Холиёр Сафаров. Қанотсиз қушлар (қисса)

Шаҳардаги “Меҳрибонлик уйи” директори Илёс Икромович кутилмаган ташвишга қолди. Ахир кимсан, шаҳарнинг олд бойваччаларидан би­ри саналмиш Мурод Ҳикматович “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиси Гулбаҳор исмли қизни ўз арзандаси Шерзод учун келинликка сўраб келди!
Илёс Икромович икки ўт орасида қол­ди. Ўзича уйи­да хотинига маслаҳат солган бўлди.
“Яхши таклиф, – деди хотини ўйчан бир қиёфада, – лекин барибир эҳтиёт бўл­ган тузук. Деддўмдаги қизларнинг кўнг­ли ярим. Тағин қош қўяман деб кўз чи­қар­манг.”
Илёс Икромович эртаси куни ишга боргач, хонасига киришдан олдин ҳар кун­гидек ҳовлини бир айланиб чиқди. Ке­йин Гулбаҳорлар ўқиган гуруҳда тарбиячи бўлган, ҳозир ҳам Гулбаҳорни ўз қизидек кўрувчи Ҳамида Саломовани ёнига ча­қир­ди.
– Ассалому алайкум, Илёс Ик­ромович, – икки юзи қип-қизил, дўм­боққина аёл директор билан рўбарў келди.
– Ваалайкум ассалом. Яхшимисиз? Болаларнинг кайфияти қандай? – Илёс Икромович одатий саволни берди.
– Яхши, – бош силкиди Ҳамида опа. – Ҳар доимгидек… бўлади.
– Тинчликми?
– Ҳа…
– Яхши, – Илёс Икромович бир енгил нафас олди. – Ҳамидахон, менга Гул­баҳорни чақириб беринг. Хонамга кирсин.
– Хўп, – Ҳамида опа директорга қараб бошини қи­мирлатди-ю, ичидан «тинчлик эканми, у кишининг болаларни алоҳида чақирадиган одатлари йўқ эди», деган шубҳа ўтди.
Болалар нонушта қилиб бўлишгач, Ҳамида опа қизлар билан чеварлар хонаси томонга кетаётган Гулбаҳорни чақирди ва директор сўраганлигини айтди.
– Тинчлик эканми? – деди қиз ҳайрон бўлиб.
– Билмадим. Бор-чи…
Гулбаҳор «Тағин бирорта конкурс-понкурс бўлса керак-да», дея йўл-йўлакай коридордаги ойнага бир қараб олиб, қабулхонага кирди.
– Ўтир, – директор уни рўпарасидаги стулга чорлади. Гулбаҳор унамагандек қотиб тураверганди, дераза томондаги стулни қўли билан нуқиб кўрсатди. – Ўтир, ўтир…
Гулбаҳор кўрсатилган стулга беҳолгина ўти­рар­кан, айбдорлиги учун ота қаршисида бош эгаётгандек аввалига ҳужжатлар қалашиб турган столга тикилиб турди, сўнг «Қулоғим сизда» дегандек директорга юзланди.
– Гулбаҳор, қизим, сенга бир гап айтмоқчи эдим, – деди Илёс Икромович. Сўнг гапни нимадан бошлашни билмай иккиланиб қолди. Қўлидаги ручка билан бир-икки стол чертган бўлди ва унга меҳр чашмасидек ҳақир нигоҳларини қадаб, ҳалимлик билан давом этди: – Қизим, бу ҳаёт. Вақти келса йигитлар уйланишади, қизлар эса турмушга чиқишади. Азал-азалдан тирик­ликнинг таомили шунақа.
Гулбаҳор гап нима ҳақда эканлигини дарров ил­ғади, шекилли, бир сапчиб тушди. Сўнг юзини яширди.
– Гулбаҳор. Қизим, мен сен учун ҳам раҳбар, ҳам ота, ҳам онаман. Нима қилсам, сизларга яхши бўлсин, деб қиламан. Шу десанг, сени бир яхши жойдан сў­рашди. Келин қилишмоқчи экан. Агар хўп десанг… Бир нарса доим ёдингда бўлсин, барчамиз сенинг бахтли бўлишингни истаймиз.
– Менга ҳеч ким керак эмас! – деди қиз бир маҳал бошини илкис кўтариб. – Қизим, ота-онам йўқ деб ўкинма. Сенга яна бир нарсани айтиб қўяй, қайнота-қайнона ҳам ота-онадек бўлишади. Аввал бир яхшилаб ўйлаб кўр.
Гулбаҳор директорнинг охирги сўзларини ҳам эшитмай, ҳўнграб йиғлаганича чиқиб кетди. Бугун у қачон диплом берилишини билиш учун коллежга бормоқчи эди. Хўрлиги келганидан ўқиш жойига ҳам боришни истамай хонасига кириб, эшикни ичкаридан қулфлади-ю, ўзини каравотга ташлади. Юзини покиза қалби каби ғариб бўлиб қолган пар ёстиққа босиб, ўксиб-ўксиб йиғлади. У қумга сепилган сувдек пар ёстиққа сингиб кетаётган кўз ёшларини тия олмас, ўпкасини босолмасди. У ҳеч қачон кўра олмаган, аниқроғи, кўрмаган, бир пайтлар ўз хаёли ва тасаввуридаги ота-онасининг сиймосини кўз олдига келтирди-ю, баттар ўксиниб-ўксиниб йиғлади. Сўнгра ўрнидан ту­риб, оёқларини осилтириб ўтирди. Каравот устунида турган сочиқни олиб, юз-кўзини артди. Эгилиб каравот тагидан илк бор чеварлар танловида ғолиб бўлганида тарбиячиси Ҳамида Саломова совға қилган, бироз эски бўлса-да, кўриниши чиройли ва ихчамгина жомадонни олди. Ичини ағдариб, турли хил эскизлар ва андазалар тагидан целлофанга ўралган суратни олди. Кейин жомадонни ёпиб, суратни унинг устига қўйди. Суратга ўйчан ва маъюс тикилар экан, яна кўзларига ёш олди.
– Ойи… ойижон…
Гулбаҳор қаршисидаги суратга тикилган сайин кўз ёшларини тия олмас, ич-ичидан бир нима юлиниб кетаётгандек бўларди. Картон қоғоздаги сурат тепасига «Ойим, дадам ва мен» дея ёзилган эди. Ушбу суратнинг биринчи нусхасини у илк бор эсини таниб, ўз ота-онаси бағрида эмас, болалар уйида яшаётганлигини ҳис қилган, бу ердаги ҳамма болалар ўзи каби ғариб эканлигини тушуниб етганда ва тарбиячилари уларни овутиш учун «сенинг даданг билан ойинг тирик, улар, албатта, бир куни сени олиб кетишга келади», деган кунда чизган эди.
Суратда уч-тўрт ёшдаги: сочларига попук тақил­ган, кулгулари беғубор, қадамлари дадил ва эрка, оп­поққина, гўзал бир қизалоқни ўрталарига олиб, қўл ушлашиб келаётган садоқатли эр-хотин тасвирланган бўлиб, орқа фонида ям-яшил майсазор ва қип-қизил лолақизғалдоқлар ястаниб ётар эди… Бу сурат етти ёшли қизалоқнинг хаёлот меваси бўлиб, унда ёш рассомнинг эрка тасаввури, ўз аксини топган, ширин кулгу ва дадил қадамларида уни ёрқин келажак кутаётганлиги тараннум этилиб, ёнида ота-онаси борлиги эса ўзида парвозга шайланиб турган қуш тасаввурини уйғотар эди…
Аммо тарбиячилар ваъда қилганига қарамай ҳеч қачон уни излаб келмади.
Гулбаҳорнинг умидлари пучга чиқди. У кун бўйи ўриндиқда катта дарвоза томон термулиб ўтирарди.
– Улар мени ёмон кўришар экан… – Гулбаҳор беихтиёр шундай деди: – Мени ёмон кўришар экан… Ҳа, ёмон кўришаркан. Бўлмаса келишарди.
У нозик елкалари титраганича мўлтираб ўтирар, аллақачон қуёш ботиб, атрофни зулмат қоплаётган эди. Шунда ҳам у жойидан қимирламади. Умидлари каби дарахт барглари орасидан элас-элас кўзга ташланиб турган олис уфққа, ботаётган қуёшга тикилиб ўтирди. У яна қанча вақт ўтирди – билмайди. Бир ма­ҳал – янги умидлар каби кўкда юлдузлар пайдо бўла бошлаганда кимдир унинг ёнига келиб ўтирди.
– Гулбаҳор…
У «ялт» этиб қаради-ю, сочларини силаб турган тарбиячиси Ҳамида Саломовани кўриб, изиллаб йиғлаб юборди.
– Бугун ҳам келмади…
– Йиғлама, қизим, йиғлама, – Ҳамида опа унинг ғариб бошини кўксига босди. Сочларини силади. –Келади. Албатта келади. Сен эс-ҳушли, одобли қиз бўлсанг, даданг билан аянг, албатта, келади. Келгач «Вой, менинг Гулбаҳор қизим бунча эсли қиз бўпти» дейди.
Гулбаҳор тарбиячисининг қучоғида ҳиқиллаб-ҳи­қиллаб жимиб қолди. Сўнг Ҳамида опа уни ошхонага етаклаб келиб, овқатлантирди. Шунда Гулбаҳор тарбиячисини хонасига олиб кирди ва каравоти устида турган суратни кўрсатди.
– Қаранг, мен уларга совға тайёрлаб қўйгандим… – деди тарбиячисининг юзига илинж билан боқиб.
Суратни кўриб, Ҳамида опанинг эти жимирлаб, ич-ичидан бир нима узилиб кетгандек бўлди. Тасвирга бироз тикилиб қолгач, қизга деди:
– Жуда яхши чизибсан. Сендан ажойиб рассом чиқади. Фақат бундан ҳам чиройли чизишга ҳаракат қил. Хўпми? Чизган суратинг қанчалик чиройли бўлса, даданг билан аянг ҳам уни кўриб, шунча хурсанд бў­лади.
Тарбиячисининг берган баҳоси ва тасаллисидан Гулбаҳорнинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Худди ота-онаси келиб суратни кўриши билан «Яша, қизим, ўзимнинг она қизим бу…» дегандек бўлиб кетди. Шунда у Ҳамида опага тикилиб турди ва беихтиёр унинг бўйнидан қучоқлаб олди.
– Сизни яхши кўраман…
– Мен ҳам, қизим… – Ҳамида опа ўз навбатида уни эркалаб қўйди.
Эртаси куни эса Гулбаҳорга чизган суратлари ва эскизларини солиб қўйиш учун битта жомадон ва бир қути қалам олиб келиб берди.
Шундан бери Гулбаҳор отаси билан онасининг ўша – қўл ушлашиб келаётган суратини чизади. Ҳар йили йигирма иккинчи март келиши билан уни қайтадан, каттароқ ватманга туширади, аммо неча йилдирки, уни сўраб на ота-онаси, на бошқа биров келди. У саккиз йил, то ўн беш ёшигача фақат битта суратни қайта-қайта чизди ва ёрқин санъат асари даражасига етказиб қўйди, аммо шундан кейин қайтиб қўлига қалам олмади. Энг сўнгги нусхасини сақлаб қолди-ю, қолган ҳаммасини йиртиб ташлади. Шундан сўнг сурат эмас, либослар учун турли хил эскизлар чиза бошлади, чеварликни ўрганди. Танловларда қатнашди, совринлар, олқишлар олди, аммо ҳеч қайси сўз у соғинган ва кутган ота-она сўзидек жарангламади, ташна қалбига малҳам бўлолмади. Шундай бўлса-да у ҳар Наврўзни ва йигирма иккинчи мартни орзиқиб кутарди…
 Бугун директор қабулидан йиғлаб чиққач кела солиб, одатдагидек, суратни қўлига олди. Насиб этмаган бахтиёр болалик ва ҳеч қачон кўрмаган ота-онасининг хаёлий сиймосига тикилиб ўтираркан, беихтиёр лаб­лари пичирлади.
– Ойижон… Дада… Қаердасиз? Нега бирор марта хабар олмайсизлар? Нега? Ёки мени шунчалар ёмон кўрасизларми?
Гулбаҳор суратга тикилиб туриб, хаёлларга ғарқ бўлди. Шу баҳона ичидаги дардларини айтиб-айтиб, йиғлаб-йиғлаб олди. Юрагини бўшатди. Жонсиз сурат билан ҳасратлашди, бироқ бир қарорга келолмади.
– Айтинг, нима қилай, ойи? Нима қилай? Икки ўт ичида қолдим…
Шу пайт эшик қаттиқ тақиллади ва ичкарига итарилди, аммо қулфланганлиги боис очилмади.
– Ҳозир… – Гулбаҳор қўлидаги суратни каравоти устида қолдириб, ўрнидан турди ва кўз ёшларини арта-арта эшикка бориб, секин калитни буради. Эшик очилиб, остонада кўзлари хавотирга тўла Ҳамида опа пайдо бўлди. Қизнинг қизариб кетган қовоқларига қаради-ю, ичкарига кирар-кирмас уни сўроққа тутди.
– Гулбаҳор, сенга нима бўлди, қизим?
Гулбаҳор жавоб бермади, каравотига қайтди. Тар­биячиси эса унинг каравоти устида ёйиқ турган ота-она суратини кўрди-ю, нимадир бўлганини дарров фаҳмлади. Қизнинг ёнига ўтирди-да, кўзларига тикилган кўйи сўради.
– Тинчликми, қизим? Директор нега чақиртирган экан?
Гулбаҳор жавоб бериш ўрнига она каби меҳрибон, суянчиқ бўлиб қолган собиқ тарбиячисининг елкасига бош қўйди-ю, яна йиғлаб юборди.
– Гулбаҳор? Айт-да, қизим, нима бўлди? – Ҳамида каравот устунида турган сочиқ билан қизнинг кўз ёшларини артиб қўйди.
– Мени узатишаркан…
– Нима? – Ҳамида опа сапчиб тушди. Ўгирилиб, худди Гулбаҳорни биринчи марта кўриб тургандек бошдан оёқ разм солди. Бир зум унга тикилиб тургач, яна сўради: – Бу гапни сенга ким айтди?
Гулбаҳор жавоб ўрнида директор хонаси жойлашган нариги бинога ишора қилди.
– Кимга? – деб сўради ботинмайгина тарбиячи.
Гулбаҳор Ҳамида опанинг меҳр балқиб турган кўзларига нажоткорона тикилди ва деди:
– Яқинда бизларни саёҳатга олиб чиқди-ку? Ўша одамнинг ўғлига…
– Мурод Ҳикматович келин қилмоқчи эканми?
Гулбаҳор «ҳа» дегандек бошини силкитди-ю, тарбиячисининг қўлидаги сочиқни олиб юзига босди.
– Нима қилай, опа? – Опажон, менга маслаҳат беринг. Нима қилай?
Менинг бу ердаги ягона суянчиғим сиз билан Дилмурод.
– Дилмурод? – Ҳамида опа Гулбаҳорга тикилди. – Нима, у билан ораларингда бирор гап борми?
– У билан фақат дўстмиз, – деди Гулбаҳор енгилгина титроқ ва ҳаяжон билан. – Фикримиз доим бир жойдан чиқади. У менга уйланмоқчи, аммо қўрқаман. Орзуга айб йўқ, хаёлларга эрк бермоқ яхши, бироқ уни амалга ошириш-чи? Шунинг учун Дилмуродга ваъда бермаганман. Доим унинг севгисига «билмадим, ҳаммасини вақт кўрсатади…» дея мужмал жавоб бераман.
– Уни севасанми? – Ҳамида опа кутилмаганда савол берди. Гулбаҳор айнан шу саволни кутмаган эди, каловланиб қолди, кўзларини олиб қочди. Кейин яна онаси каби сирдош, дилдош тарбиячисига юзланди.
– Шундай деса ҳам бўлади…
Агар Дилмуродни десанг, фикрингни бир жойга қўй. Бўшашма. Сен ҳам иқтидорли қизсан. Истеъдод денгиз тубида ётган гавҳардек гап. Бир кунмас-бир кун албатта юзага чиқади.
– Тўғри… – ўйга чўмди Гулбаҳор. Сўнг паришон сочларини елкаси оша ташларкан, чуқур уҳ тортди ва яна тарбиячисидан сўради: – Ҳамида опа, менга тўғрисини айтинг. Менинг ота-онам борми? Улар тирикми? Тирик бўлсалар, нега келишмайди? Ўлган бўлсалар, нега буни ҳам айтмайсиз?..
Ҳамида Саломова қизнинг мўлтираб турган кўз­ларига, ғариб кўнгли акс этиб турган ҳорғин чеҳ­расига тикилди. Бор ҳақиқатни айтиш вақти келганлигини сезди.
– Ростини айтсам, Гулбаҳор, сенинг ҳужжат­ла­рингда ота-онаси йўқ, дейилган. Сени умуман бошқа бир аёл олиб келган. Унинг кимлиги эса номаълум. Директорнинг айтишича, у сени топиб олган ва бу ерга олиб келган.
– Топиб олган? – Гулбаҳорнинг юрагини бир нима тирнаб ўтди. – Бу нима деганингиз?
– Гулбаҳор… Қизим, сен сўрадинг, мен ростини айтаяпман. Бу гапларни бир кунмас-бир кун эшитардинг. Ҳақиқат аччиқ, – у шундай дея қизнинг бо­шини кўксига босди. – Йиғлама, сен ҳали албатта бахтли бўласан. Ким билади, балки ота-онанг тирик бўлса, уларни ҳам топарсан. Агар ота-онангни кечириб, уларни топмоқчи бўлсанг, сенга ёрдам ҳам бераман, аммо бунга шошилма. Ўша сени олиб келган аёл «Бу қизалоқнинг ота-онаси йўқ. Бевақт оламдан ўтган» дея кўрсатма берган. Ҳадеб кўнглингни ўкситма. Ундан кўра, яхши ният қил ва эртани ўйла. Бугун эса кимни танлашингни ҳал қил. Қалбингга қулоқ сол…
Гулбаҳор иккинчи қават деразасидан пастга қараб турган кўйи йиғлаб юборди. Шу баробарида миясига туман каби ёпирилиб келаётган саволларга жавоб ҳам топгандек бўлди. Ўзга хонадонга боргани билан уни тушунишадими, йўқми? Уни етимча-етти кулча, қабилида ҳақоратлашса, нима қилади? Бойлик, обрў, уй-жой бўлгани билан оилада бахт, кўнгилда хотиржамлик бўлмаса, у ҳаётнинг нима кераги бор?! Дилмуроднинг таклифига кўниб, у билан ўз олами ва орзу-умидларини баҳам кўргани яхши. Бир-бирларини севишади, ардоқлашади. Энг муҳими, тушунишади. Кўнгилларини асрашади.
– Ҳамида опа? – дея Гулбаҳор тарбиячисининг ёни­га келиб ўтирди. – Опа, сиздан бир ил­тимос. Директорнинг олдига бирга кирайлик. Мен у киши айтган йигитга тегмайман!
Ҳамида Саломова бир пас ўйланиб, унга тикилиб турди-да, деди:
– Калтабинлик қилма, Гули. Илёс ака ҳам, биз ҳам сенга фақат яхшилик тилаймиз. Менимча, у кишининг таклифини қабул қилганинг маъқул.
Гулбаҳор ҳиқиллаб йиғлашга тушди. Ҳамида Саломова меҳр билан унинг бошини силади.

