Хуршид Даврон. Алғул (Мирзо Улуғбек)

ИККИ ПАРДАЛИ ФОЖИА

ИШТИРОКЧИЛАР:
Мирзо Улуғбек – Мовароуннаҳр подшоҳи,
54-55 ёшларда
Абдуллатиф Мирзо – Мирзо Улуғбекнинг тўнғич ўғли,
Балх вилояти ҳокими, 25 ёшларда
Абдуллазиз Мирзо – Мирзо Улуғбекнинг кенжа ўғли,
валиаҳд, 20 ёшларда
Али Қушчи – Мирзо Улуғбекнинг суюкли шогирди,
машҳур олим, 36 ёшларда
Хожа Низомиддин – девонбеги, 45-50 ёшларда
Хожа Бурҳониддин – шайхулислом, 45 ёшларда
Шамсиддин Муҳаммад Мискин – қозикалон, 60 ёшларда
Шоҳ Вали Баҳодир – амир, 45 ёшларда
Бобо Ҳусайн Туркистоний – амир, 45 ёшларда
Мироншоҳ қавчин – амир, Самарқанд доруғаси,
50 ёшларда
Султоншоҳ барлос – амир, 50 ёшларда
Она – амир Вафодорнинг онаси, Улуғбекнинг энагаси
Тўйжон – хонанда аёл, 24-25 ёшларда

Талабалар, шаҳарликлар, мулозимлар

Пьесадаги воқеалар 1449 йилнинг кузида, бир кун давомида бўлиб ўтади.

БИРИНЧИ ПАРДА

БИРИНЧИ КЎРИНИШ

Қадимий Самарқанднинг Чорсу майдони. Бозор яқинлиги сезилади. Ғала-ғовур дам пасайиб, дам кучайиб эшитилади. Баъзан яқиндан ўтиб кетган от туёқлари овози келади. Майдондан ўтиб турган йўловчиларнинг айримлари бир ерда тўхтаб, гаплашиб қоладилар.

БИРИНЧИ ШАҲАРЛИК: Подшоҳимиз кўп азиз вақтларини юлдуз санашга беҳуда сарф қилмоқдалар. Сиз таъриф қилган ўша расадга қамалиб олиб, аллақандай… зижму дерлар, бир балони тузмак ила муттасил машғулдурлар. Мамлакатда не бўлаётганидан эса мутлақ бехабарлар. Бу ишнинг оқибати, билмадим, не бўлгусидур.
ИККИНЧИ ШАҲАРЛИК: Оқибатини кўриб турибмиз. Сўнгги бир-икки йилда неча карра таҳликада қолдик.
УЧИНЧИ ШАҲАРЛИК: Султонимиз фалакиёт сирларини тафаккурлари ила тадқиқ қилурлар, сайёралар йўлини ҳисоблаб билурлар.
ИККИНЧИ ШАҲАРЛИК: Э қўйинг, ўша юлдузларни… Ўша Мирриху Уторуднинг сизу бизга иши йўқ! Йўлчига йўл кўрсатган Зуҳро ҳам ташвишимизда йўлбошчи бўлолмас, мадад бермас, юпанч беролмас.
БИРИНЧИ ШАҲАРЛИК: Мен султонимиз тадбирли, оқил, улусга меҳрибон зот эканликларини инкор этолмайман. Аммо мен учун замин, ойу юлдуз ҳаракати эмас, тегирмон тошининг ҳаракати муҳимроқдур.
УЧИНЧИ ШАҲАРЛИК: Рост сўйладингиз, сўнгги йилларда мамлакат қайта-қайта ғоратда қолди. Аммо подшоҳимиз ҳар сафар жидду жаҳд ила ёғийни салтанатдан соқит қилмишлар…
БИРИНЧИ ШАҲАРЛИК: Ҳар сафар мамлакат олдингидан кўра кучлироқ талофатга учрамаяптими? Айтинг, тақсир?!
ИККИНЧИ ШАҲАРЛИК: Подшоҳимиз эса осмондан тушмай-дилар! Ҳозир уламою умаронинг кўпчилиғи подшоҳга зид, аларнинг ғазаб ва интиқом тиғлари ўткирлашган. Яқин орада қонли ғавғолар бўлишини сезиб турибман.
УЧИНЧИ ШАҲАРЛИК: Тақсир, гумонингиз беҳуда. Қирқ йил ҳукмфармолик қилдилар, бу ёғиға ҳам эгам паноҳида сақлагай, иншооллоҳ…

Шовқин-сурон кучаяди. Одамларнинг ҳаракатида ташвиш аломатлари зоҳир бўлади. Суҳбатлашиб турган шаҳарликлардан бири югуриб ўтаётган танишини тўхтатади.

ИККИНЧИ ШАҲАРЛИК: Ҳа, мулла Мирғиёс, бунча ҳовлиқасиз, тинчликми?
ТЎРТИНЧИ ШАҲАРЛИК: Шаҳзода Абдуллатиф подшоҳға қарши исён бошламиш!
УЧИНЧИ ШАҲАРЛИК: Ё алҳазар!
БИРИНЧИ ШАҲАРЛИК: Ана айтмадимми? Ўғилнинғ отаға қарши исён бошлагани мен сўйлаган ғавғолар ибтидоси эмасми?
ИККИНЧИ ШАҲАРЛИК: Ё Раббим, энди нима бўлади?
БИРИНЧИ ШАҲАРЛИК: Бу ёғи нима бўлишини айтайми? Қоп кўтариб бозорга югурмоқ лозим.
УЧИНЧИ ШАҲАРЛИК: Ҳозир қопни гапирасизми?
БИРИНЧИ ШАҲАРЛИК: Олти фарзандингиз бор, тақсир. Агар ҳозироқ қоп кўтариб бозорга чопмасангиз, эртага ўзингиз қопга тушгайсиз.

Суҳбатдошлар тўрт томонга шошилиб тарқаладилар. Ёлғиз қолган биринчи шаҳарлик бир лаҳза ўйга чўмиб туради-да, ўз-ўзига гапирганча шошиб чиқиб кетади.

БИРИНЧИ ШАҲАРЛИК: Авомга ою юлдуз ҳаракати эмас, тегирмон тошининг ҳаракати муҳимроқдур, десам ишонишмайди…

ИККИНЧИ КЎРИНИШ

Милодий 1449 йил кузи. Шоҳруҳ вафотидан кейинги талотумлар оқибатида бошланган ҳокимият учун кураш авжига чиққан. Шаҳзода Абдуллатиф мирзо отаси – Мовароуннаҳр ҳукмдори Мирзо Улуғбекка қарши бош кўтарган пайт.
Самарқанд яқинидаги Кўҳак тепаликлари. Тепаликлар оралаб оқадиган Оби Раҳмат ариғи ёқасидаги баландликда нақшинкор расад биноси кўзга ташланади. Бинога анча шикаст етган.
Расад этагидаги боғ ва Чилсутун кўшки. Субҳи азон. Ҳали атроф қоронғи.
Олис-олислардан азон чорлови элас-элас эшитилади. Жимжит-ликда хавотир ва ваҳима яширин.
Боғ ўртасидаги шийпонда Мирзо Улуғбек билан Али Қушчи бомдод намозини адо этишмоқда. Ниҳоят, улар ўринларидан турадилар.

АЛИ ҚУШЧИ: Ассалому алайкум, устоз.
УЛУҒБЕК: Ваалайкум ассалом.

Али Қушчи жойнамозларни олиб тахлайди ва четга қўяди. У бу иш билан андармон пайтда Мирзо Улуғбек ўйга ботганча осмонга тикилади.

УЛУҒБЕК: Бу дунёда инсон тафаккурини мудом равнақ топишига сабаб бўладиган икки нарса бор: бу юлдуз тўла фалаку (қўли билан чап кўксига ишора қилиб) мана бу ердаги юрак… Фалакдаги собиту сайёралар асрорини билмак нечоғлиқ машаққатли бўлса, юракни билмак, уни англамак ҳам шунчалик имконсиздур… Нечун қувонганда ҳам, қайғу чекканда ҳам бирдек безовталанади? Нега ўткинчи ҳою ҳавасларга эрмак бўлади? Нега алданади?.. Нега алдайди, Али?..

АЛИ ҚУШЧИ:
Ягона бирликка эгадур олам,
Бу бирлик, шубҳасиз, юракдадур жам.
Фалак сирларини кашф эта билиб,
Юрак асрорини билолмас одам.

УЛУҒБЕК: Ҳаққаст шундай! Мен фалакнинг кўп жумбоқларини англаб етдим, лекин мана бу ердаги (У яна чап кўксини муштлайди) бир парча гўштни англаёлмадим!.. Нега ўғлим менга хиёнат қилди?! Ул ҳам юрагидан бехабарму, Али?
АЛИ ҚУШЧИ: Қисматга илож йўқ, устоз… Қисмат беомондур!
УЛУҒБЕК: Қисмат ҳам фалакдай беомонму? Қисмат беомонлиги фалак ниҳоясизлиги каби даҳшатлидур. Йўқ, бу ҳадсизлик мени даҳшатга солмайди, унинг сирини билолмаслигим қўрқитади, холос…
Мен кимман?.. Қандай яшашим керак?..

(Сукут чўкади.)

УЛУҒБЕК: Ҳув, анави юлдуз Байтул Жавзодур… Худди ғазабга минган Абдуллатиф кўзларига ўхшайдур!
АЛИ ҚУШЧИ: Шомликлар ани Иблис кўзи демишлар.
УЛУҒБЕК: Ҳаққаст, Али!.. Беруний ҳазратларининг китобларида ўқиганим бор… Иблиснинг кўзи! Бағоят тўғри ўхшатиш.

(Яна ўртага сукут чўкади.)

УЛУҒБЕК: Иблиснинг кўзлари чақнаб турган мана шундай субҳи азонда “Сегоҳ”ни тинглагим келади. Тўйжон хониш қилган “Сегоҳ”га қулоқ тутиб ўтирган кезларим юрагимни кафтимга олиб томоша қилгандек бўламан.
“Сегоҳ” аламимга, сирқираб оғриган жонимга ўхшайдур! Алғул юлдузини билурсан, Али.
АЛИ ҚУШЧИ: Филҳақиқат, Алғул ғалатидур. Уч кун ёниб, сўнгра сўнади-да, яна пайдо бўлуб, аввалгидек порлаб тураверади.
УЛУҒБЕК: Кўксимдаги изтироб ана шу Алғулга ўхшайдур, Али!.. У гоҳ сўниб қолгандек бўлади, сўнгра яна жонимда оғриқ қўзғайди… Кун келиб Алғулнинг мубҳам сири аён бўлгусидур… Аммо… аммо бу изтироб, бу оғриқ сиридан бехабар ўтишдан қўрқаман.

(Яна жимлик.)

УЛУҒБЕК: Али, жанозам ўқиладиган пайт, мабодо бошимда бўлсанг, айт, “Сегоҳ”ни чалсинлар…
АЛИ ҚУШЧИ: Қазойи қадар ҳақида гапирманг, қиблагоҳ. Ҳали, Аллоҳга шукурким, кўп яшайсиз.
УЛУҒБЕК: Юрагимда мотам бор, Али! Бошимга келган ҳар балони кўтармоққа розимен. Лекин туққон болам бошимга тиғ била келатурганига қандоқ чидай? Айт, жигарим, айт, нима қилай?!
АЛИ ҚУШЧИ: Булар ўткинчидур! Иншооллоҳ, яхши кунлар келгай.
УЛУҒБЕК: Шул мудҳиш воқеа сабабидан кўнглимга ваҳима тушди-ю, умрим барқ янглиқ ўтганини англадим. Қолган ишларни битирмакни Аллоҳ насиб этармикин?
АЛИ ҚУШЧИ: Бизга ваъда этган ишларни битирмай қайга борурсиз. Биз этагингизни қўйуб юбормасмиз, устоз!

(Сукут.)

УЛУҒБЕК: Ҳушёр бўл, Али, бугун тунда ғалат ҳодиса бўлур: бир буржда етти сайёра давра қуради. Оқибатда кучли шамол кўтарилгай, дарахтларни илдизи билан қўпориб учургай, эски биноларни вайрон қилгай… Аммо барибир юрагимда ғалаён қилаётган бўрончалик бўлмас. Бу ғалаён вужудимни бўшлиқ аро, замин билан фалак ўртасида, тожу тахт ҳаваси-ю, илм иштиёқи, оталигу подшоҳлик ўртасида учириб юрар… На ерга қулаб парчин-парчин бўлгайман, на юлдузлар кўксимга ханжар бўлиб ботгайлар…

(Девонбеги – Хожа Низомиддин киради.)

ДЕВОНБЕГИ: Ҳақ таолодин султоним ҳимматларини буюк, қудратларини зиёда қилишини тилайман!
УЛУҒБЕК: Тақсир, тағин Абдуллатиф мирзога мактуб жўнатмак тараддудида келдингизму? Минбаъд бу гапни айтманг…
ДЕВОНБЕГИ: Мактуб жўнатмак маслаҳатидан қайтганим йўқ, онҳазрат. Аммо, ҳозир ҳузурингизга бошқа мақсадда келдим. Амрингизга биноан салтанатда, унинг ҳудудидан ташқарида юзага келгон вазиятни мулоҳаза этдим, хуфиялар еткарган хабарларни тартибга солдим.
УЛУҒБЕК: Хўш?!
ДЕВОНБЕГИ: Дашти Қипчоқда аҳвол нотинч, Абулхайрхон Мовароуннаҳрда рўй бераётган ҳар бир ҳодисани зийраклик ила кузатмоқда. Мўлжали, мабодо мирзо била уруш бошласангиз, фурсатдан фойдаланиб яна яғмо қилмоқ. Яна хон била баъзи амирларингиз орасида хуфия алоқалар борлиги хусусинда гумонлар мавжуддир.
УЛУҒБЕК: Ҳушёр бўлингиз, ғафлатда қолиб пушаймон бўлмай-лик!
ДЕВОНБЕГИ: Ҳиротда ҳам нотинчлик. Абулқосим мирзо иниси Султон Муҳаммад мирзо била падарингиздан қолган мулкни деб жангу жадални ҳануз тўхтатмаганлар. Яна маълум бўлдики, Абдуллатиф мирзо бир муддат аввал Абулқосим мирзога яширин нома йўллаб, ани сизга қарши гиж-гижлашга уринган…
УЛУҒБЕК: Оқпадар!..
ДЕВОНБЕГИ: Султон Абусайид мирзо ҳам ғимирлаб қолди, анинг хатти-ҳаракатларида итоатингиздан чиқишга уринишлар зоҳир бўлмоқдадур.
УЛУҒБЕК: Абусайидни қўйинг, шаҳзода хусусида яна қандай хабар бор?
ДЕВОНБЕГИ: Мирзо Жайҳунни кечиб, Термизни ишғол қилгани хабарини айтган эдим, ҳозир ҳам илдамлик ила йўл босишдан тўхтамайдур.
УЛУҒБЕК: Сарҳаддаги қўшунларни кучайтиринг, Кеш била Китобдаги амирлар ҳушёр бўлсунлар!
ДЕВОНБЕГИ: Подшоҳ ҳазратларига яна бир нохуш хабарни етказиш қулингизнинг зиммасига тушди.
УЛУҒБЕК: Сўзлагин!
ДЕВОНБЕГИ: Бугун тунда амирларингизнинг бир нечаси доруссалтанани яширин тарк этиб, шаҳзода томонга йўл олмишлар.
АЛИ ҚУШЧИ: Мунофиқлар!

(Мирзо Улуғбек девонбеги яна ниманидир айтолмай тараддуд-ланаётганини сезиб, баттар безовталанади.)

УЛУҒБЕК: Яна…
ДЕВОНБЕГИ: Дашти Қипчоқ йўлида навкарларимиз Абулхайрхон дарғоҳига қочиб бораётган бир кишини қўлга олмишлар.
УЛУҒБЕК: Абулхайрхон даргоҳига?! Кимни?!

(Девонбеги бироз тараддудланади.)

УЛУҒБЕК: Кимни дедим?!
ДЕВОНБЕГИ: Амир Вафодорни!
УЛУҒБЕК: Вафодорни?!
ДЕВОНБЕГИ: Ҳа, аълоҳазрат.
УЛУҒБЕК: Қаерда у?
ДЕВОНБЕГИ: Кўксаройда, амир Мироншоҳ навкарлари қўлида!
УЛУҒБЕК: Оҳ, Абдуллатиф, Абдуллатиф, сенинг хато йўлга кирганинг бошқаларни ҳам ўз комига тортмоқда. Ўртадаги ихтилофдан ҳар бадният кимса борки, фурсатни ғанимат билиб, фойдаланишга уринмоқда. Аммо, ёнингдаги – сен ишонган кишилар мунофиқлик қилсалар даҳшат экан! Ахир бир кўкракдан мен била баробар сут эмган кўкалдошим хиёнат йўлига ўтган экан, бошқалар нима қилсинлар?! Мен била баробар бибим Сароймулкхоним даргоҳида тарбияланган, волидаси – суюкли энагам ҳар иккимизни оқ ювиб, оқ тараган бўлса-ю, мана оқибати… Соч-соқолига оқ тушганда шу ишни қиладими?! Сарҳадларда баҳодирлиғ қилаётган ўғиллари-ю, набирала-ридан уялмадими?..
Хожа Низомиддин, шайхулислом билан қозикалон жаноблари келдиларми?
ДЕВОНБЕГИ: Улар амрингизга мунтазирлар, аълоҳазрат.
УЛУҒБЕК: Ҳузуримга чорланг!

