Фурқат (1859-1909)

Фурқат (тахаллуси; асл исм-шарифи Зокиржон Мулло Ҳолмуҳаммад ўғли) (1859, Қўқон —1909, Ёркенд) — тараққийпарвар шоир, мутафаккир, публицист. Маҳалласидаги мактабда савод чиқарган, мударрис ва котиблардан хаттотлик, араб тилини ўрганган. Мадрасада ўқиган (1873—76). Алишер Навоий ижодини, форс адабиёти намояндалари меросини чуқур ўрганган, форс тилини мукаммал ўзлаштирган.

1876 йилда Янги Марғилон (ҳозирги Фарғона) шаҳридаги савдогар тоғасининг илтимосига кўра у ерга бориб, савдо ишларида унга ёрдамлашган, кейинчалик ўзи ҳам кичик дўкон очган. Айни пайтда билимдон зиёли сифатида кишиларнинг арз ва илтимосларини расмий маҳкамаларга аризалар шаклида битиб, мирзалик ҳам қилган.

Фурқат Янги Марғилонда ижодкор сифатида тўла шаклланди, ўз ғазалларига «Фурқат» тахаллусини қўйиб, шуҳрат қозона бошлади. Бу ерда ўтказилган йиллар Фурқатнинг халқчил дунёқараши, илғор адабий-эстетик тушунчаларининг шаклланишида ҳам муҳим бир босқич бўлди.

80-йилларнинг бошларида Фурқат Қўқонга қайтиб, оила қуради ва, асосан, ижодий иш билан шуғулланади. Муқимий ва Муҳйи етакчи бўлган Завқий, Нодим, Нисбат, Муҳаййир каби ижодкорлар гуруҳи билан бевосита мулоқотда бўлади, улар уюштириб турадиган адабий мажлислар, шеърият кечаларининг фаол иштирокчисига айланади.

Фурқатнинг Қўқондаги бу давр ижоди тур ва мавзу, мазмун ва шакл ранг-баранглиги жиҳатидан ҳам, сермаҳсуллиги жиҳатидан ҳам диққатга сазовор. У мумтоз шеърият анъаналари руҳида кўплаб ишқий ғазаллар, мухаммаслар яратган. Алишер Навоий асарларига гўзал назира ва тахмислар боғлаган, унинг шеърларида ижтимоий руҳ ва замонавийлик тобора кенг ўрин эгаллай бошлаган (масалан, «Бўлди» радифли мухаммаси ва бошқа шеърларида). Фурқат халқнинг сиёсий ҳуқуқсизлиги ва иқтисодий ночор аҳволидан қайғирган («Не журм ўттики биздин, бунчалик Фарғона танг бўлди?…»)

Қўқон хонлигининг узил-кесил тугатилиб, батамом мустамлакага айлантирилиши воқеасига боғлиқ ҳолда яратилган: «Демиш хон бир куниким, давру давронлар қаён қолди?» мисраси билан бошланувчи мухаммаси ҳам Фурқатнинг шу даврдаги ижоди маҳсулидир. Тожу тахтдан, шаъну шавкат ва аъёнлардан маҳрум бўлган Худоёрхон номидан битилган бу асар ҳам шоир ижодида замонавий ижтимоий мавзу кенг ўрин эгаллаганининт исботидир.

Фурқатнинг ижодий меросида анъанавий шеърий турлар, ўзбек мумтоз адабиётидаги асосий мавзулар етакчи ўрин эгаллайди. Унинг ғазал ва мухаммаслари, боғлаган тахмислари узининг ҳаётийлиги, мусиқийлиги, ниҳоятда самимийлиги билан ўқувчини мафтун этади.