* * *
Дилмурод оҳиста келиб қизнинг ёнига ўтирди.
– Гули, бугун бошқачасан… Тинчликми, тобинг йўқ­ми?
– Йўқ, яхшиман… – Гулбаҳор сир бой бермасликка уринди. – Ўзингиз яхшимисиз?
– Ҳа, яхши…
– Менга қара, йиғладингми? Қовоқларинг шишиб кетибди.
Гулбаҳор жавоб бериш ўрнига чуқур нафас олди.
– Гули, нега гапирмайсан? – Дилмурод яна савол берди. – Бугун тўгаракда ҳам кўринмадинг.
– Хонамда эдим…
– Бирор гап бўлдими?
– …
– Гули, сенга ғамгинлик ярашмайди, – Дилмурод унинг ғам лашкарлари қўрғон қурган маъюс кўзларига тикилди. – Биласанми, доим кулиб юришингни истай­ман. Агар узоқ яшай, мана шундай чиройли бўлиб юрай десанг, ҳечам йиғламаслигинг, кайфиятингни туширмаслигинг керак.
Гулбаҳор «хуш кайфият билан юришнинг иложи борми?» демоқчидек йигитга қаради. У ҳозир Дилмуродга сирларини ошкор қилиб, дардини ёргиси келар, аммо негадир бу гапларни айтишга юраги дов бермасди.
– Биламан, сен билан менга яхши кайфият билан яшаш насиб қилмаган, аммо эртанги кундан умидимиз катта, тўғрими? Яхши ният – ярим давлат. Орзуга айб йўқ. Мана кўрасан, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб, бу кунлар унут бўлиб кетади. Давлатимиз бизга кўп имкониятлар берган…
– Тўғри… – бош силкиди Гулбаҳор. – Аммо, била­сизми, биз қанотсиз қушларга ўхшаймиз. Учишимиз жуда қийин…
– Бу гапингга қўшиламан, аммо ҳеч қачон тушкунликка тушма. Улуғ мақсад билан яшаш керак. Шундагина инсон бахт нималигини англаб етади.
– Бахт нималигини? – Гулбаҳор ўгирилиб Дилмуродга қаради-ю, кўзларига ёш олди. – Ота-онасиз ҳам бахтли бўлиш мумкинми?
Дилмурод олис осмонга, теграсида шитирлаб тур­­г­ан чинор баргларига тикилиб қолди.
У Гулбаҳорни қанчалик севмасин, қанчалик ар­доқламасин, қалбидаги туғённи, севгисини доим ҳам ошкор этавермас, унинг шундоқ ҳам ўксик қалбига малҳам бўлиш ўрнига, уни баттар эзиб, яра қилиб қўйишдан қўрқарди. Дилмурод унинг ҳам кўнгли борлигини билади, бироқ эҳтиросларига эрк беравермайди. Начора. Қисмат унга шундай аччиқ ва бенаво ҳаётни раво кўрган. У ўзини соҳилда тешик қайиққа кўз тикиб ўтирган йўловчидек ҳис этади. Манзил узоқ, қайиқ тешик. Очиқ денгизга тушиши билан сувга ғарқ бўлиб кетишдан қўрқади…
Улар доим шунақа. Беихтиёр, ўзлари ҳам билмаган ҳолда учрашиб қолишади. Бир-бирларига талпинади, аммо беш дақиқа ўтар-ўтмас, гаплари тугаб қолади ва мана шундай кўзларини бир нуқтага тикканича хаёлга чўмиб ўтиришади. Бугун ҳам шундай бўлди.
Бир маҳал ўртадаги йўлакда Ҳамида Саломова пайдо бўлди ва кимнидир излай бошлади. Унга тасодифан кўзи тушган Гулбаҳорнинг юраги шув этди.
«Мени излаяпти… Боя директор чақиртирган эди. Яна ўша масала… Ё, Худойим»
Худди у кутгандек бўлди. Ҳамида опа атрофга аланглаб, орқа йўлакларга, дарвоза томондаги дарахтлар тагида ўтирган болаларга қаради ва:
– Гулбаҳор! – деб чақирди.
У «дик» этиб ўрнидан турди ва овоз берди.
– Бу ердаман, опа…
– Бу ёққа кел… – тарбиячи уни имлаб ёнига ча­қирди. Гулбаҳор секин ўрнидан турди ва нималар бў­лаётганини тушунолмай анграйиб турган Дилмуродга бир қараб қўйди-ю, Ҳамида опанинг қаршисига борди. Тарбиячи «мен билан юр» дегандек унинг қўлтиғидан тутди ва ҳовли дарвозаси қаршисида турган бўш ўриндиқ томонга етаклаб кетди. Йўл-йўлакай ҳеч нарса демади. Ўриндиққа жойлашиб олгач, Гул­баҳорнинг бир қўлини кафтига олди ва унинг жовдираб турган кўзларига тикилиб туриб, секингина гап бошлади.
– Боя директор сени сўради.
Тарбиячи гаплари қандай таъсир этаётганлигини билмоқчидай қизнинг юзига диққат билан қаради ва темирни қизиғида босди.
– Ҳалиги, сени келин қилмоқчи бўлган киши Илёс Икромович билан учрашиб, нима бўлганини сўрабди. Директор ҳам вазият яхшилиги, сенинг рад этмаганингни айтган экан. «Унда нимани кутиб ўтирибмиз? Қиз рози бўлса, тўйни бошлайлик. Савоб ишнинг эр­тароқ бўлгани яхши», дебди.
– Нима? – қалқиб кетди Гулбаҳор. – Тўй қи­лиш­моқчими? – Сўнг бирдан бошини қуйи эгиб, юзини кафт­ларига босди-ю, пиқиллаб йиғлаб юборди.
– Вой жинни. Тўйи бўладиган қиз ҳам йиғлайдими? – Ҳамида опа уни юпатишга тушди. Бошини кўтариб, кўз ёшларини артди. – Қизим, ақлли эдинг-ку? Сенга нима бўлди? Уят-е. Биз сени бахтли бўлсин, ота-онаси йўқлиги билинмасин, деб яхши бир жойга узатмоқчи бўлсак, сенинг йиғлашингни қара. Гап бундай, келаси шанба куни иккаламиз куёвнинг онаси билан бозорга чиқарканмиз… – Сўнг сумкасидан бир конверт чиқарди. – Улар сенга куёвнинг суратини ҳам бериб юборишибди. Мана.
– Йўқ, истамайман! – жойидан туриб кетди Гул­баҳор, – бозоргаям чиқмайман, эргаям тегмайман! Рас­миям бошидан қолсин!
– Гулбаҳор, тентак бўлганмисан? – тарбиячининг туси ўзгарди. – Сенинг бахтингни ўйлаб, нима, балога қолдимми? Ё сенга шу ер яхшими? Қачонгача бировларнинг қўлига қараб ўтирасан? А?
Гулбаҳор жим бўлиб қолди. Ҳамида опа эса ваъз ўқишдан тўхтамасди.
– Оила инсонга куч бағишлайди. Гапларимни тушунаяпсанми? Эр доим ёнингда бўлгувчи мадад, суянчиқ бўлса, қайнота-қайнона қанот бўлади. Шунда сен ўзинг айтгандек, қанотсиз қуш эмас, қанотлари мустаҳкам, манзил-макони аниқ, озод ва эркин қушга айланасан. Мана шунинг ўзи ҳам бахт эмасми?
– Гапингиз тўғри… – деди Гулбаҳор ийманибгина, – аммо негадир қўрқиб кетаяпман…
– Қўрқишинг рост. Ҳақсан. Оила дегани шундай бир мустаҳкам қўрғон бўладики, унга кирганингдан кейин елкангдаги масъулиятдан тиззаларингга титроқ киради. Аммо ёдингда бўлсин, бу ширин азобни ҳис эта билишнинг ўзи ҳам катта бахт. – Тарбияси шундай дея конвертни қўлига тутқазди. – Гулбаҳор, қизим, кафтингда турган бахт қушини учириб юборма. У бир марта келади…
– Дилмурод-чи? – бу сўз кутилмаганда қизнинг оғ­зидан чиқиб кетди.
– У билан фақат дўстмиз, дединг-ку. Дўстлик бош­қа, ишқ бошқа. Оила эса умуман бошқа дунё. – Ҳамида опа қизнинг қалбига янада чуқурроқ кириб боришни истади. Насиб бўлса, вақти келиб ўзинг тушуниб етасан. Хуллас, гап бундай, келаси шанба ва якшанба кунлари иккаламиз бўлажак онанг, яъни қайнонанг билан сенга сарполар, умуман, тўйга нима керак, барчасини харид қилар эканмиз. Мебел дейсанми, кийим-кечакми, ҳаммасини. Ке­йин тўй куни кийишинг учун келин кўйлак – фата ҳам танлаймиз…
– Фата танлаймиз?..
Келин кўйлакни эшитганда қизнинг этлари жимирлаб, елкаси ва сочлари орасида чумоли ўр­ма­лаётгандек бўлди. Конверт тутган бармоқлари титраб, кафтлари қизиб кетди. Кўз олдига улкан тўйхона ва давра тўрида худди маликалардек ясаниб, бахтдан юзлари лов-лов ёниб турган, оппоқ либосдаги со­ҳиб­жамол келинчак келди. У хўрсиниб эндигина қо­райиб келаётган уфққа тикилди…
Сўнгра ич-ичидан тошиб чиққан титроқ, ҳаяжон билан тарбиячисини қучоқлаб олди.
– Опажон, сизни яхши кўраман, – Гулбаҳорнинг гапларида соддалик билан бирга ўзини тақдир ҳукмига ташлаб қўйиш мавжуд эди.
– Мен ҳам… – Ҳамида опа унинг сочларини силади. – Бахтли бўл, қизим. Бахтли бўл…
Улар бир лаҳза шундай туриб қолишди.
Ҳамида опа қизни бағридан бўшатиб, бинога қа­раб юрди. Гулбаҳор эса йўлак ўртасида туриб қолди. Унинг аҳволи саҳро ўртасидаги йўловчини эслатарди. Бу ҳолда қолиш – йўқликка юз тутиш, йўлни давом эттирмоқ эса ўта хавотирли, таваккал. Аммо яшаш керак! Яшаш!
Гулбаҳор конвертни маҳкам тутганча, ичидаги су­­ратни кўрмоқчи бўлиб, йўлак бўйлаб бино томонга қайтаётган эди, ён томондан, «Гули?» деган овоз эшитилди. Ўгирилиб қараса, икки қадам нарида яна Дилмурод турибди.
– Нима гап, тинчликми?
Гулбаҳор йигитга тикилган куйи, «тинчлик» де­ди-ю, конвертни қаерга яширишни билмай каловланиб қолди.
– Тинчликми, Ҳамида опа нима деяпти?
Қиз сўз айтмоққа оғиз жуфтлади-ю, томоғига бир нима тиқилгандек бўлди. Кўзларини олиб қочди.
– Мен кетишим керак, – деди кутилмаганда. Дилмурод эса унинг қўлларига ёпишди.
– Тўхта, кетма…
Гулбаҳор йигитнинг қўлларини силкиб ташлолмади.
– Сенга нима бўляпти? – Дилмурод яна сўради. – Мендан ниманидир яшираяпсан… Айт, нима бўлди?
– Ҳеч нарса бўлгани йўқ, – титраб кетди қиз.
– Ёлғон гапирма… Сен билан мен алдашни эплолмаймиз. Кўзларинг сотиб қўяди. Юрагим сезиб турибди, Ҳамида опа сени бекорга дарвоза томонга олиб бормади. Сен ҳам бекорга йиғламадинг… Қўлингдаги конвертда нима бор?!
– Кўриб ўтирган экансиз-да… – Гулбаҳор Дилмуродга қаради. Сўнг яна кўзларини олиб қочди. – Мен кетишим керак.
– Нималар бўлаяпти ўзи, Гулбаҳор? – Дилмурод унинг қорачиқларида қалқиб турган кўз ёшни кўрди-ю, йўлакдан ўтиб қайтаётган болаларга ҳам эътибор бермасдан билагидан ушлаб, ёнидаги ўриндиққа чорлади. – Ростини айт, нималар бўляпти ўзи?
Гулбаҳор барибир чидолмади…
– Тўйим бўляпти! – деди-ю, қиз уни силтаб ташлаб, ётоқхона томонга югуриб кетди.
– А? Тўйинг? – Дилмурод югуриб кетаётган қиз ор­тидан қараб қолди. Сўнг аламдан икки қўли билан кўксига муштлади. Яна Гулбаҳор кетган йўлакка тикилди. Унинг ётоқхонага кириб кетганини кўрди-ю, бў­ғинлари бўшашиб ўриндиққа ўтириб қолди. Сўнг бўғ­зини тўлдириб қичқириб юборди.
– Гулбаҳор, сени севаман! Эшитяпсанми, сени севаман!
Аммо унинг қичқириғи шунчаки бир пичирлаш бўлиб лабларидан учди. Дилмурод сўнгсиз хаёлга чўмди. Олис осмонга, юлдузларга боқди. Ана шунда сомон йўлидан бир нур ажралиб тушиб, унинг қалбига тушгандек, беихтиёр тилига сўзлар шодаси қуйилиб кела бошлади…

Сен кетарсан ҳасратланиб,
Мен қоларман доғ-доғ билан.
На ёниб, на сендан тониб,
Бенасиб бир ардоғ билан.

Оҳ, осмон йироқ, ер қаттиқ,
Ўртанурман, лек нетай?
Азоб борми, бундан ортиқ,
Бошим олиб қайга кетай?

Бир ён уммон, бир ён саҳро,
Ўртасида девонаман.
Ажаб савдо, дайри дунё,
Нур излаган парвонаман.

