Зуҳра Мамадалиева. Олам хотираси (ҳикоя)

У одатдагидай лоҳасланиб ўрнидан турди ва деразани очди. Эрта баҳорнинг тонг шабодаси зах хонага ёпирилиб кирди. Гарчанд ҳавода намхушлик, салқинлик уфуриб турган бўлсада, баҳор таровати қишнинг қаҳрини синдиргани аниқ эди. Осмон ҳам ажиб мусаффо, гардсиз нилий рангда эди. У мадорсиз нигоҳларини кўпқаватли бинонинг рўбарўсига қаратди. Ундаги тап-тақир ерда ёлғиз ўсиб, куртак очаётган ўрик дарахти, унинг пойида ниш ураётган барра майсаларни кўриб, беихтиёр жилмайиб қўйди. Кайфиятига зид равишда баҳор таровати унинг кўнглига ҳам кириб келаётганлигини туйди. Лаҳзалик таъсирланиш ойлар, балки йиллар бўйи ўйлаб юрган қарорига таъсир этмаслиги учун шу бугуноқ ишга киришишга аҳд қилди. Сўнг секин ваннага бориб, илмилиқ сувга юзини ювди. Эсига қишлоғидаги булоқ тушди. Бу булоқ қачонлардир, унинг болалик, йигитлик чоғида тўлиб оқувчи анҳорга қуйиларди. Энди эса, ўзанидан айрилган ариқдай, бир-икки ҳовлига оқиб киради-ю, мадори қуриб, тупроқ қаърига сингиб кетади. Буни у ўтган йили – охирги марта қишлоғига борганида кўрган эди. Артиниб, ошхонага кирди. Тунука чойнакни тўлдириб газга қўйди. Қайнагач, чой дамлади. Қаедадир қотган буханка нон бор эди. Ҳа, мана дастурхоннинг орасида экан. Олди. Азбаройи чой ичгиси келганлиги учун эмас, ўйлаган ниятига етгунга қадар ҳолдан кетиб йиқилмаслик учун тамадди қилиши керак эди. Нон халтанинг ичидан икки-учта парварда, конфет топди. Улар билан қўшиб, нонушта қилди. Қизиқ, чой ҳам ажиб хушхўр, қишда тоби қочиб қолганида термосга дамлаб қўйган чойига ўхшамасди. Унда тозалик, мулойимлик бор эди. Қишнинг нафақат ҳавоси, балки сувида ҳам унинг қаҳри намоён, кўкламнинг таровати эса сувида ҳам билинар экан-да. Чой билан танасига қувват киргандай ҳис этди-ю, ўрнидан турди. Дастурхонни деразасининг токчасига қоқди. Ноннинг қолганини яна дастурхонга ўради. Уни авайлаб нон халтага солди. Кейин ётоқхонага қайтиб кирди. Шкафнинг пастки токчасини очди. Унда чанг босиб кетган алвон тусли катта фотоальбом турарди. Уни очаркан, кўз олдида ёшлиги гавдаланди. Дастлабки саҳифадаги мунчоқ кўзли болакай – унинг ўзи. Икки-уч яшарлик пайти. Кейингилари йилма-йил олинган. Мактаб, техникум, олий ўқув юрти даврлари. Ундаги суратларга қараб, ўша замонларга қайтгандай, ўша кунларни кўргандай бўлди. Хаёлан олис йиллар офтобида куйди, совуғида жунжикди. Юзига ёмғир томчилари тегди, хазонлар юзини сийпалаб тушди, бодом гулларининг ифорига тўйинди, тупроқ ҳидларини туйгандай бўлди.
Мана у техникумни битириб, узоқ қишлоққа йўлланма олди. Баланд тоғлар бағридаги кафтдеккина қишлоқ. Аҳолиси нари борса йигирма беш-ўттиз хонадон чиқади. Лойсувоқ томли уйлар орасида иккита оқланган бино бор. Биринчиси қишлоқ врачлик пункти, иккинчиси – мактаб. Баланд тоғлар атрофи чексиз кенглик. Унинг дастлабки ўқувчилари соддагина қўйчивон болалар эди. Ота-оналар ўқитувчини пир тенги, авлиё қатори кўришарди. Шунинг учун болани мактабга обкелиб, унинг қўлига топширишаркан, “эти Сизники, суяги бизники”, дейишарди. Бироқ у маданиятли йигит эди, қўлига эрк бермади. Болаларга яхши гап билан ўқимишли бўлишнинг фойдаларини тушунтирди, озодалик, тартиб-интизомга ўргатди. У биринчи ўқувчилари суратларини кўраркан, уларни бирма-бир эслади. Мана Саъдуллаев Мурод. Биринчи синфни битиргунича ёзишни билмасди. Буниси Тошпўлатова Азиза. Мактабга қўғирчоқ олиб келарди. Онаси чўпдан ясаб, кўйлак кийгизиб берган қўғирчоқ. Мана буниси Раҳимов Собир. Уни мактабга опаси Нодира опкеларди. Ҳар куни. То тўртинчи синфни битиргунича. Укасини қўлидан ушлаб оларди. Худди бир нарса хавф солаётгандай. Аввал қишлоқ аҳли бундан ажабланиб, ёппасига қизиқишди. “Нодира билан ёш муаллим ўртасида бирон нима бор”, деб ўйлашди. Пана-пастқам жойлардан, мактаб деразаларидан яшириқча пойлашди. Ҳатто қишлоқ йигитлари муаллимнинг бошпанасига – якка ўзи яшайдиган Норхол кампирнинг уйига бориб, уни қийин-қистовга олишди. Бу хил кузатувлар фойда бермагач, уларни тинч қўйиб, янги эрмакларга андармон бўлишди.
Ростдан Нодира билан ўзи ўртасида ҳеч нима йўқ эди. Нодиранинг бошқа қишлоқ қизларидан фарқи ҳам йўқ эди. Бурма ёқа кўйлак, тўпиғигача тушадиган лозим кийиб юрар, кўксини оддий тўноғич билан қадаб қўярди. Майда ўрилган сочининг учига пахтадан жамалак тақилган бўларди. Бошида бахмалнусха дўппи. Қошлари қалин ва тартибсиз. Қийиқроқ кўзлари ҳаё билан ерга термулган. Устини майин тук қопланган тўқ қизил лаблари маҳкам қимтилган. Қорача юзида, ёноқларида ёш муаллимни кўрган пайт бир олланиш пайдо бўлади…
Ўқувчиларининг оналари тансиқроқ таом қилишса, ўқитувчиларига – Норхол кампирникига чиқаришарди. Раҳимов Собир эса кун ора, кунин, баъзан кунда икки маҳал устозининг бошпанасида пайдо бўлар, қўлида устига иссиққина кулча бостирилиб, дастурхонга ўралган суюқми, қуюқми овқат бўларди. Муаллим бу овқатларни еркан, унда Нодиранинг қўллари тафтини сезгандай, меҳрини туйгандай бўларди. Собирга ҳам алоҳида меҳр қўйган, уни бошқа ўқувчиларидан айро, укасидай яқин оларди.
Дарслар тугаб, Нодира мактабга келадиган пайт бўлгач, муаллимнинг юраги қафасдаги қушдай типирчилай бошларди. Гап-сўзлар эса салом-аликдан нарига ўтмасди:
-Ассалом алайкум!
-Валайкум ассалом. Яхшимисиз?!
