Холиёр Сафаров. Борингизга шукур (ҳикоя)

Қуёш тафтсиз сарғиш этагини йиғиштириб, уфққа ботди. Декабрнинг охирги кунлари. Ҳаво совуқ, этни жунжиктиради. Ҳафта олдин ёққан қор шуъласи кўкдаги ой нури билан уйғунлашиб, ажиб бир тароват касб этган. Нақд оқ тун. Атроф жим-жит. Одамлар шомдаёқ барча ишларини саранжомлаб, уй-уйларига кириб олишган.
Печка ёқилган иссиққина уйда Зайнаб момо келини, неваралари билан овқатланиб ўтирибди. Келин одатдагидек уй ишлари, эртага келиши кутилаётган меҳмонлар ташвиши билан овора. Бироқ, кампир безовта…
— Ё, тавба, буларга нима бўлди-а? Кечадан бери гум-гурс… — момо шундай дея фотиҳадан сўнг дастурхон йиғиштираётган келинига бир қараб қўйди-да, иккала қўлини аввал ерга, сўнг иккала тиззасига тираб, инқиллаб ўрнидан турди. Эшик ёнидан ҳассасини олиб, ташқарига чиқди ва бошига ёпилган оқ рўмолининг учини елкаси оша ташлаб, эҳтиёткорлик билан қор йўлакдан дарвоза томон юрди. Кўчага чиқиб, йўлнинг икки томонига сер солди. Теварак жим-жит. Тиқ этган шарпа, бирорта қора йўқ. “Ё, тавба…”, дея дарвозани очиқ қолдириб, яна уйга кирди. — Келин, Набижон сенга ҳеч нарса демовдими?
— Йўқ, — бош чайқади келин. — Отам билан бир жойга бориб келишимиз керак экан, деганди. Бошқа ҳеч нарса демовди.
— Ё, тавба, — кампир ёқасини ушлади, — ота-бола қаёққа йўқолди-а?
— Менам ҳайронман, — келинчак ҳам елка қисди. — Йўл бўлсин, деб сўрамабман ҳам.
— Қаерга кетган бўлсаям…
— Бувам сизга бирор жойга бораяпман демаганмиди? — қайнонанинг гапини бўлди келин.
— Йўқ-да! — қалқиб кетди кампир. – Уйинг куйгур оқжол шу совуқда қаёқда юрган экан? Бир оғизгина айтиб кетса бўларди-ку?
Келинчак момонинг куйинишидан бир тўлқинланиб кетган бўлса, гапларидан кулгуси қистади. Кейин барчасини ҳазилга йўйди.
— Бувам байрам олди сизни бир соғинтирай дебди-да.
— Соғинтирмайгина кетсин, ўзини совуққа олдирмайгина келса бўлди…
Қайнона-келин ярим тунгача телевизор баҳона ухламади. Кампир бир неча бор “чопон” кийгизиб қўйилган чойнакни ушлаб-ушлаб қўйди. Келин бир-икки таш-қарига чиқиб, кўчанинг у бошига-бу бошига қаради. Сўнг уйга қайтиб кирди-да, орқасига ёстиқ қўйиб деворга суянганча ўйга чўмиб ўтирган қайнонасига деди:
— Момо, улар қаёққа кетган бўлиши мумкин? Яна кўчага чиқиб келдим, ҳеч ким кўринмайди. Жим-жит. Тағин ухлаб-нетиб қолсак деб, дарвозани ёпдим-у, илгагини ўтказмай келдим. Момо, сизам энди кириб ётинг. Ўғлингиз келса, ўзим хабар қиламан.
— Биласан-ку, болам, буванг уйда бўлмаса, менда тоқат қолмайди. Қани, келиб қолишар, шу ерда ўтириб турай-чи. Сен кириб ётавер. Болаларингга қара, тағин, усти очилиб қолмасин…
Келин минг истиҳола билан чақалоғи ётган бешикни кўтариб, нариги уйга, болаларининг ёнига ўтди. Момо жойидан қимирламади. У киртайиб қолган кўзларини экранга тикканча тиззасини қучиб хаёлчан ўтирар, “Ё, тавбангдан. Ота-бола қаёққа гум бўлишди-а?”, дея ичикарди.