Қўлим калта, қанотим йўқ,
Айтинг, бу не қисматдир?
Қувончим туш, баётим йўқ,
Балки бу ҳам ҳикматдир?
Йўл бер, йўлдош бергин – бехатар,
Қўлларимдан ўзинг тут, Тангрим.
Бенавоман, қалбим ўртанар,
Ато этгил, ҳақ сўзни, Тангрим…

Дилмурод бир оз енгил тортди, аммо уни шундай ожиз, умидсизу журъатсиз қилиб қўйган тақдиридан ўкиниб кетди. Нега бунчалик бахтсиз эканлиги сабабини излаётган йигит ўтган кунларининг энг қора ва энг аянчли лаҳзаларига саёҳат қила бошлади…

* * *

Ўшанда у биринчи синфда ўқирди. Мактабга боришдан олдин тўшакка михланиб, ранглари бўз¬дай оқариб, қовоқлари ичига тортиб кетгани етмагандек хиёл кўкарган, нигоҳлари шифтда осилиб турган гулқоғозга қадалиб, гўё у узилиб тушса ўзининг-да жони узилгудек ночор, қуруқшаб кетаётган лабларини тамшаганича ундан нажот сўрагандек тикилиб турувчи онажонисига қарарди. Бемор онаси у ивитиб, оғзига тутган нонни чайнар, аранг ютар ва бемадор танасини кўтариб, икки ҳўпламгина чой ичар, сўнг маъюс кўзларини эшик олдида термулибгина турган ўғлига тикиб:
– Болам, мактабингга бормайсанми? – дерди. Сўнг ҳансираб нафас олганича давом этарди: – Дилмуроджон, менга қарама, яхшиман… Яхшиман. Анув совуқ чойни олдимга қўйгин-да, ўқишингга бориб кел, болам. Ҳадемай даданг ҳам келиб қолади.
– Дадам кечаси келмади-ку.
– Бирор иши чиқиб қолгандир-да… – она чуқур уҳ тортарди.
У хонтахта устида турган чойнакни диваннинг ён томонида, онасининг қўли етадиган жойда қолдириб, жилдини қўлига олганича эшикни ўзи қулфлаб мактабига йўл олар, ўқиши тугаши билан уйга чопарди…
Неча кун, неча ойдирки, ойижониси соғайиш ўр­нига баттар оғирлашиб борар, авваллари овқатини туриб еган, кийимларини ўзи ювган, ўғли билан эрига овқат пишириб берган бўлса, энди буларнинг тамоман акси бўлаётганди… Овқатни холаси кунда-кунора келиб пишириб берар, кирларини ювиб, ҳожатига ҳам чиқолмай қолган, то ўғли мактабдан келгунича изза бўлиб ўтирадиган опасига қарашиб кетарди…
– Касалинг жонимга тегиб кетди! – деди дадаси бир куни ва машинасида шифохонага олиб кетди. Ўн кун даволанди, аммо яхши бўлмади.
Ойисини бир аҳволда уйга олиб келишди. Ўша куни машинадан дадасига қўшилиб, кичик холаси ва бувиси тушди. Улар ойисини икки қўлтиғидан тутиб, учинчи қаватга, уйга олиб чиқишди-ю, мана шу ўрта уйдаги диванга ётқизишди. Ўшандан бери ойисининг аҳволи ўнгланмади. Ойиси бутунлай тўшакка михланиб қолганидан сўнг дадаси уйдан кам хабар оладиган, кунда-кунора бир келиб-кетадиган ва тунлари умуман қорасини кўрсатмайдиган одат чиқарди. Ойиси унга ёзғирарди:
– Дадаси, қаерларда юрибсиз-а? Кечаси ўлиб қолай дедим… Яхшиям шу Дилмуроджон билан Гулнора хола бор экан. Бўлмаса…
Бир куни дадаси қалампир ютгандек афтини буриштириб ойисига ғазаб билан қаради.
– Балоям урмайди сенга. Ўлсанг, шу вақтгача ўлардинг-да… Неча йилдан бери аҳволинг шу.
– Дадаси, нафасингизни иссиқ қилинг… Биламан, умид йўқ, лекин ёнимда бўлиб турсангиз нима бўлади… – ойиси лабларига кўрпа четини босганича йиғлаб юборди. – Ҳеч кимга керагим бўлмай қолди. Мени бундай қийнагунча жонимни олса бўлмасмиди…
– Сўрайвер, олади… – зарда қилди дадаси. Сўнг целлофан идишда олиб келган дориларини иддао билан диван устига қўйди.
 Онаси дориларга қаради. Сўнгра умр йўлдошига жовдираб, умидвор тикилди.
– Дадаси, илтимос, ёнимда бўлинг. Сизга айтадиган гапларим бор.
Дилмурод дадаси билан ойиси нима ҳақда гаплашаётганига тушунмай шифтга, осилиб, узилай-узилай деб турган гулқоғозга қараб турарди. «Шу гулқоғоз узилиб тушса, ойим ҳам ўлса керак… Ҳар куни шунга тикилиб ётади…»
Бола қўққис миясига урилган ўйдан сесканиб кетди. Бу вақтда ойиси дадасига алланималар дер, аммо у эшитишни истамасди.
Эрталаб турса, уй тўла одам. Кичкина холаси, бувиси, бобоси, тоғалари, ҳатто дадаси чопон кийиб, белини боғлаб олибди. Тоғалари ҳам. Таёққа суяниб, аранг юрувчи бувиси билан холалари ойисининг бошида овоз бериб-овоз бериб йиғлашаяпти. У ҳеч нарсага тушунолмай қолди. Қўрқиб кичик холасининг қўлидан тутди-да, изиллаб йиғлаб юборди. Шундан сўнг холаси у билан бўлиб, тушгача авраб, алдаб ўтирди, аммо марҳумани олиб чиқишаётганида шу вақтгача «қўрқмасин, кўнгли ўксинмасин, вақти билан тушунтирамиз», деб ўтирган аёллар чидолмади, бараварига ўкириб йиғлаб юборишди. Холаси ҳам уни бағрига босганича:
– Дилмуроджон, ойингдан айрилиб қолдик. Энди сенга ойи қайда, Дилмуроджо-о-он?! Пешанагинанг қурсин, Дилмуро-од… Шўргинанг қурсин… – дея бор аламини, дарду ҳасратларини айтиб-айтиб йиғлади.
У ёмон туш кўриб, алаҳсираб уйғонгандек қотиб қолди…
Марҳуманинг худойиси ўтказилгандан сўнг қай­нона билан куёв Дилмуроднинг ким билан қолиши борасида баҳслашиб қолди.
– Сиз кўчанинг одами. Ишга борасиз, бошқа қи­ласиз, – буви куёвини қанчалик ёмон кўрмасин, невараси, марҳума қизининг ҳурмати учун ҳалимлик билан деди. – То қирқ кунгача мен шу ерда қоламан. Ҳар ҳолда ўликнинг ҳурмати.
– Қирқ кундан кейин-чи? – деб юборди қайно­на­сининг бир кун ҳам бу ерда туришини истамаган Нормурод.
– Мен аслида шуни ўйлаяпман… – бувининг кўз­лари милт-милт ёшга тўлди. – Дилмуроджон нима қи­ларкан деяпман-да…
– Неварамни олиб кетаман, деган хаёлда бўл­сангиз, адашасиз, – деди Нормурод қўрслик билан. – Дилмурод мен билан қолади. У энди ёш бола эмас. Биринчи синфда ўқияпти.
– Ўнинчи синфда ўқисаям, болага ота-она меҳри керак. Эътибор керак…
– Мен тирикман!

* * *

…Йўлакдаги ўриндиқда ўтирган Дилмурод бошини маҳкам чангаллади.
«Ҳаммасига дадам сабабчи… – Дилмуроднинг кўз­ларида ёш қалқиди, – ойимнинг вафотидан кўп ўт­май ўша жиблажибонни олиб келди-ю, ҳаётим заҳар-заққумга айланди. Мен дадам билан ўша алвастининг ўғли эмас, малайига айландим. Бошимдан ўтган хўрликларни ўзим биламан… Ҳеч ким бундай хўрлик кўрмасин. Бу ерда фақат ота-она дийдори қаҳат… Қолган ҳаммаси жойида. Чунки бошимизда давлат бор…»
Дилмурод хотирасининг қат-қатида яширин ётган ҳасратли кунларини кинотасмага муҳрланган кадрлар каби бир-бир кўз олдидан ўтказар экан оғир хўрсинди. Ҳаётининг бундай тус олиши ва қисмати бу қадар аянч­ли кечишига фақат дадаси сабабчи эканлигига яна бир бор амин бўлди.
«…Дадамнинг жоҳиллиги сабаб раҳматли ойижоним билан бувижонимникига истаган вақтимизда боролмасдик. Ойижоним оғир бетоб бўлиб қолгач, бувимларникига ҳам, холамларникига ҳам боролмай қолдик. Ўзлари келиб кетардилар. Шунинг учун ҳам мен уларнинг уйлари қаерда эканлигини ҳозир ҳам билмайман. Биринчи синфда ҳам охиригача ўқимадим. Дадам хотинининг макрига учиб, мени бу ерга олиб келди. Бу ердан бир неча бор қочиб кетмоқчи бўлдим, бироқ қаёққа боришни билмадим. Икки марта қочиб, ўзим ўқиган мактабни мўлжал қилиб, уйимизгача бордим. Дадамлар қаёққадир кўчиб кетишибди. Кейин қўшнимиз Гулнора холамни суриштирдим. Эрининг лавозими ошиб, оиласи билан бошқа шаҳарга кўчиб кетишибди…»
Шундан сўнг қайтиб у жойларга бормади, ҳеч бўлмаса тоғамлар излаб келишар, деган хаёлда юр­ди. Бироқ бу орада буви қизининг ҳасратида вафот этган, тоғалари билан холаси эса уни дадаси билан кетган дея ўйлар, бир-икки марта келиб, Гулнора холанинг ҳам оиласи билан кўчиб кетганини, бошқа қўшниларнинг эса улар ҳақида ҳеч қандай маълумот билмаслигини эшитгач, «Бунақа қўшничиликларингдан ҳам ўргулдим!» дея тақдирга тан бериб, бирор жойдан хушхабар келиб қолар, дея кутиб ўтиришарди…
Дилмурод жудоликка, айрилиқ ва соғинч азоб­ларига-да кўникди, бироқ доим она меҳрини қўмсаб яшади.
Кўнглидагини шеърга тўкди.

Сизни соғинаман, онажон, ҳар кун,
Дилимда илтижо, кўзларимда ёш.
Аламдан, ўкинчдан бўлганча дилхун,
Армонли нидолар кўтармоқда бош.

Онажон, начора, буми бир қисмат?
Бешафқат тақдирнинг аччиқ қамчиси?
Гўёки кўнгилда аянч бир зулмат-
Ёз фасли қуйилган ёмғир томчиси…

Биламан, ҳасратдан энди не чора,
Лек қайга яширгум орзу-тилакни?
Кечалар бўлганча дилгинам пора,
Соғинч ўртай бошлар ўксик юракни…

Аламлар тумандек тарқалар аста,
Таскинлар оқади дилга кун сайин,
Энди мен яшайман соппа-соғ хаста,
Билардингиз…
ортда қолганга қийин…

У ҳозир севгилисидан айрилаётганини ўйлаб, бағ­ри хун бўлиб ўтираркан, Гулбаҳор яшайдиган хона деразасига қараб қўйди. У Гулбаҳорнинг ҳовлига чиқиб келишини кутиб алламаҳалгача жойидан турмади. Дўстлари, хонадошлари «Нега бундай ўтирибсан? Кетдик, хонамизга кирамиз…» дейишди, аммо у жойидан қимирламади. Иккинчи қават деразасига тикилганича ғуссага ботиб ўтираверди.
«Аввал меҳрибон ойижонимдан айрилган, яқин­ларимни йўқотган бўлсам, энди севганимдан ҳам айрилаяпман. Бевафо дунё… Қанча-қанча орзуларимиз бор эди, ҳаммаси рўё экан… Унинг ихтиёри ҳозир ўзида эмас, менинг эса қўлим калта… Чўкаётиб хасга ёпишаётган одамга ўхшайман…»
Дилмурод энди нима қилиш кераклиги ҳақида узоқ ўйлади. Назарида Гулбаҳор тузоққа тушган оҳу эди… Умид билан жойидан қўзғалди-да, иккинчи қаватга чиқиб, Гулбаҳор яшайдиган хона эшигини тақиллатди. Ичкаридан Гулбаҳорнинг хонадош дугонаси чиқди ва унга савол назари билан боқди…
– Гулини чақириб юбор…
– Ҳозир… – қиз унга бир синовчан нигоҳ таш­ла­ди-ю, ичкарига кириб кетди. Икки-уч дақақа ўтиб, тағин эшикдан мўралади.
– Гули чиқолмас экан…
– Нега?
– Билмадим, ўзи шундай деди, – қизнинг овози си­ниқ эди. Сўнгра секингина қўшиб қўйди: – Икки су­ратнинг ўртасида йиғлаб ўтирибди. Олдингизга чи­қишга юзи чидамас эмиш…
– Юзи? – Дилмурод титраб кетди. Сўнг бу ерда туришга ортиқ ҳожат қолмаганини ҳис этди-да, изига қайтди. Узун йўлак бўйлаб қайтар экан, дили хуфтон эди. – Худойим, шунча азобинг етмасмиди?..
У ҳовлига чиқиб ўриндиқда мук тушиб ўтирганча ўзига-ўзи саволлар берди, бироқ сўроқлари жавобсиз қолди. Денгизни қўмсаган одам лойқа ҳовуздан баҳра ололмайди…
У тақдирга тан берганча ўз хонасига кириб келди ва хонадошларини ҳайрон қолдириб каравотига ётди-ю, бошини соғинчу ҳасрат кўзёшлари сингиб кетган кўрпасига ўраб олди.

* * *

Дугоналари билан нонушта қилиб, энди ҳовлига чиқаётган Гулбаҳор уни директор қабулхонаси томонидан келаётган Ҳамида опа имлаб чақирди. Ийманибгина ёнига борганди, тарбиячиси деди:
– Шу ерда кутиб тураман, тезда кийиниб чиқ. Ҳа­демай улар келиб қолишади.
– Ким?
– Ким бўларди, бўлажак қайнонанг…
Гулбаҳор бир лаҳза эшик олдида каловланиб тур­гач сирғалибгина ичкари кирди, ўзича кўркам ҳисоблаган кийимларини кийди. Кўзгу ёнида ўтириб, юз-кўзига қараган, сочларини тараган бўлди. Сўнгра каравотининг бош томонидаги деворга осиғлиқ суратга бир нигоҳ ташлади-да, ташқарилади.
– Оҳ-ҳо, очилиб кетибсан-ку, – деди Ҳамида опа унинг бир оз оҳори тўкилган эса-да ўзига ярашиб турган костюм-юбкасига қараб. – Гули, ростини айтсам, сенга ҳавасим келади. Қандай либос киймагин ҳаммаси ярашади. Бу ҳам бир бахтинг-да, Гули…
Ҳозир қиз тарбиячининг бу гапларни нега айтганини ажратиб, қайси гапи тўғри-ю, қайси бири унинг кайфиятини кўтариш учун айтилаётганини фарқлай олмади.
Шу пайт Ҳамида опанинг қўл телефони жиринг­лади-ю, қисқа мулоқотдан сўнг у Гулбаҳорга деди:
– Илёс Икромович телефон қилаяптилар, бизни дарвоза олдида кутишаётган экан…
– Ҳамида опа… – Гулбаҳор унга нимадир демоқчи бўлди-ю, айтолмади.
Қизни ғаройиб бир куч тарбиячисининг кетидан эргаштириб, дарвоза томонга олиб борди. Йўл-йў­лакай у атрофига қараб-қараб қўяр, йўлак бўйлаб, ўриндиқларда гаплашиб ўтирган ёки дарсга бораётган болалар гўё унга ҳайратланиб-ҳайратланиб қа­­­­раётгандек, худди улар орасида ёки қайсидир ўриндиқда Дилмурод унга нафрат билан тикилиб тур­гандек туюлиб кетди. Дарвозадан чиқиб, оқ «Нексия» ёнида жилмайибгина турган оқ рўмолли, ўрта бўй, истараси иссиқ, худди тушда кўргани каби кулгичлари ўйнаб турган мунис бир аёлга кўзи тушди-ю, Гулбаҳорнинг аъзои-бадани титраб кетди. «Наҳотки тушимда шу аёлни кўрган бўлсам?»
Ҳамида Саломова атрофга бир нигоҳ ташлаб, уларни кутаётган аёл шу эканлигига амин бўлди.
– Ассалому алайкум, – деди тарбиячи, аёл яқин келгач.
– Ассалому алайкум, – ҳалиги аёл ҳам тавозе билан салом берди-да, қўл тутиб саломлашди. – Омонмисиз, синглим? Сиз Ҳамидахон бўлсангиз керак-а? – Аёл тасдиқ жавобини олгач тарбиячисининг ёнида ер ёрилса-ю, ерга кириб кетгудек бўлиб турган қизга – келинига қаради.
– Ассалому алайкум…
Аёл титраб, киприклари пир-пир учиб, бар­моқ­ларини лабига босиб турган қизнинг билагига қўл теккизиб:
– Қизим, яхшимисиз? – деди. Кейин унга синовчан нигоҳ ташлади. Келишган бўй-басти, узун сочлари, кулча юзи, жимитдек бурнигача сер солди. – Айланай сиздан. Айни кўнглимдаги қиз-а?! Болам, илойим кўз тегмасин.
Аёл Гулбаҳорнинг пешонасидан ўпиб қўяркан, уларни машинага таклиф қилди. Ўзи ҳайдовчи ёнига, Ҳамида опа билан Гулбаҳор орқа ўриндиққа ўтиргач машина йўлга тушди.
– Қизимни кўриб, ҳаяжонландимми ё келинлик даврларим эсимга тушиб кетдими, исмимни айтиш ҳам ёдимдан кўтарилибди. Ҳамидахон, сиз ҳам эс­латмабсиз-а, – аёл жилмайиб, гапларини ҳазилга йўй­­­­ди ва ўртадаги жимликни бузди: – Исмим, Муқаддас.
– Илёс Икромович айтгандилар, – деди Ҳамида опа одоб юзасидан. – Аммо сиз у киши таърифлаганларидан ҳам очиқкўнгил, меҳрибон аёл экансиз.
– Ҳамидахон, беш кунлик дунёда кимгадир яхшилик қилиб, изингиздан яхши ном қолдириб кетолмасангиз, яшадим дейишнинг ўзи аҳмоқлик. Қалдирғоч ҳам ҳар баҳорда айвонга ин қуриб, бола очади, оғзида сув, озуқа ташиб, болаларини учирма қилади. Эътибор қилсангиз, бу жуда катта иш. Биз инсон бўлиб, бир қалдирғоч ишини қилолмасак уят. – Муқаддас опа бу гапларни айтаркан Гулбаҳорга синчков назар ташлаб қўйди. Қиз қизарибгина ўтирар, хижолатдан иложи бўлса машинадан чиқиб қочгудек бўларди.
Муқаддас опанинг бўлажак келинидан кўнгли тўл­ди. Ташқи кўриниши, одоб сақлаб, лаб тишлаганча ийманибгина туришлари ҳам айнан улар истаган қиз… Фақат, ҳамма гап ўғлининг уялтириб қўймаслиги ва тўйдан кейин келиннинг айниб қолмаслигида…
Шу вақт машинада ноқулай вазият юзага келди. Гулбаҳор эрта келин бўлиб борса, у ердагилар билан қандай чиқишиб кетиши, бу аёл меҳрибон бўл­гани билан ўзи келмай суратини бериб юборган, қа­димгилардек қаллиғини тўй куни кўришни истаган ўғли қандайлиги ҳақида ўйлаб борар, негадир хўрлиги келиб, тўйиб йиғлашни истарди. Ҳамида опа бўлса ортиқча бирор гап айтиб қўймаслик, шундоқ ҳам бу бўлажак қайнота – Мурод Ҳикматовичнинг обрўсига мос иш бўлмаётгани, бу ерда нимадир борлигидан шубҳада бўлганидан эҳтиёткор эди. Муқаддас опа имкон қадар бўлажак келинда яхши таассурот қолдириш, уни «Болам, қизим», деб юрагининг туб-тубида яшириниб, армонлар хазони остида қолиб кетган ҳисларини уйғотиш иштиёқида ёнар, аммо бу нозик муносабатни ошириб юборишдан ҳам чўчирди…
Машинадаги ноқулай вазият то ҳайдовчи гавжум кўчалардан ўтиб, шаҳарнинг энг кўзга кўринган бозорига етиб боргунча ҳам ўнгланмади. Фақатгина Муқаддас опанинг эри қўнғироқ қилиб, нимадир деди, шекилли, у киши «Яхши, ҳаммаси жойида», деб қўйди. Аммо негадир бу гапни айтиши билан қизариб кетди…
– Об-ҳавоям исиб кетди, – деди у эри билан гап­лашиб бўлгач. – Кўчада бунча машина кўп бўлмаса.
Ниҳоят, бозорга етиб келишди ва керакли нарсаларнинг барчасини харид қилишди. Ҳайдовчи йигит олинган газлама-ю, кийим-кечакларни машинага ташиб турди, Муқаддас опа «зора келинимнинг кайфияти кўтарилиб, қовоғи очилса» дея ҳар бир яхши либосни иккитадан харид қилди. Гулбаҳорни кийим-кечакка буркаб ташлади, бироқ қизнинг чиройи очилмади. «Икки кийимлик мато билан бўлсаям ўз ота-онамнинг уйидан келин бўлсайдим… – ўйлади Гулбаҳор ич-ичидан алам билан. – Мени ҳар лаҳзада минг хижолатга қўяётган, шаънимга ҳам тегиб, қандайдир таҳ­қирланишимга сабаб бўлаётган бу нарсалар мени бахтли қилиб, яра қалбимга малҳам бўлармиди?»
Бозордан манаман деган икки келиннинг сарпосига етгудек қилинган харид Гулбаҳорнинг кўнглига заррача қувонч бахш этмади, аксинча, хўрлигини келтирди. Гўё бу саъй-ҳаракатлар жони узилаётган одамнинг оғзига томизилган сув каби бесамар эди.
У бозордан чиқиб, гўзаллик салонларининг бирига келганида, чиройли келин кўйлакни кийиб, ойнага қараганда севинчданми, армонданми йиғлаб юборди. Шунда Ҳамида опа унга далда бўлди.
– Йиғлама, ҳали сен энг чиройли, энг бахтли келинчак бўласан!
– Ҳамида опа… – Гулбаҳор оққуш мисол юриб келди-да, ўзини тарбиячисининг бағрига отди. Қизнинг кўзларидан дув-дув ёш оқарди. Шунда Муқаддас опа қўлидаги дастрўмолчаси билан бўлажак келинчакнинг кўз ёшларини артди.
– Қизим, йиғламанг. Сиз йиғласангиз, менинг ҳам юрагим эзилади. Сизни ўз қизимдай кўраман. Бўл­маса, биргина суратингизни кўрибоқ яхши кўриб қолармидим… – Муқаддас опа қизнинг сочларини тўғ­­рилаб пешанасидан ўпиб қўйди. – Бахтли бўлинг. Аммо йиғламанг, ҳали ҳаммаси олдинда. Насиб бўлса, ҳали сизга одамларнинг ҳаваси келиб юради.
Бу гаплардан Гулбаҳорнинг кўнгли бир оз ёришгандек бўлди ва илк бор бошини кўтариб, бўлажак қайнонасига қаради, синиққина жилмайди.
– Жилмайишларидан айланай! – Муқаддас опа унинг елкасига қоқиб қўйди ва бўғзига тиқилиб келган ғуссасини «ғилт» эткизиб ютди.
Улар гўзаллик салонида келинчак либосига буюртма беришгач анча енгил тортишиб, бир-бирларига меҳрлари ийиб чиқишди.