Шу тўрт йил мобайнида Нодира бир марта уч кун мактабга келмади. Бу кунлар ичида дарслар тугар маҳали муаллимнинг кайфияти ёмонлашиб, юраги ғаш бўларди. Бироқ Собирдан “опанг нега келмаяпти?” деб сўрашга ботинолмади. Шу учтагина сўз унинг тилидан чиқиши маҳол бўлди. Қишнинг сўнгги совуқ кунлари эди. Синфхонадаги зах рутубат печкада ёнаётган кўмир ҳидига аралашиб кетган. Болалар синф бурчагидаги михлардан устки кийимларини олиб кийишаркан, тоза ҳавога чиқишга ошиқишарди. Муаллим Нодиранинг бугун ҳам келмаслигига ишонч ҳосил қилиб, ўқувчилари томон юрди. Шу пайт Собирнинг қўшниси Азиза михда осилган қизил пальтосини оларкан, унга қараб:
-Опанг ҳали ҳам тузалмадими?–деб сўради. Бу савол билан қизалоқ муаллимининг оғирини енгил қилганлигини билмасди.
-Йўқ, ҳалиям тумови ёзилмади,-деди Собир катталарга хос оҳангда пальтосининг тугмаларини қадаркан. –Эртага келади.
Ўқитувчи енгил тин олди. Эртаси куни Нодира келди. Устига отасининг чопонини кийиб олган. Бошида онасининг шол рўмоли. Юзи бироз оқаринқираганини айтмаганда, ҳеч қандай ўзгариш йўқ.
-Яхши бўб қолдингизми?–сўради муаллим минг бир истиҳола билан.
Нодира муаллимнинг юзига “ялт” этиб қаради. Кейин кўзларини ерга тикиб “Шукур, раҳмат!” деди.
Муаллим биринчи ўқувчиларини учирма қилган йили Нодирани қўшни қишлоққа унаштиришди. Ўша йили ёзда эса муаллимни бошқа мактабга ўтказишди… Олис хотиралар жо бўлган суратларни кўздан кечираркан, муаллим бундай имкониятларни бир неча бор қўлдан чиқарганлигини англади. Лекин… ўша Раҳимов Собирнинг опаси – қорачадан келган, жамалаксоч Нодира ҳақидаги эсдаликлар ўша ўқувчиларининг суратлари каби қадрдон эди.
У оғир қадамлар билан бир пайтлардаги иш кабинетига кирди. Китоб жавонининг ёнига борди. Хона тўрини буткул эгаллаган китоб жавонининг ёнида ёзув столи турарди. У жавоннинг эшигини очаркан, унда кимёвий элементларнинг макетлари кўринди. Орқасида илмий ва бадиий китоблар. У китобларга қараб, чуқур бир хўрсинди-да, яна ётоқхонасига қайтиб кириб, алвонранг альбомни варақлашда давом этди.
Олти йил қишлоқ мактабларида дарс берганидан сўнг у университетнинг кимё факультетига ўқишга кирди. Ўқиш даврида кимё-технологиялари институтида аввал лаборант, сўнг ассистент бўлиб ишлади. Аспирантурага ўқишга киргач, кичик илмий ходим лавозимини олди. Устозлари унинг келажагини порлоқ ҳисоблашарди. Ўзи ҳам иқтидорига ишонарди. Хуллас, ҳаммаси жойида эди. Фақат… фақат у жамоага ҳеч қўшилиб кетолмасди. Тортинчоқлиги сабаб байрам-тадбирларга деярли қатнашмасди. Дўстлари, танишлари йўқ ҳисоб эди. Фақат Зиёдулладан бошқа. Зиёдулла эса унинг бутунлай акси эди. Қувноқ, киришимли. Ҳар қандай давранинг гули бўла оларди. Ўзиям келишган йигит. Кўзлари кулиб турарди. Қадди-қомати барваста. Ёноқлари қип-қизил. Ҳақиқий қишлоқ йигити. Бир бўлимда ишлаганлари сабаб бор-йўғи беш-олти ёш катта бўлса-да, унга “устоз” деб мурожаат қилар, шунга яраша муомалада бўларди. У ҳам Зиёдуллага баҳоли қудрат ёрдам бериб турарди.
Бир куни ярим кечаси ётоқдаги хонасининг эшиги таққиллади. Уйқусираб чиқса, коридорда Зиёдулла турибди. Ранги бир аҳвол. Кўзларида ёш. Устозини кўриб, додлаганча унинг қучоғига ўзини отди.
-Онажонимдан айрилиб қолдим, устоз, онажонимдан! Ўзи емай, менга едирган онажоним йўқ энди!
У аввалига карахт бўлиб қолди. Қишлоғида қолган, ҳар сафар борганида аввалгидан-да кичрайиб, юзи сўлғинлашиб бораётган ўзининг онаси кўзига кўриниб кетди. Қучоғида ҳиққилаётган Зиёдуллани бағрига маҳкам босиб “бандалик, бандалик…” деди зўрға.
-Ҳа, раҳмат, раҳмат!–Устозининг бағридан чиқаркан, Зиёдулла хижолатомуз:
-Ака, шу қарз бериб туролмайсизми, онамни кўмишга, маъракаларга… Уйдагиларнинг мендан бошқа ишонганлари йўқ, — деди.
У бошини эгиб, хонасига кириб кетди. Топганини олиб чиқиб берди.
Эртаси куни жамоа билан бирга Зиёдулланинг уйига борди. Пойтахтга яқин бўлса-да, тупроқ кўчали қишлоққа боришди. Йўлдагилардан сўраб, пастаккина томли ҳовлига киришди. Ҳовлидан аёлларнинг паст овоздаги йиғиси эшитилиб турса-да, уйда мотамхонага хос оғир ва мунгли сукунат ҳукмронлик қиларди. Мотам либосидаги бир неча аёл уларни кўриб “онам”лаб овоз чиқарди. Ичкаридан униқиброқ қолган дўппи, чопон кийган, бели боғлиқ Зиёдулла чиқиб келди. Унинг кўзлари қизарган, қовоқлари шишган. Кўриниши қайғуга ботгандан кўра нимадандир норозига ўхшаб кетарди. Ҳамма билан қучоқлашиб ҳиқилларкан, кўз ёшларини қўйнидаги сарғайиб кетган оқ рўмолга (онасиники бўлса керак) артиб оларди. Устозини бағрига босиб, “ҳалиям борлигингиз, ака, йўқса шарманда бўлардим. Онамнинг ўлимлиги ҳам йўқ экан!”, деди. Зиёдулла гарчи паст овозда гапирган бўлса-да, у хижолат тортиб, ён-верига қаради. Хайрият, ҳеч ким эшитмабди. Зиёдулла яна уни бағрига босиб “Яхшилик кунларингизда қайтарай, ака, тўйларингизда…” деб минғиллади хокисорлик билан.
Уч кундан кейин Зиёдулла ишга аввалгидан-да ҳушчақчақ ҳолда келди. Онасининг маъракаларини ўтказиб, фарзандлик бурчини бажарди. Зиёдулла энди устозига аввалгидан ҳам яқинроқ бўлиб, унинг илмий ишига, тажрибаларига ҳам аралашиб турарди.
-Диссертациянгиз тасдиқдан ўтганми? – сўради у бир куни лабораторияда.
-Йўқ. Ҳали тажрибалар натижаси номаълум бўлганлиги учун…
-Ҳмм! Унда тезлаштириш керак, ака!
Шу йил Зиёдулла Москва кимё-биология институтининг аспирантурасига кирди. Кўпчилик унинг бундай муваффақиятга эришганлигидан ҳайрон бўлмаса-да, айнан Москвага кетганлигидан ажабланишди. Шунда ҳам у устозини унутмади. Ҳар келганида хабар олиб турди. Тажриба натижаларининг муваффақиятли чиққанлигини эшитиб, хурсанд бўлди. “Энди ҳимояни тезлаштиринг, ака!” деб маслаҳат берди. У ҳам айнан шундай қилмоқчи эди. Бироқ диссертация мавзулари тасдиқланадиган ташкилотда бундай мавзу аллақачон тасдиқдан ўтганлигини айтишди.