Фурқат шеърларида она юрт табиати ва баҳор гўзаллиги, жўшқин севги-муҳаббат ва чин инсоний фазилатлар, ҳаёт шодликларидан қувониш ва турмуш ташвишларидан шикоят қилиш, умуман, одам ва олам, кишиларнинг маънавий дунёси, меҳри ва қаҳри яққол тасвирланган. Macалан, «Баҳор айёмида гулгашт этарга бир чаман бўлса», «Умр хуш ўтмас баҳор айёми саҳро бўлмаса», «Сурмадин кўзлар қаро, қўллар хинодин лоларанг», «Жаннатнинг гулларидан гулзорингиз чиройлик», «Кўнгул дардиға топмай бораман ҳаргиз даво истаб», «Фасли навбаҳор ўлди кетубон зимистонлар» каби мисралар билан бошланувчи ғазаллари, «Этти фалак», «Бири», «Истар кўнгул», «Дўст», «Кокулунг» радифли мухаммаслари, Навоий ғазалларига тахмислари давр шеъриятининг ҳам ғоявий, ҳам бадиий жиҳатдан етук намуналари ҳисобланади.

Фурқат шеъриятида мустамлака тузумининг иллатларини қоралаш, жорий адолатсизлик ва зўравонликдан, ҳуқуқсизлик ва ночор ҳаётдан, нодонларнинг замонада эътибор топиб, доноларнинг хорзор этилишидан норозилик эсда қоларли бадиий бўёқларда тасвирланган.

«Чархи кажрафторнинг бир шевасидан доғмен:

Айшни нодон суруб, кулфатни доно тортадур»

каби баркамол мисралар шоир ижодидаги ижтимоий йўналишни акс эттиради. «Бормасмиз» радифли шеърида эса ўзбек миллий руҳияти бадиий ифодаланган. Машҳур «Сайдинг қўябер, сайёд…» мусаддасида эса шоир шахснинг эркин яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилади, зулм ва истибдодни қатъий қоралайди.

Фурқат худди шу йилларда «Хаммоми хаёл» рисоласини ёзади. «Чор дарвеш» ҳикоятини форсчадан таржима қилади. «Нуҳ манзар» номли шеърий китоб яратади. «Булардин бўлак ҳар хил ғазалиётим Фарғона музофотиға (яъни, ён-атроф қишлоқ-шаҳарларига) ва дигар мамлакатларга мунташир (машҳур) бўлди», деб ёзади шоир. Худди шу йилларда Фурқат илк бор шеърларини тўплаб, мажмуа ҳолига ҳам келтирган. Афсуски, шоирнинг ўзи қайд этган рисола, манзума ва таржималари каби бу мажмуа ҳам шу кунга қадар топилган эмас.

Фурқат тахминан 1886—87 йилларда Марғилонга бориб, у ердаги Масжиди жоме ҳужрасида истиқомат қилган, ёру биродарлари кўмагида кичик дўкон очган бўлса-да, асосан, шеърият билан шуғулланган, шаҳарнинг зиёлилари, жумладан, Хўжажон Рожий, Муҳаммад Умар Умидий-Ҳавоий, Мулла Тошболту Ройиқ каби ижодкорлар билан танишиб, адабий суҳбатлар қурган.

Фурқат илк бор газета билан танишиб, унинг «Тошкент шаҳрида босма бўлғон»лигини шу ерда билади. Янгиликка чанқоқ, тараққийпарвар шоирда ижтимоий ҳаётда юз берган ўзгаришларга, секин-аста ёйила бораётган фан ва техника намуналарига қизиқиш уйғонади, янгиликлар билан бевосита танишиш, ўз кўзи билан кўриш иштиёқи зўраяди. 1889 йил бошларида Тошкент сафарига чиқади, Хўжандда тўхтаб, Тошхўжа Асирий бошлиқ шоирлар, адабиёт мухлислари билан учрашади, адабий кечаларда иштирок этади. Ниҳоят, 1889 йилнинг июнида Тошкентга келади. Тошкентдаги Кўкалдош мадрасаси ҳужраларидан бирида яшайди. Кўзга кўринган олим, фозиллар билан танишади. Шарифхўжа эшон тавсияси билан маълум муддат «Фарҳат» (шодлик, хурсандлик) тахаллусида шеърлар ёзади, лекин кўп ўтмай, эски тахаллусига қайтади.