* * *

Шанба кунги кечки овқатдан сўнг иккинчи қаватда Гулбаҳорнинг ўз хонасига қайтиб келишини кутиб турган Дилмурод қиз йўлакда пайдо бўлиши билан йўлини тўсди ва деди:
– Гули? Тўхта, сенга айтадиган муҳим гапим бор…
Қиз шундоқ ҳам куйиб турган юракларини баттар куйдирмаслик учун худди унинг сўзларини эшитмагандек ёнидан ўтиб кетмоқчи эди, Дилмурод шарт билагидан тутди-да, ўзига қаратди.
– Гули?
– Қўйворинг, орқадан болалар келаяпти, – деди қиз.
– Йўқ, мен билан юр, – Дилмурод қизни ҳовлига чорлади. – Гаплашиб олишимиз керак.
Қиз нима қилишини билмай, ўйланиб қолди. Сўнг­ра деди:
– Хўп, ҳозир чиқаман…
– Аниқми?
Гулбаҳор «Нима, бирор марта ёлғон гапирганмидим?» дегандек ёвқараш қилган эди, Дилмурод ишонди ва катта дарвозага чиқиш йўлагида кутиб туришини айтиб изига қайтди.
Шом вақти. Қуёш ботиб, атрофни зулмат салтанати ўз чекига ола бошлаган, кундуз пайти қизиган ер тафти ва кечки салқинлик уйғунлашиб, ажиб бир тароват бахш этган палла. «Меҳрибонлик уйи» ҳовлисини ярадор қалбларнинг ўксик бир садо балқиб турувчи чуғури тутган. Дилмуроднинг нигоҳи қаттиқ ерда, хаёли Гулбаҳорда эди. У тахта ўриндиқда мук тушиб ўтирганча яна сўнгсиз хаёлларга чўмар, севгилиси келгач айтилажак гаплар, унинг юрак-юрагини ўртаб юборувчи сўзларига ўзини тайёрлар, гўё Гулбаҳор келиб «Дилмурод, сизни севаман! Сиз менинг ҳаётимсиз!» дейдигандек, недандир қувониб ҳам қўяр, тағин бугун ҳаммаси тугаса-чи, деган ҳадик ҳам бор эди.
Дилмурод шундай Хазин хаёллар оғушида ўтир­ганида бино томондан гўё улкан бир гуноҳ иш қилиб қўйган-у, энди кечирим сўраш учун келаётган осий каби бир-бир қадам босиб, андишасидан атрофга қа­рашга-да юраги дов бермай келаётган Гулбаҳорга кўзи тушди-ю, қувонганидан ирғиб ўрнидан туриб кетди. Гулбаҳор ийманибгина келиб, унинг қаршисида жим туриб қолди.
– Кел, ўтир, – деди Дилмурод. Сўнг ўқилмаган китоб каби сирли бўлиб, нигоҳлари бир нуқтага қадалиб турган қиздан сўради: – Тўй кунинг белгилангани ростми?
Қиз елкасидан оғир юк ташлагандек бир хўрсиниб жавоб берди:
– Ҳа. Келаси шанба…
Бу гапдан Дилмуроднинг юраги сиқилди.
– Тегасанми?
Шунда Гулбаҳор ирғиб ўрнидан турди-ю:
– Нега мени бунча қийнайсиз-а?! – дея ўксинди. Дилмурод унинг билагидан тутиб, ўзига қаратди.
– Гули, истасанг, шу бугуноқ қочиб кетамиз. Эшитаяпсанми, қочиб кетамиз!
– Нималар деяпсиз? – деди Гулбаҳор. – Мен ҳам ота-онам бўлишини, ўз уйим хизматини қилишни хоҳ­лайман. Тушунсангиз-чи, қачонгача бу ерда, тош деворлар орасида яшаб юрамиз?! А, қачонгача?!
– Демак… демак мендан воз кечибсан-да?
– Илтимос, мени қийнаманг! Шундоқ ҳам эзилиб кетдим. Биласиз-ку, биз бу ерда қанотсиз қушларга ўхшаймиз. Шундай бўлгач, айтинг, қандай исён қила оламиз? Қариндош-уруғимиз бўлмаса, қочиб қаерга ҳам борардик? – Гулбаҳор бу гапларни айта туриб, баттар ўксиди ва азойи-бадани бўшашиб кетган Дилмуроднинг панжаларидан билакларини озод қилди-ю, изиллаб йиғлаганича хонаси томон чопиб кетди.
Дилмурод телбадек бўлиб, йўлак ўртасида туриб қолди. У Гулбаҳор айтган аччиқ ҳақиқат – совуқ ханжар мисол кўксига қадалган сўздан ақл-ҳушини йўқотган эди. У яна «Гулбаҳор!» деб қичқирмоқчи бўлди, аммо энди кеч, бу ўзининг қўли калталиги каби бекор, изи­дан чақиргани билан висол ундан олислаб бораётгани, унга элтувчи йўллар берк экани каби ҳақиқат бўлиб қолди.
У бўғзини куйдириб келган ғуссасини ичга ютганча қайтиб ўриндиққа ўтирди ва ғариб бошини кафтлари орасига олди.
– Худойим, ўзинг мадад бер… Ўзинг ярлақа…
Шу лаҳзада борлиқни қоплаб келаётган зулмат этаги Дилмуроднинг бошига ўралиб қолгандек туюлди. У кўзларини юмганча мук тушиб ўтирар экан яна ўз тақдиридан, уни шу кўйга солган ўгай онаси ва субутсиз падаридан нафратланиб кетди. У бир муддат шу куйи ўтиргач гўё илоҳий бир тўлқиндан сесканиб кетгандек бошини кўтарди, ўзича пичирлади:
– Йўқ! Орқага йўл йўқ! Шундай экан, энди мен барчасидан қасос оламан! Шундай қасос йўлини танлайки…
Дилмурод қанча вақт ўйга чўмиб ўтирганини бил­майди, бир маҳал елкасига қўйилган кафт тафтидан сесканиб кетди. Бошини кўтарса, хонадош дўсти Аҳрор экан.
– Тинчликми? Хонага ҳам бормадинг?
– Тинчлик… – бош чайқади Дилмурод. Кейин ат­рофига қаради. Вақт алламаҳал бўлган, ҳовлида улардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. У дўстига синовчан нигоҳ ташлади-да, секин жойидан турди.
– Сенга нима бўлди? – сўради Аҳрор. – Яна Гул­ба­ҳорми?
Дилмурод гапиришни истамади, чуқур уҳ тортди-да, олис осмонга қаради. Кўк юзини юлдузлар қоп­лаган, қибла томондан синиққина нур сочганча ярим ой ботмоқда. Ой ботиши ва юлдузларнинг дарахт барглари орасидан сўник кўриниши йигитга гўё армонга айланган орзулар, умид учқунлари бўлиб туюлди. У бинога яқинлашиши билан қизлар бўлими томонга, иккинчи қаватга қаради. Деярли барча чироқлар ўчирилган, аммо биргина хонанинг чироғи ёниқ…
«Уям ухлолмай ўтирибди… Унинг ҳам виждони қийналаяпти, аммо чорасиз… У ҳам инсон. Ўзи айтганидек, ота-онаси, оиласи бўлишини, бир оиланинг бахтиёр келинчаги бўлишни истайди… Менга текканда-чи? Нима қилардик… Осмон йироқ, ер қаттиқ, деб шунга айтсалар керак-да…»
– Дилмурод?
У сесканиб кетди, аммо буни сездирмасликка уринди. Хонасига чиқди-ю, дўстига «Яхши ётиб тур» деб бошини кўрпага ўраб олди. Анча вақтгача гоҳ у томонга-гоҳ бу томонга ағдарилди. Охири жойидан турди ва ярим очиқ деразадан ташқарига қаради. Ой ботибди…
У чуқур уҳ тортди. Сўнг юлдузларга тикилди ва яна хаёлга чўмди. Қалбига бир оғриқ, бир дард, бир ҳасрат инди. Беихтиёр тилига сўз қуйилиб кела бошлади…

Гўдак эдим ойнадек тиниқ,
Булоқ суви мисоли зилол.
Орзулар ҳам эмасди синиқ
Мен гўёки сен эдим – ҳилол…

Билар эдим, о, ўша дамлар
Майса эдим, биллурий шабнам.
Қўнолмасди кўзимга намлар
Топар эдим истасам малҳам.

Бугун эса қанотлар мажруҳ,
Изларимда тентирар армон.
Унсиз йиғлар адашган бир руҳ,
Ҳисларига беролмай фармон.

Тақдирнинг зўр синовими бу,
Ҳақни кўриб, ҳолим бўлди вой…
Тарк этай дер муниса туйғу,
Доғларингни кўрганимда, ой…

