Атоий (XV аср)

Атоий (15-аср, Балх) — шоир. Яссавий авлодидан. Самарқанд, Бухоро ва Балхда яшаган. Туркий, форс ва араб адабиётларини чуқур ўрганган. Туркий ва форс тилларида ижод қилган. Навоий («Мажолис ун-нафоис») Атоий ҳаёти ва ижоди ҳақида тўхталиб, «Мавлоно Атоий Балхда бўлур эрди. Исмоил ота фарзандларидиндур, дарвешваш ва хушхулқ, мунбасит (очиқ чеҳрали) киши эрди. Ўз замонида шеъри атрок (туркий тилда сўзловчилар) орасида кўп шуҳрат тутти. Бу матлаъ анингдурким:

Ул санамким сув яқрсинда паритек ўлтурур,
Ғояти нозуклукиндин сув била ютса бўлур.

…Мавлоно кўп туркона (содда, равон) айтур эрди…», дейди. Навоий «Насоимул-маҳабба мин шамоил ил-футувва» («Муҳаббат шабадалари») асарида Исмоил ота Аҳмад Яссавийнинг иниси Иброҳим отанинг ўғли эканини айтади.

Атоий девонининг муқовасида ва қўлёзманинг охирида «Девони Шайхзода Атойи» деб қайд этилиши ҳам Атоийни шайхлар оиласидан келиб чиқан дейишга асос беради. Навоийнинг хабар беришича, Атоий Улуғбек саройи шоирлари орасида ҳам бўлган.

Атоий ғазалнавис — лирик шоирдир. Унинг ғазалларида муҳаббат мавзуи билан бир қаторда май ҳам куйланади. Майда ҳаёт завқи, унинг барча гўзалликлари ва лаззатлари васф этилади. Май Атоийда Умар Хайём рубоийлари ва Ҳофиз ғазалларидаги каби ҳаёт тимсолидир.

Атоий лирикасида халқ иборалари, таъбирлар, мақол ва маталлар, эртак мавзуларига оид сўзлар кўп. Ғазалларини асосан арузнинг рамал баҳрида ёзган; вазни енгил, мисралари қисқа, сўзлари оддий, услуби содда ва равон. Шунинг учун ҳам унинг шеърлари халқ қўшиқларига айланиб кетган. Атоий тажоҳули орифона, лаф ва нашр каби тасвир восита ва усуллари ҳам яратган. Шоир ижоди бизгача тўла етиб келмаган. Девонининг тахминан 16-асрда кўчирилган, 260 ғазални ўз ичига олган қўлёзма нусхаси Санкт-Петербургда сақланади.

* * *

Неча жонимға сендин дарду ғамдур?!
Магар меҳринг жафо,лутфунг ситамдур.

Муҳибларға жафо қилмоқ ёзуқсиз,
Муҳаббат йўлида бисёр камдур.

Манга душвор эрур сенсиз тирилмак,
Санга мен бўлмасам,эй жон,на ғамдур?!

Неча жонимға текдинг ваъда бирла,
Кечар дунё,вафо қил,дам бу дамдур.

Кўзунг,зулфунг била оғзинг ғаминда
Вужудим ҳосили айни адамдур.

Гунаҳ қилдимки,ҳажрингда тирилдим,
Вале мендин гунаҳ,сендин карамдур.

Атоий ушбу йўлда хок бўлса,
Муроди хўблардин бир қадамдур.

* * *

Ул санамким,сув яқосинда паритек ўлтурур,
Ғояти нозуклукиндин сув била ютса бўлур.

То магарким,салсабил обина жавлон қила,
Келди жаннат равзасиндин оби кавсар сори ҳур.

Ул иликким,сувдин ориқтур.юмас они суда,
Балки сувни пок бўлсун деб илик бирла ююр.

Эмди билдим рост эмиш,балки кўрдим кўз била,
Улки дерлар,сув қизи гоҳ-гоҳ кўзга кўринур.

Қошларинг ёсин Атоий кўргали ҳусн ичра тоқ,
Субҳидам меҳробларда сураи ёсин ўқур.