-Бўлиши мумкин эмас,-деди унинг устози бўлмиш кекса академик.–Мен Иттифоқнинг барча институтлардаги ишлар билан танишман. Бундай мавзуда иш олиб борилиши мумкин эмас.
-Узр, домла. Мавзу аллақачон тасдиқланган. Ҳимоя куни ҳам белгиланган, — деди нуфузли ташкилот ходими елка қисганча.
Ана шу воқеага кўп ўтмасдан унинг қадрдон укаси Зиёдулла Москвада айнан шу мавзуда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Шундан кейин… илмий раҳбари уни ёнига чақирди. Бир умр илм йўлида юрган, бошқа йўлни тасаввур ҳам қилолмаган кекса академик қадрдон лабораториясидаги ёзув столи қаршисида бошини эгиб ўтирар, қалам ушлаган қўллари асабий қалтирарди.
-Мени кечиринг,-деди у шогирдига қарамасдан шикаста овоз билан.–Шунча йил умрингизни бекор ўтказдим.
Унинг бўғзига бир нима тиқилгандай бўлди. Кўзларига ёш келди. Ўзини зўрға тутди.
-Сизнинг айбингиз йўқ, домла,-деди у ҳам устозига қарамасдан. Унинг ҳам овози қалтираб чиқди.
–Ҳаммасига ўзим айбдорман.
Сўнг нима деяётганини деярли идрок қилмасдан гапира бошлади:
-Мен… менга бошқа мавзу беринг. Бошидан ишлайман. Тез орада битираман! Ҳимоя қиламан! Мана кўрасиз!
Илмий раҳбари унга мамнун ҳолда қаради. Лекин бу сўзларига унинг ўзи ишонмасди. Бироқ тажрибаси қўл келибми, ёки устозига берган сўзи учунми, аввалгидан-да шаҳд билан ишлади. Уч йилга қолмай, ишни ҳимояга қўйди. Устозининг маслаҳати билан диссертацияни мукаммаллаштириб, чуқурлаштирди. Амалий аҳамиятини кенгайтириб, докторлик даражасига олиб чиқди. Энди унинг ўзи ҳам катта олим, раҳматли устозининг ўрнида бўлим бошлиғи, профессор бўлди. Чет элларда бўладиган конференцияларда маърузалар ўқиди. Қатор шогидлар чиқарди. Бироқ бирор марта бўлсин ҳалиям Москвада ишлайдиган қадрдон укаси, шогирди Зиёдулла билан тасодифан бўлса-да, учрашиб қолмади. Ҳар сафар Москвага борганида Зиёдулла кўринмас, конференциягагина эмас, “касал бўлиб” ишга ҳам келмаган бўларди…
У лабларида таниш табассум жилваланганча бир қўли билан дастурхондаги шиша қадаҳни тутиб, бир қўли билан акасини қучиб турган Зиёдулланинг суратига қараб кулиб қўйди.
Номзодлик ҳимоясидан бирон йил ўтгач у уйланмоқчи бўлди. Ёши ўттиздан ошиб қолган, бунинг устига навбати келиб, ишхонадан уй беришган эди. Энди уйланмаса бўлмас. Ўсимликлар кимёси бўлимидаги лаборант қиз унга маъқул эди. Қиз Раҳимов Собирнинг опаси Нодирага умуман ўхшамасди. Унда шаҳарликларга хос бўлган ҳушбичимлик ва назокат бор эди. Мўйчинак билан терилган қошлари қайрилма. Кўзлари катта-катта. Юзи оппоққина, лабининг икки бурчагида кулгичи бор эди. Сочларини йиғиб, орқага қайириб юрарди. Оқ халатининг тагидаги калта юбкаси-ю, ихчам кофтаси ўзига ярашган. Хуллас, гўзал бўлмаса ҳам хушрўйгина. Қиз томонга ҳам куёвнинг ўзини эплаганлиги, шаҳар жойда ўз уйи борлиги маъқул келибди. Институт ошхонасида ихчамгина тўй бўлиб ўтди. Мана бу суратлар ўша тўйда олинган. Келин оқ либосда. Бошида оқ фата. Ўнг қўли билан куёвни ушлаб олган. Юпқа лабларида табассум жилваланади. Ўзининг ҳам кўзларида бахтиёрлик акслари.
Келин бўлмиш орастагина экан, жажжигина хонадонни чинни чироқ қилди. Ҳар куни эрталаб келин-куёв бирга ишга боришади. Кечқурун рўзғорга ул-бул харид қилиб, бирга қайтишади. У кийимларини алмаштириб чиққунча ошхонада “жаз-буз” бўлади. Хуллас, унинг ҳаёти бир текис, кўнгилга ҳуш ёқадиган даражада осойишта ўтарди. Анчадан бери кутиб юрган кунлар келгандай эди. Бундай осойишталик бир йил давом этди. Энди бу осойишталик чақалоқ йиғиси билан алмашиниши керак эди. Лекин бундай бўлмади.
-Бугун врачга борамизми?–сўради бир куни эрталаб хотини. Унинг овозида асабийлашиш бор эди.
-Ўзингиз бориб-келаверинг, дедим-ку.
-Фақат шундай дейсиз. Бир ўзимга боғлиқмас-ку бу, — хотинининг қовоғи солинди. Овози титраб чиқди.
-Аввал ўзингиз боринг. Нима гаплигини билинг. Қолаверса, ҳали “текшир-текшир”га эрта эмасми?!
Хотини зарда қилиб эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқди. Эрини кутмади.
У тушликка хотинини чақириш учун бир қават пастга тушди. Хотини ишлайдиган лабораторияга яқинлашди. Даҳлизга кирар-кирмас ичкаридан аёлларнинг гап-сўзлари баралла эшитиларди. Беихтиёр тўхтаб қолди. Хотини бирга ишлайдиган аёлга ҳасрат қиларди.
-Дўхтирга юринг десам, бормайди,-йиғламсираб чиқарди хотинининг овози.–“Ҳали вахли”, дейди. Вахлиси қоптими, қирққа қараб кетвотти. Манам ёш бўлмасам.
-Рост айтасиз, айланай,-дерди аёл кишининг овози.–Ҳар қандай эркак, мен Сизга айтсам, уйлангандан олти ойдан кейин хотини юкли бўлмаса, ўзини яшириқча, албатта, текширтиради. Касали бўлмаса, катта-катта гапиради. “Айб” ўзида бўлса, хотинига маҳкам ёпишиб олади, айланай. “Сени яхши кўраман!” дейди. “Менга бола керак эмас!” дейди. Сизнинг эрингизга ўхшаб “ҳали вахли” дейди! Хуллас, ҳар бало дейди, ўргулай. Бу эркаклар-чи, ўлгудай айёр бўлади, ҳм!
-Тўғри айтасиз. Ман ўзи унга ўлиб турганим йўқ. Бола учун текканман, биласиз. Бўлмаса, бу қишлоқини бошимга урармидим?!
У ичкарига кирмасдан қайтиб кетди. Ёлғиз тушлик қилди.
Эртаси куни эр-хотин шифокор қабулига боришди. Унинг иши тез битди. Қўлидаги қоғозни ўйнаганча дори ҳиди анқиб турган коридорда хотинини кутиб ўтирди. Хотини анча куттирди. Бир пайт нимқоронғу коридорнинг нариги бурчагидаги эшик очилди. Хотини чиқди. Жуда секин, майда қадамлар билан юриб келди. Гўё уни кўрмаётгандай ёнига оғиргина чўкди. Лом-мим демади. Рангпар юзи нимқоронғуда ундан-да заъфарон кўринди. Анча сукутдан кейин уйқудан уйғонгандай бирдан сўради.