Кампир чоли билан ўғлини кута-кута тонгга яқин бурчакда “ўз ҳолига сайраб ётган” телевизорни ҳам унутиб, бошини деворга суяган кўйи ухлаб қолди…
Эртаси кечга яқин, айни шом маҳали дарвоза ортидан устма-уст машина сигнали эшитилди. Мол-ҳолни саранжомлаб, энди уйга кирган ва овқатни сузсамми-сузмасамми, дея қайнонасига маслаҳат солмоқчи бўлиб турган келин буни эшитиб, эшик томон юрган эди, диққинафас бўлиб ўтирган Зайнаб момо ирғиб ўрнидан турди.
— Тўхта, ўзим чиқаман!
Кампир ҳассасини тўқиллатганча дарвозадан чиқди-ю, рақамсиз яп-янги оппоқ “Нексия”ни кўриб донг қотди. Сўнг салон чироғини ёқиб, сукут сақлаб турган машинадагиларга тикилиб қаради.
— Набижонми? — деди момо ўзига ўзи. Секин машинага яқинлашиб борди-да, олд ўриндиқда мийиғида кулиб ўтирган ота-болани кўриб, негадир бирдан ўзини орқага олди. Юраги шиғ этди: “Булар мошинни қаердан олди?”
Кампирининг каловланиб қолганини кўриб, Раим бобо атай машинанинг ён томон ойнасини тушириб, деди:
— Кампир, дарвозани оч, ичкарига кирайлик!
Момо бир дарвозага, бир ойнадан бошини чиқариб турган чолига қаради. Бу вақтда Набижон тушиб дарвозани очди-ю, яна қайтиб машинасига ўтирди-да, отанинг ишораси билан остонада оёғи куйган товуқдай типирчилаб турган момонинг ёнидан ўтиб кетишди.
— Ҳай? У-ей? — кампир қўл силкиганча уларнинг кетидан юрди ва ҳали машинадан тушишга улгурмаган чолидан сўради. — Бу мошин қаердан келди?
Раим бобо жавоб бериш ўрнига машинадан тушди-да, орқа эшикни очди.
— Ўтир!
— Нимага? — момо ҳайрон бўлди.
— Ўтир дегандан кейин ўтир-да! — деди қария буйруқнамо қилиб.
Зайнаб момо бир машинага, бир чолига, яна нариги томонда жилмайиб турган ўғлига қаради-да, ҳассасини чолининг қўлига тутиб, “Ё, бисмиллай раҳмони райим”, дея машинага ўтирди.
— Нарироқ сурил! — деди Раим бобо.
— Ё, тавба… — момо ёқасини ушлади. — Мана-е…
Зайнаб момо нарироқ сурилгач, Раим бобо ҳам орқа ўриндиққа жойлашиб, кампирининг маъюс кўзларига, ажин тушган юзига, қорасидан оқи кўпайиб кетган сочларига, етмишни қоралаётган бўлса-да, ўйнаб тургувчи кулгичларига тикилди.
— Ҳа, тинчликми? — ажабланди момо.
— Бугун қандай кун?
— Янги йил…
— Яна?
— Янги йил, — деди момо энса қисиб. Сўнг “буни нега сўраяпсиз”, дегандек ёвқараш қилди.
— Яхшилаб ўйла-чи, яна қандай кун экан?
Момо худди ўйга ботгандек бошини хиёл орқага ташлади-ю, шарт ёнига ўгирилди.
— Уч кундан бери қаерда юрибсизлар ўзи? — деди дабдурустдан. Сўнг машина ичидалиги энди ёдига тушгандай сўради: — Айтганча, бу мошин қаердан чиқди?
— Биздан! — кулди чол.
— Бошимни оғритманг, машина кимники?
— Ҳай, ўзингни бос! Саволимга ҳам жавоб беролмадинг. Қарибсан. Энди қулоқ сол: бу кеча Янги йил киради, аммо бугун яна бир муҳим кунни нишонлаймиз. Шунинг учун сенга бир “сюрприз” қилмоқчи бўлгандим!
