Хуршида Абдуллаева. Ишқ эртаги (ҳикоя)

1

Кузнинг илк ёмғири ёғаяпти, кўчаларда ҳаракат тезлашган: машиналар ойна артгичларини зўр бериб ишлатганча, ора-сира чироқларини ёқиб-ўчириб, манзилларига шошилишади, пиёда йўловчилардан бирови пана жой қидирган, кимдир автобусга қўл кўтаради.
Қўлларида соябон тутиб, ёмғирпўшларига ўрал­ган одамларга ҳар қадамида урилиб-туртинганича бораётган йигит бўлса, ёмғирга тамом бепарво. У ердан бошини кўтармай, бўйнини кифтига тортиб, қўлларини чўнтагига солиб олган, қадам ташлаши ҳам бир маромда. Ёмғир томчилари сочларидан тушиб, бўйнига оқиб киради, у бўлса, елкасини қисиб қўяди, холос. Эгнидаги енгилгина камзул ивиб кетган. У одамларнинг ғалати қараб қўяётганларини сезса-да, парвосиз. Синчиклаб тикилган одам унинг авзойи бузуқлигини пайқайди: кўзлари ғамгин, мажнунона лоқайд боқади, нималарнидир пичирлаётгандай ярим очиқ лабларида кинояли нимтабассум, қошлари хиёл чимирилган. Йигит шу кўйи юриб, муюлишдан ўтди-да, катта кўчага чиқди. Машиналар оқими тўхтовсиз ўтиб-қайтаётган йўл четида бир зум туриб қолди. Бошини кўтариб, йўлчироққа қаради: яшил чироқ ёнган. У энди нигоҳини машиналар оқимига қаратди. Тўсатдан унинг кўзлари чақнаб кетгандай бўлди. Ўртасидан бардёр тортилган йўлнинг нариги томонида худди ўзидек ёмғирда ивиган, узун сочлари жиққа ҳўл, лайлисифат пари турарди! У ҳам атрофига тамом бепарво, эгнидаги ўзига ярашган калтагина плашининг тугмаларини ўйнаганича қизил чироқ ёнишини кутиб турарди. Йигит ундан нигоҳини узмай кузатиб турар экан, ўйларди: “Уни қаерда кўрганман? Бунча таниш бўлмаса? Лекин кимлиги эсимда йўқ, ким бу?” Мана, ниҳоят, машиналар бир дақиқага тўхташди. Қиз ўзи томонга юриб кела бошлади. Йигит жойидан жилмади. Париваш парвойи палак йўлдан ўтди-ю, йигитга кибр билан бир қараб қўйди ва… ўз йўлига кетди. Мажнунвор йигит эса жо­йида қотиб тураверди. Юрмоқчи эди, аммо юраги уришдан тўхтаб қолганди гўё.
Ёмғир ҳамон челаклаб қуярди…

2

– Қўйсанг-чи, Рустам! Жиннимисан? Бор-йўғи бир марта кўрган бўлсанг, қанақасига севги бўлади бу? Одам ишонадиган гапни гапиргин…
– Нега одам ишонмас экан? Нима, бир марта кўрганда севиб қолиш мумкин эмасми?
– Вей, нечанчи асрда яшаяпсан ўзи? Хўп, дейлик, севиб қолибсан, исмини билдингми? Йўқ! Телефон рақамини-чи? Йўқ! Жиллақурса, манзилини топа оласанми? Яна йўқ! Бундан қанақа севги чиқади, оғайни? Туш кўргандай гап!
– Балки туш кўргандирман, лекин мен уни севаман, севаман, тушуняпсанми? Бир кўрдиму юрагим уришдан тўхтаб қолгандай бўлди, кейин у менга таниш, жуда таниш туюлди. Мана, кўрасан, Нодир, уни, барибир, топаман.
– Топасан? – Нодир шарақлаб кулиб юборди. – Қандай қилиб? Кўчама-кўча қидирасанми? Ёки эълон берасанми?
Рустамнинг жаҳли чиқиб кетди:
– Топаман, дедимми, топаман! Эълон бераманми, кўчама-кўча қидираманми, ишқилиб, топаман! Мана, кўрасан! – у оғайнисининг кулаётганини кўриб, баттар жиғибийрон бўлди, – нимага устимдан кулаверасан? Айбим сенларга ўхшаб, интернетга кирмаганим ёки телефонда қизлар билан гаплашмаганимми? Исмини, манзилини билмасам, нима бўпти? Бир марта учраштирган тақдир яна учраштириши мумкин-ку, ахир!