Девонбеги чиқиб шайхулислом хожа Бурҳониддин билан қозикалон Шамсиддин Муҳаммад мискинни бошлаб киради. Улуғбек уларни эҳтиром билан кутиб олади.

ШАЙХУЛИСЛОМ: Подшоҳи замон, дини исломнинг кўмакчиси, оламни забт этган Соҳибқирон Амир Темур Кўрагоннинг кўз нури Султон Улуғбек Кўрагон давлатларига Аллоҳ таолодан равнақ тилаймиз!
ҚОЗИКАЛОН: Иншооллоҳу таоло!
УЛУҒБЕК: Пойқадамингиз бош устига.
ШАЙХУЛИСЛОМ: Силқиган кўзларингиздан бу кечани ҳам уйқусиз, беҳаловат ўткарганингизни кўриб турибмен.
УЛУҒБЕК: Мавлоно Бурҳониддин, сиз бир кечани айтасиз. Бутун умрни шундай фароғатсиз ўтказдик-ку. Мудом таҳлика, мудом жангу-жадал, мудом бемеҳрлик!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Худо хоҳласа, барчаси ўнглангай. Ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ, дейдилар.
УЛУҒБЕК: Пешонамизга ёлғиз қаро битиклар, қаро сўзлар ёзилганга ўхшайдур, ҳазратим.
ШАЙХУЛИСЛОМ: Пешонадан шикоят қилмоқ ислом подшосига ярашмагай.
ҚОЗИКАЛОН: Худойим сизга қувват берсун.
УЛУҒБЕК: Сиз менга қувват тилайсиз, мен эрсам ҳаловат истаймен, ҳаловат…
ШАЙХУЛИСЛОМ: Бизни чорлаган экансиз, шунга келдик.
УЛУҒБЕК: Ҳар нечук сўз бўлса, иддаосиз ўртага ташлаб, ақл ва инсоф билан ҳал этмоқ учун сизни чорлаган эдим.
Сўйлангиз, гумроҳ фарзандимиз фитнасини даф этмоқ учун не чора буюрсак экан?
ҚОЗИКАЛОН: Ўз падарига тиғ кўтарган зурриёт, иншооллоҳ, Ҳақ таолонинг қаҳрига йўлиқур, давлатпаноҳ!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Мулки Мовароуннаҳр тақдири, салтанат рўзғори сизнинг илкингиздадур. Сизнинг муборак хотирангиз бу ҳодисалар хусусида не фикр баён этса, биз андин бош тортмагаймиз.
УЛУҒБЕК: Аммо мен сизнинг муборак хотирангизда не фикрлар бордур, билмоқчиман… Сўйлангиз.
ДЕВОНБЕГИ: Жанобларига маълум бўлсунким, биз султони-мизни неча кундан буён шаҳзодага мактуб жўнатмакка даъват қилурмиз. Аммо аълоҳазратлари бунга асло кўнмаслар… Вақт эса зиқ, ҳар сония олтинга тенг.
УЛУҒБЕК: Йўл йўқотган фарзандимга нима деб мактуб битаман! Қаҳри таҳдид қилайму, ялинайму?.. Ё олдин унга мактуб битмаган эдикму?!
ҚОЗИКАЛОН: Ўз қиблагоҳининг иродаси фарзанд учун фарзи айндур. Анинг иродасига бош эгмаган фарзанд устидан ҳукм чиқармоқ падар учун ҳам фарз, ҳам қарздур, давлатпаноҳ!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Энг аввало жазони ўйлаш эмас, бу фалокат олдини олмоқ керак, токим унинг даҳшатли чангаки давлатингизни қақшатмасун! Эл-улусга озор бермасун!
УЛУҒБЕК: Қандай қилиб? Ақлли кенгаш беринг!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Ақлли кенгаш шулким, Хожа Низомиддин айтқонларидек, Абдуллатиф мирзони ақлга, инсофу виждонга чақирасиз, унинг кўнглида меҳру оқибат уйғотишга ҳаракат қиласиз.
УЛУҒБЕК: Демак, сиз ҳам мактуб битмакка даъват этасиз?!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Оре, олампаноҳ!
УЛУҒБЕК: Демак, юришга ҳожат йўқ?
ШАЙХУЛИСЛОМ: Асло!
УЛУҒБЕК: Аммо ноқобил фарзанд яхши тилакларимизни қабул этмаса-чи? Унда нима қилгаймиз?
ДЕВОНБЕГИ: Меҳру оқибатингизни рад этса, унда идрок этмоқдин ожиз фарзанд бўйнига таёқ урмоқ отанинг вазифасидур.
ШАЙХУЛИСЛОМ: Аммо асло қилич урмоқ эмас!
УЛУҒБЕК: Унда сиз шаҳзодага мактуб битмак чорасини кўрингиз.
ШАЙХУЛИСЛОМ: Бу савоб ишни барпо қилмоқ учун камина ҳар қандай машаққатдан юз ўгирмасман.

(Қозикалон сукутда.)

УЛУҒБЕК: Қозикалон жаноблари, нечун сиз сукутдасиз?!.
ҚОЗИКАЛОН: Иш мактуб билан тузатмоқ ҳаддидан ошибтур, деб қўрқаман. Шаҳзода бамисоли камондан узилган ўқдур, ани тўхтатмоққа қоғоз эмас, қалқон лозимдур…
УЛУҒБЕК: Давом этингиз…
ҚОЗИКАЛОН: Маълумингизки, мен ҳарб кишиси эмасман, аммо ҳар икки тарафнинг кучини, ҳар ёқдаги шароитни узоқ мулоҳаза этдим. Тараддудга асло ҳожат йўқ. Ҳаялламай зафар байроқларини кўтаришингиз лозим!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Асло бундай қилманг, аълоҳазрат… Мавлоно Муҳаммад Мискин, илмпеша подшоҳимиз…
ҚОЗИКАЛОН: Илмпеша подшоҳимиз тожу тахтни илм кучи била эмас, қилич била олганлар, уни яна қилич била пойидор қилишга ҳаракат қилмоқлари даркор!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Бу ерда қиличнинг ҳожати йўқдур!
ҚОЗИКАЛОН: Аммо салтанат тамалини қулатмоққа кўтарилган қўлларни кесмоқ зарур!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Бутун олам тиғлари ҳаракатга келган чоғдаям, агар Аллоҳ таоло хоҳламаса, биронта томир ҳам қирқилмагай!
ҚОЗИКАЛОН: Ҳазрати пайғамбаримиз ўрнатган шариат чароғисиз бирор киши ўз ақлига нажот кўчасини топар деб ўйламанг. Худди шунингдек, агар султоннинг ҳайбати ўз мулкини ҳимоя қилмаса, бу салтанатда ҳеч кимса тинчлик-хотиржамлик билмагай.
УЛУҒБЕК: Чора… чора айтингиз.
ШАЙХУЛИСЛОМ: Ўғлингиз гуноҳини адлу авф суви била ювмоқ, даволамоқ зарурдур. Бўлгуси муомалада қиличга эмас, адолат кучига суянмоқ мирзони гумроҳликдан қайтарар деб инонурман!
ҚОЗИКАЛОН: Қуръони Карим «Уруш очганларга қарши уруш очмоққа ижозат этилур, негаким улар йўлдан озганлардур» деб буюрар. Ягона чораси ё жанг қилмоқ, ё мирзони дунёдан олиб ташламоқ лозим!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Астағфуруллоҳ!
АЛИ ҚУШЧИ: Аллоҳ таоло бундай кунни ҳеч бандасининг бошига солмасун!
УЛУҒБЕК: Худойим олдида не гуноҳ қилган эканман?!
ҚОЗИКАЛОН: Тождор бўлмоқни тилаган бош ўлумдан қўрқмайди, деган нақл бор. Фарзандингиз ўз ўлимини бўйнига олган бўлмаса, бундай куфр ишга – ўз туққон падарига тиғ кўтаришга жазм этармиди? Йўқ, олампаноҳ, ягона чораси: ё жанг қилмоқ, ё шаҳзодани дунёдан олиб ташламоқ!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Икки дафъа айтган бўлсангиз-да, ҳануз қулоқларимга ишонмасман. Қозикалон жаноблари, наҳотки сизнинг оғзингиздан чиқди бу гап?!
ҚОЗИКАЛОН: Балки сиз бошқа чорасини айтурсиз!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Мен чорасини айтдим.
ҚОЗИКАЛОН: Сиз айтган тадбир била иш барибир битмайди. Салтанат тақдири ҳал қилинар экан, на гуноҳ иш бору, на муқаддаслик бор, на бегоналик бору на ота-болалик бор. Ҳазрати Расулуллоҳнинг «Ла арҳама байн-ул мулки», яъниким «Подшоҳлар олдида ҳеч кимнинг қавми-қариндошлиги йўқдур», деган муборак ҳикматларини унутдингизму, тақсир?!. Шундай экан, мен учинчи дафъа такрорлашдан ҳам қайтмасман: ягона чораси ё жанг қилмоқ, ё Абдуллатиф мирзони дунёдан олиб ташламоқ!
ДЕВОНБЕГИ: Ишни мактуб била битирмоқ ҳадди ўтган бўлса, аълоҳазрат жанг қилишни истамасалар, ўйлашимча, сўнгги чорадан… албатта, ҳеч иложи қолмагандан кейин фойдаланмоқ лозимдур.
УЛУҒБЕК: Бу қандай сўнгги чора экан?
ДЕВОНБЕГИ: Давлатпаноҳ, муборак дилингизни хира қиладиган бўлса-да, айтаман. Қабул қилиш, ё рад этиш ихтиёрингизда…
УЛУҒБЕК: Хўш?!
ДЕВОНБЕГИ: Шаҳзодани исталган онда саранжом қилмоқ учун унинг орқасига соя эргаштириб қўйган эдик.
УЛУҒБЕК: Нега менинг хабарим йўқ, Хожа Низомиддин?!
ДЕВОНБЕГИ: Сиз бунга асло изн бермас эдингиз, аълоҳазрат, аммо салтанат амалини ўйлаб, шаҳзода қинғир йўлга кираётганини сезган маҳалдаёқ шу чорани қўллаган эдик.
УЛУҒБЕК: Ҳаддан ошибсиз, Хожа Низомиддин!.. Хуфия вазифа кимга топширилган?!
ДЕВОНБЕГИ: Шаҳзода ёнидаги хос навкарлардан бирига.
УЛУҒБЕК: Агар ул нобакор заррача хатога йўл қўйса, ўз имконидан ортиқ иш тутса, сиз жавоб бергайсиз!
ДЕВОНБЕГИ: Мен анга кафилмен!
УЛУҒБЕК: Бошингиз била кафилсиз! Шаҳзода бошидан бир мўй сабабсиз тўкил­гудай бўлса, сизнинг қонингиз тўкилгай!..
ҚОЗИКАЛОН: Давлатпаноҳ, ақл била иш кўрадиган бўлсак, биз айтқон чорадан бўлак ўзга чора йўқтур!
УЛУҒБЕК: Ҳа, ақл инсонлар йўлини ёритган чароғдур. Аммо баъзан чароғ нур сочгани билан овлоқ бурчаклар қоронғи бўлиб қолаберади. Ёруғлик қанчалик урунмасин, сояни янчиб ташлашдан ожиздур. Инсоннинг ақли ҳам шундай: ёрқинроқ нур сочгани сайин шубҳалар сояси ҳам шунча қуюқлашади. Фақат қалбдан таралган, ишонч, меҳру оқибат сочган зиёгина бу шубҳаларни тарқата олади.
ҚОЗИКАЛОН: Сиз раҳму шафқат тимсолисиз, давлатпаноҳ. Бироқ… Бироқ сиз шаҳзодага ҳозир фарзандга эмас, салтанат душманига қарагандай қарамоғингиз, шунга яраша иш тутмоғингиз лозим.
УЛУҒБЕК: Оҳ, не савдо бу! Ахир у менинг фарзандим-ку, Хожа Низомиддин! Нега мени фарзандимни маҳв этмоққа даъват этасиз. Ахир мен ҳам инсонман!
ҚОЗИКАЛОН: Биз ҳаммамиз инсонмиз, аммо сиз энг аввало салтанату улуснинг тақдирига масъул подшоҳсиз!
УЛУҒБЕК: Майли, биздан жабру зулмингизни аямангиз. Адлу адолат йўлига жонимни фидо қилмоққа ҳамиша тайёрман, аммо мен энг аввало инсонман, ундан сўнг подшоҳ!
Мен сизни ақл ва инсоф билан кенгаш бермоққа чорлаган эдим, асло бундай қийноқ учун эмас!

(Сукут.)

Аллоҳу акбар, агар юлдузлар каромати яқин ўртада рўй бермаса, агар шаҳид кетмасам, фарзандимга тожу тахтни ўз қўлим била топширгайман. Агар изн берса, мадрасада мударрислик қилгайман ёхуд расадда машғул бўлгайман… Изн бермаса, эгнимга эски палос илгайман, дарвиш бўлуб узлатга чекингайман, бу дунё азобларидан халос бўлгайман!
ДЕВОНБЕГИ: Ғазаб вақтида айтилган сўзнинг оқибати афсусу надомат бўлгай, онҳазрат!
УЛУҒБЕК: Бутун умрим афсус-надомат эмасму, Хожа Низомиддин?! Йўқ, энди мен соҳиби тахт эмас, соҳиби дил бўлмоқни истайман! Аросатда қолган жонимни қутқаргайман! Энди бизга бир бурда нон, бир қумғон совуқ сув бўлса, кифоя. Бу тожу тахт, бу дабдаба, бу фитна-ю, макр – барчаси ҳирс бандаларига буюрсун!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Давлатпаноҳ…
УЛУҒБЕК: Йўқ, мавлоно Бурҳониддин, йўқ… Мен англадим, мактуб битмак даркор эмас! Агар мактуб битган тақдиримда ҳам, тожу тахт деб эмас, расадда ё мадрасада бир ҳужрани деб ялингайман!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Хиёнаткорлар ўз чоҳларига ўзлари тушгайлар, давлатпаноҳ. Иншооллоҳ, тез кунларда салтанат таҳлика-ю, офатлардан қутқарилур. Фақат сиз бардам бўлинг!

(Сукут.)