Фурқат Тошкентда рус зиёлилари, европача ҳаёт тарзи билан танишди. Чор маъмурлари шоирнинг театр, гимназияга, турли концертларга киритишни уюштирдилар, кўргазмаларга олиб бордилар. Янги тарихий шароит туфайли юз берган ўзгаришларни мушоҳада этиш натижасида Фурқат дунёқарашида жиддий ўзгариш бўлади ва бу ҳол унинг ижодида ўз бадиий ифодасини топади — маърифатпарварлик, европача илммаданият, фан-техникага хайрихоҳлик шоир шеърларининг етакчи ғоясига айлана боради. Бу эса Фурқатнинг кўп асрли ўзбек адабиётига янги мавзулар, янги ғоялар олиб киришига замин бўлди. Тошкентда очилган эрлар гимназияси, маориф муассасалари, маданият ва санъат ўчоқларини, тобора кўпроқ кириб келаётган фан-техника янгиликларини кузатиш оқибатида унинг «Илм хосияти», «Гимназия», «Виставка хусусида», «Акт мажлиси хусусида», «Тошкент шахрида бўлғон нағма базми хусусида», «Суворов» ва бошқа асарлари майдонга келди ва уларнинг барчаси 1890 йилларда «Туркистон вилоятининг газети»да чоп қилинди.

Бу туркум асарларида Фурқат янгилик ва тараққиётнинг, илм-фан ва европача маориф-маданиятнинг тарғиботчиси сифатида намоён бўлади; ўз ватандошларини замонавий билимларни пухта эгаллашга ва илғор халқлар қаторидан ўрин олишга даъват этади. Бироқ Фурқат айрим замондошлари сингари рус истилочилик сиёсатининг асл моҳиятини бирданига англай олмади. Рус, Европа маданиятпарварлиги орқасида маҳаллий руслаштириш сиёсати пинҳон эканлигини сўнгроқ тушуниб етди. Худди шу йилларда яратилган «Шоир аҳволи ва шеър муболағаси хусусида» асарида Фурқат ижодкор ва бадиий адабиёт хусусида гап очиб, шеъриятда реалистик тасвир масаласини кўтарди.

Фурқат ҳакли равишда ўзбек публицистикасининг асосчиларидан бири хисобланади. Фурқатнинг публицист сифатидаги фаолияти 1890 йилдан бошланди. «Туркистон вилоятининг газети»га расман ишга кирди, газетани тайёрлашда бевосита қатнашди. Бир йилдан кўпроқ вақт мобайнида Сатторхон каби илғор маърифатпарварлар билан ҳамкорликда ишлаб, газета саҳифаларида ўз мақолаларини эълон қилди. Масалан, 1891 йил 1-ярмида «Хўқандлик шоир Зокиржон Фурқатнинг аҳволоти. Ўзи ёзгони» публицистик асарини ёзиб, шу газетада эълон килди.

1891 йил майда Самарқандга борди, осори-атиқалар билан танишди, газетага хабарлар йўллади, кейин Бухорода бўлди. Июлда эса чет эл саёҳатига чиқди. Унинг чет элга саёҳати ҳақида турли тахминлар бор. Айрим маълумотларга қараганда, у атайин қайтиб келмайдиган қилиб ўз юртидан чиқариб юборилган. Хуллас, 1891 йилнинг июлида Марв —Ашхобод—Боку—Батуми орқали Истанбулга борди. Дўстларига ёзган мактубларида, воқеаларни олдиндан билгандек, ватанидан бир умр ажралиб қоладиган одамнинг кайфиятини акс эттирди. Масалан, Истанбулдан ёзган «Сабоға хитоб» шеърий мактубида Ватан иштиёқи, дўстлар соғинчи, ғурбат азоблари ва ёлғизлик мотивлари биринчи ўринга чиққан.

Фурқат Истанбулдан Булғория ва Юнонистонга ўтди. Болқон ярим оролининг қатор шаҳарларида бўлди. 1892 йилнинг мартида Истанбулдан Ўрта денгиз орқали Арабистонга — Макка, Жидда, Мадина шаҳриларига борди. Маккадаги ҳаж зиёрати муносабати билан «Ҳажнома» асарини яратди. Сўнг Бомбайга келди, Ҳиндистоннинг қатор вилоятларига саёҳат қилди. Унинг бу даврда ёзган насрий ва назмий мактубларида тушкунлик, она юрт соғинчи ва изтироблари акс этган. «Адашганман» радифли ҳамда «Кашмирда», «Булбул» деб номланувчи лирик шеърлар туркуми шу жиҳатдан ўзига хос ҳижронномадир.