Кеча бошқа эдим, бугун мен бошқа…

* * *

Ногоҳ Ҳамида Саломованинг қўл телефони жи­ринглаб қолди. Гулбаҳорнинг бўлажак қайнонаси телефон қилаётган экан…
Қисқа сўрашувдан сўнг Муқаддас опанинг уларни келишилган гўзаллик салонида кутиб тургани маълум бўлди.
– Қани, қизлар, кетдик, – деди Ҳамида опа. – Бизни салонда кутишаётган экан.
Гулбаҳор жойида туриб қолди.
– Гули, нимага туриб қолдинг? Кетдик…
Тарбиячисининг овозидан қиз бир қалқиб кетди ва эшикка юрди. Бинодан чиқиб, уларни кутиб турган машина томон бораркан, ҳовли унинг кўзларига файзли, уни деразадан ва йўлакларда кузатиб қолаётган йигит-қизлар жуда қадрдон туюлиб кетди…
Гўзаллик салонида Муқаддас опа уларни кутиб турган экан. Гулбаҳорни ичкарига киритиб, пардозчи қизнинг қўлига топширди. Пардоз тугагач, ун­га атаб харид қилинган келин либоси кийгизилди. Сочлари жингалак бўлиб, тиниқ юзига майингина упа сурилиб, кип­риклари узун-узун, қошлари қайрилма, лаблари олу, юзлари ғунчага айланган Гулбаҳорга келин кўйлак шу қадар ярашдики, ойнага қараб бундан ўзи ҳам қувониб кетди. Қиз ҳуснига ҳусн қўшилиб, гўёки эртаклардаги маликага айланганидан бир севинган бўлса, негадир йиғлагиси ҳам келди. Уни кўриб, Ҳамида опа билан дугонаси Насибанинг чеҳраси ёришиб кетди. «Гули, жудаям очилиб кетибсан!», дея юзларидан ўпиб олди. Бўлажак қайнонаси эса қувончидан ёрилгудек эди.
– Вой… вой…, – деди қайта-қайта. Сўнгра «Ило­йим кўз тегмасин!» дея ерга қараб турган қизнинг пешонасидан ўпиб эркалади. – Гўзал қизим менинг. Илойим, ҳаётингиз ҳам шундай гўзал бўлсин…
– Гули, жуда чиройли келин бўлдинг, – деди Ҳа­мида опа уни эркалаб. – Рости, сенга ҳавасим келаяпти.
– …
– Сени кўриб, келин бўлган вақтларим ёдимга тушиб кетди.
– Опа, – деди Гулбаҳор секингина, – негадир жуда ҳаяжонланаяпман…
– Бундай бўлиши табиий… – кулди Ҳамида опа. – Ахир тўйинг бўлаяпти… Келинлик шуниси билан ёқимли… – жилмайди Ҳамида опа. – Бугун сенга ҳам­ма нарса ярашади. Кўнглим сезаяпти, сен албатта бахтли бўласан…
Келинчак тайёр бўлгач, уни ташқарига олиб чи­қишди. Эшик олдида оппоқ «Лимузин» машинаси, унинг ёнида иккита барваста йигит сигарета чекиб туришарди.
«Куёв машинадамикин?» – Гулбаҳорнинг миясида бирдан шу ўй кечди.
Уни машина томон етаклаб боришаркан, йигитлар ғимирлаб қолишди. Гулбаҳор қаттиқ ҳаяжонда эди. Унинг ёнидагилар ҳам лом-мим дейишмас, барчанинг нигоҳи машинада бўлиб, уларни ҳам «Куёв ким?» деган савол қийнарди. Бир вақт йигитлар «Лимузин»нинг орқа эшигини очишди. Шунда машинадан қоп-қора костюм-шим кийган, ўрта бўйли, юмалоқ юзли, аммо қарашлари хиёл ўзгача, нигоҳларида зийраклик ва ҳадик балқиб турган куёв йигит лабига оппоқ даст­рўмолчани босганча тушиб келди. Аввал ойисига, сўнгра ҳарир либосда лов-лов ёниб турган келинчакка нигоҳ ташлади. Муқаддас опанинг ишораси билан келинчакка яқин келганида латиф бир ҳолат юзага келди. Машина ёнида ҳайдовчи билан куёвжўра, бу томонда Ҳамида опа, Насиба ва жараённи бошқариб турган Муқаддас опа. Улардан бир қадам олдинда бугун илк бор бир-бирларини кўриб турган келин-куёв. Йигит ҳаяжонда, қиз титроқда. Йигит тўлқинланар, қиз иккиланар, йигит қизнинг гўзаллигидан севинар, қизнинг ақли шошар, йигит ҳаволанар, қиз хавотирланар… Йигит осмонларда учар, қиз кўкда ой каби кезарди…
Йигит унга яқин келганида Гулбаҳор ҳаяжон­лан­­ганидан «Ассалому алайкум», деди, бироқ буни на куёв эшитди, на ўзи. Куёв йигит унга яқин келди-да, тавозеъ билан қўлидаги гулдастани тутди. Қиз му­ҳаббат туҳфасини оларкан, синиққина жилмайди. Шун­да нигоҳлар тўқнашди ва қалбларга учқун тушди. Гўёки қизнинг боши айланиб кетгандек бўлди ва кино­ларда, кўча-кўйларда кўрганидек оҳиста йигитнинг қўл­тиғидан тутди. Атрофда уларни кузатиб турганлар қий­қириб юборишди.
– Худога шукр… – деди йигитнинг онаси худди елкасидан оғир бир юкни туширгандек.
Ҳамида Саломова эса астагина бош ирғаб қўйди. У ҳозир нега Муқаддас опанинг ўзи югуриб-елиб юрганига ҳайрон бўлар, куёв йигитнинг опа-сингиллари, холаю аммалари йўқмикан, деган ўй миясида ғужғон айланарди. У яна бир нарсани – куёв йигит фақатгина ойисининг ишораси билан ҳаракат қилаётганини ҳам илғагандек бўлди…
Келин-куёв «Лимузин»га ўтиришгач, уларнинг машинасидан Насиба билан яна икки йигит жой олишди. Шундан сўнг Муқаддас опанинг буйруғи билан келин-куёв ёшларнинг янги таомилига кўра, шаҳар айланишга ва Она ҳайкали пойига гул қўйишга кетишди.
– Бизнинг бу ердаги ишларимиз бўлди. Энди ЗАГС­га борамиз. Ёшлар ўзлари шаҳарни айланиб келаверишади.
– Гул қўйиш маросимида биздан ҳам қизлар келадими?
– Ҳа, иккита машина юборганмиз. Ўзи ҳозир қиз­ларни олиб келишгандир.
– Муқаддас опа, унда мен уларнинг ёнида бўл­ганим яхши. Ҳар ҳолда… – Ҳамида опа бошқа гапиролмади.
– Сизни тушундим, – деди куёвнинг онаси. – Майли, унда қизларнинг ёнида бўлинг, мен сизларни ЗАГС­да кутаман.
– Хўп.
Ҳамида опа ўзига биркитилган машинага ўтирар экан, Муқаддас опанинг тадбиркорлигига қойил қолди. Назарида бу аёл эркаклардек уддабурон ва зукко эди. Бироқ кўзларининг туб-тубида қандайдир ўкинч ва изтироб ҳам борлиги тарбиячининг зийрак эътиборидан четда қолмади.
У машинадан тушганида келин-куёв энди машинадан тушиб, мотамсаро Она ҳайкали томон боришар, йигит жим, қиз эса қаттиқ ҳаяжон билан бир-бир қадам ташлар, этаги судралмаслиги учун ун­га ёрдам бериб келаётган Насибага қараб-қараб қўярди. Куёв йигит қўлтиғидан тутиб келаётган қизнинг титроқларини се­зиб турар, бироқ ҳеч кимга гапирмас, бирор нима демоқчи бўлса ёнидагиларга бош ирғаб ёки қош қо­қиб ишора қиларди. Куёв йигитнинг бундай хатти-ҳа­ракатларини Гулбаҳор андишага йўйиб, ҳеч бир синоат ахтармаган бўлса-да, Ҳамида опа куёвнинг ўзини тутиши ва ҳаракатларидан «бу йигитда бир сир бор…» деган хулосага келди, аммо бу нима эканлигини англолмади.
 Она ҳайкали пойига гул қўяётганда Гулбаҳорнинг кўзларида беихтиёр ёш қалқди. Гўёки у қўлидаги гулдастани рамзий ҳайкал пойига эмас, худди ўз онаси пойига қўяётгандек туюлиб кетди… Буни кузатиб турган Ҳамида опа «Бечорагина…» деб қўйди. Сўнг келин-куёв шаҳарнинг энг кўзга кўринган фотосалонларидан бирига бориб, суратга тушишди. Шунда ҳам улар бегоналардек, худди минг йиллик адоватни ортмоқлаб юргандек ўзаро гаплашишмади. Сўнг «Бахт уйи»га йўл олишди.
Гулбаҳор илк бор ФХДЁ тадбирида қат­на­ша­ёт­ганлиги, қолаверса, ўзининг тўйи эканлиги учун бу ердаги расмиятчиликларга эътибор бермади, уялибгина, лабини тишлаб турди. Ҳамида опа эса бу ерда ҳам бир нарсага ҳайрон бўлди: мудира уларни табриклаб, расман эр-хотин деб эълон қилишга қилди-ю, ФҲДЁ ички қонун-қоидасига кўра, улардан розилик сўраш ўрнига икки ёшнинг бир-бирларига никоҳ узукларини тақишларига рухсат бериб юборди…
Ҳамида Саломова шундай жумбоқли ўйлар оғу­шида машиналар карвони билан «Меҳрибонлик уйи»га келди. Бу ерда тарбияланувчилар қўлларига шар, гул кўтариб, келин-куёвни кутиб туришар, улар бугун жуда шод, кўзлари кулиб турарди. Асосий йўлакда эса «Меҳрибонлик уйи»нинг доирачилар тўгараги аъзолари доира билан шай туришарди. Дарвоза олдида «Лимузин»дан тушган келин-куёв Муқаддас опанинг ишораси, доира «думбур-думбур»и билан «Меҳрибонлик уйи» ҳовлисига кириб келишди. Икки ёш ичкаридаги манзарани кўриб, ҳайратдан лол қолишди. Хижолатда қолган куёв бошини янада қуйироқ эгди, келинчак эса йўлакнинг икки четини тўлдириб турган йигит-қизлар, болажонлар табассумини кўриб, беихтиёр кўзларига ёш олди. Улар орасида Дилмуроднинг ҳам бўлиши ёки қаердадир кузатиб турганини, мабодо учрашиб қолса нима қилишини ўйлаб титраб кетди. Тарбияланувчилар Гулбаҳорни оппоқ либосда кўриб, қаттиқ ҳаяжонланишар, кўз­лари қувнар, айрим қизалоқлар эса югуриб келиб унинг этагини ушлаб кўришар, катта ёшдагилар унга ҳавас билан тикилар, хаёлан самоларда кезиб юрар, вақтики келиб ўзларини Гулбаҳордан-да бахтлироқ ҳис этгандек бўларди…
Келин-куёв турли нигоҳлар, баланд-паст бўйлар, кулган чеҳралар ва қотган дийдалар орасидан ўтиб, бино олдидаги очиқ майдонгача келишди. Бу ерда Илёс Икромович бошлиқ ўқитувчилар йиғилиб туришар, ҳар бирининг нигоҳларидан икки ёшга нимадир тилак билдирмоқчи эканлиги шундоққина сезилиб турарди. Тарбиячи аёллар Гулбаҳорни ўпиб, куёв йигитнинг елкасига қоқиб, уларни бахтли онлари, висол кунлари билан қутлаб, сокин ҳаёт, бахтиёр турмуш ва ёрқин келажак тилашди. Табрик ва қутловлар тугагач Илёс Икромович ўртага чиқиб, икки ёшнинг рўпарасига келди.
– Азизларим, ўғил-қизларим! – дея нутқини бошлади у. – Барчамиз бугун бир ажойиб воқеанинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бунинг сабабчилари, албатта, куёвимиз Шерзоджон ҳамда қизимиз Гулбаҳоройлар. Мен бу икки ёшга узоқ умр, бахт-саодат тилайман. Илоҳим, ўғил-қизлари кўп бўлиб, элимизга, юртимизга хизмат қиладиган солиҳ фарзандлар бўлишсин.
– Айтганингиз келсин! – дейишди атрофдагилар гул­дурос қарсаклар чалишиб.
– Азизларим, кимдир «Меҳрибонлик уйи» ғам-ғуссага ботганлар макони деса, улар адашган бўлади, – дея сўзини давом эттирди Илёс Икромович, – Мана, бу ердан нечта ўғил-қиз мустақил ҳаётга қадам қўйиб, ўз ўрнини топиб кетишди. Аммо бизни бир армон доимо қийнаб келади. Бу ота-она дийдори… Тилагим, барча болалар ота-онаси билан бўлсин, аммо ҳаётда шундай бебурд ва номард ота-оналар бор эканки, сизу биз бу ердамиз, давлат қарамоғидамиз. Шундай экан фақат олға интилишимиз, эзгу ният билан ўқишимиз, ишлашимиз керак. Ана шунда ҳаммаси яхши бўлади. Мана шундай қизлардан бири, биласизлар, Гулбаҳор эди. Бугун у шодлик ва хуррамлик либосида! Тилагим, вақти келиб, барча йигитларимиз куёв, қизларимиз мана шундай гўзал келинчаклар бў­лиш­син! Ҳаммангизга бахт тилайман!
Директорнинг гапидан сўнг ҳаммалари қарсак чалиб юборишди. Аммо кимлардир юзига кафтини босганча югуриб, хонасига чиқиб кетди, кимлардир кўкка боқиб, чуқур-чуқур нафас олди, кўпчилик эса айтилган гапларга ишонди. Гулбаҳорнинг тўйини бунинг исботи дея келин-куёв атрофида қолишди. Директордан сўнг икки-учта тарбиячи ҳам дил изҳорларини айтиб, бу ердаги ёшларга бахт сари йўл олиш фақат ўзларининг қўлида эканлиги, ҳар бирининг бунга ҳаққи борлигини эътироф этишди.
Шу вақт атрофдаги болалар орасидан бир қизалоқ отилиб чиқди-да, худди дарсдагидек ўнг қўлини кў­тарди.
– Гапирсам майлими?
Ҳамма «ярқ» этиб унга қаради.
– Майли, гапир, қизим, – деди Илёс Икромович.
– Гули опа, – дея сўз бошлади қизча, – сизга ҳа­васим келаяпти. Жудаям очилиб кетибсиз. Жуда чиройли келинчак бўлибсиз… – қизча шу ерга келганда атрофига бир қараб олди ва бошини эгди. – Мен ҳам сиздай чиройли келинчак бўлишни истайман, аммо менинг ота-онам йўқ… Улар мени ташлаб кетишган…
Шу вақт тарбиячилар орасидан бадқовоқ бир аёл югуриб ўртага чиқди-да, қизчанинг билагидан тутди.
– Юр бу ёққа! – дея уни судраб чеккага олиб чиқди. Қизча оёқларини тираб, ўзини орқага ташлади:
– Гули опа! Мениям олиб кетинг! Гули опа…
– Тентакмисан, – тарбиячи қизчани силтаб ташлади. Кейин кафтларини шапалоқ қилиб кўрсатди: – Ўчир овозингни! Бўлмаса…
Қизча жим бўлди. Атрофдагилар бир тарбиячига, бир қизчага қаради. Унинг мўлтираб турган кўзларига қараб беихтиёр янги келган дамларини, кўникиш соатларини эслади ва қароқларидаги шодлик ўрнини яна ғусса эгаллади… Ноқулай вазият юзага келганини дарров сезган Муқаддас опа директор ёнига ўтди-да:
– Энди барчангизни тўйга таклиф қиламиз, – деди. – Ишчиларингизга айтинг, дарвоза олдида автобус кутиб турибди…
Илёс Икромович тарбиячиларга гуруҳидаги энг намунали йигит-қизларни тўйга олиб боришни та­йинлади-да, ўзи келин-куёв кетидан дарвозага­ча чи­­қиб келди. Икки ёш машинага ўтираётган чоғи барча оталар каби кўзларига ёш олди ва «Лимузин»нинг орқа эшигини очди. Сўнгра қаддини ростлаб, қўлларини дуога очди:
– Қизим, илоҳим, бахтли-саодатли бўлгин. Бугундан бахт кошонасига қадам қўяяпсан, илоҳим, борган хонадонинг обод, файзли бўлиб, ували-жували бўлиб юринглар. Омин, Аллоҳу акбар…
Келин-куёв ўз машинасига ўтиришгач, қолганлар ҳам машиналар ва автобусга чиқа бошлашди. Шу вақт дарвоза ёнидаги чинорнинг бир шохи қарсиллаб синди ва бировнинг қаттиқ чинқиргани эшитилди, бироқ ҳовлидан ташқаридагилар бу чинқириқни эшитишмади, хуш кайфият билан тўйхонага йўл олишди…