-Дўхтирга кирдизми? Нима деди?
-Соппа соғ эканман.–У қоғозни хотинига узатди.
Хотини қоғозни олди. Унга узоқ тикилди. Кейин оҳиста “кетдик” деди. Сўнгра гўё гап орасида айтгандай “Менгаям соғсан, деди”, деб қўйди.
Шу билан оилада фарзанд кўриш ҳақидаги суҳбатлар, тортишишларга барҳам берилди. Ҳеч ким шифокорга қайтиб бормади. Аввалгидай эр-хотин ишга бирга бориб-қайтишар, рўзғор қилишар, дам олиш кунлари бирга шаҳар айланишарди. Бу осойишта ҳаёт нақ ўн йил давом этди. Бир куни унинг хотини оғриб қолди. Оддий тумовдан бошланган касаллик узоқ давом этди. Хотини мана шу уйда, мана шу ётоқда ётган куйи унинг қўлини ушлаб, хаста овозда:
-Мени кечиринг,-деди.
-Ҳали яхши бўб кетасиз,-хотинига тасалли берди у.
-Ўша куни Сизни алдагандим,-хотини беҳолгина кўзини юмганди, икки томчи ёш мижжаларидан юмалаб тушди. Кўзини очмай гапида давом этди.–Ўша куни дўхтир… менга … “ҳеч қачон она бўлолмайсиз”, — деганди.
-Майли, ҳечқиси йўқ,-деди у хотининг қўлидан ушлаб ўтирган куйи зўрғагина.
-Нима?–хотини кўзларини катта очиб, тирсагига таянганча бирдан бошини кўтарди.–Билармидингиз?
У сўзсиз бош ирғади…
Ҳайриятки, касаллик ўткинчи бир дард экан. Хотини узоқ яшади. Барибир, ўтган йили ташлаб кетди. Ўшандан бери у ёлғиз. У алвонранг альбомдан суратларни ажратиб олди. Сўнг аввал суратларни, сўнгра эса альбомнинг ўзини ҳам ёқиб юборди.
У жавон ёнида турганча китобларини иккига ажратди. Ўнг томонга бадиий, чап томонга илмий асарларни қўйди. Китоблардаги ўзи билан боғлиқ қайдлар, эсталиклар, рақам ва саналарни штрих деган оқ бўёқ билан битта-битта ўчириб чиқди.
Эртаси куни эрталаб мактаб кутубхоначиси келди. Тўлагина, далли-ғулли аёл экан. У кутубхоначига мактаб учун барча бадиий китобларини совға қилишини айтди. Кутубхоначи бу қадар саховатдан севингандан севинди. Китобларни кўриб, кўзлари яшнади. Қарсак чалгандай қўлларини бир-бирига уриб қўйди. “Қандай яхши, қандай яхши!” деб мўйсафидга миннатдорчилик билдирди. Кутубхонада унинг китоблари кўз қорачиғидай сақланиши, уни номи ҳам шу китоблари каби ўқувчилар ёдида хотирланишини айтганда, мўйсафид уни тўхтатди ва шартини баён этди. Кутубхоначи ҳайрон қолди. Ажабланганлигини билдирмаслик учун тез-тез гапириб, ўзи билан олиб келган нейлон ипга китобларни устма-уст қилиб боғлади. Сўнг китобларни ўқувчиларга кўтартирганча, тезгина хайрлашиб мактабга йўл олди.
Тушдан кейин кимё-технологиялари институтининг кутубхоначиси келди. У ёши элликларга яқинлашиб қолган эркак эди. У мўйсафидга “домла” деб мурожат қилди. Уни ўша институтда ишлаган пайтларидан танишини, ҳурмат қилишини айтди. Бу кутубхоначи зиёлилар билан ишлагани учунми, ҳар қалай оғир-босиқ экан. Китобларни сиполик билан қабул қилди. Кекса олим унга шартини айтганда, у ҳам ҳайрон қолиб, бундай қарорга келишининг сабабини сўради. Мўйсафид мавзуни бошқа томонга бурди. Кутубхоначига сир бермади. Бу кутубхоначи ҳам охири таслим бўлди. Кекса олимнинг китобларини қоғоз қутига солганча, авайлаб машинасига жойлади. Унга миннатдорчилик билдириб, хўшлашди.
У ишининг навбатдаги босқичига ўтди… Қоғозбозлик ишлари ўзи кутгандай бир неча кунни олди. Ниҳоят, энг охирги иш қолганди. Буюк Британияга виза тўғрилади. Бу кунлар орасида у ўз фикримдан қайтиб қолмай, дея хаёлини бошқа томонга чалғитмади. Танганинг иккинчи томонини кўришни хоҳламади. Бутун диққатини мақсадга қаратди.
У аэропортга йўл оларкан, ўзи ўттиз йиллаб ҳар куни ишга борган кўчага соғинч билан термулди. Дарахтлар куртак ёзиб, япроқ чиқараётган, олам яна яшилликка бурканётган паллалар эди. Унинг ичидан бир хўрсиниқ келди. Гўёки узоқ йил бирга турмуш қурган хотини ортидан кўзида ёш билан қараб қолаётгандай туюлди. Хаёлида хотинининг – узоқ йиллик умр йўлдошининг сўнгги кунлари гавдаланди. Ўшанда у уйига келган профессор врачни кузатиб қайтаётган эрининг кўзларига нигорон термулганди. Унда умид учқунларини кўрмади шекилли, чуқур “уҳ” тортди. Сўнг эрини ёнига чақирди.
-Сизни бир умр “дадаси” дейишни орзу қилдим,- деди аёл эри ёнига ўтиргандан сўнг.
-Яна ўша гапми, қўйсангиз-чи…- у хотинининг фикрини чалғитмоқчи бўлди. Эсингиздами, Ҳамза театрига томоша кўргани борганимиз. Янги келин-куёв эдик…
-Гапимни бўлманг, илтимос…- аёлнинг сўлғин юзида қатъият аксланди. Ҳатто хасталангач, салга намланадиган кўзлари ҳам қуруқ эди.
-Сиз мени деб… фарзандсизликка ҳам чидадингиз. Лекин… энди… ёлғизлик азоблари қийнаб қўйса… шундай бўлиши аниқ… бир тан маҳрам… керак сизга!
-Э-эй, нима деяпсиз?!- астойдил қаршилик билдирди у.
-Илтимос, гапимни эшитинг… шундай қилсангиз, ўзимни ортиқ айбламайман. Сиздан рози бўламан!
-Ҳа, яхши, яхши…- деди у бемор аёлини ортиқча уринтирмаслик учун ва гапни ҳазилга буриб, кулимсиради:
— Сизни рози қилиш учун… уйланаман.
Шу суҳбатга ҳеч қанча вақт ўтмай, хотини омонатини топширди. Ўшанда унинг кўзига дунё қоронғу бўлиб юрди. Аёлининг либосларига, ўрнига, ашёларига қараб, у билан ўтган қадрдон хотираларни эслаб, кўнгли бузилгани бузилган эди. Бироқ рафиқасининг “қирқ”и ўтгандан кейиноқ, техникумни битириб, биринчи марта ўқитувчилик қилган ўша тоғ бағридаги сўлим қишлоққа йўл олди.