1893 йил мартида Фурқат Кашмир ва Тибет орқали Шарқий Туркистонга бориб, Ёркендда турғун яшаб қолди. Оила қурди. Табибликдан хабардор бўлган шоир доривор ўсимликлар билан савдо қилувчи дўкон очди, ижодий иш ва хаттотлик билан шуғулланди. Фурқат доимо Ватанига қайтиш умиди билан яшади. Аввал бошлаган «Саёҳатнома» асари устидаги ишни Ёркендда давом эттирди. Лекин бу асар ҳануз топилгани йўқ. У ердан Тошкентга публицистик асарлар, турли мавзудаги хат-мақолалар, Фарғона ва Тошкентдаги ёр-дўстларига мактублар йўллаб турган. Фурқат ўзбек матбуоти тарихида фельетон жанрини бошлаб берди («Ҳинд найрангбози Ёркендда», 1905).

Баркамол лирикаси, жозибали насри ва ггублицистикаси билан 19-аср охири ва 20-аср бошларидаги миллий адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қушган Фурқат она ватанидан узоқда вафот этди. Унинг жасади Ёркенднинг Донгдор қабристонига кўмилган. 1990 йил шоир қабри устига мақбара қурилган.

Фурқатнинг шеърлари китоб ҳолида дастлаб 1913 йилда Муқимий шеърлари билан бирга баёз ҳолида тошбосмада босилган эди, 50—80-йилларда кўп бор нашр этилди. Шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида қатор илмий асарлар ёзилди, диссертациялар ёқланди, опера либреттоси, киносценарий ва бошқа яратилди. Ўзбекистондаги бир қатор қишлоқ, туман, мактаб, кўча ва хиёбонлар, боғлар унинг номи билан аталади.

Абдурашид Абдуғафуров, Бегали Қосимов

* * *

Баҳор айёмида гулгашт этарга бир чаман бўлса,
Қилурга шарҳи ҳол, аҳли муҳаббат икки тан бўлса.

Хазон айёмида ул тавба қилган бўлса ҳам майдин,
Етиб майхораликнинг мавсуми, паймоншикан бўлса.

Булут қатра фишону, руҳафзо сабзалар хандон,
Ариғларнинг лабида сабзакори бир чаман бўлса.

Ҳаво ҳам мў‘тадил, ҳавзи мусаффо, суффаи дилкаш,
Оқар сув ғалт уриб, себарга узра мавжзан бўлса.

Сабуи лаъл бирлан шишаи байзоу олтун жом
Ўшал мажлисда соқий бир нигори сиймтан бўлса.

Гул узра андалибу, сарвнинг бошида қумрилар
Юзу қад ҳасратидин оҳу фарёд айлаган бўлса.

Киши тўбию кавсар, жаннату ризвонни не қилсун?
Жаҳон айвонида ҳосил бу янглиғ анжуман бўлса.

Суруру шодликни даҳр боғида нечук кўргай?
Камина Фурқатийнинг маскани байтул-ҳазан бўлса.

* * *

Умр хуш ўтмас баҳор айёми саҳро бўлмаса,
Лолазор ичра бисоти айш барпо бўлмаса.

Ҳосил ўлмас бодау жом ила мийнодин мурод,
Жилвагар то соқийи гулчеҳра андо бўлмаса.

Базм аҳли бўлсалар майхоралар анда зариф —
Дарди йўқ ағёр ўшал мажлисда асло бўлмаса.

Даҳр гулзорида хушдир яхши таъмири бисот,
Гар хазондин гарди ҳодис анда пайдо бўлмаса.

Обиҳайвон бирла умри жовидонни не қилай
Бир хати Хизру лаби лаъли Масиҳо бўлмаса.

Хок бўлсун ул танеким, ишқ ўтида куймаса,
Зерипо бўлсун сареким, анда савдо бўлмаса.