УЛУҒБЕК: Али, расадни зийнатлаган уста бобо тирикму?
АЛИ ҚУШЧИ: Бобо Қамбар оламдан ўтганларига уч йил бўлубтур, ўғиллари уста Абдулғаффор барҳаёт.
УЛУҒБЕК: Одам юборинг, ҳузуримизга чорланг! Расадни таъмир этмоқ учун нимаики зарур бўлса, айтсун, шошилинч иш бошласун!
АЛИ ҚУШЧИ: Бош устига, устоз, бугуноқ одам юборурман.
ШАЙХУЛИСЛОМ: Ҳозир расадни ўйлайдургон замонму, аълоҳазрат?!
УЛУҒБЕК: Фурсат ғанимат!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Ҳаққаст рост, аълоҳазрат, фурсат ғаниматдур! Ёнғин олди олинмаса, бутун юрт зарар топгай. Сиз ёлғиз ўғлингизни ғаламислик йўлига кирган деб ўйлайсизму? Йўқ, аълоҳазрат, асло бундай эмас!..
УЛУҒБЕК: Нега тўхтадингиз, давом этингиз…
ШАЙХУЛИСЛОМ: Сизнинг ғанимларингиз ғимирлаб қолдилар. Айрим мунофиқлар турли-туман ерларда гап сотиб, сизга ғоят ваҳм гуноҳлар тақмоқдалар.
УЛУҒБЕК: Биз қандай гуноҳлар қилган эканмиз?
ҚОЗИКАЛОН: Агар ижозат берсалар, айтамен. Илло, мен бу хусусда сиз, аълоҳазратларига айтмоқни қасд қилган эдим.
УЛУҒБЕК: Айтинг, Муҳаммад Мискин жаноблари, айтинг.
ҚОЗИКАЛОН: Давлатпаноҳ, айтаман бу сўзларни айтмоқ менинг бурчимдур. Яширмайман, ўша гапни тарқатаётганлар атрофингизда, ҳам мадрасаларда сабоқ бератургон мударрислар динимизга раҳна солувчи, мусулмонларнинг эътиқодига шубҳа туғдирувчи илмларни тарқатмоқдалар, қани дину диёнат, демоқдалар!
АЛИ ҚУШЧИ: Иғво бу, иғво!
УЛУҒБЕК: Бас, Али, бас!.. Қозикалон жаноблари, ёлғиз алар шундай демоқдаларму ёки ўзингиз ҳам шу хулосадамисиз?!
ҚОЗИКАЛОН: Аларнинг гапларида озму кўпму ҳақиқат бордур.
УЛУҒБЕК: Афлотун, Арасту, Ибн Сино, Беруний каби донишманду ҳукамолар фикрларини талқин этиш дини исломияга шаккоклик деб билинса, мадрасаларда илм номига нима қолур?
АЛИ ҚУШЧИ: Илмпарварлиги билан шуҳрат чиқарган бир подшоҳ пойтахтида бу қадар жаҳолат!
ҚОЗИКАЛОН: Тийилинг, мавлоно, ҳали сизга гапиришга изн берилганича йўқ! Қолаберса, ўша гапларнинг чиқишига сиз ҳам сабабчидурсиз!
УЛУҒБЕК: Бу ҳолатга тоқат қилиб бўлмайди! Илмнинг, ҳикматнинг ҳақиқий дурларини жоҳиллар муфсид фикрлар деймишлар! Мен илми диния билан бир қаторда мантиқ, ҳикмат, илми ҳайъат, риёзиёт каби инсон заковатининг муборак неъматлари-ла толиблар кўнгилларини тафсия этмоқни истадим, холос!
ҚОЗИКАЛОН: Инсон кўнглини ёлғиз Худонинг китоби тафсия этажак!
УЛУҒБЕК: Ҳақ гапни айтдингиз! Инсон кўнглини соф этган ўша китоб-да: «Албатта, Аллоҳдан олим бандаларигина қўрқадилар!» ояти битилмаганми? Иймон илми инсон заковати йўлини тўсмайди. Инсон закоси, у туфайли юзага чиққан илму тараққиёт Аллоҳ таоло яратган оламдаги мўъжизаларни кашф этади!
ҚОЗИКАЛОН: Камина адаб доирасидан ортиқ гапирган бўлсам, узр… Аммо айтмоқчиманким, ислом давлатида, динимизнинг истиноди бўлган сиздек подшоҳ замонида мажусийлару бутпарастлар томонидан ёзилғон китоблар ўқитилаётганига изн бермаслик керак!
УЛУҒБЕК: Ахир Пайғамбари ислом: «Гарчи Хитойда бўлса ҳам илм олишга интилинглар!» деганларини унутдингизму? Ё бу ҳадиси муборакни ҳам рад этасизму?! Жаҳолатнинг тимсоли бўлмиш айрим кимсалар ҳар қандай илмни муфсид дерлар…
Мен ноқобил фарзандим исёнидан кўпроқ жаҳолат исёнидан қўрқамен. Жоҳиллар ўз заҳарларини оби ҳаёт деб кўрсатадилар, халқни чалғитадилар, миллатни чоҳга судрайдилар. Аммо илм ҳам, ҳақиқат каби лоямутдур.
ШАЙХУЛИСЛОМ: Замон, давлатпаноҳ, ҳамма иллат замонда!
УЛУҒБЕК: Йўқ, айб замонда эмас! Ҳамма иллат жаҳолатда! Инсоният пайдо бўлибтиким, инсон юраги учун икки куч: маърифат билан жаҳолат жанг қилади.
ШАЙХУЛИСЛОМ: Бу туҳматларни тарқатаётганлар шатранж тахтасидаги пиёдалардур. Орқада қудратли доналар бордирким, қазои-қадар сингари беомондурлар!
УЛУҒБЕК: О, Иблис кўзлари!
ҚОЗИКАЛОН: Давлатпаноҳ, падарингиз хоқони сайид Шоҳруҳ Султон бағоят шариатпарвар, тақводор подшоҳ эдилар. Салтанатдаги барча ишлар ҳаддан ошмаган эди. Сиз эса дарвозаларни катта очиб қўйдингиз.
УЛУҒБЕК: Очган бўлсак, адолат, илму урфон эшикларини очдик, жаҳолат тамбаларини олиб ташладик.
Дини исломия илмни улуғлайди, олимнинг қадрини кўтаради, илмни Аллоҳни танимак йўли деб билади. «Мавтул олими – мавтул олами», – олимнинг ўлими оламнинг ўлимидур! Бу исломнинг буюк ҳикмати эмасму?! Илмни, олимни бундан ортиқ қадрлаш борму, рўйи очунда?! Мусулмон учун бундан олий, бундан шарафлироқ вазифа йўқтур. Инсон закоси енгилмасдур!
ҚОЗИКАЛОН: Аммо сиз енгилиб ўтирибсиз!
УЛУҒБЕК: Мен ҳали енгилганим йўқ!
ҚОЗИКАЛОН: Аммо бундай кайфият билан ғолиб бўлолмассиз!
УЛУҒБЕК: Агар ўғлим мени мағлуб этса, подшоҳни, отасини енгган бўлади, минбаъд илмни эмас!
ҚОЗИКАЛОН: Аммо сизнинг мағлубиятингиз барибир илмнинг мағлубиятидур. Ахир, ул қандай илмки, соҳибига кўмак беролмаса, қудрат беролмаса. Сиз зиж тузиб, минг ўн саккиз юлдуз ҳолатини мутаммаккин этдингиз. Аммо ҳозир сизга улар эмас, минг ўн саккиз навкар фойдалироқ, ёлғиз улар кўмак бера олгай!
УЛУҒБЕК: Ҳақ гапни айтдингиз! Ҳозир менга на юлдузлар, на китоблар ёрдам бера олади. Аммо барибир оламда адолат, маърифат, ҳақиқат қарор топгусидур! Аллоҳ инсонни улуғ қилиб яратмиш, бунга мисол: малоикларнинг унга таъзим қилганлари. Аммо бугун ҳам жоҳиллар бамисли Иблис янглиғ инсон олдида, унинг тафаккури олдида бош эгишни истамаслар! Улар ёлғиз Иблис кўзларидан таралган совуқ шуълани тан олурлар!
ҚОЗИКАЛОН: Давлатпаноҳ, бу ерда туриб айтилган сўзлар давлатингиз мустаҳкам бўлсун деган ниятда айтилди. Ани қабул қилиш ҳам, рад этиш ҳам ҳумоюн ҳаддингизга ҳавола!
УЛУҒБЕК: Мавлоно Муҳаммад Мискин, агар бизнинг ҳадди-мизда бўлса, билингиз: теримни шилиб олсалар розиман, аммо ҳақиқатни, илмни бадном этмоққа рози эмасман!
ҚОЗИКАЛОН: Бу гапларни айтишдан мурод салтанатни сизга олим деб эмас, подшоҳ деб бериб қўйилганини унутмасликни эслатмоқдур, аълоҳазрат.
УЛУҒБЕК: О Худойим, елкамдаги бу юк қачон енгиллашаркин? Қачон?!
Кўкалтошим… амир Вафодор менга хиёнат қилмиш… Ўтган тунда Абулхайрхон ҳузурига қочиб бораётганида сарҳадда турган навкарлар томонидан қўлга олинмиш…Хожа Низомиддин!..
ДЕВОНБЕГИ: Ҳозир Кўксарой зиндонидадур. Ўз айбини очиқ бўйнига олибдур.
ҚОЗИКАЛОН: Вафосизлиқ қадар қабиҳ бадномлик йўқтур!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Тангри бир – аҳду паймон бир! Аҳдга вафосизлиқ қилганни жазосиз қолдирманг.
ҚОЗИКАЛОН: Туз ҳақини унутганни Аллоҳнинг ўзи ҳам жазосиз қолдирмагай…
УЛУҒБЕК: Жазо ҳам, ҳукм ҳам сизлардан… Агар у бахтиқарога нажот йўли бўлса, ўша йўлини; агар нажот чораси ёлғиз жазо бўлса, ўша чорани ҳам айтингиз.
ШАЙХУЛИСЛОМ: Сиз ўзунгиз кўкалтошингиз била сўзлаш-дингизму?
УЛУҒБЕК: Йўқ, мен унга юзма-юз бўлмоқни истамаймен. Кўз-кўзга тушганда уни аяйман деб қўрқамен. Шул сабабдан ҳукмни ҳам сиз айтингиз. Сизнинг ҳукмингиз адолатли бўлгай!
ҚОЗИКАЛОН: Исёнчининг ҳам, хиёнатчининг ҳам жазоси ҳамиша ўлим бўлган! Шариати Мустафонинг талаби шу!
УЛУҒБЕК: Демак ҳукмингиз: ўлим!
ҚОЗИКАЛОН: Ўлим!
УЛУҒБЕК: Хожа Низомиддин, сиз айтинг!
ДЕВОНБЕГИ: Соҳибқирон бобонгиз: «Ёлғиз хиёнатнигина кечирманг!» деганларини унутманг, демишлар, давлатпаноҳ.
УЛУҒБЕК: Шайхулислом жаноблари, сиз нима дейсиз?
ШАЙХУЛИСЛОМ: Мен ҳам бобонгиз ҳикматини айтурмен. Улуғ соҳибқирон айтганларки: «Бирор кишига нисбатан қанчалик қаҳрланма, юрагингда уни авф этмоқ истаги бўлмаса – сен подшоҳ эмас, оддий жаллодсан, холос. Ўлдириш ё жазолаш эмас, подшоҳларнинг касби авф этмоқдур».
УЛУҒБЕК: Нақадар доно сўзлар!
ҚОЗИКАЛОН (Шайхулисломга): Бу ҳикматни қай мақсадда айтганингизни англадим, тақсир. Аммо Абдуллатиф мирзо исёни-ю, амир Вафодор кирган вафосизлиғ йўлининг олдини олиш учун авф лозимму? Амир Вафодорни қатл этмак била шаҳзодани инсофга чақиришни ўйлайлик! Ҳамманинг кўз ўнгида осиб ўлдириш керак, токим ҳар бадният кўруб даҳшатга тушсун!
УЛУҒБЕК: Ўғлимниму ёки амир Вафодорниму?
ҚОЗИКАЛОН: Давлатингиз қонун-қоидалари олдида шоҳу гадо баробардур, аълоҳазрат!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Маълумингизким, Иброҳим саллоллоҳу алайҳи Аллоҳ йўлида фарзанди бўлмиш Исмоил алайҳиссаломни қурбон қилмоқчи бўлганларида Аллоҳ таоло унинг тиғини қайтарган.
ҚОЗИКАЛОН: Тақсир, бу ишни Худо йўлида эмас, салтанатнинг барқарорлиги учун қилмоқ жоиздур. Агар шундай бўлмаса, салтанат ҳам, раият ҳам офат чангалида қолгусидур.
ШАЙХУЛИСЛОМ: Ҳар нарса Аллоҳга маълум, ҳар нарса Аллоҳ таоло илкида!
ҚОЗИКАЛОН: Ҳал қилишни Аллоҳнинг ўзи сизу бизга топширган ишлар ҳам бор!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Ҳаққаст рост, тақсир. Аммо сиз айтганингиз бўлмайди. Ислом подшоҳига ўғил ўлдирган, кўкалтош ўлдирган деган доғ тушади.
ҚОЗИКАЛОН: Давлатпаноҳ, шундай йўриғ топмоқ керакким, салтанатингиз парчаланмасун, фарзандингиз исён йўлидан чекинсун! Аммо амир Вафодорни барибир жазосиз қолдириб бўлмайди.
УЛУҒБЕК: Нима қилай?.. Айтинг!
ҚОЗИКАЛОН: Ўлимга топширинг!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Тафтиш қилмоқ керак!
ДЕВОНБЕГИ: Ўлим!
УЛУҒБЕК: Ўлим?!. Ҳа, ўлим!.. Мен бу ҳукмни тасдиқ этаман ва минбаъд ўзгартирмасман! Агар ўзгартирсам, подшоҳлик оғочига ўзум болта урган бўламан, яна бир карра ўз ожизлигимни тан олган бўламан!..
Менга бундай қарама, Али. Сен мени амир Вафодорни ўлимга буюрди, деб ўйладингму? Йўқ, Али, мен хиёнатни ўлумга буюрдим, хиёнат йўлига кирган нодон фарзандимни инсофга чақирмоқ учун шундай қилдим!
АЛИ ҚУШЧИ: Аммо сиз ҳамиша «Мен золим эмас, олим подшоҳ бўлмоқни тилаймен!» дер эдингиз-ку, устоз?!
УЛУҒБЕК: Аммо тахт олимники эмас, золимники экан, Али! Мен енгилдим, Али, енгилдим. Золимлик олимликни мағлуб этди. Ўлимни нажот деб билганим учун мағлуб бўлдим, Али!
Сен менга бундай қарама… Мунглиғ кўзларингни ердан уз, мендан-да уз, осмону фалакка тикил, Али… Юлдузларга тикил. Бўлмаса сенинг юрагинг ҳам худди меникидек тош қотади, шунда сен ҳам ўлимни нажот деб ўйлайсан. Йўқ, кет бу ердан, кет, Али… Мунглиғ кўзларингни олиб кет…

(Али Қушчи чиқиб кета бошлайди.)

УЛУҒБЕК: Йўқ, тўхта… Тўхта, Али, мени ёлғиз қолдирма! Ҳазрат Саъдий «Ё подшоҳлик қил ёки одамлик» деганида ҳақ экан, жигарим! Ҳақ экан!

( Ташқарида шовқин кўтарилади.)

УЛУҒБЕК: Нима гап? Нима шовқин?

(Девонбеги ташқарига чиқади.)

УЛУҒБЕК: Наҳот биздан мерос бўлиб авлодларга ёлғиз адоват қолғай?! Наҳот подшоҳлар ҳаётининг туб мағзи – тожу тахт ҳирси, зиндон, кишан, фитна, қувғин, қатағон бўлса?! Наҳот соҳибқирон бобом яксарҳад этган мамлакат биздан кейин яна парча-парча бўлгай?!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Мамлакатни баҳодур ўғлонлар тўккан қонлар бирлаштиргай!
ҚОЗИКАЛОН: Мамлакатни аёвсиз тўкилган хиёнаткорлар, қўрқоқлар, фитначилар қони, шу туфайли юзага чиққан даҳшату қўрқув бирлаштиргай, шунда уни на ўт, на сув буза олади!
УЛУҒБЕК: Мамлакатни адолат, ёлғиз адолатгина бирлаштиргай!

(Девонбеги қайтиб киради.)

УЛУҒБЕК: Нима гап, Хожа Низомиддин?
ДЕВОНБЕГИ: Амирлар келдилар. Авзойилари бузуқ, кайфиятлари совуқ… Амир Вафодорнинг волидаси ҳам ҳузурингизга кирмоқ тилайди.
УЛУҒБЕК: Шўрлик энагам!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Энагангиз хиёнаткор фарзандига имдод тилаб келган экан, ҳукм айтилди! Амирлар раъини билинг, уларнинг арзини тингланг.
УЛУҒБЕК: Шўрпешонага нима дейман?!
ҚОЗИКАЛОН: Хиёнати учун ўлумга буюрулди, дейсиз, давлатпаноҳ, хиёнати учун!
ДЕВОНБЕГИ: Амирлар келсунларму?
УЛУҒБЕК: Йўқ, энагамни олиб кирингиз… Мени ёлғиз қолдирингиз…

( Ҳамма чиқиб кетади. Амир Вафодорнинг онаси киради.)