— Уч кундан бери булар қаёққа йўқолди, деб сюрпризим чиқиб ўтирибман-у…
— Мана, эсон-омон келдик.
— Ҳа, Худога шукр! Борингизга шукр! — деди момо. Сўнг гина қилди. — Хавотирдан ўлай дедим. Қирчиллама қишдаям одам шундай йўқоладими? Сизга бирор нима бўлса, сюрпризингизнинг кимга кераги бор?
— Шу гапларингга борманда, кампир! — деди бобо.
— Ҳа, айтганча сюрпризингиз нимайди?
— Мана шу “Нексия”-да! — деди бобо олд ўриндиқ суянчиғига уриб, — Тўйимизга эллик йил бўпти, шунга сенга совға-да!
— Нима? — момо чолига тикилди. Сўнг иккала қўлини кўкси баравар кўтарди-да, тиззасига урди. — Э, ҳа-я эсим қурсин?! Тўйимиз бўлганди-я?!
— Ҳа-да? — деди бобо қувониб. — Бугун тўйимиз бўлганига нақд эллик йил тўлди. Бу — бизнинг олтин тўйимиз-да! Қай бир мамлакатда эллик йил бирга яшаган бўлса, тўй қиларкан! Олтин тўй-да! Газетада ўқидим… Шунга сенгаям бир хурсандчилик бўлсин дедим-да!
— Э, қўйинг, газетда нималарни ёзмайди, — деди момо. Сўнг чолининг оппоқ соқолига, ажин қоплаган юзига, тийрак кўзларига тикилиб қолди ва ўзига ўзи гапиргандек деди: — Тўйимизгаям эллик йил бўлдими-ей? — Кейин яна кутилмаганда сўради: — Чол мошинга пул қаердан чиқди?
— Кампир, сенга бир сиримни айтайми? — деди бобо беғубор жилмайиб. — Бу лекин нақд эллик йиллик сир!
Момо «Қани, айтинг-чи», дегандек чолининг кўзларига тикилди.
— Сенинг бир ажойиб одатинг бор, — дея сўз бошлади бобо, — мени янада яхши кўриб, меҳринг ийиб кетганида боягидай “Борингизга шукр” дейсан. Бу менга жуда ёқади. Мен ҳам ичимда “Шунинг ҳам борига шукр!” дейман. Тўйимиздан кейин бир куни сенинг бу гапни жуда кўп такрорлаётганингни сезиб қолдим. Ана шунда миямга бир фикр келган. Сен ҳар сафар “Борингизга шукр!” деганингда бир жойга оз-оздан пул ташлаб қўя бошладим. Рости, ўшанда бу ташлаб қўяётган пулларни вақти келиб нима қилишни ҳам билмасдим… Шулар йиғилиб-йиғилиб, мана охир битта “Нексия” бўлди-да, кампир. Сюрпризим мана шу!
— Вой, ўлмасам! — момо худди бўй қизлардек иккала қўли билан чаккаларини ушлади-ю, жим бўлиб қолди. Сўнгра ўзи ҳам чоли дилини оғритган вақтларда ёстиқчага биттадан игна санчиб келаётганини айтмоқчи бўлди-ю тилини тишлади…
Бобо кампиридаги ўзгаришга парво қилмай жилмайиб сўради:
— Энди совғамни қабул қилдингми?
— Ҳа! Борингизга шукр! — Момо чолига меҳрли нигоҳ ташлади.
Сўнг улар уйга киришди. Бобонинг кайфи чоғ, момонинг кулгичлари ўйнаб, кўзлари чақнаб турарди.
Келин дамлаб қўйилган ошни сузиб келди. Бирин-кетин бобонинг катта ўғиллари, келинлари, неваралари кириб келишди.
Меҳмонлар бобони қутлаб, машинанинг қандай олинганидан ҳайратда эканликларини бот-бот такрорлашаётганларида момо даврадан сирғалиб чиқди-да, ўз хонасидаги сандиқдан қўйнига ниманидир солиб, ошхона томонга кетди. Сўнг атрофига бир қараб олди-ю, сон-саноқсиз игна санчилган ёстиқчани ҳали чўғи ўчмаган ўчоққа ташлаб юборди…

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 1-сон