқ назар ташланса, муаллиф катта ижтимоий масала — ўз даврининг ҳарбий тартиби, расм-русумлари ҳақида фикр юритганлигини кузатиш мумкин. Ғазалида лирик қаҳрамоннинг образи умумлашма образ даражасига кўтарилган.

Гулханий ўзининг зўр истеъдоди, тажрибаси, турмушга ҳаққоний қарай   билиши туфайли халқчил ижодкор сифатида кўринган. Шоирнинг бизга маълум ғазалларининг айримлари Амирий шеърларига назира тарзида яратилган бўлиб, улар оддий тақлидчилик доирасида қолмай, баркамол мустақил бадиий асар даражасига кўтарилган.

Гулханийнинг шеърий ижоди, гарчанд, ҳажман катта бўлмасада, 19-аср ўзбек миллий адабиёти ривожига самарали таъсир кўрсатди. «Зарбулмасал» нафақат ўзбек мумтоз адабиёти, балки бутун Шарқ адабиётининг ҳам нодир намунасидир. Гулханий унда халқ мақоллари (400 га яқин мақол), сажлар (қофияли наср), масал ва ривоятлардан самарали фойдаланган. Бу масал ва ривоятлар тематик жиҳатдан бир-бирига боғланиб, ягона бир сюжетни ташкил этган. Асарда Япалоққуш билан Бойўғлининг қуда-анда бўлиши саргузаштлари мажозий, ўткир ҳажвия тарзида тасвирланган. Гулханий қушларнинг ўзаро мураккаб муносабатлари асосида ўз даври ижтимоий ҳаётининг танқидий манзарасини яратган.

Гулханий ижодини М. Салье, Фитрат, Б. Каримов, Р. Муқимов, Ҳ. Ёқубов, Ф. Исҳоқов каби олимлар тадқиқ этганлар.

Абдурашид Абдуғафуров.

ҒАЗАЛЛАР

Лола кўксидек бағрим таҳ-батаҳ қаро қонлар
Ҳажр ибтилосидин найлай, эй мусулмонлар.

Ғамза ўқидин ҳар ён бош чиқардилар чандон,
Жисми нотавонимдин даста-даста пайконлар.

Бир дам айла мардумлиғ дийдам ичра манзил қил.
Дурру лаъл сочсунлар мақдамингга мижгонлар.

Ваъдалар қилиб эдинг, шод этай сани ғамдин,
Ушбу ғамда жон бердим қони аҳду паймонлар.

Сен нечук паридурсан, топмадим сўроғингни,
Кезмишам қуюн янглиғ водию биёбонлар.

Гулханийни қон тортди азми кўйи ёр этти,
Қатл этарга мижгонлар чекти тиғи урёнлар.

* * *

Кўнгул озодадур, дунёға арзи эҳтиёж этмаз.
Тариқат солики бу йўлда майли издивож этмаз.

Дили вайронадин, жоно таваққуъ қилма доғингни,
Бузулган мулкдин, албаттаким, султон хирож этмаз.

Этокинг тутқоли кўнглумда андоғ тебрамак гўё,
Тутуб набзим табиби шаҳр, идроки мизож этмаз.

Раҳи ишқингда дарду доғи ҳижронинг матоимдур,
Қароқчи айламас торож онинг кимса бож этмаз.

Асири қоматинг гар соядек тупроққа ястанмиш,
Гадойи даргаҳинг ҳам орзуйи тахту тож этмаз.

Сен ўз динингни туз, зоҳид, мени кўп йўлдин озғурма,
Бу сурат шамъ ёндурдунг зиёси пур ривож этмаз.

Қаму бемора лаълидин шифо бермиш Масиҳ осо,
Надин ул шўх англаб, Гулханий, дардинг илож этмаз.

* * *

Терламиш май тобидин гулбарги рухсорин кўрунг,
Раҳзани дин ўлди тори зулфи зуннорин кўрунг.

Белу оғзидин нишон гар бир сари мў десалар,
Айларам инкору иқрор этмазам ворин кўрунг.

Ўз маконини тилар ҳар гаҳ қафасдин қочса қуш,
Эйки истарсиз кўнгулни зулфи ҳар торин кўрунг.

Ғамзаси жоним олур, новаклари бағрим тилар,
Золими бераҳм озор узра озорин кўрунг.

Соқиё, ҳажр илгида хуноба ютдим, Гулханий,
Ғайр ила базм ичра они жоми саршорин кўрунг.

* * *

Етмади Мажнунға мен кўрган балолардин бири,
Ҳажр водийси аро чеккан жафолардин бири.

Раҳм этиб, ҳолимни сўрмаслар кўрунг бедодлиғ,
Сийимбарлардин бири, гулгун қаболардин бири.

Доша изҳор айлади Фарҳод Ширин дардини,
Ишқ ойинида улдур беҳаёлардин бири.

Қошу кўзу Ҳолу зулфи бирла улфат тутма чўх,
Қилмасун расво сени юзи қаролардин бири.

Сенга, эй Мажнун, жунун илмида таслим айларам.
Сен расолардин бири, мен норасолардин бири.

Гулханий, тинмай дуо қилғил шаҳи волони сен,
Негаким ул подшоҳдур, сен гадолардин бири.


БАЙТЛАР

Айди: «Халқ ичра бу бир касбдур,
Касбни бошинга кийсанг насбдур».

* * *

Ҳар ким одати нечук бўлғай,
Беиродат зуҳр этар андин.

* * *

Агар сўз жона пайдо қилмаса сўз,
Ани сўз демагил, эй мажлисафрўз.

* * *

Сабр ила барча эшиқдур кушод,
Сабр ила эранлар топди мурод.