УЧИНЧИ КЎРИНИШ

МИРЗО УЛУҒБЕК ВА ОНА

УЛУҒБЕК: Пойқадамингиз бош устига, она…
ОНА: Аллоҳ сизни паноҳида асрасун, подшоҳим!
УЛУҒБЕК: Подшоҳим демангиз, болангизман. Омон бормусиз, она?
ОНА: Юрт тинчму, шоҳ ўғлим?
УЛУҒБЕК: Тинч, она, тинч… Фақат…
ОНА: Юрт тинч – оналар тинч, шоҳ ўғлим… Ишончим сиздан, ёлғиз умидим сиздан… У дунёю, бу дунё сиздан розиман…
УЛУҒБЕК: Ахир, сиз ҳали… Нега бу яқин орада саройга келмадингиз?
ОНА: Подшоҳ болам, мен энди саройга зинҳор қадам босмайман. Балки бу сўнгги келишимдур…
УЛУҒБЕК: Ё биздан кўнглингиз қолдиму? Гарчи бунга сабаб ҳам бордур.
ОНА: Сиздан эмас, ҳокимият деб атрофингизда туну кун заҳар сочган илонлардан кўнглимни олдириб қўйдим. Сизни тез-тез кўргим келади, аммо безовта қилишга ҳаддим сиғмайди.
УЛУҒБЕК: Қадамингиз ҳамиша бошимиз устига, она!
ОНА: Подшоҳ ўғлим, бобонгиз хизматини қилган не-не баҳодурлар, бибингиз даргоҳини тўлдирган не-не оқилалар оламдан ўтдилар. Улардан ёлғиз мен қолдим… Ёшим саксонга етганда, умримнинг энг тахир даври бошлангай деб ўйламаган эдим…
УЛУҒБЕК: Нечун, она, нечун?
ОНА: Шунча йил умр кўрганим аввал худойимдан, сониян сизнинг фарзандлик меҳрингиздандур. Лекин энди бошингизга тушган фалокатни эшитиб қон йиғлайман. Ахир, болам, ота-бола хусуматида ғолиб тараф бўлгайму? Қайси томон енгилса, қайси томон ғолиб келса ҳам бахтсизлик келтирмагайму?
УЛУҒБЕК: Ахир, бу ноқобил ўғил муомалага кўнмаса, нима қилай?
ОНА: Ноқобил ўғил… Ноқобил ўғил ҳақида гапириб бағримни куйдирманг, улар ҳақида кейин айтамен… Ҳозир мен сиз ҳақингизда гаплашишга келдим, болам.
УЛУҒБЕК: Мен ҳақимда?.. Мен ҳақимда ҳамма гапни биласиз-ку, она!
ОНА: Биламан, подшоҳ болам, биламан. Чап елкангизда қаро хол борлигини биламан. Ўнг қошингизда билинар-билинмас чандиқ изи – қиличбозликдан нишона борлигини биламан… Ақл-идрокингиз эл-улусга нима берганини билишни истаймен!.. Бибингиз билан сизни мудом золим подшоҳ эмас, олим подшоҳ бўлишингизни ният қилар эдик… Бибингиз ниятларини кўролмай, оламдан ўтиб кетдилар, шукур, мен кўрдим… Аммо, шоҳ ўғлим, кўнглимнинг бир четида сизнинг камолингиздан фахрланиш ҳисси бўлса, бир четида…
УЛУҒБЕК: Гапиринг, она, гапиринг… Бир четида нима?
ОНА: Бир четида мана шу камолот йўлида сиз берган, бераётган, беришга мажбур бўлган қурбонликлар ҳақлигига шубҳам бор!
УЛУҒБЕК: Шубҳа?! Нега, она?.. Сиз қандай қурбонликлар ҳақида гапирасиз?
ОНА: Осмонни кузатаман деб ерда бўлаётган кўп нарсалардан бехабар қолмадингизму, болам?.. Яна билмоқчиман, оналар юраги изтиробдан инграйди-ю, нега ҳокимият ҳирсидан маст фарзандлар юрагида раҳму шафқатдан асар йўқ? Айтингиз, подшоҳ болам, нега сизга хиёнат қиладилар – подшоҳ бўлганингиз туфайлиму ёхуд олим бўлганингиз учун?
УЛУҒБЕК: Улар менга эмас, инсонийликка хиёнат қиладилар. Улар жаҳолат билан чиқишолмаганим, ваҳшийликни рад қилганим учун, инсонга ато этилган илоҳий ақл туҳфалари ила эл-улусни баҳраманд қилмоқчи бўлганим учун хиёнат қиладилар.
ОНА: Бундай тубан ғаразга тожу тахт сабаб эмасми, болам?
УЛУҒБЕК: Ҳа, она, ҳаққаст рост!
ОНА: Шундай экан, тожу тахт деб ўзингизни қурбон қилишингиз равому?
УЛУҒБЕК: Оҳ, онажон, бу тожу тахт юки елкамни қанчалик эзаётганини билсангиз эди! Уни хоину жоҳилларга топширсам, балки ўзумни қутқарурман… Аммо эл-улус, бутун мамлакат жаҳолат домига тушишидан қўрқаман. Бостириб кирган ёғийни ҳайдаб чиқармоқ учун йиллар керакдур, аммо жаҳолатни енгмоқ учун неча замонлар лозим бўлади. Тахтда ўтирибманким, тиним билмай ғараз билан, жаҳолат билан, зулму адоват билан олишаман, жанг қиламан! Аммо даҳшати бу эмас… Энг даҳшати зулмга қарши зулм қилмоқдур!
ОНА: Мен ҳам шундай қилдим, болам, мен ҳам…
УЛУҒБЕК: Сиз нима қилдингизки, зулм бўлса… Сиз меҳрдан йўғрилгансиз…
ОНА: Оҳ, болам…
УЛУҒБЕК: Йилларким, мана шу меҳру оқибат, муҳаббат паноҳида ором олмоқ бўламану баҳраманд бўлолмайман… Муҳаббат ҳам, садоқат ҳам қон билан бўялган, отанинг ҳам, фарзанднинг ҳам юрагига ана шу шафқатсизлик чангали ботган…
ОНА: Онанинг ҳам…
УЛУҒБЕК: Йўқ, онажон, йўқ, она юраги ҳамиша беғубор, ҳамиша шафиқу меҳрибон… Мен нима қилишимни билмай қолдим, онажон… Бундай рўйисиёҳликларни кўришдан жангу жадалда иззатона ўлим топсам яхши эмасмиди?
ОНА: Ундай деманг, болам, ундай деманг! Сиз аввал менинг ёшимга етинг… Кейин ўлимни ўйлайсиз…
УЛУҒБЕК: Бу ўткунчи дунёга ҳеч ким устун бўлолмаган. Дорулбақо чорламоқда мени, она!
ОНА: Ниятни яхши қилинг, шоҳ ўғлим!.. Илоҳим, ота-бола икковингиз ҳам кетимда қолингиз, доғларингни кўргулик қилмасун… Менинг доғим ўзумга етарли… Менинг доғим юрагимнинг ич-ичида. Фарзанд доғи сизни эмас, мени ўлдурсин. Ҳаммасини ўзимга олдим, болам, ўзимга олдим…
УЛУҒБЕК: Сўзларингиз ғалати, она, англамоқ мушкул…
ОНА: Англамаганингиз, яхши, болам, англамаганингиз… Балки мендан нафратланарсиз, мендан юз ўгурарсиз…
УЛУҒБЕК: Нечун ундай дейсиз? Сиз менга қилган яхшиликлар учун нафратланайму? Сизга доим фарзанддек оқибат кўрсатиш ниятидаман…
ОНА: Менга қилган иноятларингиз бир фарзанд оқибатидан устун. Берган оқ сутимдан мингдан-минг розиман. Аммо ўғлим…
УЛУҒБЕК: Вафодор…
ОНА: Вафодор… мен ундан жудо бўлдим.
УЛУҒБЕК: Вафодор ҳали зиндонда… Унинг жазоси ўлим деб топилди… Аммо мен… берган оқ сутингиз ҳурмати…
ОНА: Йўқ, болам, йўқ!.. Берган оқ сутимни хиёнатга алмашманг. У қаро этган сутимни ўртага солманг…
УЛУҒЕК: Ҳали тафтиш қилурман… Айби бўлмаса, исбот келтирса, озод қилурман…
ОНА: У озод бўлди…
УЛУҒЕК: Ким озод бўлди? Ким, она?
ОНА: У озод бўлди… Ўғлим озод бўлди…

(Она йиғлаб ерга чўкади. Худди шу палла Девонбеги ҳовлиқиб киради.)

ДЕВОНБЕГИ: Давлатпаноҳ, мудҳиш хабар!
УЛУҒБЕК: Тағин нима бўлди?
ДЕВОНБЕГИ: Амир Вафодор…
ОНА: Оҳ, болам!..
УЛУҒБЕК: Амир Вафодорга нима бўлди?
ДЕВОНБЕГИ: Худо раҳмат қилсин!
УЛУҒБЕК: Вафодор…
ДЕВОНБЕГИ: Уни заҳарлабдилар…
УЛУҒБЕК: Ким? Қачон? Ким бу ишга журъат этди! Шошилинч тафтиш бошланг! Соқчиларни қийноққа солиб эрса-да, бу ишни ким қилганини аниқланг!

(Д евонбеги онага тикилади, нима дейишни билмай тараддудда қолади.)

УЛУҒБЕК: Нега турибсиз? Амримни эшитмадингизму? Боринг, ер тагидан бўлса ҳам қотилни топиб бу ерга келтиринг!
ОНА: Шошманг, подшоҳим… шошманг, болам… Соқчиларни қийноққа солишга шошилманг! Вафодорни… боламни… мен ўзим… ўзим…

(Улуғбек унга ажабланиб қарайди…)

УЛУҒБЕК: Нима?.. Нима дедингиз, онажон?!.
ОНА: Вафодорни… мен ўзим ўлдирдим. Мана шу қўлларим билан унга овқат пиширдим, мана шу қўлларим билан заҳар солдим.
УЛУҒБЕК: Ё Аллоҳи Карим, бу қандай ёзуғинг бўлди?!.
ОНА: Ёлғиз тилаб олган ўғлим… Бағримдан кўчган болам… Бу азобга даво борму, болам?.. Бибингизга қай юз билан рўпара бўлгайман?!. Наҳотки зулмнинг жазоси фақат зулм бўлса?!.
УЛУҒБЕК: Нечун?.. Нечун бундай қилдингиз, она?
ОНА: Нима қилай эдим, болам? Оғаси бўлмиш сизга, юртига, туз-намак берган хонадонга хиёнат қилган, ота-бобоси тупроғини ёғийга сотмоқчи бўлган фарзанд жонини тилаб ялинай эдиму?
УЛУҒБЕК: Бу ишни қилманг эди, она!
ОНА: Биламан, болам, биламан, ҳатто илонлар ҳам болаларини ўлумдан қутқармоқ учун оёқлар остига судралиб борадилар. Ҳатто йиртқич бўри ҳам ўз боласига ўлим тиламайди. Аммо мен… мен… мен…
УЛУҒБЕК: Бу қандоқ ҳол, қандоқ аҳвол бўлди, онажон?
ОНА: Набираларим салтанат сарҳадларида жонфидойилик қилиб турибдилар. Улар оталари қилмишини билмасинлар, бетлари қаро бўлиб турмасинлар деб шундай қилдим! Болам шарманда бўлмасун, жаллод қўлида ўлимдан қўрқиб талвасага тушмасун, ҳеч бўлмаса ўлумини қўрқмай кутиб олсун деб шундай қилдим, болам! Ахир, ҳаёт ёлғиз нафас олишдан иборатму, шармандаликдан ўлум афзал эмасму?!. Аммо мен қилган ишни сиз қилманг… Ўғлингизни авф этинг… авф этинг… Оҳ, бағримдан кўчган болам!

ИККИНЧИ ПАРДА

ТЎРТИНЧИ КЎРИНИШ

Биринчи кўринишдаги манзара. Саҳнада шаҳзода Абдуллазиз пайдо бўлади, кўзлари безовта чақнайди, руҳи паришон.

АБДУЛЛАЗИЗ: Қаерга бормайин, ҳамма: «Подшоҳ бўласанми? Подшоҳ бўла­санми?» деб шивирлаётгандай… Ёлғиз қолсам ҳам кимдир «Сен подшоҳ бўласанми?» деб айтгандай бўлади. Қулоғимга тинмай шу сўзни айтади. Ҳадеб шу гапнинг ўзи такрор бўлгани бўлган:
Йўқ, мен валиаҳд бўлишни ҳам истамайман, подшоҳ ҳам… Қўрқаман… Абдуллатиф барибир теримга самон тиқади. Соғ қўймайди…

(Улуғбек киради, бир муддат ўғлининг ҳолатини кузатади. )

УЛУҒБЕК: Абдуллазиз! Неларни пичирлайсан? Нечун рангингда ранг йўқ?
АБДУЛЛАЗИЗ: Падари бузрук!

(Абдуллазиз югуриб келиб, тиз чўкиб отасининғ этагини ўпади. Улуғбек уни кўтариб, кўзларига тикилади.)

УЛУҒБЕК: Нечун бунча титрайсан? Нечун юрагимга даҳшат соласан?
АБДУЛЛАЗИЗ: Падари бузрук, мен валиаҳдликни минбаъд истамайман! Абдуллатиф валиаҳд бўла қолсун! У барибир мени ўлдиради! У сизни ҳам соғ қўймайди…

(Улуғбек жаҳл билан Абдуллазизни ўзидан итаради.)

УЛУҒБЕК: Не дединг, бадбахт?!. Ақлинг маҳзунлигини билардим… Аммо бунчалик ожизлигингни билмаган эканман!
АБДУЛЛАЗИЗ: Отажон, тавалло қиламан, Абдуллатиф валиаҳд бўлсун!.. Шундай қилмасангиз, у барибир пайт пойлаб…
УЛУҒБЕК: У сенга оға бўлади-ку, падарқусур!
АБДУЛЛАЗИЗ: Валиаҳд деб тан олинганини эшитса, балки йўлидан қайтар, падари бузрук?!
УЛУҒБЕК: Эвоҳ, пешонам шунчалар қарому?!.
АБДУЛЛАЗИЗ: Ҳар сафар Ҳиротдан Самарқандга келганда, мендан кўз узмай, бигиз қилиб санчгани-санчган эди. Валиаҳд бўлганимдан кейин эса кўзларидаги бигиз ханжарга айланди. Бу ханжар туну кун қонимни тилайди.
УЛУҒБЕК: Ўзунгни тут, шаҳзодаи валиаҳд!
АБДУЛЛАЗИЗ: Мен ундан қўрқаман, падари бузрук!
УЛУҒБЕК: Беш ўғлонимдан иккингиз қолдингиз. Аммо нетайким, бирингиз хиёнаткор, бирингиз қўрқоқ! Бир-бирингизга суяниб иш кўрасиз деган умидим бор эди!
АБДУЛЛАЗИЗ: Мени валиаҳдликдан халос этинг, отажон! Мендан раҳму шафқатингизни аяманг… У мени ўлдиради!..
УЛУҒБЕК: Адашган эканман! Заифлигинг туфайли эркалай-эркалай сени шу ҳолга солган мен ўзум! Абдуллатиф мендан узоқда ўсди… Меҳру эътиборни ўзгалардан олди ва ўзи ҳам ўшаларники бўлиб қолди. Буни англадиму сени… қанчалик мурувват қилсам, шунчалик меники бўласан деб ёнимдан жилдирмадим. Аммо, нетайким, бу сафар ҳам адашибман!
АБДУЛЛАЗИЗ: Мен сизни жонимдан ортиқ яхши кўраман, отажон!
УЛУҒБЕК: Агар шундай бўлса, ўзингни тут! Менинг ёнимда тур, шижоатли бўл!
АБДУЛЛАЗИЗ: Аммо Абдуллатиф…
УЛУҒБЕК: Абдуллатиф ҳам инсофга келар, ўғлим.

(Девонбеги киради.)

ДЕВОНБЕГИ: Шайхулислом билан қозикалон сизга мунтазир. Келсинларму?
УЛУҒБЕК: Чорланг.

(Девонбеғи чиқади.)

УЛУҒБЕК: (Абдулазизга) Ғариблигингни кўрмасунлар. Бор, уларнинг кўзига кўринма…

(Абдуллазиз шошиб чиқади. Девонбеги Шайхулислом, Қозикалон, Али Қушчини бошлаб киради.)
БЕШИНЧИ КЎРИНИШ

Улуғбек, Шайхулислом, Қозикалон, Девонбеги, Али Қушчи

ШАЙХУЛИСЛОМ: Шундай қалтис вазиятда бир қари хотун билан бебаҳо вақтингиз ҳайф кетмадими, аълоҳазрат?
УЛУҒБЕК: Сиз қари хотун деганингиз бибим Сароймулкхоним била мени тарбия қилган, оқ сут берган энагам бўлади. Мен унинг идроки, унинг жасорати қаршисида ожизлигимни сездим, сўзларидан ҳикмат уқдим.
ҚОЗИКАЛОН: Аммо сизнинг бу тадбирингиз амирларни ранжитганга ўхшайди. Аларни эмас, хиёнаткор амир Вафодорни туққан хотинни тинглаганингиз амирларга оғир ботди, аълоҳазрат!
УЛУҒБЕК: Дини исломия пайғамбари: «Аввал онангга жавоб қил» деганлар. Шу сабабдан мен даставвал онага жавоб қилдим, қозикалон жаноблари! Сиз айтмоқчи, бу қари хотин энг аввало Онадур. Ёлғиз хиёнаткор ўғлига эмас, менга ҳам онадур! Яна англадимки, у жасоратга ҳам онадур! Сиз айтган ўша дийдиёлар, унинг кўзларидан оққан аччиқ кўзёшлар шул Ватан дийдиёси, шул Ватан кўзёшларидур… Кўксидаги оғриқлар шул Ватан изтиробларидур, унинг тилидан кўчган лаънатлар шул Ватан қарғишларидур, дуолари эса шу юрт дуоларидур! Амир Вафодор менга хиёнат қилдими, йўқ, энг аввал мана шу онага хиёнат қилди! Шу сабабдан ҳам уни шу она жазолади!
ДЕВОНБЕГИ: Аммо… аммо амирлар бағоят ранжидилар, биз керак бўлмай қолдикму, дедилар!
УЛУҒБЕК: Яна нима дедилар?
ДЕВОНБЕГИ: Улар кенгашу машварат қилишнинг вақти ўтди, энди ишнинг натижаси ёлғиз қилич билан бўлгай, деб сиёсат қилмоқдалар.
УЛУҒБЕК: Соҳибқирон бобомизнинг «Давлат ишларининг тўққуз улуши кенгашу тадбир, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилгай» деган ҳикматларини унутдиларму?
ҚОЗИКАЛОН: Давлатпаноҳ, аммо ҳозир давлат ишининг тўққуз улуши хавф остида, қолган бир улуши ҳам қилич ҳимоясиға муҳтождур!