Фурқат айлар орзу бу анжумаини ҳар баҳор,
Одам эрмас ҳар кишида бу таманно бўлмаса.

* * *

Вафо айлаб йироқдин ошкор оҳиста-оҳиста,
Бир ишқим айладинг, жоно, ҳазор оҳиста-оҳиста.

На яхши марҳаматлар айламишсан номада изҳор;
«Муҳаббат расми қилғил» деб шиор оҳиста-оҳиста.

Жадал бирла киши мақсудиға етган эмас, оре,
Бўлур вақти билан ҳар навъ кор оҳиста-оҳиста.

Нечук тоқат қилайким, бора-бора зўр этиб ишқинг,
Кўнгулдин олди сабр ила қарор оҳиста-оҳиста.

Бериб таскин кўнгулға: васлига бир кун етарман деб
Ўзимни ўргатай ҳажрингга, ёр, оҳиста-оҳиста.

Паришон ўлмайин то хотирингни жамъи қил, жоно,
Сўраб ҳолимни хат бирлан бирор оҳиста-оҳиста.

Нечук осойиш айлай, эй кўнгул оромиким, сенсиз
Бўлуб борур жаҳон кўзимға тор оҳиста-оҳиста.

Ўшал кун бир кўриб қолганда қилган новаки ғамзанг
Ҳануз айлаб келур кўксим фигор оҳиста-оҳиста.

Висолинг бодасидин қилмасанг шодоб Фурқатни,
Хабар айлар ани ҳажру хумор оҳиста-оҳиста.

* * *

Терму тоби бодадин рухсори аҳмар устида?
Қатра-қатра ёки шабнамдур гули тар устида?

Ўсмалиқ қошларму ё шамшир қондин занглиқ?
Ёки пистоқи тўкулмиш ранги аҳзар устида.

Юз уза кокулмидур ҳар сори печутоб ила?
Ганжи ҳуснингму ётур ё икки аждар устида?

Чеҳра очтингму бу тадбир-ла чаманда толдилар,
Хаста булбул гул уза, қумри сановбар устида?

Хоки пойингни талошур кўзга эл сурмоқ учун,
Оре, ҳар ерда ҳужум айлар гадо зар устида.

Икки жоду наргисинг солғай жаҳонға фитналар,
Бўлмаса урён қошингдин икки ханжар устида.

Нозанин, сен ташла истиғнони, худ бори гарон,
Ноз дебоси назокат хулқ пайкар устида.

Фурқатий қошу кўзингдин фитналар кўрди бале!
Шўриш ўлмоқ расмдур ой туғса ахтар устида.

* * *

Бир қамар сиймони кўрдим балдаи Кашмирда,
Кўзлари масхуру юз жоду эрур тасхирда.

Зарра-зарра зар сочар бошиға ҳар кун офтоб,
Субҳ келгач, кеча ётиб чашмаи иксирда.

Бир кўриб чоҳи зақан Ҳорут ила Морут иков,
Чоҳи Бобил ичра қолмишлар бўлак тадбирда.

Ламъаи қийғоч кўзидин анинг барқи нигоҳ,
Тезлик жавҳарлари гар бўлса ҳар шамширда.

Қоши узра холининг асроридин бир нуқтадур,
Сураи Нун ўқудим пайваста ҳар тафсирда.

Фориғ эрмас ҳеч ким ул дилрабонинг ишқидин,
Зулфига дилбасталиғ ҳар бир жувону пирда.

Айдим: «Эй, жон офати, зулфингга бўлмишман асир!
Айди: «Бу савдони қўй, умринг ўтар занжирда!»

«Нуқта лаб устида бежодур»,— дедим, айди кулиб:
«Саҳв қилмиш котиби қудрат магар таҳрирда».

Айди: «Эй бечора, қилдинг на учун тарки ватан?»
Ман дедим: «Ғурбатда Фурқат бор экан тақдирда!»

* * *

Cўрғоли ҳолимни, эй қоши қалам, кел эртароғ,
Йиғламоқдин қолмади кўзларда нам, кел эртароғ!