Қишлоқ таниб бўлмайдиган даражада ўзгарган, унда бирорта лойсувоқ том, оқланмаган бино қолмаганди. Ўзи бир пайтлар ишлаган мактаб биносни таг-туги билан бузиб, ўрнига икки қаватли, чиройли янги мактаб қуришибди. У бу бинога ҳавас билан термуларкан, ўзига таниш хотиралар мактабнинг ўша кўмир ҳиди анқиб турадиган синфхонали эски биноси билан бирга йўқликка сингиб кетганлигини ҳис этди. Мўйсафиднинг биринчи ўқувчилари – ҳамон қишлоқдан чиқмаган тўпори эркаклар ҳам унга – замонавий кейинган олифта чолга қандайдир ётсираш билан, ҳатто анқовсирагандай термулишар, узоқ вақт тушунтиришлардан сўнг “ие, домлажон” деб зўр-базўр қучоқ очишарди. Раҳимов Собир ота-онаси вафотидан кейин оиласи билан вилоят марказига кўчиб кетибди. Табиийки, унинг опасидан ҳам ҳеч қандай хабар топишнинг имкони бўлмади… Шундан сўнг у бошқа оила қуришни хаёлига келтирмади.
Уни ўз бағрига олган улкан темирқанот қуш шовқин кўтариб, осмони фалакка парвоз қилди. У самолёт “дераза”сидан “осмону фалак”ни томоша қилди. Ёнгинасида оппоқ булутлар сузиб юрар, осмон мовий-мусаффо эди. Самолёт бир силкиниб, одамнинг юрагини ёрди-ю, кейин қушдай енгил парвоз этди. У сузиб юрган паға-паға булутларга қараркан, файласуф дўсти Омон Арслоновнинг “Олам хотираси” ҳақидаги гапи яна эсига тушди.
-Ҳар бир инсон каби оламнинг ҳам хотираси бўлади, — деганди у бир куни аспирантлар ётоқхонасининг ошхонасида тушлик қилишаркан. Ўшанда ҳар иккаласи – Омон ҳам, ўзи ҳам илм йўлига эндигина киришган, келажакдан умидлари баланд, ёш олимлар эдилар.
-Бу хотирада оламнинг пайдо бўлишидан то ҳозирги кунгача, ундан то интиҳогача бўлган воқеалар, инсонлар, уларнинг қалб туғёнлари, фикру аъмоллари муҳрланган. Бу хотирадан ҳеч нима фаромуш бўлмайди. Гўдакнинг қўғирчоғини йўқотиб қўйиб, йиғлашидан тортиб, қонхўр жаҳонгирларнинг қирғинларигача, ёш ижодкорнинг илк машқига қараб, қувонишидан то Миср эҳромларининг бунёд бўлишигача ҳамма-ҳаммаси жо бўлган бу улуғ хотирада. Сиз ёки мен бирор нарсани, масалан, кимдир қачондир кўнглимизга берган озорни, ёки кимнидир хафа қилганимизни унутишимиз аниқ, вақтида абадий туюлган муҳаббат ёки нафрат каби туйғуларни, онгимизда фавқулодда туғилган кашфиётларни, умр бўйи ишонган эътиқодимизни унутишимиз мумкин, оламдан ўтгач, ҳатто илм берган устозимизни, оқ сут берган онамизни, қадрдон дўстимизни эсдан чиқаришимиз мумкин, лекин олам хотирасидан ҳеч нарса ўчмайди, ҳеч бир ҳис фаромуш бўлмайди, ҳеч бир жонзот эсдан чиқарилмайди. Бу ҳақда шоир Ғафур Ғуломнинг бир шеъри бор:
Узилган бир киприк абад йўқолмас,
Шунчалар мукаммал хонаи хуршид…
Алал-оқибат маҳшар куни мана шу хотира Яратганнинг ҳузурида қайта тикланади. Ўшанда мана шу мукаммал хотира асосида ҳеч кимга зарра қадар зулм қилинмайдиган ажру мукофот тайинланади.
Бу сўзларнинг айтилганига ҳам қанча йиллар бўлди. Унинг соҳиби, қизиққон, журъатли, кўзлари чақнаб турадиган йигит эса афсус, ўша навқиронликдан ўтолмай, олам хотирасига абадий муҳрланди. Бир куни кечқурун ётоқхонага қайтаётганда, қандайдир ширакайф такасалтанг машинаси билан уриб кетиб, ҳалок этди уни. Оҳ, Омон, Омон… омон бўлса, қандай буюк олим бўларди. Даҳрийлик уруғи урчиб ётган пайтда у Яратганни биларди. Дунёдаги ҳар бир хатти-ҳаракатда У билан узвий боғлиқликни кўрарди. Кўзларини ярим юмиб, кўрсатгич бармоғини осмонга ниқтаганча, илоҳиётдан ваҳий қабул қилаётгандай гапирарди. Адл қоматини кўрган кўз яшнар, ёшгина бўлса ҳам гўё бутун вужудидан илм нури ёғилиб турарди.
У маъюс хўрсиниб қўйди. Самолёт ҳамон бир текис учар, унинг салонидагилар ўзлари билан ўзлари андармон эдилар. Улар хушбўй какао ва кофе каби ичимликларни ичиб, сигарет ва сигараларни тутатишганча европача маданият ва сиполик билан ўтиришар, “Секию!”, “Плийиз!” деган илтифотлар янграрди. Гўё еру осмон орасида аросатда муаллақ турганиларини билмагандай,..
У самолётдан тушиб, шаҳар айланди. Лондон. Бу ҳавоси намхуш, туман бағридаги шаҳар, Европанинг гўзал санами у биринчи бор келиб-кетганидан сўнг ўтган ўн йил орасида ўзгариб, янада кўркамлашганди.
Ўшанда у навбатдаги конферанцияга келганди. Мустақилликнинг илк йиллари эди, ўшанда. Жаҳон илмининг бемисл ютуқларини кўриб, ҳайратда қолганини яширолмаганди у. Тўғри, унинг ҳам кашфиётлари конференция иштирокчиларини қизиқтирганди. Денгиз сувини чучуклаштириб, ичимлик сувига айлантириш бўйича ҳамкорликка даъват этувчи таклифлар ҳам бўлди. Лекин ўшанда у ҳамкорликка шогирдларини тавсия этганди. Тўғри қилган экан. Ёшларнинг илми келажакда мева беради. Ўзи эса… Ўшанда интиҳо кўзига тобора яқинроқ кўринаётган, дунё ташвишлари, илм кашфиётлари ҳам уни қизиқтирмаганди.
Лекин ўшанда бир кашфиёт қилганди ўзи учун. Конференциянинг иккинчи куни меҳмонларни денгиз бўйига олиб боришди. У уммонни биринчи марта кўриб турганди. Бироқ узоқ айрилиқдан сўнг она бағрига келган фарзанддай ҳаяжонланганди ўшанда. Уммон оппоқ тўлқинларини унинг пойига пояндоз қилганча ложувард бағрига чорлаганди уни. Бу беғубор рангларнинг уйғунлигига термуларкан, олам хотираси ҳақидаги ўша тинч қўймас хаёллар чулғаганди унинг хаёлини. Унинг тасаввурида шу пайтгача мавҳумликда жонланган олам хотираси мана шу уммон тасвири билан яхлитланганди. Мана шу уммон ўлароқ ҳис этганди у олам хотирасини. Уммондай сокин ва айни пайтда пўртанали. Уммон каби гўзал ва айни пайтда хавфли. У уммон қирғоғида узоқ пайт туриб қолганди ўшанда. Қанийди, ҳеч ким индамаса-ю, олам хотираси янглиғ бу уммон билан олис-олис суҳбат қилса. Унинг бағридаги пинҳон синоатлар билан ўртоқлашса. Унинг ҳар бир заррасини вужудида, чарчаб, тин олишни хоҳлаган руҳида туйса. Бир фарзанд каби унинг дардларига дарддош бўлса. Охир-оқибат… Бироқ бунинг иложи йўқ, зеро, вақт ўлчовли эди.