3

– Бўлиб яна пуч хаёлга банд,
Эски тушни этдимми эъзоз? – ўша йўл четида мингинчи бор тўхтаб, ўша таниш паричеҳрани кутаётган йигит кун ботаётган паллада шафаққа умидсиз термулиб, Гейненинг сатрларини беихтиёр пичирлади. – Балки Нодир ҳақдир, беҳуда вақт сарфлаётгандирман? Ростдан, уни бор-йўғи бир мартагина кўрган бўлсам, бу катта шаҳарда қайта учратмаслигим ҳам мумкин-ку!
Рустам оҳиста юриб, бекатга борди. Ёнгинасига келиб тўхтаган автобусга чиқиб, бўш ўриндиққа беҳол чўкди. Автобус жойидан оғиргина қўзғалиб, юриб кетди, йигит деразага тикилганича хаёлларига эрк берди…
…Мана, у йўл четида тўхтаб турибди. Машиналар у ёқдан-бу ёққа ғизиллаб ўтиб-қайтиб туришибди. Бирдан машиналар ҳаракати тўхтайди. Одамлар ҳам жойларида туриб қолишган. Йўлнинг қоқ ўртасидан ўша таниш дилбар оҳиста юриб келяпти. У бир-бир қадам босиб келади-да, Рустамнинг рўпарасида тўхтайди:
– Мени чақирганмидингиз? Мана, келдим…
– Илтимос, тўхтатиб юборинг, тушиб қолай! – йигит тепасида янграган нозиккина товушдан чў­чиб, ўгирилди. Тўсатдан… бўлиши мумкин эмас, у кўзларини ишқалаб, яна қаради. Автобусдан тушиб кетаётган қиз негадир ортига бир қараб қўйди. Бу – ўша! Йигит сакраб ўрнидан туриб, эшикка отилди:
– Шошманг, ака, менам тушишим керак! – автобусни жойидан жилдирган ҳайдовчи норози тўнғиллаб, тўхтади:
– Хаёлингни тўпласанг бўлмайдими, ука, қаерда тушишингни билмасмидинг?
Рустам унинг гапини эшитмадиям. У пастга ўзини шундай отдики, ҳатто мункиб, йиқилишига сал қолди. Қаддини тиклаб, атрофига шоша-пиша аланглади: қиз йўқ эди! Рустам тўрт томонга бир-бир қараб чиқди-да, ўнгдаги бурилишдан тор кўчага қараб югурди. Анча ичкарига киргач, тўхтади – қиз йўқ эди. Ё тавба, рўёмиди у? Йигит бўшашиб, изига қайтди…
 
4

– Опқоч-а! Автобусда кўрганмиш, тушиб борса, йўқ эмиш! – Нодир уни яна калака қилишга тушди, – оғайни, қўйгин энди, кулгимни қистатмагин! Чинданам ўзи анавиларга, ҳалиги, нима эди, дарвешларга ўхшайсан-ей!
– Кўрдим, деяпман-ку, Нодир, нега ишонмайсан? Дарвеш эмас, ғирт пандавақиман мен! Ёнгинамда экану, билмабман…
Нодир дўстига ачиниб қаради:
– Рустам, кел, яхшиси, сени бирорта қиз билан таништириб қўяман! Гаплашасан, балки ёқиб қолса, ўша қизни эсингдан чиқариб юборарсан.
Рустам бошини чайқади:
– Йўқ, оғайни, эсимдан чиқара олмайман! Деярли ҳар куни кечалари тушимга киради, кундузлари бўлса, кўз ўнгимдан нари кетмайди. Гўё ёнимга келиб, “Мени чақирдингми? Мана, келдим”, деяётгандай бўлаверади…
– Тавба, нақ эртак қилиб юборасан-а!