* * *

Шаҳарда ўз обрў, эътибори, айтар сўзига эга бўлган Мурод Ҳикматович ўғлининг тўйи учун энг кўзга кўринган ресторанни танлаган эди. Тўй ёзги базмгоҳда бўлиб, меҳмонлар очиқ ҳавода яйраб ўтиришар, салқин шабода юзларга урилиб, ажиб бир тароват касб этганди. Тўйхона тўрида Мурод Ҳикматовичнинг улфатлари, аниқроғи, бизнес ҳамкорлари ўтиришар, икки ёшнинг бахти учун қадаҳ уриштиришар, бир-бирларига маъноли-маъноли қараб, «Мурод – бало…» деб ҳам қўйишарди…
Бошқа столларда ҳам асосан тўй эгасининг яқинлари, Муқаддас опанинг уруғ-аймоғи, собиқ ҳам­касблари ўтиришар эди. «Меҳрибонлик уйи»дан келган меҳмонлар эса ўрта йўлакнинг чап томонига жойлашганди.
Келин-куёвга қарама-қарши томонда хонандалар жойлашган бўлиб, шўх-шўх қўшиқлар билан икки ёшни қутлашар, ора-сира «бирров»га келиб, бир жуфт-бир жуфтдан хониш қилувчиларга ҳам навбат бериларди. Ҳаво салқин, осмонда юлдузлар чарақлаб турибди, даврада хушкайфият ҳукмрон, барча шод. Меҳмонлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб рақс тушишар, галма-галдан сўз олиб, келин-куёвни табриклашарди. Табрик вақтлари келин-куёв ийманибгина ўринларидан туришар, Гулбаҳор эгилиб таъзим қилар, қутловчиларнинг совғаларини қабул қилиб, уларга ширин табассум ҳадя этар, аммо ич-ичини бир шубҳа кемириб турарди. Бахт тўйи бўлаяпти, аммо куёвнинг қовоғи очилмайди. Табрикламоқчи бўлганларга тишининг оқини бир кўрсатиб қўяди-да, яна мум тишлаб ўтиради. Эрталабдан бери Гулбаҳорга бир оғиз ҳам гапиргани йўқ. Унинг ўрнига ёнидаги куёвжўра хизматда. Нимадир қилиш керак бўлса, Гулбаҳорга айтади, шу баробарида дўс­тига ҳам ишора қилади, баъзида биқинига туртиб ҳам қўяди. Куёв кўзларини бир нуқтага тикканича жим ўтирибди, бир қарашда гўё бу тўйдан норозига ўхшайди…
Гулбаҳор базмда бир нарсага эътибор берди: куёв суратига қараганда анча босиқ экан. Ҳозир ҳам унинг яқинлари ҳадеганда уларнинг яқинига келавермас, келганлар ҳам қутлаб, бош бармоқларини «мих» қилиб кўрсатишар, бу билан «ҳаммаси зўр» дегандек бўлишарди. Айримлари авайлабгина Гулбаҳорнинг қў­лини сиқиб, «Бахтли бўлинглар», дерди. Шундай вақтларда ҳам куёв йигит қовоқларини очмас, беруҳ жилмайиб, бош ирғаб қўярди.
Тўйда сўз олиб, икки ёшни қутлашда таб­рик сўз­лари кўпинча келин-куёв қолиб, Мурод Ҳик­ма­то­вичга қаратилди. Нутқ ирод қилувчиларнинг айримлари шундай акахонлари борлигидан ғурур­ланиб, таъзим қилиб қў­йишдан ҳам ўзларини тийишолмади. Келиннинг «маънавий ота»си Илёс Икромович сўзга чиққанида эса икки ёш шаънига асл пурмаъно сўзлар айтилди.
– Азиз меҳмонлар, – дея сўз бошлади у, – бугун барчамиз шу икки ёшнинг висол – бахт оқшомига гу­воҳ бўлиб турибмиз. Очиғи, барчамиз, айниқса мен бу кечанинг иштирокчиси бўлиб, бир нарсага амин бўлиб ўтирибман. Азизлар, қаранглар, бугун янги ой чиқибди…
Меҳмонлар дастурхондан бошларини кўтариб, тубсиз осмонда балқиб турган янги ойга қарашди. Кимдир сўзловчининг бунга эътибор қилганидан ҳай­ратланган бўлса, кимлардир минғиллаб «Бунинг нима алоқаси бор…» дейишди.
– Бугун мен бу янги ойда бахт ишорасини кўрдим, – дея сўзини давом эттирди Илёс Икромович. – Бу икки ёшнинг бахт-саодатидан нишона. Бу рамзни кўриб, очиғи, беҳад севиндим. Азизларим, Шерзоджон, Гулбаҳорой, сизларга янги ой, янги бахт ишораси қутлуғ бўлсин! Гулбаҳор қизим, доим юзинг мана шу ойдек ёруғ, йўлларинг очиқ, иқболинг порлоқ бўлсин! – Илёс Икромович шундай дея бориб аввал Гулбаҳорнинг, сўнг куёвнинг пешонасидан ўпди ва: – Илойим, бахтли бўлинглар! – деди.
Гулбаҳор директорнинг гапларидан сел бўлиб ўтирган экан, беихтиёр йиғлаб юборди.
– Қизим, йиғлама, – дея овутди Илёс Икромович. – Сен албатта бахтли бўласан!
Шундан сўнг Илёс Икромович ийманиб турган куёвга қаради ва уни ҳам бағрига босиб қутлади.
– Бахтли бўлинглар! Гулбаҳор қизимни сизга топширдим. Қанот жуфт бўлади, уни асранг!
Куёв гўё қайнотаси олдида тургандай бошини хиёл кўтарди-да, у кишининг чақнаб турган кўзларига қараб, секингина бош ирғаб қўйди. Шу вақт кўзлар, нигоҳлар тўқнашди. Куёвнинг юзига тикилиб қолган Илёс Икромовичнинг юраги «шиғ» этиб кетди.
– Шерзоджон? – деди у аммо куёв йигитдан садо бўлмагач ҳозир ажабланишнинг вақти эмаслиги учун кўнглига оралаган шубҳа билан ортига бурилди. «Ё тавба, куёвнинг қарашлари нега бунақа? Юз-кўзи бошқача… Шунча гапирдим, бир оғиз раҳмат ҳам дея олмайдими? Ё… – Илёс Икромович миясига урилган ўй­дан товонигача музлаб кетди. – Наҳотки куёв гунг бўлса?»
У ичидан зил кетганини ҳеч кимга сездирмай Шерзоджонга қайта-қайта қаради. Гулбаҳорга ҳам синовчан нигоҳ ташлади. Келин жимгина, бош эгиб ўтирар, бироқ хаёллари паришон эди. Илёс Икромович уларга қараган сайин нохуш ўйлар исканжасида қола бошлади. Куёв йигитнинг бош кўтармасдан қобилгина туриши ва ҳаммага қисқагина имо-ишора қилиш билан кифояланиши ва унинг ўрнига куёвжўранинг ташаббус­корлигини кўриб, яна юраги орқага тортиб кетди…
«Шубҳам ростга ўхшайди, – деди у ўзича. – Бошида Мурод Ҳикматович Гулбаҳорга оғиз солганида иккилангандим, аммо унинг бу ишлари саховатдан бошқа нарса деб ўйламагандим. Наҳотки саховатининг асоси жаҳолат бўлса?..»
Тўй охирлаган сайин Илёс Икромовичдаги ўй бошқа тарбиячилар, ҳатто айрим тарбияланувчиларга ҳам кўча бошлади. Улар ҳам куёвга ажабланиб-ажаб­ланиб қарашди, аммо шубҳа остида қолаверишди: «Шундай бой, истаган жойга қўли етадиган одам нега детдомдан келин қилди? Бу савоб ёки саховат учун эмас-ов… Куёв йигитнинг туриши, қарашлари бесаранжом… Ҳеч кимга гапирмайди. Бир айби бўлмаса…»
Мурод Ҳикматович билан хотини тўй давомида меҳмонларнинг столига бирма-бир ўтиб, уларнинг қутловларини қабул қилишди, аммо ҳар лаҳзада юракларини ҳовучлаб туришди. Кимдир ўғли ҳақида, унинг ўзини ғалати тутиши, гапирмаётгани ҳақида сўз очиб қолса, адойи тамом бўлишар, тағин ҳаммаси куёвжўралар ва яқинларига тайинлаб қўйилгандек кетаётганидан хурсанд ҳам эдилар…
Ниҳоят, тўй тугади. Шундагина тўй эгалари енгил нафас олишди. Энди келин-куёвни гўшангага кузатиш керак эди. Қуда томондан Ҳамида опанинг бир ўзи борадиган бўлди. У куёвнинг қариндошлари билан бирга кетганлиги учун йўлда миқ этмай борди, аммо Мурод Ҳикматовичнинг уйи, яшаш шароитини кўриб, оғзи очилди. Кўнглидаги шубҳа баттар авж олди. «Чиндан ҳам шундай бадавлат одамнинг детдомдан келин қилиши саховатпешаликнинг ўзи эмас… Йигитда бир гап бор…»
Ҳамида опа куёвнинг аммалари билан меҳмон­хонада ётар экан, барчаси тонггача тўлғониб чи­қишди, аммо келин-куёв ҳақида бирининг айтишга, бош­қа­си­нинг сўрашга юраги дов бермади…
Азонда келиннинг уйига киритилган Ҳамида опа бахмал чимилдиқ ичида деворга суянганча ожиз ва мағлуб ўтирган Гулбаҳорни кўрди-ю, юраги ортига тортиб кетди.
– Гули? – деди у келинчакнинг ёнига ўтираркан. Бироқ бошқа сўз айтмоққа тили бормай, унинг йиғидан шишган кўзлари ва аламдан бўғриқиб кетган юзига тикилиб қолди. – Қизим, сенга нима бўлди?
Гулбаҳор жавоб беришни истамади.
– Гули? – деди Ҳамида опа яна. Гулбаҳор эса жавоб бериш ўрнига юзини яшириб олди.
– Қизим, нега бундай қилаяпсан?
Гулбаҳор яна жавоб бермади.
– Гули? Қизим…
Гулбаҳор секин бошини кўтарди-да, ўксиниб деди:
– Кетинг!.. Ҳеч кимни кўришни истамайман!..
– Бу нима деганинг, қизим? – Ҳамида опа ҳайрон бўлди. Гулбаҳор бир муддат бош кўтармай турди, сўнг унга қараб:
– Ойи… – деди-ю, уни қучоқлаганича йиғлаб юборди. – Ойижон, мени бу ердан олиб кетинг…
– Тинчлан, қизим, – титраб кетди Ҳамида опа. – Сенга нима бўлди? Нега йиғлаяпсан ўзи?
Гулбаҳор аввалига жавоб беролмади. Алам билан бошини чайқади. Сўнг ҳиқиллай-ҳиқиллай деди:
– Ойижон, мени бу ердан тезроқ олиб кетинг. Мени алдашди…
– Нима? – Ҳамида опа қалқиб кетди. – Бу нима деганинг?
– Йигит гунг экан… – Гулбаҳор шундай дея яна ўкириб йиғлаб юборди.
– Нима? – Ҳамида опанинг бошига гурзи билан урилгандек бўлди. – Гунг экан дейсанми?
Гулбаҳор «ҳа», дегандек бош ирғади.
– Ойи, мени олиб кетинг…
– Гули? – Ҳамида опа унинг гапидан сапчиб тушди! – Нималар деяпсан? Жинни бўлдингми?
– Нима қилай? Мени алдашди! Етим деб бизни ҳар нарсага рўбарў қилаверишадими?
Қизнинг гапи Ҳамида опанинг юрак-юрагидан ўтиб кетди. Бир зум нима дейишини билмасдан Гулбаҳорга тикилиб турди-да, секин эшик томон юрди. У чиқиб уй эгалари билан очиқчасига гаплашиб олмоқчи, нега уларнинг қалби билан ўйнашаётганликларини бил­моқчи, керак бўлса, хўрланган Гулбаҳорни олиб ҳам кетмоқчи эди, аммо остонага бормасдан ўйланиб қолди. Эшик олдида бир муддат тек қотди-да, изига қайтиб, қизнинг бошини кўксига босди.
– Йиғлама, қизим, йиғлама. Бундай бўлишини ким ўйлабди дейсан?
– Илёс Икромович ҳам, сиз ҳам мени алдадингиз…
– Гули, – деди Ҳамида опа, – бу ерда алданган бир­­гина сен эмас. Ҳатто Илёс Икромович ҳам бу ҳақда ҳеч нарса билмаган.
– Директор ҳамми?
– Ҳа… – Ҳамида опа беихтиёр кўзларига ёш олди. Бундан ортиқ хўрланиш бўлмаслигини билган тарбиячи келинчакнинг маржондек кўзёшлари оқаётган юзига қараб, оғир хўрсинди, овутмоқчи бўлди: – Қи­зим, ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Сассиқ деб бурунни кесиб ташлаб бўлмайди… Начора, бу ҳам бир қисмат. Инсон ҳеч қачон қисматидан қочиб қутулолмайди. Пешонангда бор экан, ҳаммасига кў­никишга тўғри келади. Яна бир аччиқ ҳақиқатни тан ол. Қизим, бу ердан кетиб қаерга ҳам борардинг? Яна меҳрибонлик уйигами?
– Энди менга фарқи йўқ! Бундан кўра ўлганим яхши эди. Муҳими, шу ердан кетсам бўлди!
– Гулбаҳор? – деди Ҳамида опа, – нонкўрлик қил­ма! Ҳеч қаёққа кетмайсан! Ўзингни, келажагингни десанг, шу ерда қоласан! Тағин, бирор жиннилик қилиб ўтирма. Ёдингда бўлсин, бу ерда ҳамма сени севади, ҳурмат қилади..
– Менга ҳеч нарса керак эмас! Ҳаммасидан тўйиб кетдим!.. – Гулбаҳор баттар ўкириб йиғлади. Тунда куёвнинг эркалашлари ва минг бир хижолат билан гунг эканлигини билдиргани кўз олдига келиб, янада хўрлиги келди, аммо негадир жимиб қолди.
– Гули… – қизга қўшилиб ўзи-да алданган Ҳамида опа охири «сўнгги чора» дея пичирлабгина деди: – Қизим, дунё ўзи бевафо, бири кам яралган. Кимдир бева, кимдир сағир, яна бировлар ота-онаси бўлса-да, уларнинг зуғумидан етимдан баттар яшашади. Кимдир ногирон, меҳрга муштоқ, яна кимлардир бой-бадавлат, аммо тирноққа зор. Биров ҳар кунги хиёнатлардан безор… Ҳаёт ўзи шунақа. Бири кам… Қизим, шунинг учун қайғурма, йиғи-сиғингни бас қил. Ҳаёт бугундан иборат эмас. Ҳар ёмон куннинг, албатта, яхшиси ҳам бўлади. Эрим гунг экан деб кўп куюнма, гиёҳванд, пиёниста, хиёнаткорларидан Худо асрасин. Тани-жони соғ, ўзи келишган, хушсурат бўлгани билан ҳар куни ичиб келиб, сени урса ёки сендек гўзал хотини бўла туриб, кўнглида бошқасини асраб, у билан учрашиб юрса, бунисидан Ўзи асрасин. Бунга чидаб бўлмайди… Эшит­япсанми, шунинг учун ўкинма. Кўриниб турибди, Шерзоджон қобилгина йигит экан, муҳими, у сени кафтида кўтариб юради. Шерзоджондан бошқа фарзанди бўлмаган қайнона-қайнотанг-ку, сени ўз боласидан ҳам афзал билади. Мана сенга бахт! Мана сенга келинлик ва оила бахти. Инсон учун яна нима керак?!
Гулбаҳор бу гапларни эшитиб, жимиб қолди. Ўйга толганча бир нуқтага тикилиб турди, чуқур хўрсинди. Унинг тақдирга тан беришдан бошқа чораси ҳам йўқ эди. Бир кечада унинг қовоқлари чўкиб, қалбидаги дард ва алам кўзларига уриб, чеҳрасини маъюс этиб қўйганди. Бугун қисмат олдида яна ожиз қолган қиз камбағални туянинг устида ҳам ит қопади, қабилида бошига тушган кўргиликдан тишини тишига қўйиб ўти­рарди.
– Гулбаҳор, – деди маслаҳат беришга-да виждони йўл қўймаётган Ҳамида опа унинг ҳорғин ва ҳаёт қувончлари сўнган кўзларига тикилиб. – Бўлди, қизим, ўзингни қўлга ол. Иродали бўлишинг керак. Ҳадемай қўни-қўшнилар, қариндошлар йиғилишади. «Юз очар» ўтказилади. Қайнонанг барчанинг олдида юзингни очтириб, келин салом қилдиради. Тасаввур қилаяпсанми, келинлик либосида қайнонанг ёнида туриб, ҳаё ва ибо билан салом бериш қандай яхши… Шунинг учун ҳозир чиққин-да, юз-қўлингни ювиб, ўзингга қараб ол. Тағин ҳамманинг олдида қайнонанг икковимизни уялтириб қўйма…
Гулбаҳор хаёлга чўмиб ўтирган эди, келин саломи ҳақида эшитиб, секин бошини кўтарди. Ҳамида опа «Қайнонанг икковимизни уялтириб қўйма…» деганда эти жимирлаб кетди. Ич-ичидан бир тўлқин келиб юзига урилгандек дув қизарди. Сўнг ўрнидан турди-да, Ҳамида опа билан чиқиб, юз-қўлини ювиб келди ва кўзгу олдига ўтирди.
Шу вақт куёвнинг аммаси кириб келиб, узрхоҳгина табассум қилди.
– Бўлай деб қолдиларингизми?
– Ҳа, ҳозир чиқамиз, – деди Ҳамида опа. – Меҳ­монлар келишдими?
– Ҳа…
Ҳамида опа сездики, Гулбаҳор билан ҳасратлашиб, анча вақт ўтиб кетибди.
– Мана, келинларингиз ҳам тайёр…
– Туф, туф, кўз тегмасин… – амма келинчакка ҳавас билан қараб қўйди. Сўнгра Ҳамида опа иккаласи унинг бошига попукли зар дўппи, эгнига зарбоф халат кийдиришди. Юзига ҳарир мато ёпишди, қўлига рўмолча тутиб, Гулбаҳорни етаклаб чиқишди. Ҳовлига чиққанида Гулбаҳор қайнота даргоҳининг бу қадар кенг ва данғиллама эканлигини кўриб, ҳайрон бўлди. Бой қайнота, бойвучча қайнона, данғиллама ҳовли, қўша-қўша машина ва гунг куёв, етим келин…
Гулбаҳор аммаю тарбиячиси етовида ҳаяжон ва изтиробга тўлиб аёллар ўтирган хонага кириб борди. Остонага қадам қўйганида келинлик уйи салобатиданми ё ичкаридаги аёллар нигоҳиданми, бир қалқиб кетди. Сўнг амма ёрдамида остонадан секингина ўтиб, уйни тўлдириб ўтирганларга тавозе билан эгилиб-эгилиб салом берди.
– Кўп яшанг, қизим…
– Илоҳим бахтли бўлинг.
– Доим шундай иззат-ҳурматда бўлинг.
– Қўшганингиз билан қўша қаринг.
– Муқаддасхонга Худо келиндан берибди-ку, ой­дай-а? Илоҳим кўз тегмасин.
– Ота-онангизнинг хизматини қилиб юринг.
– Бўлади қизим, бўлади… Кўп яшанг…
Ичкарида, дастурхон атрофида тўлиб-тошиб ўтир­ган хотинлар бири олиб, бири қўйиб тилак айтишди.