(Орага сукунат чўкади. Ниҳоят Улуғбек «чорланг» дегандек Девонбегига ишора қилади. Девонбеги чиқиб, амирлар: Бобо Ҳусайн Туркистоний, Султоншоҳ Барлос, Шоҳ Вали, Мироншоҳ қавчинларни бошлаб киради.)

ОЛТИНЧИ КЎРИНИШ

Улуғбек, Девонбеги, Шайхулислом, Қозикалон, Али Қушчи, Амир Бобо Ҳусайн Туркистоний, Султоншоҳ Барлос, Амир Шоҳ Вали, Амир Мироншоҳ Қавчин

ШОҲ ВАЛИ: Яратган эгамдан Искандари замон бўлмиш султонимиз Улуғбек Кўрагон ҳазратларига иноятлар, давлатларига омонлик тилаймиз!
УЛУҒБЕК: Амир Шоҳ Вали, муддаога ўтингиз…
ШОҲ ВАЛИ: Биз, бизнинг ота-боболаримиз улуғ жаддингиз соҳибқирон Амир Темур Кўрагон ҳазратга, ул беқиёс зот авлодларига, шул қаторда сизга, энг аввало сизга садоқат била хизмат қилганлар, хизмат қиляпмиз. Салтанат истиноди ҳам…
УЛУҒБЕК: Мақсад, амир шоҳ Вали, мақсад?!.
ШОҲ ВАЛИ: Бош устига, олампаноҳ!.. Эъзозу икромнинг, сийлашларнинг ҳам чеки бор. Мирзо Абдуллатиф ҳаддидан ошди, кўнгли тахт тусаб қолди, фикри бузуқлиққа юз тутди. Сиз эса унга панду насиҳат, мактуб йўллашдан бошқа чорани кўрмайсиз… Иккиланасиз!
СУЛТОНШОҲ: Иккиланиш бўлажак мағлубиятдур, подшоҳим!
МИРОНШОҲ: Туққон отага қўл кўтарган фарзанд фарзандми, аълоҳазрат? Андоқ фарзанд баҳридан ўтган яхши, боридан-йўғи дуруст!
ШОҲ ВАЛИ: Фикри бузуқ шаҳзода шиддат била бостириб келмоқдадур. Қўлида қиличи яланғоч. Қилич кўтарган одам эса баҳона қидирмайди. Ё ўлдирсалар, ё банди этсалар, тўхтайди, холос…
ҚОЗИКАЛОН: Мирзо Абдуллатиф эҳтиёткорликни билмайдиган, серзарда, дағал йигит, ор-номуси ҳам ўзига яраша. Ўйламай-нетмай иш тутади. Неча марта ани Балхдан ихрож этмак лозимлигини гоҳ ишора, гоҳ очиқ, яширмай фаҳмингизга еткурган эдик. Тингламадингиз! Ҳатто рақибларингиз била яширин тил бириктира бошлаганини билиб ҳам, кўрмаганга олдингиз!
ШОҲ ВАЛИ: Эмди шунча гапдан кейин ҳам бизнинг қўл қовуштириб ўлтирганимиз тўғри келмас, подшоҳим!
МИРОНШОҲ: Сизнинг тараддудингизни ожизлик аломати деб билган айрим амирлар Самарқандни хуфия тарк этиб, шаҳзода ҳузурига кетмоқдалар.
УЛУҒБЕК: Нима қил дейсиз?
ШОҲ ВАЛИ: Гумроҳ шаҳзодани тўхтатмоқ, адабини бермоқ керак!
УЛУҒБЕК: Хожа Низомиддин, сиз айтинг…
ДЕВОНБЕГИ: Мактубни кеча жўнатмоқ зарур эди. Энди…
ҚОЗИКАЛОН: Яна мактуб! Панду насиҳатнинг вақти ўтди, давлатпаноҳ!
СУЛТОНШОҲ БАРЛОС: Қутурган шер каби босиб келаётган шаҳзодаға сўз кор қиларига инонурмисиз!
УЛУҒБЕК: Агар адолат била иш тутсак кор қилгай!
МИРОНШОҲ: Қутурган дарёни банд билан, қутурган туяни каманд билан, қутурган душманни жанг билан тўхтатарлар, адолат билан на дарёни, на душманни, ҳатто на туяни тўхтатиб бўлади. Ўғлингизни ҳам ёлғиз қилич тўхтатиши мумкин!
ШОҲ ВАЛИ: Ҳузурингизга давлатингиз омонлиги деб келдик, подшоҳим! Оқпадар шаҳзода…
УЛУҒБЕК: Мен ҳали ўғлимни оқ қилганимча йўқ…
ШОҲ ВАЛИ: Абдуллатиф мирзо сизни тожу тахтдан соқит қилиб, ўзи подшоҳ бўлмоқчи! Ота тирик экан, қачон ўғил подшоҳ бўлган? Биз бунга асло йўл қўймасмиз! Биз сизнинг садоқатли амирларингизмиз. Шундоқму?!
МИРОНШОҲ: Ҳа, тақсир, шундоқ! Биз бу ерга сизни деб келдик, подшоҳим!
УЛУҒБЕК: Мени деб келган бўлсангиз билиб қўйингиз: мен фарзандим қонини тўкишни истамасман! Яхшиси тожу тахтдан воз кечаман!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Подшоҳим, аччиққа эрк берманг.
ҚОЗИКАЛОН: Асло бундоқ сўйламанг аълоҳазрат!
УЛУҒБЕК: Минбаъд менга бу ҳақда гапирманг! Агар сиз…

(Улуғбек амирларга яқинлашиб, уларга қаттиқ тикилади.)

Агар сиз ўғлим билан жанг қилишни истасангиз, борингиз, жанг қилингиз! Аммо мени фарзандимга тиғ кўтаришга мажбур қилмангиз!..
Йўқ, яхшиси, борингиз, қочқин мунофиқлар ортидан шаҳзода олдига борингиз, биргаликда бошимга келингиз! Ахир сизни билмайманми? Мана сиз, амир Шоҳ Вали, Султон Улуғбек подшоҳлиққа ярамайдур, ё подшоҳлик қилсун, ё юлдуз санасун, деб сухандонлик қилганингиз ёлғонму?! Ёхуд сиз, амир Султоншоҳ, ўз фарзандларини эплолмаган киши қандоқ подшоҳлик қилсун, деб айтганларингиз-чи?!
СУЛТОНШОҲ: Астағфуруллоҳ! Подшоҳимизга равшан бўлсунким, бундоқ мажзум сўзлар бизга тамоман ётдур. Сизнинг ҳам ҳукм-фармолиқда, ҳам илм бобида яктолигингиз ҳамиша бошимиз устида бўлган!
ШОҲ ВАЛИ: Сизга бундай иғвони еткурган кимсаларнинг нияти содиқ қулингизга туҳмат қилмоқдан ўзга нарса эмас!
УЛУҒБЕК: Сизга мен эмас, мулк талашадиган, қиличини қинига солмайдиган под­шоҳ керак! Мақсадингиз жангу жадал баҳона давлат орттириш, ҳамёнингизни қап­пайтириш!
ШОҲ ВАЛИ: Онҳазрат, асоссиз надоматлар қилманг!
СУЛТОНШОҲ: Аллоҳга минг қатла шукурким, қиличимиз зўри билан давлатингизни сақладик, хазинангизни тўлдирдик!
ШОҲ ВАЛИ: Сиз, подшоҳим, хазинани расад харжига, мадраса-ю, толибларга сарфлайсиз. Салтанат асоси бўлмиш қўшинни унутасиз! Оқибатда мудом талофотдасиз!
СУЛТОНШОҲ: Абулхайрхон яғмоси туфайли мамлакатингиз вайрон, хазинангиз чўғи паст. Бу ёқда номард фарзанд исёни… Шунга қарамай, расад таъмирини ўйлайсиз, Қоҳира-ю Бағдоддан, Ҳинду Хитойдан қимматбаҳо анжомлар, китоблар харид қилиш билан оворасиз!

(Улуғбек ялт этиб, Али Қушчига қарайди.)

УЛУҒБЕК: Али, уста Абдулғаффорни даъват этдингизми?
АЛИ ҚУШЧИ: Уста Абдулғаффор зарур нарсалар рўйхатини тузмакдалар. Сониян амрингизга биноан котиблар ҳам босқин пайтида ўт кетган китобларни жадал таъмир этмоқдалар…
СУЛТОНШОҲ: Яна китоб?!. Китоб битмак, китоб ўқимак кишини ожиз қиладур, кўнглини юмшатадур. Тожу тахт, салтанат эса абадул-абад куч кимда бўлса, ўшанга мусалламдур. Жаҳонгир бобонгиз «Куч адолатда!» деб айтганларининг ҳикмати ҳам шул эмасму?
УЛУҒБЕК: Шон-шавкатли бобомнинг айтганлари куч эмас, адолат ҳақидадур. Ҳар қандай куч адолатсиздур, ҳар қандай адолат қудратлидур – мана бобом ўгитининг асл ҳикмати!
Яна шуни билингким, амир Султоншоҳ, одамлар учун энг фахрли иш китоб битмак, китоб ўқимакдур. Илло, қалам ёдгорлиги ўлмасдур, абадийдур! Биз ҳам, сиз ҳам кун келиб бир ҳовуч тупроққа айланамиз, лекин китоблар абадиян одамларга ҳаётни ўргатувчи мураббий бўлиб қолажаклар!
ҚОЗИКАЛОН: Мураббий дейсиз… аммо, сиз неча минг жилд китоб ўқиган подшоҳнинг устига энг доно ҳукамолар сабоғини олган, китобхон шаҳзоданинг бостириб келаётганига нима дейсиз? Ё унинг мураббийси китоб эмасму? Китоб, албатта! Аммо, бошқа китоб – мана шу замон китоби! Мана шу замон анинг мураббийсидур!
ШОҲ ВАЛИ: Давлатпаноҳ, дунёнинг жилови кучнинг қўлидадур. Осмондаги юлдузларни ўрнидан қўзғатиб бўлмаганидек, бу низом ҳам ўзгармасдур! Жонингизни қурбон қилган тақдирдаям, бу дунё, бу давр қонунларини ўзгартиролмайсиз!
УЛУҒБЕК: Мен буни англаб етганман, амир Шоҳ Вали. Азал-абад куч кимда бўлса, ким инсон қонини дарё-дарё оқизса, бошқаларни қул қилса, хўрласа – ўшани мақтайдилар. Жангу жадалларни шижоат деб биладилар, ота ўғилни, бобо неварани ўлдиради, одам-одамни хўрлайди, тиз чўктиради, банди этади – мозийдан то ҳанузгача тирикликнинг мазмуни, ҳаётнинг лаззати мана шунда деган ҳикматлар тўқилади.
ШОҲ ВАЛИ: Аслида ҳам шундоқ эмасму, давлатпаноҳ? Буларнинг барчасини қоралаб, лаънат тамғасини босишга уриниш, ҳамма жойда хайру барака, ҳамма ишда адолат бўлишини истамоқдан манфаат борму? Ахир, бу инсон ваҳший махлуқот эканлигини, уруш эса унинг ҳаёт тарзи эканини унутган кишиларнинг касби эмасму?
УЛУҒБЕК: Демак, сизнингча ҳақиқий куч-қудрат зўравонликдами? Лекин дунёда бошқа куч ҳам бор: бу яхшилик, бу адолат куч-қудрати! Бунга эришиш қийинроқ, мураккаброқ! Эзгулик учун, адолат учун урушдан кўра кўпроқ матонат ҳамда саъи-ҳаракат лозим.
Мен куч-қудратни, адолатни илмда кўраман. Ҳа, амир жаноблари, илм ҳам адолатдур. У ўз адолати била сўқир кўзларга зиё бағишлайди, жоҳил диллардан зулматни қувади, хастага даво, адашганга нажот беради.
СУЛТОНШОҲ: Сиз илму урфонда ягонасиз, шуҳратингиз етти иқлимни тутган. Аммо шу илмингиз, ўзингиз айтган куч-қудратли, адолатли илмингиз шаҳзода қўшуни йўлини тўса оладиму?
УЛУҒБЕК: Менинг илмим, боболаримиз илми инсониятни фалокат йўлига бошлаган жаҳолат, қон ва истибдод йўлини тўсади!
СУЛТОНШОҲ: Онҳазрат, бу гапларни англамоқ бизларга бағоят мушкул!
УЛУҒБЕК: Сизнинг ақлингиз фақат қилич кўтармоққа етадими, амир Султоншоҳ!
СУЛТОНШОҲ: Етти отам ҳаққи, бу надоматни кутмаган эдим, давлатпаноҳ! Агар қилич кўтарган бўлсам, давлатингиз шавкати учун қилдим. Ақлим шунга етибдими, Аллоҳга шукурлар бўлсун! Айтмоқчи эмас эдим, аммо айтишга мажбурман: давлатингиз равнақи мана шу қилич зарбига боғлиқ!
ШОҲ ВАЛИ: Унутманг, подшоҳим, тарих ҳам аввал тиғ билан, кейин эса қалам билан ёзилади. Қиличларимиз соясида китоблар битдингиз, зиж туздингиз, расад тикладингиз. Нафақат сиз, саф тортсалар, бир қўшун бўлғуси ҳукамоларингиз, толибларингиз, қолаверса салтанатда бир хас борким, барчаси мана шу қиличлар паноҳидадур!
Улуғбек бутун суҳбат давомида сукут сақлаган Амир Бобо Ҳусайн Туркистонийга қарайди
УЛУҒБЕК: Сиз нечун сукутдасиз, нега келганингиздан буён оғиз очмайсиз, амир Бобо Ҳусайн? Нега сиз жимсиз, нега қиличингизни мадҳ этмайсиз?
БОБО ҲУСАЙН: Мен қиличим зарбасини яхши биламан, шаҳриёр!
УЛУҒБЕК: Сўйлангиз, сиздек марди майдон гапирмаса, ким гапирсун?!
БОБО ҲУСАЙН: Амирлар қилични айтурлар, аммо юракни, идрокни унутиб айтурлар.
УЛУҒБЕК: Қилич ва юрак… Қилич ва идрок! Қизиқ?!. Сўйланг, амир, сўйланг…
БОБО ҲУСАЙН: Ҳа, шаҳриёр, салтанатнинг хору хаси шу қиличлар паноҳида, ҳа, тарих аввал қилич билан, кейин қалам билан ёзилган, ҳа, мадрасалар ҳам, расад ҳам шу қиличлар қудрати туфайли бунёд бўлган. Аммо салтанат ёлғиз қиличлар зўрлиги била эмас, ақлу заковат била баракот топажак! Қилични ҳам яратган шу заковат, шу тафаккур. Аммо у қилични ўзини ҳимоя қилиш учун яратгандур!
Яна шу нарса маълум бўлсунким, қиличим юрагим амрига тобе бўлганидек, мен ҳам сизнинг идрокингизга бош эгурман. Мен Султон Улуғбек Кўрагон давлатигина эмас, унинг тафаккури ҳам ҳимояга муҳтожлигини яхши биламан!
ШОҲ ВАЛИ: Мақсаддан чалғидик, подшоҳим. Икки йўлдан бирини танламоғингиз шарт! Ё қўл қовуштириб, қисматингизни ўғлингиз ихтиёрига топширмоқ. Ёинким қилич бирлан шаҳзода йўлини тўсгайсиз. Шу йўлни тутсангиз, биз сизга садоқат билан хизмат қилгаймиз, амрингиздан зинҳор бош тортмагаймиз, нимаики буюрсангиз, «Бош устига!» дейишдан нарига ўтмагаймиз.
УЛУҒБЕК: Ё бош эгиб, чангу ғуборга қоришиб ётмоқ, ё ғазабланган иблис кўзли илон янғлиғ аёвсиз ниш урмоқ – тақдиримда кўрингани шуми? Иккисидан бирини танлашим керакми?
ШОҲ ВАЛИ: Ҳа, олампаноҳ!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Подшоҳимизнинг истаги қаергача етса, биз ҳам ўша ергача борурмиз.
УЛУҒБЕК: Қулоқ солингиз. Барчамизга даҳшат солаётган бу хавфдан мен асло четда қолмоқчи эмасман. Ҳа, мен подшоҳман. Аммо мен ўша бадбахтга отаман…
ҚОЗИКАЛОН: Салтанат ишида кўнгли бўшлик ярамайди, олампаноҳ?!
УЛУҒБЕК: Наҳотки мактуб жўнатмак билан иш битмаса? Қаламнинг ишини қилич қилолмас, дейдилар.
ҚОЗИКАЛОН: Ҳа, давлатпаноҳ, қилич кесмаганини қалам кесади. Аммо энди кеч, шаҳзода дарёни кечиб ўтди.

(Улуғбек Девонбегига қарайди. Девонбеги ҳам «энди кеч» дегандек бош чайқайди.)