Сендин айру гўшаи ҳижрон аро ёлғиз топиб,
Ўртаға олди мени дарду алам, кел эртароғ!

Марҳабо, бош устина, айлаб карамлик шаҳсувор,
Кўзларимни устина қўйғил қадам, кел эртароғ!

Муддатедур даҳр аро топмай вужудингдин cўpoғ,
Эл аро анқо каби бўлдим адам, кел эртароғ!

Эй хуш ул тунлар фироқинг ёдима келмас эди,
Билмайин комим висоли муғтанам, кел эртароғ!

Бистарим хоки мазаллат, ҳамдамим андуҳдур,
Ҳасратингда масканим бўлгунча ғам, кел эртароғ!

Фурқатий ошуфтадил то чанд тортар интизор,
Дилда тоқат қолмади, жоним-танам, кел эртароғ!

* * *

Лабинг ғунча, юзинг икки қизил гул,
Қадинг сарву сочинг гўёки сунбул.

Висолингга, нигоро, маҳрам эрдим,
Фироқингға нечук айлай таҳаммул?

Чу шавқим хомаси таҳрири лаълинг,
Қилиб доим ёзар хатти тасалсул.

Гулистондур жамолинг, эй париваш,
Мен они ишқида шўрида булбул.

Чу Юсуф ҳуснунгга барча харидор,
Зулайходек тушуб кўнглуға ғулғул.

Чиқарга етти жон, жоно, ғамингда,
Бу ғамдин ёна жисмим ҳам тазоюл.

Гадо Фурқатни ҳолиға карам қил,
Эрурсен подшоҳи ботаҳаммул.

* * *

Ёқма жоним ўтлара, эй шўху, зорингдур ўшал,
Мубтало кўнглум низор этма, фигорингдур ўшал.

Гул тароват топмоғи акси руҳингдандур баҳор,
Бу сабабдин мисли наргис интизорингдур ўшал.

“Сабзаларким чашмаи ҳайвон уза недур?” деди,
Мен дедим: “Лаб узра хатти мушкборингдур ўшал”.

Дедиким: “Найлай, бир ой бошида бир умри тавил”,
Мен дедим: “Юз узра зулфи тобдорингдур ўшал”.

“Бел, оғиздин очма лаб, сомони сабринг тут”, деди,
Мен дедим: “Борим йўқ этган йўқу борингдур ўшал”.

Деди: “Билдингму тағофул этмоғим моҳиятин?”
Мен дедим: “Бормоқ учун берган қарорингдур ўшал”.

Деди: “Юз минг ошиқим, аммо бири муштоқроқ”,
Мен дедим: “Фурқат деган бир беқарорингдур ўшал”.

* * *

Туруб ҳар эрта, жононим, йўлингда,
Оқарди чашми ҳайроним йўлингда.

Фалак узра малакларға етушти,
Сенга етмасму афғоним йўлингда?

Муродинг қатлим эрса келмагингдин,
Фидодур бир қошиқ қоним йўлингда.

Ғубори тавсанингдин топти ором,
Чиқарди йўқ эса жоним йўлингда.

Маломат тошидин бўлди мунаққаш,
Чу Мажнун жисми урёним йўлингда.

Кел, эй Юсуф, Зулайхо козасидек,
Қуруғлиқ байт ул-эҳзоним йўлингда.

Гар ўлсам интизоринг бирла Фурқат,
Ётар жисмим мени, жоним, йўлингда.

КАВЛАМА
(Машраб ғазалига мухаммас)

Ошиқи дилдодадурман дилбаримни кавлама,
Ахгар ўлди ғам ўтида пайкаримни кавлама,
Сайр қилдим баҳру бар хушку таримни кавлама,
Эй сабо, ғамзодадурман, бистаримни кавлама,
Чун шафақ олудаман хокисторимни кавлама!

Чархи кажрафтордин беҳад аломатлар келур,
Бу сабаб кўздин юза ашки надоматлар келур,
Гар юракни қўзғасам ширин ҳикоятлар келур,
Ҳар замоне Лайлидин менга китобатлар келур,
Санки Мажнун бўлмасанг сардафтаримни кавлама!