* * *

«Меҳрибонлик уйи»нинг ҳовлисида чап қўли гипс­ланиб, бинт билан боғланган Дилмурод саросар кезар, гоҳ дарвоза ёнига бориб, йўлга термулар, гоҳ гипсланган қўлини соғ қўли билан авайлабгина ушлаганича йўлак бўйлаб асабий юрар, ҳеч қаерда қўним топмасди.
«Нега, нега?! – деди у ўзига ўзи. – Нега шунчалар бахтсиз ва омадсизман? Наҳотки, биз учун ёруғ бир йўл, очиқ эшик йўқ? Ҳаётда худди доим чипта ололмай поезд эшигига осилиб юрадиган йўловчиларга ўхшаймиз. Нега ҳамиша орзуларимиз армон бўлиб қолаверади? Онамдан айрилганим, дадамнинг биздан воз кечгани етмагандай, севгилим, Гулим ҳам мени ташлаб кетди… – Дилмурод чуқур хўрсинди. – Балки у тўғри қилгандир. Мени деганида ҳам, мен унга нима қилиб бера олардим… Икки ёрти бир бутун бўлармидик, йўқми?..»
Дилмурод ҳамон Ҳамида Саломовани кутарди. Тўйга борганларнинг «Гулининг эри гунгми нима бало, бир оғиз ҳам гапирганини, биров билан гаплашганини эшитмадик. Шу, куёвдан бир оз шубҳамиз бор… Бўлмаса шундай бойвачча одам ўғлига шу ердан келин қилармиди?..» деганларини мулоҳаза қиларкан, севгилисига бир ачинса, бир ундан ранжиб ҳам қўярди.
У эндигина ётоқхона томон кетмоқчи бўлиб турганди, тўсатдан дўсти Аҳрор пайдо бўлди.
– Нима қилиб ўтирибсан? – деди Аҳрор унинг ёнига келиб. Сўнгра дўстининг елкасига қўлини қўйди: – Дилмурод, жонингда қасдинг борми? Бугун туз тот­мадинг-а?
Дилмурод оғир хўрсинди:
– Қўявер…
– Тентак бўпсан, – деди Аҳрор унинг ҳорғин кўз­ларига қараб. – Қадрингга етмаган қиз учун мотам тутишинг ғирт аҳмоқлик.
– Сен ниманиям билардинг… – дўстига ёвқараш қилди у.
– Менга қара, – Аҳрор унга ўгирилди. – Эсингни йиғиб ол. Дилмурод, сендай кўп ўқиган, фикри кенг йигитнинг иши эмас бу! Сен билан мени ота-онам ташлаб кетганида бир қизнинг бошқага эрга тегиб кетгани нима бўпти?
Дўстининг гапи Дилмуроднинг миясига урди. Юзлари қизариб, бўғзига нимадир тиқилгандек бўлди.
– Ҳақсан, – деди у, – аммо сен ҳам тушун. Етдим де­ганда айрилиб қолиш алам қилади.
– Тушунаман, – Аҳрорнинг лаблари титраб, кўз­лари пирпираб кетди. Сўнг дўстининг маъюс кўз­ларига тикилди. – Сен муҳаббатдан мазмун кутдинг, унинг меҳрли боқишлари, самимиятига асир бўлдинг. Тўғри, бу ерда ҳаммамиз меҳрга зормиз. Ҳеч бўлмаса икки ёрти бир бутун бўлишни истаймиз, аммо ҳаёт кемасида бир писта пўчоғича вазнимиз йўқлигини ҳам унутма.
– Аҳрор… жўражон… – Дилмурод негадир бў­ша­шиб гапиролмай қолди.
– Дилмурод, – Аҳрорнинг ҳам юраги тўлиб кетди. – Бу ерда ҳамма ота-онаси бўлишини истайди, ҳатто бир кунмас-бир кун улар келиб олиб кетишларига ҳам ишонади, аммо умидларимиз пуч бўлиб қолаяпти-ку? Ўзинг биласан, армонлар инсонни улуғ мақсадларга, йўқчилик чора топишга ундайди. Сен яхши шоир, ҳатто, истасанг, зўр хонандаям бўлишинг мумкин. Сен Гулига боғланиб қолгандинг, аммо ҳеч нарса абадий эмас!
– Аҳрор… – Дилмурод товонидан қулоғигача қи­зиб, хўрсинганича кафтларини юзига босди…
– Дилмурод, – деди Аҳрор елкалари титраётган дўстига қараб. – Бўлди, менинг ҳам юрагимни эзма…
– Мени ташлаб кетгани учун Гулбаҳорга ҳали пушаймон едираман!
– Аҳмоқ бўлма, – жойидан туриб кетди Аҳрор. – Пасткашлик қилма! Ундан кўра, бу йил ўқишга кир, билимингни, истеъдодингни кўрсат! Сен ҳали зўр шоир бўласан! Шундай асарлар ёзгинки, буни ўқиб сендан кўра ўша гунгни афзал билган Гулбаҳор бир умр пушаймон бўлиб юрсин. Мени тушунаяпсанми?
Дилмурод секин бошини кўтарди. Дўсти айни унинг кўнглидагини айтаётган эди…
– Юр, энди бир овқатланайлик, – деди Аҳрор. – Сенга овқат олдириб қўйганман.
Икки дўст ўрнидан туриб, ошхона томон юрди. Ошпаз хотин Дилмуродни кўриб кулди.
– Дилмурод, кўринмайсан?
Ошпазнинг гапи унга «севгингга аза тутиб юрибсанми?» деяётгандек туюлди, лекин миқ этмади. Ов­қат­ланиб, хонага чиқишганида Аҳрордан сўради:
– Бугун Ҳамида опани кўрдингми?
– Йўқ. У кеча Гули билан қолганди… – дея «пиқ» этиб кулди. – Гувоҳликка…
– Алжима-е… – Дилмурод уни жеркиб ташлади, сўнг бошини кўрпага ўраганча ётиб олди.
– Қўл оғримаяптими?
– Йўқ, – Дилмурод кўрпа остидан жавоб берди.
– Дилмурод, – Аҳрор у томонга ўгирилиб ётди. – Тўй куни Гулини олиб кетишаётганда томинг кетиб қолди-я? Дарахтдан тушиб кетганингни эсласам бир кулгим келади, бир ачиниб кетаман…
– Бас қил энди…
Аҳрор бир оз жим қараб турди-да, дабдурустдан деди:
– Биров ғажиб ташлаган суякни қўлинггаям ол­майсан-ку?! Уям сенга энди худди ана шундай.
Бу гапни эшитган Дилмуроднинг ичида нимадир узилгандек бўлди, лекин жавоб бермади. Ал­ла­маҳалгача тўлғониб ётди. Сўнг изтироблар оғу­шида хонасига чиқди-да, столга ўтирди ва оқ қоғозга дардлари билан уйғунлашган туйғуларини тўка бошлади.

Кунлари безовта, тунлари бедор,
Хаёллар беқўним, пажмурда, беруҳ.
Ўзансиз дарёдай бўлиб беқарор,
Мунғайиб бормоқда афтода бир руҳ.

Озурда бу кўнгил – қақраган саҳро,
Жазира чекинар урганимда оҳ.
Ҳиссиз кетаётир Яссавий, Кубро,
Ошиқ юракларга таваккал ҳамроҳ.

Пардасин ирғитди гул юзидан ой,
Латиф оқшомларда турфа хил оҳанг.
Ғалвали бу дунё бир карвонсарой,
Ҳижрон аждаҳоси ишққа солар чанг.

Поёнсиз саҳрода уфқлар олис,
Ёлғизлик юкидан елкалар яғир.
Мавҳум манзил сари одимлар унсиз,
Умиду илинжга суянган фақир…

* * *

Шом кирди. Икки кундан бери кети узилмаётган меҳмонлардан холи қолган ҳовли кечки салқиндан ажиб бир тароват касб этган. Дарахтларда қушлар чуғурлайди, кун бўйи ошхона соясида ётган Олапар ит хос соқчидай ҳовлини кезиб юрибди. Салқин тушиши билан уй олдига сув сепишни хуш кўрадиган Шерзоджон бугун ҳам водопроводга шланг улаб, атрофга сув сепди-ю, одатдагидек чорпояда оёқ осилтириб ўтирмасдан ичкарига кириб кетди. «Янгам билан бир-икки кун қолайлик», дея уй ишларига ёрдам бериб юрган икки қиз билан ошхонада идиш-товоқларни ювиб, эндигина уйга ўтиб, қизлар билан кўзгу ёнида бир оз туриб, сирлашиб қолган Гулбаҳор уларнинг эътирофидан қувонди.
– Сочларингиз узун экан. Шундай ташлаб юрсангиз ўзингизга ярашиб тураркан, – деди қизларнинг бири.
– Раҳмат, – жилмайди Гулбаҳор. Ҳозир бу хонадондаги эътибордан унинг кўнгли тоғдек кўтарилар, аммо кўз олдига эри келиши билан бошига қуш ахлати тушиб кетгандек хуш кайфияти ортга чекинар, негадир хўрлиги келарди. Шундай бўлса-да у одоб юзасидан уларни ҳам мақтаб қўйди. – Сизам чиройлигина қиз экансиз. Қошингизнинг қоп-қоралигини қаранг.
– Уялтирманг-е… – қизча лабларини чўччайтириб, қошини керди.
– Балким, севганингиз ҳам бордир?
Саккизинчи синфда ўқийдиган қиз дув қизариб кетди ва эркалик билан деди:
– Янга-а?
Янгасига маҳлиё бўлиб турган иккинчи қиз кутилмаганда сўради:
– Янга, ёпиниб кўрсам майлими?
– Майли, – Гулбаҳор ҳозиргина бошидан олиб, ёстиқлар тахмони устига ташлаб қўйган ҳарир ёпин­чиқни олди. – Келинг…
У аввал бошидаги дўпписини қизга кийдирди, сўнг устидан оппоқ ёпинчиқни ёпди. Амманинг қизи «Вой» дея иккала кафтини чаккасига босди. Гулбаҳор уни етак­лаб кўзгу қаршисига олиб борди. Ойнада қошларига ўсма қўйилган, лўппи юз, киприклари узун-узун, икки ёноғи қип-қизил келинчак турарди.
– Вой, ўлай! – қиз ҳарир ёпинчиқнинг икки четидан тутиб, ўзига маҳлиёликданми, хижолатданми ёнгинасида турган янгасининг орқасига бекиниб олди.
– Ярашди, – кулди биринчи қиз.
– Сизниям келин қилсак бўларкан, – Гулбаҳор ҳам қизларнинг қувончига шерик бўлди.
Шу вақт «ғийқ» этиб эшик очилди ва остонада Муқаддас опа пайдо бўлди.
– Қизнинг кўзи қизилда экан-да, – кулди у қизларга қараб. Сўнг келинининг улар билан дугонадек бўлиб кетганидан қувонди, аммо ич-ичидан бир нима «чирт» узилгандек туюлди. У ёпинчиқ билан дўппини бошидан олишни ҳам, олмасликни ҳам билмай турган қизнинг рўпарасига келди-да, уни ўзига қаратди. Сўнгра секин ёпинчиқни кўтарди. – Ўла қолгин-да сен…
Қиз шарт бурилиб, уй тўрига ўтди-да, бошидагиларни бирин-кетин олиб, ёстиқ тахмони устига қўйгач югуриб хонадан чиқиб кетди.
– Кечки овқатни бошлайверайликми, ойи? – Гулбаҳор қайнонасига юзланди.
– Майли, қизим. Ҳадемай, дадангиз ҳам ишдан ке­либ қолади.
– Хўп, – Гулбаҳор дўпписини кийиб, ёпинчиқ билан эшик томон юрди. Остонада турган қизнинг билагидан тутди. – Кетдик…
Муқаддас опа келинидан қувониб, ичида «Илоҳим, кўз тегмасин» деб қўйди. Қизлар ошхонага ўтиб кетгач, меҳмонхонада компьютерда нимадир ёзиб ўтирган Шерзоджоннинг ёнига кирди. Мониторга кириб кетгудек бўлиб ўтирган ўғил онасининг кирганини ҳам сезмади.
– Шерзоджон, – деди Муқаддас опа ўғлининг елкасидан тутиб. Ўғил файлни яшириб, секин ёнига ўгирилди ва ойисига қараб, айбдорона жилмайди.
«Икки шомнинг ўртасида уйга кириб олмасдан ташқарига чиқсанг-чи?» деди Муқаддас опа ўғлига имо-ишора қилиб.
«Ҳозир кирдим ўзи», – жавоб берди ўғли.
«Бу ўтиришинг яхши эмас. Ҳовлига чиқ».
Йигит компьютерни ўчириб, эшик томон борган эди, онаси билагидан ушлаб тўхтатди. Сўнг «Ҳа, ойи», дегандек саволомуз нигоҳ ташлаган ўғлига имо қилди.
«Кайфият қалай? Яхшими?»
Йигит бош ирғаб, синиққина жилмайди.
«Келин хафа эмасми?»
«Ҳаммаси жойида, лекин у кеча яна туни билан йиғлаб чиқди. Шундан хижолатдаман…»
«Кўнглига қара… Иложи бўлса шундай бир иш қилгинки, ўртадаги хижолатлик йўқолиб, бир-бирингга илиқлик уйғонсин… Ахир Гулбаҳор шунга лойиқ. Унинг бу жасоратларига муносиб бўл!»
«Тўғри, – деди Шерзоджон, – кеча бир нарсани ўйладим… Балки шуни қиларман?»
Муқаддас опа унинг елкасини силади.
«Сен ақлли йигитсан, ўғлим. Ишқилиб, бизни уялтириб қўйма…»
Шерзоджон ташқарига чиқиб кетгач, остонада унинг кетидан тикилиб қолган онанинг кўзларига ёш келди. «Бу хўрликлар нима гуноҳим учун-а, Худойим… Давлат берган эгам, ёлғизгина фарзандимизни ҳам соғ-саломат берсанг бўлмасмиди?»
Улар оила қуришгач ҳадеганда фарзанд кў­ри­шолмади. Бу вақт ичида уларнинг бормаган жойи, кўринмаган шифокори қолмади, бироқ сабр таги олтин бўлиб, еттинчи йил деганда юзлари ёруғ бўлди. Ўтган йиллар мобайнида ҳеч бир ишга қўли бормай юрган Мурод хотинининг юкли бўлганини эшитганда қувончдан ер-кўкка сиғмай қолди. Шундан кейин ўз-ўзидан тижорат ишлари ҳам юришиб кетди, бироқ жарроҳлик йўли билан туғилган ўғилнинг гунг эканлиги маълум бўлиб қолди. Етти йил тишини-тишига босиб юрган Муқаддас бу кўргиликка чидолмади, оқибат унга бошқа фарзанд кўриш насиб этмади. Уларнинг ҳаётдан кўнгли қолди, аммо эрининг тижорат ишлари кундан-кунга гуллаб-яшнар, ўғли бўй етган сари эр-хотиннинг ваҳимаси ортарди… Шу сабаб Мурод ака хайрия ишларини ҳам қилиб турар, шундай тадбирларнинг бирида Гулбаҳорни учратиб қолганди. Оқибат бир оиланинг тўкис қизини бахтсиз қилишдан кўра, шу кўнгли ярим қизни келин қилишга таваккал қилишганди…
Йигит ҳовлига чиқиб, дарахт тагига қўйилган чор­пояда оёқларини осилтириб ўтирди. Ошхонага кириб-чиқиб турган хотинига ўғринча кўз ташлади, бир гал нигоҳлари тўқнашиб кетди-ю, юраги дукиллаб уриб, вужудига иссиқ бир ҳарорат югурди. Хотинининг кўз­ларини олиб қочиши, дув қизариб кетиши ва яна секин ўгирилиб қараб қўйишидан беихтиёр жилмайди. Сўнг худди неча йилдан бери ўйлаб юрган-у, ҳеч учини тополмаётган ғоя миясига келгандек уйга кириб кетди. Орадан кўп ўтмай қўлида юмалоқланган қоғоз билан чиқди-ю, тўғри машинасига бориб ўтирди…
Шерзоджоннинг кун тартиби ғалати. Ҳеч қаерда ишламайди, бироқ ота уни уй ишларига масъул қилиб, машина бериб қўйибди. У онаси меҳмонга ёки магазинга чиқса, бирга боради, дадасининг ҳайдовчиси билан бозор қилиб келади. Иши бўлмаса, компьютер ўйнайди, кино кўради. Бир қарашда эркин, бир қарашда ихтиёрсиз йигит… Отаси унга имкон қадар масъулиятли ишларни топширмасликка ҳаракат қи­лади, аммо у барчасининг уддасидан чиқади, биргина муаммо мулоқотда…
Кечки овқат маҳали одатдагидек хуш кайфият билан уйга кириб келган Мурод Ҳикматович хонадонидаги ҳолатни кўриб қувонди. Хотинининг кайфияти чоғ, келинчак хизмат қилиб юрибди. У кийимларини алмаштириб дастурхон бошига келиб ўтираркан, келинини зимдан кузатди. Гулбаҳорнинг ийманибгина салом бериши, таомларни дастурхонга ийманибгина қўйиши, ним табассуми, самимийлиги, ичдаги изтиробларини юзага чиқармаслигидан кўнгли юмшаб кетди.
– Раҳмат, кўп яшанг, қизим, – деди у тавозе билан чой узатган келинига. Аммо ортиқча бир сўз айтишга тили бормади.
Оила ҳовлидаги чорпояда кечки овқатни еб, энди Гулбаҳор чиройли кесиб, дид билан ликопга териб чиққан тарвузни олдиларига олишганида Шерзоджон ялтироқ қоғозга ўралган бир рамкани олиб ўз уйига ўтиб кетди.
«Нима у?» – ишора қилди ота.
Ўғил «А, қўяверинг», дегандек ишора қилди. Зум ўтмай қайтиб чиқди-да, дастурхон бошига келиб ўтирди. Гулбаҳор эрига ҳам овқат сузиб келди. У хотинига қараб жилмайди, аммо бирдан кўзларини олиб қочди. Бу вазиятни зимдан кузатиб турган ота ўксинди. Ўзини унга нисбатан пастлик қилган ҳаётда янада пасткашлик қилгандек ҳис этиб, ўртанди… У бутун оиласи билан қаттиқ изтиробда, виждон азобида эканлигини англаб турарди. «Шу қиз оиламизга ва гунг ўғлимизга ўзини бахшида этган экан, мен ҳам унинг орзулари ижобати учун бир иш қилишим керак… – Мурод Ҳикматовичнинг хаёлидан шундай ўй кечди. – У иқтидорли қиз. Шундай қилсам, балки у учун ҳам, оиламиз учун ҳам тўғри қилган бўларман…»
Дастурхонга ўқилган фотиҳадан сўнг келинчак билан қизлар дастурхон йиғиштиришга тушди. Мурод Ҳикматович телевизор кўриш учун ичкари залга кирди. Изидан хотини. Шерзоджон эса ўз уйига кириб кетди. Ҳовлини сукунат қоплади.
Гулбаҳор ишларини битириб, ўз уйига кирганида Шерзоджон телевизор кўриб ўтирган эди. Хотини келгач, ирғиб ўрнидан турди-да, унинг ёнига келди. Гулбаҳорнинг икки қўлидан тутиб, кўзларига қаради. Келинчак уялиб дув қизарди.
«Сенга бир ажойиб совғам бор!», – деди у ҳаяжон билан ишора қилиб.
 Келинчак ялт этиб эрига қаради. Шерзоджон уни «Элита» пардалари тутилган дераза ёнига етаклаб келиб, «Кўзларингни юм», дея ишора қилди. Келинчак беихтиёр жилмайди ва кўзларини юмди. Шерзод шитир-шитир қилиб пардани очди ва Гулбаҳорнинг чаккасига қўл теккизди.
«Кўзингни оч!»
Минг бир ҳаяжон ва истиҳола билан ихтиёрсиз кўзларини юмиб турган келинчак киприкларини кўтариши билан дераза рахига суяб қўйилган улкан рамкани кўрди-ю, қувончдан йиғлаб юборди. Бориб суратни олди. Унинг қўлида «Меҳрибонлик уйи»да чизган, тасаввурининг қат-қатларида ва орзу, ўй-хаёллари қанотида олиб юрилган, ардоқланган дадаси билан ойижонисининг уни қизғалдоқзор оралаб етаклаб келаётган сурати турарди.
Гулбаҳор суратга юзини босди. Онасининг юзидан ўпди. Дадасининг суратига тикилиб қолди. Сўнгра ёнига ўгирилди-да, эрининг елкасига бош қўйди. Шерзоджон унинг қувонишини кутган бўлса-да, бунчалар бахтиёр бўлишини тасаввур ҳам қилмаган эди. У қувонганидан Гулбаҳорни оҳиста қучоғига олди ва юзидан ўпди. Келинчак қайноқ тафтли оғушдан чиқиб кетишни истамас, эрининг бу совғасидан фазоларда кезиб юрар, ёнидаги тоғини асло қўйиб юборишни истамасди…
Шу вақт эшик ортидан қайнонанинг «Иҳи-иҳи», деган товуши эшитилди, аммо келин-куёв буни сезмади. Улар орзулар ва армонлар уммонида кезиб юришар, хонани эса исириқ хиди тутиб кетган эди…