У ўшандан кейин ҳамкорларининг таклифи билан яна икки марта Лондонга келди. Шогирдларининг амалга ошираётган ишларидан кўнгли тўлди, баъзи жойларига қўшимча киритгандай бўлди. Ёшларнинг ғайрати туфайли кўпчиликнинг оғири енгил бўладиган кашфиётлар амалга оширилди. Бироқ у инглиз заминига қилган бу икки ташрифида ҳам ўзи интилган уйғунликка етолмади. Бугун эса… у кеч кириб қолганлиги учун меҳмонхонада тунади. Бегона жой, ҳавонинг намлиги сабабми, яхши ухлолмади. Эрталаб юмшоқ ва дабдабали ўриндиқда ўтириб, аччиқ қилиб дамланган хушбўй инглиз чойини ичаркан, танасидан чарчоқ билан қўшилиб, тиним билмас йилларнинг машаққати ҳам чиқиб кетаётганлигини ҳис этди.
Шогирдларини кўргиси келса-да, бироқ қўл узатса етгулик масофадаги лабораторияга бормади. Сўнгги илмий хулосаларини почта орқали уларга юборди. Сўнг алланечук хотиржамлик билан кема саёҳати учун чипта олди. Уммонга яқинлашаркан, ёши қайтиб қолган мўйсафиднинг сокин юраги биринчи марта учрашувга чиқаётган ошиқникидай типирчиларди. У умр бўйи орзу қилган ниятига етмоқда эди — уммоннинг бағрига кириб борарди. Бу уммон деганлари тубсизу, чегарасиз сув бўлса ҳамки, ҳар лаҳзада бир гўзаллик бахш этувчи мўъжиза экан. Ўшанда у қирғоқда бу мўъжизанинг бир қисмини кўриб, бир ҳайратланса, ҳозир, унинг бағрига кириб бораркан, ҳар лаҳзада бир ҳайратига ўн ҳайрат қўшилиб борарди. Уммон унинг кўз ўнгида минг бир тусда товланиб, турланарди. Тонгда у кулранг-мовий тусда товланади. Уммон бағридан чиқаётган қуёш уни қип-қизилга бўяйди. Қуёш тиккага келганда уммон мовий рангга киради. Бу мовийлик – беғуборлик осмоний нилийлик билан ҳув анави уфқда уйғунлашиб кетади. Гўё дунёда ҳеч қандай ғубор қолмагандай. Тунда эса бу чексиз сув қоп-қора бўлади. Худди ҳадсиз қорамой оқаётгандай. Баъзан кимёгарлигига бориб, уммон сувидаги элементлар ҳақида ўйлади. Қани энди лаборатория бўлса-ю, сувни текшириб кўрсам, унда қандай элементлар борлигини аниқласам, деб хаёл сурди.
Тунда сувнинг шовқинига қарамасдан тинч ва осойишта ухлади. Тонгда ювина сола кеманинг ҳовлиси бўлмиш палубага чиқди. Майин шабада эсмоқда эди. Кема шиддат билан уммоннинг ичкарисига кириб борарди. Чағалайлар сувга тўшини теккизиб учар, баъзан тумшуғида типирчилаётган кичикроқ балиқлар билан осмонга кўтариларди.
Инсон мана шундай пайтларда табиат билан бир бутунлигини, фақат унинг бағридагина бахтли бўлиши мумкинлигини англайди. Унинг шуурида олам хотираси ҳақидаги фикрлар яна жонланди. Узоқларда сузиб юрган елканли ва елкансиз кемалар ўйинчоқдай кичкина бўлиб кўринар, гўё томошабин кўзига атайлаб намойиш этилайтгандай, ёхуд хаёлот бағридан чиқиб келаётгандай туюлар эди. У кема ресторанида битта қайнатилган тухум ва бир чашка кофе билан нонушта қилган бўлди-да, яна пулубага чиқди. Кема тумшуғига бориб, унинг сув юзасида сузиб боришини кузатди. Кема тумшуғи ўткир пичоқдай улкан уммонни иккига бўлиб, оппоқ кўпик сачратганча олға интиларди. Кесилган сув эса ўзига келолмай тўлғонар, ундан ҳосил бўлган тўлқинлар уммон бағрига ўзини ура-ура тарқаб кетарди. Ана, қаердандир пайдо бўлган иккита дельфин сув ичида рақсга тушишди. Улар бир варакайига осмонга сакраб, “қий” деган овоз чиқариб, ўзларини баланддан сувга отар, қичқираётганда лаблари табассум қилгандай ёйилар эди. Европалик табиат шинавандалари бу томошани қарсаклар билан кутиб олишди. Бир оздан кейин бу эрмак жонларига тегди шекилли, ичкарига кириб кетишди.
Учинчи куни ёмғир томчилай бошлади. Палубада ҳеч ким қолмади. Ҳамма кема ичига ўзини урган, ресторанда суҳбатлашиб, кофе ичаётган ёки ўз каютаси даразасидан ёмғирни томоша қилиб, денгизнинг чайқалишини эшитаётган бўлишса керак. Фақат ёлғизгина осиёлик мўйсафид кема панжарасига тирсагини тираб, ёмғирнинг уммонга ёғишини кузатарди. Шиддат билан ёғаётган ёмғир уммон ичига худди она бағрига талпинган боладай тушар, ҳар бир томчи худди азалдан манбасига интилган заррадек талпинар, бу қатралар уммон бағрига тушгач, унинг атрофида айлана пайдо бўлар, бу айлана катталаша-катталаша йўқолиб, томчи денгиз бағрига мутлақ сингиб кетарди. Гўё ҳеч қачон мавжуд бўлмагандай. Осмондаги қоп-қора булут уммонга ҳам аксини тушириб, сув юзини қоплаган эди.
У ўзини уммон бағрига сингиб бораётганини тасаввур қилди. У мана шу бир томчи ёмғир зарраси каби уммон бағрига – умр бўйи талпинган манбасига осуда ва сокин сингиб борарди. Унинг атрофида ҳам ёмғир томчисидаги каби айланалар ҳосил бўлар, бу айлана катталаша-катталаша йўқолиб кетарди. У ҳам денгиз бағрига мутлақ сингиб кетади. Гўё ҳеч қачон мавжуд бўлмагандай. Ҳа, у айнан мана шу ҳолатни анчадан бери орзу қиларди. Бу ҳақда у анчадан бери ўйларди. Раҳимов Собирнинг опаси Нодира турмушга чиққан ўша тун у бу ҳақда биринчи марта ўйлаганди. Ўшанда у баланд тоғлар билан ўралган кафтдеккина қишлоқчанинг чеккасидаги бошпанасида – Норхол кампирнинг кулбасидаги ҳужрада якка ўзи тўйнинг олисидан эшитилаётган садосини тинглаб, иситма аралаш алаҳларкан, уммонни ва унинг бағрига ўзини мана шундай сингишини тасаввур қилганди. Мана ҳозир ҳам уммонга термулиб тураркан, хаёлан бошдан оёқ ҳўл бўлиб, денгизнинг шўр таъмини туйганча, гўё унинг қаърига чўкиб бораркан, худди ёмғирдай, она бағрига интилган фарзанд каби шиддат билан сингаркан, Нодиранинг қорачадан келган юзини, ҳаё билан ерга термулган қийиқ кўзларини, қимтилган тўқ қизил лабларини кўргандай бўлди. У ҳозир қаерда экан? Нима қилаётган экан? Ҳаётда бормикин ўзи?