* * *

Хаста кўнглумдин хаёлинг бир замон кетмас,бегим,
Нечаким,васлинг этакига қўлум етмас,бегим.

Нетайин,дармонда бўлдум мен бу кўнглум илкида,
Сенсизин ҳеч ерда бир лаҳза қарор этмас,бегим.

Гарчи сен дашном этарсен,мен дуочиман сенга,
Ошиқи содиқ жафодин элини четмас,бегим.

Сен мени таъзим этиб қулллар сонинда тутмағил,
Итларинг хайлинда бўлсам,не манга етмас,бегим?!

Таънадин қовмас Атоийни эшикиндин рақиб,
Ҳеч гадой ит урса эшикни қўюб кетмас,бегим.

* * *

Кел,эй дилбарки,бўстон вақти бўлди,
Гул очилди,гулистон вақти бўлди.

Қилай нола,боқиб гулдек юзунгга,
Чу булбулларға афғон вақти бўлди.

Гулу булбул бикин гулбунлар ичра,
Нишоту айши пинҳон вақти бўлди.

Ўқуб гул бахтини мажлисда ҳар дам,
Бўлуб сархуш,гулафшон,вақти бўлди.

Туруб маҳбуб олида муҳибға,
Чу гул чоки гирибон вақти бўлди.

Муғанниларға булбуллар бикин зор,
Ҳазорон навЪИ алҳон вақти бўлди.

Бу дамким,гул қилур булбулға алтоф,
Атоийға ҳам эҳсон вақти бўлди.

* * *

Оҳ,ўлтурди фироқ ул гул узоримдин йироқ,
Лола юзлуқ,сарв бўйлуқ тўғри ёримдин йироқ.

Нола қилсам ҳар замон айб этманг,эй ушшоқким,
Андалиби бенавомен лолазоримдин йироқ.

Ихтиёр эттим ул ойни икки дунёдин, вале
Нетайин солди фалак ўз ихтиёримдин йироқ.

Саъй этар зоҳид мени жаннатнинг эски боғина,
Мен борурменму юзунгдек навбаҳоримдин йироқ.

Менда ҳам сабру қарору ақлу ҳуше бор эди,
Не балолиқ ишқ эдиким,солди ёримдин йироқ.

Гар фалак ўлтурса юз қатла мени,ҳеч бок эмас,
Бу ўлумдурким,ўладурмен нигоримдин йироқ.

Кетмагай ўлсам Атоийдек бўюнг сарви учун,
То қиёмат саяйи раҳмат мозоримдин йироқ.

* * *

Ай гул чеҳралик сарви равоним,
Фидо бўлсун сенга жону равоним.

Сулаймон мулкудур ҳам Нуҳ умри
Санинг била кечурган бир замоним.

Агар зулфунг учун чопсанг бошимни,
Юз эвурсам манинг бўйнумға қоним.

Белингда гарчи бир қилча гумон бор,
Вале оғзингда йўқтур ҳеч гумоним.

Жамолинг оятидур ҳусн ичинда,
Не ҳожат бу менинг шарҳу баёним.

Бу доғе ким,қўяр жонимға ҳажринг,
Ажаб қолғай менинг ному нишоним.

Юзунг меҳринда жон берди Атоий,
Демадинг бир кун: ЪЎлди меҳрибоним:ъ

* * *

Бовужуди оразинг барги самандин ким десун?
Лоладин ким сўзласун,ҳам настариндин ким десун?

Дунёни тутти санинг ҳуснунг била дардим сўзи,
Юсуфу Яъқуб ила Байтул-ҳазандин ким десун?

Лаълингиз бирла дам урмас зарра саррофи ақл,
Оре,яхши бор экан,асли ямондин ким десун?

То висолингдин йироқмен, ёвумас ҳеч ким манга,
Жое улдур,айб эмас,жонсиз бадандин ким десун?

Зулфу холингдин муаттар бўлди олам,баъдазин
Нофайи оҳую Тотору Хўтандин ким десун?

Макру фан айлаб мени,сайд этти дерлар эл сени,
Мен азалдин мубталомен,макрй фандин ким десун?

