Диловар (XIX аср)

XIX асрнинг биринчи ярмида Қўқонда яшаб ижод қилган. Сарой ходимларидан бўлган.

МУҲАММАД АЛИХОН МАРСИЯСИ
 
Оқар кўздин қаро қоним,
Куяр жисмим ила жоним,
Бўлуб дилхун аҳволим,
Шаҳиди бегуноҳ хоним.

Минарди байдари сози,
Шикор айлаб қишин ёзи,
Олурди, қарчиғай юзи,
Шаҳиди бегуноҳ хоним.

Бўлуб давринда киш ар тўқ,
Жавоҳирдин тўлуб сандиқ
Ҳама сила, камар жабдуқ,
Шаҳиди бегуноҳ хоним.

Ададин ваҳми йўқ нори,
Мудом эрди тараб кори,
Салим эрди, йўқ озори,
Шаҳиди бегуноҳ хоним.

Маҳол эрмиш келар чоғи,
Алойиқ бўлди бир доғи,
Баҳодирхон бўлуб ёғий,
Шаҳиди бегуноҳ хоним.

Мадори умр бар хоби,
Ўлуб хон халқ бетоби,
Ёшимдур мисли селоби,
Шаҳиди бегуноҳ хоним.

Онаси бирла берди бош,
Бўлуб хон ўғли ҳам йўлдош,
Тўкар Фарғона кўздин ёш,
Шаҳиди бегуноҳ хоним.

Анинг амри туфангу тўй,
Сипоҳи эрди бирлик кўп,
Нохуш хони жаҳон ошуб,
Шаҳиди бегуноҳ хоним.

Топиб давринда мулк ором,
Ичар сув барча олтин жом,
Бирикмай ишқи қилди хом,
Шаҳиди бегуноҳ хоним.

Бўлиб базм аҳлига устод,
Замони хон шаҳр обод,
Тараб ангез мардум шод,
Шаҳиди бегуноҳ хоним.

Баҳодир золим ул занжи,
Топиб ул халқнинг ганжи,
Жазосин берсин Урганжи,
Шаҳиди бегуноҳ хоним.

Ҳалойиқ титрашиб ларзон,
Зулм айлаб Баҳодирхон,
Ҳама саркардаси нодон,
Шаҳиди бегуноҳ хоним.

Суюб бир неча барнони,
Тўкуб кўп бегуноҳ қони,
Баҳодирхон нодоний,
Шаҳиди бегуноҳ хоним.

Ўтар дунёда ёзу қиш,
Санодур икки кам олтмиш,
Кўруб Фарғона қаттиқ иш,
Шаҳиди бегуноҳ хоним.

Худо изни билан бўлган,
Барин паймонаси тўлган,
Бўлуб қисмат шаҳид ўлган,
Шаҳиди бегуноҳ хоним.

Диловар бир намакхўри,
Қилиб марсиясин жорий,
Шаҳиди олий миқдори,
Шаҳиди бегуноҳ хоним.