УЛУҒБЕК: Наҳотки, кеч… Наҳотки?!.
ШОҲ ВАЛИ: Лочиннинг учарга мадори қолмаса, чумчуққа масхара бўлгай. Давлатпаноҳ, ҳаддидан ошган шаҳзодага куч-қудратингизни кўрсатиб қўйинг. Ҳали қиличингиз ўткир.
УЛУКБЕК: Қиличим ўткир бўлса-да, ўз сопини кесолмагай, амир!
МИРОНШОҲ: Аммо бир қинга икки қилич сиғмас, аълоҳазрат!
ШОҲ ВАЛИ: Ярани силаб-сийпамаслар. Тиғ била кесиб ташлайдилар. Шундай қилмасалар, у бутун вужудни заҳарлаши мумкин. Шаҳзодага сўз кор қилмас, тиғ кифоя!
СУЛТОНШОҲ: Халқнинг «Шамол куни чақирма, зое кетар овозинг» деган ҳикмати бордур. Эндиги панду насиҳат зое кетган овозингиз бўлгай!
УЛУҒБЕК: Ахир, бутун умрим шамол ичида кечди-ку, амир Султоншоҳ! Шамол тўхтайдиган кун борму ўзи бу замонда?!. Сиз ҳам шу фикрдамисиз, амир Бобо Ҳусайн?!
БОБО ҲУСАЙН: Мен ҳам жанг қилмоқ фикридаман, аммо ёлғиз Абдуллатиф мирзо адабини бермоқ мақсадида эмас, бундоқ исёнларга йўл қўймаслик, Ватанни қаро кунлардан асраш мақсадида!
УЛУҒБЕК: Бутун тарих олдида, бутун эл-улус олдида, дўсту душманга масхара бўлуб, шармандалигу тавқи лаънатни бўйинга олиб, ота-бола тожу тахтни деб майдонда ёқа бўғишамизму? Хусумат, адовату таъма деб бу муборак заминни қонга бўяймизму?
ШОҲ ВАЛИ: Хийла ноҳақ қон тўкилур, аммо илож йўқ!
БОБО ҲУСАЙН: Беҳуда қон тўкмакдин гуноҳи азим йўқ! Аммо жанг қилиб исён йўлини тўсмасак, қўл остида милтираб турган бошқа бузғунлик гулханлари эртага ёнғинга айланур!
УЛУҒБЕК: Хийла ноҳақ қон тўкилур дейсиз, амир Шоҳ Вали?! Сиз учун бу мардоналик, қаҳрамонлик, аммо мен учун юзсизликдур. Вақт ғанимат деб бутун ёмонликларни намоён этишга ошиқмангиз! Адолат учун ҳали муддат бор! Ўғлимнинг қиличи бўйнимга урилгунча муҳлат бор!
ШОҲ ВАЛИ: Хийла қон тўкилур деганимни маломат қилманг, олампаноҳ! Ахир, дунёнинг ўзи қатли ом майдони-ку?! Ҳар бир дақиқада ўнлаб, юзлаб, минглаб одамзот абадиян кўз юмиб туришини наҳотки билмасангиз?! Бунинг учун ким айбдор? Арсаи офоқнинг ҳар бир сиқим тупроғи қотиллик қонини шимган, салтанат, подшоҳлик борким, девори қон… инсон қони билан қорилган! Бу оқсоч дунё қисмат дафтарига ўз ҳикояларини қон била узлуксиз ёзиб туради. Бутун олам бўйлаб югурган қон дарёлари сиқилган анор сувлари янглиг томчи-томчи бўлиб ҳаёт косасига тўхтовсиз қуюлиб туради.
УЛУҒБЕК: О, амир Шоҳ Вали, сўзларингиз бутун фикру хаёлларни, бутун атрофни қонга бўяйди! Инсон ўз қонига ботгани сайин, иблиснинг даҳшатли қаҳқаҳаси, истеҳзоли кулгуси шунчалик ортар, шунчалик авжига минар!..
Ўғлимни қайтар менга, қайтар, иблис кўзи!
Нега дарёдан ўтдинг, Абдуллатиф, нега ўтдинг?
МИРОНШОҲ: Йўлини ҳеч ким тўсолмайдигандай важоҳат ясаб келмоқда!
ШОҲ ВАЛИ: Довул ҳайдаган булутлар каби ҳирс, адоват ҳайдаган одамни ҳам тўхтатиб бўлармикан?!
ҚОЗИКАЛОН: Ўғлингизнинг қиличи яланғоч!..
УЛУҒБЕК: Ўғлим эмас, жаҳолат… Жаҳолат устимга бостириб келмоқда! Ў`лимнинг эмас, жаҳолатнинг қиличи яланғоч!..
Дарёнинг бу томонига ўтишга ҳаққинг йўқ эди, нега ўтдинг? Нега?!.
Қаердасан, Абдуллатиф? Қулоғингнинг бир чеккаси билан бўлса ҳам бу бепоён кеча қучоғидаги илтижоларимни эшитаётган бўлсанг, менга садо бер, «Ота, мен шу ердаман!» деб айт!

(Улуғбекдан бошқа ҳаммани қоронғилик ютади ва саҳнада Абдуллатиф Мирзо пайдо бўлади.)

ЕТТИНЧИ КЎРИНИШ

Улуғбек, Абдуллатиф Мирзо

АБДУЛЛАТИФ: Мен шу ердаман, падари бузрук!
УЛУҒБЕК: Нима қилиб қўйдинг, нодон фарзанд?
АБДУЛЛАТИФ: Мен дарёни кечиб ўтдим, қиблагоҳ!
УЛУҒБЕК: Ортингда қолган кўҳна дарё каби ўртамизда адоват тўфони! Худди шу дарёдек кучга тўлгансен, беасовсан, худди шу дарё каби йўлингни тўсишларини истамассан.
АБДУЛЛАТИФ: Қайдан бу адоват, ота? Нечун бу беомонлик? Нечун бу алам, бу уқубат, ота?
УЛУҒБЕК: Мен билмасмен, ўғлим.
АБДУЛЛАТИФ: Билмаймен, деманг, падари бузрук, биласиз, яхши биласиз! Сиз бу йўлга олдинроқ киргансиз, мен энди қўл урган ишларга сиз олдинроқ жазм этгансиз!
УЛУҒБЕК: Мен падаримга тиғ кўтармаганмен, Абдуллатиф!
АБДУЛЛАТИФ: Сиз эмасми Мирзо Абубакрни қатл эттирган, Бойқаро мирзога оғу ичирган, Амирак Аҳмад мирзони бадарға этган?
УЛУҒБЕК: Мен бу ишларни қилган бўлсам, салтанат омонлиги, эл-улуснинг тинчлиги учун қилдим. Шундай қилмаганимда, улар бошлаган ғавғолар юртни хонавайрон, салтанатни пароканда қилган бўларди.
АБДУЛЛАТИФ: Сиз эмасму расаду мадраса панасида хаёл сурган, оқибатда бобомдан қолган мулкни яғмога ташлаб, ёғий олдига тушиб қочган, аммо мағлубият сабабини ўзидан эмас, мудом ўзгалардан қидирган, бошқаларни хиёнатда айблаётган, айтинг, падари бузрук?!
УЛУҒБЕК: Мен кимга хиёнат қилдим, вафосизлик қилдим, Абдуллатиф?!. Сўзларинг аёвсиз, ғазабинг қазои-қадардай қатъий ва чексиз!.. Сен жуда ғурурлисан, ўғлим!
АБДУЛЛАТИФ: Ахир, мен сизнинг ўғлингизман, қиблагоҳ! Сиз менга илми фалак, риёзиётни, ғазал, куй битмакни ўргатдингиз. Ғурурни ҳам сиздан ўрганганман, хиёнатда айблашни ҳам фақат сиздан ўргандим!
УЛУҒБЕК: Мен сенга отанг бошига қилич кўтариб бор, деб ўргатмагандим-ку! Бу одат қайси тузукда бор, ўғлим?!.
АБДУЛЛАТИФ: Лекин қайси тузукда бировнинг ғалабасини бошқага бермоқ бор?!. Тарноб жангида жонбозлик қилган ким? Мен эмасму, падари бузрук?!. Аммо ғолиблик нишони кимга берилди? Суюкли ўғлингиз – қўрқоқ Абдуллазизга!
УЛУҒБЕК: Абдуллазиз ўз жигаринг. Мен дунёдан кетар бўлсам, унга ота ўрнида ота бўларсан.
АБДУЛЛАТИФ: Сизнинг хоҳиш-иродангиз ота-боболар низомидан зўрроқмики, шарманда Абдуллазизни валиаҳд атайсиз?!. Қайси тузукда ёзилган, ака тирик экан, уканинг валиаҳд бўлури?!.
УЛУҒБЕК: Шунинг учун туққан отангни жарга итарасанми, ўғлим?
АБДУЛЛАТИФ: Сизни жарга итарган мен эмас, ўша малъун ўғлинғиз! Валиаҳд бўлдум деб ҳирсга берилди, амирларингиз ҳарамини булғади. Қўлида қилич эмас, жом тутмоқни одат қилди. Йигит ёлини ҳарб майдонида эмас, маишат тўшакларида сарф этди. Номингизни қаро этган, шаънингизни ерга урган ўшал муртад эмасму, падари бузрук?!. Йўқ, мен Амир Темур хонадони шаънини булғашларига ҳеч кимга йўл бермасмен!
УЛУҒБЕК: Жисми заиф, ақли маҳзун инингга раҳм-шафқатингни дариғ тутма, ўғлим!
АБДУЛЛАТИФ: Сиз ҳали унга шу сабабдан мурувват қилдингизми? Шу сабабдан уни валиаҳд этдингизми?
УЛУҒБЕК: Ҳа, ўғлим, ҳа! Бу қарорга келган чоғимда Абдуллазиз оғир хаста эди. Ўйладимки, шундай қилсам, ҳаётга ишончи ортар, заифлашган вужуди мунсариф бўлгай. Табиблар муолажати билан эмас, менинг шу аҳдим била маҳзун юраги қувват­ли бўлгай…
АБДУЛЛАТИФ: Кимга хиёнат қилдим, дейсиз! Ахир бу хиёнат эмасми?!. Салтанатни заиф, маҳзун кишига бермоқ салтанатни ҳам заифу маҳзун қилмоқ эмасми, падари бузрук?!
УЛУҒБЕК: Сенинг соҳиби илм бўлганингга ишониб, фаросатинг бу нарсаларга етса керак деб ўйлаган эдим. Инчунин, сен машаққатларни кўп чеккансан, зиндону қувғинлар азобини тортгансен… Ақлинг пишган деб ўйладим. Оға-ини эту тирноқ бўлиб кетасизлар деган умидим бор эди…
АБДУЛЛАТИФ: Ёлғиз шуларни ўйдингизму? Йўқ, асло… асло… Сиз валиаҳдликка мени эмас, Абдуллазизни кўрмоқни хоҳлаган, бу мақсадда менинг ҳақимда турли бўҳтонларни тинмай қулоғингизга қуйган бадниятлар гапига учдингиз! Улар Абдуллатиф қизиққон, Абдуллатиф ўйламай иш тутади, Абдуллатиф ундай, Абдуллатиф бундай деб айтавериб, охир-оқибатда мени ёмонотлиқ қилдилар. Орага ғараз солдилар. Мен жангу жадал кечган пайтимда Абдуллазиз Боғи биҳиштда канизаклар билан маишат қилганини кўриб, кўрмаганга олдилар. Чунки, улар валиаҳд шаҳзоданинг заифлиги, маишатга ўчлиги – келажакда уларга кенг имкониятлар беражагини яхши англардилар.
УЛУҒБЕК: Инингни қилмишларини кўриб, кўрмаганга олган ўша кимсалар ҳозир сенинг ёнингда-ку, ўғлим!
АБДУЛЛАТИФ: Ҳа, улар менинг ёнимда. Эрта-индин амирларингизнинг ҳаммаси менинг ёнимда бўлади! Нима учун, биласизми, падари бузрук?.. (Улуғбек жим) Сиз подшоҳсиз, аммо ўзингизни ҳимоя қилишга мажбурсиз – бу эса заифлигингиз белгисидур!
УЛУҒБЕК: Адолат мен томонда, ўғлим, мен томонда!
АБДУЛЛАТИФ: Шунинг учун ҳам енгиласиз, падари бузрук! Сабаби, мен томонда куч-қудрат дағдағаси! Менинг қўлимда куч-қудрат қиличи, сизнинг илкингизда адолат қалқони! Амирлар ҳеч қачон адолатни ҳимоя қилмаганлар, улар куч-қудрат тимсоли – салтанатни ҳифз этганлар. Куч мен томонда, демак адолат ҳам мен томонда деб ўйлайди, улар.
УЛУҒБЕК: Сен-чи, сен нима деб ўйлайсан?
АБДУЛЛАТИФ: Мен ўйламайман, мен ҳужум қиламан. Мен дарёдан кечиб ўтдим – мана шу менинг ўйлаганим, мана шу сўроғингизга жавобим!
УЛУҒБЕК: Шармандаликдан қўрқмайсанми, Абдуллатиф?
АБДУЛЛАТИФ: Бу замонда мағлублар шармандадур, ғолиблар эмас.
УЛУҒБЕК: Шаҳзода, унутма: кимки бир нарсага ортиқча ҳирс қўйса, у ўша нарсадан ҳалок бўлажак! Яна ёдингда бўлсинким, ким ғолиб бўлади, ким йўқ – буни ёлғиз Холиқи олам билади!
АБДУЛЛАТИФ: Ҳа, Парвардигори олам барини билади.
УЛУҒБЕК: Ўлимдан шунчалик қўрқмайсанми, шаҳзода?
АБДУЛЛАТИФ: Йўқ, падари бузрук, қўрқмайман!
УЛУҒБЕК: Ҳаёт ўткинчи, ўлум эса муқаррар. Ўлимга тик боқмоқлик – ё нодонлик, ё донишмандликдур, аммо ёлғиз иззатли ўлимгина саодатдур.
АБДУЛЛАТИФ: Сиз-чи, сиз, падари бузрук, ўлимдан қўрқмайсизми? Қўрқасиз! Одам ўлдиришдан ҳам қўрқасиз. Йўқ, йўқ, сиз… сиз ўз ўлжасини камон билан овлашни суйган сайёдга ўхшайсиз. Ўқ узасизу ўлжангизнинг ўлим талвасасини кўришни истамайсиз!
УЛУҒБЕК: Бас, Абдуллатиф, бас!.. Мен ҳамиша агар бирор инсон ҳаёти ноҳақ қурбон бўлишини билсам, жонимни тикиб бўлса ҳам уни қутқазиб қолар эдим!
Тақдирни ўзгартиришга уринма, ўғлим. Ахир иккимиз ҳам қисматимиз интиҳосини биламиз-ку? Юлдузлар нималарни башорат қилганидан хабардорсан-ку?!. Али!

(Қоронғиликда Али Қушчининғ юзи ёришади.)