У эсини танибдики, бир умр қайноқ ҳаёт бағрида бўлди. Болаларни илму маърифатли қилишга интилди. Кимёгар бўлиб, кишиларнинг оғирини енгил қилмоқни ўйлади. Онасини унинг пули билан кўмган ўша олчоқ Зиёдулла хиёнат қилганида у иккинчи марта уммон ҳақида ўйлади. Ўша куни машъум хабарни эшитган лаҳзада лабораторияда эди. Энг охирги тажрибаларини қайта текшириб кўраётганди. Қўлидан пробирка тушиб, лабораториянинг бетон полида чил-чил синган пайтда, унинг кўнгли ҳам мана шу шиша пробиркадай минг бир бўлакка бўлинган онда, қалтираётган қалби каби титраган қўли билан стул суянчиғига беҳолгани суянган куйи ўрнидан турмоқчи бўлганида, унинг хаёлига мана шу сермавж уммон келганди. Ҳатто унинг шўр таъмини туйгандай бўлувди. Ўша куни кечқурун лабораторияда ўтира-ўтира охири, ётоқхонадаги аспирантларнинг ачинганнамо нигоҳлари остида айбдор кишидай бош эгиб, ўз хонасига кириб бораркан, диссертацияси матнининг ҳар бир саҳифаси кўз ёшлари билан ҳўл бўлган, хонаси деворларини ожизгина муштлари билан беҳолгина муштлаган, ёзув столининг совуқ қиррасига шўрлик пешонасини тираган, сим каравотни ғижирлатиб, тун бўйи ухлолмай ағаниб чиққан ўша машъум кечада ҳам мана шу уммон пўртаналари унинг юрагидан ошиб ўтиб, бутун руҳиятида ғалаён қилганди. Мана шу тубсиз мусаффолик уни бу хиёнаткор дунёдан олиб кетиши кераклиги ҳақида ўйлади.
Бироқ у барибир кучли эди. Бу хаёлларни енгиб ўтиб, яна инсонларга меҳр қўйди. Тўғри у энди кучли муҳаббат ва ишонч шаклида бўлмади. Шунчаки илиқ меҳр эди. Лекин мана шу илиққина меҳр ҳам кўп нарсага қодир экан. Хотини унга уни деб эмас, аллақандай мавҳум нарсани – ҳали туғилмаган болани ўйлаб турмушга чиққанлигини билганида мана шу уммон тўлқинлари юзига урилгандек бўлди. Хотини олдида ўзининг ҳеч қанчалик қадри йўқлигини билган ўша тушликда, у институт ошхонасида таом эмас, заҳар еб ўтираркан, мана шу уммоннинг қаърига тобора шиддат билан сингиб бораётганлигини, ҳаво етишмай, нафаси қисаётганлигини ҳис этди. У ошхонага уммоннинг суви шафқатсиз тўлқинлари билан бостириб келаётганлигини туйганди. Лекин буни ҳеч ким билмасди. Атрофдагилар ўзи билан ўзи андармон кулишиб овқат ейишаяпти. Фақат угина уммоннинг мовийранг сувлари қайрилма тўлқинлари билан юзига қайта-қайта урилганлигини, у ўтирган стулни, столни ва овқатларни босиб ўтиб, ўзини ҳам чўктириб юбормоқчи эканлигини ҳис қиларди. Уммоннинг шўр суви унинг нафасини қисиб, кўзларини ачиштирганди.
У ўзининг соппа-соғ эканлигини ички сезим билан биларди. Буни хотинига исбот қилмоқчи, кейин эса ўша мусаффо оламга сингиб кетмоқчи бўлди. Бу унинг алдовларга, алдов тўла дунёга қилажак исёни эди. Бироқ дўхтирхонада, ўша дори ҳиди анқиб турган нимқоронғу коридорда хотинининг забун ҳолини кўраркан, у ҳаммасини кечирди. Ва ўша лаҳзада англадики, ҳатто Зиёдуллани ҳам кечириши мумкин экан. У ўшандан бери хотинини аяшга, суяшга ҳаракат қилди. Суяб, суюб келди. Айни пайтда ўзи ҳам унга суянди. Бироқ у ҳам ўтган йили бу ғаддор дунёда уни танҳо қолдириб, ташлаб кетгач, бутунлай ёлғизланди. Худди Момо Ҳавво яратилмасдан олдинги Одам Атонинг ҳолига тушди. Олам ҳам худди жаннатдай бекаму кўст эди. Ҳамма ўз иши билан андармон. Илм, ҳаёт, тараққиёт аталмиш дунёнинг азалий ҳаракати ўзининг тўхтовсиз ва шиддаткор йўлида одимламоқда эмас, учиб бормоқда эди. Фақат у зерикарди. Бундай ҳолларда уммон хаёли энди уни тез, жуда тез, ўнгида ва тушида безовта қиларди. Тез орада бутун фикру ёдини уммон хаёли банд этди.
У мана шундай бир ҳолатда уммонни кўрди. Уммон ва олам хотираси ҳақидаги фикрлари, туйғулари бир-бири билан чирмашиб, бирлашиб кетди. У энди олам хотираси ва уммон ҳақида бирдай ўйлайдиган бўлди.
У молу давлатга ружу қўймади. Ҳатто дала ҳовлисини фан доктори бўлса ҳам, тўрт бола билан икки хонали уйда яшаётган Саъдулла исмли шогирдига совға қилди. Ўшанда шогирди аёли билан “биз билан бирга турасиз” деб ялинишган, ҳатто мажбурлагудай бўлишганди. Кўнмай тўғри қилган экан. Чунки ўша энг севимли шогирдининг ҳам кейинги пайтда унинг уйига қадами сийраклашган эди. Ҳар замонда ёлғизгина чол яшайдиган кулбага тўлиб-тошиб келишидан эса бу хонадонга уни устозига бўлган меҳрдан кўра қарздорлик маъсулияти етаклаб келаётгалиги билиниб турарди. У буни англаб бораркан, бундай ташрифларга узил-кесил хотима ясади.
Бир пайтлар унинг кўз ўнгида қўлига пробирка ушлашни ўрганган Саъдулла исмли тиришқоқ бола, яқиндагина кимё-технологиялари институтига директор бўлган профессор Саъдулла Темирович эгнига сўнгги русумдаги сипо костюм кийиб, қимматбаҳо атир ҳидларини таратганча, шофёрига қоғоз халталарни кўтартириб, аллақандай жонсараклик билан шошиб-пишиб устозининг зиёратига келди. Унинг нигоҳларидан, гап-сўзларидаги адашишлардан, кўзларидаги хижолатпазликдан иложи борича бу зиёратни тезроқ якунлаб, аллақандай навбатдаги мажлис ёки илмий симпозиумгами, оила даврасига ёки улфатлар зиёфатигами, хуллас аллақаергадир кетишга шошиб турганлиги намоён эди. У буни бутун вужуди билан сезиб тураркан, қисқагина суҳбатга якун ясади. Шогирдини эшик олдигача кузатиб бораркан, лабида табассум билан қўлини кўксига қўйиб, қайта-қайта хайрлашаётган шогирдига илтижо билан термулди:
-Хонадонинг тинч бўлсин, болам. Ишларингга омад берсин! Сендан илтимос, мени йўқлаб бошқа келмагин!
Саъдулла Темирович илкис устозига қаради. Унинг нурсиз кўзларидаги изтиробга дош беролмади, шекилли, бошини қуйи солди. Шошиб-пишиб узр сўрамоқчи бўлди. У ишора қилиб шогирдини тўхтатди:
-Сендан розиман. Менга обкеладиганларингни уйингга обор. Ҳали қиз узатишинг, келин олишинг керак. Мендан хотиржам бўл!
Шогирднинг кўзларида ёш қалқди. Бир сўз демай, бошини эгганча устозиникидан чиқиб кетди… Энг афзал шогирди унинг ҳамма айтганини гап-сўзсиз амалга оширарди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Саъдулла уни йўқлаб бошқа келмади.