5

Ёмғир майдалаб ёғиб турибди. Рустам йўл четида анчагина туриб қолди. Кўзларини нариги томондан узмайди. У яна соябонсиз, кийимлари ивиб кетган, лекин бу билан заррачаям иши йўқ. Анчагача шу алфозда кутгач, автобусга чиқди. Ўтган сафар қиз тушиб қолган бекатга келди. Яна кўзлари олазарак бўлиб, қизни излай бошлади. Аммо фойдаси йўқ.
У ўша тор кўчанинг бошида нима қилишини билмай серрайиб тураркан, таксида кетаётган Нодир уни кўриб, машинани тўхтаттирди. Тушиб, дўстининг ёнига келди:
– Рустам! Нима қилиб турибсан? Ивиб кетибсан-ку!
Рустам ялт этиб унга қаради:
– Ҳа, Нодир, сенмисан? – унинг овози бўғилиб чиқ­ди.
Нодир уни қўлтиғидан тутиб, йўл бошлади:
– Қани, кетдик, мен таксидаман, бу туришда шамоллаб қоласан, юр!
– Йўқ-йўқ, шошма, яна бироз кутай! Ўтган сафар у шу ерда автобусдан тушганди. Балки келиб қолар ҳализамон…
Нодир уни баттарроқ судради:
– Юрсанг-чи, дарвеш! Мазанг қочаётганга ўх­шаяпти, кел, бир мартагина айтганимга киргин, машинага ўтир, уйингга ташлаб ўтамиз, юрақол!
У дўстини бир амаллаб кўндирди-да, олиб кетди. Уйларига етгач, Рустам машинадан зўрға тушди. Иссиғи чиқиб, бутун вужуди мисдай қизиб борар, томоғи қақраб кетаётганди…

6

– Опажон, бу дейман, ўғлингиз шоирми, а? Кечаси билан шеър ўқиб чиқди-я! – палатага кириб келган Рустамнинг онасини ҳамшира шундай деб кутиб олди. Вазира опа қўлидаги нарсаларни қўйиб, ўғлидан ҳол-аҳвол сўради:
– Қалайсан, болам? Бизни ўзиям роса қўрқитдинг-да… – у кейин кулиб, ҳамширага ўгирилди, – шоир бўлмаса, шундоқ ёмғирда соябонсиз-панасиз юрармиди, опаси?
Рустам хижолатомуз жилмайди. Ўтган кунги во­қеаларни у бугун аранг эслади: Нодир уни уйларига олиб келди, машинадан бирга тушишди, кейин нима бўлди, билмайди – кўзини очса, касалхонада ётибди: иссиғи қирққа кўтарилиб, ўзини билмай қолган экан. Ойиси ёнига ўтириб, пешонасини ушлаб кўрди:
– Рангинг анча яхши, мана, иссиғингам жойида, Худога шукр! Минг марта айтаман, соябон олиб юр, жиллақурса, ёмғирли кунда иссиқроқ кийинсанг бўлади-ку! Мана, энди эсинг кирадиган бўлди.
Ҳамшира унинг гапларини кулиб, маъқуллади:
– Рост, опа, бу йигитга эсини киритадиган дориларни беряпмиз, хавотир олманг!
У осма томчи дорининг нинасини йигитнинг билагига улаб қўйди-да, хонадан чиқиб кетди. Бироздан сўнг келиб, хайрлашди:
– Хўп, мен кетдим, навбатим тугади, ҳозир бошқа ҳамшира ёнингизга киради. Опажон, унгача кетмай туринг!
Вазира опа унга раҳмат айтиб, хайрлашди. Дори бир маромда томчилаб турар, она-бола унга қараб-қараб, ўзаро гаплашишарди. Дори камая бошлади. Рустам онасига қаради:
– Ойи, ҳамшира ҳаяллаяпти-ку, ўзингиз чақира қолинг!
– Хўп, ҳозир, – Вазира опа йўлакка чиқиб овоз берди, – ҳамшира, ҳой ҳамшира!
Аввалига узоқдан “Ҳозир!” деган товуш келди, бирпасдан сўнг эшикда ҳамширанинг ўзи кўринди:
– Мени чақирдингизми? Мана, келдим…
Рустам ҳамшира томон қаради-ю, ўша таниш чеҳрани кўриб, ҳайратдан қотиб қолди…

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 9-сон.