Эсингдаму, Али, Бухорода кекса дарвеш айтган сўзлар? Ўшанда мен қачондир шаҳид кетажагимдан хабардор эдим. Аммо бу чол бундан бехабар, унинг кўзлари сўқир – юлдузларни кўролмасди… Чол айтдики:
АЛИ ҚУШЧИ: Чол айтдики: «Сен шаҳид бўлажаксан!» Сиз сўрадингизки: «Мени ким ўлдирур?» Ул сўқир дарвеш айтдики: «Шеруя!»
УЛУҒБЕК: Ўшанда сен ҳали туғилмаган эдинг Абдуллатиф… Сендан олдин уч ўғил кўрдим. Иккиси эрта нобуд бўлди. Кейин Абдураҳмон…
АБДУЛЛАТИФ: Шўрлик Абдураҳмон ўн икки йил умр кўрди. Ўн икки йил шубҳа остида яшади. Кейин мен дунёга келдим. Мен ҳам шубҳа остига қолдим…
УЛУҒБЕК: Йўқ, ўғлим, йўқ, бундай эмас!
АБДУЛЛАТИФ: Бечора Абдураҳмон оламдан ўтганда, унинг бошида ўкириб-ўкириб йиғладингиз. Сиз юлдузлар башорат қилган жиноят Абдураҳмондан бўлмаслигига унинг ўлими туфайли ишонгач, жувонмарг болангиздан меҳру муҳаббатингизни аяганингиз учун йиғламадингизму, отажон?
УЛУҒБЕК: Йўқ, болам, йўқ, бундай эмас… Мен Абдураҳмонни беҳад суярдим!
АБДУЛЛАТИФ: Ўшанда мен мурғак гўдак эдим. Кўп нарсага фаҳмим етмасди. Аммо сиз шўрлик иним жасади устида йиғлар экансиз, менга боққан кўзларингизда ваҳима кўриб, мурғак юрагим даҳшат туйган эди… Кейин Абдуллазиз дунёга келди. Абдураҳмоннинг ўлими сабаб бўлдими, сиз ундан меҳр-мурувватингизни аямадингиз.
УЛУҒБЕК: Йўқ, ўғлим, ундай эмас… ундай эмас…
АБДУЛЛАТИФ: Туғилган онимдан қаро башорат лаънати остида яшадим. Болалигимдаёқ қисматимдан ўкиндим. Кейин мени онангизга топширдингиз, ҳузурингиздан узоққа – Ҳиротга жўнатдингиз. Тақдирнинг қаро ёзуғини қарангки, сизни туққан волидангиз, менинг бибим кечаю кундуз мени сизга қайради.
УЛУҒБЕК: Оҳ, малика онамиз Сурайё юлдузидек беомон эдилар!
АБДУЛЛАТИФ: Аммо мен сизни беҳад суярдим, бор вужудим ила сизга интилардим! Инимнинг бошини силаган қўлингиз билан мудом мани кўксимдан итардингиз!
УЛУҒБЕК: Мен ҳам сени суярдим, о бахтиқаро фарзандим!
АБДУЛЛАТИФ: Мунажжимларингиз тинмай қулоғингизга шипшиди: «Сизнинг кушандангиз шу ўғлингиз!» «Зинҳор яқин йўлатманг!» деб шипшиди фолчиларингиз! Кечир куфримни, эй Худойим, охир мен ўзим бу сўзларга ишона бошладим. Ўзимни ишонтира бошладим бу сўзларга, сиз мени ишонтирдингиз бу сўзларга!
УЛУҒБЕК: Ҳасратинг меникидан ҳам оғир экан-ку, болам!
АБДУЛЛАТИФ: Ихтиёриддин қалъасидаги хазинамни тортиб олған чоғингизда ўртанмадим, Тарноб жангида нусрат туғини менга эмас, Абдуллазизга берганингизда ўртанмадим, мудом шубҳа остида яшаганимдан ўртандим. Нишопурда хасталаниб тўшакда ётганимда, сиз Абдуллатиф айёрлик қиляпти, менга қарши фитна тайёрлаяпти, деб яна шубҳа қилдингиз. Зудлик билан ҳузурингизга келишимни талаб этдингиз. Мени хаста ҳолимда замбилда кўтариб борганларида ўртандим. Шунда мен дунё шубҳадан иборат эканлигига имон келтирдим, ҳамма нарсани шубҳа остига олдим!
УЛУҒБЕК: Шубҳа бор жойда такаббурлик бор. Такаббур бўлма, ўғлим. Дунёда адолат, меҳру шафқат, эзгулик борлигига ишон.
АБДУЛЛАТИФ: Шу нарсаларга ишониб оқибатингиз нима бўлди? Мен сизга ачинаман, падари бузруквор. Сиз умр бўйи ишонган илму урфон, сиз садоқат қилган адолат, қоида ожиз бўлиб чиқдилар. Улар менинг қиличим, амирларингиз хиёнати олдида ожиз қолдилар.
УЛУҒБЕК: Ўғлим, оёғинг остига қара, мингларча кўзлар термилади. Сен уларни топтаб ўтма, кўзларинг тожу тахт шууридан кўр бўлиб, уларни хор этма! Билиб қўйким, иккимизнинг борадиган жойимиз бир, насибамиз бир ҳовуч қаро тупроқ! Кун келиб, иккимиз ёнма-ён ётурмиз, ўшанда кўзларимга қандоқ қарайсан? Ўшанда менга нималар дейсан?
АБДУЛЛАТИФ: Ҳа, падари бузрук, борар жойимиз ҳам, қисматимиз ҳам бир. Аммо мен энди йўлимдан қайтмайман. Худо бир – аҳду паймон бир! Энди пешонамизга не битилган бўлса, ўша бўлади. Мен сизга қарши бош кўтарган эканман, не қилайким, қисматим шу экан. Мен ила жанг қиласизму, қонимни оқизасизму, бу сизнинг ихтиёрингиз! Мен дарёдан кечиб ўтдим, мен йўлдамен, ота!

( Абдуллатиф ғойиб бўлади.)

УЛУҒБЕК: Абдуллатиф! Ўғлим…

(Саҳна ёришиб яна олтинчи кўринишдаги манзара пайдо бўлади.)

САККИЗИНЧИ КЎРИНИШ

Улуғбек, Шайхулислом, Қозикалон, Девонбеги, Али Қушчи, Шаҳзода, Абдуллазиз, Амир Бобо Ҳусайн Туркистоний, Амир Шоҳ Вали, Амир Султоншоҳ Барлос, Амир Мироншоҳ Қавчин.

ШОҲ ВАЛИ: Неча-неча авлодларнинг куч-ғайрати билан равнақ топиб, ўсиб келган салтанат буюклиги бир бебурд туфайли, бир ҳирс туфайли ҳалокатли қуюнлар гирдобида кулдай соврулажакму?! Танланг, подшоҳим, ё бизни жангга бошланг, ё бизнинг жавобимизни беринг!
УЛУҒБЕК: Нима сиз ҳам ҳозиргина ўзингиз хунини тилаб турган шаҳзода ҳузурига борасизму?
ШОҲ ВАЛИ: Йўқ, асло! Биз бошқа бирон даргоҳга бош ургаймиз… Агар шаҳзода доруссалтанани илгига киритса, ёлғиз бизни эмас, фарзанду аёлимизни ҳам соғ қўймас. Бул ҳам шаръий ҳукмдорга садоқатимиз учундур! Шуни била туриб, қўл қовуштириб турмоқдан кўра, ўзгалар ҳузурига бориб бўлса-да, фарзандларимиз ҳаётини асраш бизнинг вазифамиз эмасму?!
УЛУҒБЕК: Бу нима ёзуғ?.. Ҳазрати Соҳибқирон тузига хиёнат қилгайсизму?!.
ШОҲ ВАЛИ: Ўзга чорамиз йўқ, давлатпаноҳ.
УЛУҒБЕК: Хиёнатдан ўзға чоранғиз йўқму?.. Ота-боболаримиз Соҳибқиронга, биз эса сизга садоқат била хизмат қилганмиз, тоабад шундай бўлуб қолгай, деганларингиз қайда қолди?!. Мунофиқлик қиласизму?
СУЛТОНШОҲ: Мунофиқлар ўғлингиз олдига қочдилар. Биз эса ҳануз даргоҳингизда бош эгиб турибмиз. Аммо сиз хизматимизни, садоқатимизни рад этмоқдасиз!
УЛУҒБЕК: Мен юзсизликни, адоватни рад этяпман, амир Султоншоҳ!.. Сиз ҳам кетасизму, амир Бобо Ҳусайн?
БОБО ҲУСАЙН: Асло, шаҳриёр, асло! Ўзгалар эгри бўлсалар, биз уларга эргашмайлик, амир Шоҳ Вали! Аразу адоватлардан баландроқ турайлик. Агар Абдуллатиф мирзога хусуматингиз бўлса, бунинг учун Ватан устига, эл-улус бошига бегоналарни бошлаб келмоқ керакму?
ШОҲ ВАЛИ: Агар шаҳзодага хусуматим бор бўлса, бу унинг ўз отасига, шаръий султонимизга қарши ёвбошлик қилгани туфайлидур!
БОБО ҲУСАЙН: Бизнинг вазифамиз мамлакатни парчаламоқ орзусида бўлганларни аямай йўқотмоқ, подшоҳимизга садоқат билан хизмат қилмоқлик, аҳдимизни ҳалол, бир томчи қонимиз қолгунга қадар ўтамоқ!
ШОҲ ВАЛИ: Биз ҳали аҳдимиздан кечганимиз йўқ!
БОБО ҲУСАЙН: Алҳамдулуллоҳ! Зулм тиғини ушатмоққа бел боғлайлик. Бугун кудурат, ё машварат палласи эмас, бугун шижоат палласи. Бугун ким шижоатли бўлса, ўша подшоҳдур!
УЛУҒБЕК: Фарзанд билан жанг қилмоқ шижоат эмас!
БОБО ҲУСАЙН: Ватанни сақламак, уни парчаланишдан ҳифз этмоқ шижоатдур!

(Сукут.)

УЛУҒБЕК: Нечун яна жим қолдингиз, Бобо Ҳусайн, гапиринг…
БОБО ҲУСАЙН: Мен омузгор эмас, содиқ бир қулингизман! Бироқ, шу нарса муҳаққақким, шаҳзодага юртни бермаслик керак! Жанг қилмоқ керак!
УЛУҒБЕК: Сиз ҳам фарзандим қонини оқизмоқни тилайсизму?
БОБО ҲУСАЙН: Ишончим комил, агар сиз тожу тахтни ўз ихтиёрингиз билан топшириб, эвазига марҳамат кутсангиз, адашасиз. Шаҳзода баковуллари охир-оқибат жонингизга қасд қилмай қўймайдурлар.
УЛУҒБЕК: Неларни сўзламоқдасиз? Бунга минбаъд ишонмасман! Фарзандим айрим мунофиқлар иғвосига учиб ёвбошлик қилмоқдадур. Аммо у ҳеч қачон ўз падари жонига қасд қилиш журъат этмас! Бундай шубҳага йўл қўймангиз!
БОБО ҲУСАЙН: Бу шубҳа эмас, шаҳриёр, шубҳа эмас!
УЛУҒБЕК: Ўртадаги бу ғавғолар, тўс-тўполонлар боис бизнинг юракларимиз бир-бири учун тилсимотдек махфий қолгандур. Аммо биз бу гина-кудуратга хотима берурмиз. Керак бўлса, унга ўз аҳдимиз била тахтни ҳам топширурмиз! Ҳеч бўлмаса, қариган чоғимизда ҳаловатда бўлурмиз…
БОБО ҲУСАЙН: Сиздан жафо кўрдум деб юрганлар озми? Шаҳзода тахтга ўтириши билан улар сиздан хун талаб қилмасмилар?!. Улардан яхшилик кутмак, ердан туриб юлдузларга қўл узатмак каби имконсиздур.
УЛУҒБЕК: Бу гапларингиз барчаси шубҳаю андишадан ўзга нарса эмас. Яна айтамен: дунёда диёнат, виждон, шариат, оқибат деган нарсалар ҳам бор! Уларни ҳатлаб ўтиш осонмас!
БОБО ҲУСАЙН: Улар дарёдан ҳатлаб ўтгандек, сиз айтган нарсалар устидан ҳам ҳатлаб ўтурлар! Уларнинг ўз адолатлари, ўз диёнатлари бор! Виждон дейсизму? Виждонлари бўлганида эди, улар шаръий подшоҳга тиғ кўтариб келармидилар? Шариатму?!. Улар шариатни ҳам, дини исломияни ҳам ўзларича талқин эттириб, манфаатларига хизмат қилдирурлар… Мана бу ерда ўтирган шайхулислом била қозикалон жанобларини ҳам ўлимингизга фатво беришга мажбур этарлар.
ШАЙХУЛИСЛОМ: Бизга туҳмат қилманг, амир! Шаккокликнинг ҳам ҳадди бор!
ҚОЗИКАЛОН: Мен умрим бўйи адолатга хизмат қилдим. Бундан кейин ҳам, иншооллоҳ, шундай бўлгай! Мажбур қилсалар ҳам, бўйнимга қилич урсалар ҳам, ноҳақ қон тўкилишига хизмат қиладиган ҳеч қандай қоғозга муҳримни босмасман!
БОБО ҲУСАЙН: Улар болаларингизни ўртага қўюрлар! Кўз олдингизда уларга азоб берурлар ва (Қозикалонга қараб) сиз… (Шайхулисломга қараб) сиз ҳам муҳрингизни босишга мажбур бўлгайсизлар!
ҚОЗИКАЛОН: Минбаъд! Теримни шилсалар ҳам мен дўзах азобига элтувчи йўлга кирмасмен! Камоҳува ҳаққуҳу!
БОБО ҲУСАЙН: Шайтон Одам Атомизни ҳам алдаб ўз йўруғига солган эди. Орада шайтонлар йўқму?!.
УЛУҒБЕК: Бас, етар, Бобо Ҳусайн, ғазабимни қўзғаманг! Ортиқ бундай гапларни айтишдан тийилинг!
БОБО ҲУСАЙН: Бош устига, шаҳриёр, бош устига! Аммо сўнгги бир гапим бор. Эшитсунлар, шаҳзоданинг бу ердаги қулоқлари ҳам эшитсунлар: агар у сизнинг жонингизга қасд қилса, Парвардигор ҳақи айтамен, мен уни соғ қўймасмен! Ул нобакор Низомий ҳазратлари айтган ҳикматни унутмасун:

Шоҳ бўлмас отани ўлдирган одам,
Ошмас олти ойдан, агар бўлса ҳам…

Онт ичаманким, шаҳзода агар қонингизни оқизса, анинг подшоҳлиги олти ойга ҳам етмас!.. Мен уни мана шу қўлларим билан ўлдирурман! Ва калласини сиз тиклаган мадраса пештоқига илгайман!
УЛУҒБЕК: Жонингиздан қилча умидингиз бўлса, энди тийилинг! Тилингизни кесинг, тамом гунг бўлинг!

(Орага сукунат чўкади.)

УЛУҒБЕК: Бу машъум ҳодиса қаршисида яна машъум воқеаларни башорат қиласиз… Қонга-қон дейсиз, амир Туркистоний, қонга-қоннинг жавоби ҳалокатдур!
Бадният кимсаларнинг мақсади равшандур… Агар менинг ўлимим юртимга хайру барака берса, жонимни беришга минг қатла розиман. Аммо қўрқаманки, менинг ўлимимни истаганлар салтанатга ўлим тиламоқдалар…
БОБО ҲУСАЙН: Давлатпаноҳ, биз бу ерга видолашмоқ учун келганимиз йўқ. Биз бу ерга сизга садоқат билан хизмат қилмоққа келдик. Агар ишонсангиз, агар садоқатимизни рад этмасангиз, дунёнинг қай нуқтасини орзу этсангиз, ўша ерга қадар итингиз бўлуб борурмиз…
УЛУҒБЕК: Фикран асрларнинг узоқ қаърига назар ташласангиз, тарихнинг ўзгармас мантиқини кўрасиз. Буюк, шижоатли қаҳрамонлар бир машъумлиғ туфайли хароб бўлганлар, улар тиклаган олий салтанатлар оддий бир хатодан ҳалокатга учраганлар, хато ё алданув боис тўкилган бир томчи қонга ғарқ бўлганлар.
БОБО ҲУСАЙН: Аммо, шу он, шу лаҳза бир ҳақиқат аёнки, она юртнинг қисмати қора қувват чангалида қолган экан, салтанатнинг, илму урфоннинг, эзгуликнинг қисмати сизнинг қўлингиздадир. Агар Ватан зулм, салтанат адоват, илму урфон жаҳолат чангалида қолмасун десангиз, қора қувватни бўғовга солмоқ керак.
Агар сиз тарки амал қилсангиз, бу бўғовлар узилур, элу юрт, худо кўрсатмасун, не кунларга қолур!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Юртнинг фалокатли кунларида аламангиз хаёлларни ёддан чиқаринг, фалокат олдини олинг. Амир Бобо Ҳусайн ҳақ гапни айтганини фаҳмланг, аълоҳазрат!
БОБО ҲУСАЙН: Сиз бу ҳақда гапирмоқни ман этдингиз. Аммо қандоқ чидай, шаҳриёр, қандоқ жим ўтирай? Шаҳзоданинг асл нияти тожу тахтни олиши билан сизни ўлдирмоқ. Бунинг учун кўп одамлар ишга солинган.
ҚОЗИКАЛОН: Амир жаноблари, сиз бу гапларни худди ўз қулоғингиз билан эшитгандек сўйлайсиз. Агар бирор гапдан хабарингиз бўлса, айтинг…
УЛУҒБЕК: Мен бу бўҳтонга минбаъд ишонмасман. Абдуллатиф нима ишга қодирлигини яхши биламан… Йўқ, амир Бобо Ҳусайн, сиз бундоқ сўзламанг меҳру шафқатни лаънат билан таҳқирламан!
БОБО ҲУСАЙН (қўйнидан қоғоз чиқараркан): Мана, сизга шаҳзода ниятининг далили!
УЛУҒБЕК: Нима бу?
БОБО ҲУСАЙН: Бугун тунда Кеш йўлида қўлга олинган чопар этигининг қўнжидан топилди. Минг афсуским, қўлга олинган чопар Кўксаройга етмай ўлдирилган… Шу боис мактуб кимга аталгани сирлигича қолди.
УЛУҒБЕК: Чопарни ким ўлдирди?
БОБО ҲУСАЙН: Номаълум. Боғи Шимол ёнидан ўтаётганда панадан туриб отилган ўқдан нобуд бўлмиш…

(Улуғбек Бобо Ҳусайн қўлидан мактубни олиб, диққат билан ўқий бошлайди.Ўқигани сайин ҳаяжонланади.)

