Хуршид Нуруллаев. Кўнгилдан кечган фикрлар

Бошлиқ қилган ҳазилни ҳамкасбингга қайтарма, устидан кулган бўласан.
* * *
Дўстлик қаримайди, лекин ўлиши кузатилган.
* * *
Пулга обрўни топиб бўлмайди, лекин сотиш мумкин.
* * *
Тўғри, улар бир қориндан тушган, лекин зоти бошқа.
* * *
Севиб яшашдан севилиб яшашнинг фарқ ўртанишда.
* * *
Бойликни қанча эмас, қандай топишингни ўйла. Сўроқ сўнгисида.
* * *
Алдашда инсондан ўтадиган мавжудод бўлмаса керак. У, ҳатто ўзини алдайди.
* * *
Инсон ҳаётини ўй-хаёлларсиз тасаввур этиш қийин. Фараз қилинг… Йўқ, хаёл бўлмаса фараз ҳам қилолмайсиз. Қандай даҳшат!
* * *
Даврада фақат гапирган эмас, гапирмаган ҳам эътиборни тортади.
* * *
Гул қанчалар чиройли бўлмасин, қадрини ифори оширади.
* * *
Ёлғиз фарзанднинг яхши томони – мерос талашмайди.
* * *
Мусобоқада ҳалоллик бўлса томошабиннинг ютгани.
* * *
Баъзилар санъатни пулга сотишарди, энди пулга топишяпти.
* * *
Суд электр корхонаси даъвосини тўғри деб топди. Энди санъаткорлар оладиган фойданинг бир қисмини мазкур корхонага ўтказишга мажбурлар.
* * *
Пул қистириш бу ҳали санъатни тушуниш эмас. Акс ҳолда санъатшунослар бунча кам бўлмасди.
* * *
Умр ўтаётганини ҳисобга олмаса, хаёл суриш яхши.
* * *
Зўриқиш фақат зарарли эмас. Ортиқча кучаниб, ҳатто уялиб қолганлар бор.
* * *
Қариндош икки тоифага бўлинади. Биринчиси хотинники, иккинчиси эрники. Мазкур тартиб риоя этилган оилада хотиржамлик устивор.
* * *
Пул ҳамма нарсани ҳал этмайди. Лекин қолганига ҳам пул керак.
* * *
Ёрдам сўраганга насиҳат қил, эшитишга мажбур.
* * *
Таксида вақт, автобусда пул тежалади, қай бири афзал ўшани тежанг.
* * *
Юрак чапда, чапга эътибор шундан.
* * *
Ақли калта деган ибора бор. Ақли узун йўқ.
* * *
Қуёш ер атрофида айлангандек бўлса ҳам, аксинча экани бизга маълум. Ким билади, айни дамда айрим нарсаларни тескари тасаввур қилаётгандирмиз.
* * *
Сунъийлик аслидан ҳам узуб кетди.
* * *
Ёлғоннинг умри қисқа бўлса ҳам, хотирада узоқ яшайди.
* * *
Дўстни сотиб олиб бўлмайди, лекин сотиш мумкин.
* * *
Мақсад бўлмаса, умиднинг хаёлдан фарқи йўқ.
* * *
Юришни ўргатишган. Яшашни ўрган.
* * *
Ҳам ишониб, ҳам гумонсираш бебурдлик.
* * *
Бировлар суҳбатига қўшилиб, уларни хижолатга қўйма.
* * *
Итоат ҳуқуқдан айирмайди.
* * *
Кўпчилик кўп билади, улар билан ҳисоблашиш шарт.
* * *
Кўз илғамаган нарсани сўқир эътиборга олади.
* * *
Ишонмасанг рост гапиришни талаб қилма.
* * *
Сўралганда берилган маслаҳат малолсиз.
* * *
Ақлли гап ҳаммадан чиқиши мумкин, Ҳатто ахмоқдан ҳам.
* * *
Ташвишлардан қутилиш йўли битта, унга етгунча яшаш керак.
* * *
Инсон бойигунча эзгу ишлар қилишни ўйлайди.
* * *
Ўртача бўлишни фақат пакана билан найнов истайди.
* * *
У узоқни кўриш учун кўзини юмарди.
* * *
Яхши тарбия олганнинг хулқи яхши бўлмаслиги мумкин.
* * *
Суҳбатнинг чўзилиши мулоҳазанинг йўқлиги.
* * *
Қиз билан ўғилнинг фарқи фақат жинсидамас, кўнглида ҳам.
* * *
Даврада ёлғизлик ҳиссини туюшдан ёмони йўқ.
* * *
Ёлғондан ранги ўзгарса, одамлар мудом қизариб юришарди.
* * *
Раҳбар сафсата сотганда жўяли гап ортиқча.
* * *
Ажин тушишини кечиктириш мумкин, тўхтатиб бўлмайди.
* * *
Ақлли бўлишдан кўра ўзни ақлли кўрсатиш осон.
* * *
Бировга ёқишнинг замонавий усули унга совға бериш, севиши учун қимматроғини танлаш керак.