Ғамдин озода билур озодаларни ҳолини,
Йўқса мискин на билур шаҳзодаларни ҳолини
Хурдадонлар билмадилар соддаларни ҳолини,
Хонавайронлар билур афтодаларни ҳолини.
Эйки маҳрам бўлмасанг чашми таримни кавлама!

Ишқ савдоси тушуб бошимға, аҳволим хароб,
Жоним айлар тан аро сиймоб янглиғ изтироб,
Таъна қилма, зоҳидо, кўнглумда ғамлар беҳисоб,
То кишиға дард тегмай бўлмади багри кабоб,
Дилда дардинг бўлмаса дарди саримни кавлама!

Неча кунлар ҳамдам ўзга ваҳшию тайр айладим,
Билмадим бу йўлда шаръ қилдим ваё хайр айладим
Ғам ҳужум этти анинг-чун масканим дайр айладим,
Ломаконни шаҳрини бир ҳу била сайр айладим,
Жабраили ишқман, болу паримни кавлама!

Гаҳ ўзимни сувға урдум, гоҳ ўтга дам-бадам,
Бўлмади даврон сафоси лаҳзаэ бошимға кам,
То шариатни тутуб қўйдум тариқатга қадам,
Баҳри раҳматга кприб қилдим вужудимни адам,
Маърифатдин бехабарсен, гавҳаримни кавлама!

Чун қадам қўйдунг бу йўлға бўлма бематлаб вале,
Фахри зиллат бўл, талашма ғурбати мансаб вале,
Фурқатий, саргашта бўлсанг, йиғлагил ҳар шаб вале,
Дурри дарёйи маоний бўлду чун Машраб вале,
Дийда бино бўлмасанг кўб жавҳаримни кавлама!

САЙДИНГ ҚЎЯБEР, САЙЁД

Сайдннг қўябер, сайёд, сайёра экан мендек,
Ол домипи бўйнидин, бечора экан мендек,
Ўз ёрини топмасдан овора экан мендек,
Иқболи нигун, бахти ҳам қора экан мендек,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жигари бағри садпора экан мендек.

Кес риштаниким, қилсун чаппаклар отиб жаста,
Ҳажрида алам тортиб, бўлди жигари хаста.
Тоғларға чиқиб бўлсун ёри била пайваста,
Кел, қўйма бало доми бирла они по баста,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мендск,
Куйган жигари багри садпора экан мендек.

Беш кун сени даврингда бечора хиром этсун,
Оҳулар ила ўйнаб, айшини мудом этсун,
Ёмғур суви тўлганда, тоғ лолани жом этсун,
Ҳаққингға дуо айлаб, умрини тамом этсун,
Ҳижрон ўқиднн жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жпгари багри садпора экан мендек.

Саргашта бу водийда бнр бошнға раҳм эткил,
Йўқ тоқати бандингга, бардошига раҳм эткил,
Йиғлаб сенга термулур, кўз ёшига раҳм эткил,
Раҳм этмасанг ўзига, йўлдошига раҳм эткил,
Ҳижрон ўқидип жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жигари бағри садиора экан мендек.

Тоғда очилиб лола, ер сабза баҳор ўлса,
Ахир бу нечук бедод, олам анга тор ўлса?
Чиқмай деса жойидин, узлатда фигор ўлса,
Гар чиқса баногоҳи домеға дучор ўлса,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жигари бағри садпора экан мендек.

Бечорани зулм айлаб, қўл-бўйнини боғлабсан,
Ҳар сори чекиб-судраб, ўлдиргали чоғлабсан,
Кўксини жафо бирла лола каби доғлабсан,
Сот менга, агар қасдинг олғувчи сўроғлабсан,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жигари бағри садпора экан мендек.

Йўқ ҳуши, пари теккан девонаға ўхшайдур,
Кўз ёши яна тўлган паймонаға ўхшайдур,
Ғам сели билан кўнгли вайронаға ўхшайдур,
Фурқатда бу Саъдулло ҳайронаға ўхшайдур,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра зкан мендек,
Куйган жигари бағри садпора экан мендек.