Эшикингдаким,шаҳаншаҳларга анда бор йўқ,
Бу Атоийдек гадойи беватандин ким десун?

* * *

Куяр жоним,нетай,дилхоҳ унутти,
Кўнгул аҳволидин огоҳ унутти.

Фалакка етса оҳим не ажабким,
Мени ул Зуҳра кўзлук моҳ унутти.

Қани бир мушфиқеким,ёд берса,
Гадойи мухлисин ул шоҳ унутти.

Бу қулға бор экан бисъёр лутфи,
Не камлик бўлдиким,ногоҳ унутти.

Не йўлсиз келди мендинким,мунунгдек,
Азалдан жон ила ҳамроҳ унутти.

Фироқингда манга тасбиҳ бўлди
Бу сўзким: ЪОҳ унутту,оҳ унутти!ъ

Атоий хайма ур мулки адамда,
Чу сендин ул бути хиргоҳ унутти.

* * *

Шаҳо,бизга назар қилсанг не бўлди?
Гадони муътабар қисанг не бўлди?

Кўнгул юз порадур гул,ғунча янглиғ,
Сабодек бир гузар қилсанг не бўлди?

Қаро бахтим бикин ҳижрон кечасин
Висолингдин саҳар қилсанг не бўлди?

Боқиб усрук кўзунгдин,носиҳимни
Менингтек бехабар қилсанг не бўлди?

Ўтар оҳим ўқи тўқуз фалактин,
Вафо бирла сипар қилсанг не бўлди?

Балоққедур рақиб,охир балодин,
Худой учун ҳазар қилсанг не бўлди?

Кетурди моҳазар жонин Атоий
Қабули моҳазар қилсанг не бўлди?

* * *

Юзунг хуршедтек тобанда бўлсун,
Жамолинг то абад поянда бўлсун.

Такаллум қил,сочилсун дурри гавҳар,
Табассум қил,жаҳон пурханда бўлсун.

Юзунгдин бурқаъ олғил бир замоне,
Уёлсун ою кун,шарманда бўлсун.

Мени ўлтургали ғамзанг қиличи,
Кўзунгдек кофири бурранда бўлсун.

Пари рухсорларнинг хусрависен,
Сенингтек жони ширин қанда бўлсун?

Агар ўлсам тилармен тенгридинким,
Ғаминг жонимға,дардинг танда бўлсун.

ЪФалони қулларимдиндуръ демушсен,
Атоий ушбу сўзга банда бўлсун.

* * *

Гъанимат тут жамолу ҳусн даврин,
Масалдурким: «Яна бу дам топилмас».
Вафо қилким, йигитлик бўстони,
Ҳамиша тозаю хуррам топилмас…

* * *

Ишқ рамзидин агар бир қилча фаҳм этса фақиҳ,
Тарк этар эрди қамуқ фатвою қилу қолни.

* * *

Муродим бўлмасун ҳаргиз муяссар,
Кўнгулда сендин ўзга бўлса матлуб.

* * *

Зинҳор ишқ ишин усал тутма, эй кўнгул,
Осони мушкул эрур анинг мушкилоттин.

* * *

Кўзларинг гар тўкса қоним, жон анга бўлсин фидо,
Ким, жафо айни вафодур ерға севган еридин.

* * *

Ошиқ эрмас ул маҳвашким, тилар зар бирла васл.

* * *

Отойиға биҳишти жовидондур,
Севар ери бирла бир лаҳза дийдор.

* * *

Мен нетай боғу биҳишту қасри хулду ҳурни,
Чун менга бир дам висолинг яхшироқтур боридин.

* * *

Тилар эл мансаби олий ва лекин,
Отойи сарви озодингга банда.

* * *

Киши жаҳонда ризо бирла тарки жон этмас,
Магарки сендин айирғай, бегим, қазо бизни.

* * *

Юзинг хуршеддек тобанда бўлсин,
Жамолинг то абад поянда бўлсин.
Такаллум қил, сочилсун дурру гавҳар
Табассум қил, жаҳон пурханда бўлсин.

* * *

Табассум қилса лаълинг жон бағишлар,
Магар Исойи Руҳуллоҳ сенсен.