* * *

Орадан йиллар ўтди…
Дилмурод Қурбон саҳарда ғалати туш кўрди. Чўпонота тепаликлари устидан от чоптириб кетаётган эмиш. Отининг сағрисига қўл етмас, ёллари узун, юганлари кумушдан, айили ипакдан, эгарига тилла сувлари югуртирилган эмиш. Оқ тулпори ёл силкитиб югуриб борар, у эса гўёки фазоларга сингиб кетаётгандек бўлармиш. Унинг завқи келиб, «Ҳа-аа!» дея отига қамчи урмоқчи экан, ростакамига қўллари силкиниб кетдими, чўчиб уйғонди.
– Ё, тавба, – деди Дилмурод Қурбон жойидан туриб. – Бу қандай туш бўлди? Бу нимага ишора?
Шу кунларда унинг барча ишлари жойида эди, шу сабабми бугунги туши нимадан дарак эканлигини англолмай жойидан тургач паришон бўлиб ювинди ва соатга қаради. Иш бошланишига ҳали анча вақт бор эди. У дераза ёнидаги курсига ўтирди-да китоб ўқишга тушди. Чамаси икки соатлар мутолаа билан машғул бўлгач, нонушта қилиб, йўлга чиқди.
«Меҳрибонлик уйи»дан қатнаб, коллежни, сўнгра не-не машаққатлар билан институтни битирган Дилмурод иқтидорию ўткир қалами туфайли энди Дилмурод Қурбон номи билан анча танилиб ҳам қолган, фаолиятини эса газета таҳририятида давом эттираётганди. Бугун у навбатдаги мақоласини ёзиш мақсадида эрталаб уйидан тўғри «Баҳор» ўқув марказига йўл олди.
Дилмурод Қурбон ўқув марказига етиб келганида ўқитувчиси бошчилигида чуғурлашганича бино олдидан ўтиб кетишаётган мактаб ўқувчиларини кўрди-ю, болалик дамларини эслади. Шу кунларга етказганига шукр қиларкан, негадир кўнгли юмшаб кетди. Кўз олдида «Меҳрибонлик уйи» ҳовлиси, маъюс чеҳралар, қароқларида соғинч муҳрланиб, йўлакка кўз тика-тика дийдаси қотган йигит-қизлар жонланди.
Яна Гулбаҳор ёдига тушди. У ҳам мана шундай жойларда ишлашни, моҳир тикувчи, дизайнер бўлишни орзу қиларди… Ҳозир нима қилаяпти экан? Ўша бой қайнотаси ҳамма нарсани тўкин-сочин қилиб, уни уй чўрисига айлантирганмикин? Ёки… ўзи билан ўзи бўлиб кетганми, болаларига ўралашиб қолганми, билмайди…
Дилмурод Қурбон шундай ўйлар билан бинога киргач, қайси томонга юришни билмай, туриб қолди. Сўнг узун йўлакдан бир даста қоғоз кўтариб келаётган қизни тўхтатди-да, директор билан учрашмоқчи эканлигини айтди.
– У кишининг хоналари иккинчи қаватда. Ўнг қўлдаги биринчи эшик, – деди қизча тавозе билан.
У юқорига кўтарилиб, қиз айтган эшикдан ичкари кирди. Котиба қиз дик этиб ўрнидан туриб, салом берди. Дилмурод ўзини таништиргач, котиба «бир дақиқа» дея ичкарига кириб кетди ва зум ўтмай қайтиб чиқди.
– Кираверинг.
Дилмурод Қурбон «Ассалому алайкум. Мумкинми?» дея эшикдан кираркан хона тўридаги катта стол ортида, оромкурсида ўтирган ва уни кўриши билан сапчиб ўрнидан турган оппоқ юзли, қуралай кўзли, ҳар доимгидек кулгичлари ўйнаб турган, ўша чарос кўзлари мунис боқувчи Гулбаҳорни кўрди-ю, кўзларига ишонмади. Нигоҳлари тўқнаш келиши билан ҳар иккала вужуд бўйлаб иссиқ бир ҳарорат югурди ва юрак­ларининг туб-тубида оғриқли бир энтикиш пайдо бўлди. Улар беихтиёр бир-бирларига унсиз тикилиб қолишди…
– Гули? – деди Дилмурод Қурбон ҳушини йиғиб олса ҳам ҳайратини яширолмасдан.
«Баҳор» ўқув маркази директори ҳам гўёки эс-ҳушини йўқотганди. Бу овоздан ўзига келди.
– Ассалому алайкум, – деди беихтиёр. Сўнг бирдан ўзини ўнглади. – Яхшимисиз?
– Раҳмат.
– Келинг? – ўқув маркази директори уни стулга бошлади.
Юзма-юз бўлиб ўтиришгач яна кўзлар тўқнашиб кетди-ю, иккаласи ҳам жим бўлиб қолишди. Ниҳоят, ўртадаги сукунатни Дилмурод Қурбон бузди:
– Табриклайман, Гулбаҳор. Охири ниятингга етибсан-да.
– Ҳа… – Гулбаҳор оғир тин олди.
– Тоғ тоғ билан учрашмайди, одам одам билан учрашади, деганлари рост экан-да, Гулбаҳор…
Дилмурод Қурбон шундай дея атрофга разм сол­ди. Хона кенг ва ёруғ бўлиб, раҳбарлар хонасини эс­латар, фақат тўғрида, кўзга ташланиб турадиган, қиз­ғалдоқзор оралаб қизчаси қўл­ларидан тутиб келаётган ота-она сурати хонага ўзгача руҳ бағишлаб турарди.
– Бу ўша суратми? – деди суҳбатни нимадан бошлашни билмай қолган Дилмурод Қурбон катта рамкада осиғлиқ расмга ишора қилиб.
– Ҳа, – бош ирғади Гулбаҳор. – Бу суратдан яна бир дона уйимда ҳам бор. Бу менга ҳар дақиқа ота-она муқаддаслигини эслатиб туради.
– Гулбаҳор, – деди Дилмурод Қурбон ўрни келганини ҳис этиб. – Ноўрин бўлса-да, бир нарсани сўрай…
– Майли, – Гулбаҳор ҳозир у севгидан гап очади, деб ўйлади.
– Ота-онанг топилмадими?
Гулбаҳор бир муддат жимиб қолди. Сўнгра маъ­юсгина жавоб берди.
– Кўп суриштирдик, аммо тополмадик…
Шу вақт котиба қиз уларнинг олдига чой ва ширинлик қўйиб чиқиб кетди.
– Шунақа гаплар, – деди Гулбаҳор оғир тин олиб. Сўнгра Дилмуродга чой узатаркан, унга узрхоҳлик билан қаради-ю, сўради: – Сиз-чи? Сиз дадангизни, яқин­ларингизни топдингизми?
Дилмурод Қурбон жавоб бериш ўрнига бош чай­қади.
– Биласан, авваллари дадамдан нафратланардим, аммо энди ота-онани танлаб бўлмаслигини, уларнинг борлиги инсон учун қанчалик бахт эканлигини янаям чуқурроқ тушуниб етаяпман. Мен яқинларимни топдим, аниқроғи, холам мени топди. Дадамдан эса дарак йўқ, ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Бувим вафот этибди. Тоғамлар ўзлари билан ўзлари бўлиб кетишган. Холам ҳам. Улар менга меҳрибон, ёрдамларини аяшмайди, аммо ҳеч бири онам бўлолмайди-да…
Орага ғалати сукунат чўкди.
– Бор умидим Худодан, – деди бир пайт Дилмурод. – Ҳаётда англаганим шу бўлдики, инсон доим интилиб, керак бўлса, қасдма-қасдига яшаши керак экан…
– Тўғри, – тасдиқлади Гулбаҳор ҳам. – Сизни телевизордан кўп кўрсатишади. Назаримда ҳаётда тўғри йўлни танладингиз…
Гапнинг қаёққа кетаётганини ҳар иккиси сезди ва жимиб қолишди. Пиёлалардаги чой совиди. Шунда Дилмурод Қурбон юрак ютиб сўради.
– Гулбаҳор… – деди у эҳтиёткорлик билан: – Ишларинг жойида эканлиги кўриниб турибди, турмушинг-чи?..
Гулбаҳор бир муддат ўйланиб қолди, асабийлашдими, бармоқларини қисирлата бошлади.
– Бир қарашда ҳаётимдан мамнунман. Балки бахтли ҳамдирман. Негаки, шириндан-шакар икки фарзандим, бир ўғлим, бир қизим бор. Турмуш ўртоғим ёнимда, қайнотам, қайнонам иззатимни жойига қўйишади. Тағин ўтмишимдан ҳам кўз юмиб кетолмайман. Бу дард доим икки елкамдан босиб туради. Ўша кунларни эсласам эзилиб кетаман.
– Болаларинг яхшими? – Дилмурод Қурбон «Улар дадасига тортмаганми?» демоқчи эди, андиша қилди.
– Худога шукр. Аввалига жуда-жуда қўрққандим, аммо Яратганнинг даргоҳи кенг экан. Болаларим соп­па-соғ, бенуқсон.
– Аммо эринг… – Дилмурод Қурбон ўзини аранг тўхтатиб қолди. – Кечирасан…
– Ҳечқиси йўқ. Аллоҳнинг иродасини бандадан яшириш гуноҳ. Эрим нуқсон билан туғилган, лекин у бугун ёнимдаги ишонган тоғим…
– Гулбаҳор, ўрни келганда, сўрай, – деди Дилмурод Қур­бон, – Эрингнинг шундайлигини олдин билармидинг?
– Йўқ… – Гулбаҳор шундай деди-ю, дув қизариб, кўз­лари пирпираб кетди. – Буни ҳатто тўй куни ҳам бил­­магандим…
– Қандай қилиб гаплашаяпсан?
– Аввалига қийин бўлди, ҳеч нарсага тушунмасдим. Бу мен учун ўлганнинг устидан тепгандек эди. Ҳатто бошида эрим билан хат орқали ҳам гаплашганмиз. У киши ҳар тонг ёстиғим тагига хат ташлаб қўярди… Унда «Сенинг борингга шукр. Сен ҳаётимга мазмун олиб келдинг…» деган сўзлар бўларди. Ас­та-секин имо-ишоралар билан гаплашишни ҳам ўр­гандим. Инсон хоҳласа, хоҳиш бўлса, ҳамма нарсанинг уддасидан чиқаркан…
– Уни яхши кўрасанми?
– Аҳмоқона савол бераяпсиз, – деди Гулбаҳор. – Биламан, юрагимда армон бор, аммо у болаларимнинг отаси…
– Узр, ноўрин гапириб қўйдим, – деди Дилмурод Қурбон. Сўнг унга тикилиб туриб деди: – Гулбаҳор, мени бир нарса қийнайди. Қизиқ, унга қандай кўникиб кетдинг? Шуни ўйласам, у хонадонга қандай мослашиб кетганингга ҳайрон қоламан.
Гулбаҳор унинг армонли севгисига ишора қи­лаётганини сезди ва мавзуни ўзи англаб етган ҳа­қи­қатларга буриб юборди.
– Дилмурод ака, ўзингиз яхши биласиз, ҳаётдаги ожизлик икковимизни ҳам худди денгизга тушиб қол­ган писта пўчоғидек икки ёққа ирғитиб юборди. Сиз онангизни кўргансиз, бир оз бўлса-да меҳридан баҳ­раманд бўлгансиз. Дунёда она меҳридан ёқимли, она меҳридай бетакрор мўъжиза йўқ экан. Мен буни келин бўлиб тушгач тушундим. Қайнонам менга онам ўрнида она бўлдилар ва меҳр бердилар. Мен у киши учун келин эмас, қиз эдим. Қайда бўлса, қайга борса, ёнида олиб юрарди. Мени у хонадонга ипсиз боғлаб қўйган куч меҳр бўлди. Ҳа, она меҳри бўлди. Сўнг фарзандларим…
Бундай жавобни кутмаган Дилмурод Қурбон унинг сўзларидан ҳаётидан мамнунлигини уқди. Кўнглида армонлар хуруж қилиб турса-да, «Бундан жуда хурсандман», деб қўйди.
– Мен эса сизни кўрганимдан…– бу сўзни Гулбаҳор беихтиёр айтиб юборди. – Ўқишни битирганингизни, ик­кита китобингиз чиққанини биламан. Ҳамма шеър­ларингизни ўқиганман, – у шундай дея гапининг исботи учун ғаладонидан унинг тўпламларини чиқариб, стол устига қўйди.
– Раҳмат… – Дилмурод Қурбон унинг кўзларига тикилиб туриб, титраб кетди. – Демак, сен…
Гулбаҳор уни гапиртирмади:
– Сизга омад тилайман!
– Раҳмат…
– Дилмурод ака, уйландингизми? – сўради Гул­ба­ҳор кутилмаганда.
– Йўқ.
– Нега?
Дилмурод Қурбон нима деб жавоб беришни билмай, деразадан ташқарига қаради. Кўз олдига ёш ҳам­касби, шоира қиз келди, аммо ҳали ўзи ҳам тўла ишонч ҳосил этмаган туйғу ҳақида гапиришни истамади.
– Дилмурод ака, – деди Гулбаҳор унинг жавоб бе­ришни истамаётганини сезиб. – Сизга бир гапни айтайми?
– Хўш?
– Ўтган йиллар давомида шу нарсани англаб етдимки, армонлар инсонга куч бераркан, яхши кунларга интилиб яшашга мажбур қиларкан.
– Тўғри, – бош чайқади Дилмурод Қурбон. – Эсингдами, биз қанотсиз қушларга ўхшаймиз, дердим, аммо барибир учишимиз кераклиги ҳақида ўйлардик.
– Ҳа… биз қанотсиз учган қушлармиз…
– Бизни учирган куч армон бўлди. Соғинч дийдамизни қотирди, биз эса доим яхшиликни соғиниб яшадик. Йўқлик ва жудолик йўлларимизга ғов бўлди, шунга қарамасдан келажакка ишондик. Келажакка эса ҳар қайсимиз ўз йўлимиздан кетдик. Кўрпамизга қараб оёқ узатишга мажбур бўлдик. Балки шунинг учундир, парвозларимиз ғайриоддий бўлди…
Орага жимлик чўкди, суҳбатдошлар бир нуқтага тикилишиб қолишди.
– Гули, – деди Дилмурод Қурбон кутилмаганда. – Сени кўриб, рости қувондим, суҳбатлашиб, анча енгил тортдим. Орадан шунча йил ўтибди-ю, бирор марта учрашмаганимизни қара. Аслида мен бу ерга «Баҳор» ҳақида мақола тайёрлаш учун келгандим. Гап билан бўлиб, нега келганимни ҳам унутай дебман.
Ҳар иккисини бир изтироб эзиб турар, аммо сездирмасликка уринишарди…
– Қизларга айтаман, сизга керакли маълумотларни беришади.
– Яхши… – бош чайқади Дилмурод Қурбон. У ди­­­­ректор ёрдамчиси керакли маълумотларни йиғиб кел­гунича Гулбаҳор билан гаплашиб ўтирди, аммо суҳбатлари «Меҳрибонлик уйи» ҳовлисидагидек эркин бўлмади, қулфи дилларини очишолмади.
– Энди мен борай, – деди Дилмурод Қурбон ўр­нидан туриб. Остонага қараб юра бошлаган эди, ор­қадан Гулбаҳорнинг ҳазин овози эшитилди.
– Дилмурод ака…
Дилмурод Қурбон ўгирилиб қараганида, Гулбаҳор негадир қизариб, нимадир демоққа оғиз жуфтлаб турарди.
– Мени кечиринг…
Бу сўз битаётган ярани қайта тирнагандек бўлди. Гўё еру кўк ларзага келиб, Дилмурод Қурбоннинг аъзойи бадани титраб кетди ва яна Гулбаҳорга тикилиб қолди. У ҳозир ҳеч нарсани эшитмас, Гулбаҳордан бошқани кўрмас, шуурини туман қоплагандек эди.
– Гули, сен ҳам кечир… – деди. Сўнг алланечук енгил тортди: – Хайр…
– Яхши боринг. Ўзингизни асранг…
– Сен ҳам…
Дилмурод Қурбоннинг эшик тутқичини ушлагач қўллари қотиб қолгандек бўлди, бўғзига нимадир ти­қилди. У яна кетига ўгирилиб, Гулбаҳорга қа­ра­­ди, аммо ортиқ сўз айтмоққа ҳоли бўлмай остона ҳат­ла­ди…
У ўзини унутиб, орзулар ва армонлар исканжасида ҳеч ким тақдир измидан қочиб кетолмаслиги, буни ўзгартмоққа бандаси ожиз эканлиги ҳақида ўйлаб одимларкан, юраги тўкилаётган эса-да, руҳи тетиклашилиб бораётганди…

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 7-8-сон.