УЛУҒБЕК: Ҳайҳот! Мактубда мабодо Султон Улуғбек шаҳардан ташқарига чиқса, қайтиб киришига йўл қўйилмасун, деб ёзилибди. Эвоҳ…
ДЕВОНБЕГИ: Мактуб қалбаки бўлмасун тағин?!.
УЛУҒБЕК: Йўқ, асло, ўғлимнинг муҳри босилган.
СУЛТОНШОҲ: Бу мактуб тасодифан қўлга тушмаса, эҳтимол сиз ҳамон гапларимизга ишонмас эдингиз.
УЛУҒБЕК: Мен ҳозир ҳам ишонмасман.
ШОҲ ВАЛИ: Астағфуруллоҳ!
УЛУҒБЕК: Яна бир кўз ташлай… Ҳа, бу Абдуллатиф дастхати, муҳр ҳам уники! Аммо… аммо ўғлимнинг бундай ёзиши мумкин эмас. Наҳотки, у салтанатни таназзулга бошлаган ғавғоларга мени айбдор санаса?!. Бу ўғлимнинг гаплари эмас!.. Амир Бобо Ҳусайн, нечун бу мактубни биздан пинҳон тутдингиз?
БОБО ҲУСАЙН: Шубҳаю гумон баттар ортмасун, дедим, давлатпаноҳ.
ДЕВОНБЕГИ: Мактуб доруссалтанадаги амирлардан бирига ёзилганига шак-шубҳа йўқ. Сиз, амир Мироншоҳ, бу ҳолга нима дейсиз? Шаҳар доруғасисиз, ким шаҳарга киради, ким чиқади – барчасидан бохабарсиз.
МИРОНШОҲ: Ўлумдан хабарим бор, аммо бу гапдан хабарим йўқ! Мен подшоҳимга сидқидил хизмат қилганман, бундан кейин ҳам аҳдимни бузмасман!
УЛУҒБЕК: Мен амир Мироншоҳга инонурман!.. Афсус, чопар ўлдирилгани чатоқ бўлибди, хиёнаткор кимлигини билмаймиз.
ҚОЗИКАЛОН: Эси бор одам ҳеч вақт илонга ўз кўксидан жой бермас! Аммо мактуб шундоқ мунофиқлар орамизда ҳам борлигига ишоратдур.
ШАЙХУЛИСЛОМ: Ишорат эмас, айни ҳақиқатдур! Андишани қўйуб айтурман: жиноятнинг бош илдизи шу ерда, доруссалтанада ҳам бўлмоғи мумкин.
УЛУҒБЕК: Агар ўғлимга бўлган сўнгги ишончимни ҳам йўқотсам, ўша заҳотиёқ ҳаётим иплари узилажак!
БОБО ҲУСАЙН: Ҳаётингиз ипларини шаҳзоданинг ўзи кесмоққа қасд қилганига ҳалиям ишонмайсизму?!.
УЛУҒБЕК: Йўқ, йўқ… Наҳотки, меҳру муҳаббатнинг жавоби риёкорлик бўлса? Оқибат, шафқат бўлмаган гапу ёлғизгина бераҳмлиғ дунёда ҳукмронму? Иссиқдан ловиллаган ернинг бағрига оби раҳмат бўлуб қўйилган ёмғирдан сўнг нечун тошдек қотган заминдан чечаклар унади? Нечун қуёш туфайли тиканли новдаларда атиргуллар очилади?
ШОҲ ВАЛИ: Олампаноҳ, энди барчаси аён: ё жанг қилмоқ, ё умр бўйи аттанг қилмоқ… Афсуским, аълоҳазратга сўз уқтириш имконсиз экан. Шунча шикоятларимиз елга учди.
БОБО ҲУСАЙН: Ундай деманг, амир Шоҳ Вали, асло ундай деманг. Адолатпарвар подшоҳимиз ғоятда тўғри тадбир топишларига ишонурман.
ШОҲ ВАЛИ: Шояд шундай бўлса!
ШАЙХУЛИСЛОМ: Шундай тўғри тадбир топишлари учун Аллоҳ таолодан мурувват тилайлик. Инчунин, ас-салотин зиллаллоҳу фил арз, деганлар Мустафо алайҳи васаллам ҳазратлари.

(Ҳамма дуога қўл очади. Шайхулислом ду қилади)

УЛУҒБЕК: (дуодан сўнг) Ҳаммага рухсат! Тонгга қадар жавобимни олурсиз!
ШОҲ ВАЛИ: Тонгга қадар отдан тушмай амрингизга мунтазир тургаймиз!

Ҳамма чиқади. Шаҳзода Абдуллазиз пайдо бўлади, отасига қараб туриб, бир зум кетиш-кетмаслигини билмай тараддудда қолади. Улуғбек ҳам бир дам ўғлига сўзсиз тикилади.

УЛУҒБЕК: Бор, Соҳибқирон бобонг мозорини зиёрат қил! Тириклар сўзи сенга кўмак беролмаса, зора марҳумлар билагингга қувват, юрагингга шижоат бахш этса… Фақат йиғлама, мардона бор!

(Шаҳзода Абдуллазиз чиқади. Девонбеги киради.)

ДЕВОНБЕГИ: Давлатпаноҳ, нечун шундоқ қалтис вазиятда амирларни ранжитасиз, бир умр сизни қўллаб келган қозикалон билан тортишасиз, аларга номақбул сўзларни айтасиз, маломат қиласиз? Қисматингиз, салтанат омонлиги шул умарою уламо илкидадур!
УЛУҒБЕК: Хожа Низомиддин, улар сўйладилар, мен эрсам ўйладим. Жонимга ғалаён тушди! Қаршимда ниҳоясиз чоҳ пайдо бўлгандек туюлди. Чоҳнинг бир ёғида амирларим, бир томонида фарзандим турганини кўрдим. Ўзумни эса чоҳ ичида кўрдим, Хожа Низомиддин, чоҳ ичида!
ДЕВОНБЕГИ: Давлатпаноҳ, яна бир нохуш хабар етди.
УЛУҒБЕК: Айтинг, хожа, айтинг.
ДЕВОНБЕГИ: Кешдан чопар келди…
УЛУҒБЕК: Хўш?!.
ДЕВОНБЕГИ: Кеш қалъаси шаҳзода илкига ўтибтур… Қалъа доруғаси Кеш калитларини қаршиликсиз топширибди!
УЛУҒБЕК: Биз кўмакка жўнатган қўшинчи?
ДЕВОНБЕГИ: Жангга кирмай довон томон чекинибтур…
УЛУҒБЕК: Ҳа, лаънати Иблис кўзлари!

(Ўртага сукунат чўкади.Улуғбек ўйга ботиб, безовта юради.)

ДЕВОНБЕГИ: Онҳазратлари фармонларига мунтазирман!
УЛУҒБЕК: Нима?.. Ҳа! Амирларга амримни етказинг: тонг отиши билан йўлга чиқурмиз… Жанг қилурмиз! Иблис била жанг қилурмиз!
ДЕВОНБЕГИ: Қарорингиз муборак бўлсун, султоним. Иншооллоҳ, ғайратингиз самарасиз қолмас. Шу пайтгача дилингиз зим-зимистон тун эди. Энди узоқда умид шами ёнди…
(Девонбеги шошиб чиқади.)

УЛУҒБЕК: Йўқ, энди узоқда қон, қилич, ўлум шамчироғи ёнди… Ер ёрилиб, унинг қаъридан, Пири Туркистоний башорат қилган Қариш илон болалари чиққанга ўхшайди. Ер остидан судралиб чиққан ёвуз кучларнинг тантанаси бошлангандай – тўрт томонимда ёвузликнинг вишиллаши эшитилади…
Наҳотки, амир Шоҳ Вали айтганидек, бу оқсоч дунё қисмат дафтарига ўз ҳикояларини қон билан узлуксиз ёзиб турса?!. Йўқ, йўқ, минг дафъа йўқ!
Менинг йўлим олис. Мен юлдузларни ҳамроҳ қилиб йўл босаман. Юлдузлар билан тонготар сарҳадигача – ҳаёт билан мамот туташган ергача йўл босаман. Аламларим, хаёлларим, шубҳаларим ўша ерда тарқалиб кетажаклар. Машаққатлардан иборат ҳаётимни қора тупроққа ҳадя қиламан. Ўзлигимга қайтаман. Озми-кўпми кўрган шодликларимни, ниҳоясиз ҳасратларимни, қалбимнинг нажотсиз умидларини, тирикликка бўлган меҳру муҳаббатимни поёнсиз замонларга, ўлчовсиз абадиятга қайтараман…

(Али Қушчи пайдо бўлади.)

ТЎҚҚИЗИНЧИ КЎРИНИШ

Улуғбек, Али Қушчи, Тўйжон

УЛУҒБЕК: Шу ердамисан, Али? Мен сени ранжитдим, кўнглингга озор бердим. Сен бўлсанг, саҳрода адашган йўлчи қалбидаги нурсизгина нажот орзусидай, мендан узоқ кетмай юрибсан…
Ҳақиқат билан ёлғон ўртасида қандай фарқ борлигини биласанми, Али? Ёлғонни биз юракларимизда меҳр била ардоқлаб юрамиз, уни сақлаб қолишдан ожизмиз, ҳақиқатни эса қанча нафрат била қувиб ҳайдамайлик, у яна қайтиб келаверади.
Кел, суюкли фарзандим, ёнимга ўтир. Кеча узоқ… Дарахтлар орқасида шикаста ой кўтарилмоқда. Бутун борлиқ уйқуга чўмган. Балки Абдуллатиф ҳам ухламаётгандир, балки у ҳам мана шу ойга боқиб тургандир.
АЛИ ҚУШЧИ: Бу ёғи нима бўлади, устоз?
УЛУҒБЕК: Бу ёғи ёлғиз Аллоҳга аён… Юлдузларга қара, Али, қандай чақнаб порлайдилар!.. Бадниятларнинг эзгулик йўлини тўсишга уринишлари юлдузларни ўчиришга уринишдек бир гап. Улар ўчган юлдуздан ном-нишон қолмайди, ўчган юлдуз нурини фалак қаъридан қидиришни қанчалик ихтиёр этма, бефойда, деб ўйлайдилар. Юлдуз ўчса, нури-шуури ҳам ўчади деб хаёл қиладилар.
Улар билмайдиларки, ҳатто юлдуз сўнган тақдирда ҳам, унинг шуури минг йиллар давомида то ерга сингиб кетмагунча, порлаб, чарақлаб тураверади. Балки кафтимни ёритиб турган мана шу шуур Батлимус, ё Беруний ҳазратлари замонидан етиб келгандир…
АЛИ ҚУШЧИ: Неча кундан буён Алғул кўринмайдур. Бу ҳол нимадан дарак беради, билмайман.
УЛУҒБЕК: Алғул… Алғул ўғлимнинг кўзидадур. Гоҳ нафрат, гоҳ ғазаб ўтини сочиб порлайдур…
Али, сенга айтадиган бир тилагим бор…
АЛИ ҚУШЧИ: Не тилак бўлса, бош устига, устоз!
УЛУҒБЕК: Тангри таоло шафоатидан умидим йўқ эмас, аммо… агар аччиқ гумонлар ҳақиқатга айланса, расаддаги китобларни асраб қолиш йўлини тутгил.
АЛИ ҚУШЧИ: Худо хоҳласа, бу сафар ҳам сиздан ўз иноятини дариғ тутмас.
УЛУҒБЕК: Биз билмаймиз, фарзандим, Ҳақ таолонинг ихтиёрини билмоқдан бандаси бенасиб… Шундай экан, пешанамга шаҳидлик битилган бўлса, китобу қўлёзмаларни ишончли жойга яширишга ҳаракат қил.
АЛИ ҚУШЧИ: Мен аллақачонлар уларни энг ишончли жойга қўйганман, устоз. (Улуғбекнинг ҳайрон бўлиб қараб қолганини кўриб). Улар менинг хотирамга жо бўлганлар…
УЛУҒБЕК: Балле, Али, балле! Аммо инсон хотираси жони узилгунча устувордур. Китоблар эса инсониятнинг абадий хотирасидур. Улар бор экан, бу хотира абадий… Али, жигарим, мен сенга юклаган вазифа нечоғли хатарли эканини фаҳмлайсанму? Алқисса, бу ишда ўта эҳтиёт бўлишингни маслаҳат бераман.
АЛИ ҚУШЧИ: Камина амрингизни қайтаришдан кундага бош қўйишни афзал билурман.
УЛУҒБЕК: Йўқ, Али, йўқ, бу амрим эмас, тилагим… балки васиятимдур. Кундага бош қўйиш осон. Мен сенга бундан қийинроқ вазифани юклагайман. Агар биз шубҳа қилган воқеалар юзага чиқса, мендан воз кеч, номимни қоралашдан қайтма…
АЛИ ҚУШЧИ: Устоз… Устоз!
УЛУҒБЕК: Ҳа, Али, ҳа! Мендан воз кеч, номимни қорала, аммо… аммо китобларимни қутқар!.. Унутма, айтилган, ёзилган сўз ҳақиқатдур. Ҳатто бу сўзни айтган, уни қоғозга битган инсон ундан тонса ҳам, воз кечса ҳам, ҳақиқатни йўқотиб бўлмайди.
Мен ҳозир англадим, умр бўйи баттол замоннинг қонга бўялган қўлларини қон била эмас, маърифату авф суви ила ювмакка уринибман. Абадият йўлини ёритган юлдузлар сирини биламан деб, ўғлимнинг зулм йўлига кирганидан бехабар қолибман… Ҳамма мени ўлим билан қўрқитмоқ бўлади. Аммо мен ўлимдан қўрқмайман.
АЛИ ҚУШЧИ: Ўлим ҳақида ўйламанг, устоз.
УЛУҒБЕК: Али, ўлимни ўйламоқ, ундан қўрқмоқ эмас, ҳаётни севмоқдур. Инсон «Сегоҳ»ни яратган экан, ўлумни англаганидур…
Али, жанозам ўқиладиган пайт, мабодо бошимда бўлсанг, айт, «Сегоҳ»ни айтсинлар…
АЛИ ҚУШЧИ: Қазои-қадар ҳақида бугун кўп гапирдингиз… «Сегоҳ»ни эса ҳозир ҳам тинглашимиз мумкин. Тўйжон амрингизга мунтазир.
УЛУҒБЕК: Тўйжон шу ердами? Тезроқ ҳузуримизга даъват эт!

(Али Қушчи чиқиб, Тўйжонни бошлаб киради.)

ТЎЙЖОН: Подшоҳим, омон бўлсунлар!
УЛУҒБЕК: Келдингму, қизим Тўйжон? Ҳиротдан қайтганингдан буён хонишингни эшитишга орзумандман. Ёлғиз қолсам, хаёлан қўшиқларингни тинглайман. Аммо сени ёнимга чорлашга имкон йўқ эди. Мана, ниҳоят, ҳамма ором олган бир пайтда, сени уйқудан қолдириб, безовта қилдим. Мени авф эт, қизим.
ТЎЙЖОН: Уйқуни гапирманг, олампаноҳ, агар жоним чиқар пайт чорласангиз ҳам етиб келган бўлардим.
УЛУҒБЕК: Тўйжон, сен Самарқандга аввал келганингда ҳиротлик бир ўғлон ҳақида сўзлаган эдинг. Ёдингдаму?
ТЎЙЖОН: Подшоҳим, ул ўғлоннинг исми Алишердур. Амир Ғиёсиддиннинг фарзанди…
УЛУҒБЕК: Ҳа, эсладим, жуссаси кичкина бўлганидан уни Ғиёсиддин Кичкина дерлар. Юз-кўзидан нур ёғилиб турган киши. Бу ҳақда не сабабдин сўраганим боисини билурмисан? Яқинда мадрасада ҳамсабоқ бўлган мавлоно Муҳаммад Олимдан келган мактубда ҳам бу ўғлон тилга олинмиш. Мавлоно бу ўғлон истеъдоди, ақл-идроки чароғонлигини таърифлаб, уни ўз паноҳимга олишимни сўрабди… Тўйжон, сен ул ўғлонни яхши танирмусен?
ТЎЙЖОН: Ҳа, подшоҳим, волидаси дугонамдур.
УЛУҒБЕК: Тўйжон, мен эртага урушга кетяпман… Агар қисматимда бор бўлса, мен амир Ғиёсиддин оиласини албатта Самарқандга даъват қилурман. Агар қисматимда бўлмаса, агар бу ниятим имконсиз қолса, ёдингда тут, қизим. Ҳиротга қайтсанг, ул ўғлонга менинг сўзларимни, менинг омонатимни етказ. Айтгилким, дунёда икки ҳоким бор: бири қилич, бошқаси тафаккур. Улар ўзаро беомон, беаёв жанг қиладилар. Охир-оқибатда ҳар доим тафаккур қилич устидан ғалаба қозонажак. Яна билсинким, ғалабага қадар тафаккур неча марталаб хўрланади, неча марталаб маҳв этилади. Аммо у ҳеч қачон чўчимасин, чекинмасун. Юрагини қўрқувдан, ҳирсдан, хиёнатдан асрасин. Бу замона тошлари қаламини синдиришидан эҳтиёт бўлсун!
Энди «Сегоҳ»ни айт, Тўйжон! Шундай айтки, овозинг авжида ўша ўғлон сиймосини кўрай! Шундай айтки, бу дунёда зулм, ҳирс йўлига кирганлар даҳшатга тушсинлар!

Тўйжон «сегоҳ»ни куйлайди. Қўшиқ бошланиши билан кучли бўрон уйғонгани сезилади. Қўшиқ авжига чиққани сайин бўрон ҳам кучайиб боради, бутун дунёни унинг ваҳимаси тутади.

Т А М О М