У баъзан фарзанди йўқлигидан ўкинарди. Болам бўлганда, бу қадар ёлғизланмасмидим, дерди. Бироқ нимадан ўкинишни, кимдан хафа бўлишни билмасди. Йўқ боладан ранжиб бўлмайди, чунки йўқликдан хафа бўлишнинг фойдаси йўқ. Худодан хафа бўлай деса, бундай ҳаётни ўзи танлаган. Баски, хотимани ҳам ўзи танлашга қарор қилди. Умр тизгинини илоҳий ирода қўлидан олиб, унга ўзи нуқта қўйишга қасд этди. Бироқ бундан олдин баъзи бир ишларни бажариб олишга тўғри келарди. Бу – унинг ўз номини олам хотирасидан ўчириш эди. У ўз номини олам хотирсидан ўчирмоқчи ва шунинг баробарида оламга, унинг хотираси тимсолидаги уммонга сингиб кетмоқчи эди. Бу унинг унга ном берган, шон берган ва лекин бахт бермаган оламга ҳам исёни, ҳам муҳаббатининг ифодаси эди.
Ўшанда у Омоннинг ҳикмат булоғи бўлган шаҳардаги хонадонида қонга беланган кўйи таниб бўлмайдиган аҳволда ётган жасадини қучиб фарёд ураётган онасига, жасад атрофида гирдикапалак бўлган, мотам либоси навниҳол қаддини букиб турган синглисига қараркан, хаёлан дўсти билан гаплашарди.
-Сен ноҳақ экансан, Омон,- дерди у жасади тилка-пора бўлган йигитга мурожаат этганча. -Улуғ интизомда хато бор экан. Хато бўлмаса, сен ҳалок бўлармидинг! Олам хотирасидан ҳеч нарса фаромуш бўлмайди, дердинг. Лекин ўзинг яқинда фаромуш бўласан. Бугун сен учун ўз жонини фидо этишга тайёр онанг, жонсиз жасадинг атрофида парвона бўлган ўзинг каби чеҳраси кўркам, қадди мавзун синглинг, бир кун келиб сени унутишади. Худди бу оламда бўлмаганингдек, сени хотирлашмайди. Олам ҳам сен айтгандан фарқли равишда худди мана шу жони-жигарларингдек, сени “эсидан чиқаради”. Ўзинг айт, олам хотираси сени сақлашга арзигулик ниманг бор? – дея шафқатсиз саволни берди у бир пайтлар илоҳиётдан ваҳий қабул қиладигандай ҳикмат ила фалакка ишора этилган, ҳозир эса жонсиз ётган қўлларга, пора-пора бўлган жасадга термулганча. – Фарзандинг, катта бир ишинг йўқ, у сақлаб қоладиган. Сен айтгандай, бу дунёда ҳар бир жонзотни сақлаб қолаверса, олам хотираси аллақачон тўлиб, қиёмат аллақачон қойим бўларди. Йўқ, у фақат эсда сақлаб қолишга арзийдиганларнигина унутмайди!..
Ҳозир у бегона юртда, уммон бағрида, кема палубасида тураркан, ўн гулидан бир гули очилмай кетган дўсти Омон билан қилган суҳбатини, аниқроғи унга қилган мурожаатини давом эттирарди:
-Мени ҳам ҳеч ким эсламайди, мени ҳам олам хотираси фаромуш этади, Омон, менинг ҳам сен каби чироғимни ёқадиган ҳеч кимим йўқ. Қилган ишларим, чиқарган китобларим, кашфиётларим эса нари борса, ўттиз, эллик йил одамларга хизмат қилар. Кейин эса ундан яхшироқ кашфиётлар амалга оширилса, одамлар менинг ихтироларим устига чизиқ тортишади. Худди мен китобларимдаги ўзим билан боғлиқ қайдларнинг устига чизиқ тортганимдек. Шундай, Омон, шундай. Сен ўзинг айтган фикрни ўзингнинг бевақт ҳалокатинг билан инкор этганинг каби мен олам хотирасида худди одамники каби ҳолатлар, воқеалар, инсонлар фаромуш бўлишига ишонаман. Бунга Раҳимов Собирнинг қишлоғидаги “ҳангома” ҳам далил бўла олади. Ҳа, ҳатто мен ўша ерда Нодирани кўрганимда ҳам у мени, мен уни танимаслигим мумкин, мумкингина эмас, тараққиётнинг аллақайси қонунларига биноан лозим эди. Мана шу жараённи мен озгина тезлаштирдим, холос. Алвонранг альбом ичидаги суратлар нафақат менинг хотираларим, балки мен ҳақидаги хотиралар ҳам эди. Унинг оловда ёниши эса бу хотираларнинг ҳам абадият қаърида унут бўлиши билан баробардир. Мана шунинг учун ҳам мен китобларимни берган даргоҳларга ўз номимни бирор жойда қайд этмасликларини шарт қилиб қўйдим. Уй-жойим, молу мулкимни қўни-қўшниларимга хатлаб бераётганимда ҳам, беш қадам наридаги лабораторияда инсониятнинг оғирини енгил қилиш ниятида тинмай ишлаётган, изланаётган шогирдларимга сўнгги хулосаларини юбораётганимда ҳам уларга ўз имзоимни қўймадим.
У оёқ-қўлида мадор қолмаганлигини туйди. Негадир у ўзини туш кўраётгандай ҳис қилар, мана ҳозир уйғониб кетиб, ўз қадрдон бошпанасида кўз очадигандай бўларди. Оҳ, шундай бўлса, қани эди-я! Кейин-чи, кейин нима бўлади?! Яна ўша ҳаёт давом этадими?! Ўша рангсиз, туссиз, бир зайлдаги ҳаёт! Аллақачон унинг жонига тегиб кетган ҳаёт! Қачонгача?! Эртадан кечгача ўзини нимагадир овора қилишлар, икки хоналик уйга кириб-чиқаверишлар, кўча-куйда беҳудадан-беҳуда санғишлар. Бу ҳол қачонгача давом этади?! Кучдан қолгунчами?! Ақлдан озгунчами?! Кейин-чи, кейин?! Кейин нима бўлади?! Ўйлашнинг ўзи-да ваҳима, фикрлашнинг ўз-да даҳшат. Сабаби унинг ўзига ўзининг кераги бўлмай қолганди. Ўзини бу дунёга ортиқча ҳисобларди. Унинг ўз-ўзидан, дунёдан ва одамлардан бирдай кўнгли қолганди. Бошқаларга қараганда кўпроқ ўзидан безор бўлганди. Демак, унинг тутган йўли тўғри! Танлови оқилона.
Тўхта-тўхта, бу ҳеч қандай танлов бўлмаса-чи?! Ахир ҳамиша уммон хаёли унга беихтиёр равишда пайдо бўларди-ку. Ҳамиша бошига бир иш тушганда, тушкунлик гирдобига тортганда, демакки, ўлимга яқинлашганда! Демак, бу тақдир ҳукми! У аста-секин бандани мана шу ҳукмга кўниктирди! Ахир, у бу хотирани, бу хаёлни ўзидан узоқлаштирмоққа қанчалар уринди! Бунинг учун у барчадан паноҳ излади. Хотинининг алдовини кечирди, ҳатто дўстининг кечириб бўлмас хиёнатини афв этишга тайёр эди. Шогирдим деб кимларга ишонди, кимлардан меҳр кутди. Бироқ тақдир ҳукми ҳақлигини қилди.
Майли, шундай бўлса-да, у тақдир ҳукмига рози!
У мана шундай осойишталик билан, бироқ ҳеч ким кўриб қолмасин, дея шошганча ўзини уммонга ташлади.