* * *
Васият қиладиган нарса бўлмаса, ака-ука ва опа-сингилнинг кўп бўлгани яхши.
* * *
Ҳаётда учрайдиган сароб чўлдагидек кўзга ташланмайди.
* * *
Дам олиш учун минглаб одамлар тоққа боришади, лекин чўққига чиқадигани саноқли.
* * *
Ахмоқона гапини бўлишга мансаби йўл бермасди.
* * *
Дуони кўп ол, авлодингга ҳам етсин.
* * *
Эркинлик – имконият мавжудлиги.
* * *
Табиатнинг ибтидосини ҳам, интиҳосини ҳам билмаймиз, билолмаймиз ҳам. Оралиқни ўрганайлик.
* * *
Мастлик – туман босган идрок.
* * *
Муҳаббат эмас, одам қарийди.
* * *
Севги, кўпинча соғинч билан бошланиб, армон билан тугайди.
* * *
Тилнинг жилови ақлнинг қўлида.
* * *
Муносабатларнинг илишига кўпинча пулнинг тафти сабаб бўлади.
* * *
Тутиб турадиганинг бўлса, баланд дорга осил.
* * *
Ётиб еганга тоғ ҳам чидамаслиги рост экан. Охири у отани қулатди.
* * *
Катта даврада хизматда бўлгандан, кичик даврада иззатда бўл.
* * *
Қайнота билан қайнона олдида хотинга қўл кўтариш одобдан эмас.
* * *
Очиқда юрган итдан боғлиқда тургани хавфли.
* * *
Тасодифга ишонсанг, фолбинга ҳам ишон.
* * *
Ўзинг ҳақингдаги мақтовларга қулоқ ос, лекин қўшилма.
* * *
Ёнимизда бўлса ҳам бир умр излаганимиз – дўст.
* * *
Тортиш қонунидан бехабар, ерни тепкалаб юрибмиз, деб ўйлардим. Оёғимиздан осилган эканмиз.
* * *
Ҳис-туйғуларда овоз бўлганда, энг баланд асабнинг товуши бўларди.
* * *
Қўрқиш туйғуси инсониятни асраб келмоқда.
* * *
Тўғри сўзни айтиш қийин бўлмаганда ёлғон бунчалар ишлатилмасди.
* * *
Барча ўзи айтмаган ёлғондан нафратланади.
* * *
Тўғри гапни айтиш тугул, уни эшитишдан қўрқадиганлар бор.
* * *
Манманлик касали амалдорларда кўп учрайди.
* * *
Ижозатсиз ёрдам фавқулотда ўринли.
* * *
Сохта самимият муомала санъатининг салбий кўриниши.
* * *
Улуғ одам сахийлик қилишга эҳтиёж сезади.
* * *
Камбағалларни тушунишганда бой бўлишмасди.
* * *
Давримизнинг келгани – яшаётганимиз.
* * *
Унутган гапингни бошқалар эсда тутиши ёдингда бўлсин.
* * *
Бундай чора қўллашга чорасизлик сабаб.
* * *
Ихтиронинг меваси зарурат дарахтида пишиб етилади.
* * *
Сир – оғир юк, ҳамма ҳам кўтаролмайди.
* * *
Уйинг кўнглингдек очиқ бўлмасин.
* * *
Олифталикдан олифтагарчилик ёмон.
* * *
Шайтон йўқ нарса. Акс ҳолда тўҳмат қилгани учун инсоннинг ёқасидан олган бўларди.
* * *
Ҳақоратдан таҳқирнинг асорати оғир.
* * *
Илтифотга мойиллик лаганбардорларга рағбат.
* * *
Ташвишлар қўшини машқ учун асаб майдонини танлайди.
* * *
Фазилатлари ўзи мақтаганчалик бўлганда, етук одамлар кўп бўларди.
* * *
Ваъз нишалдо эмас, кўпиртиришдан фойда йўқ.
* * *
Ёлғиз қолишга шошилмайлик.
* * *
Кимсасиз қолдирилган хонани тез чанг босади.
* * *
Дарахтнинг йиқилишига шамол сабабчи бўлганда, бари йиқиларди.
* * *
Тақдир бор бўлса, тасодиф йўқ.
* * *
Сукут сақлашнинг ризо эканлиги кўпинча ночорлик ёки қўрқувдан.
* * *
Бола қўрқмасин, хижолат чексин.
* * *
Ҳасадчи бошқаларнинг эзилмаганидан эзилади.
* * *
Умид эмас, умидворлик толиқтиради.
* * *
Ношукур одам бахтни тушунмайди.
* * *
Шундай самимий бўлингки, сохталиги сезилмасин.
* * *
Йигит уйланса ақли киришига ишонманг, ақли кирганда уйлансин.
* * *
Чиройли ва ақлли қизлар кўп. Танлаганда чирой ўткинчи, ақл эса умрбод берилганига эътибор берган ютади.
* * *
Хато ҳамиша афсусдан олдинда юради.
* * *
Одамлар бир-бирининг кўнглини яхшироқ билишганда бунчалар яқин бўлишмасди.